Муаллиф: Руслан Изимов
Хитой ички сиёсати ўрганилмаган, тушуниш қийин ва шу сабаб унчалик қизиқ бўлмаган мавзулигича қолмоқда. Бироқ айнан Хитойдаги ички сиёсий жараёнлар ташқи сиёсатнинг ҳаракатлантирувчи кучи бўлмоқда. Хитой ташқи сиёсати эса, ҳеч бир муболағасиз айтиш мумкинки, дунёдаги мувозанатни ўзгартириб юборишга қодир.
Хитойда мақсадлари юксак бўлган етакчи Си Цзинпиннинг ҳокимиятга келганига роппа-роса 10 йил бўлди. Жорий йил кузида унинг Хитой коммунистик партияси бош котиби сифатидаги ваколати тугайди. Лекин, афтидан, у ҳозир эгаллаб турган лавозимларининг бирортасидан кетмоқчи эмас. Бунинг маъноси шуки, Си Цзинпин ва жамоаси мўлжалланган ислоҳотларни давом эттиради. Шу муносабат билан ҳозир Хитойда сўнгги 10 йилда нималар ўзгарганини кўриб чиқишнинг айни вақтидир.
Хитой коммунистик партиясининг мафкураси қандай ўзгаряпти? Хитой жамияти ва ёшлари компартиянинг янги кўрсатмаларини қўллаб-қувватлаяптими? Ҳан миллатчилиги назоратдан чиқиб, Хитойнинг ҳам, ХХР қўшниларининг ҳам барқарорлигига таҳдид қилиши мумкинми? Замонавий Хитой нуфуси (демографияси) қандай ўзгаряпти? Ниҳоят, Хитой компартиясининг жорий йил кузида бўлиб ўтадиган ХХ қурултойидан нималарни кутиш мумкин? Си Цзинпин ҳокимиятда қоладими?
Биз мана шу ички сиёсий тамойилларни (тенденция) Хитой бўйича мутахассис, Россия ташқи ишлар вазирлиги қошидаги Москва давлат халқаро муносабатлар институтининг Евроосиё тадқиқотлари маркази катта илмий ходими Иван Зуенко билан муҳокама қиламиз.
Бугун Хитойнинг мафкура майдонида нималар юз беряпти? Бир тарафдан, коммунистик ғоялар маълум маънода Мао Цзздуннинг бошқарув усули баробарида ҳатто унинг хулқ-атворига ҳам тақлид қилаётган Си Цзинпиннинг шахсий саъй-ҳаракатлари ва намунаси туфайли янги мазмун касб этди ва қайта тикланди. Аммо бошқа тарафдан, Хитой ёшлари ва жамияти, ҳарқалай, кўриб турганимиз бўйича, коммунистик мафкурадан анча узоқ. Замонавий босқичда Хитой мамфкуравий сиёсати ўзига хосликлари нималардан иборат? У қандай амал қилмоқда? Масалан, Хитой ёшлари нималарни афзал билади? Улар ҳам, Ғарб жамиятларидагига ўхшаш “сўллашиб” боряптими ёки барибир ўнг капиталистик йўлни маҳкам ушлаб олганми?
Яхши ва кўп қиррали савол бердингиз. Умуман, бу масалани бир соат муҳокама қилишимиз мумкин. Унинг асосий жиҳатларни ажратиб кўрсатишга уриниб кўраман.
Ҳа, биринчидан, шу 10 йил мобайнида Хитойнинг мафкура майдонида жуда кўп нарасалар, янгиланишлар содир бўлди. Чиндан ҳам бу Си Цзинпин шахсияти билан, у қадар Сининг шахси билан ҳам эмас, балки ҳозирги Хитой раҳбари ҳокимиятда бўлиб турганининг ўзига хослигини асослаш зарур бўлган вазифа билан боғлиқдир. Дарҳақиқат, у – ўтмишдошларидан бошқача, уларга умуман ўхшамайди. Ўхшамаслиги учун мафкура нуқтаи назаридан ҳам жуда кўп иш қилинмоқда. Умуман, мана ўн йилликни битта мафкуравий қолип билан атайдиган бўлсак, у 新时代 (xin shidai) – янги давр бўлади. Бинобарин, барча соҳаларда нега у янги эканини ва нимага олиб боришини таъкидлаш зарур. Шу муносабат билан чиндан мафкурачилар бизга ҳар доим янги идеологемаларни (мафкура тизим унсурлари) таклиф этиб туради. Си Цзинпин билан боғлиқ шундай идеологемалардан бири “Хитой миллатининг буюк тикланиши ҳақидаги Хитой орзуси”дир” ёки оддий қилиб айтсак, “Хитой орзуси”. Ушбу идеологеманинг ҳам, қолганларининг ҳам аниқ таърифи йўқ. Лекин мен у ёки бу идеологеманинг энг кенг тарқалган тушунчаси баёнини келтираман. Хитой орзуси деганда биз, асосан, ушбу мамлакатнинг дунё етакчиси мақомига эришганини ёки камида шундай дунё етакчиларидан бири эканини тушунамиз. “Инсониятнинг ягона тақдири ҳамжамиятлари” деган машҳур ғоя бор. Умуман, буни янги даврда Хитойнинг ўзига хослиги асосида социализм қуришнинг ягона чорчўпига жойлаштирса бўлади. “Янги давр” нима эканини тушунишга ҳаракат қилсак, у олдинги қолиплар, яъни раҳбарият социализм қуришда фойдаланган олдинги ёндашувлар энди ярамаслигини билдиради, чунки Хитой расман ҳозир ҳам социализм, истиқболда коммунизм қурмоқда, олдинги ёндашувлар энди фойда бермаяпти. Жамият энди олдингидай қашшоқ эмас. Шунга кўра, айни пайтда иқтисодий ўсиш 2 хонали сон даражасида эмас, шу сабаб жамиятга нега ўсиш суръатлари пасайганини, фаровон илк ўсиш суръатлари тушганини, лекин барибир Хитой коммунистик партияси ва унинг етакчиси ҳокимиятини сақлаб қолиш кераклигини кўрсатиб, тушунтириб бериш даркор. Шулар барчаси “Янги даврда Хитойнинг ўзига хослиги асосида социализм қуриш” тушунчасига қадоқланмоқда. Бу идеологемалар жамиятга қай даражада муваффақиятли тарзда етиб бораётганини, тўғриси, айтиш жуда қийин. Биринчидан, буни узоқроқ вақт оралиғида олиб қараш зарур. Иккинчидан, Хитой сўнгги йилларда ёпилиб қолди. Бизга у ерда нималар юз бераётгани ҳақида гапириш жуда қийин, чунки ахборотнинг илк манбаларидан фойдаланиш имкониятидан маҳруммиз. Албатта, расмий маълумотларга кўра фикр юритилса, олам – гулистон. Яъниким, ҳамкасбларимиз, Хитой россияшунослари, хитойлик халқаро экспертларнинг сўнгги йиллардаги гап оҳанги, чиқишлари кескин ватанпарварлик томон ўзгариб кетди, деб айтиш мумкин. Лекин аслида улар чиндан ҳам гапираётганидай ўйлаши ёки йўқлиги – жиддий масала. Мен улар бунақа ўйламайди, деб узил-кесил жавоб бера олмайман. Яна ким билади дейсиз. Аммо нима бўлганда ҳам, мен, айниқса, Хитой ёшлари масаласида бундай аниқ хулоса чиқаришдан ўзимни тияман, чунки бу мавзу жадал ўзгарувчанлиги баробарида жуда кам ўрганилган. Назаримда, Хитой ёшлари, умуман олганда, Россия, Европа ёки океан ортидаги ёшларга нисбатан сиёсатга жуда кам қизиқади. Шундай бўлса-да, хитойлик ёшлар билан мулоқот қилганда, уларнинг маълум қисмига ватанпарварлик ғоялари, мана шу ватанпарварлик тарғиботи етиб бораётганини, ўз тингловчиларини топаётганини ва муайян натижаларга ҳам олиб келаётганин кўряпман. Аниқ айтишим мумкинки, камида Хитой жамиятининг, ёшлари бир қисми айни пайтда бундан 20 олдинги менинг тенгдошларимга нисбатан ватанпарварроқдир.
