Сурат манбаси: moroccoworldnews.com
Муаллиф: Шавкат Икромов – Яқин Шарқ давлатлари бўйича тадқиқотчи, Тошкент давлат шарқшунослик университетининг ўқитувчиси
Бугун жаҳон мамлакатларида содир бўлаётган воқеа-ҳодисаларнинг матбуотдаги талқини жуда катта акс-садо бермоқда. Ва бу акс-садо ўша воқеаларнинг янада шиддат билан авж олишига, баъзан ҳатто кескинлашувига сабаб бўлаётир. Бунинг ёрқин исботини ортда қолган октябрь ойи мисолида ҳам кўриш мумкин. Хабарингиз бор, Франция президенти Эммануэль Макрон нутқининг матбуотда бузиб талқин қилиниши шаклланган муносабатлардаги тарангликка сабаб бўлди. Умуман, интернет орқали яшин тезлигида тарқалаётган бундай ҳолатларга кўплаб мисоллар келтириш мумкин.
Қуйида жаҳон миқёсида содир бўлаётган воқеа-ҳодисаларнинг араб матбуотидаги талқинини кўриб чиқамиз. Араб давлатларидаги сиёсий хилма-хиллик ва матбуотдаги фикрлар қарама-қаршилиги турли ракурсларда ахборот олиш, бир-бирига зид талқинлар билан танишиш имконини беради. Шундай қилиб, октябрь ва ноябрь ойларида араб тилидаги оммавий ахборот воситаларининг етакчи мавзуси қуйидагилар бўлди:
- АҚШда бўлиб ўтган президент сайловлари,
- Франциядаги карикатуралар билан боғлиқ кескин вазият,
- Тоғли Қорабоғдаги уруш,
- Саудия Арабистонининг G20 саммитига мезбонлиги,
- Давом этаётган коронавирус пандемияси.
Трампдан миннатдор араб давлатлари Байденни ҳам муносиб кутиб олмоқчи
Қўшма Штатларнинг глобал етакчи эканлиги ҳисобга олинса, Оқ уйни ким бошқариши жаҳондаги барча минтақалар учун бирдек аҳамиятлидир. Яқин Шарқ минтақасида эса бу янада долзарб масала ҳисобланади. Араб мамлакатларида АҚШнинг бу минтақадаги сиёсатига жиддий қаршилик кўрсатувчи ва уни қўллаб-қувватловчи гуруҳлар ҳамиша мавжуд бўлган. Шу боис ҳам, Қўшма Штатлардаги сайловлар жараёнини араб давлатлари жиддий кузатиб боради, араб нашрлари эса сайловлар билан боғлиқ барча маълумотни соатма-соат шарҳлайди. Бу йил бўлиб ўтган сайловларни ҳам матбуот кенг ёритди.
“Ал-Араб” газетаси сайлов натижаларининг Форс кўрфазидаги араб давлатларига эҳтимолий таъсири ҳақида мақола эълон қилди. Мақолада қайд этилишича, Доналд Трамп маъмурияти кўрфаз араб давлатлари билан яхши ҳамкорликни йўлга қўйган, кўрфаздаги араб давлатларига қурол сотиш орқали уларнинг минтақада ҳарбий устуворликка эришиши учун имкон яратган. Кўрфаз араб давлатлари Трамп маъмуриятидан миннатдор бўлгани ҳолда Байденнинг ҳокимиятга келишига ҳам муносиб тайёргарлик кўрмоқда.[1]
Араб сиёсий тизимларини танқид қилиш билан ном қозонган “Ар-Қантара” нашри ҳам Яқин Шарқнинг автократик раҳбарлари Жо Байден ҳокимиятга келишини жиддий хавотир билан қарши олишига асослар етарли эканини ёзди. Яъни, Байденнинг ғалабаси Америка учун инсон ҳуқуқлари масаласини яна марказий ўринга олиб чиқади, бу эса минтақадаги автократик режимлар учун таҳдиддир. Шунингдек, нашрда Трамп Яқин Шарқдаги ушбу ҳукуматларнинг ривожланиши, мухолифатга қарши кураш сингари ҳаракатлар учун “яшил чироқ”ларни ёқиб қўйгани, кўрфаз давлатларининг Қатарга қарши блокировкалаш кампаниясини қўллаб-қувватлагани ҳам эслатиб ўтилган[2].
