Муаллиф: Руслан Изимов
Ушбу суҳбатда Руслан Изимов эксперт Анор Валиев билан Озарбайжон ташқи сиёсати мувозанатини қандай ушлаётганини муҳокама қилади. Россия билан муносабатларда қандай йўл тутилган? Анқара билан Бокунинг янада яқинлашиш истиқболи қандай? Украинада уруш давом этаётган пайтда Транскаспий маршрути қандай рол ўйнаши мумкин?
Бугунги Озарбайжон ташқи сиёсатининг асосий принципи кўпвекторлилик ва турли куч марказлари манфаатлари ўртасида мувозанатни сақлай билишдир. Аммо шу билан бирга, сўнгги бир неча йилда Боку ташқи сиёсат юритишда Туркия томон оғаётгани яққол кўзга ташланмоқда. Тоғли Қорабоғдаги 44 кунлик уруш Туркиянинг Озарбайжонга нафақат иқтисодий ёрдам бериш, қолаверса, унга реал ҳарбий кўмак кўрсатиш имкониятларини ҳам намойиш этди. Натижада бугун Анқара билан Боку муносабатлари тўлақонли ҳарбий-сиёсий иттифоққа айланиб бормоқда, икки мамлакат раҳбарияти эса сиёсий соҳада ҳам қалинроқ интеграцияга интилмоқда.
Шу жиҳатдан Озарбайжон минтақадаги бошқа муҳим ўйинчи бўлмиш Россиядан бироз узоқлашаётгани кўзга ташланмоқда. Бу, айниқса, Украинадаги уруш вақтида аниқ бўлиб қоляпти. Озарбайжон жамияти, истеблишменти (жамиятнинг ҳукмрон, имтиёзли доиралари) ва экспертлар ҳамжамиятига Украина, украин жамиятининг мавқеи Россияникидан кўра анча яқин. Аммо айни чоқда Озарбайжон Россияга қарши қандайдир санкцияларга қўшилаётгани йўқ ва ҳалигича ўз ҳаракатлари билан Россиянинг жиғига тегмасликни маъқул кўради. Қолаверса, Москва ҳамон Қорабоғ атрофидаги можарони узил-кесил ҳал этишга муҳим пишангларга эга.
Вақт ўтгани сайин Озарбайжоннинг Европа сари мўлжал олаётгани яққол кўзга ташланмоқда. Озарбайжон узоқ истиқболда ўзини жуғрофий Европанинг бир қисми сифатида кўради. Озарбайжон ташқи сиёсатини мувозанатда ушлаб туришни қандай қилиб уддаламоқда? Россия билан муносабатларда қандай йўл тутилган? Анқара билан Бокунинг янада яқинлашиш истиқболи қандай? Украинада уруш давом этаётган пайтда Транскаспий маршрути қандай рол ўйнаши мумкин?
Ушбу саволларга ҳамсуҳбатимиз, озарбайжонлик эксперт Анор Валиев жавоб беради.
Исмим – Анор Валиев, Бокудаги ADA университети доцентиман. Public policy (давлат сиёсати), policy analysis (давлат сиёсати таҳлили) ва постсовет макони бўйича экспертман. Тўлиқ таржимаи ҳолимни ва чоп этилган матералларимни мана бу ердан топиш мумкин.
Озарбайжон раҳбарияти қизиқарли ташқи сиёсат юритмоқда. 2020 йилдаги ҳарбий муваффақиятдан ва Туркия билан алоҳида иттифоқ тузгандан сўнг Озарбайжон Украинадаги урушга нисбатан ҳам алоҳида мавқени эгаллаб, бу мамлакатга дарҳол дори-дармон ва ёнилғи жўнатди. Булар Озарбайжон билан Россия ўртасида иттифоқчилик келишуви имзолангандан сўнг орадан бир неча кун ўтиб юз берди. Айтинг-чи, Озарбайжоннинг сиёсий раҳбарияти, экспертлар ҳамжамияти ва айниқса, жамияти Украинадаги урушга қандай муносабат билдирмоқда?