Мафкура бўйича ушбу саволлар туркумига бироз қўшимча киритсам. Барибир мафкура майдонида бундай ислоҳотлар ўтказаётган Си Цзинпин шу йўл билан ўз ҳокимиятини сақлаб қолишга интилмаяптими? Ёки у айнан коммунистик мафкура, “қизил” мафкура муваффақиятли ва самарали эканига ишонадими?
Мен бу саволга “ҳа” деб, фақат бироз бошқача жавоб бераман. Назаримда, Си Цзинпин – чинакам коммунист, бу унинг оилавий илдизлари билан боғлиқ. Отаси Си Чженсюн – фуқаролар уруши қаҳрамони ва Хитой коммунистлари давлати сифатидаги Хитой Халқ Республикаси асосчиларидан бири, деб айтиш мумкин. Шу сабаб, фикримча, Си Цзинпин Хитой коммунистик партияси ҳокимиятини сақлаб қолишни ўғиллик бурчи деб билади. Бу – масаланинг бир жиҳати. Иккинчи жиҳат шуки, унинг бошқарувчи, шахс сифатида ўсиши 1980-йиллардаги Дэн Сяопин ислоҳотлари даврига тўғри келди, ўша пайтда аҳолининг турмуш даражаси чиндан ҳам кескин кўтарилган ва бу у ёки бу тарзда Хитой коммунистик партияси ҳокимияти билан боғланган эди. Бунинг маъноси шуки, у яна ушбу Хитой модели муваффақиятлилиги ва самарадорлигига ишониши шарт эди.
Мафкура майдонида содир бўлаётган воқеалар чиндан ҳам Хитойда Си Цзинпин ҳокимиятини легитимлаштиришни (ваколатларнинг қонуний деб тан олиниши) мақсад қилиб қолган, лекин шу билан бирга, назаримда, бу кўзланган бирдан-бир мақсад эмас, Си Цзинпин шахсидан қатъи назар, фақат Хитой коммунистик партияси ҳокимиятини сақлаб қолиш воситаси, холос. Си Цзинпин фикрича, компартия шу тариқа давр чақириқларига, вақт чақириқларига мос тарзда жавоб бера олди, бундай муаммолар ҳозир ҳам бор. Бир нарсани аниқ билиб олиш керакки, Си Цзинпин ҳокимиятга 2012 йил келган эди. Ўша пайтда ташқаридан ҳамма нарса яхши бўлиб кўрингани билан аслида биз тарихчилар қўлига келиб тушган тобора кўпроқ маълумотларга кўра, тахминан 2012 йилда ушбу мамлакат аҳолининг Хитой коммунистик партияси ҳокимиятини ишончи пасайиб кетаётгани билан боғлиқ тизим таназзулига қадам қўйган эди. Шартли қилиб айтсак, агар Си Цзинпин ҳокимиятини, партия ҳокимиятини мустаҳкамламаганда, ўша ишончсчизлик мана шу ўн йиллик давомида бутун бошли Хитой тизимининг бузилиши ортидан мутлақо башорат қилиб бўлмайдиган оқибатларга олиб келиши мумкин эди. Умуман, Си Цзинпин бу хатарларни юрагига яқин олган ва шунинг учун ўз ҳокимиятини мустаҳкамлаш орқали компартия ҳокимиятини мустаҳкамлаш учун қўлидан келган барча ишни қилган бўлса не ажаб.
Жуда қизиқ. Компартия олдида турган чақириқлар – муаммолар ҳақида гапираётиб, хаёлимга 4 июн – Тянанмэн майдонидаги воқеаларнинг навбатдаги йиллиги эсимга тушди. Айтинг-чи, Хитой ҳокимияти ўша воқеалардан қандай сабоқ чиқарди, умуман, сабоқ чиқардими? Сизнингча, Хитой раҳбарияти бугун қайсидир маънода ўша сабоқларни унутмаяптими? Хитойнинг ҳозирги асосий ҳудудида қандайдир оммавий норозилик ҳаракатлари эҳтимоли борми?
Мен Тянанмэн майдонидаги воқеаларни ўрганиш билан ўта жиддий шуғулланганимни айтиб ўтмоқчиман. Кейинги йилларда материал йиғяпман, у қачонлардир Тэянанмэн майдонидаги воқеаларни имкон қадар ҳаққоний мавқедан туриб баҳолайдиган китобга асос бўлиб хизмат қилади.
Ушбу мавзу билан шуғуллана бошлаган пайтимдаги қарашларим ҳозиргиларидан фарқ қилар эди, яъни мавзуни тадқиқ қилаётиб, муносабатимни ўзим ҳам бироз ўзгартирдим. Даставвал улар менга ҳолатлар тўғри келиб қолгани учун ахборот шов-шувига айланиб кетган шунчаки воқеалардек туюлган эди, чунки 1980-йилларда Хитойда норозилик намойишлар тез-тез содир бўлиб турган. 1989 йилги воқеалар ҳам бир марта содир бўлгани йўқ. 1985 йилги воқеалар, 1986 йилги норозилик намойишлари… 1989 йилги норозиликлар Михал Сергеевич Горбачёвнинг Пекинга сафарини ёритгани келган кўплаб журналистлар камерасига тушиб қолгани учун ҳам шунчалик шов-шув бўлиб кетган. Дастлаб менга шундай туюлган эди. Мен Хитой коммунистик партияси сиёсатининг асосий йўналиши Тянанмэн майдонидаги воқеалар таъсирида ўзгармаган, деб тахмин қилар эдим. Дарҳақиқат, ўша воқеалар компартиянинг ҳокимиятни сақлаб қолиши учун йўлини бозор сари буриб юбордимикан, деб ўйлаб қоламан. Аммо Тянанмен майдонидаги воқеалар ва уларнинг бостирилиши кўплаб жараёнларни тезлаштириб юборгани бор гап. Улар чиндан ҳам 1980-йиллар охирида Хитой ислоҳотларнинг асосий бошғриқларидан бири: ислоҳотлар чиндан ҳам режимни демократлаштириш билан бирга ўтказилиши керакми, деган саволга аниқ ва лўнда жавоб берди. Умуман, 1980-йиллар охирида жуда кучли бўлган ва дунёдаги ушбу масала юзасидан давом этаётган дискурсларда танилган неолибераллар ушбу саволга “ҳа” деб жавоб бераётган эди. Бунинг устига, Совет Иттифоқи ва Шарқий Европада юз берган воқеалар буни тасдиқлайди. Аммо Хитойнинг бу саволга жавоби бошқача бўлди: “Йўқ, биз бундай қилмаслигимиз керак. Сиёсий ислоҳотларни бутунлай тўхтатиб қўйган ҳолда ҳам иқтисодий ислоҳотларни бемалол амалга ошириш мумкин”. Дарҳақиқат, фикримча, Тянанмен майдонидаги воқеалар, биринчидан, ушбу саволга жуда замонавий жавоб олиш имконини берди. Иккинчидан, жавоб аниқ ва қатъий бўлди, яъни Хитойда ушбу масала юзасидан бошқа ҳеч қандай муҳокама бўлмади. Хитой бу неолиберал парадигмадан (муайян концепциялар туркуми ёки фикрлаш шаблони) чиқиб кетди. Аслида Ғарб билан ҳозир биз кузатаётган зиддият пойдевори ўша пайтда қўйилган эди. Айнан ўша пайтда Хитойнинг мана шу модели шаклланган эди, уни соддагина қилиб 2 та омилни омухта қилган ҳолда таърифлаш мумкин: бозор иқтисодиёти + ҳукмрон партиянинг ҳокимиятга монополияси. Айтиб ўтганимдек, 1989 йилдан сўнг қандайдир юмшашлар, зикр этилган модел юзасидан мунозараларнинг ҳам ҳеч қандай имкони бўлмай қолди.
