Муаллиф: Шавкат Икромов – Яқин Шарқ давлатлари бўйича тадқиқотчи, Тошкент давлат шарқшунослик университетининг ўқитувчиси
Сўнгги беш йилликда Ўзбекистон Яқин ва Ўрта Шарқ давлатлари билан ишончли, дўстона муносабатларни йўлга қўйишга муваффақ бўлди. Натижада, макзур минтақа матбуотида мамлакатнинг буткул янги образи шаклланди. Минтақа медиа бозорининг энг фаол иштирокчилари бўлмиш Туркия, Эрон, Покистон сингари давлатлардаги етакчи нашрлар Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳот ва янгиланишлар ҳақида мунтазам ёза бошлади. Жорий йилнинг 24 октябрь куни бўлиб ўтган Ўзбекистон Республикаси Президентлигига сайловлар ҳам ушбу минтақа матбуотининг диққат марказида бўлди.
Мазкур мақолада Туркия, Эрон ва Покистон давлатларидаги газеталар саҳифаларида сайлов жараёнлари қай тарзда ёритилгани таҳлил қилинади.
Кузатувларимиз шуни кўрсатдики, Туркия матбуотида сайлов жараёнлари фаол ёритилди. Мамлакатдаги етакчи нашрларнинг ҳар бири, жумладан, Туркиянинг “Hürriyet”, “Milliyet”, “Sözcü”, “Sabah”, “Yeni Şafak” сингари мамлакат бўйлаб катта ададда тарқатилувчи 30 дан ортиқ газеталарида Ўзбекистондаги сайлов мавзуси тез-тез тилга олинди. Хусусан, Туркиядаги кундалик газеталар орасида энг нуфузлиси – “Hürriyet”да 5 та мақола эълон қилинганининг ўзиёқ, Туркия матбуотини Ўзбекистондаги сайлов жараёнлари нечоғли қизиқтирганини кўрсатиб турибди.
“Yeni Şafak” газетаси сайлов жараёнларини ёритиб бориш билан бирга Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотлар мазмун-моҳиятини шарҳловчи мақолада эълон қилди. Хусусан, газетанинг 10 сентябрь сонида сўнгги беш йил ичида Ш.Мирзиёев раҳбарлигида қўлга киритилган ютуқлар ва уларнинг натижалари борасидаги фикрлар баён қилинган. “Ўзбекистон, Марказий Осиёнинг юраги ва тақдири[1]” сарлавҳали мақолада мамлакатнинг минтақа ва умумтурк дунёсидаги ўзига хос ўрни алоҳида эътироф этилган. Мақола муаллифи – профессор Yücel Oğurlu 30 йилдан буён Марказий Осиё давлатлари, жумладан, Ўзбекистондаги жараёнларни диққат билан кузатиб келишини, сўнгги беш йил ичида мамлакатда жуда катта ўзгаришларга гувоҳ бўлаётганини таъкидлайди.
Муаллиф, “Ўзбекистонда 80-йиллардан буён рўй бераётган ўзгаришлар Мирзиёев даврида янги босқичга кўтарилди, у жаҳондаги мавжуд шарт-шароитларга мослашишга қаратилган бўлиб, глобал контекстдаги замонавий қарорлар қабул қилишга ҳаракат қилиняпти. Мен бир ҳуқуқшунос ўлароқ, Ўзбекистондаги ҳуқуқий ислоҳотларни кузатиб боряпман. Мамлакат бўйлаб “Ҳаракатлар стратегияси” деб номланган ривожланиш дастури босқичма-босқич амалга оширилмоқда. Мазкур дастурда мамлакатда қонун устуворлигини таъминлаш, суд-ҳуқуқ тизимини ислоҳ қилиш устувор йўналиш сифатида белгиланган”[2], деб ёзади муаллиф.
“Сайлов натижасида Шавкат Мирзиёевнинг 80,1 фоиз овоз олгани минтақани фақат газета ва телевидение хабарларидан биладиганлар кўнглида турли саволлар туғдирган бўлса-да, Ўзбекистондаги ўзгаришларни кузатувчилар учун бу ажабланарли эмас. Охирги беш йилда Мирзиёев бу тариқа қўллаб-қувватланишининг бир неча сабабларига эътиборингизни қаратмоқчиман”, дейди муаллиф ва Ш.Мирзиёв бошчилигида суд-ҳуқуқ, иқтисодиёт, хорижий сармояларни жалб қилиш ва сиёсий ҳамда ижтимоий соҳаларда амалга оширилган ислоҳотларни бирма-бир санаб ўтиб, уларга таъриф беради[3].
Профессор Yücel Oğurluнинг сайлов натижаларига бағишланган мақоласида жараён очиқ-ошкора ва халқаро мезонларга мос бўлганига урғу берилган: “Аввало шуни таъкидлаш керакки, барча қитъалардан халқаро кузатувчиларнинг таклиф этилиши сайловнинг демократик ва ошкора тарзда ўтказилишига бўлган қатъий ишончни олдиндан кўрсатди.”
