Муаллиф: Рустами Суҳроб
Россиянинг Марказий Осиё ва атрофидаги ҳудудларга таъсири нима бўлади? Москва бу ердаги таъсирини ушлаб қола оладими ва бу маконни жиддий ўзгаришлар кутяптими? Саволларимизга россиялик экспертлар Фёдор Лукянов ва Станислав Притчин жавоб беради.
Фёдор Александрович, сиз “Россия в глобалной политике” журнали бош муҳарририсиз. Украинадаги ҳозирги вазият мураккаблигини ҳисобга олиб, бир савол пайдо бўлади: Россия глобал сиёсатда иштирок этяптими ёки бундан четдан қолиб кетдими?
Федор Лукянов (Ф. Л.) – Россиядай улкан мамлакат ўзи жуда истаган тақдирда ҳам четда қолиб кета олмайди. Унинг ресурс, логистика ва жуғрофий-сиёсий потенциали жуда катта. Ҳатто Россия ҳеч нарса қилмаган тақдирда ҳам мавжудлигининг ўзиёқ дунёдаги вазиятга таъсир кўрсатувчи муҳим омиллигича қолаверади. Лекин ҳар қандай ҳаракат ҳақида гапирадиган бўлсак, у бутун дунёда акс-садо беради. Глобал сиёсат ўзгараётгани эса – бошқа масала. У бугун бир неча йил олдингисидан бутунлай фарқ қилади. Пандемия, энди эса Европа шарқидаги уруш глобаллашувга оид олдинги тушунчаларни эскиртириб қўйди. Бундан буён янги манзара қандай бўлишини ҳозирча билмаймиз. Кучлар жойлашуви албатта ўзгаради. Аммо Россия ҳеч қаёққа ғойиб бўлмайди.
Станислав, сиз Марказий Осиёни қандай тушунасиз? Унга қандай мамлакатлар киради ёки кириши керак? Афғонистонни ҳам Марказий Осиёнинг бир бўлаги деб ҳисоблаш мумкинми?
Станислав Притчин (С. П.) – Россия ташқи сиёсатида Марказий Осиё деганда совет географиясидаги Ўрта Осиё ва Қозоғистондан иборат 5 та мамлакат: Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон ва Ўзбекистон тушунилади. Америкача ёндашувлардан фарқли ўлароқ, Афғонистон Марказий Осиёга кирмайди, шунинг учун у зеҳният (менталитет), макон билан қадриятлар нуқтаи назаридан бутунлай бошқа ҳудуддир. Нима бўлганда ҳам, Афғонистон – ёндош ҳудуд, унга жуғрофия, иқтисодий лойиҳалар ва хавфсизликни таъминлаш нуқтаи назаридан доктрина даражасида ва амалдаги ташқи сиёсат даражасида шундай нисбат берилади.
2013 йилда Алексей Малашенко бир мақоласида шундай деб ёзган эди: “Москванинг муаммоси шундаки, у Марказий Осиё мамлакатлари ички сиёсий вазиятига айтарли таъсир кўрсата олмайди (ёки деярли кўрсата олмайди)”. Кўплаб Ғарб экспертлари иддао қилишича, гўё Россиянинг Марказий Осиёга оид стратегияси йўқ ва Москва СССР парчаланиб кетиши билан минтақани “йўқотган”. Сиз нима деб ўйлайсиз?
Ф. Л. – Ташқи сиёсий вазиятга таъсир кўрсатишнинг кераги йўқ, бу – очиқдан-очиқ аралашув бўлади ва одатда ҳеч қандай яхшиликка олиб бормайди. Минтақанинг йўқотилишига келсак, “йўқотмасликлар”ни санасак, истисно тақиқасидаги ягона таъсирни сақлаб қолишни гапирсак, буни ҳозир ҳеч ким удда қила олмайди. Барча мамлакатлар сиёсат юритишда шароитга қараб иш тутиш учун маконни сақлаб қолишга интилмоқда, бундан Марказий Осиё ҳам мустасно эмас. Россиянинг дунёнинг ушбу қисмида барқарорлик ва хавфсизликни сақлаб қолиш билан боғлиқ манфаати бор. Уни мураккаб тарзда омухта қилинган стратегия асосида амалга ошириш зарур, у икки томонлама ва минтақавий жиҳатлар, иқтисодий ҳамда ижтимоий ва сиёсий чораларни бир-бирига қўшади. Тайёр турган рецептлар йўқ, боз устига, ташқи контур жадал ўзгариб бормоқда. Эҳтимол Россиянинг страгетияси йўқдир, лекин унинг тактикаси жуда фаол.
