Сурат манбаси: dubaixnews.com
Муаллиф: Шавкат Икромов – Яқин Шарқ давлатлари бўйича тадқиқотчи, Тошкент давлат шарқшунослик университетининг ўқитувчиси
Сўнгги йилларда Ўзбекистон Республикасининг ижобий имижини жаҳон миқёсида илгари суриш ва мустаҳкамлашга оид сиёсат шаклланмоқда. “Ўзбекистоннинг халқаро майдондаги ижобий имижини мустаҳкамлаш концепцияси тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори мазкур масала нечоғли аҳамиятли эканининг исботидир. Қарорда қайд этилишича, давлат ва жамоатчилик даражасида Ўзбекистоннинг халқаро имижини шакллантириш ва тарғиб қилишнинг яхлит тизими ишлаб чиқилиб, комплекс ва тизимли давлат сиёсати шакллантирилади. Ўзбекистоннинг халқаро майдондаги ижобий имижини мустаҳкамлаш сиёсатининг асосий вазифаларидан бири сифатида хорижий мамлакатларнинг давлат ва нодавлат тузилмалари, халқаро ташкилотлар ҳамда молия институтлари томонидан Ўзбекистоннинг изчил ривожланаётган, замонавий демократик ҳуқуқий давлат сифатида яхлит ва ижобий қабул қилинишини кучайтириш белгиланган. Шунга кўра, хорижий нодавлат тузилмаларда Ўзбекистон мавзусидаги материалларни кузатиш ва улардаги талқинларни таҳлил қилиш муҳим аҳамиятга эгадир.
Мазкур мақолада ХХI асрга келиб, жаҳон сиёсати, иқтисоди ва хавфсизлик тизимларига таъсир кўрсатиш даражасида ривожланган Think tank – таҳлил марказларида Ўзбекистон мавзусидаги материалларнинг тавсифи кўриб чиқилади. Тадқиқот обеъкти сифатида Араб давлатларидаги таҳлил марказлари танланган.
Think tank – таҳлил марказлари тушунчаси
Дастлаб таҳлил марказлари тушунчасига бироз тўхталиб ўтамиз. Think tank – таҳлил марказлари, сиёсий муаммоларга жавоб топиш учун фанлараро ёндашув асосидаги тадқиқотларни ташкил қилувчи турли хил институтлар, корпорациялар ёки алоҳида гуруҳлардир. Таҳлилий марказлар амалий сиёсий жараёнлар ва фан ўртасидаги боғловчи вазифасини бажаради. АҚШ ва Европа мамлакатларидаги таҳлил марказлари тайёрлаган дастурлар шу қадар кенг қамровлики, улар жаҳоннинг геосиёсий манзараларига таъсир эта олиш даражасидаги қудратга эга. Таҳлил марказларининг доимий “мижозлари” ҳукумат, нодавлат ташкилотлар ва алоҳида шахслар бўлиши мумкин. Марказлар фаолиятини молиялаштирувчи ва “илҳомлантирувчи”лар ҳам ҳукумат, нодавлат ташкилотлар ва алоҳида шахслардир. Таҳлил марказлари фаолиятининг натижаси бўлмиш ахборот ва таҳлилий материаллар эксперт баҳолови, яъни, таҳлилий билим, жараёнларга нисбатан профессионал қараш, муаммоларни чуқур илмий таҳлил қилиши билан ажралиб туради. Одатда, таҳлил марказларида кучли интеллектуаллардан иборат ресурс шакллантирилади ва улар сиёсат ҳамда сиёсий билимларни бирлаштирган ҳолда сиёсий жараёнларга таъсир эта олиш, стратегик муаммоларни ҳал қилиш ҳамда уларни бошқариб боришга қаратилган материалларни шакллантиради. Ўтган асрдан бошлаб фаоллик билан ривожланган бу турдаги институтлар бугунги кунга келиб, халқаро муносабатларнинг актори мақомига кўтарилди.
Нега айнан араб таҳлил марказлари?