Сайлов жараёнларини оммавий ахборот воситалари билан бирга Туркия ҳукумати ҳам катта қизиқиш билан кузатиб борди. Сайлов натижалари эълон қилиниши билан Ташқи ишлар вазирлиги Ўзбекистонда бўлиб ўтган Президент сайловига бағишланган баёнот билан чиқди. Мазкур баёнот бир қанча газеталарнинг бош саҳифаларида нашр этилди, хусусан, мамлакатдаги етакчи ахборот агентлиги – Posta “Биз чуқур алоқаларга эга бўлган Ўзбекистон барқарорлиги ва фаровонлигига катта аҳамият берамиз” сарлавҳаси остида Туркия ташқи ишлар вазирлиги баёнотини эълон қилган. Баёнотда “2021 йилнинг 24 октябрь куни бўлиб ўтган Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови тинчлик ва осойишталик муҳитида, сайловчиларнинг фаол иштирокида ўтганлигидан мамнунмиз. Биз тарихан чуқур илдизга эга бўлган Ўзбекистоннинг барқарорлиги ва фаровонлигига катта аҳамият берамиз. Президент сайлови натижалари дўст, қардош Ўзбекистон учун фойдали бўлишини тилаб қоламиз. Биз стратегик ҳамкоримиз – Ўзбекистон билан муносабатларимизни ҳар жабҳада, минтақавий хавфсизлик, барқарорлик ва фаровонликка ҳисса қўшадиган даражада яхшилаш борасидаги саъй-ҳаракатларимизни давом эттирамиз” дейилган [4].
Яқин ва Ўрта Шарқда ахборот тарқатиш бўйича етакчи саналмиш Эрон Ислом Республикаси ахборот манбаларида ҳам Ўзбекистондаги сайлов жараёнлари кенг ёритилди. Хусусан, мамлакатда ахборот тарқатувчи биринчи манба ўлароқ қабул қилинадиган “Mehr News” агентлигининг веб-саҳифасида, Эрон ва жаҳон хабарларини ёритиб борувчи етакчи нашр – “Iran Daily” газетасида, 30дан ортиқ тилларда радиоэшиттиришлар олиб борувчи “Pars Today” ахборот портали веб-саҳифасида ўнлаб мақолалар эълон қилинди. Шунингдек, Эрон талабалар ахборот агентлиги (ISNA), IRNA – Islamic Republic News Agency, Iran Press, Barkhat.news каби 30 дан зиёд ахборот манбаларида ҳам сайлов билан боғлиқ жараёнлар ёритилди.
Таҳлилий материаллари билан ном қозонган “Тасним” ахборот агентлигининг 2021 йил 4 августдаги сонида Ўзбекистондаги яқинлашиб келаётган сайлов жараёни муносабати билан таҳлилий мақола эълон қилинди[5]. Мақолада, дастлаб, Ўзбекистоннинг сиёсий тизими хусусиятлари, И.Каримов бошқаруви йиллари, 2000, 2007 ва 2015 йиллардаги Президентлик сайловлари ҳақида маълумот берилган. Шундан сўнг мақола муаллифи мамлакатда иқтисодиёт тизими, ички ва ташқи сиёсат олиб бориш, демократик ислоҳотлар ҳақида сўз юритиб, Ўзбекистоннинг ҳамкорлик учун очилаётганини юқори баҳолади ва “бундай ютуқлар республикани “янги Ўзбекистон” сифатида танитмоқда”, деди. Жумладан, “Бу демократик ислоҳотлар Марказий Осиёнинг етакчи республикаси – Ўзбекистондаги президентлик сайлови жозибадорлигини икки карра оширмоқда”, деб ёзади муаллиф. Муаллиф халқаро кузатувчилар маълумотлари ва миллий манбаларга таянган ҳолда турли статистик маълумотларни келтиради, хусусан, Республикадаги “Юксалиш” миллий ҳаракатининг сўнгги ҳисоб-китобларига кўра, Шавкат Мирзиёев 5 йил ичида Ўзбекистонда 15 та муҳим ташаббусни амалга ошириш орқали кўплаб ўзгаришларни амалга оширишга эришганлиги тўғрисида маълумот беради. Унинг ёзишича, мамлакат ташқи сиёсатида ҳам жиддий ўзгаришлар кузатилган “… мутахассисларнинг фикрича, Мирзиёевнинг президентлик давридаги муҳим ташаббуслардан яна бири Марказий Осиёда яхши қўшничилик муносабатлари сиёсатидир. Ушбу сиёсат натижасида Ўзбекистон чегаралари очилди, чегараларда илгари юзага келган муаммоларга барҳам берилди, муаммоларни бартараф этиш бўйича минтақа давлатлари билан конструктив музокаралар олиб борилди”, дейди муаллиф.
