Муаллиф: Бўтакўз Қосимбекова (Базел университети)1 ва Эрика Марат (Миллий мудофаа университети)2
Манба: PONARS Eurasia Policy Memo No. 771 April 2022
Россия президенти Владимир Путин Украинадаги урушни қўллаб-қувватлаш учун Росия жамиятдаги жанговор ватанпарварликни сафарбар қила билди. Кремл пропагандаси Россияни Ғарб ерга урган ва собиқ СССР ҳудудларида ҳукмронлик қилиш ҳуқуқига эга бўлган мажоз қилиб кўрсатилмоқда. Россия империализми рус тилини, маданиятини ва ҳокимиятини рус бўлмаган аҳолига мустамлакачилик эмас, ўзининг буюклиги ҳадяси сифатида кўради. Россия зиёлилари ва либерал элиталари Путин режимидан норози бўлиши мумкин, лекин улар мамлакатнинг империя сифатидаги кимлигига (идентитет) шубҳа қилмайди. Аммо Россия қўшни мамлакатларга нисбатан душманона муносабатларига чек қўйиши учун Россия давлати ҳам, жамияти ҳам мамлакати кимлигини танқидий баҳолаши, империя сифатидаги кимлигидан воз кечиши шарт.
Умуман, жамият Путиннинг дунёқарашини қўллаб-қувватлайди
Кўплаб россияликлар ҳатто Бучадаги хунрезликлар ва Мариуполнинг кули кўкка совурилганидан сўнг ҳам Украинадаги урушни қўллаб-қувватламоқда. Сўровлар кўрсатишича, иқтисодий беқарорлик, йиғма пул сарф бўлиб кетганига, Ғарб санкциялари сабаб маҳсулотлар танқислиги юзага келганига қарамай, аксарият россияликлар Путиннинг “денацификация” (нацистларни йўқ қилиш) ва “демилитаризация” (ҳарбий қудратни йўқ қилиш) ҳақидаги гапларини ёқламоқда. Кремлнинг қарашларини ташқи танқидсиз оммага ёйиш учун Путин мустақил ОАВни ёпди, ижтимоий тармоқларга киришни чеклади ва мухолифатнинг норозилик чиқишларини жиноят деб ҳисоблайдиган бўлди. Россия телеканаллари фақат уруш ҳақидаги Кремл дезинформациясини (атай тарқатиладиган нотўғри ахборот) тарқатмоқда, унда Россия ҳарбийлари улуғланиб, Украина қаршилиги қораланмоқда.
Россия ватандошлари урушни фақат Кремл ОАВни қаттиқ назорат қилаётгани учун қўллаб-қувватлаяпти, дея тахмин қилиш хато бўлур эди. Ғарб ижтимоий тармоқлари тўсиб қўйилгандан кейин россиялик аксарият фойдаланувчилар Фейсбук, Инстаграм ва Твиттерга киришни давом эттираверди. Ўтмишда, ҳали ОАВ устидан тўлиқ назорат ўрнатилмаган пайтда таъсир кучига эга овозлар Путин режими ҳақида коррупция ҳолатлари ва сиёсий найрангларни омма кўз ўнгида фош қилаётган эди. Аммо уруш муносабати билан кўпчилик муқобил нуқтаи назарларга эътибор қаратмасликни маъқул кўради. Бунинг ўрнига улар Путиннинг қарашларига қўшилади, ҳатто режимни танқид қилаётган либерал мухолифат ҳам Россиянинг империялик моҳиятига шак келтиришдан қочади. Уруш қилаётган Россияни қўллаш зарурлигига миллионлаб кишиларни ишонтираётган Кремлнинг миллий мафкураси замирида нима бор?