Айни чоқда Хитойда норозилик намойишларининг иложи борми? Ушбу саволга лўнда қилиб жавоб бериш осон эмас, чунки, бир тарафдан, Хитойда норозиликлар жуда кўп. Лекин улар, асосан, турли иқтисодий шиорлар билан ва маиший сабабларга кўра юз бермоқда. Сиёсий сабабларга кўра норозиликлар йўқ. Назаримда, уларга ҳозиргача рухсат этилмаган. Бу муҳим жиҳат Хитойнинг ҳозирги ҳолатини, Хитой компартиясининг ҳозирги ҳолатини тавсифлашимиз имконини беради.
Дарвоқе, бир нарсани тушуниб олишимиз керак: Хитой модели шаклланишига олиб келган иккинчи омил Тянанмэн майдонидаги воқеалардан сўнг орадан 2 йил ўтмай, Совет Иттифоқининг парчаланиб кетишини кузатиш бўлган эди. Хитойликлар ушбу воқеалардан муайян хулосалар ва сабоқ чиқариб олди.
Менимча, Хитой ҳокимиятининг ички сиёсати кун тартибида турган энг долзарб масалалардан бири ушбу мамлакатдаги миллатчилик мавзуси билан боғлиқ. “Ҳан миллатчилиги” деб аталувчи нарса ҳозир қайси ҳолатда турибди? Ҳозиргача Хитой ҳудудида кузатилаётган пандемия оқибатлари ва Ғарб мамлакатлари тарафидан бўлаётган босим Хитой жамиятида миллатчилик кайфиятларининг янада кучайишига эш бўляптими? Ёки бу ҳақда аниқ бир нарса дейиш қийинми?
Ҳан миллатчилиги ёки биз ҳарбий кафедрада “Буюк ҳан шовинизми” деб атаган ҳодиса, назаримда, ўзига хос мейнстримга (ингл. mainstream – асосий оқим; бирор ҳодисанинг асосий йўналиши) айланмоқда ва биз у кузатилаётган тарихий жараёнга гувоҳ бўляпмиз. Гапингизга тўлиқ қўшиламан, у жиддий тарзда ташқи қўзғовчи омилга айланмоқда. Энг аввало, бу савдо уруши ёки коронавирус бошлангандан сўнг Хитойга ўтказилган босим билан боғлиқ. Чиндан ҳам кўплаб Ғарб арбоблари, ҳатто сиёсатчилар Хитойни коронавирус пайдо бўлишида айблай ва қандайдир товон пули талаб қила бошлади. Умуман, уларнинг ўзини бундай тутишини биз пост совет маконидан кузата туриб, наҳотки шундай гапириш ҳам мумкин бўлса, деб ажабландик. Хитойликларга эса бу қанчалик оғир ботганини тушунтириб ўтиришнинг ҳожати бўлмаса керак.
Боз устига, биз ҳан миллатчилиги ҳар доим бўлганини ҳам тушунишимиз лозим. У 1980-йилларда ҳам бор эди. Мен Тянанмен майдонидаги норозилик ҳаракати мавзусини тадқиқ қилганман ва шуни айтмоқчиманки, баъзи кишилар миллатчилик мавқеидан туриб гапиргани ҳам бор гап. Лекин у ўша пайтда маргинал, яъни ҳали оммалашмаган чет бир ҳодиса эди, энди эса бир четда қолиб кетмай, мейнстримга айланмоқда. Бир тарафдан, ҳан миллатчилиги, умуман, Хитой миллатчилиги ортиб бормоқда (ушбу атамалар ўртасида нозик фарқлар бор), лекин бир нарсани тушуниб олишимиз зарур: мамлакатда ҳам, жамиятда ҳам Хитой сўнгги ўн йилликларда улкан ютуқларга эришгани ҳисси бор. Менимча, бу масалада ҳеч ким баҳслашиб ўтирмаса керак. Ютуқлар билан фақат фахрланиш мумкин. Бу – масаланинг бир жиҳати. Иккинчи жиҳат шуки, ташқи дунё Хитой учун , унинг жамияти учун тобора жозибасиз ва тушунарсиз бўлиб бормоқда. Масалан, “янги ахлоқ қоидалари”ни олиб қарайлик. Ғарб жамиятининг диққат-эътиборини банд қилиб турган бу нарсалар хитойликлар учун, оддий илиб айтганда, тушунарсиз. Кўп нарсалар, масалан, Ғарбнинг Хитой билан ўргатувчилик оҳангида гапириши, калондимоғлик уларнинг қонини қайнатади. Ғарб сўнгги йилларда, сўнгги ойларда Хитойни Россияга босим кўрсатишда ўз томонига оғдириб олишга ҳаракат қилмоқда, яъни расмий Пекин билан ўзини оғаларча тутиб гаплашмоқда. Албатта, бу уларнинг жаҳлини чиқармоқда. Мамлакатинг иқтисодиёти дунёда иккинчи ўринда бўлиши ва албатта, улкан ютуқлар у ёки бу даражада миллатчилик кучайишига сабаб бўлади. Бу ерда тушуниксиз нарсанинг ўзи йўқ. Бундан ташқари, коронарирус тарқалишига муносабат тамаддунга дарз кетишидан бошқа нарса эмас, чунки турли тамаддунлар: Шарқий Осиё – Хитой тамаддуни ва Ғарб тумаддуни коронавирусга бутунлай бошқа-бошқа муносабат билдирди. Шу йиллар давомида Хитой коронавирусга қарши кескин курашиш сиёсатини юритиб келди. Дастлабки пайтларда бу кураш мутлақ муваффақият билан олиб борилаётгандай эди. 2022 йилга келиб, энди бизга унақа туюлаётгани йўқ, чунки Шанҳай шаҳри деярли уч ойдан бери локдаунда – ташқи дунёдан изоляцияланган. Аммо шунга қарамай, бу – бизнинг четдан қарашимиз. Хитойликлар бутун дунё Хитой сингари иш тутганда, ҳамма 2020 йилда Вуҳандагидек интизомли бўлиб, дастлабки ойларда локдаунда ўтирганда, ҳеч қандай коронавирус бўлмас эди, деб ҳисоблайди.