“СNN arabic” нашри ҳам сайлов натижалари Яқин Шарқ минтақаси шакллантирган масалаларга тубдан таъсир кўрсатиши ва бу ўзгаришлар Эрон ядровий келишуви ҳамда минтақадаги назоратсиз қолаётган авторитаризмнинг кучайиб боришига қарши сиёсатгача бўлган бир қанча йўналишларни қамраб олиши мумкин”, деб ёзади[3].
“Сурия ТВ” ахборот портали Жо Байден ғалабасидан Башар Асад ҳукумати Яқин Шарқдаги вазият динамикасида ўз фойдасига ўзгариш бўлишини кутмоқда, Фаластин маъмурияти эса “даҳшатли туш” тугашидан умидвор[4], деб ёзган.
“Ал-Қудус Ал-Арабия” газетаси Фаластин халқи Трамп мағлубиятидан мамнунлиги ҳақида мақола эълон қилди[5]. Газетада айтилишича, фаластинликлар Трампнинг президентлик даврида жуда кўп азоб чекишди. Хусусан, 2017 йил 6 декабрь куни Трамп маъмурияти босиб олинган Қуддусни Исроил пойтахти деб тан олганини расман эълон қилди ва 2018 йил май ойида ўз элчихонасини Тел-Aвивдан Қуддусга кўчирди. Шу билан бирга, фаластинлик сиёсатчилар Байден ғалабаси Aмериканинг Исроилни дастаклашга қаратилган “анъанавий” сиёсатини ўзгартириши мумкинлигини инкор қилмоқда.
Бир сўз билан айтганда, Оқ уйнинг янги раҳбари Яқин Шарқда қандай сиёсат олиб бориши ҳали номаълум бўлса-да, араб матбуотида мазкур сиёсат қандай юритилиши башорат қилинмоқда. Буларнинг баридан тушуниш мумкин-ки, Байден баъзи араб давлатлари ҳамда Исроил учун Трамп сингари яхши шерик ва дўст бўла олмайди. Фаластинликлар Байденнинг Трамп каби душманлик қилмаслигидан, Эрон эса демократларнинг санкциялардан қайтишидан умидвор.
Европа исломга эмас, радикал гуруҳларга қарши
Муҳаммад пайғамбар карикатурасини кўрсатган тарих ўқитувчисини чечен миллатига мансуб ўсмир шафқатсизларча ўлдиргани европаликларнинг ўринли норозилигига сабаб бўлди.
Араб-мусулмон дунёсидаги нуфузли нашрлардан бири – “Шарқ Ал-Авсат”: “Мазкур воқеа Европадаги диний гуруҳлар фаолиятини қўллаб-қувватлаб келаётган сўл кучлар ва уларга қарши мухолифат ўртасида жиддий баҳслар келтириб чиқарди. Европадаги сўл кучлар ўз стратегиясини қайта кўриб чиқа бошлади”, деб ёзди.
Мазкур газета ўз саҳифаларида Европада бошланган диний экстремизм ва радикал гуруҳларга қарши янги курашнинг мазмун-моҳиятини очиб беришга ҳаракат қилган[6]. Газетада билдирилган фикрга кўра, “Эрон ва Мусулмон биродарлар гуруҳининг медиа воситалари Европадаги экстремистик гуруҳларга қарши курашни Исломга қарши кураш сифатида тарғиб қилиш орқали Европани ўз курашларига жалб қилмоқчи. Кўплаб тадқиқотлар шуни кўрсатмоқдики, Европадаги мусулмонларнинг 10 фоиздан камроғи ўзини “Мусулмон биродарлар” вакили деб ҳисоблайди. Бу озчилик Европа мусулмонлари орасида сиёсий Исломни тарғиб этиш учун ҳаракат қилмоқда” Манфаатдор кучлар эса “Биродарлар” сингари гуруҳларни Европада сақлаб қолишга интиляпти.