Келинг, гапни жамиятдан бошлай қолайлик. Жамият аъзоларининг кўпчилиги, айтишим мумкинки, аҳолининг 90 фоиздан ошиғи украин жамиятидагига ўхшаш мавқеда турибди. Бунинг сабаби шуки, озарбайжонликларнинг аксарияти Қрим босиб олиниши ҳамда Донецк ва Луганск айирмачи республикалари ташқил этилишидан бошлаб, Украинада юз бераётган барча воқеаларни ўз тарихи билан муқояса қилади. Шунинг учун яқинда бошланиб кетган уруш, яъни 2022 йил февралидаги инқироз вақтида Озарбайжон жамиятига ким ҳақу ким айбдор эканини ва нимага бу уруш юз бераётганини тушунтиришга ҳожат бўлмади, чунки Озарбайжон жамияти тўласинча Украина, украин халқи тарафидадир ҳамда ўша мамлакатдаги воқеалар – ўша схемалар бўйича айирмачи тузилмалар тузиш, у ёки бу ҳудудни ажратиб олиш, Озарбайжонда ҳам сўнгги 30 йилда юз берган нарсалардир, деб айтмоқчиман. 1988 йилда Озарбайжонда содир бўлган воқеалар энди Украинада рўй бермоқда. Озарбайжон жамиятига буни тушунтириш шарт эмас эди. Шунинг учун украин халқининг курашини Озарбайжон жамияти тўла-тўкис қўллаб-қувватламоқда.
Сиёсий элиталарга келсак, улар ҳам Украина тарафида, деб айтишим мумкин, чунки Озарбайжоннинг ташқи сиёсати бир неча устунга таянади. Шундай устунлардан бири БМТга аъзо барча давлатларнинг ҳудудий яхлитлигини БМТ тан олган чегараларда тан олишдир. Шунинг учун Украинада нима бўлишидан қатъи назар, Озарбайжон Украинанинг ҳудудий яхлитлигини тан олади, бунга Қрим ҳам, айни пайтда “айирмачи тузилмалар” деб аталадиган Украина шарқидаги ҳудудлар ҳам киради. Айни пайтда ҳукумат амалдорлари Россия раҳбариятини очиқ танқид қила олмаслиги эса бошқа масала. Ҳа, бир тарафдан, Украинанинг ҳудудий яхлитлиги қаттиқ қўллаб-қувватланмоқда, аммо бошқа тарафдан, Россия қандайдир салбий ҳолатлар бўйича танқид этилаётгани йўқ, чунки Озарбайжон айни ҳолатда мувозанатни сақлаб қолиш ва Россия билан муносабатларини бузмасликка ҳаракат қилмоқда. Умуман, экспертлар ҳамжамияти бўладими, элиталар бўладими ёки жамият бўладими, Озарбайжон тўлиқ Украина томонида.
Яъниким, биз Марказий Осиё жамиятларида кузатаётганимиздек, экспертлар ҳамжамиятида ҳам, жамиятда ҳам унақа бўлиниш йўқ. Бизнинг минтақада эса Россия нуқтаи назарини ва “махсус ҳарбий амалиёт” деб аталувчи тадбирни очиқ қўллаб-қувватлаётганлар бор.
Йўқ, бизда унақаси йўқ. Украинада юз бераётган воқеаларга бундай муносабатнинг илк сабаби анча йиллардан бери Озарбайжонда содир бўлиб келган воқеаларнинг инъикосидир. Бунга Озарбайжонда Қорабоғ можароси билан боғлиқ салбий муносабат ҳам сабаб бўлди, биз шунча вақтдан бери Арманистон, унинг босқинчилик сиёсати ортида Россия турганини, Россия бу можаро давом этишидан, Россия Арманистон Озарбайжон ерларини босиб олишни давом эттиришидан манфаатдор эканини билар эдик. Биз бу борда Арманистоннинг ортида Россия турганини биламиз. Ўз ерларимизни шунча йил озод қила олмаганимиз сабаби айнан Россиянинг мавқеи билан боғлиқ эди. Айнан шунинг учун ким Россия томонида ва ким Украина томонида бўлишидай оммавий бўлиниш йўқ. Озарбайжонликларнинг 95 фоиздан ошиғи Украина тарафида. Албатта ҳар бир жамиятда маргинал (унчалик муҳим бўлмаган, чет) гуруҳлар бўлади. Масалан, Озарбайжон коммунистик партиясини оладиган бўлсак, 1 – 2 нафар маргинал гўё Россия тўғри сиёсат юргизаётганини айтди. Аммо улар мутлақ маргинал камчиликнини ташкил қилади.
Умуман, Озарбайжон қандай қилиб ўртада Тоғли Қорабоғ муаммоси турганига қарамай, Россия билан муносабатларини мувозанатда ушлаб турибди? Россия билан савдо-сотиқ ва меҳнат миграцияси масаласида қалин алоқалар мавжуд. Аммо Озарбайжон 1990-йилларнинг бошидан бошлаб нефтни Ғарб маршрутлари бўйлаб узатишни кўзлашни бошлаган эди. Ҳозирги муносабатлар қандай? Зиддиятлар борми?