Мамлакат иқтисодиётини либераллаштириш ва инвестицион жозибадорликни ошириш борасида ҳам муҳим қадамлар ташланди, дейилади мақолада, хусусан, “Ўзбекистон ҳукумати ишбилармонлик муҳитини яхшилашга эришди. Бунинг натижасида Ўзбекистонда бизнесни ташкил қилиш ва уни бошқариш индекси сезиларли даражада яхшиланди”, дея эътироф этилган. Демократик ўзгаришлар, иқтисодиётни эркинлаштириш ва ташқи сиёсат борасидаги ўзгаришлар қанчалик кўп ва аҳамиятли бўлмасин, энг асосий ўзгаришлар ижтимоий соҳада кузатилган. “Мирзиёевнинг ташаббуслари ижтимоий-сиёсий соҳада энг кўп кўзга ташланди. Унинг бошчилигида кенг кўламли давлат хизматлари тизими яратилди, ижтимоий хизматларни енгиллаштириш мақсадида бир қатор марказлар ташкил қилинди”.
“Мамлакатда таълим сифатини яхшилаш ва уни жаҳон стандартларига мослаштириш бўйича ҳам кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Таълим стандартларини такомиллаштириш, янги университетлар ва ўқув марказларини ташкил этиш, нуфузли хорижий университетларнинг Ўзбекистонда филиалларини очиш билан боғлиқ таклифлар, иқтидорли ёшларни қўллаб-қувватлашга қаратилган бошқа йирик лойиҳалар Мирзиёевнинг қисқа беш йиллик президентлик давридаги муҳим ташаббуслар сирасидандир”.
“Тасним” АА Эрон медиа бозорида етакчилардан бир ҳисобланади, мазкур агентлик Ўзбекистондаги сайлов жараёнларига оид ўнга яқин мақолаларни эълон қилиб, сайлов жараёнлари ва унинг натижалари билан эронликларни таништириб борди.
Покистоннинг етакчи нашрлари сифатида қабул қилинадиган The News, Dawn, Pakistan Observer каби газеталарда ҳам Ўзбекистондаги сайлов жараёнлари кенг ёритилди. Хусусан, Pakistan Observer кундалик газетасида доктор Mehmud-ul-Hasan Xonнинг “Ўзбекистонда президентлик сайлови 2021”[6] сарлавҳали таҳлилий мақоласини сайлов жараёни ёритилган энг яхши мақолалардан бири сифатида қабул қилиш мумкин.
Муаллиф ўз мақоласини ғарб оммавий ахборот воситалари ва европалик кузатувчиларнинг фикрларини ўрганишдан, уларни таҳлил қилишдан бошлаган. “Ғарб оммавий ахборот воситаларининг танқидий фикрларига қарамай, сайлов Ўзбекистон Республикаси Сайлов кодексининг 96-моддасига мувофиқ ўтказилди ва буни халқаро кузатувчилар ҳам эътироф этди”.
Муаллиф сайловчиларнинг фаоллигини юқори баҳолади: “Сайловчиларнинг юқори даражадаги фаоллиги Ўзбекистон аҳолисининг сиёсий-ҳуқуқий онгги ва сиёсий фаоллиги юксалиб бораётганини кўрсатди. Қолаверса, бу фаоллик этник ва маданий жиҳатдан хилма-хил таркибдан иборат халқнинг ижтимоий-иқтисодий фаровонликка, таркибий ислоҳотларни давом эттиришга бўлган юксак ишончи ифодаси ва энг муҳими, бу ички ҳамда ташқи сиёсатни халқ астойдил қўллаб-қувватлаётганининг ёрқин исботидир”.
Шунингдек, Маҳмуд ал-Ҳасанхон ўз мақоласида сайлов халқаро меъёрлар ва миллий қонунчиликка тўла мос келиши ҳақида ҳам ёзди: “… Ўзбекистонда Президент сайлови очиқлик, ошкоралик ва холислик каби умумэътироф этилган тамойилларга мувофиқ, янги сайлов кодексига мос ўтаётганлиги халқаро кузатувчилар томонидан таъкидланди”. Муаллифнинг фикрича, Президент Шавкат Мирзиёевнинг ғалабаси адолатли ва ҳақли ғалабадир. “… Жорий сайловдаги ғалаба айни вақтда 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг беш устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясидаги энг муҳим маъмурий-ҳуқуқий ва иқтисодий ислоҳотлар муваффақиятли амалга оширилганининг ҳам ғалабаси бўлди”, дейди у.
[1]https://www.yenisafak.com/dusunce-gunlugu/ozbekistan-orta-asyanin-kalbi-ve-kaderi-3701632
[2]https://www.yenisafak.com/dusunce-gunlugu/ozbekistan-orta-asyanin-kalbi-ve-kaderi-3701632
[3]https://www.yenisafak.com/dusunce-gunlugu/ozbekistanda-buyuk-reformlar-ve-parlak-gelecek-3709520
[4]https://www.posta.com.tr/turkiyeden-ozbekistan-secimleriyle-ilgili-aciklama-2391419
[5]https://www.tasnimnews.com/fa/news/1400/05/04/2544152/برگزاری-انتخابات-در-ازبکستان-و-نگاهی-به-نخستین-دوره-ریاست-جمهوری-میرضیایف
[6]https://pakobserver.net/uzbekistans-presidential-election-2021-by-dr-mehmood-ul-hassan-khan/