Жабрдийда ва тажовузкор
Путин пропагандаси Россиянинг бир вақтнинг ўзида Ғакрб сиёсати жабрдийдаси ҳамда Украина, Беларус, Марказий Осиё ва Жанубий Кавказ мамлакатлари устидан назорат қилувчи мамлакат сифатида тасаввур қилишга асосланади. 1991 йилда СССР тарқаб кетгандан сўнг Россияда мамлакатнинг бой берилган буюклиги ҳисси мамлакат ташқи кучларнинг айбсиз қурбони бўлди, деган ҳиссиётни озиқлантириб туради. Ҳудудлардан айрилиш ва иқтисодий таназзул постсовет Россиясини Ғарбнинг мустамлакачи метрополиялари билан таққослаганда, иқтисодий жиҳатдан камбағал мамлакатга айлантириб қўйди. Совет социализми Ғарбникига ўхшаш фаровонлик даражасини таъминлаб бера олмади. Россиялик зиёлиларнинг Ғарбга нисбатан тасаввурдаги маргинал (четга чиқиб қолган) ҳолатга оид хавотири совет режимининг мустамлакачилик моҳиятини рад этишига сабаб бўлди.
Айни чоқда Россиянинг сиёсий элиталари унинг собиқ мустамлакаларидан рус тилини билиш, Ғарб таъсирига қарши туришда сиёсий садоқат ва бирдамликни талаб қилмоқда. Ушбу империяча қарашга мос тарзда Россия назорати мустамлакачилик эмас, гўё қолоқ халқларга тараққий этиши учун беғараз ғамхўрлик эмиш. Россиянинг маданий жиҳатдан устунлик қилишидан воз кечиш, жумладан, мустақил ташқи сиёсат юргизиш ва совет тарихининг Россия талқинига қарши чиқиш – булар барчасига сиёсий сотқинлик ва жоҳиллик сифатида қаралади. Масалан, Марказий Осиё республикаларида Россия элчихоналари вақти-вақти билан давлатларнинг маҳаллий тилларни билишни кенгайтириш борасида саъй-ҳаракатларини қоралаб туради, чунки гўё бу сиёсат этник рус аҳолисининг ҳақларини чеклар эмиш. Бу давлатларнинг мустақиликка интилиши Россияда хафагарчилик ҳиссини уйғотади, Россиянинг империя сифатидаги мақомини тан олмаслик унинг маданий жиҳатдан буюклигига ҳужумдай қабул қилинади.
Путин Россияни айбсиз жабрдийда қилиб кўрсатиш ва унинг ўзини тарихан собиқ совет республикаларига нисбатан тамаддунга етакловчи давлат деб ҳис қилувчи қарашини битта нарративга (бир-бири билан боғлиқ кўплаб воқеалар ҳақида мустақил яратилган ҳамда ўқувчи ёки тингловчига сўз ва тимсолларнинг изчиллиги тарзида тақдим этилувчи ҳикоя) жамлади. Россия империяси ҳақидаги тўқиб бичилган уйдирма кимлик ҳиссини жанговор ватанпарварлик атрофида жамлайди, айни чоқда у давлатга жамиятни суст ва танқид қилмайдиган ҳолатда ушлаб туриш имконини беради. Путин Украинага қарши уруш очар экан, мана бундай деб айтди: “Зудлик билан бу мудҳиш ҳолатга – у ерда яшаётган ва фақат Россияга, фақат сиз билан бизга умид қилаётган миллионлаб кишиларга нисбатан геноцидга барҳам бериш зарур”. Ўзини гўё Ғарб шаънини ерга ургандай ҳис қилган Россия жамоатчилиги бир вақтда ўз давлатининг собиқ совет ҳудудларига тажовузини қўллаб-қувватламоқда. Жарбдийда қутқарувчи зиммасига ноҳақ тушган иқтисодий қийинчиликлар юкига дунёни ёмонликдан қутқармоқчи бўлаётганларнинг империя сифатидаги бурчи сифатида қаралмоқда.
Ғарб етакчилари Бучадаги зўравонликни геноцид деб аташи Россия режимининг жабрдийдалик ҳиссини янада мустаҳкамлади. Мудофаа вазирлиги коллектив Ғарб Россияга ҳужум қилмоқда, деб баёнот берди.
