Сурат манбаси: ca-irnews.com
Муаллиф: Шавкат Икромов – Яқин Шарқ давлатлари бўйича тадқиқотчи, Тошкент давлат шарқшунослик институтининг ўқитувчиси, Ўзбекистон Фанлар академияси ҳузуридаги Ўзбекистоннинг энг янги тарихи масалалари бўйича Мувофиқлаштирувчи-методик марказ докторанти.
Сўнги йилларда хорижий оммавий ахборот воситалари жумладан, BBC, CNN, Euronews, Al Jazeera (Ал-Жазира) каби етакчи глобал медиатармоқларининг Марказий Осиё мамлакатларига оид сегменти тобора бойиб бормоқда.
Мазкур мақолада дунёдаги етакчи медиатармоқлардан бири бўлган Ал-Жазира контентида Марказий Осиё сегменти таҳлил қилинади. Бунда ушбу медиатармоқнинг араб ва инглиз тилидаги иккита телеканали, YouTube, Тwitter, Facebook ижтимоий тармоқларидаги саҳифаси ҳамда Ал-Жазира тадқиқотлар марказининг маълумотларидан фойдаланилди.
Ал-Жазира ҳақида
Ал-Жазира бутун дунёни қамраб олган ва ўзининг сунъий йўлдошига эга глобал медиатармоқ, шунингдек:
- Дунёда энг кўп томоша қилинадиган янгиликлар телеканалларининг биринчи ўнталигида 6-ўринни эгаллайди.
- 100 дан ортиқ давлатларда 400 миллионлик аудиторияга эга.
- 7 та халқаро, 10 дан ортиқ минтақавий, 10 га яқин алоҳида йўналишларга эга мустақил медиатармоқ.
- 416 миллионлик аҳолига эга 22 та араб давлатлари учун тезкор янгиликлар канали.
- Қатарнинг ташқи сиёсатини ёритувчи, шунингдек халқаро ахборот хуружларини ташкиллаштиришда энг кўп айбланадиган медиатармоқ.
- Дунёнинг ҳар бир ҳудудига “воқеалардан олдин етиб келиш” имкониятини яратган глобал медиатармоқ.
- Яқин Шарқ ва ислом дунёсидаги сиёсий ҳамда ижтимоий жараёнларни таҳлил қилувчи етакчи халқаро экспертларни ўзида жамлаган, илмий лаборатория.
Мазкур медиатармоқнинг инглиз ва араб тилидаги халқаро телеканалларида ҳамда тадқиқот марказида Марказий Осиё ҳақида йирик сегмент шаклланган. Ушбу мақолада, 2016 йилнинг январидан 2020 февраль ойига қадар медиатармоқ телеканалларида эълон қилинган Марказий Осиё сегменти ҳамда Ал-Жазира тадқиқот марказида тайёрланган таҳлилий мақолалар танлаб олинди.
Ўзбекистондаги ислоҳотлар Ал-Жазира нигоҳида
Ал-Жазиранинг ўзбек ёки рус тилида доимий ахборот тарқатувчи телеканали мавжуд эмас, унинг Ўзбекистонда республика Ташқи ишлар вазирлигида аккредитациядан ўтган махсус мухбири бор. Ўзбекистон ҳақидаги хабарлар ва таҳлилий материалларда республиканинг сиёсий ва ижтимоий ҳаётига оид муҳим масалалар Ал-Жазира телеканалларининг доимий диққат марказида бўлган.
Ўзбекистонда сўнгги бир неча йилда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар ва мамлакатнинг халқаро ҳамжамият учун очилиши Ал-Жазиранинг ўзбек сегментига бўлган қизиқишини янада оширди. 2016 йил 3 сентябрда инглиз тилида эфирга узатилган “Inside Story” дастурида мамлакатнинг биринчи Президенти Ислом Каримовнинг бошқарув йиллари танқидий ёндашув асосида таҳлил қилинган. Экспертлар ўша давр сиёсатининг камчиликлари ва носоғлом иқтисодий муҳитнинг вужудга келиши тавсилотларини таҳлил қилади. Кўрсатув инглиз тилидаги кенг аудиторияга мўлжалланган бўлиб Ўзбекистон ҳақидаги мазкур кўрсатувни биргина YouTube тармоғида 34 мингга яқин кузатувчилар томоша қилган.