Айтинг-чи, ҳан миллатчилиги, ҳатто Хитой миллатчилигининг назоратдан чиқиб кетиши хавфи борми? Агар пардани бироз очиб, мўралаб қарайдиган бўлсак, Хитой миллатчилиги дунёга қандай таҳдид солиши мумкин?
Бундай ҳолат камида гуманитар алоқаларни қийинлаштириб қўяди, яъни Хитой ўта самимий, ўта мақсадга йўналтирилган ва изчил тарзда ёпиқ мамлакатга айланиб бормоқда. Бу халқларимиз ва мамлакатларимиз ўртасидаги гуманитар алоқалар тобора мураккаблашиб бораётганини англатади. Хитойдаги ҳаёт чет элликлар учун 2000-йиллар бошидагига нисбатан оғирлашиб бормоқда. Масалан, бир замонлар Хитойда яшаб туриш лаовайлар (чет элликлар) учун олтин аср бўлган. Аҳвол шу тарзда давом этаверса, вақт ўтиши билан бир-биримизни ёмонроқ тушунадиган бўлиб борамиз. Ҳозир ҳам бир-биримизни яхши тушунмаймиз, келгусида аҳвол бундан ҳам баттар бўлади, яъни маълум вақт ўтгандан сўнг мамлакатлар ўртасидаги эмпатиянинг (бошқа кишининг эмоционал ҳолатига англанган тарзда бирга қайғуриш) бори ҳам йўқолиб кетади. Таассуфки, бу аллақандай нодўстона амаллар учун жуда қулай заминдир. Мен бу урушга сабаб бўлади, деб ўйламайман, аммо у ёки бу тарзда орага совуқлик туширади.
Эҳтимол тутилган вазият таранглашувига келсак, қизиғи шундаки, бу – ижобий ҳолат, чунки Хитойдаги сиёсий тизимга демократияга асосланмаган, яъни у элиталар бошқаруви тизимидир. Шунга кўра, бу элиталарга жамиятнинг кайфияти таъсир этмайди ва уларнинг сиёсат юргизишда турли популизм воситаларидан фойдаланишга мойиллиги жуда паст. Бинобарин, бу қайнайдиган кайфиятлар, умид қилишимча, Хитойда етарли даражада назорат қилинадиган ва бошқариладиган бўлади. Эсингизда бўлса, Япония билан ўртада талаш Дяоюйдао (Сенкаку) ороллари билан боғлиқ вазиятда бўлганидек, қандайдир норозилик амали ўтказилиши мумкин. Ўшанда япон автомобиллари ва ресторанлари ағдар-тўнтар қилинган эди. Лекин бу акция ҳам маълум бир чизиқдан ўтиб кетгани йўқ. Бошқа мамлакатлар билан боғлиқ ҳолатда ҳам шунга ўхшаш нарсаларни кўрамиз, деб ўйлайман.
Сиз билан муҳокама қилмоқчи бўлган яна бир масалалар туркуми Хитойдаги демография масаласидир. 2020 йилда Хитойда ўтказилган сўнгги аҳолини рўйхатга олиш кўрсатишича, мамлакат аҳолиси сони жуда секин ўсмоқда, ҳатто ҳокимият “бир оила – бир фарзанд” сиёсатини бекор қилганига қарамай, хитойликлар фарзандни кўпайтиришга шошилаётгани йўқ. Оқибатда ушбу мамлакатда демографик харажатларнинг бутун бошли мажмуи вужудга келмоқда. Аслида бу муаммолар олдин ҳам бор эди, лекин бугунги кунга келиб миллатнинг қариши, меҳнатга лаёқатли кишилар улушининг қисқариши, жинслар ўртасидаги номутаносблик ва ҳк. тарзида янада кескинлашмоқда. Шу тариқа Хитойга 1970 – 80-йилларда дадил олға силжиш имконини берган рақобат устунликлари бугунги кунга келиб аста-секин йўқолиб бормоқда. Бу ҳақда нима дейсиз? Қандай чоралар Хитойга ушбу муммоларни ҳал этиш имконини беради ва бу мамлакатни демография масаласида қандай келажак кутяпти?
Ҳа, чиндан ҳам демография ва умуман демографик вазиятнинг ўзгаришлари Хитой ички сиёсатига тааллуқли бўлган мегатренддир (устун тамойил). Айтиш жоизки, “бир оила – бир фарзанд” сиёсати 2013 йилда бекор қилинган. Ўша пайтда ота ёки она ягона фарзанд бўлган эр-хотинларга икки нафаргача бола кўришга рухсат берилган эди. Мамлакатда 1980 йилдан бошлаб иккинчи фарзанд туғилишига жуда қаттиқ чекловлар бўлгани тушунарли ва бу аҳолининг аксарияти икки нафардан фарзанд кўра олмаслигини англатар эди. Кейинчалик ҳаммага икки нафардан фарзанд кўришга рухсат берилди. Ҳозир, тўғрироғи, ўтган йили уч нафар фарзанд кўриш мумкинлиги ҳақида қарор қабул қилинди. Лекин тўртинчи фарзанд кўриш мумкин эмас негадир, яъни ҳозир ҳам чеклов бор. Албатта, бундай чекловлар юмшатилди, аммо ҳали ҳам барибир бор. Менимча, Хитой ҳеч нарсани ўзгартиришни истамайди. Хитой дунёнинг аҳолиси энг кўп мамлакати бўлмай қолди. Тўғрироғи, агар Ҳиндистон демографиясидаги мавжуд суръат сақланиб қолса, май – июн ойларида бу мамлакат Хитойни қувиб ўтади. Йил охирига бориб бу ҳақда ишонч билан гапириш мумкин бўлади. Бинобарин, тез орада ёшларнинг, истиқболда эса меҳнатга лаёқатли аҳоли етишмаслиги сезилиб қолади. Аср ўрталарига бориб, ёши 60 дан ошган кишилар, яъни барча Хитой ватандошларининг учдан бири қисми, ҳатто, айтиш мумкинки, учдан бир қисмдан кўпроғи сони тахминан ярим миллиард кишига етади. Албатта, бу кўплаб ижтимоий ва иқтисодий муаммоларни келтириб чиқариши ва бюджетга мисли кўрилмаган юк бўлиши хавфини юзага келтиради. Яъниким, тақрибан 30 йилдан сўнг Хитой ишловчи пенсионерлар нисбати бўйича ҳозирги Россиядаги ҳолатга тушиб қолади. Илгари Хитой ихтиёрида бўлган муваффақият калити фақат халқ бойроқ бўлиб қолгани, яъни у энди 3 тийинни деб ишламаслиги учун эмас, энди аҳоли сони кам бўлиб қолаётгани учун ҳам амал қилмаслигини аниқ тушунамиз. Булар барчаси – жуда катта муаммо. Менимча, туғилишни рағбатлантиришга қаратилган ҳеч қандай чора вазиятни ўзгартира олмайди. Айни чоқда Ҳитойдаги туғилиш коэффициенти АҚШ ва Буюк Британияда бўлгани каби тахминан 1,7 га тенг. Хитойнинг энг ривожланган минтақаларига қарайдиган бўлсак, уларда бу коэффициент ундан ҳам пастроқ эканини кўрамиз. Пекин билан Шанҳайда бўлса, айни коэффициент 1 дан ҳам паст, яъни Жанубий Корея билан Япониядагидан ҳам қуйироқ. Бу – жуда паст кўрсаткич. Булар барчаси ёшлар кеч уйланиши, кам бола кўриши, асосан, иш билан банд бўлиши, орзуларини амалга ошириши билан боғлиқ экани тушунарли. Боз устига, 30 ёшдаги (10 ёш кам ёки кўп) авлод учун 2 та ёки 3 та авлод: ўз авлоди, болалар авлоди ва ота-онасини боқишга мажбурлиги жуда катта муаммога айланмоқда, чунки ҳозир ота-онани боқиш юкини ака-укалар, опа-сингиллар билан баҳам кўришнинг иложи йўқ, чунки сен оилада ёлғиз фарзандсан. Албатта, булар барчси учун пул керак, кўчмас мулк, яхши таълим олиш, тиббиёт харажатлари ошиб бормоқда. Бундай вазиятда хитойликлар фақат рухсат берилгани учунгина 2 ёки 3 нафардан бола кўришини тасаввур қилиш қийин. Жуда мушкул. Билишимча, Хитойдаги реал демографик вазият ўзгармайди, ҳозир кўзга ташланиб қолган аҳолининг қаришига ўхшаш тамойиллар бутун XXI аср давомида долзарблигича қолаверади.