С. П. – Мен бундай иддаога қўшилмайман. Ички сиёсий таъсир нуқтаи назаридан қарасак, биринчидан, Россиянинг олдида бундай вазифа тургани йўқ. Аксинча, Москва ҳар доим Марказий Осиё мамлакатларининг расмий ҳокимиятини қўллаб ва у билан ҳамкорлик қилиб келади. Бу – Россия ташқи сиёсатининг устувор жиҳати, у Марказий Осиё мамлакатлари эгаменлигини ҳурмат қилишга асосланади. Иккинчидан, агар Россия шу ишни қилишни истаганда, фикримча, таъсир қилиш имкониятига эга бўлган бўлур эди. Масалан, 2010 йилда Қирғизистонда содир бўлган инқилоб қисман Бакиев оиласи жуда кўп нарсасини ўз ҳокимиятига бўйсундиргани, мамлакат ичидаги назоратни қўлга олгани сабабли содир бўлди, яъни норозиликнинг ижтимоий ва сиёсий асосий мавжуд эди, аммо, биринчидан, Россиянинг Қирғизистон учун ёнилғи-мойлаш материалларига оид имтиёзларни бекор қилгани (экин экиш вақтида бу жуда нозик масалага айланади), сўнгра Россия телеканалларида Бакиев тўғридан-тўғри танқид қилингани унга туртки бериб юборди. Сиёсатчига асосий эътироз Россия масаласида олган мажбуриятларини бажармагани бўлган эди. Оқибатда у Россия тимсолида ишончли шерик ва барқарорлаштирувчи кучни йўқотди, сиёсий ва иқтисодий кўмакдан айрилгандан сўнг ҳокимиятига мамлакат ичида туғилаётган муаммоларга қарши тура олмади.
Бошқа барча жиҳатлар бўйича, масалан, Ўзбекистон, Қирғизистон ва Тожикистон учун меҳнат мигрантлари масаласи жиддий муаммоларни келтириб чиқариши мумкин. Россиянинг босим ўтказиш учун пишанглари кўп, аммо онгли равишда улардан фойдаланмайди. Агар ички сиёсий жараёнларга аралашиб, бир сиёсий партиядан бошқаларига қарши фойдаланиладиган бўлса, бу мамлакатларнинг сиёсий ҳаётидаги можароларни ва дудмолликни англатади. Шунга кўра, беқарорлик ортиб кетишини билдиради, бу эса Россияга керак эмас. Ҳар қандай танг ҳолат Россияга борадиган мигрантлар сони ортишига сабаб бўлиб келди.
Россиянинг Марказий Осиёдаги миссияси нимадан иборат?
Ф. Л. – Мен Россиянинг Марказий Осиёда миссияси бор деб ўйламайман. Россия зиммасида Марказий Осиё ўз хавфсизлигига таҳдид туғдирмайдиган минтақа бўлиши, янги шароитда эса иқтисодий ҳамкорлик, муқобил алоқаларни йўлга қўйиш минтақаси бўлишини таъминлаш вазифаси бор. Мен Марказий Осиёга нисбатан бундай масиҳчиликни (мессианство) кузатаётганим йўқ.