Мен мустақиллик йиллари давомида Озарбайжон сиёсати “НАТО бўладими, ЕИ бўладими ёки бошқа бирор сиёсат бўладими, қандайдир тушунарсиз ҳаракатлар билан Россиянинг жиғига тегмаслик” деган йўлга асосланиб келди, демоқчиман. Шунинг учун Озарбайжон сўнгги йилларда Ғарб билан ҳам, Россия билан ҳам муносабатларини мувозанатлаш пайида бўлди. Масалан, биз Ғарб томон газ қувурлари тортишимиз мумкин эди, аммо Грузия, Украина ва Молдова ва бошқалар қилгани каби НАТОга аъзо бўлиб киришга даъво қилмадик. Озарбайжон ҳеч қачон Россияга қарши сиёсат юргизмади ва мувозанат сақлашга интилди, чунки 1992 – 1993 йилларда Абулфайз Элчибей бошчилигидаги миллатчи ҳукумат ҳокимиятни эгаллаб турганда, ўша даврнинг асосий шиорларидан бири “биз Ғарб томон кетяпмиз, Россия бизга керак эмас, Россияга қарши сиёсат юргизамиз” бўлган эди. Айнан ўша даврда, бир йил давомида Озарбайжон Россияга қарши сиёсат юргизгани учун барча ҳарбий мағлубиятлари юз берди, йўқотишларга учради. Шундан сўнг ҳокимиятга келган ҳукуматлар, катта Алиев ҳукумати, сўнгра кичик Алиев ҳукумати ҳеч қачон Россияга қарши очиқдан-очиқ сиёсат юргизмади, яъни ҳамма иш ими-жимида қилинди. Озарбайжон учун Туркия Ғарб сари йўлга айланди. Айтиш мумкинки, Туркия узоқ йиллар, ҳозир ҳам Озарбайжоннинг ташқи таҳдидларидан – у Россия таҳдиди бўладими, Эрон таҳдиди бўладими ёки бошқа бирортаси бўладими, бундан қатъи назар – қалқон бўлиб келмоқда. Айни вазиятда Туркия омили Озарбайжоннинг Россия билан муносабатларида муҳим рол ўйнамоқда. Шунинг учун Озарбайжон ҳозирги ҳолатдаги муносабатларида нисбатан эркиндир. Яна қайтариб айтаман, Украинада нима бўлишидан қатъи назар, Озарбайжон айни дамда Украинанинг ҳудудий яхлитлигини ҳамма жойда ва ҳамма вақт қўллаб-қувватлайди, у ерга гуманитар ёрдам жўнатмоқда, аммо шу билан бир қаторда, Россияга қарши жорий этилаётган ҳар қандай санкцияга босиқлик билан муносабат билдирмоқда. Озарбайжон ҳеч қандай санкцияга қўшилмоқчи, Украинага оид масалаларда Россияга нисбатан кескин танқид билан чиқмоқчи эмас. Агар масала Тоғли Қорабоққа ҳамда Озарбайжон ва Арманистон муносабатларига дахлдор бўлса, Озарбайжон кескин муносабат билдиради. Озарбайжон сўнгги кунларда қилган шундай кескин ҳаракатлардан бири Росиянинг “РИА-Новости” сайтини мамлакат ҳудудида блоклаб қўйгани бўлди, чунки ўша сайтда “Тоғли Қорабоғ”нинг давлат котиби деб аталувчи кимсанинг интервюси эълон қилинган ва у Озарбайжонни танқид қилган эди. Айирмачилар етакчиларига Россия Федерацияси “РИА-Новости” агентлиги расмий вебсайтида платформа берилиши нодўстона ҳаракат деб ҳисобланди ва шу сабабли бу сайт Озарбайжон ҳудудида блокланди.
Ҳа, бу қизиқ ва мисли кўрилмаган иш бўлди, мен ҳам бунга эътибор берган эдим. Фақат бироз аниқлик киритсам: Озарбайжон мувозанатланган ташқи сиёсат юргизмоқда ва у бир неча омил, жумладан, унинг Россияга қарши блокларга қўшилмаслигидан келиб чиқади. Аммо шу билан бирга, Озарбайжон Россия етакчилигидаги интеграция бирлашмалари: КХШТга ҳам, Евроосиё иқтисодий иттифоқига ҳам қўшилаётгани йўқ.
