Сурат манбаси: aa.com.tr
Баҳорнинг дастлабки ойи серёғин кунлар билан бирга Марказий Осиё мамлакатларига кўплаб муҳим воқеликлар оқимини ҳам олиб келди. Қўшни давлатлар ижтимоий-сиёсий ҳаётида рўй берган ҳодисалар, хусусан, Қозоғистон пойтахтида коронавирус инфекцияси тарқалиши билан боғлиқ ҳолат, чекловлар, бир кунлик локдаун, шунингдек, қизғин тус олган вакцинация тадбирларини мисол тариқасида қайд этиш мумкин. Бундан ташқари, Қирғизистон президентининг қўшни Қозоғистонга давлат ташрифи, Тожикистонда болалар ўртасида полиомиелит касаллиги инфекцияси тарқалгани, АҚШ президентининг Туркманистон давлат раҳбарига ҳамкорликда ишлаш истагини билдиргани ҳамда “Туркманистонда хизмат кўрсатган итбоқар” унвони таъсис этилгани ҳам ортда қолган ой тафсилотлари сирасидандир.
UzAnalytics сайти март ойида қўшни мамлакатлар ҳаётида содир бўлган шу каби воқеа-ҳодисаларнинг қисқача шарҳини эътиборингизга ҳавола қилади.
Қозоғистон
Коронавирус билан боғлиқ эпидемиологик вазият
Қозоғистонда коронавирус билан касалланиш ҳолатлари кун сайин ортмоқда. Нур-Султонда касаллик инфекцияси тарқалишининг олдини олиш мақсадида оммавий тадбирлар ўтказиш таъқиқланди. Ушбу чора Наврўз байрамини нишонлашга ҳам тааллуқли эди. Бу хусусда Нур-Султоннинг бош давлат санитар врачи Сархат Байсенова брифингда маълум қилди. Шу куни ҚР пойтахтида барча чекловлари билан бир кунлик локдаун эълон қилинди.
13 мартдан Алмати Бош давлат санитар врачи Жандарбек Бекшиннинг янги қарори кучга кирди. Олмаота коронавирус тарқалиши суръати бўйича “қизил” зонада бўлгани учун қўшимча чекловлар жорий этилади. Дам олиш кунлари шаҳар жамоат транспорти, шу жумладан, метро фаолияти ҳам тўхтатилади. Шаҳарлараро ва вилоятлараро мунтазам қатновчи автобус ҳамда микроавтобуслар ҳаракати тўлиқ таъқиқланди. Дам олиш кунлари умумий овқатланиш муассасалари, савдо марказлари ва бошқа савдо объектларининг иш вақти чекланди. Караоке, тунги клублар, оммавий тадбирлар ўтказиш бутунлай таъқиқланди.
Вакцинация
Қозоғистон соғлиқни сақлаш вазирлиги апрель ойида бир миллиондан зиёд киши коронавирусга қарши вакцина олишини кутмоқда. Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва ҳукумат вакцина олиши лозим бўлган аҳоли гуруҳларини кенгайтиришни режалаштирмоқда. Улар орасида сурункали касалликлари билан диспансер ҳисобида бўлганлар, 65 ёшдан катталар ва бошқа тоифадаги аҳоли бор.
“Иммунизациядан кейин нохуш ҳолатлар қайд этилгани йўқ. Шу ўринда эмланган кишиларнинг 1 фоизида тана ҳарорати юқорилиги билан гриппга ўхшаш ҳолат, умумий ҳолсизлик, шунингдек, эмланган жойда шиш ва қизариш ҳолатлари кузатилди”, деб маълум қилди Соғлиқни сақлаш вазири Алексей Цой.
2021 йилнинг 19 март ҳолатига кўра, Қозоғистонда 100 минг киши, хусусан, 63 мингдан зиёд тиббий ходимлар, 22 минг нафар педагог, 7 минг нафар ҳарбий ва ҳуқуқ-тартибот органларининг мутахассислари, шунингдек, 8 минг нафар бошқа тоифалардаги фуқаролар Сovid-19 га қарши эмланди.