2016 йилнинг декабрь ойида бўлиб ўтган президент сайлови билан боғлиқ жараёнларни медиатармоқнинг инглиз ва араб тилидаги телеканаллари катта қизиқиш билан кузатган. Шу сингари хабарлар яъни, президент сайловлари, мамлакатда бошланган кенг кўламли демократик ва иқтисодий ислоҳотлар ҳақидаги маълумотларни 2017 йилда эфирга узатилган кўрсатувлар ва Ал-Жазира телеканалларининг веб-саҳифаларида кўп учратиш мумкин.
“Ал-Жазира мухбирининг Тошкентдан туриб лавҳа тайёрлаши ҳам ўзгаришлар шамоли эсиб турганини англатади”, – дейилади 2018 йилда эълон қилинган мақолаларнинг бирида.
Шу йилнинг октябрь ойида Ал-Жазиранинг Ўзбекистондаги мухбири республикада амалга оширилаётган либерал ислоҳотлар масаласига тўхталиб судлов, давлат бошқарув тизимини ислоҳ қилиш, иқтисодиётни либераллаштириш, таълим, соғлиқни сақлаш ва ижтимоий ҳимоя масаласидаги ўзгаришларни эътироф этади. Хавфсизлик, диний бағрикенглик ва конструктив ташқи сиёсат борасидаги давлатнинг стратегик режалари ва амалий ҳатти ҳаракатларини ижобий баҳолайди. У бир қанча хорижлик экспертлар фикрларига таянган ҳолда, мамлакатда бошланган ислоҳотлар ортга қайтмайдиган ислоҳотлар эканлигини таъкидлайди.
“Ўзбекистон йирик экспериментал қурулиш майдонига айланди”. 2019 йилдаги таҳлилий материалларидан бирида Tashkent City лойиҳаси мисолида республикадаги инвестицион сиёсат ва янгиланаётган Ўзбекистон иқтисодиёти, аҳоли турмуш даражасида содир бўлаётган ўзгаришлар таҳлил қилинган.
2019 йил декабрь ойида бўлиб ўтган республикадаги муҳим сиёсий тадбир, парламент сайловларига оид медиатармоқнинг араб ва инглиз тилидаги каналларида бир қанча таҳлилий материалларни учратиш мумкин. “Сайловчиларга ислоҳотлар рўҳи етиб бормаган” – деб кузатувчилардан иқтибос келтиради Ал Жазира тадқиқотлар маркази эксперти Заки Шайх (Zaki Shaikh), ўзининг янги сайланган парламентнинг биринчи сессияси якунларига бағишланган мақоласида. У янги сайланган мазкур парламент аъзоларини қанчалик мустақил ва парламентаризм принципларига мос келиши ҳақидаги масалаларни муҳокама қилади. Мамлакат партиялари орасида рақобатнинг деярли йўқлигини мавжуд тарихий шарт-шароитлар билан изоҳлаб, бунинг учун муайян вақт кераклиги ҳақида кузатувчиларнинг фикрларидан иқтисбослар келтиради. Ал-Жазиранининг инглиз тили тайёрланган ва YouTube каналида жойлаштирилган кўрсатувида парламент сайловларида аввал кузатилмаган, очиқ демократик дебатлар бўлиб ўтаётганлигига алоҳида эътибор қаратилади. Кўрсатувда айтилишича, бу жараён соф сиёсий рақобатни акс эттирмасада, Ўзбекистон учун буни ижобий баҳолаш мумкин. Каналнинг YouTube, Facebook, Тwitterдаги саҳифаларида парламент сайловларига оид яна ўнлаб постларни учратиш мумкин.
