Сурат манбаси: itc.ua
Муаллиф: Ирода Шамсиева – тарих фанлари номзоди, Тошкент давлат шарқшунослик университети доценти
Ижтимоий тармоқлар – XXI аср феномени. Замондошларимиз, айниқса, ёш авлоднинг кундалик ҳаёт тарзи турли социал медиа маконларда кечмоқда. Шахсий ва профессионал турмушимизга шиддат билан кириб келган ва унга сезиларли таъсир этаётган ижтимоий тармоқлар ҳозирги жамиятнинг маданий, ахлоқий асослари, одамларнинг дунёқараши, турли жараёнларга муносабати ва энг янги тарихимизни тўлалигича намоён қилаётган ресурс ҳамдир.
Ижтимоий тармоқларда кишиларнинг ўзини-ўзи намойиш қилиши(self presentation) ҳозирги рақамли-реаллик шароитида замондошлар кундалик ҳаётини ўрганиш учун қўл келади.
Маълумки, кундалик ҳаёт тарихи – бу тарихий билимларнинг нисбатан янги парадигмаси бўлиб, унинг тадқиқот объекти – тарихий, маданий, сиёсий, этник ва конфессионал контекстдаги инсоннинг кундалик турмушига дахлдор воқеа – ҳодисалар ҳисобланади. Кундалик ҳаёт тарихининг тадқиқот марказида турли ижтимоий қатлам вакилларининг турмуш тарзи ва уни намойиш этувчи, такрорланиб борувчи ҳолатларни ўрганиш, жумладан, турли воқеаларга нисбатан ҳиссий реакциялар ва хулқ-атвор мотивлари туради.
Маълумки, кундалик ҳаёт тарихи – бу тарихий билимларнинг нисбатан янги парадигмаси бўлиб, унинг тадқиқот объекти – тарихий, маданий, сиёсий, этник ва конфессионал контекстдаги инсоннинг кундалик турмушига дахлдор воқеа – ҳодисалар ҳисобланади. Кундалик ҳаёт тарихининг тадқиқот марказида турли ижтимоий қатлам вакилларининг турмуш тарзи ва уни намойиш этувчи, такрорланиб борувчи ҳолатларни ўрганиш, жумладан, турли воқеаларга нисбатан ҳиссий реакциялар ва хулқ-атвор мотивлари туради.
Фикримизча, кундалик ҳаёт тор доирадаги хусусий тадбирлар, шахсий кундалик турмуш, касбий фаолият ва бўш вақтни ўз ичига олади. Бошқача айтганда, кундалик ҳаёт тарихи ёнимиздаги, атрофимиздаги оддий кишиларнинг микротарихидир.
Ижтимоий тармоқлар кундалик ҳаёт тарихини янги ракурсда ўрганиш ишида ўзига хос тадқиқот майдони, десак муболаға бўлмайди. Уларни семиотик таҳлил қилиш орқали замондошларимиз кундалик ҳаёти(everyday life)нинг рақамли тарихини тақдим этиш имконияти мавжуд.
Бугунги рақамли воқеликда ижтимоий тармоқлар орқали шахсий кундалик ҳаётни намойиш қилиш (self – presentation) одатий ҳолга айланди. Шубҳасиз, коронавирус пандемияси билан боғлиқ карантин ушбу жараённи янада тезлаштириб, келажак тадқиқотлари учун кўп жанрли материалларни тақдим этади.
Ўзбекистон жамиятининг кундалик ҳаёти тарихини этнология контекстида тадқиқ қилиш мақсадга мувофиқдир. Нега деганда, айнан шундай ёндашув фақат бизнинг менталитетимизга хос жиҳатларни тўлалигича кўрсатиб бера олади.
Мазкур мақоланинг тадқиқот объекти сифатида бугун энг оммалашган ижтимоий тармоқлардан бири – TikTokдаги видеороликлар, предмет сифатида эса ушбу тармоқнинг фаол фойдаланувчиси, Андижон вилоятида истиқомат қилувчи ўрта яшар (1975 йилда таваллуд топган), Гулжамол исмли тадбиркор аёл танланди. Ҳозирги кунда оммабоп TikTok ижтимоий тармоғи призмаси орқали жамиятимиздаги ўрта синф вакилининг кундалик ҳаётини намойиш этиш мақола мақсади этиб белгиланди.