Путиннинг тарихга қарашлари
Путин Совет Иттифоқи миқёсидаги таъсир кучига эга бўлишга интилиб, Сталинга ҳамду санолар айтмоқда, Россия мадҳияси сифатида совет мадҳиясини тиклади, “Мемориал” ҳуқуқни ҳимоя қилиш марказини йўқ қилиб, совет даври жиноятларини ўрганишни тақиқлаб қўйди. Яна у жаҳон саҳнасида Ғарб империализмига қарши туриш пешонасига ёзилган буюк рус халқи ҳақидаги Сталин тўқиб-бичган уйдирмани тиклади. У халқаро ҳуқуқ билан мустаҳкамлаб қўйилган Украина, Қозоғистон ва Грузиянинг мустақиллигига шубҳа билдирди. Россия сиёсий элитаси совет режимининг “тараққийпарвар” жиҳатларини ва Россиянинг, айниқса, Иккинчи жаҳон уруши вақтидаги буюк давлат сифатидаги ролини бўрттириб қўрсатмоқда
Россиянинг, бир тарафдан, Ғарбнинг жабрдийдаси, бошқа тарафдан эса, собиқ совет республикаларининг қонуний вакили сифатидаги икки ёқлама образи Россияда ёки халқаро даражада камдан-кам ҳолларда муҳокама қилинган. Россияда совет тарихи бўйича танқидий тадқиқотлар тахминан қайта қуриш давридан Путин ҳокимиятга келгунга қадар жадал олиб борилган. 1990-йилларда иқтисодий мавҳумлик ҳукм сургани сабабли Россиянинг империя сифатидаги кимлиги ҳақидаги сиёсий мунозаралар майдони қисқариб кетган эди.
Россиялик олимларнинг аксарияти шу пайтгача совет лойиҳаси мустамлакачилик лойиҳаси бўлганини тан олишга тайёр эмас. Россия олимлари болшевиклар Совет Иттифоқининг рус бўлмаган халқлари модернизациясини таъминлаб берди, деган тасаввурга ёпишиб олган. Либерал рус интеллигенцияси ҳам Россия мустамлакачилик ўтмиши шафқатсизликларини фош этишдан қочади ва ҳозирги авторитаризмни “Осиё мероси” деб тушунтирмоқчи бўлади.
Шу тариқа, ўз сиёсий воқелиги ҳақидаги ирқчилик тасаввурлари Россия элиталарига бу мамлакатнинг мустамлакачилик ва либерал бўлмаган ўтмиши ва бугунги куни моҳиятини кўриш имконини бермайди.
Александр Солженицин ва Иосиф Бродский сингари ёзувчиларнинг совет ўтмишига берган баҳоси чекланган эди. Солженицин етакчи маданий арбоб, сталинизмни танқид қилиш йўлида кўп иш қилган бўлса ҳам, империяни ёқловчи миллатчи бўлган ва Қозоғистон шимолини босиб олишга даъват этган ва Украининг маданий мустақиллигини инкор қилган. Зиёлиларнинг маънавий раҳнамоси бўлган Бродский ҳам Украина эгаменлигини тан олишни истамаган.
Чет эллик олимлар ҳам Россияни деколониал[1] нуқтаи назардан баҳолай олмади. Ғарб илмий адабиёти аксарият қисмида Марказий Осиё мамлакатлари ҳозирга қадар советлар ушбу минтақада ҳозир бўлганидан фойда кўрган, деб ҳисобланади, бунга мисол сифатида минтақанинг совет республикаларига бўлингани, совет ўқитиш тизими жорий этилгани ва инфратузилма қурилгани келтирилади. Ғарбдаги сиёсатчилар Совет Иттифоқи парчаланиб кетгандан сўнг Россияга собиқ мустамлакалари, айниқса, Марказий Осиёдаги мамлакатлар мустақиллиги кафили сифатида қарайдиган бўлди. Ғарб Россияни минтақадаги етакчи давлат ўлароқ тан олди ҳамда Украина билан Қозоғистонни Россияга ядро қуролини беришга кўндирди. Айни чоқда Марказий Осиё олимлари илмий иерархиянинг (пастнинг юқорига тобелиги) глобал тизими тўсиқлари сабаби ўз нуқтаи назарини Ғарбга етказишга уринаётиб, қийинчиликларга дуч келмоқда.