Ҳа, шунақа сиёсат юргизилмоқда, яъни одми қилиб айтганда, Россия билан шундай келишув бор – биз на Россияга қарши ва на Россия етакчилигидаги бирлашмаларга қўшиламиз. Лекин Россия жорий йил февралида Украинага бостириб киришидан олдин Озарбайжон ЕОИИга аъзо бўлмаса ҳам ассоциатив аъзо ёки кузатувчи бўлиб кириши ҳақида жиддий муҳокамалар бўлган эди. Ҳатто Қозоғистоннинг собиқ президенти нутқида бу ҳақда гапирган ва Озарбайжонга ЕОИИда мақом беришни таклиф этган эди. Лекин Россия Украинага бостириб киргандан сўнг бу гаплар таққа тўхтади. Бундай вазиятда Озарбайжоннинг ЕОИИга кириши ҳақида гапириш унинг исталган етакчиси ёки исталган эксперт учун ўз жонига қасд қилиш билан баробар бўлар эди. Қўпол қилиб айтганда, биз Ғарб томон юрмоқчи ҳам, Россиянинг “тагига ётмоқчи” ҳам эмасмиз. Нима бўлганда ҳам, КХШТга кириш вариант бўла олмайди, чунки узоқ йиллар Арманистон Озарбайжон ерларини истило қилиб келди. Арманистон аъзо бўлган иттифоққа кириш нафақат мақсадга номувофиқ, балки Озарбайжонга нисбатан сотқинлик бўлур эди. Озарбайжонда ЕОИИ ҳамиша ўлик туғилган ташкилот ҳисобланиб келган. Модомики, айни ташкилот Россиясиз мавжуд бўла олмас экан, дангал қилиб, уни Россиянинг иқтисодий соҳадаги экспансионизми деб аташ мумкин, шунинг учун бу иттифоқдан имкон қадар нарироқ туришга ҳаракат қилинди, дейиш мумкин.
Арманистон билан муносабатларнинг ҳозирги босқичини ва умуман, Тоғли Қорабоғдаги вазият истиқболини қандай баҳолайсиз? Билишимизча, жорий йил майи охирида Озарбайжон билан Арманистон Чегарани делимитация қилиш масалалари бўйича комиссия ишини бошлашига келишиб олди. Боку ўз олдига Тоғли Қорабоғ муаммосини ҳал этиш билан боғлиқ масалада қандай мақсадларни қўйяпти?
Бугун Озарбайжоннинг расмий мавқеига кўра, Тоғли Қорабоғ можароси мавжуд эмас. Уруш ҳамма нарсани: яъни биз ғалаба қозонганимизни, ҳудудларимизни қайтариб олганимизни, Тоғли Қорабоғ ҳудудида арманиларнинг қуролли тузилмалари йўқлигини аниқлаб берди. Ҳа, у ерда қандайдир айирмачи, қуролли бўлинмалар бор, Россия тинчликпарвар кучлари уларни қуролсизлантиришга ваъда берган. Аммо энди арманилар Озарбайжон ҳудудини эгаллаб тургани йўқ, шунинг учун Арманистон билан Озарбайжон ўртасида узоқ муддатли муносабатлар ўрнатишга ҳеч нарса тўсқинлик қилаётгани йўқ, яъни бундай вазиятда Озарбайжон Арманистон билан имкон қадар тезроқ тинчлик шартномаси имзолашга ҳаракат қилмоқда ва бу шартномага муайян қоидалар киритилади. Улар бир неча банддан иборат бўлади: биринчи навбатда, Арманистон билан Озарбайжоннинг ҳудудий яхлитлигини ўзаро тан олиш; бир-бирининг ички ишларига аралашмасликни ўзаро тан олиш; бир вақтда бир-бирига қарши қандайдир салбий фаолиятдан воз кечиш; барча транспорт коридорларини ва коммуникацияларни очиш, арманилар ва озарбайжонликлар бир-бириникига бориши учун яхши маънода чегараларни очиш ва ҳк. Яъниким, Озарбайжон ушбу тинчлик шартномаси билан, регионализмнинг янгича кўриниши билан уруш натижаларини мустаҳкамлаб қўймоқчи. Энди Тоғли Қорабоғ мақоми мавжуд эмас. Қорабоғ арманилари – Озарбайжон ватандошлари. Улар – ватандошларимиз, улар билан бирга ишлаймиз, гаплашамиз. Энди бизга олдимизга келиб, “келинглар, сиз билан Қорабоғ арманилари ўртасида воситачи бўламиз” дейдиган руслар ҳам, европаликлар ҳам, америкаликлар ҳам керак эмас. Озарбайжон бунга йўл қўймайди, шунинг учун ҳар доим, Минск гуруҳи аллақачон ўлган, деб айтмоқда. У энди йўқ. Россия ҳарбий хизматчилари яна уруш чиқмаслиги учун кучларни ажратиб туриш нуқтаи назаридан у ерда бўлиб турибди. Нима бўлганда ҳам, Қорабоғ арманилари – ватандошларимиз ва улар билан ўзимиз келишиб оламиз. Бизга воситачилар керак эмас. Арманистон зикр этилган шартномага қўл қўйиши билан муносабатларни тиклашнинг, ўша транспорт коммуникацияларини тиклашнинг бошқа босқичи бошланади. Айни пайтда Озарбайжон Арманистон чегараси томон темирйўл ва автомобил йўлини қурмоқда. Бу Арманистоннинг Сюник вилоятига олиб борадиган “Зангузар коридори”дир. Умид қиламизки, арманилар ҳам ўз навбатида йўлнинг ўзига тегишли қисмини қуради. Мақсад Арманистон ҳудуди орқали Озарбайжоннинг эксклави (мамлакатнинг умумий чегарасидан ташқаридаги бошқа давлат чегаралари билан қуршалган ҳудуди) Нахичеванга, ундан кейин Туркияга ўтадиган тўғри йўл қуришдир.