Умуман олганда, Ўзбекистонда амалга оширилаётган сиёсий ва иқтисодий ислоҳотларга оид мақолаларнинг умумий сони тахминан 40 га яқин. Кузатишлар ва ўрганишлар натижасида шуни таъкидлаш мумкинки, 90 фоизга яқин мақолалар кескин танқидий руҳда эмас. Уларда мамлакатдаги ислоҳотларни тушуниш ва хайриҳоҳлик каби кайфият ҳамда хусусиятлар борлигини кўриш мумкин.
Эътиборли жиҳатларидан яна бири сифатида республикада амалга оширилаётган ислоҳотларга ишонч руҳи 2016-2017 йиллардаги материалларга нисбатан 2019 йилда эълон қилинган материалларда сусайиб бораётганлиги ва танқидий руҳнинг ошиб бораётганлигини айтиш мумкин.
Марказий Осиёдаги интеграция жараёни ҳақида
Ички сиёсий жараёнлар билан бирга республиканинг ташқи сиёсати, хусусан унинг минтақавий сиёсати ҳам Ал-Жазира экспертлари ва мухбирлари томонидан ўрганилган. “Марказий Осиёда ҳамкорлик динамикаси: хавфсизликка таҳдид ва иқтисодий аҳдлашувлар” номли таҳлилий мақолада Ал-Жазира тадқиқотлар марказининг эксперти Лутфаллаҳ Латфий Марказий Осиёда кузатилаётган фаол интеграция жараёнларида Ўзбекистон ташаббусларини эътироф этади. Унга кўра, мамлакат раҳбари Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан бошланган минтақавий интеграция иқтисодий, ижтимоий ва сиёсий жиҳатдан катта аҳамиятга эга бўлиб, минтақанинг келажаги кўп жиҳатдан ушбу интеграцияга боғлиқ. Эксперт минтақа давлатларининг транспорт соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантириш масалаларига тўхталиб, Хитой ва Эрон билан режалаштирилган лойиҳалар яхши натижаларга олиб келиши мумкинлигини таъкидлайди. Афғонистондаги беқарорлик шароитида минтақанинг савдо йўллари хавф остида қолаётганлигига эътибор қаратиб, буни минтақанинг халқаро интеграция жараёнларига қўшилиш йўлида тўсқинлик қилувчи омил деб ҳисоблайди. Муаллиф барча фактларни таҳлил қилиб, минтақада интеграциянинг юқори даражаси мавжуд эмас, деган хулосага келади. Бунинг сабаблари сифатида минтақа давлатларининг иқтисодий ривожланиш даражаси тенг эмаслигини, минтақанинг тақдири кўп жиҳатдан халқаро кучларнинг мувозанатига боғлиқ бўлиб қолганлигини кўрсатади. Латфий минтақа давлатлари фаол интеграцияга киришмаса янада кўпроқ халқаро кучларнинг таъсирида ва ечимсиз муаммолар гирдобида қолишини таҳмин қилади. Бу борада Ўзбекистон ва Қозоғистон илгари сураётган ташаббуслар умидбахш эканлигини таъкидлайди.
Минтақа мамлакатлари орасида Тожикистон кўпроқ эътироф этилади
Ал-Жазира ушбу мамлакат бўйича Марказий Осийнинг бошқа давлатларига нисбатан кўпроқ хабарлар эълон қилади. Эҳтимол, бу Қатарнинг Тожикистон билан илиқ дипломатик алоқалари таъсирида бўлиши мумкин. Марказий Осиё давлатлари юқори расмий доиралари орасида фақат Тожикистон раҳбарияти Ал-Жазира мухбирларига алоҳида интервью беришган. Мамлакат президенти, ташқи ишлар вазири ва бошқа юқори мансабдаги шахслар Ал-Жазира Мубашернинг қаҳрамонлари бўлишган.