ИҲТ саммитида президент Тўқаев халқаро транспорт йўналишлари, озиқ-овқат хавфсизлиги ҳақида сўзлади
Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев Иқтисодий Ҳамкорлик Ташкилотининг 14-саммитида иштирок этди. У асосий эътиборни пандемиянинг салбий иқтисодий иллатларини бартараф этишга қаратди.
“Молиявий ресурслар билан таъминланган инқирозга қарши комплекс режа амалга оширилиши туфайли Қозоғистон пандемиянинг салбий таъсирини минимал даражага тушириш ва ҳатто қурилиш, қишлоқ хўжалиги, ишлаб чиқариш каби соҳаларда ўсишга эришди. Бу йил биз ЯИМ 3%дан ортиқроқ ўсишини кутяпмиз”, деб айтди Қозоғистон президенти.
У ИҲТ билан ҳамкорликни Қозоғистоннинг ташқи сиёсатидаги устувор йўналишлардан бири деб атади. Президентнинг фикрича, йирик инфратузилмавий ва ижтимоий лойиҳалар ташкилот доирасидаги ўзаро ҳаракатлар негизида туриши лозим. У Хитой билан ҳамкорликда шакллантирилаётган Транскаспий халқаро транспорт йўналишини шундай истиқболли лойиҳалардан бири сифатида тилга олди.
Хитойга қарши санкцияланган митинг
27 март куни Олмаотада Хитойга қарши шиорлар остида санкцияланган митинг бўлиб ўтди.
Акцияни ўтказишга рўйхатга олинмаган Демократик партия етакчиси Жанболат Мамай ҳамда хорижда яшовчи мухолифатдаги сиёсатчи ва рўйхатга олинмаган “Қозоғистоннинг демократик танлови” ҳаракати раҳбари Мухтор Аблязов чақиришди. Қозоғистон ҳокимият доиралари бу ҳаракатни “экстремистик ташкилот” деб эълон қилган. Митингда Мамай тарафдорлари сўзга чиқишди, шунингдек, “Хитой экспансияси” ва сиёсий маҳбусларни озод қилиш масалалари кўтарилди. Митинг келишилган бўлишига қарамай, етти киши ҳибсга олинди.
Мухолифатчилар бошқа шаҳарларда ҳам митинг ўтказишга уриниб кўришди, бироқ, бунга эриша олишмади.
МХҚ чегара хизмати самолёти Олмаота аэропорти яқинига қулади
Олмаота соғлиқни сақлаш бошқармасидан маълум қилишларича, бортдаги олти кишидан тўрт нафари ҳалок бўлган. Икки нафар жабрланувчи шаҳардаги 4-сон клиник шифохонага олиб борилган. Уларнинг ҳар иккиси ҳам реанимацияда ўта оғир аҳволда ётибди.
“Соат 17.25да Олмаота аэропорти диспетчерлик хизматидан 17.22 да Нур-Султон – Олмаота ҳаво йўлида Ан-26 ҳарбий самолёти радардан ғойиб бўлгани ва Олмаота аэропортига авария сабабли қўнгани ҳақида хабар олинди”, – дейилади ФВВ ахборотида.
Миллий хавфсизлик қўмитаси соат 17.22да Қозоғистон Республикаси МҲҚ авиация хизматининг Ан-26 ҳаво кемаси(борт рақами 02) Олмаота шаҳри аэропортига қўнишга киришган пайтда ҳалокатга учраганини хабар қилди. Авиация ҳалокати сабаблари аниқлаштирилмоқда.
Фавқулодда ҳодиса муносабати билан бир неча парвозлар кечикди. Орадан бир соат ўтибгина барча самолётларни парвозга чиқариш ва қабул қилиш жараёни тикланди.
Қозоғистонлик мусиқачи ва ди-жей Иманбек Зейкенов “Грэмми” мукофоти соҳиби бўлди
Бу ҳақда у ўзининг Instagramдаги саҳифасида хабар қилди. Павлодар яқинидаги Аксу шаҳрида яшовчи Иманбек Зейкенов яқин вақтларгача темир йўлда ишлар, унинг маоши 147 минг тенгедан ошмасди. У мусиқага болалигидан қизиқар, гитара чалишни отаси ўргатганди. Иманбек хонанда SAINt JHNнинг “Roses” қўшиғига ремикс ишлагач, машҳур бўлиб кетди. Youtubeда Иманбекнинг версиясидаги “Roses” трекини 234,5 миллион киши томоша қилди.