С. П. – Россия Марказий Осиёни ўзаро боғлиқлик ва бир-бирисиз заифлик даражаси юқори экани кузатилаётган муҳим минтақа сифатида қабул қилмоқда. Шунинг учун ушбу жуғрофий-сиёсий йўналишда хавфсизликни таъминлаш масаласи, хатарлар ва муаммоларни камайтириш ташқи сиёсатнинг муҳим вазифаси бўлиб қолаверади. Агар Россиянинг доктриналар билан боғлиқ барча ҳужжатларини бир жойга йиғсак, Марказий Осиёдаги барқарорлаштириш миссиясига ёрдам берадиган барча нарсаларга кўмаклашиш, деган нарса қолади. Бундан мамлакатлардаги аҳвол барқарор бўлиши учун нима қилиш керак, деган савол келиб чиқади. Ижтимой ва иқтисодий барқарорлик, идеал ҳолатда эса мамлакатлар тараққиётига имкон қадар кўмаклашиш зарур. Иккинчи ўринда эса иқтисодиёт, энергетика туради, лекин хавфсизлик билан солиштирганда, уларнинг даражаси пастроқ.
Агар Россиянинг муносабатлари энг ёмон бўлган мамлакатлар мавжуд постсовет маконига қарасангиз, ўша давлатлар ўзининг асосий ташқи ҳамкорлик вектори сифатида Евроатлантика йўналишини онгли равишда танлаганини кўрасиз. Дастлаб Грузия шу йўлни танлади, оқибати нима бўлганини кўрдингиз, ҳозир эса Украина шу йўлдан кетяпти. Камида кўп векторли сиёсат юргизаётган бошқа барча мамлакатлар билан Россия бутунлай бошқа прагматик ва яхши қўшничилик муносабатлари ўрнатиб келмоқда.
Россия “Толибон” элчисига расман аккредитация берди. Нега шу пайтгача “Толибон” РФда тақиқланган ташкилотлигича қолмоқда?
Ф. Л. – Бунинг маъноси шуки, Толиблар Афғонистондаги ҳақиқий ҳокимиятдир. Бу – кундай равшан ва эътироз билдириш бефойда. Афғонистон муҳим жуғрофий-сиёсий жойлашувга эга, мамлакатни бошқараётганлар билан алоқа ва ҳамкорлик керак. “Толибон” ҳаракатининг Россияда тақиқлангани у БМТнинг террорчилик ташкилотлари рўйхатига киргани билан боғлиқ, буни БМТ даражасидаги муроса йўли билан бекор қилса бўлади. Ғарб бу масалага қаршилик кўрсатаётгани сабабли “Толибон” айни рўйхатдан чиқарилмасдан қолмоқда. Аммо толиблар билан ҳамма, жумладан, Қўшма Штатлар ҳам алоқа қилиб турибди.
С. П. – Биринчидан, бу ўринда икки ёқлама ёндашув бор, узоқ йиллардан бери биринчи марта Россияда Афғонистондаги йўналишнинг 2 та йўли бўйича шундай сиёсат шаклланган бўлса, ажаб эмас. Агар вазият салбий тарзда ривожланадиган бўлса, Тожикистон ва Ўзбекистон билан ҳамкорлик қилишдай масаланинг ҳарбий жиҳати ҳам бор. Бошқа жиҳат – дипломатия, яъни Россия “Толибон” ҳаракати ҳокимиятга келишидан олдин ҳам Афғонистон ҳукумати билан алоқа ва мулоқот қилиб келаётган эди, бу ҳатто у ерда америкаликлар бўлган пайт ҳам муносабатларни ушлаб туриш воситаси бўлган. У (“Толибон” ҳаракати) кўзга кўринарли ички сиёсий куч бўлган, энди у етакчи кучга айланди, бутун мамлакатни назорат қилмоқда ва унинг муқобили йўқ. Мамлакатда ҳеч ким “Толибон”дан мамлакатни тортиб ола билмайди. Бироқ ушбу ҳаракат бундан кейин қандай муносабатлар ўрнатиши тушунарсиз бўлган ҳолатда фақат мана шундай мослашувчан ёндашув қолмоқда. Бир тарафдан, Россия улар билан мулоқот қилмоқда, дипломатини тан олмоқда, унга аккредитация бермоқда – бу расмий алоқа канали ўрнатиш имконияти, лекин шу билан бирга, Россия “Толибон”ни тан олмаслик ҳуқуқини сақлаб қолмоқда, чунки биз уларнинг ким ёки нима эканини тўлиқ билмаймиз. Фикримча, Россиянинг бундай мавқеи – прагматик.