Қисқача TikTok ижтимоий тармоғи ҳақида тўхталсак. TikTok Пекиндаги ByteDance компаниясига тегишли қисқа метражли (60 сониягача) видеофильмларни яратиш ва кўриш учун мўлжалланган сервисдир. Унинг 2018 йил ёзида ишга туширилган халқаро версияси ҳозир жаҳондаги етакчи видео платформа ҳисобланади. 2021 йилнинг февраль ҳолатига кўра, TikTok обуначилари сони 1 млрд. дан ошди. Ушбу ижтимоий тармоқ таҳлили кундалик ҳаёт тарихини ўзгача нуқтаи назардан кўришга имкон берди ва шу мақсадда муаллиф TikTok платформасининг Ўзбекистон аудиториясини тадқиқ қилди. Жумладан, тиктокерларнинг кундалик ҳаёти ва турмуш тарзи ҳақида визуал ҳикоя қилувчи видеолавҳалар ўрганилди.
Маълумки, Ўзбекистон жамияти ўз моҳиятига кўра, шарқона урф-одатларга амал қилиб, минг йиллик ахлоқий негиз ва анъаналари билан ғарб дунёсидан ажралиб туради. Бироқ, ахборот цивилизациясининг янги тенденциялари унинг ҳозирги мазмунига таъсир этмай қолмади.
TikTok медиа маконини атрофлича ва батафсил ўрганиш учун унинг контенти шартли равишда қуйидаги мавзуларга ажратилди:
• трендлар (челленж, треш, дуэтлар, реакциялар, лип синк ва ҳоказо)
• ҳажвий
• ижтимоий
• диний
• Beauty (гўзалликка оид)
• тажовузкор
• сиёсий карикатура
• шахсий ҳаётни намоён қилиш.
Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, бизнинг тушунчамизда кундалик ҳаёт субъекти сифатида алоҳида шахс майдонга чиқади. Дарҳақиқат, бирор кишининг кундалик ҳаёти ҳеч бўлмаганда жинси, ёши, маълумоти, оилавий шароити, миллати, дини, асосий фаолият тури, яшаш жойи, ижтимоий келиб чиқиши ва бошқа омилларга боғлиқ. Хусусан, тадқиқот субъектини кузатиш давомида қуйидагилар аниқланди: исми – Гулжамол, жинси – аёл, ёши – 45, оилали – бир ўғил, икки қиз ва уч набираси бор, машғулоти – хусусий тадбиркорлик, яшаш жойи – Андижон шаҳри.
Кундалик ҳаётни таҳлил қилиш учун манбани батафсил таърифлашнинг ўзи етарли эмас, албатта. Бунинг учун айтилмай қолган ёки намойиш этилмаган жиҳатларни ҳисобга олиб, унинг ички маъносига кириб бориш керак. Ушбу кичик тадқиқотнинг субъекти бўлмиш Гулжамолга тегишли видеолавҳалар вилоятларда истиқомат қилувчи ўртача даромадли ўзбек аёлининг турмуш тарзи, дунёқараши ва ҳаётий позицияси ҳақида етарлича тасаввур ҳосил қилишга кўмак беради.
Энг янги давр тарихчиларидан фарқли ўлароқ, ўтмишнинг кундалик ҳаётини тадқиқ қилувчи олимлар унга “савол бериш” имкониятига эга эмас. Ҳозирги даврнинг кундалик ҳаётини ўрганиш учун замонавий тарихчилар интернет-ресурс каби ноёб манбага эгадир.
Чекка ҳудудлардаги аёлларнинг кундалик ҳаёти ўрганилар экан, уларнинг касбий фаолияти эмас, балки яшаш жойи билан боғлиқ турмуш шароити тадқиқот марказида туриши керак. Видео ва жонли эфирлар – бу кундалик ҳаётнинг ўзига хос микротарихидир.
Гулжамол шахсий ҳаётининг визуал ҳикояси 2020 йил май ойидан, яъни унинг TikTokда аккаунт очган кунидан бошланган. Гулжамолнинг кундалик турмуш тарзини ўрганиш натижасида тадқиқот учун қизиқарли материаллар олинди, уларнинг таҳлили эса сўнгги йилларда Ўзбекистонда ўрта яшар тадбиркор аёлларнинг муайян бир тоифаси шаклланганини кўрсатди.
Мамлакатда аҳоли сонига нисбатан иш ўринларининг етишмаслиги ҳеч кимга сир эмас, айниқса вилоятларда, чекка жойларда истиқомат қилаётганлар учун. Яъни, ишсизлик даражаси ҳамон юқорилигича қолмоқда. Бу ҳолат фуқароларнинг бошқа давлатларга чиқиб кетишига асосий сабабдир. Расмий манбаларга кўра, хорижда ишлаётган меҳнат муҳожирларининг катта қисмини Фарғона водийси аҳолиси ташкил қилади.