Дунё кенг ва у фақат Россия, Хитой ҳамда Америкадан иборат эмас. Шунингдек, тан олиш керакки, ўтмишда бўлганидек, ҳозир Араб давлатлари жаҳон манзараларига мустақил равишда катта ўзгаришлар кирита олиш имкониятига эга эмас. Бир замонлар жаҳон пойтахти гоҳ Дамашқ, гоҳ Боғдод бўлган бўлса, ҳозир бу ерлар охири кўринмас ихтилофлар, Яқин Шарқ минтақасининг бойликларига эга чиқиш учун курашаётган халқаро кучларнинг беллашув майдонига айланиб қолган. Бироқ, шу ғавғолар ичида ҳам Араб давлатларининг иқтисодий ва геосиёсий имкониятларини кучсиз деб баҳолаб бўлмайди. Мисол учун, Мисрнинг стратегик қулай жойлашуви, юқори даражадаги ҳарбий ва интеллектуал салоҳияти ёки Саудия Арабистонининг жаҳонда иккинчи ўринда турувчи улкан нефть захиралари ҳақида кўп айтилган, ёзилган. Агар гап араб таҳлил марказлари ҳақида борса, улар орасида бу борада ҳам етакчилар борлигини эътироф этиш лозим. Масалан, жаҳон таҳлил марказларининг 2020 йил учун тузилган рейтингида кучли юзталикка Араб давлатларидан Саудия Арабистони, Миср, Эфиопия ва арабларнинг қўшниси бўлмиш Исроилнинг бир қанча таҳлил марказлари киради. Ҳозирги даврда Яқин Шарқ ва Шимолий Африка ҳудудидаги таҳлил марказлари жадал ривожланмоқда. Пенсильвания Университетининг жаҳон таҳлил марказларининг 2020 йилги фаолиятига оид ҳисоботига кўра, Яқин Шарқ ва Шимолий Африка минтақасида таҳлил марказларининг умумий сони 1294 тани ташкил қилади. Таҳлил марказлари сонига кўра, минтақада Эрон, Исроил, Туркия, Миср, Ироқ ва Ливан давлатлари етакчилик қилади. Уларнинг халқаро эътироф этилиши бўйича кўрсаткич ва таъсир даражасига кўра эса Миср, Туркия, Исроил ҳамда Қатардаги марказлар етакчидир.
Араб давлатларидаги таҳлил марказларининг материаллари жаҳон тилларидан учтасида – араб, инглиз ва француз тилларида тайёрланади. Ҳозирги кунда араб тили 310 миллион аҳолининг она тили эканлиги ҳамда 270 миллион аҳолининг иккинчи тили эканлигини ҳисобга олсак, бу марказлар материалларининг қамрови нечоғли кенг эканини тушуниб олишимиз мумкин. Вашингтон институти қошидаги Яқин Шарқ сиёсати бўйича тадқиқотлар олиб борувчи марказнинг кузатувларига кўра, Араб давлатларидаги таҳлил марказлари молиявий жиҳатдан мустақил бўлмаса-да, улар ўзини автоном ва мустақил фикрловчи нодавлат ташкилот сифатида намоён этади. Улар йиллар давомида сиёсий элита қабул қиладиган қарорлар борасида ўзгаришларга эришган, уларни сиёсий жараёнларни англашда мафкура ва ахлоқ меъёрларини бирламчи омил сифатида кўрмасликка ўргата олган, бунинг ўрнига сиёсатни муайян харажатлар ва фойдалар билан боғлиқ вариантлар нуқтаи назаридан баҳолашга чақирган. Қисқача айтганда, бугун Араб давлатларининг сиёсий ҳамда иқтисодий элитаси стратегик қарорлар қабул қилишда таҳлил марказлари хулосаларини ҳисобга олади, улар билан энг муҳим масалаларда маслаҳатлашади.