Нима деб ўйлайсиз, Марказий Осиё минтақасида Хитой РФнинг шеригими ёки рақибими? Сиз, РФ Марказий Осиёда “ҳукмронлик” борасида ХХРга ютқазди, деган фикрга қўшиласизми?
Ф.Л. – Улар иккаласи шерик ҳам, қайсидир даражада рақиб ҳамдир, лекин мен бундай рақобатни бўрттирмоқчи эмасман. Хавфсизлик масаласида Россиянинг, иқтисодиёт соҳасида Хитойнинг устунлиги бор. Ҳукмронлик курашида ҳеч ким ғолиб ёки мағлуб бўлгани йўқ, ҳар қандай улкан мамлакатнинг қўшни давлатларга бўлганидек турли даражадаги таъсири бор. Ҳеч ким ҳеч кимнинг устидан ҳукмрон эмаслиги табиий.
С. П. – Агар глобал нуқтаи назардан қаралса, Россия билан Хитой Марказий Осиёда иттифоқчилардир, Хитой Россияга тўғридан-тўғри қарама-қарши бораётгани йўқ. Хитой ўз кун тартибида турган ишларни қилмоқда, ўз бизнесини олға суриш ва “Бир макон – бир йўл” ташаббусини амалга ошириш устида ишламоқда. Бунга глобал маънода қарайдиган, Хитой амалга ошираётган барча лойиҳаларни ҳисобга оладиган бўлсак, хитойликлар ҳеч ким ишламаётган ёки Россия инвесторлари ва компаниялари жойлашиши мумкин бўлган маконни эгалламоқда. Шу маънода биз бу ҳолатни рақобат деб ҳисоблашимиз мумкин. Лекин на Россия ва на Хитой ораларида Марказий Осиё жанг майдони бўлишидан манфаатдор эмас, чунки уларга учинчи “шерик” – Ғарбнинг ушбу минтақадаги ҳозирлиги етиб ортади. АҚШ билан Туркия бу ерда анча фаол, лекин улар айни пайтда минтақанинг хавфсизлиги учун ҳеч қандай масъулиятини зиммасига олаётгани йўқ. “Ҳукмронлик”ка келсак, ўтган йил натижалари бўйича Россия Хитойни қувиб ўтиб, Ўзбекистоннинг биринчи савдо шеригига айланди, Россия Қозоғистоннинг ҳам энг йирик савдо шериги саналади. Марказий Осиё мамлакатлари мувозанат сақламоқда, қандайдир ташқи давлат бу ерда устунлиқ қилмоқда ва минтақа мамлакатларининг кун тартибини белгилаб бермоқда, деб айтиш мумкин эмас. Агар Россия амалга оширган бирлашмалар: КХШТ, ЕОИИ, икки томонлама муносабатларга қарайдиган бўлсак, назаримда, Москва барибир Марказий Осиё мамлакатларида етакчи ва уларнинг асосий шериги эканини кўрамиз.
Сиз ЕОИИни барбод бўлишга маҳкум қоғоздаги иттифоқ деб ҳисобламайсизми? Россия бу иттифоқдан нимани истамоқда?
Ф. Л. – Йўқ, умуман, унақа деб ўйламайман. Бутун дунё минтақавий ва макроминтақавий принципга кўра жадал бўлиниб бораётган шароитда давлатларнинг жуғрофий ва тарихий жиҳатдан, хавфсизлик масалалари ва иқтисодий имкониятлар билан боғлиқ тарзда бирлашуви ўта табиий ва зарур. Ҳозирги кунда қоғоздаги иттифоқларнинг кераги йўқ, ҳақиқий ва максимал тарзда шароитга мослашувчан иттифоқлар керак. Буни ҳамма тушуна бошлади ва мен, маҳсулдор ҳамкорлик йўналишида қандайдир силжиш бўлади, деб ҳисоблайман.