“Ҳар бир мусиқачи ижодидаги энг катта ютуқ – Grammyга сазовор бўлиш ва биз буни уддаладик!” дея маълум қилди Иманбек.
________________________________________________________________________________________________________________________________________
Қирғизистон
Эпидемиологик вазият
Қирғизистонда мартдан бошлаб коронавирус билан касалланганлар сони мунтазам ортмоқда. Касаллик энг кўп Бишкекда тарқаляпти, бу ерда санитар назорат кучайтирилган. Шаҳар мэрияси фуқароларни белгиланган санитар талабларни бажаришга чақирди.
Ҳозирча Қирғизистонда локдаун ва кескин чекловлар жорий этилмайди. Бироқ одамлар оммавий тўпланадиган жойларда хавфсизликнинг санитар меъёрлари кучайтирилади. Жамоат жойларида ҳимоя ниқобларини тақиш мажбурий бўлади.
Вакцинания
Хитой Қирғизистонга Sinopharm вакцинасининг 150 минг дозасини беғараз тақдим этди. Шунингдек, Россия вакцинасининг 500 минг дозаси ҳам келиши кутилмоқда.
Аввал Қирғизистон томони COVAX дастури доирасидаги AstraZeneca вакцинасини олишни режалаштирган эди. Бироқ, 18 март куни Соғлиқни сақлаш ва ижтимоий ривожланиш вазири Алимқодир Бейшеналиев ушбу вакцинани етказиб бериш вақтинча тўхтатилганини билдирди.
Садир Жапаровнинг Қозоғистонга ташрифи
2–3 март кунлари Қирғизистон президенти Садир Жапаров Қозоғистонда давлат ташрифи билан бўлди. Давлатлар раҳбарлари тор ва кенгайтирилган доираларда музокаралар ўтказишди. Қозоғистон ва Қирғизистон ўртасидаги икки томонлама ва кўп томонлама ҳамкорликнинг долзарб масалалари, шунингдек, биргаликдаги ўзаро фаолият истиқболлари муҳокама қилинди. Ташриф чоғида Қирғизистон-Қозоғистон икки томонлама ҳамкорлигини янада чуқурлаштиришга йўналтирилган қатор ҳужжатлар имзоланди, шу жумладан, қўшма баёнот қабул қилинди.
Давлат ташрифи чоғида президент Садир Жапаров Қозоғистоннинг биринчи президенти Нурсултон Назарбоев, парламент Мажилиси раиси Нурлан Нигматуллин ва бош вазир Аскар Мамин билан учрашди.
Садир Жапаровнинг Анқарага ташрифи доирасида 8-9 та стратегик битим имзоланиши режалаштирилмоқда
Қирғизистон президентининг Анқарага ташрифи доирасида Қирғизистон ва Туркия ўртасида 8-9 та стратегик битим имзоланиши режалаштирилмоқда. Бу ҳақда Туркия ТИВ раҳбари Мевлют Чавушоглу билан музокаралар якуни бўйича ўтказилган қўшма брифингда Қирғизистон Ташқи ишлар вазири Руслан Қазақбаев маълум қилди.
Унинг айтишича, Туркия томони билан музокаралар сермазмун бўлди ва ушбу музокараларда икки томонлама ҳамкорликнинг кенг доирадаги масалалари қамраб олинди.
Жумладан, Қирғизистон ТИВ раҳбари Иссиқкўлда июль ойида Туркия вице-президенти иштирокидаги инвестиция анжуманини ўтказиш, қирғиз-турк шифохонаси очилиши масалалари кенг муҳокама қилинганини санаб ўтди.