Арманистонда “россияпараст мухолифат” ёки Кочарян ва Саркисян бошчилигидаги собиқ мухолифат деб аталувчи кучлар бунга қарши чиқмоқда, у ҳозирги бош вазир Пашинянни барча гуноҳларда айблаб, бу ишга халақит беришга уринмоқда – уни урушдаги мағлубиятда, Арманистонни туркларга сотишда айбламоқда. Бу ўринда турклар – Туркия билан Озарбайжон. Россия бу тинчлик шартномасига қарши чиқаётгани йўқ, Россия чегаралардан транспорт ўтиши йўлидаги барча тўсиқларни олиб ташлашга қарши эмас, чунки расмий Москва тўсиқларни олиб ташлаш ва фақат тинчлик шартномаси Арманистонни, қўпол қилиб айтганда, Россиянинг Калинингради бўлишдан халос қилишини жуда яхши тушунади. Кўриб турганингиздек, ҳозир Калининградда транспорт қамали бўлмаса ҳам, дунёга чиқувчи барча йўллар кесилмоқда. Россиянинг асосий қисмидан Калининградга учиб бориш учун жуда кўп жойни айланиб ўтишга тўғри келмоқда. Арманистонда ҳам шу нарса юз бермоқда. Россиядан Арманистонга Грузия орқали учиб бориш керак, яъни Арманистонга борар йўллар тўсиб қўйилган. Шу сабаб Арманистонни транспорт қамалидан олиб чиқиш учун унинг Туркия ва Озарбайжон билан чегарасини очиш зарур. Бу Арманистонга транспорт инқирозидан чиқишнинг ягона имконияти, у бундай аҳволга Озарбайжон ерларини босиб олгани учун тушиб қолган эди. Гарчи Арманистонда ўзини россияпарат деб атайдиган мухолифат бўлса ҳам, айни ҳолатда Россия бунга қарши бўлишига ишонмайман. Биз Россия ҳокимияти ва унинг атрофидагилар тинчликка қарши ташаббус билан чиқаётганини кўрганимиз йўқ. Аксинча, улар ҳар доим мана шу тинчлик шартномасини қўллаб-қувватлаётганини айтиб келяпти.
Раҳмат. Озарбайжоннинг Туркия билан муносабатлари ҳарбий ва сиёсий иттифоққа айланиб бормоқда. Бундай келишув имзоланиши эҳтимоли борми? Умуман, Боку билан Анқара ўртасидаги муносабатларни қандай баҳолайсиз?
Мен Боку билан Анқара ўртасидаги муносабатлар жуда қалин эканини айтмоқчиман. Улар узоқ йиллар барпо бўлган, аммо Қорабоғ уруши пайтида ҳадди аълосига етди, ўша кунлар турк ҳарбий истеблишментининг анча-мунча ёрдами Озарбайжонга унда ғолиб чиқишида ёрдам берган эди. Албатта, мен Озарбайжон туркларнинг ҳарбий ёрдамисиз ғалаба қозона олмас эди, демоқчи эмасман, лекин бу уруш чоғида одамлар қурбон бўлишини камайтиришга ёрдам берди. Тоғли Қорабоғдаги кучли мудофаага, истеҳкомларга қарамай, Озарбайжон бундай урушни, бор-йўғи, 3000 аскарни қурбон бергани Туркиянинг ҳарбий ёрдами, айниқса, ўша “Байроқдор” дронлари, ҳарбий разведка, туркларнинг уруш қилиши усули ва бошқа барча қолган нарсалар Озарбайжонга ютиб чиқишида қўл келди. Шундан сўнг Озарбайжон билан Туркия муносабатларининг янги даври бошланади. Илгари Озарбайжон худди Россияга ўлпон тўлагандай, ундан қурол-яроғ сотиб олар эди, чунки қурол-яроғ сотиб олиш унинг хайрихоҳлигини олиш билан тенг бўлган. Ҳозирги ҳолатда ҳеч ким Россия қуролларини сотиб олиш ҳақида гапирмайди. Энди ҳамма Туркия ва Исроил қуролларига, асосан, Туркия қурол-яроғига кўз тикмоқда. Туркия ҳарбийларининг мамлакатимизга сафарлари ёки Озарбайжон билан Туркия