С. П. – Мен ЕОИИ “қоғоздаги иттифоқ” экани ҳақидаги гапга умуман қўшилмайман, чунки у – ўз олдида турган мақсадларга эришиш йўлида ишлаб турган ташкилот. ЕОИИ – одамлар, товарлар, ҳизматлар ва воситалар ҳаракатланиши учун ягона макон. Дейлик, бирор мамлакатнинг ЕОИИдан чиқишини кузатадиган бўлсак, бу ўша мамлакат учун не қадар фалокатли оқибатларга сабаб бўлишини кўрасиз, чунки ягона божхона макони ишга туширилиши очилиши вақтида жуда улкан самара берган эди. Дастлабки 2 – 3 йилда савдо-сотиқ ўсиши зўр бўлди, чунки барча тўсиқлар олиб ташланган эди. Ҳа, бугунги кунга келиб, ўша имкониятлардан фойдаланиб бўлинди, энди янги ҳаракатлантирувчи кучлар керак, янги қўшма ишлаб чиқаришларни йўлга қўйиш зарур, ЕОИИ мамлакатлари раҳбарлари бу ҳақда тинмай гапиряпти, бунинг учун дастурлар ҳам бор. Ишлаб турган ягона макон нуқтаи назаридан, ЕОИИ – амалдаги тўлақонли иттифоқ, буни тан олмаслик ўз-ўзини алдаш, бор нарсага кўз юмишдан бошқа нарса эмас. Россиянинг ЕОИИдан кутаётгани – қўшнилар билан институционал ҳамкорлик имконияти. Барча мамлакатлар манфаатларидан келиб чиққан ҳолда барча қарорлар коллегиал тарзда қабул қилиниши учун институт бўлиши керак. Ким қандай тасаввур қилмасин, унда Россиянинг устунлиги йўқ. Россия учун бундай майдон бўлиши муҳим. Марказий Осиёдаги қўшниларнинг иқтисодий соҳада тизимли тарзда ҳамкорликнинг умумий меърий-ҳуқуқий ҳадлари муҳокама қилинадиган бундай майдони йўқ. Шу нуқтаи назардан, бу – Россиянинг асосий лойиҳаси.
Ҳатто Қирғизистон ЕОИИга аъзо бўлганидан ютди, чунки ҚР ватандошлари ишлашга патент олиш учун пул тўламайди ҳамда улар Россияда тожикистонликлар ва ўзбекистонликлар билаш таққослаганда, имтиёзлироқ ҳолатдадир. Ойига 5000 рубл турадиган патент унчалик қиммат бўлмаслиги мумкин, лекин уни 12 ойга кўпайтиринг, бу бир кишидан 60 000 рубл олинади дегани, энди уни миллион кишига кўпайтиринг, бутунлай бошқа йиғинди пайдо бўлади – 6 миллиард рубл пул дегани бу. Демак, Тожикистон шунча миқдорда фойда олмаяпти.
Тожикистон Республикаси – Марказий Осиёдаги афғон толибларининг янги ҳокимиятини тан олмаётган ягона мамлакат. ТР раҳбариятининг ушбу мавқеини қандай тавсифлайсиз?