Қирғизистон авиапарвозларни қисқартиради: йўналишлар рўйхати
Қирғизистоннинг айрим авиакомпаниялари бошқа мамлакатларга парвозлар миқдорини қисқартирди. Республика расмийлари коронавирус билан касалланганлар сони ошиб бораётгани сабабли шундай чора кўрган. Аэропорт матбуот хизмати биринчи навбатда Россия йўналишидаги авиапарвозлар қисқартилишини билдирди.
“Авиа Траффик”компанияси РФ ҳудудига қатор парвозларни бекор қилди: 3-апрелдан 25 апрелгача Бишкекдан Воронежга, 3 мартдан 6 апрелгача Грознийга самолётлар парвози тўхтатилди. Авиакомпания 1-29 апрель давомида Бишкек ва Иркутск, 31 мартдан 2 апрелгача Новосибирскка парвозларни бекор қилди.
Бишкекдан Қозонга 5 апрель куни учиб бўлмайди. Красноярскка парвозлар 30 мартдан, Краснодарга 2 апрелдан, Сургутга 3 апрелдан тўхтатилди.
“Авиа Траффик” парвозларни қисқартирган ягона компания эмас. Ундан AirAstana ҳам ўрнак олди – Бишкекдан Алматига ва аксинча йўналишдаги парвозларни вақтинчалик бекор қилди. Бу самолёт 29 мартдан 29 апрелгача душанба ва пайшанба кунлари; 31 мартдан 28 апрелгача чоршанба, 30 мартдан 30 апрелгача сешанба ва жума кунлари парвозларни амалга оширмайдиган бўлди.
79 нафар бола Ироқдан ватанига қайтди
“Мээрим” инсонпарварлик миссияси доирасида Ироқдан Қирғизистоннинг 79 нафар ёш фуқароси ватанга қайтарилди. 16 март куни мамлакатга Ироқдан махсус самолёт келди. Ҳаёти ва саломатлиги катта хавф остида қолган ва давлат томонидан ҳимояланиш ҳуқуқига эга бўлган болаларни қутқаришга қаратилган миссия уларни ватанга қайтариш бўйича бундай тус ва кўламдаги илк тадбир ҳисобланади.
Қайд этиш жоизки, бу – болаларни жанговар ҳаракатлар ҳудудидан олиб кетиш бўйича Қирғизистон амалга оширган биринчи инсонпарварлик миссиясидир.
Илгари Қирғизистон махсус хизмати Сурия ва Ироқдаги жанговар ҳаракатлар зонасига қарийб 800 нафар қирғизистонлик кетгани ҳақида хабар қилган эди. Улардан 200 нафардан зиёд киши ҳалок бўлган.
________________________________________________________________________________________________________________________________________
Тожикистон
Тожикистонда бир неча бола Покистон полиомиелити билан касалланди
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти Тожикистонда болалар ўртасида бир нечта шол касаллиги ҳолати аниқланганини қайд этди. 18 март куни болалар ўртасида келиб чиқиши 2-типдаги вакцинадан бўлган полиовирус айланишидан юққан тўртта шол касаллиги рўйхатга олинди. Тожикистон полиомиелитдан холи мамлакат ҳисобланади, шунинг учун бу аҳоли ўртасида катта хавотир келтириб чиқарди.
Тожикистон соғлиқни сақлаш ва ижтимоий ҳимоя вазирлигининг санитар-эпидемиология хавфсизлиги бошқармаси бошлиғи Наврўз Жафаров болалар ўртасида полиомиелит келиб чиқишининг сабаби, ўз вақтида вакцинация қилинмагани эканини тушунтирди.
Мамлакатда юқумли касалликларга қарши иммунизация миллий тақвими мавжуд. Тақвимга киритилган эмлашлар болаларни туғилганидан то олти ёшгача ҳимоя қилади.
Коронавирус билан боғлиқ вазият
Жорий йилнинг январь ойидаёқ президент Эмомали Раҳмон Тожикистонда коронавирус йўқ эканини айтган эди. Расмий статистикага кўра, март ойида касалликни янги юқтирганлар аниқланмади.