2018 йил ноябр ойида Ал-Жазира Мубашер мухбири Тожикистон ташқи ишлар вазири Сирожидин Аслов билан Тожикистоннинг минтақавий ва халқаро миқёсдаги сиёсати хусусида суҳбат ташкил қилган. Журналистнинг Афғонистон билан энг узун чегарага эга давлат сифатида Тожикистоннинг Афғонистон бўйича сиёсати хусусида берган саволга Аслов “Тожикистон, Афғонистонда тинчлик ўрнатиш тарафдори бўлиб қолади, бироқ бу борада эришилган ҳар қандай келишув ёки шартнома амалий жиҳатдан татбиқ этиш кафолатига эга бўлиши керак” – деб жавоб беради.
2019 йилнинг октябр ойида Тожикистон президенти “Роғун” ГЭСининг очилиши муносабати билан “Ал-Жазира Мубашер” мухбирига интервью бериб Тожикистоннинг гидроэнергетик салоҳияти, унинг араб давлатлари билан муносабатлари ва Афғонистон муаммоси каби масалалар юзасидан берилган саволларга жавоб берган. Жумладан, Тожикистоннинг йирик сув ресурслари ва гидроэнергетик захиралари минтақанинг иқтисодий тараққиётида катта аҳамиятга эга эканлигига эътибор қаратади. Журналистнинг Тожикистон иқтисодиётининг ривожида араб сармоячиларининг ҳиссаси ҳақида берилган саволига Президент Э.Рахмон “Араб дунёси минтақамиз мамлакатларига етарли даражада эътибор қаратиши керак. Ўтган даврни муносабатларимизда ўзаро ўрганиш босқичи бўлган, деб айтиш мумкин. Бироқ бизнинг фикримизча, ўрганиш босқичи чўзилиб кетди, аллақачон 28 йил ўтди” – деб жавоб берган. Марказий Осиё ва араб давлатлари муносабатларининг имкониятлар даражасида эмас эканлигига тўхталиб “Араб мамлакатларининг минтақа давлатларига эътибори, нима учун билмайман, лекин етарли даражада фаол эмас. Ваҳоланки, биз умумий тарих ва маданиятга эгамиз” – деди. Минтақадаги хавфсизлик масалалари бўйича Эмомали Рахмоннинг фикрлари ҳам Ал-Жазира муҳбирини қизиқтирган, унга кўра Э.Раҳмон “Афғонистон тинчликка эришишда Тожикистон тажрибасини ўрганиши керак, чунки Афғонистон муаммоси мамлакатимизда бўлиб ўтган фуқаролар урушига ўхшашдир” – деди.
Қозоғистон. Ал-Жазира экспертларининг фикрига кўра, поссовет республикалари орасида Қозоғистон иқтисодий жиҳатдан катта муваффақиятларга эришди, албатта, булар мамлакатнинг биринчи Президенти Нурсултон Назарбоев номи билан ҳам боғлиқ.
2020 йил февраль ойида Жанубий Қозоғистонда этник дунганлар билан содир бўлган тартибсизликлар ҳақидаги хабарда Ал-Жазира Қозоғистондаги толерантизм аслида Қозоғистон расмийлари айтганидек юқори даражадами деган саволни қўяди. Шунингдек мазкур воқеани Хитойдаги этник қозоқларга нисбатан сиёсат билан ҳам боғлайди. Умуман олганда, сўнги йилларда Хитойда истиқомат қилаётган этник қозоқлар ҳақида Ал-Жазирада бир қатор хабарларни учратиш мумкин.
Қирғизистон. Ушбу мамлакатдаги ижтимоий ва сиёсий жараёнлар ҳам Ал-Жазирани доимий объективида бўлиб келмоқда. Ал-Жазира Қирғизистонни минтақадаги энг фаол сиёсий жараёнлар кечадиган, сиёсий инқирозлар тез-тез содир бўладиган, ғарбга хос демократик қадриятларга интилаётган республика сифатида тасвирлайди.