Бундан ташқари, глобал Жануб фаоллари ҳозирга қадар Совет Иттифоқига аксил-ғарб ва аксил-капиталистик куч сифатида қарайди. Кўпчилик уни капитализмнинг марксистик ва коммунистик мухолифи деб билади. Глобал Жанубнинг кўплаб мамлакатлари БМТ Бош Ассамблеясида Россиянинг Украинадаги ҳаракатларини қоралашга қарши чиқди. Аммо Россияга бундай қараш совет режими даврида очлик сабаб ўлимга, қатағонга ва геноцидга маҳкум бўлган мазлум халқларнинг миллионлаб кишилари аянчли тақдирини инкор қилади. Яқин вақтдан бошлаб АҚШдаги қора танли зиёлилар Совет Иттифоқини Америкадаги оқ танли кўчкиндилар билан таққослай бошлади ҳамда русларга мустамлакачи кўчкиндилар стифатида қарайдиган бўлди. Глобал Жанубда ҳам Рус мустамлкачилик тажрибасини кенг миқёсда танқидий таҳлил қилиш зарур.
Деколониал фикрлаш вақти
Россия давлати илгари Совет Иттифоқига бўйсунган мамлакатлар, айниқса, Марказий Осиё мамлакатларида тарих қандай ёзилаётгани ва ўқитилаётганини синчиклаб кузатиб турибди. Ушбу мамлакатлардаги Россия элчихоналари мактаб ўқув дастурларини шарҳламоқда ва ушбу минтақадаги Россия бошқарувини ижобий қилиб тасвирлашни талаб қилмоқда. Россия элчихонаси Қирғизистонда Донбассдаги “реал воқеалар” ҳақида пропаганда филмларини кўрсатишни режалаштирган эди. Ватандошлар ва нодавлат ташкилотларининг фаол мавқеи сабаб режа барбод бўлди. Яна россиялик дипломатлар Россия хавфсизлик соҳасида кўраётган чораларни қўллаб-қувватлаши учун минтақа мамлакатларига босим ўтказмоқда. Россия Украинага бостириб киришидан бироз аввал унинг Нур-Султондаги элчиси Қозоғистондан АҚШ билан ҳарбий ҳамкорликни бас қилиб, Россияни қаттиқ қўллаб-қувватлашни талаб этган эди.
Илгари совет босқини остида бўлган давлатлар Путиннинг совет тартибларини ўрнатиш ҳақидаги интилишларига тобора кўпроқ қаршилик кўрсатмоқда. Украинадан Грузия ва Қирғизистонгача деколониалликка оид муҳокамалар асосий урфга айланмоқда. Украина ва Қозоғистондаги миллионлаб кишилар ҳалокатига сабаб бўлган оммавий очарчилик даҳшатлари совет режими одамлар тасаввур ҳам қилиб бўлмайдиган даражада кўп қурбон берилганини кўрсатади. Грузия ва Қирғизистонда олимлар ўз мамлакатларида элиталарга қарши қатағонларни қайта элакдан ўтказмоқда ва борган сари чор ва совет Россиясини империя бошқаруви деб атамоқда. Украинадаги уруш деколониал муҳокамалар тарқалишини кучайтириб юборди. Ўтмишга қизиқиш тикланиши совет режимидаги нохуш ҳолатларни очиб ташлади. Деколониал муҳокамалар советларнинг Россия ҳақидаги ўзини бошқа рус бўлмаган республикалар фойдасига қурбон қилувчи давлат сифатидаги тасаввурини бузмоқда. Тобора кўпроқ одамлар совет режими модернизация неъматларини олиб келди, деб ҳисоблашдан кўра, Совет Россияси тимсолида шафқатсиз мустамлакачини кўрмоқда.
Совет режими келтириб чиқарган вайронагарчиликлар тобора кўпроқ англангани сари халқ Россиянинг собиқ совет ҳудудларида империяни тиклашга уринишларига шунчалик кучли қаршилик кўрсатмоқда. Мафкуравий тоталитар режим ва Россия ҳукумронлигидан озодлик қадрияти бу мамлакатларда мустаҳкамланиб бўлди. Тбилиси, Алмати ва Бишкекдаги Украинани ёқлаб ўтказилган оммавий намойишлар Россиянинг империяси сифатидаги ва совет ўтмишини англай бориш Путиннинг асоссиз жуғрофий-сиёсий мақсадларига путур етказмоқда.
Россиядаги империяпарастлик тафаккурига қарши қандай курашса бўлади?