17 март куни ОАВ коронавирус тарқалишига қарши барча чеклов чоралари олиб ташланиши ҳақида ёзди. 29 март куни эса COVID-19 тарқалишини бартараф этиш бўйича эпидемияга қарши чораларни кучайтириш республика штабининг тўйларга 100 нафаргача меҳмон(40 киши ўрнига) таклиф қилинишига рухсат бериш ҳақидаги қарори эълон қилинди.
Қўшни мамлакатларда карантин чоралари кучайтирилаётгани ва Наврўз оммавий сайиллари бекор қилингани (ёки чеклангани)га қарамай, Тожикистонда байрам дабдабали декорациялар, концерт, ярмарка ва анъанавий от пойгалари билан нишонланди.
Вакцинация
8 март куни COVAX механизми доирасида Тожикистонга Ҳиндистонда ишлаб чиқарилган AstraZeneca вакцинасининг биринчи партияси 192 минг доза миқдорида етиб келди. 2021 йилнинг май ойига бориб, COVAX доирасида Тожикистон бу компаниянинг яна 624 000 доза вакцинасини олишни режалаштирмоқда. Мамлакатга ҳаммаси бўлиб, бу вакцинадан 732 минг доза етказиб берилади.
Биринчи галда тиббиёт ходимлари, иқтисодиётнинг стратегик тармоқларида фаолият юритувчилар, 60 ёшдан катталар, юқумли бўлмаган сурункали касаллиги бор шахслар, фан ва таълим соҳасида фаолият юритувчи кишилар эмланади.
Афғонистон президенти Душанбега расмий ташриф билан борди
29 март куни Миллатлар саройида Эмомали Раҳмон ва Муҳаммад Ашраф Ғани иштирокида Тожикистон ва Афғонистон ўртасида олий даражадаги учрашув ва музокаралар бўлиб ўтди. Тадбирда Тожикистон ҳукумати CASA-1000 лойиҳаси доирасида ЭУЛ (Электр узатиш линияси) қурилишини якунлаш учун зарур чораларни кўраётгани қайд этилди.
Россия ва Тожикистон ўртасидаги мунтазам парвозлар чиптаси нархи белгиланди
Душанбе-Москва йўналиши бўйича биринчи мунтазам парвозни «ЮтЭйр» авиакомпанияси 2 апрель, жума куни амалга оширди. Ҳар ҳафтанинг жума кунлари бу компания самолётлари парвозга кўтарилади, «Сомон Эйр» авиакомпанияси эса ҳар ҳафтанинг сешанба кунлари учади. Бориш-келиш (иккала томонга) чипталари нархи – 500 доллар.
Ҳозирги вақтда мунтазам парвозлар Бирлашган Араб Амирликлари, Туркия, Россия, Қозоғистон, Ўзбекистон ва Афғонистонга амалга оширилмоқда.
Душанбе-Дубай-Душанбе, Душанбе-Истамбул-Душанбе ва Душанбе-Тошкент-Душанбе йўналишлари бўйича ҳафтада мос равишда тўртта парвоз амалга оширилади.
Шу билан бирга, Душанбе-Алмати ва Душанбе – Қобул йўналишлари бўйича икки томонлама парвозларга рухсат берилган. 2 апрелдан бошлаб, Россия билан ҳам авиаалоқа йўлга қўйилди.
________________________________________________________________________________________________________________________________________
Туркманистон
Умумий эпидемиологик вазият
Расмий доираларнинг баёнотларига кўра, Туркманистонда аввалгидек коронавирус билан касалланиш ҳолати бирорта ҳам рўйхатга олинмаган. 1 мартдан бошлаб эса мамлакатда аввал пандемия муносабати билан жорий этилган айрим чекловларни олиб ташлаш бошланди. “Туркманавтотранспорт” агентлиги қисман шаҳарлараро автобус қатновини тиклади. “Туркман темир йўллари” эса Ашхобод-Туркманобот-Ашхобод йўналиши бўйича поезд қатновини йўлга қўйди.
Мамлакатда ҳали ҳам ҳудудлараро ҳаракатланишда кескин чекловлар амал қилмоқда. Қаҳвахона, бар, ресторан, савдо марказлари эса фаолиятини тикламоқда. Шу билан бирга, Наврўзда ҳам Туркманистон оммавий сайиллар, концертлар ташкил этди.