С. П. – Назаримда, бу – мутлақо прагматик ёндашув эмас. Мен ТРнинг бундай мавқеи нимага таянишини тушунаман, бу – сафарбар этувчи омил, бу – ташқи таҳдидни ўйлаб топиш, бунақа пайтда республика жамиятининг ҳокимият атрофида жипслашиши имконини беради. Аммо прагматик нуқтаи назаридан, гарчи тан олмаган бўлса ҳам, Тожикистон толибларга электр қувватини узатиб турибди. Ҳамма қачондир ўзаро келишишга тўғри келишини тушуниб турибди. Ҳозир Тожикистон ўзини “Толибон” ҳаракати билан ҳеч қандай ҳамкорлик қилмайдигандай кўрсатишга уринмоқда, лекин Афғонистон билан дара ва тоғлар орқали ўтадиган 1300 километрлик чегара бўлгандан кейин ҳамкорлик қилмасликнинг иложи ҳам йўқ, Агар “Толибон” ҳужум қилишга қарор берадиган бўлса, бунақа узун чегарани ҳимоя қилиб бўлмайди. Эртадир, индиндир, бундай ярим чоралар билан бўлса-да, барибир мулоқот бўлади, ҳамкорлик бўлади. Ҳозирча Душанбе учун мана шундай мавқе қулай. Тожикистоннинг Афғонистонда инклюзив ҳукумат тузишга оид мавқеига келсак, уни амалга ошириш ўта мушкул. “Толибон” ҳаракати фақат Тожикистон билан расмий муносабатлар ўрнатиш учун ўз мамлакатидаги тожик уруғ-аймоқлари бошлиқларини ҳукумат таркибига киритмайди. “Толибон” мамлакат ичида қарорлар қабул қилишга мўлжалланган қаттиқ иерархияга (мартабалар силсиласи) эга қатъий вертикал ташкилотдир. Шунинг учун толиблар АҚШ босими остида ҳам ҳеч иш қилмади ва Афғонистонда уларга қарши охиригача кураш олиб борди. Энди улар Тожикистоннинг ўз ҳукумати таркибига тожикларни киритиш ҳақидаги талабига розилик беришини кутиш гўлликдан бошқа нарса эмас. Бу ерда худди Россия ёндашуви сингари бир нарсани гапириб туриб, барибир мулоқот қилишга, ҳамкорлик нуқталарини излашга мажбур бўламиз, чунки айни пайтда “Толибон” ҳаракатини ҳеч ким тан олаётгани йўқ. Назаримда, Тожикистоннинг вазифаси, бир тарафдан, жўн, бошқа тарафдан эса, тўлиқ прагматикдир – улар Афғонистондаги камсонли тожик этник гуруҳи манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилган. ТР раҳбарияти тилга олаётган Афғонистонда 45 фоиз тожиклар яшашига келсак, бу унчалик ҳақиқат бўлиб кўринмайди. Афғонистонда ҳеч қачон аҳолини рўйхатга олиш ўтказилмаган, шу сабабли 45 фоиз – тахминий баҳо. Бугун Афғонистоннинг ҳақиқий аҳолиси сони қанча эканини ҳеч ким айта олмайди. Афғонистон ҳар доим марказида пуштунлар турган давлат бўлгани учун у ерда пуштунлар сони тожиклар сонидан кўп бўлиши аниқ, тожикларнинг 45 фоиз экани – бўрттирилган рақам.
Энди Қозоғистонда январ ойида юз берган воқеалар ҳақида гаплашсак. КХШТ норозиликларни бостириш учун қўшинларини Қозоғистонга “киритди”. Бу, сизнингча, Варшава шартномаси ташкилоти (ВШТ) қўшинларини 1968 йилда Чехословакияга киритганига ўхшаб кетмайдими?
Ф. Л. – Қандай ўхшашлик бўлиши мумкин? Биринчидан, КХШТ норозилик намойишини бостиришда иштирок этгани йўқ, бўлинмалар етиб келди, “байроқ” кўрсатди ва бу вазиятни барқарорлаштиришга ёрдам берди ва улар деярли шу заҳоти Қозоғистондан чиқиб кетди. Иккинчидан, КХШТга ёрдам сўраб, бунга тўла асоси бор мамлакатнинг қонуний ҳокимияти мурожаат қилди, шунинг учун ташқи аралашув ҳақида гапиришга ҳеч қандай сабаб йўқ.
