Сурат манбаси: firetrip.me
1993 йилдан бошлаб Ўзбекистонда ҳар йили 27 июнь матбуот ва ОАВ ходимлари куни сифатида нишонланади. Агар ўтган асрнинг охирларида ушбу сана оммавий ахборот воситаларининг уч асосий тури – радио, телевидение ва матбуот (газета ва журналлар) ходимларининг касб байрами ҳисобланган бўлса, бугунги кунда бу байрамни нишонлайдиган аудитория анча кенгайди. Сабаби, интернетнинг ихтиро қилиниши ва унинг қисқа вақт ичида жадал ривожланиши ахборот узатиш ҳамда тарқатиш шакллари ва усулларига катта таъсир кўрсатди. Гарчи интернет технологияларининг ривожланиши юқоридаги анъанавий уч кўринишдаги ОАВнинг ахборот тарқатиш шаклларини ўзгартираётган бўлса-да, унинг босма нашрларга таъсири кўпроқ. Онлайн оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқлардаги блогерлик фаолияти босма шаклдаги матбуотни медиа хизматлар бозоридан фаол равишда четга сурмоқда. Оқибатда сўнгги йилларда босма газеталар ва журналлар ададининг барқарор пасайиши кузатилмоқда. Албатта, медиа соҳасидаги бу каби барча ўзгариш ва жараёнлар ахборотни истеъмолчига етказиб бериш тезлигини бир неча баробар оширишига ҳамда истеъмолчилар аудиториясини анча кенгайишига олиб келди. Аммо, шу ўринда, интернет нашрларининг босма матбуот эга бўлган имкониятларга эга эмаслигини таъкидлаб ўтиш лозим. Интернет тезкорлик бўйича шубҳасиз чемпион, бироқ сайтда чоп этилган мақолага ўзгартириш киритиш, исталган вақтда материални олиб ташлаш мумкин. Босма нашрларда бунинг иложи йўқ, чоп этилган мақолани оператив тарзда йўқ қилиш мушкул масала.
Босма матбуотнинг охирги йилларда кузатилаётган таназзулига қарамай, ахборот тарқатишнинг ушбу шакли оммавий ахборот воситаларининг бугунги кўриниш ва даражага етишида мустаҳкам пойдевор бўлди. Матбуот пайдо бўлганидан буён у узоқ ва машаққатли йўлни босиб ўтди: бу шаклланиш, жадал ривожланиш ва охирги йилларда кузатилаётган босма нашрларга талабнинг кескин пасайишини ўз ичига қамраб олади.
Қуйида босма матбуотнинг қисқача тарихини инфографикаларда эътиборингизга ҳавола қиламиз:
Инфографикани тайёрлашда қуйидаги манбалардан фойдаланилди:
Wikipedia сайтининг Газета, The Daily Graphic, Daily Mirror саҳифалари
https://historytime.ru/rekordyi-ginnesa/argumentyi-i-faktyi-v-knige-rekordov/