Европада диний экстремизм ва радикал гуруҳларга қарши янги кураш жараёнлари Яқин Шарқдаги баъзи мусулмон давлатларнинг Францияда ишлаб чиқарилган маҳсулотларга қарши бойкот кампанияси билан бирга кечмоқда. Гап шундаки, ҳалок бўлган ўқитувчининг дафн маросимида Эммануел Макрон Ислом динидаги экстремистик гуруҳларга қарши кураш ва эркин француз жамиятининг карикатураларга нисбатан муносабати ҳақида гапирган эди. Бироқ, баъзи бир кучларнинг Макрон нутқидан жумлаларни юлиб олиши ва уни талқин қилиши туфайли мусулмон дунёсида нафрат ҳиссига тўла кайфият юзага келди.
“Ал-Жазира” веб саҳифаси Макроннинг “Мен мусулмонларнинг ҳис-туйғуларини тушунаман ва ҳақоратли карикатураларни қабул қилмайман”, деган сўзларидан иқтибос келтирди.[7] Унда ёзилишича, Макрон бутун Ислом дини ҳақида эмас, балки мазкур динни ниқоб қилиб олган экстремистик гуруҳлар ҳақида гапирган, у терроризм қурбонларининг 80 фоизи мусулмонлар эканлиги ва ушбу экстремистик гуруҳлар Ислом динини бузиб кўрсатаётганини таъкидлаган. Франция президентининг сўзларига кўра, мусулмонларда уйғонган салбий ҳислар ёлғон ва нотўғри маълумотлар туфайли юзага келди.
Бойкот билан боғлиқ фитна ва бунинг ташаббускорлари ҳақида Мисрнинг “Алявм Ас-сабиъ” нашри катта мақола эълон қилди. Унда ёзилишича, “Ал-Жазира” телеканали Қатар ва Туркия ҳамкорлигида Францияга қарши бошланган кампаниянинг тарғиботчиси ҳисобланади. Айнан мазкур медиа-тармоқнинг марказий студияси орқали Франция маҳсулотларини бойкот қилиш кампанияси бошлаб берилган. Бироз вақт аввал Араб давлатлари Туркия маҳсулотларига қарши бойкот эълон қилди, бундан Туркия катта зарар кўрди ва энди ғилдиракни Франция тарафга айлантириб юборди.[8]
Туркия ташаббуси билан Франция маҳсулотларига қарши кампания авж нуқтасида бўлган бир даврда “Ал-Жазира”нинг Франциядаги мухбири Макрон билан суҳбат уюштирди. Бу суҳбат ҳақида бир қатор араб нашрлари ўз позициясини эълон қилди.
“Алявм Ас-сабиъ” нашри “Бу суҳбат “Ал-Жазира” орбитасидаги кузатувчиларни ҳайратга солди. Чунки, бу интервью “Ал-Жазира” ва унинг ортида турган кучларнинг асл мақсадларини очиб ташлади, “Макрон билан суҳбат “Ал-Жазира”ни фош қилди”, деб ёзди[9].
“Ал-Халиж он-лайне” эса “Макроннинг бу қарори мусулмонлар ғазабини босиш учун етарлими“, деган саволни қўйди[10]. Нашр “Чекиниш етарли эмас”, Франция вазиятни юмшатиш учун барча мусулмонлардан очиқчасига кечирим сўраши керак, деб ёзади.
“Ал-Ахбар” нашри эса Макроннинг “Ал-Жазира”га келишини тўғри қарор дея баҳолаб, бу воқеа миллионлаб ғазабланган мусулмонларни тинчлантириш учун қилинган иш эканини айтган[11].
“Ал-Жазира” ва шу сингари ахборот порталлари, шунингдек, маҳаллий нашрларнинг нохолис талқини қандай оқибатларга олиб келиши мумкинлигини мазкур воқелик исботлаб берди. “Ал-Жазира” орқали ёритилган бу кампания Марказий Осиё мусулмонларини ҳам чалғита олди. Қирғизистоннинг Жалолобод ва Ўш шаҳарларида Франция президентининг баёнотига қарши митинглар бўлиб ўтди[12].
