Суратда: Душанбе шаҳри, манба: © Sputnik/Амир Исаев
2020 йилнинг сўнгги ойи қўшни мамлакатларда юз берган қатор муҳим ижтимоий-сиёсий воқеалар билан ёдда қолди. Қозоғистонда Россиянинг “СПУТНИК V” вакцинаси ишлаб чиқарила бошланиши ва Мустақиллик куни онлайн нишонланиши, Қирғизистон чегараларининг барча давлатлар фуқаролари учун очилиши ва президент сайловларига тайёргарлик, Тожикистонни диний эркинлик бузилаётган жаҳондаги 10 та давлат рўйхатида қолдирилиши ҳамда Туркманистонда бетарафлик куни нишонланиши шулар жумласидандир.
UzAnalytics сайти декабрь ойида қўшни мамлакатларда рўй берган шу каби муҳим воқеаларнинг қисқача шарҳини эътиборингизга ҳавола қилади.
Қозоғистон
Қозоғистоннинг янги экологик кодекси қабул қилинди
Қозоғистон Сенати депутатлари экологик кодекс лойиҳасини қабул қилишди. Янги кодекс атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва бу борадаги саъй-ҳаракатларни жонлантиришнинг барча муҳим жиҳатларини қамраб олган 7 асосий принципдан иборат. Кодекс “экологияни ифлослантирган товон тўлайди ва унинг оқибатларини бартараф этади” деган тамойилга асосланган. Ушбу қоида нафақат инсон омилининг атроф-муҳитга салбий таъсирини бартараф этишга ёрдам беради (жарима таҳдиди остида), балки кенг жамоатчиликда табиатни муҳофаза қилишга интилиш ҳиссини ҳам кучайтиради.
Шунингдек, Қозоғистон экологиясини ифлослантирувчи саноат объектларининг техник базаси янгиланиши кутилмоқда. Биринчи навбатда, 50 та йирик нефть-газ, тоғ-металлургия, кимё ва электр энергетикаси корхоналарини модернизация қилиш режалаштирилган. Чунки ушбу саноат корхоналари атроф-муҳит ифлосланишига 80 фоиз ҳисса қўшади.
Президент шаҳарлар мақомини ўзгартириш ваколатига эга бўлди
Қозоғистонда туман аҳамиятига эга бўлган 48 та шаҳар мавжуд. Аммо шундан 13 тасининг аҳолиси камлиги боис, шаҳар мақомига мос келмайди.
Шу кунга қадар аҳоли пунктларининг мақомини расман ўзгартириш имконсиз эди. Қозоғистон Сенати 3-декабрь куни “Қозоғистоннинг маъмурий-ҳудудий тузилиши тўғрисида”ги қонунга ўзгартишлар киритди. Шундан сўнг, 12-декабрь куни мамлакат президенти ҳам ушбу ҳужжатни имзолади.
Янги ўзгартишларга кўра, энди давлат раҳбарида республика, вилоят ва туман аҳамиятига эга бўлган шаҳарлар мақомини ўзгартириш ваколати бор. Шаҳарлар мақомини ўзгартириш бўйича таклифларни республика ҳукумати тавсия қилади, бунда маҳаллий вакиллик ва ижроия органларининг фикри ҳам инобатга олинади.
Аҳоли пунктининг мақоми ошган ҳолларда унинг аҳолиси маълум имтиёзларга эга бўлади. Ижтимоий қўллаб-қувватлаш, иш ҳақини ошириш, касб-ҳунар таълими кабилар шулар жумласидандир.
Мустақиллик куни онлайн нишонланди
Ҳар йили 16 декабрь куни Қозоғистонда Мустақиллик куни нишонланади. 1991 йилнинг ушбу санасида Қозоғистон мустақиллиги ва давлат суверенитети тўғрисида қонун қабул қилинган эди ва шундан бери орадан 29 йил ўтди.
2020 йили эпидемиологик вазият туфайли Қозоғистонда Мустақиллик байрами муносабати билан ўтказиладиган барча тадбирлар, хусусан, оммавий сайиллар бекор қилинди. Концерт дастурлари, кўргазмалар ва экскурсиялар онлайн шаклда ўтказилди.
“СПУТНИК V” вакцинаси Қозоғистонда ишлаб чиқарилади
Қозоғистондаги илмий-тадқиқот институтида ишлаб чиқилган коронавирусга қарши “QazCovid-in” вакцинаси 31 июль куни Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти томонидан клиник синовларга номзодлар рўйхатига киритилган эди. Сентябрь ойида ушбу синовлар бошланди. Аммо вакцинани катта ҳажмда ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш амалга ошмайдиган кўринади.
Россиянинг COVID-19га қарши “СПУТНИК V” вакцинаси Қозоғистонда, аниқроғи, Қарағанда ҳудудида ишлаб чиқариладиган бўлди.