ўртасидаги қўшма ҳарбий ўқув амалиётлари энди ҳеч кимнинг парвойига ҳам келмайди, яъни Озарбайжон НАТО мамлакатлари билан Россияга хавотирланиб қарамай, бундай ҳарбий ўқув амалиётларини ўтказмоқда. Илгари бу рўё бўлмаса ҳам, муаммоли бир иш эди. Ҳозирги кунда озарбайжонликлар чет эл паспортисиз, ички ID (кимлик ҳужжати) билан бемалол Туркияга бориши, турклар ҳам ички кимлик ҳужжати билан Озарбайжонга келиши мумкин. Бу ҳол яқин вақт ичида – 5 – 7 йил мобайнида Озарбайжон билан Туркия ўртасидаги алоқалар янада мустаҳкамланиши мумкин, деган фикрни етаклаб келади одамнинг хаёлига. Бу ҳарбий ва сиёсий иттифоқ ёки иқтисодий иттифоқ бўлиши мумкин. Назаримда, бу Озарбайжон билан Туркия ўртасида қандайдир Шенген шартномаси ёки Европа Иттифоқига ўхшаш иттифоқ бўлиб, Озарбайжон билан Туркия ўртасида макон умумий бўлади, яъни Истанбулдан учган учоқ (самолёт) Бокуга келиб қўнганда, бу энди халқаро рейс эмас, икки давлат ўртасидаги ички рейс бўлади. Бу Нахичевандан Туркиягача, бор-йўғи, 11 километр, яъни Озарбайжон ватандошлари ҳеч бир божхона постисиз Туркия ҳудуди, ёки турклар Озарбайжон ҳудуди орқали ўтиши мумкинлигини англатади. Аста-секин булар барчаси иқтисодий, сиёсий ва ҳарбий тизимларни бирлаштириш сари ҳаракатланади – ҳозир шу нарса юз бермоқда. Озарбайжон тўлиқ турк ҳарбий тизимига ўтмоқда, яқинда Тоғли Қорабоғда “коммандос” номи билан махсус кучлар ташкил этилгани мамлакатимиз ҳарбий қурилишда тўлиқ турк моделини қабул қилаётганини англатади. Яқинда турклар ҳарбий авиациясининг Бокудаги технологик фестивал вақтида шаҳар устидан учиб ўтгани Озарбайжон тўлиқ Туркия билан иттифоқ сари одимлаётгани белгисидир. Бу иттифоққа яна қайси мамлакатлар қўшилишини вақт кўрсатади.
Жуда қизиқ, туркий вектор нима бўлади? Озарбайжон айни босқичда туркий векторга қандай қарамоқда? У ҳозирги босқичда Озарбайжон ташқи сиёсатининг асосий векторларидан бири деб айтиш мумкинми?
Мен уни асосий вектор деб айта олмайман. Албатта, озарбайжонликларнинг кўнглида Марказий Осиёдаги барча мамлакатларнинг туркий бирлигидай – Туркий иттифоқдай романтизм бор. Лекин реал ҳаётга қарайдиган бўлсак, бу мамлакатларнинг иқтисодий, сиёсий ва ижтимоий даражалари ҳар хил эканини кўрамиз.
Биринчидан, Марказий Осиёнинг Туркманистон ёки Ўзбекистон сингари мамлакатларининг ушбу иттифоққа кириш иштиёқи кучли ёки Қозоғистон бу иттифоқнинг энг йирик пропоненти (қўлловчиси) бўлмайди, дейиш қийин. Ҳа, бошқа мамлакатлар умумий маънода иттифоқни ёқлаши мумкин, аммо бу масалада Озарбайжон сингари охиригача боришни ҳеч ким истамайди. Туркия Марказий Осиё узоқ эканини яхши тушунади. Расмий Анқара энди-энди Россияни суриб чиқариб, Марказий Осиёга фаол кириб бора бошлади. Аммо Туркия билан Озарбайжон ўртасидаги мавжуд муносабатлар даражасига Қозоғистон, Туркманистон, Ўзбекистон ёки Қирғизистон етишига анча бор. Шунинг учун президентлар ўзаро келишиб олган тақдирда ҳам, Озарбайжон билан Туркия ўртасида бўлганидек, эртага ҳарбий ёки сиёсий тузилмалар мувофиқлаштирилади, деб ўйлаш гўлликдан бошқа нарса эмас.