Тоғли Қорабоғ можароси ва тинчлик шартномасининг ёритилиши, талқини
10 ноябрь куни Тоғли Қорабоғда Арманистон ва Озарбойжон ўртасида Россия ва Туркия воситачилигидаги тинчлик келишуви имзоланди. Бунга араб матбуотида турлича муносабатлар билдирилди.
“Ал-Ҳурра” нашри Озарбойжон ва Арманистон ўртасидаги Тоғли Қорабоғ учун икки ойлик курашдан сўнг эришилган тинчлик шартномаси ва мазкур низода учинчи томонларнинг манфаатларини таҳлил қилди. Нашрда ёзилишича, 1997 йилдан бери мавжуд ва охирги икки ойда жиддий ҳарбий тўқнашувларга сабаб бўлган ҳудудий низо Россия манфатлари доирасида ҳал қилинди: “Бу қарор Путиннинг арман сиёсатчиларидан хафсаласи пир бўлгани ва минтақада Туркиянинг сиёсий ўйинчи сифатида қабул қилинганини кўрсатди”[13].
“Ал-Араб” нашри ҳам “Россия бу минтақада ҳали-ҳамон катта таъсирга эга эканини исботлади”, деб ёзди. Мақолада айтилишича, битимдан сўнг Россия Кавказда кимнинг таъсири кучлилигини кўрсатиб қўйган бўлса-да, у ҳозир қалтис вазиятда қолмоқда. Арманистонда кескинлашиб бораётган вазият сабаб Пашинян истеъфога чиқарилса ва Ереванда ғарбга йўналтирилган кучлар ҳокимиятга келса, Россия Арманистондаги таъсирини йўқотади. Чунки ҳозир Арманистонда унга ёрдам беролмаган Кремль позицияларига қарши жамоатчилик ғазаби кучайиб бормоқда[14].
Пандемия ва терроризм – умумийлик нимада?
Коронавирус мавзуси, мана, бир йилдирки, араб матбуотининг асосий мавзуларидан бири бўлиб қолмоқда. Турли гуруҳларга тегишли нашрларда пандемия билан боғлиқ вазиятлар, хусусан, диний ибодатларни бажаришга нисбатан чекловлар борасида қарама-қарши талқинларни учратиш мумкин.
“Ал-Жазира” нашри пандемия сабаб масжидлар ёпилиши ва жамоат ибодатлари вақтинчалик таъқиқланиши мусулмонлар тарихида биринчи маротаба эмаслиги ҳақида таҳлилий мақола эълон қилди. Унда тарихий манбалардан иқтибос келтирилиб, Ислом ўтмишидаги ўндан ортиқ пандемиялар ҳақида маълумот берилган. Хусусан, хижрий 18 йили Шом ўлкасида, хижрий 395 йили Тунисда, 449 йили Ўрта Осиё ҳудудларида бошланиб, кейинчалик ғарбга, Ироқ ерларига қадар кенгайган ва натижада тахминан 2 миллионга яқин кишининг ўлимига сабаб бўлган вабо ёдга олинган. Бундан ташқари, хижрий 749 йилда Мисрда тарқалган қора ўлат, хижрий 827 йили Маккада бошланган ва ҳар куни 40 кишининг ўлимига сабаб бўлган вабо ҳамда бошқа кўплаб пандемиялар тилга олинган. Мақола хулосасида сиёсий тизимлардаги фарқларга қарамай, мусулмон давлатлари пандемия шароитида якдил қарор қабул қилгани ёзилган. Зеро, диний уламолар ўртасида баҳслар борган бўлса-да, барча мусулмон давлатларида бирдек масжидлар ёпилган[15].