Россиянинг Украинага бостириб кириши ушбу мамлакат мустамлакачиликдан халос бўлишининг оғриқли жараёни бўлиши мумкин эди. Кўп нарса рус зиёлилари буюк рус ҳалқи ғоясидан ва “биродар” республикалар билан дўстлик ғоясидан воз кечиш ёки кечмаслигига боғлиқ. Бу бошқа мамлакатлар эгаменлиги ва маданиятлар тенглигини тан олишни, шунингдек, совет мустамлакачилик ўтмишидаги геноцид учун масъулиятни зиммага олишни талаб этади. Россия сиёсий дискурси ва маданиятига танқидий кўз билан қараш унинг империя сифатида айбсизлиги ва жабрдийдалиги фош бўлишига олиб келади ва мустамлака этилган халқлар қадр-қимматини тиклайди.
Бугун Россиянинг сиёсий элитаси ва зиёлилари олдида 2 та ўта муҳим вазифа турибди. Биринчидан, Россия бўйича тадқиқотлар унинг империя сифатидаги нафсини (амбиция) тушуниш билан қилиниши керак. Россия ичидаги собиқ мустамлакалар ва мустамлака қилинган халқлар номидан ва улар ҳақида гапирмасдан уларнинг олимларини ўтмиш ҳақидаги тенг мулоқотга жалб этиш керак. Россия ва совет мустамлакачилиги жардийдаларига – чеченлар ва бурятлардан тортиб украинлар қа қозоқларга қадар Россия ўтмишини тушунишни шакллантиришда қатнашишга имкон бериш керак. Ўтмишни ҳалол ўрганиш Чеченистон сингари жойлар ҳозирги тузумида замонавий Россия мустамлакачилигининг маҳсули эканини, Рамзан Қодиров эса чеченлар етакчиси эмас, Россиянинг мустамлакачи зобити эканини англаб олиш имконини берган бўлур эди.
Иккинчидан, совет ва Путин режимлари меросини қоралаб қўйишнинг ўзи кифоя қилмайди. Бугунги Россия давлати ҳам масъулиятни зиммасига олиши, Россия Федерацияси ва қўшни мамлакатларда йўл қўйган тарихий жиноятлари учун тазарру қилиши шарт. Ҳақиқатни аниқлаш ва муросага келтириш қўмиталари ҳам совет даври, чор ҳокимияти даври, ҳам замонавий жиноятларни ўрганиб чиқиши ҳамда томонларни тенгҳуқуқли мулоқотга жалб этиш учун мос келувчи восита бўлиши мумкин. Жанубий Африканинг апартеиддан сўнгги инсон ҳақлари бузилиши ҳолларини фош қилиш бўйича тажрибаси Россия учун андаза вазифасини ўтай олади.
Россиянинг мустамлакачилик даврига танқидий кўз билан қараш ва империя сифатидаги гуноҳсизлигини рад этиш Украинадаги уруш қачон тугашидан қатъи назар, осон вазифа эмас. Россиянинг мустамлакачилик даврига танқидий кўз билан қараш фақат ўзи олдин босиб олган ҳудудлар учунгина эмас, қолаверса, ушбу мамлакатни ҳозирги чегараларида сақлаб қолиш учун ўз тарихини, қадриятларини ва кимлигини қайта мулоҳаза қилиш учун ҳам муҳимдир. Агар Россия ўзига қарашли республикаларга тенгҳуқуқли субъектлар сифатида қараса, сиёсий вакиллик, плюрализм (кўпфикрлилик) ва инклюзивлик (барчанинг иштироки) қадриятларига асосланган ҳолда кучли федератив тизимни ярата олади.
1 Бўтакўз Қосимбекова – Швейцариянинг Базел университетида лектор (Twitter: @BotakozKassymb1).
2 Эрика Марат – АҚШ Миллий мудофаа университетининг Хавфсизлик бўйила халқаро ишлар коллежи доценти (Twitter: @EricaMarat).
Бу ерда билдирилган фикрлар АҚШ мудофаа вазирлигининг Миллий мудофаа университети ёки АҚШнинг бошқа ҳар қандай давлат идораси мавқени ифодаламайди.