Гулжамолнинг TikTokдаги кундалик видеоларини кузатиш унинг шахсий ҳаёти билан боғлиқ ўзига хос микротарихни репрезентация қилиш учун асос бўлди.
Гулжамол Андижон шаҳрида, зиёли оиласида дунёга келган (видеолавҳалардан бирида отасининг тарихий китоб муаллифи ҳақидаги факт келтирилган). Бахтли турмушда яшаган, тўрт нафар фарзанднинг онаси бўлган. Аммо 2015 йилда фожиа юз бериб, турмуш ўртоғи ва қизи бевақт вафот этади. Шу воқеа Гулжамолнинг ҳаётини тубдан ўзгартириб юборади. Фарзандларини оёққа турғазиш учун у Туркияга кетишга мажбур бўлади ва ушбу мамлакатда хусусий тадбиркорлик билан шуғулланади. Туркияда бўлажак турмуш ўртоғи – ўзидан анча ёш, турк миллатига мансуб эркак билан танишади. Бугун улар расмий никоҳдан ўтишган ва Туркияга жўнаб кетиш арафасида туришибди.
Маълумки, кундалик ҳаёт маданияти аниқликка йўналтирилгани билан алоҳида ажралиб туради ва кундалик турмушда қадр-қимматга эга унсурлар – озиқ-овқат, ичимлик, рўзғор буюмлари, уй-жой, кийим-кечак, вақт ритмлари, мулоқот қадрияти, бўш вақт ва бошқаларнинг семиотик ифодаси мажмуи ҳисобланади. Ва энг асосийси, одамларнинг кундалик ҳаёти, асосан, уларнинг шахсий хонадонида кечади. Гулжамолнинг уйи замонавий ва анъанавий услубда жиҳозланган, музлатгичи озиқ-овқат маҳсулотларига тўла оддий шаҳар квартирасидир. Унинг буюмлари ва кийимларига келсак, у замонавий мода тенденцияларига амал қилади, буни кийиниш услуби, бўяниши ва соч турмаги ҳам тасдиқлаб турибди. Қолаверса, Гулжамолнинг шахсий автоулови, интернет дўкони ва фермаси ҳам бор. Айни жиҳатлар унинг ижтимоий мавқеининг муҳим кўрсаткичидир.
Гулжамолнинг жонли эфирларини кузатиб борган ҳолда муаллиф қуйидаги хулосага келди: кўп йиллар давомида одамларнинг, айниқса, аёлларнинг турмуш тарзи, дунёқараши ва муносабатини белгилаб берувчи Ўзбекистон жамиятида ўрнатилган одоб-ахлоқ стереотипларига қарамай, қаҳрамонимизни self-made women деб аташ мумкин. Бошқача айтганда, Гулжамол ўзини-ўзи шакллантирган аёл.
Кундалик ҳаёт тарихини ижтимоий тармоқлар орқали ўрганиш янгича тадқиқот усуллари ва ёндашувларни талаб қилади. Нега деганда, бундай тарих ўзгача услубда ва ўзгача “тилда” ёзилиши керак, яъни тадқиқотчи бу ишга эмоционал мазмун бахш этиши керак бўлади.
Аввал айтиб ўтилганидек, TikTok ижтимоий тармоғи бугунги кунда энг оммабоп видеоплатформалардан бири. Мазкур платформанинг оддийлиги ва кўп функциялилиги турли ёшдаги, мақомдаги кишилар ундан фойдаланишини енгиллаштиради. Бу эса нафақат шаҳар, балки қишлоқ аҳолисининг, мазкур медиа майдонда ўз ҳаёти, кундалик турмуши билан боғлиқ воқеа-ҳодисалар, тўй ва бошқа оилавий тадбирлар, хўжалик юритиш, савоб ва хайрли амаллар ҳақида видеолавҳалар намойиш этиш имконини беради.
TikTokда яна бир аудитория бор, улар – хориждаги ўзбекистонлик меҳнат муҳожирлари. Кундалик ҳаёт тарихи глобал эмас, микротарих, буюк инсонлар эмас, “кичик”, оддий одамлар тарихи бўлгани боис, меҳнат муҳожирлари микротарихчилар учун тадқиқот объекти ва субъекти вазифасини ўташи мумкин.
Кундалик ҳаёт тарихчиси учун ижтимоий тармоқлар кўнгилочар ва бўш вақт ўтказиладиган жой эмас, тадқиқотда қўл келадиган улкан ресурс ва қимматли манбадир.