Германиялик эксперт Стефан Вайднер “Ар-Қантара” веб-сайти учун ёзган таҳлилий материалида терроризм ва пандемия ўртасидаги умумийликни кўриб чиқади. Иккаласи ҳам қотил, ҳар иккисига қарши кураш тинч аҳоли ва иқтисодиётга зарар келтиради. Эксперт 2020 йили бошланган пандемия ва 2001 йилнинг 11 сентябрь куни бўлган нохуш воқеадан кейин ўзгарган жаҳонда умумийликлар борлигини қайд этади. Хусусан, 11 сентябрь воқеаларидан сўнг қисқа муддатга бўлса-да, халқаро ҳаво линияларида узилишлар бўлди, жаҳон миқёсида Ислом дини ва мусулмонларга нисбатан шубҳалар кучайиб, ҳар бир мусулмон потенциал террорчи сифатида кўрилди. Турли фитна назариялари кўпайгани сайин исломофобистик қарашлар авж олди.
Вирус сабабли ҳам халқаро ҳаво линиялари узоқ муддатга ёпиб қўйилди, даҳшатли касаллик кенг тарқалишида кимни айблаш кераклиги ҳақидаги баҳслар турли фитналарга сабаб бўлди. Дастлабки босқичда осиёликлардан шубҳаланиш ортидан Европада расизм аломатлари кузатилди, кейинчалик эса ҳар бир фуқаро вируснинг потенциал ташувчиси эканлигига ишонилди. 11 сентябрдан кейин фақат мусулмонлар жабрланган бўлса, бугунги кунда ҳар бир киши вирус қурбони бўлиши мумкин[16].
Саудия Арабистони “G20” саммитига мезбонликдан ўз имижини ўзгартириш учун фойдаланиши мумкинми?[17]
Жорий йилнинг 21-22 ноябрь кунлари якунига етиб бораётган йилнинг муҳим воқеаларидан бири – “Катта йигирматалик”нинг (G20) Саудия Арабистони пойтахтида бўлиб ўтган он-лайн форматдаги саммитидир. “Катта йигирматалик” саммитига илк бор араб давлати мезбонлик қилди. Мазкур саммит иши тафсилотлари араб матбуотининг асосий мавзуси бўлиб, барча етакчи газеталар саммитдан лавҳалар бериб борди.[18]
Германиядаги жаҳонга машҳур “Deutsche Welle” телерадиокомпаниясининг араб тилидаги веб-саҳифаси орқали бир мақола омма эътиборига ҳавола қилинди. Унда G20 саммити Саудия Aрабистонида ўтказилишининг аҳамияти таҳлил қилинган. Саудия Aрабистонининг саммит ишига мезбонлиги жаҳонда Саудиянинг инсон ҳуқуқларини бузаётгани учун халқаро танқид ва бойкотга чақириқлар фонида амалга оширилди. Aр-Риёд саммитга мезбонликдан ўз имижини ўзгартириш учун фойдаланиши мумкинми? Саммитнинг бошқа араб мамлакатлари учун қандай оқибатлари бўлиши мумкин, деган саволлар мазкур мақолада таҳлил қилинган.
“Al Arabiya” ахборот агентлиги Саммит иши бўйича қабул қилинган Баёнотда етакчи мамлакатларнинг қарздор давлатлардаги миллиарддан зиёд одамларга фойда келтирадиган қарз бўйича тўловлари 2021 йил июнь ойигача тўхтатилиши тўғрисидаги ташаббус маъқуллангани ҳақида хабар берди[19].
“Ал-Жазира” саммит иши натижасида қабул қилинган баёнотдаги “G20” аъзоларининг коронавирусга қарши вакцина яратиш ва уни адолатли тақсимлаш, вакцинани барча мамлакатлар, хусусан, камбағал давлатларга ҳам етказиб бериш, пандемия шароитида жаҳон соғлиқни сақлаш тизимига катта молиявий ёрдам кўрсатиш, камбағаликка қарши кураш бўйича тизимли ишларни йўлга қўйиш каби тезисларига эътибор қаратган.