Вазиятдан қандай чиқиш мумкин? Афтидан, реал бўлган ягона усул – иш кучи тақчиллиги ўрнини қайсидир тарзда босувчи технологияларни ривожлантириш, робототехникани, сунъий интеллектни, улкан маълумотлар таҳлилини ривожлантиришдир. Агар техника ривожланган бўлса, оддий ишни бажариш,бунинг учун арзимаган тангалар олиш учун кўп одам керак бўлмайди. Хитой иқтисодиёти мана шунга асосланадиган бўлади, уни қайта қуриш керак. Хитойликлар буни билади ва тушунади.
Раҳмат. Рақамлар ёрдамида пухта тушунтириб бердингиз. Ўқувчиларимиз учун демография билан боғлиқ яна бир кичик жиҳат қизиқарли бўлса керак, деб ўйлайман. Демографияга оид мана шу муаммолар ҳокимиятни аҳолини ташқарига – бошқа мамлакатларга суриб чиқаришга мажбур қилиши мумкинми? Менимча, бу энг кўп тарқалган “олабўжи”лардан биридир, келинг, шунга изоҳ бериб ўтсак. Шундай эҳтимол мавжудми?
Бундай олабўжи мендай умрбўйи Узоқ Шарқда яшаб меҳнат қилган кишига бегона эмас, яна Қозоғистон ва Қирғизистон аҳолиси учун ҳам маълум бўлса керак. Лекин мен олдинга савол жавоб бераётиб келтирган рақамлар кўрсатишича, бу “олабўжи” 20 – 30 йилга эскириб кетган. Яъниким, 1990 – 2000-йиллардаги гўё Хитойда керагидан ошиқ демография босими мавжуд, Одамларнинг яшашга жойи йўқ ва улар жон-жон деб бошқа мамлакатларга йўл олади, қабилидаги гаплар эскирди, айни пайтда бу мамлакатда, аксинча, аҳоли етишмаяпти. Бундай хавф ҳатто аҳоли сони энг кўп ўсган йилларда ҳам содир бўлгани йўқ. Ҳозир эса аҳоли сони суст ўсаётган паллада демографик босим омили йўққа чиқиб бормоқда. Энди вазият бутунлай тескари, вақти келиб, хитойликлар мамлакатига иш кучи оқиб келишидан манфаатдор бўлади. Бундай иш кучи жуда малакали ёхуд хитойликлар ишлашни ёқтирмаётган соҳаларда ишлайдиган бўлиши керак. Ҳозирча улар ишлашни истамаётган соҳалар йўқ. Лекин келгусида шундай бўлиши ҳам эҳтимолдан холи эмас, чунки Россиядаги, Европадаги меҳнат миграцияси билан боғлиқ жараёнлар барчаси иш кучи етишмаслиги билан боғлиқ. XXI аср ўртасига бориб ва унинг иккинчи ярмида Хитойда ҳам шунга ўхшаш манзарага гувоҳ бўлишимиз мумкин, деб ўйлайман. Аммо Хитойдаги аллақандай демографик босим хитойликлар Узоқ Шарқ, Қозоғистон ва Қирғизистонга келиб жойлашиб олишига сабаб бўлади, деган гаплар бугун долзарб эмас, чунки яна қайтариб айтаман, бу демографик босим юқори бўлган йилларда ҳам содир бўлмаган.
Си Цзинпин 2012 – 2013 йилларда ҳокимиятга келгандан сўнг Хитойнинг миллий сиёсати анча-мунча ўзгаришларга юз тутди. 2015 йилга келибоқ, марказнинг Ҳонгконг, Шинжон-Уйғур мухтор тумани (ШУМТ) ва бошқа мухтор туманлардаги сиёсати бўйича янги кўрсатмалар қабул қилинди. Оқибатда 2016 йилдан бошлаб, билишимизча, Шинжонда кенг қамровли тадбирлар ўтказила бошлади. Пекин кўраётган бу чоралар халқаро ҳамжамиятнинг кескин норозилигига сабаб бўлди. Айнан Хитойнинг ШУМТдаги миллий сиёсати муносабати билан АҚШ ва Ғарбнинг бошқа мамлакатлари унга нисбатан биргаликдаги босимни кучайтирди, бу Хитойнинг халқаро майдондаги обрўсига жиддий путур етказди. Бугун Хитойнинг миллий сиёсати қай тарзда ўзгариб бормоқда? Умуман, Хитой ҳокимиятининг пировард мақсади, сизнингча, нима?