Транскаспий ҳамкорлиги қандай кетяпти? Каспий денгизи орқали ўтадиган истиқболли лойиҳалар ҳақида гапириб берсангиз. Умуман, Украинадаги сўнгги воқеалар ва Россиянинг изоляцияга тушиб қолгани муносабати билан Транскаспий маршрутидаги вазият қай даражада ўзгармоқда?
Бугун Озарбайжон Ўрта Осиё бозорига чиқиб, минтақадаги мамлакатлар газини ўз ҳудуди орқали экспорт қилишга интилаётган жараён кечмоқда. Аммо ҳозирги вазиятда Озарбайжон Транскаспий газ қувурини қура олмайди, чунки бу дарров Россиянинг жаҳлини чиқара бошлайди. Россия Транскаспий газ қувурини ёки Қозоғистон ва ёки Туркманистондан Озарбайжонга нефт қувурини қуришга изн бермайди. Бунақа бўлмайди, йўқ.
Ҳозир Озарбайжон ўткир қирраларни айланиб ўтишга ҳаракат қилмоқда. У Европага гази экспорти ҳажмини оширишга интилмоқда. Европа кўпроқ газ талаб қилмоқда, чунки инқироз сабаб у ерда шундай вазият юзага келди. Аммо Озарбайжон жуда қисқа муддат ичида газ экспортини ва бошқа мамлакатлар газини ўз ҳудудидан ўтказишни кўпайтира олмайди. Бунга инвестициялар билан вақт керак. Озарбайжон ҳозир нима қилмоқда? У Туркманистон билан своп[1] битимлари тузяпти. Озарбайжон Туркманистон газини сотиб олади, лекин у қуйидаги усулда амалга оширилади: Туркманистон газни Эронга жўнатади, Эрон эса газни Озарбайжонга йўллайди. Биз эса бу газни қувур орқали Ғарбга юборамиз. Туркман газини сотиб олиш ҳажмини ошириш учун яқинда биз янги жараённи бошладик. Буни ҳамма билса керак. Европа Иттифоқи жуда яхши билади. Техник жиҳатдан бу Эрон ва Туркманистон гази эканини, лекин Озарбайжондан келаётганини билишади. Биз Эрон газини ички эҳтиёжларимиз учун ишлатиб, ўз газимизни Европага узатяпмиз, яъни бу ҳолат биз учун қулай ва бунга ҳеч ким эътибор бераётгани йўқ. Айтиш мумкинки, Озарбайжон ўткир қирраларни айланиб ўтишга ҳаракат қилмоқда. Аммо Транскаспий газ қувури қурилиши кўп муаммоларни ҳал этган бўлур эди. Ҳозирги аҳволда Россия бунга рози бўлмаслигини жуда яхши биламиз.
Хитойнинг Кавказдаги таъсири қандай ўзгармоқда? Хитойнинг роли кучайиб бораётганини кўряпсизми? Бу мамлакат кейинги йилларда “ерусти транспорт киоридорлари”ни жуда фаол ривожлантирмоқда, шу маънода Транскаспий маршрутига Пекин алоҳида қизиқиш билан қарамоқда.
Пандемияга қадар Хитой минтақада жуда фаол эди. Биз ўша пайт унинг тобора кучайиб бораётганини минтақамизда ҳис қилганмиз. 2019 йили Озарбайжон президенти Хитойга ташриф буюрди, бир неча шартномаларга қўл қўйилди, тез орада Хитой корхоналари Озарбайжонда фаолиятини бошлайдигандек эди. Хитойликлар мамлакатимизда автомобил шиналари ишлаб чиқариш ва уларни Европага экспорт қилиш бўйича завод қурмоқчи бўлди. Аммо пандемия барча режаларни чалкаштириб юборди. Энди кўряпмизки, Хитой мана шу инқироздан чиқиш учун кўпроқ ўз муаммолари атрофида ўралашиб қолди. Украинадаги инқироз эса шундай аҳволга солиб қўйдики, Хитой товарларини Европага экспорт ва у ердан импорт қилиш учун Транскаспий маршрутидан: яъни Хитойдан Қозоғистонга, у ердан Озарбайжонга, сўнгра Грузия ва Қораденгиз орқали Европага олиб борадиган маршрутдан фаол фойдаланмоқда. Бу ерда 2 та “тор бўғиз” (тўсиқ маъносида) бор: биринчидан, юкларни Каспий денгизига қадар темирйўлда ташиб келиш ва Каспий денгизидан олиб ўтиш; иккинчидан, Қора денгиз, у ҳарбийлаштирилган бўлмаса ҳам, шимолий қисмини айни пайтда Россия қуролли кучлари тўсиб қўйган. Фикримча, Украина урушидан сўнг товарлар ва хизматларнинг барча оқими Хитойдан Европага мана шу Қозоғистон, Туркманистон ва Озарбайжон коридори орқали ўтади.
