Сурат манбаси: zik.ua
Бундан бир неча ўн йиллар олдин, одамлар ўзи яшаётган мамлакати ва дунёда содир бўлаётган барча воқеа, ҳодисалар ҳақида газеталар, телевидение ва радиодан билиб олишарди. Бугунги кунда интернет “анъанавий” янгиликлар ва хабарлар манбалари билан жиддий рақобатлашмоқда, кўпчилик учун у асосий ахборот манбаига айланган. Бундан ташқари, одамлар интернетдан фаол равишда ижтимоий тармоқларда мулоқот қилиш, керакли маълумотлар ва билимларни қидириш, фильмларни томоша қилиш ва севимли санъаткорларининг мусиқаларини тинглаш учун фойдаланадилар. Қисқача қилиб айтганда, бугунги кунга келиб интернет одамларнинг оммавий ахборот воситаларидан фойдаланиш услуби ва медиа одатларини кескин тарзда ўзгартирмоқда. Шу билан бирга, интернетдаги катта ҳажмдаги ранг баранг ва баъзан бир-бирига қарама-қарши бўлган маълумотлар оқими кўпинча бу ахборотларни адекват қабул қилишга халақит беради. “Фейк” яъни “Сохта” янгиликларнинг тарқалиши замонавий жамият учун катта муаммога айлангани рост. Маълумотларни ишончлилигини текшириш учун турли сайтларни ўрганиш, фактларни тўлиқ таҳлил қилиш ва таққослашга кўпчиликнинг вақти йўқ.
Ўтказилган сўровномалар натижаси шуни кўрсатдики, ўзбекистонлик ва тожикистонликларнинг аксарияти учун телевидение ахборотнинг асосий манбаи бўлиб қолмоқда. Қозоғистонда бу аҳолининг ёш гуруҳига боғлиқ: 30 ёшдан ошган одамлар учун телевизор асосий ахборот манбаи, ёшлар эса асосан интернет сайтларидан маълумот олишади. Интернет сайтлари ҳозирги кунда босма нашрларни медиа соҳасидан бутунлай чиқариб юбормоқда деган фикрларга қарамай, сўров натижаларига кўра, ушбу уч мамлакат аҳолисининг 55% дан 70% гача аҳолиси ҳозир ҳам босма нашрларни ўқийди.
Ўтган йилнинг ёз ойларида “Ижтимоий фикр” тадқиқот институти (исследовательский институт “Общественное мнение”) Марказий Осиёнинг уч мамлакатида – Ўзбекистон, Қозоғистон ва Тожикистонда оммавий ахборот воситаларининг ушбу республикалардаги аҳолининг медиадан фойдаланиш ва медиасаводхонлиги бўйича сўров ўтказди. Ушбу тадқиқот Internews буюртмасига биноан USAID кўмагида ташкил этилган бўлиб, тадқиқотда ушбу мамлакатларнинг ҳар биридан 1000 нафар респондентлар қатнашган.
Қуйида ушбу тадқиқотнинг асосий натижалари шарҳини эътиборингизга ҳавола қиламиз.
Телевизор ўзбекистонликлар ва тожикистонликлар учун асосий маълумот манбаи
Телевидение кашф қилингандан буён бугунги кунга келиб телевизор оила аъзосига айланиб улгурди. Телевизор атрофида кечки овқат ва таътил вақтида барча оила аъзолари тўпланади. Телевизион шоулар, сериаллар ҳамда фильмлар кўпинча оила даврасида ва жамиятда муҳокама, баҳс мавзуларини ташкил этади. Бугунги кунда ҳам телевидение Ўзбекистон ва Тожикистон аҳолиси учун асосий ахборот манбаи бўлиб қолмоқда.
Интернет сайтлари ва “қариндошлар ва танишлардан олинган маълумотлар” Ўзбекистон аҳолиси учун ушбу рўйхатда иккинчи ўринни эгаллайди. Республика аҳолисининг ёш гуруҳига қараб, интернет сайтлар ва танишлардан олинган маълумотлар ушбу рейтингда иккинчи ўрин учун ўзаро рақобатлашмоқда.
Тожикистонда қариндошлар ва танишлардан олинган маълумотлар шубҳасиз иккинчи ўринда, интернет сайтлари эса аҳолининг деярли барча ёш гуруҳлари учун учинчи ўринда туради. Фақат 19 ёшдан 29 ёшгача бўлган ёшлар истиснодир. Ўзбекистонликлар ҳамда тожикистонликлар учун ҳам ижтимоий тармоқлар ушбу рейтингда охирги ўринларни эгаллаган.
Ўзбекистонликлар ва тожикистонликларнинг оммавий ахборот воситаларидан фойдаданишидаги қизиқарли фарқ шундаки, тожикистон аҳолисининг “қариндошлари ва танишларидан олинган маълумотлар” ва интернет сайтларига ахборот манбаи сифатида ишончи Ўзбекистонга нисбатан анча юқори.
Қозоғистонда ахборот манбалари билан боғлиқ вазият бутунлай бошқача кўриниш касб этади. 29 ёшгача бўлган ёшлар учун ушбу рўйхатда биринчи ўринни интернет сайтлари, иккинчи ўринни ижтимоий тармоқлар, телевидение эса фақат учинчи ўринни эгаллаб турибди. Ахборот фойдаланувчиларининг ёши улғайиб бориши баробарида ахборот манбаларига бўлган муносабат кескин ўзгариб боради.
Марказий Осиё аҳолисининг неча фоизи босма матбуотни ўқийди?