Ҳа, ўйлашимча, Си Цзинпин даврида чин маънодаги ўзгаришлар юз берди, чунки миллий сиёсат ўзгарганига қараб фикр юритилса, бир нарсани тушуниш керак, миллий сиёсат аслида кам сонли миллий гуруҳларга нисбатан юритилаётган сиёсатдир, аммо ҳужжатларга қаралса, бундай ўзгаришлар унча кўп эмас. Мен бу масала бўйича тор мутахассис эмасман. Бу ўринда совет тажрибасидан ўзига хос бутунлай чекиниш юз бермоқда. ХХР миллий сиёсатини ишлаб чиқишда совет тажрибаси ўта жиддий ҳисобга олинган, лекин бугунги кунда у расман муваффақиятсиз деб аталмоқда, чунки ҳамма жойда мамлакат таназзулида иттифоқ республикаларининг роли катта бўлгани айтилмоқда. Албатта, Хитой ўз миллий сиёсат моделини ишлаб чиқмоқда. 2011 йилда унинг иқтисодиёт ва хавфсизлик муаммолари бўйича етакчи экспертлари Huan Gan ва Hu Lianhe’нинг шов-шувларга сабаб бўлган “Миллий сиёсатнинг иккинчи авлоди. Миллий интеграцияга ва гуллаб-яшнашга кўмаклашиш” деб номланган мақоласи пайдо бўлди. Си Цзинпин ҳокимиятга келиши арафасида чоп этилган айни мақола миллий сиёсат юритиш учун ўзига хос дастур вазифасини ўтади. Унда баён қилинган Пекин фикрига кўра, кам сонли миллатларга нисбатан юмшоқ сиёсат юритилиши унчалик самара бермайди, яъни нима бўлганда ҳам, кам сонли миллат вакиллари ўзини “биз хитойликлар эмасмиз” деб ҳис қилишидай кайфиятларга берилишига сабаб бўлади ва шунга кўра, эртадир, кечдир, улар бўлгинчилик ҳақида ўйлай бошлайди. Нима бўлганда ҳам, совет тажрибаси кўрсатишича, миллий республикалар, миллий мухториятлар кўнглини пул билан, имтиёзлар билан овлаш ҳам самара бермайди, чунки бунга мисол сифатида Болтиқбўйи республикалари келтирилади – улар аҳоли жон бошига даромад бўйича иттифоқдаги энг бой республикалар эди, лекин биринчи бўлиб Совет Иттифоқи таркибидан чиқиб кетди. Айтиб ўтганимдек, хитойликлар СССР тарқаб кетиши тажрибасини пухта ўрганмоқда. Шунга кўра, Huan Gan билан Hu Lianhe сиёсатни ўзгартириш, бу маданий тафовутларни сақлаб қолишни бас қилиш керак, бунинг ўрнига ўзини кўп миллатли “Чжунхуа минцзу”га мансуб ягона Хитой миллати сифатида англашни, хитой тилини мулоқот тили сифатида олға суриш лозим, деган фикрни билдирган эди. Улар фикрича, қайсидир ҳолатларда умумий аҳоли орасидан кам сонли миллатларни ажратиб кўрсатадиган имтиёзларни ҳатто бекор қилиш зарур. Бинобарин, булар барчаси, кўриб турганимиздек, Си Цзинпин бошқаруви даврида миллий мухториятларда амалга оширила бошлади. Айни чоқда Си Цзинпин, адашмасам, 2014 йилда партия конференциясида сўзга чиқиб, миллий-ҳудудий мухторият принципини ўзгартирмаслигини маълум қилди, яъни унинг мантиғига кўра, Тибет мухтор тумани Тибет вилоятига айлантирилмайди. Биз бу ишни қилмаймиз, деди у. Лекин кўряпмизки, миллий мухториятлардаги сиёсат ўзгарди. Хитой тилини ўрганишга, кам сонли миллатлар вакилларининг Хитой иш кучи бозорида рақобатбардош бўлиши ва ҳк. учун профессионал тайёргарлигини оширишга кўпроқ эътибор қаратилмоқда. Эҳтимол бу назария ҳолида яхши жаранглар, аммо амалиётда кўряпмизки, Тибет ва Шинжонда Чэн Цюангодай раҳбар бошчилигида юз берган ҳолатларни нормал деб аташ жуда қийин. Аслида Шинжон-Уйғур мухтор туманида нималар бўлаётгани аниқ билмаймиз. “Шамол бўлмаса, дарахтнинг учи қимирламайди”, яъни у ерда кам сонли миллатлар ва дин вакиллари ҳақлари поймол этилаётган аниқ. Булар барчаси ҳозир қўшни мамлакатларда ҳам, жаҳон ҳамжамиятида ҳам ҳис қилаётганимиздек, асабийликка сабаб бўлмоқда. Лекин, менимча, хитойликлар бундай сиёсатдан воз кечиши даргумон. Унинг пировард мақсади ассимиляциядир. Камсонли миллатлар ассимиляцияси, эртами, кечми, улар шахсини тасдиқловчи ҳужжатлардан “миллат” банди олиб ташланишига олиб келиши мумкин, чунки бу – ўта муҳим жиҳат, кўплаб аралаш никоҳдан дунёга келган авлодларнинг, масалан, отаси монгол, онаси эса хитойлик бўлса, ҳужжатларига баъзи имтиёзлардан умид қилиб, монгол деб ёздирган. Ҳозир Пекинда имтиёзлардан воз кечиш сиёсати юритилмоқда, яъни камсонли миллатлар бир кун келиб ягона хитой миллатига қўшилиб кетади. Лекин бу қўшилиш қачон содир бўлади? Бу жуда узоқ жараёндир, неча ўн йилларга, ҳатто асрларга чўзилиб кетиши мумкин. Ўша пайтга бориб, кескин ўзгаришлар юз бериши, масалан, бу сиёсат унчалик долзарб бўлмай қолиб, миллий сиёсатнинг учинчи авлоди юзага чиқса, ажаб эмас. Булар барчаси нима билан тугашини олдиндан башорат қилиш жуда қийин. Аммо ҳозирги пайтда хитойликлар кам сонли миллатларни ассимиляция қилиш сиёсатини қабул қилгани, назаримда, кундай равшан.
Энди тугалловчи саволлар туркумига ўтсак. У жорий йил кузида бўлиб ўтадиган Хитой компартиясининг ХХ қурултойидир. Си Цзинпин ҳокимиятни роппа-роса 10 йилдан бери бошқармоқда. Суҳбатимиз давомида бир неча марта эслаб ўтганимиздек, Хитойнинг ҳам ички, ҳам ташқи сиёсатида кўп нарсалар ўзгариб кетди. Аммо кўпчилик шарҳловчилар, кузатувчилар, мутахассислар ва China watcher’лар (ингл. Хитойни кузатувчилар) баҳосига кўра, Си Цзинпин ушбу қурултойда ҳокимиятни, ундан неча ўн йиллар олдин қабул қилинган удумга зид ўлароқ, кейинги раҳбарга топширмайди. Бўлғуси тудбирдан нималарни кутяпсиз? Ҳокимиятнинг Си Цзинпин қўлида тўпланиб қолиши нималарга олиб келиши мумкин? Умуман, Си Цзинпин яна бир муддат ҳокимият тепасида қолиш билан нимага эришмоқчи бўляпти?