Шу ўринда Лебап вилоятида тўртинчи карантин зонаси қурилиши бошланганини қайд этиш жоиз. Туркманобот шарқидаги мавжуд зоналар тўлиб тошган, мамлакатга эса хорижда қолиб кетган фуқаролар қайтиши давом этяпти. ОАВ хабарларига кўра, расмий доиралар жой етишмагани учун мамлакатга келувчилар сонини чекламоқда ва шунингдек, карантин жойлари сонини 7000 тагача ошириш режалаштирилмоқда.
10 март куни Дашогуз туманида коронавирусга қарши вакцинация бошланди. Биринчи бўлиб тиббиёт ходимлари ва полициячилар эмланди. Шундан кейин, 12 март куни Ашхободда ҳам вакцинациянинг биринчи босқичи бошланди.
Байден: «Афғонистонда тинчлик ўрнатишни қўллаб-қувватлашда Туркманистон билан ишлар давом этишига умид қиламан»
Америка Қўшма Штатлари президенти Жозеф Байден Афғонистонда тинчлик ўрнатишга кўмаклашишда ўз маъмуриятининг Туркманистон билан ишларни давом эттиришига умид билдирди. Бу хусусда Америка раҳбарининг Наврўз байрами муносабати билан президент Гурбангули Бердимухамедовга йўллаган табригида айтилган:
«Мен ўз маъмуриятим билан мамлакатингиз ўртасида хавфсизликнинг умумий масалаларини ҳал этиш, Афғонистонда тинчлик ўрнатилишини қўллаб-қувватлаш ва Сизнинг давлат иқтисодиётини, жумладан, Каспий денгизининг энергетика имкониятларини ривожлантириш йўли билан диверсификация қилишга бўлган интилишингиздан келиб чиққан ҳолда иқтисодий ҳамкорликнинг янги соҳаларини белгилаш каби йўналишлардаги ишлар давом эттирилишига умид қиламан», дейилади табрикномада.
Хитой Туркманистон билан табиий газ бўйича ҳамкорликни йўлга қўйишга тайёр
Хитой Туркманистон билан табиий газ борасида ҳамкорликни йўлга қўйишга тайёр. Бу ҳақда Наврўз байрами муносабати билан Хитой Халқ Республикаси раисининг Президент Гурбангули Бердимухамедов номига йўллаган табригида айтилади:
«Хитой-туркман муносабатлари мустаҳкам пойдевор, улкан имконият ва ривожланишнинг кенг истиқболларига эга. Хитой томони икки томонлама муносабатларни янги мазмун билан тизимли бойитиб, табиий газ бўйича ҳамкорликни йўлга қўйиш, нохомашё соҳаларда ўзаро ҳаракатларни фаол кенгайтириш орқали Туркманистон билан ҳамкорликни ривожлантиришга тайёр» дея таъкидланади табрикда.
ХХР раҳбари, шунингдек, стратегик шерикликни илгари суришга тайёр эканлигини ҳам маълум қилди.
«Туркманистонда хизмат кўрсатган итбоқар» ва «Туркманистон халқ итбоқари» фахрий унвонлари таъсис этилди
Туркманистонда «Туркманистонда хизмат кўрсатган итбоқар» ва «Туркманистон халқ итбоқари» фахрий унвонлари таъсис этилди. Тегишли қонунлар Туркманистон Межлисининг йиғилиши томонидан қабул қилинди.
Парламент аъзолари жаҳонда миллий тарихий-маданий меросни сақлаш ва оммалаштириш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири эканини қайд этишди. Бу борада олиб борилаётган кенг кўламли саъй-ҳаракатлардан мақсад – туркман алабайлари селекциясини ривожлантириш, ушбу ноёб наслни кўпайтириш, мамлакатда профессионал ит етиштиришнинг замонавий инфратузилмасини яратишдир.
Марказий Осиё мамлакатларида COVID-19 вируси тарқалишига оид маълумотларни визуаллаштирилган ҳолда интерактив панелда кузатиб боринг.