“Ал-Жазира” мухбири баёнот бўйича Лондонда жойлашган “Helpage” ёрдам гуруҳининг бош ижрочи директори Justin Derbyshire билан суҳбатни эълон қилди. Унда айтилишича, G20 мамлакатлари, афсуски, пандемия шароитида жаҳон аҳлига ёрдам бериш учун мажбуриятларни тўғри тақсимламаган. “Сўз билан айтиш яхши, аммо биз жаҳон мамлакатлари учун зарур амалий ҳаракатлар ва молиявий ёрдам масаласини кўриб чиқишимиз керак”, деди Derbyshire. Унинг айтишича, келгуси ойларда “Пандемия сабаб очлик ва тўйиб овқатланмасликни бартараф этиш учун ўз вақтида берилиши керак бўлган молиявий ёрдам талаб қилинади”.
Ташкилот раҳбарлари ўз-ўзини таъминлашга қодир бўлмаганлар сони тобора ортиб бораётганига эътибор қаратиши керак. Зеро, уларнинг сони жорий йил июнь ойида 54 миллионни ташкил қилган бўлса, ҳозир 91 миллионгача етди. Жаҳон банки 2021 йил ўрталарига келиб, камбағаллар сони 150 миллионга кўпайиши ҳақида прогноз қилган дея Justin Derbyshireнинг сўзларини келтирган, нашр[20].
________________________________________________________________________________________________________________________________________
[1] https://alarab.co.uk/ دول الخليج تتحضر لسيناريو فوز بايدن وإن كانت تميل لترامب
[2] https://ar.qantara.de/content أنظمة القمع العربية تحبس أنفاسها قبل رحيل دونالد ترمب
[3] https://arabic.cnn.com/middle-east/article/2020/11/04/trump-biden-mideast-policy-analysis تحليل.. ماذا سيعني فوز ترامب أو بايدن للشرق الأوسط؟
[4] https://www.syria.tv تأثيرات فوز بايدن على التطورات الإقليمية
[5] https://www.alquds.co.uk فلسطين.. هل يصلح بايدن ما أفسده ترامب؟
[6] https://aawsat.com/home/article/2584331/ في أوروبا حرب ضد الجماعات لا ضد الإسلام
[7] https://www.aljazeera.net/news/politics/2020/10/31 ماكرون يتحدث للجزيرة: أتفهم مشاعر المسلمين ولا أتبنى الرسوم المسيئة
[8] https://www.youm7.com/story/2020/11/1 حوار ماكرون فضح “الجزيرة”.. القناة القطرية استغلت أزمة الرسوم
[9] https://www.youm7.com/story/2020/11/1 حوار ماكرون فضح “الجزيرة”.. القناة القطرية استغلت أزمة الرسوم
[10] https://alkhaleejonline.net هل تكفي تصريحات ماكرون لامتصاص غضب المسلمين؟
[11] https://al-akhbar.com/Media_Tv/295885
[12] https://24.kg/english/171462_Rally_against_President_of_France_held_in_Jalal-Abad_and_Osh/
[13] https://www.alhurra.com/arabic-and-international/2020/11/10/ بوتين يعيد ناغورنو قره باغ إلى “عصر ستالين”.. والأرمن يشعرون بالخذلان
[14] https://www.alaraby.co.uk/politics ناغورنو كاراباخ: اتفاق سلام بطعم الاستسلام
[15] بينها تعطل للمسجد النبوي أيام الصحابة والحرم المكي والأزهر والأموي.. تعرف على وقائع توقف صلوات الجماعة بتاريخ المسلمين
[16] https://ar.qantara.de/content لإرهاب أشبه بمداعبة مقارنةً بجائحة كورونا؟
[17] https://aawsat.com/home/article/2640766/ محمد بن سلمان: كرّسنا جهودنا لبناء عالم أقوى وأكثر استدامة
[18] https://aawsat.com/home/article/2640766/ محمد بن سلمان: كرّسنا جهودنا لبناء عالم أقوى وأكثر استدامة
[19] https://www.alarabiya.net/ar/arab-and-world/2020/11/23 “النقد الدولي” يشيد بإجراءات قمة الـ20 للتخفيف من توابع الوباء
[20] https://www.aljazeera.com/news/2020/11/22/g20-group-say-they-will-ensure-fair-access-to-covid-19-vaccine