Си Цзинпин “5 йилдан 2 муддат” деб аталган удумни бузиши мумкинлиги ҳақида 5 йил олдин фаол гапира бошлаган эдик. 2018 йилда конституциянинг ХХР раиси лавозимида 5 йилдан 2 муддат бўлишига қатъий тартибга солувчи моддаси бекор қилинганидай жиддий далилга эга бўлган эдик. Ўша пайтда ҳамма нарса ҳаммага ойдин бўлган эди. Лекин бутун умр бошқаришдай тизимга ўтиш Хитой тарихининг аксарият қисмида ва жаҳон тарихининг асосий қисмида бўлган. 2022 йилга келиб эса, бу унчалик аниқ эмаслигига оид айрим ишоралар пайдо бўлди. Яъниким, кўряпмизки, қўлимиздаги хабар бўйича Давлат кенгаши бош вазири Ли Кецяннинг роли анча-мунча ортган, аҳоли ҳам, жамият ҳам ва энг муҳими, элита ҳам айни ҳолатда Шанҳайдаги локдаун билан боғлиқ вазиятдан норози. Шунинг учун, назаримда, барибир ХХ қурултой билан боғлиқ қутқу бор.
Мен Хитой муаммолари билан қизиқадиган барча кишиларни қурултой кунлари нима бўлишини кузатиб боришга даъват қилиб қоламан. Қандайдир қутқу бор. Биз яқинда талабалар билан жорий йил октябрида бўлиб ўтиши режалаштирилган 2-чақириқ ХКП МҚ 20 қурултойи сиёсий бюроси доимий қўмитаси таркибини башорат қилишга уриниб кўрдик. Хулоса шу бўлдики, агар Си Цзинпин барибир учинчи муддатга номзодини қўядиган бўлса, унинг командасига – еттиликка кимлар киришини у ёки бу тарзда қатъий қилиб айтиш мумкин, жорий йилги вазиятда бу бутунлай тушунарсиз. 5 йил, ҳатто 10 йил олдин ҳам бу борада кўпроқ аниқлик бор эди. Албатта, бу мавҳумлик маълум даражада коллектив раҳбарлик йўқ бўлгани билан боғлиқ. Ҳозирги кунда кўп нарсани фақат Си Цзинпин ҳал қилади. Унинг хаёлида нима борлигини билишимиз қийин. Умуман, шуни алоҳида таъкидламоқчиманки, ўз вақтида Си Цзинпин ҳокимиятини кучайтиришга шуҳратпарастлиги ёки ҳокимиятпарастлиги боис киришгани йўқ, бунга унинг Хитой сиёсий партияси 2000-йиллар бошида дуч келган тизим инқирозига энг мақбул жавоб чора сифатида қарагани сабаб бўлган эди. Ўша пайтда ворислик тизими, коллектив бошқарув тизими иш бермай қолаётган эди, чунки кўплаб муҳим масалалар ҳал этилмаган, жавобгарлик бир одамдан бошқасига юкланаверган. Ислоҳот ўтказилмаган. Турли қарор қабул қилиш марказлари бутунлай тушунарсиз ишлаган, ким нимага жавоб бериши аниқ бўлмаган оғмачилик мавжуд эди. Дарвоқе, қозоғистонликлар буни яхши тушунса керак. Бир киши раҳбарлиги зарур эди. Шунга кўра, Си Цзинпин ҳокимиятга келиши билан ўша бир киши раҳбарлигини мустаҳкамлаш йўлига ўтди. Бугун дунёдаги вазият енгиллашгани йўқ. Боз устига, ташқи муаммолар, савдо уруши ва коронавирус билан боғлиқ вазият, Украина инқирози билан боғлиқ вазият жуда мураккаблашиб кетди. Бундай вазиятда масъул раҳбар қандай йўл тутиши керак? Кўриб турганимиздек, элита янгиланиши билан боғлиқ бошоғриқ ҳам бор, чунки Си Цзинпиннинг якка ўзи раҳбарликда қолиб, ҳамма сафдошларини илгаригидек алмаштира олмайди-ку. Унинг тенгдошлари барибир у ёки бу тарзда юқори лавозимларни эгаллаб турибди. Бунинг маъноси шуки, узоқ истиқболда Совет Иттифоқида 1970-йилларда бўлгани каби геронтократия режими (кексалар ҳокимияти) ҳақида гапириш мумкин бўлади. Аммо яқин 50 йилда Хитой бемалол бошқариладиган бўлади, чунки ёши олий раҳбарларга пухта ўйланган қарорлар қабул қилиш имконини беради. Кам нисбатда бўлса-да, партияда янгиланишлар бўляпти. Яқинда 60 ёшни қарши оладиган Ху Чунхуа, Чэнь Минэр ва Дин Сюесян каби кишилар кузда партиянинг қандайдир етакчи лавозимларини эгалласа ажаб эмас. Шунинг учун геронтократия хавфи борлигини тушунишимиз зарур, аммо яқин 50 йил ичида бу ҳақда гапириш бемаврид бўлади. Жуда узоқ истиқболда ҳар доим кучли етакчидан сўнг бўлгани каби нотинч давр унсурлари, инқироз унсурлари бўлиши муқаррар, афсуски, кўпинча шундай бўлади. Ҳатто Хитой тарихини олсак ҳам, 1976 йилда Мао Цзэдун ўлимидан сўнг ҳамма нарса бирдан яхши бўлиб қолгани йўқ. Дэн Сяопин ғоялари бирдан татбиқ этилиб, мустаҳкамланиб кетмади. Таассуфки, бу биздай Хитойдаги воқеалар кузатувчилари ва Хитой раҳбарлари эсда тутиши зарур бўлган ҳолат бўлиши ҳам мумкин.
Гапингизни бироз тўлдирсам. Сиз Хитой давлат кенгаши ролини тилга олиб ўтдингиз, матбуотда Си Цзинпин билан бош вазир Ли Кэцян ўртасидаги рақобат ҳақида кўп ёзила бошлади. Хитой элитаси ўртасидаги муҳит қандай экани ҳақида бироз гапириб берсангиз. Хитойда фракциялар ўртасида қандайдир кураш борми ва бўлса, у қандай кўринишда?