Қозоғистонда вакцина ишлаб чиқариш режаси Россия ва Қозоғистон давлатлари раҳбарлари ўртасидаги келишувлар натижасидир. Чунки уни ишлаб чиқариш Қозоғистон соғлиқни сақлаш вазири Асқар Маминнинг Қарағандага ташрифидан сўнг бошланди.
Ҳаммаси бўлиб, 2 миллион доза вакцина чиқариш режалаштирилган. Қозоғистонда оммавий эмлаш 2021 йилнинг февраль ойида ўтказилиши режалаштирилган. Асқар Маминнинг сўзларига кўра, биринчи навбатда, тиббиёт ходимлари, ўқитувчилар, талабалар, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари, шунингдек, сурункали касалликлари бор кишилар эмланади. Бундан ташқари, Соғлиқни сақлаш вазирлиги коронавирусга қарши эмлаш ихтиёрий бўлишига эътибор қаратди.
________________________________________________________________________________________________________________________________________
Қирғизистон
Бишкекда кинотеатрлар фаолиятига рухсат берилди
Декабрь ойида Бишкекдаги кинотеатр, фуд-корт ва компьютер клублари фаолиятига рухсат берилди. Ушбу объектлар иши март ойи бошида жорий қилинган карантин туфайли тўхтатилган эди. Энди мазкур муассасалар бир қатор санитария чекловларига амал қилган ҳолда фаолият юритиши мумкин. Хусусан, кинозал, фудкорт ва компьютер залларининг бандлиги (мижозлар билан тўлиши) даражаси 50 фоиздан ошмаслиги керак. Барча мижозлар тиббий ниқоб тақиши ва уларнинг жойлашуви шахмат катаклари шаклида бўлиши шарт. Ушбу қоидаларни бузган муассаса жаримага тортилади ва унинг фаолиятида чекловлар ўрнатилади. Агар қоидабузарлик ўта қўпол бўлмаса, жазо белгиланмайди.
Қирғизистон барча давлатларга чегараларни очди
Қирғизистон барча давлатларга чегараларини очди, мамлакатга келувчилар учун ягона талаб – уч кундан ортиқ бўлмаган муддатли ПЦР тести натижалари мавжудлигидир.
Бундан аввал, карантин қоидаларини юмшатиш жараёнида 31 мамлакат фуқаролари учун, шунингдек, Қирғизистонда ўқиётган, даволаниш ёки қариндошларини кўриш учун келган чет эл фуқароларига Қирғизистонга киришга рухсат берилган эди.
Президент сайловига тайёргарлик
Янги йилнинг 10 январь куни Қирғизистонда президентлик сайловлари бўлиб ўтади. Президентликка номзод сифатида рўйхатдан ўтиш тартибининг барча босқичларида қатнашган 18 нафар номзод ушбу лавозим учун курашмоқда. Президент сайловларида қатнашиш мақсадида Қирғизистон Марказий сайлов комиссиясига ариза берган 47 кишидан атиги 18 нафари рўйхатга олишнинг ҳар бир босқичидан ўтган.
Марказий сайлов комиссияси сайлов кузатувчиларини аккредитациядан ўтказишда, Президентликка номзодлар эса ташвиқот ишларига пул сарфлашда давом этмоқда.
20-декабрь ҳолатига кўра, президентликка номзодлар сайлов фондидан қарийб 80 миллион сом (960 минг доллар) сарфлади. Қоидага мувофиқ, президентликка номзодларнинг сайловолди ташвиқоти учун барча харажатлар шу фонд маблағлари ҳисобидан қопланиши лозим.
________________________________________________________________________________________________________________________________________
Тожикистон
АҚШ Тожикистонни диний эркинлик бўйича “қора рўйхат”да қолдирди
Декабрь ойи бошида АҚШ Давлат департаменти веб-сайтида Майкл Помпеонинг баёноти эълон қилинди. У жаҳоннинг турли мамлакатларидаги диний эркинлик масаласида сўз юритар экан, ушбу эркинлик бузилаётган 10 та мамлакатни номма-ном қайд этди.
Рўйхатга Туркманистон, Хитой, Эрон, Шимолий Корея, Мянма, Нигерия, Покистон, Саудия Арабистони ва Эритрея билан бир қаторда Тожикистон ҳам киритилган. Мазкур йўналишда эришилган ютуқ ва натижаларга асосланиб, 2020 йили Ўзбекистон ва Судан ушбу рўйхатдан чиқарилган эди. Шу билан бирга, Россия Давлат департаментининг “алоҳида эътибор” рўйхатига киритилган.
Тожикистон дин ишлари қўмитаси АҚШ Давлат котибининг ҳисоботига норозилик билдириб, берилган бундай баҳо ҳақиқатга тўғри келмаслигини айтган.
Тожикистонда ўртача маош қанча?