С.П. – Булар – бир-бирига мутлақо ўхшамайдиган ҳолатлар. Чехословакия ВШТнинг аъзоси эди, у ерда давлат тўнтариши юз берди ва чехлар СССР билан жуда яқин шерик бўлишни истамади. Бу ердаги норозилик табиати ҳам, ҳокимият ҳаракатлари мантиғи ҳам бошқача бўлди, расман сайланган президентнинг расмий сўров юборди. Бу сўровни юборишни, қўшин киритишни талаб қилган куч россияпараст мухолифат эмас эди. Воқеалар мантиғи нуқтаи назаридан иккала воқеа умуман бир-бирига ўхшамайди. Сўровни расмий президент юборди. Ўша пайтда мамлакатдаги вазият ўта танг бўлиб, у қайсидир тарзда бошқарилиши керак эди, аммо ўша пайт Қозоғистонда бу инқирозли вазиятни изга солиш учун русурслар бўлмаган, шунинг учун КХШТ бўйича иттифоқчиларга сўров юборилди.
У ҳолда расмий сўров бўлса, КХШТ шартнома иштирокчиси бўлган мамлакатларнинг ички ишларига аралашиши мумкин экан-да?
С.П. – Йўқ, бу – мутлақо нотўғри. Сўров йўлланган 2022 йилнинг 6 январ кечаси ташқаридан фитна сабаб юзага келган амалиёт ва уни ким мувофиқлаштираётгани тушунарсиз эди, чунки маъмурий бинолар, куч ишлатар тизимлар, қурол-яроғ сақланадиган хоналар, Миллий хавфсизлик қўмитаси (МХҚ) бошқармалари аниқ мақсадга қаратилган тарзда эгаллаб олина бошлаган, яъни бу аниқ мақсадга қаратилган қўпорувчилик ва террорчилик ҳужумидай таассурот қолдираётган эди. Фақат кейинчалик бунда элитадан кимларнингдир қўли борлиги ойдинлаша борди, лекин ўша пайтда бу мутлақо тушунарсиз бўлган. Мамлакатнинг энг йирик шаҳри, ҳокимият назоратидан чиқиб кетган Алматида инқирозли вазият юзага келган, яна бошқа 7 та шаҳарда маъмурий биноларни эгаллаб олишга оммавий уринишлар бўлган ҳолатда мамлакат раҳбариятининг тартиб ўрнатиш учун ресурси йўқ эди, шунинг учун КХШТга сўров юборилди. Бу – мисли кўрилмаган ҳолат ва КХШТ энди ички сиёсий сўйилга айланишини англатмайди. Ўша воқеадан сўнг мамалкатда ҳужжатлар қайта кўриб чиқилганини кўрмадик. Ҳар бир алоҳида ҳолатга қараб қарор қабул қилинади. Ўшда юз берган воқеалар бўйича тинчликпарвар кучларни юбориш бўйича қарор қабул қилинмаган эди, чунки бу барча иштирокчиларнинг муросали қарори бўлган ва Ўзбекистон ўша пайтда КХШТ таркибида бўлгани учун ҳар қандай ҳолатда бу қарорни блоклаши мумкин эди.
Федор Александрович, сизнинг 2021 йил 7 декабрда “Российская газета”да чоп қилинган мақолангиздан иқтибос келтираман: “Европа шарқий қисмида қанчалик эҳтирослар жўш урмасин, дунёнинг стратегик жиҳатдан чекка қисмига (периферия) айланиб қолмоқда. Осиё эса, аксинча, ўзи истаса ҳам, истамаса ҳам, саҳнанинг олдинги қисмига чиқмоқда”. Марказий Осиё ушбу сиёсий театрда қандай ўринни: “саҳнанинг олдинги қисми” ёки “узун тор йўлак”ни эгаллайди?
Ф.Л. – Евроосиёнинг 2 та асосий давлати – Хитой ва Россия билан бевосита қўшни, яна бир жуда муҳим учинчи мамлакат Ҳиндистон билан билвосита қўшни бўлган Марказий Осиё ҳеч қачон узун тор йўлак бўла олмайди. Минтақа вазиятга қараб, қисман олд саҳна, қисман эса партер қаторлари бўлади. Лекин ҳар қандай ҳолатда ҳам диққат марказида қолаверади.