Ўзбекистон – Араб таҳлил марказлари нигоҳида
XX асрнинг 90-йилларидан Ўзбекистон Араб дунёси билан ишончли ва дўстона муносабатларни йўлга қўйишга муваффақ бўлди. Ўз навбатида, Араб давлатлари ҳам мамлакатимизга истиқболли инвестиция бозори, ислом маданиятининг вориси сифатида катта қизиқиш билдирмоқда. Мазкур қизиқиш натижаси сифатида Араб давлатлари илмий-тадқиқот муассасалари ва медиа-маконида Ўзбекистон мавзуси турли кўриниш ва шакл-шамойилда зоҳир бўлди. Эълон қилинган материаллар, хусусан, илмий адабиётлар, илмий оммабоп мақола ва хабарларнинг йиллар ҳамда мамлакатлар кесимидаги таҳлили шуни кўрсатадики, уларда мазмун жиҳатидан айрим умумийликлар кузатилса-да, жанр жиҳатидан фарқлар мавжуд. Хусусан, оддий хабар, мақола, суҳбатдан тортиб, чуқур илмий таҳлилий монография ва диссертацияларгача бор. Кузатувлар яна шуни кўрсатмоқдаки, Миср, БАА, Саудия Арабистони ва Уммон каби давлатларнинг илмий-тадқиқот муассасалари ва оммавий ахборот воситаларида Ўзбекистон мавзусига тез-тез мурожаат қилинса, Тунис, Жазоир, Иордания, Марокаш сингари давлатлар матбуоти ҳамда илмий доираларида бундай чиқишлар кўп эмас. Умуман олганда, Араб давлатларида Ўзбекистон мавзусидаги тадқиқотлар ва йирик таҳлилий материаллар катта контентни ташкил қилмайди. Уларнинг аксариятида “Ўзбекистон” калит сўзи Ғарб ва Россия, Эрон ва Туркия, Саудия Арабистони ва Эрон, Исроил ва Араб давлатлари ўртасидаги сиёсий иқтисодий ҳамда минтақавий рақобат билан боғлиқ муаммолар ёритилган тадқиқотларда учрайди. Шунингдек, Афғонистондаги вазият, диний радикал гуруҳлар фаолияти, наркотик моддаларнинг ноқонуний айланиши, терроризм хавфига оид умумий мавзуларда ҳам мамлакатимиз номи тилга олинади. Шу ўринда айтиш жоизки, Араб давлатлари таҳлил марказларида Ўзбекистон имижи ҳали ҳукуматимиз истаётган даражага етгани йўқ.
Бевосита Араб давлатларининг таҳлил марказларидаги Ўзбекистон мавзусига келсак, бу мавзу билан боғлиқ материаллар 2000 йиллардан бошлаб Марказий Осиё контекстидаги тадқиқотлар доирасида учрайди. Дастлабки даврда тарихдаги буюк Мовароуннаҳрнинг вориси сифатида Марказий Осиё минтақаси яхлит бирлик сифатида қабул қилинган бўлса, тахминан сўнгги 5 йилликларда минтақа ўз яхлитлигини йўқотиб, ҳар бир давлат ўзига хос тарзда, ўз тараққиёт моделлари бўйича ва турли халқаро мақсадларни кўзлаган ҳолда ривожланаётгани тўғрисидаги қарашлар шаклланмоқда. Мисол учун, Араб давлатларида Марказий Осиёга оид биринчи тадқиқотларни олиб бориб, минтақадаги сиёсий жараёнларни баҳолаган Мисрнинг “Ал-Аҳрам” сиёсий ва стратегик тадқиқотлар маркази Марказий Осиё мавзусидаги жами 32 та таҳлилий мақоласидан 1 тасида, Қатарнинг “Ал-Жазира” сиёсий тадқиқотлар марказидаги мавзуга оид жами 19 та мақоланинг фақат 1 тасида Ўзбекистон мавзуси алоҳида тадқиқот объекти сифатида ўрганилган.
Қуйида “Ўрта Осиё” ва “Ўзбекистон” калит сўзлари билан қидирилганда топилувчи материалларни эълон қилаётган таҳлил марказлари шу мавзудаги материаллари сони ҳамда жаҳон таҳлил марказларининг 2020 йилда эълон қилинган рейтингидаги ўрни (Яқин Шарқ ва Шимолий Африка (MENA) минтақаси бўйича) кўрсатилган.