Озарбайжонда Хитой билан ҳамкорлик қандай баҳоланмоқда? Қандайдир кўзга ташланиб турган устунликлар, истиқболлар борми? Қандайдир хавф ва муаммолар-чи? Масалан, кун тартибида Хитой билан ҳамкорлик чоғида қарз чоҳларига тушиб қолишдай масала турибдими?
Ҳа, 2019 йилда Хитой келиб, ҳамма нарсани сотиб олади, деган хавфсирашлар бор эди. Шундай тамойиллар ҳам мавжуд бўлган. Лекин бугунги кунда масала бундай тургани йўқ, чунки бизга Хитой инвестициялари керак, лекин биз уларга ҳеч нарса сотмаймиз. Бизга бу ерга келадиган Хитой корхоналари керак, бироқ биз улардан қарзга ҳеч нарса олмаймиз, чунки ресурсларимиз ўзимизга етарли. “Debt diplomacy” деб аталувчи сиёсат, яъни хитойликлар инфратузилма лойиҳаларини амалга оширишга пул беради, ўзлари уларни амалга оширади ва ўша мамлакатларни қарз чоҳига ирғитади. Бизда бундай муаммо йўқ. Озарбайжоннинг нефт жамғармаси сингари жиддий хавфсизлик ёстиғи мавжуд. Ресурсларимиз бор. Мабодо ресурсларимиз етмай қолса, ЕИга, Туркияга, ўша араб мамлакатларига мурожаат қилишимиз мумкин, яъни Хитой Озарбайжон инфратузилма лойиҳаларига пул сўраб мурожаат қиладиган сўнгги ресурс бўлади.
Катта раҳмат, жуда қизиқ гапларни айтдингиз. Суҳбатимиз индаллосида уни умумлаштириб, Озарбайжон узоқ истиқболда ўзини қандай тасаввур қилаётганини гапириб берсангиз. Озарбайжон ташқи сиёсатининг қайси асосий векторларини ажратиб кўрсата оласиз, у Туркия билан иттифоқ давлатига бирлашадими? Суҳбатимиз давомида берган баҳоларингизга кўра, бу устувор йўналиш бўладими?
Ҳа, деб айтиш мумкин. Озарбайжон элитаси бўладими, жамияти бўладими, биз ўзимизни Европанинг бир қисми деб биламиз. Ҳа, Европа бизни ўзининг бир бўлаги сифатида кўраётгани йўқ, аммо Озарбайжон ўзини Европа Иттифоқининг бир бўлаги сифатида кўрмаса ҳам, жуғрофий Европанинг қисми деб билади. Биз Туркия орқали Европага чиқишга интиляпмиз. Шунинг учун озарбайжонликлар Туркиянинг ЕИга қабул қилинмаётганини ёки Туркиянинг қандайдир лойиҳалардан узилиб қўйилаётганини ўзига оғир олмоқда. Шунинг учун биз ўзимизнинг Европа Иттифоқида ёки Европада кўрамиз. Европага чиқишимиз учун Туркия бизга кўприк бўлиб хизмат қилади. ЕИ бизни Европанинг бир бўлаги сифатида кўрмаётгани сабабли Озарбайжонга ҳар қандай инқироз вақтида сиёсий, иқтисодий ва ижтимоий жиҳатдан ёрдам бериши керак бўлган жиддий ҳомий ёки жиддий бенефициар (бу ўринда берган ёрдамидан мафаатдор бўлувчи мамлакат) зарур. Албатта, биз Туркияни шундай давлат деб биламиз, чунки Россия билан солиштирганда, Туркиянинг Озарбайжонга нисбатан ҳеч қандай империяни тиклаш қилиқлари йўқ. Россия билан солиштирганда, Туркиянинг Озарбайжонга нисбатан ёвқарашлари ҳам йўқ. Шунинг учун Озарбайжон ушбу ҳарбий ва сиёсий иттифоққа кирмоқчи. Бундан мақсад зикр этилган ҳарбий ва сиёсий иттифоқ орқали кимлигини, иқтисодий ва сиёсий мустақиллигини сақлаб қолишдир.
[1] Своп – турли активларни алмашиш кўринишидаги савдо ва молиявий алмашув амалиёти, унда қимматли қоғозлар, валюта сотиб олиш бўйича битим тузиш акс битим тузиш билан бирга амалга оширилади, ўша товарни қайта сотиш ҳақидаги келишувлар маълум вақтдан сўнг уни ўша ёки бошқа шартлар билан қайта сотиб олишни назарда тутади.