Тожикистон статистика агентлиги республика иқтисодиётининг турли соҳаларидаги ўртача ойлик иш ҳақи тўғрисида маълумотларни эълон қилди. Ушбу маълумотларга кўра, энг паст маош қишлоқ, ўрмон ва балиқчилик хўжалигида – бу соҳада ўртача ойлик иш ҳақи 563 сомоний, яъни 49,5 АҚШ долларини ташкил қилади.
Кончилик, қурилиш, электр энергияси ва сув таъминоти тизимида эса ўртача ойлик маош 2400 сомоний, яъни 211,2 АҚШ долларига тенг.
Энг юқори маошлар банк сектори ва суғурта соҳасидадир. Молия соҳасида ўртача ойлик 3397 сомоний, яъни 298,9 АҚШ долларига тенг.
2020 йилнинг сентябрь ойида республика бўйича ўртача номинал ойлик иш ҳақи 1426 сомоний, яъни 125,4 АҚШ долларини ташкил қилди.
Тожикистон очиқ маълумотлар рейтингида 40 поғона пасайди
“Open Data Inventory” (ODIN) деярли ҳар йили жаҳон мамлакатлари бўйлаб очиқ маълумотлар рейтингини тузади. Охирги икки йилда (сўнгги рейтинг 2018 йили тузилган) Тожикистон ушбу рейтингдаги 40 позицияни йўқотди ва 187 давлат орасида 129-ўринни эгаллади. Бундан аввал эълон қилинган рейтингда Тожикистон 89-ўринни эгаллаган эди.
Марказий Осиёнинг бошқа давлатлари ҳақида айтадиган бўлсак, минтақада етакчи ўринни Ўзбекистон эгаллаган. Ўзбекистон охирги рейтингда 125 поғона кўтарилиб, жаҳон бўйича 44-ўринни, Марказий Осиё давлатлари орасида эса 1-ўринни эгаллаган.
Минтақада 2-ўринни Қозоғистон (халқаро рейтингда 53-ўрин), учинчи – Қирғизистон (халқаро рейтингда 95-ўрин), 4-ўринни эса Тожикистон (халқаро рейтингда 129-ўрин) эгаллаган.
Марказий Осиёнинг 5 мамлакати ичида Туркманистон нафақат минтақа, балки бутун жаҳон рейтингининг сўнгги қаторини эгаллаб турибди (халқаро рейтингда 187-ўрин).
________________________________________________________________________________________________________________________________________
Туркманистон
Туркманистонда 4 русумдаги автомобиллар техник кўрикдан ўта олмайди
“Хроника Туркменистана” номли веб-сайтда ёзилишича, Туркманистонда “BMW”, “Mercedes-Benz”, “Toyota Corola” ва “ВАЗ” русумли автомобиллар техник кўрикдан ўта олмайди. Нашр хабарига кўра, бу борада расмий таъқиқлар мавжуд эмас, мазкур қоидалар фақат кўрсатмаларга биноан амалга оширилмоқда.
Ўтган йилнинг ноябрь ойида turkmen.news веб-сайти, Туркманистонда қора рангли деталларга эга автомобиллар техник кўрикдан ўта олмаслиги ҳақида хабар берган эди. Агар деталлар заводда ўрнатилган бўлса, уларни оқ ёки бошқа рангга бўяш лозимлиги таъкидланган. Ҳатто бу техник жиҳатдан таъқиқланган бўлса ҳам. Таъқиқ бирор расмий ҳужжатга асосланмаган, буларнинг бари оғзаки кўрсатмаларга мувофиқ амалга оширилмоқда.
Туркманистон нейтралитетнинг 25 йиллигини нишонлади
Туркманистон мамлакат бетарафлигининг 25 йиллигини нишонлади. Маросим Президент Гурбангули Бердимуҳамедов ҳамда ҳукумат ва парламент аъзоларининг Бетарафлик монументи пойига гул қўйиши билан бошланди. Сўнгра президент, ҳукумат ва парламент аъзолари, дипломатик ваколатхоналар иштирокида “Нейтраллик сиёсати ва унинг халқаро тинчлик, хавфсизлик ҳамда барқарор ривожланишни таъминлашдаги аҳамияти” мавзусидаги конференция бўлиб ўтди. Кун якунида Бетарафлик монументи ёнида концерт ташкил этилиб, байрамона мушаклар отилди.
Марказий Осиёнинг энг баланд арчаси – Ашхободда
2020 йили Марказий Осиёдаги энг баланд Янги йил арчаси Туркманистон пойтахти Ашхободда ўрнатилди. Унинг баландлиги 41 метрни ташкил қилади.
Минтақада Янги йил арчасининг баландлиги бўйича иккинчи ўринни Тошкент эгаллаган – Ўзбекистон пойтахтига ўрнатилган Янги йил арчасининг баландлиги 36 метрга етади. Учинчи ўринни эгаллаган Янги йил арчаси Қозоғистон пойтахти Нур-Султон ва Қирғизистон пойтахти Бишкекда ўрнатилган. Уларнинг баландлиги 25 метрга тенг.