Яхши савол бердингиз ва у муҳим изоҳ беришни талаб этади, чунки ҳозирги кунда ОАВда бутунлай воқеликдан узилиб қолган фракциялар ўртасидаги кураш, бу ҳам етмагандай, у гўё кескин тус олаётгани сингари қарашлар кенг тарқалган. Яна бир жиҳати, уни координаталар тизимидаги кураш, гўё бир томон Америка тарафдори бўлса, қолганлари – ултраватанпарварлар, деб тасвирлашга мойиллик бор. Менимча, вазиятни бундай тасвирлаш мутлақо нотўғри. Хитой ёпиқ мамлакат бўлгани, унинг раҳбарияти қароргоҳи Чжуннанхай етти қават кўрпа остидаги сир бўлгани учун ахборотни қандай олиш мумкинлиги бутунлай тушунарсиз. Аммо қандайдир фракциялар ўртасидаги ўзаро ҳаракатланиш борлиги шубҳасиз. У ҳар доим бўлган, ҳозир ҳам бор. Мен бу мавзуларга қизиққан кишиларга асли хитойлик бўлган, айни пайтда Америкада яшаётган Чэн Лига ўхшаш олимларнинг тадқиқотларини ўқиб кўришни таклиф қиламан, у инглиз тилида ёзади. Яна ҳонгконглик тадқиқотчи Вилли Лам ҳам бор. Улар фракциялараро ўзаро ҳаракатланиш ҳақида ҳеч кимни бадном қилмасдан ёзади, бор нарсани ёзади. Асосий фикри-зикри шахсий муносабатлардан келиб чиқиб бирикадиган айрим фракцияларда. Лекин бу фракциялар ўртасида жиддий мафкуравий қарама-қаршиликлар йўқ. Қандайдир тактик ҳолатларга қарашлари мос келмаслиги турган гап, аммо стратегик жиҳатдан бу фракциялар ўхшаш фикрлайди. Улар кескин кураш кўринишида эмас, қандайдир келишувлар, қандайдир муросаи мадора кўринишида ўзаро ҳаракат қилади. Дарҳақиқат, агар биз Хитой элитасидаги вазиятни шу тариқа кўриб чиқадиган бўлсак, шартли равишда элитачилар фракциясини ажратиб кўрсатишимиз мумкин. Чэн Ли уларни шундай атайди. Улар шахсан Си Цзинпинга яқин кишилардир, яна популистлар (халққа яхши кўриниш учун унга ёқадиган нарсаларни гапирувчилар) – ҳозирги бош вазир Ли Кэцянга ва олдинги ХХР раиси Ҳу Цзинтао яқин кишилар бор. Улар орасида комсомолдан чиққанлар кўп, шунинг учун комсомоллар деб аталади. Лекин бу комсомолларни америкапарастлар деб аташ ва улар Си Цзинпин одамларига қарши зимдан кураш олиб боради, дейиш умуман нотўғри. Яъниким, фракциялар ўртасида ўзаро ҳаракатлар бор, деб тушуниш керак бу вазиятни. Лекин мен кураш эмас, айнан, ўзаро ҳаракат борлигини айтмоқчиман ва Хитой фуқаролар уруши ёқасида турибди, қабилидаги узоқни кўзловчи хулоса қилмаган бўлар эдим. Булар – бўлмаган гаплар. Элита барибир – етарли даражада гомоген (келиб чиқиши жиҳатидан бир хил)
Иван, қимматли изоҳларингиз учун раҳмат, тавсияларингиз учун алоҳида ташаккур айтаман. Фикримча, бевосита Хитой билан шуғулланаётган ўқувчиларимизнинг бир бўлаги бундай тавсиялар ва илмий асарлар номлари учун миннатдор бўлади.
Умуман, суҳбатга якун ясаётиб, яна бир жиҳатга аниқлик киритиб олмоқчи эдим. Агар биз, Хитой тарихи циклик, яъни қайтарилиб туради, деган назарияга қўшилсак, Осмоности мамлакатининг ҳозирги ривожланиш босқичини қандай баҳолашимиз мумкин? Бугун Хитой Халқ Республикаси тараққиётининг энг юқори нуқтага чиққанига гувоҳ бўлиб турибмиз, деб айтишимиз мумкинми?
Ҳа, Хитой тарихи такрорланиб туриши ва бу рақамлар у ёки бу сулола бошқарув билан боғлиқлиги ҳақидаги ғоя менга жуда яқин. Умуман, Хитой коммунистик партияси ва ХХРнинг ҳукмронлик даврини ўрганиб, шартли равишда уни навбатдаги сулола деб атаса бўлади. Бу даврийлик ҳақидаги догмага тўлиқ мос келади. Агар масалага шундай ёндашсак, бу даврни Хитой ўз циклининг, куч-қудратининг энг юқори нуқтасида турибди, деб айтсак бўлади. Ушбу авж нуқта аста-секин узоқ ва кўпга чўзиладиган пасайиш ҳолатига ўтиб бормоқда. Яна Хитой тарихидан биламизки, ушбу авж нуқтага кўтарилиш жўшқин ва кескин бўлиши, ушбу қудратлилик даври жуда узоқ вақт сусайиб бориши мумкин. Бизнинг ҳолатда бу ўн йилликларни англатади. Хитой кўҳна тарихида бу бир аср ва ундан кўпроқ вақтни ҳам олган. Яъниким, кўриб турганимиздек, пасайиш, сўниш юз беряпти, лекин одамлар инерция бўйича яхши яшамоқда, давлат етарли даражада кучли, илм-фан ва санъат асрлари ва ҳк. яратилмоқда. Хитойнинг ҳозирги тарихига мана шундай қараш менга яқин ва унга қўшиламан.
Бир умумлаштиришга ижозат берсангиз. Фикрларингиз жуда қизиқарли бўлди, у ҳатто Хитойга қизиқадиган, сўнгги ўн йилликдаги замонавий Хитойнинг ички сиёсий жараёнларига қизиқадиган кишилар учун лекцияга ҳам ўхшаб кетди. Мен гапларингизни эшитиб ўтириб, ўзим учун чиқарган хулоса шу бўлдики, Хитой жиддий ва узоқ вақтга жадал ёпилиб бормоқда. Бугун гапириб ўтганимиздек, замонавий Хитойни жуда кам тушунамиз. Сиз келтириб ўтган далилда айтилганидек, яқинда бўладиган қурултой чоғида ким сиёсий бюрода, ким доимий қўмитада қайси лавозимга эга бўлишини олдиндан аниқлай ва башорат қила олмаслигимиз Хитой тобора ёпиқ ва олдиндан бирор нарса деб бўлмайдиган мамлакатга айланиб бораётганин кўрсатади. Эҳтимол айтилган фикрлар бизни, Хитой бўйича мутахассисларни ва умуман бутун дунёни замонавий Хитойни жиддий, тизимли тарзда ва ҳар томонлама ўрганишга рағбатлантирар. Менинг кузатишларим – шу. Агар яна бирор нарса қўшимча қилмоқчи бўлсангиз, марҳамат.
Ҳа, мен умуман Хитойнинг ёпиқлиги ва қаёққа қараб кетаётгани ҳақидаги хулосаларга қўшиламан. Шу билан бирга, қайд этмоқчиманки, бугун биз тилга олган миллий сиёсат, демография, Хитой айни пайтда ривожланишинг чўққисида экани, аста-чекин сўниб бораётгани ҳақидаги тамойиллар жуда узоқ вақтни: йилларга, ўн йилликларга чўзилувчи тамойиллар эканини тушунишимиз зарур, яъни қандайдир тез ўзгаришларни кутишимиз ҳам, башорат қилишимиз ҳам керак эмас. Бундан кейин ҳам олдинги ўн йилликлар вақтида шаклланган кўп нарсалар кун тартибида қолаверади. Биз Хитой сиёсатида юз бераётган қандайдир эпизодни, Пекин режими ҳозироқ қулаб тушади ва у ерда фуқаролар уруши бошланади, деб қабул қилмаслигимиз лозим. Йўқ, бунақа бўлмаслиги керак. Бошқа тарафдан, биз ҳар доим ушбу узоқ муддатли тамойилларни миямизда сақлашимиз ва Хитой ҳақидаги қарашимиз ва тасаввуримизни аста-секин ўзгартириб боришимиз, Хитой ҳақидаги тушунчамизни ўзгартиришимиз керак. Бунинг учун уни доимо кузатиб туришимиз ва уни яхшироқ тушуниб олишимиз зарур.
Катта раҳмат! Гапингизга тўлиқ қўшиламан.