Мамлакат жанубидаги диний вазият, ёшлар орасида радикал ислом оқимларига мойилликнинг ортиб бориш сабаблари, мамлакатда хотин-қизлар хуқуқлари масаласи, Қирғизистоннинг Хитой билан муносабатларидаги ўзига хос жиҳатлар Ал-Жазирада кўп маротаба таҳлил қилинган.
Марказий Осиё фуқароларининг радикал гуруҳларда иштироки
Ал-Жазиранинг инглиз ва араб тилидаги янгиликлар каналида Сурия ва Ироқда ҳаракатланган халқаро террорчи гуруҳларнинг фаолияти ёритилади. Мазкур янгиликлар Марказий Осиё минтақаси учун шуниси билан аҳамиятлики, ушбу гуруҳларда мингдан ортиқ Марказий Осиёлик жангарилар борлиги таҳмин қилинади.
Яқин Шарқдаги халқаро террорчи гуруҳлар таркибида Марказий Осиёлик жангарилар сонига Ал-Жазира экспертлари эътибор қаратиб, минтақа ёшларининг радикал гуруҳлар таъсирига тушиб қолиш сабабларини ўрганади. Уларнинг аксарият қисми дастлаб Россия ва Туркияда меҳнат муҳожири бўлиб, сўнгра, муҳожирликда радикализмнинг қурбонига айланишади. Марказий Осиёдан Сурия ва Ироққа келиб жангари гуруҳларга қўшилаётганлар бевосита минтақадаги республикалардан келган эмас, улар аввал Россия ва Туркиянинг турли шаҳарларида меҳнат муҳожирлигида бўлган фуқаролардир.
Сўнги йилларда Истанбул, Санкт-Петербург, Нью-Йоркда содир бўлган терактларда Марказий Осиёликларнинг иштироки ҳақида хабарлар тарқалди. Бу ўз ўрнида, минтақадаги экстремизмга етакловчи радикаллашган ёшларнинг минтақадан ташқарида фаолият олиб боришга ҳаракат қилаётганлигини кўрсатади. Шунингдек, медиатармоқ таҳлилчилари радикал гуруҳларнинг глобал таҳдидлари масаласига тўхталиб, унинг Марказий Осиё хавфсизлигига кўрсатиши мумкин бўлган таъсири масалаларини ҳам таҳлил қилган. Уларга кўра, 70 миллионга яқин аҳолига эга бўлган, Марказий Осиё минтақасидаги ресурсларни жалб қилиш Яқин Шарқда тобора кучсизланиб бораётган гуруҳлар учун фойдали бўлиши мумкин. Бу эса ўз ўрнида, минтақа хавфсизлигига таҳдид сифатида кўрилади.
Хулоса
Хулоса қилиб айтганда, биринчидан, Марказий Осиё давлатларини Ал-Жазира “объективи”да бўлиши уни араб дунёси ва умумий сони уч юз миллиондан ортиқ инглиз, урду, форс, турк ва бошқа тилларда сўзлашувчи кенг аудиториянинг нигоҳида бўлишини англатади.
Иккинчидан, бу минтақавий интеграция жараёнлари бўйича янги ва холис эксперт таҳлилларига эга бўлишни англатади.
Учинчидан, Ал-Жазира манбаларини таҳлил қилиш Марказий Осиёга алоқадор бўлган радикаллашган ислом гуруҳлари фаолияти ҳамда уларнинг минтақа хавфсизлигига таҳдиди бўйича маълумотларга эга бўлиш имконини беради.
Шунингдек, Ал-Жазирада тайёрланаётган маълумотларнинг кўпинча бирёқлама эканлиги, уларда ҳар доим ҳам холислик тамойиллари устувор эмаслиги фойдаланувчининг эътиборида бўлиши мақсадга мувофиқдир.