Араб таҳлил марказларида Ўзбекистоннинг имижи қай тарзда шаклланаётганлиги масаласини ўрганиш учун биз бир қанча таҳлил марказларининг материалларини таҳлил қилиб кўрдик. Шу ўринда айтиш лозимки, таҳлил марказларидаги Ўзбекистон мавзусининг хусусияти марказлар фаолият олиб бораётган ва моливий жиҳатдан боғлиқ бўлган давлатларнинг Ўзбекистонга нисбатан муносабатидан келиб чиқади. Шунингдек, жуда оз ўринларда бўлса-да, Ўзбекистон мавзуси умумий маънода бошқа бир тавсифда, хусусий маънода эса яна бошқа бир тавсифда зоҳир бўлаётганини кўришимиз мумкин.
“Ал-Жазира” сиёсий тадқиқотлар маркази 2009 йилдан буён Ўрта Осиё контекстида Ўзбекистон мавзусини ўрганади. Биз жами 19 та мақолани таҳлил қилдик.
“Ал-Жазира”да Ўзбекистон мавзусидаги тадқиқотларни уч гуруҳга бўлиш мумкин: сиёсий ислом, минтақавий хавфсизлик муаммолари, геосиёсий жараёнлар. Бу мавзулар доирасида “Ўзбекистон” калит сўзи қуйидаги жадвалда кўрсатилган калит сўзлар билан биргаликда келади.
“Ал-Жазира”да Ўзбекистон минтақанинг энг йирик давлати, етакчи куч сифатида талқин қилинади. Марказ экспертларининг фикрига кўра, Ўзбекистон этник низолар юзага келиши мумкин бўлган мамлакат, унда диний гуруҳлар фаолияти таъқиқлангани сабаб, улар мухолиф сифатида хорижда фаолият олиб боради ва ҳозир Афғонистон ва Яқин Шарқ ҳудудларида бўлиб, мамлакат хавфсизлигига таҳдид солмаслиги кафолатланмаган. Шунингдек, мамлакат мураккаб геосиёсий жараёнларга тортилган, у халқаро кучлар манфаатини ҳисобга олишга мажбур. 2010-2016 йиллардаги материаллар ўрганилганда Ўзбекистон ички муаммоларга бой, геосиёсий жараёнлар таъсирида қолаётган, хавфсизлик масалалари ҳал қилинмаган ёпиқ бир мамлакат сифатида таассурот қолдиради.
2018 ва 2020 йилларда эълон қилинган иккита материалда эса мамлакатдаги ислоҳотларни эътироф этиш ҳолати кўзга ташланади. Хусусан, 2020 йил “Янги Ўзбекистон” шиорларига қарамай, парламент эски амалиётни ҳимоя қилишни давом эттирмоқда” сарлавҳаси билан эълон қилинган катта таҳлилий мақолада марказ эксперти Заки Шайх сайлов тизимида кўзга ташлана бошлаган айрим ўзгаришлар, демократик эркинликлар ҳамда сиёсий ҳокимият учун кечаётган кучсиз рақобатни танқидий таҳлил қилган. Заки Шайх 2017 йилгача бўлган муаллифлардан фарқли ўлароқ, Ўзбекистон мавзусида “ислоҳотлар”, “демократия”, “эркин сайловлар”, “матбуот ва сўз эркинлиги”, “очиқлик сиёсати” каби тушунчаларни кенг қўллайди. Энг асосийси, у Ўзбекистон мавзусини Ўрта Осиё контекстидан ажратиб ўрганади. Унинг фикрига кўра, Ўзбекистондаги сиёсий партиялар давлат сиёсий ҳаётида катта аҳамият касб этмай келаётган эди, уларнинг фаолияти чекланган ва фақатгина амалдаги тизимни сақлаб туришдаги воситалардан бири сифатида аҳамиятли бўлган. Унинг асосини ташкил қилувчи сиёсий партиялар фаолияти эса бир сўз билан айтганда, демократик тамойилларга мос эмас эди. Бироқ, энди бу ҳолат ўзгаришлар сари юзланмоқда. Давлат сиёсий ҳаётининг барча жабҳаларида кузатилаётган ўзгаришлар сиёсий партиялар ва сайлов тизимида ҳам қисман акс этади. Президент Шавкат Мирзиёев янги парламентнинг мустақил институт сифатида шаклланиши ва том маънода демократик тажриба қарор топиши йўлида ишлашини таъминлашга интилмоқда. “Ал-Жазира” сиёсий тадқиқотлар маркази араб таҳлил марказлари учун феномен эмас, лекин у кўтараётган масалаларни қолган барча таҳлил марказларининг тадқиқот йўналишлари қаторида учратиш мумкин, жумладан, Ўзбекистон ва Марказий Осиё мавзуларини ҳам. Биз Марказий Осиё контекстида Ўзбекистон мавзусини таҳлил қилаётган яна бир қанча араб таҳлил марказлари материалларини мавзу хусусиятига кўра гуруҳлаштирдик.