Кўп йиллардан буён таҳлилчилар дунё бўйлаб ОАВнинг босма нашрлари ўқувчилари сони йил сайин камайиб бораётгани ҳақида огоҳлантирмоқда.
Улар оммавий ахборот воситаларига интернетда фаол ишлашни ва у ерда ўз аудиториясини шакллантиришни маслаҳат беришмоқда. Сўровда иштирок этган ўзбекистонлик ва қозоғистонликларнинг 36 фоизи газета ва журналларни электрон шаклда ўқишларини айтишган. Тожикистонда бу кўрсаткич 43,6 фоизни ташкил этади.
Сизнингча, Марказий Осиё минтақасидаги уч мамлакат аҳолисининг неча фоизи босма матбуотни ўқийди? Сўров давомида респондентларнинг ушбу саволга жавоблари қуйидагича тақсимланди (2019 йил ёз ойлари ҳолатига):
Ушбу мамлакатларда босма нашрларнинг фаол ўқувчилари 60 ёшдан ошган одамлар бўлиб, ўтказилган сўровномада шу ёшдаги респондентларнинг 37 дан 48 фоизгача бўлган қисми ҳар ҳафта босма газета ва журналларни ўқишларини айтишган.
20 ёшгача бўлган респондентларнинг 32 фоизидан 64 фоизигача (Тожикистонда – 32 %, Ўзбекистонда – 50 %, Қозоғистонда – 64 %) газета ўқимаcликларини маълум қилишган. Газета ва журналларнинг электрон вариантларини 30 дан 45 ёшгача бўлганлар кўпроқ мутолаа қиладилар.
Интернетдан фойдаланиш
Ўзбекистон, Тожикистон ва Қозоғистоннинг қанча аҳолиси интернетдан фойдаланади? Ушбу мамлакатлар респондентларининг жавоблари қуйидагича тақсимланди:
Ўзбекистонда – 57,7%
Тожикистонда – 66,8%
Қозоғистонда – 89,4%
Шу билан бирга, Ўзбекистондаги фойдаланувчиларнинг 41,2 фоизи мобил интернетдан фойдаланади, респондентларнинг 13 фоизи эса ҳам мобил ҳам стационар интернетга эга.
Тожикистонда 62,5% фойдаланувчилар мобил интернетга уланган. Ушбу мамлакат респондентларининг атиги 2.8 фоизи ҳам мобил ҳам стационар интернетга эга.
Қозоғистонда 45 ёшгача бўлган фойдаланувчиларнинг кўпчилиги мобил интернет ишлатишади, респондентларнинг 30 фоизи ҳам мобил ҳам стационар интернетдан фойдаланади.
Сўровномада ҳар уч республикадан иштирок этган 60 ёшдан ошган респондентларнинг 70-80 фоизи интернетдан умуман фойдаланмасликларини айтишган.
Сўров давомида шунингдек, респондентлардан интернетда нима билан шуғулланишлари сўралган. Энг фаол фойдаланувчилар сифатида қозоғистонлик респондентлар аниқланган, уларнинг аксарияти интернетдан ижтимоий тармоқларда мулоқот қилиш, янгиликлар ўқиш ва фильмларни томоша қилиш учун фойдаланадилар:
Медиасаводхонлик
Интернет кўплаб маълумотлар ва манбалардан фойдаланиш имконини беради. Ушбу улкан ахборотлар океанида керакли ва фойдали маълумотларни қидириб топа олиш муҳим аҳамият касб этади. Ахборотни топиш, қайта ишлаш, таҳлил қилиш имконини берадиган билим ва кўникмалар оммавий ахборот воситалари ва ахборот саводхонлиги деб аталади.
Ушбу сўровнома давомида тадқиқотчилар юқорида номи кўрсатилган уч давлат аҳолиси интернетнинг катта ахборот оқимида ўзига керакли бўлган маълумотни топа олиши, турли манбалардан маълумотларни тўплаш, қидирув сўровларини амалга ошириши, ушбу маълумотларни тўғри ва ишончлилигини аниқлаш ва ҳ.к.ни билишга ҳаракат қилишган.
Тадқиқот натижалари шуни кўрсатдики, 53 % ўзбекистонликлар, 36% тожикистонликлар ва 44 % қозоғистонликлар катта маълумотлар оқимида осон йўналиш олиб, ундан керакли ва фойдали маълумотларни топишларига ишонадилар.
Бундан ташқари, “Сизда медиавоситаларни ёлғон маълумот бераётгани ҳақида фикр пайдо бўладими?” деган саволга сўров қатнашчиларининг жавоблари минтақа мамлакатлари кесимида қўйидагича тақсимланган:
Ушбу сўров натижаларига кўра, 60 ёшдан ошган ўзбекистонлик ва тожикистонликларнинг 83% дан 93% гача бўлган қисми плагиат (бошқа одамларнинг асарлари ёки материалларидан ноқонуний фойдаланиш) нима эканлигини билмайди, 30 ёшдан 45 ёшгача бўлган ўзбекистонлик ва тожикистонлик респондентларнинг 66-69 фоизи “фейк хабарлар” яъни “сохта янгиликлар” атамасини тушунмайди.
Қизиғи шундаки, медиасаводхонлик, танқидий фикрлаш, ахборот саводхонлиги нафақат таълим даражасига (ўрта, ўртамахсус ва олий), балки техник кўникмалар ва ахборот оламида тўғри йўналиш олиш, маълумотларни топиш ва текшириш қобилиятига ҳам боғлиқ.
Мазкур тадқиқот натижалари билан батафсил қўйидаги ҳаволалар орқали танишишингиз мумкин:
http://metric.tilda.ws/mediaresearchuz