Гуруҳлаштириб ўрганиш натижасида Ўрта Осиё, хусусан, Ўзбекистон ҳам Араб давлатларидаги таҳлил марказлари учун мураккаб геосиёсий жараёнларга тортилган, халқаро ва минтақавий кучларнинг рақобат майдони, радикал ислом гуруҳлари фаоллашиши мумкин бўлган минтақа сифатида таассурот қолдираётганлиги аниқланди. Хусусан, “Ал-Аҳрам” сиёсий ва стратегик тадқиқотлар марказининг 2021 йил январь ойида эълон қилган мақоласида марказ эксперти Аҳмад Комил Ал-Бухарий ИШИД Яқин Шарқда ўз мақсадларига эриша олмаганидан сўнг Марказий Осиёнинг айрим давлатларида фаолиятини кучайтиришга эътибор қаратмоқда, деб ёзади ва бу ҳолат бўйича ўз мулоҳазаларини билдиради. Унинг фикрича, минтақадаги аксарият мамлакатларда иш ва таълим имкониятларининг заифлигича қолаётганлиги, этник гуруҳлар ўртасида кескинлик мавжудлиги, аҳолининг катта қисми оғир турмуш шароитларида яшаб, иқтисодий ва ижтимоий муаммолардан азият чекаётганлиги ҳамда коррупция кенг ёйилганлиги, устига-устак, минтақада террористик ташкилотлар фаолияти азалдан борлиги каби омиллар шундай хулосага келишга ундайди.
Бирлашган Араб Амирликлари “Амирликлар сиёсат маркази”нинг мақолаларида ҳам “Ўзбекистон” калит сўзи Афғонистондаги вазият, янги Толибон ҳукумати, Эрон ва Туркия ташқи сиёсати ҳамда радикал ислом гуруҳлари мавзусидаги мақолалар доирасида таҳлил қилинади.
Қатарлик сиёсатшунос Иброҳим Ғарибанинг ёзишича, араб китобхонларига Марв, Самарқанд, Бухоро ва Тошкент сингари шаҳарларнинг номлари Ўзбекистон, Қозоғистон, Туркманистон, Тожикистон ва Қирғизистондан кўра кўпроқ нарсани англатади. “Араблар Ўзбекистон ҳақида кўп нарса билмас, эҳтимол, бироқ, бу заминда туғилиб-ўсган ва илм олган ал-Бухорий, ат-Термизий, ал-Хоразмий, ал-Фаробий ва Ибн Сино кабиларнинг номлари, уларнинг инсоният тарихидаги аҳамиятини яхши билишади”, деб ёзади муаллиф. Шундай экан, Ўзбекистоннинг Араб давлатларидаги имижи Ал-Бухорий авлодлари, тинчлик ва барқарор ривожланиш йўлини танлаган халқ сифатида шаклланишига эришиш лозим. Зотан, мамлакатимиз мураккаб геосиёсий жараёнларга тортилган давлат, радикал гуруҳларнинг эҳтимолий таҳдиди сингари хавотирли ва асосланмаган ахборотлар билан танилмаслиги керак.
Фойдаланилган манба ва адабиётлар
- Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегияси тўғрисидаги Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармони. 2017 йил 7 февраль, ПФ-4947-сон
- Ezzat, Ibrahim. Arab and american think tanks: new possibilities for cooperation? New engines for reform? The Saban center for Middle East policy at the Brookings institution. Washington, D.C. 2004 pp 34
- Stella, Ladi. https://www.britannica.com/topic/think-tank
- 1-30-2019 2020 Global Go To Think Tank Index Report. Pp. – 35.