Сурат манбаси: vkratce.uz
Дунёнинг етакчи ахборот манбаларидан бири бўлган Си-Эн-Эн телеканали сайтида эълон қилинган “Why Uzbekistan is said to be a top travel destination for 2020” (“Нега Ўзбекистон 2020 йилда асосий сайёҳлик манзилларидан бири бўлиши айтилмоқда”) мақоласида аксарият ғарбликлар учун узоқ вақтдан бери номаълум бўлиб келган Ўзбекистон 2020 йилда сайёҳларнинг энг ёқтирган манзилларидан бири бўлаётгани айтилади.
“Lonely Planet сайёҳлик вебсайти ушбу маданияти бой ва тарихан жозибали мамлакатни Марказий Осиёнинг қолган қисми билан бирга етиб бориш осон ва визасиз саёҳат қилиш мумкин бўлгани учун 1-рақамли сайёҳлик минтақаси деб атади”, дейилади мақолада.
Economist журнали ҳам Ўзбекистонни ҳукуматининг сўнгги йилда жадаллашиб кетган жиддий ислоҳотлари учун 2019 йилда энг яхши мамлакат деб атади. Булар барчаси, дунё энди-энди кашф қилаётган тарихи ва ажойиб таомлари билан машҳур Ўзбекистонни машҳур сайёҳлик манзилига айлантирмоқда.
Мақолада президент Шавкат Мирзиёев Ўзбекистонни сайёҳлар учун жозибали манзилга айлантириш учун катта ислоҳотлар бошлаганини, 65 та мамлакат ватандошларига 30 кунлик визасиз келиб-кетиш, 77 та мамлакат ватандошларига эса соддалаштирилган электрон виза олиш имконияти яратилгани таъкидланади.
Ўзбекистоннинг қизиқарли тарихи, бетакрор миллий таомлари хорижий сайёҳларни жалб қилаётган омиллар экани баён қилинади.
Маълумот учун: Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси 10 январь куни брифингда эълон қилган маълумотларга кўра, 2019 йил давомида Ўзбекистонга 6 748 500 нафар сайёҳ ташриф буюрган, 2018 йилга нисбатан бу кўрсаткич 26 фоизга ошган. Бу ҳақда sof.uz нашри хабар берди.
Сайёҳларнинг аксарият қисми, яъни 85,4 фоизи Марказий Осиё минтақасидан ташриф буюрган, бошқа мамлакатлардан келганлар эса 14,6 фоизни ташкил қилди. Ўзбекистонга ташриф буюрганлар орасида қариндош-уруғ ва дўстларини кўришга келганлар сони 81,8 фоиздан иборат бўлган бўлса, дам олиш учун келганлар 15,5 фоизни ташкил этган. Бошқа сабаблар, жумладан даволаниш, харидлар, бизнес учрашувларда иштирок этиш ҳамда таълим олиш мақсадида келган хорижликлар сони 2,7 фоизни қайд этди.
Европа тикланиш ва тараққиёт банки (ЕТТБ) Ўзбекистондаги фаолиятини кенгайтирмоқчи
ЕТТБ шу кунгача Ўзбекистонга 70 та лойиҳани амалга ошириш учун 1,3 миллиард евролик инвестиция киритди.
Озарбайжоннинг Trend.az халқаро ахборот агентлиги вебсайтида чоп этилган “EBRD looking for expansion in Uzbekistan” («ЕТТБ банки Ўзбекистондаги фаолиятини кенгайтирмоқчи”) мақоласида Европа тикланиш ва тараққиёт банки Андижон шаҳрида Ўзбекистондаги иккинчи офисини очиш ортидан фаолиятини Ўзбекистон шарқидаги бошқа шаҳарларга ҳам кенгайтириш устида иш олиб бораётгани айтилади.
Агентлик банк вакилига таяниб хабар қилишича, ЕТТБ президенти Сума Чакрабарти 2020 йилнинг биринчи ярмида банкнинг Ўзбекистондаги фаолиятини кенгайтириш масалаларини муҳокама қилиш учун мамлакатга расмий ташриф буюради.
Банк жорий йилда Қорақалпоғистонда яна бир ваколатхона очмоқчи. Бу Тошкеннт билан Андижондагидан кейинги учинчи ваколатхона бўлади.
Банк 2018 йилда Ўзбекистонга мўлжалланган 5 йиллик стратегиясини маъқуллаган эди, энди 2023 йилгача мўлжалланган янги устувор вазифалар муҳокама қилинади, деди банк вакили.
Ўша стратегия белгилаб олингандан сўнг ЕТТБ 2018 йилда умумий қиймати дярли 400 миллион евро бўлган 12 та лойиҳани амалга ошириш бўйича битим имзолаган эди. 2019 йилда Ўзбекистон иқтисодиётига 250 миллион евролик инвестиция киритилди.
Ўзбекистонда профессионал бокс истиқболлари ҳақида
Ўзбекистонда профессионал бокс истиқболи порлоқ… Яқин келгусида ёш боксчиларимиз кўплаб унвонларни қўлга киритганини, янги юлдузлар порлаганини ҳамда шу тариқа анъанавий бокс мамлакатлари ютуқлари билан рақобатлаша бошлаганини кўрамиз.
Алексей Сукачёвнинг Boxingscene.com вебсайтида чоп этилган “The Uzbek Breakthrough: Central Asian Nation Aims for Historical Glory” (“Ўзбекистон ютуқлари: Марказий Осиё мамлакати тарихий ютуқларга эришишга интилмоқда”) мақоласи кейинги йилларда ўзбек боксчилар эришаётган муваффақиятларга бағишланади.
Таъкидланишича, бу тасодиф эмас – ўзбек боксининг кучли анъаналари мавжуд. Бунга мисол тариқасида жаҳон чемпиони бўлган, 1976 йилда Монреал олимпиадаси кумуш медалини қўлга киритган Руфат Рисқиев, Сидней олимпиадаси чемпиони Муҳаммадқодир Абдуллаев, кўп марта ўз вазнида жаҳон чемпиони бўлган Артур Григорян ва оғир вазнда профессионал бокс бўйича жаҳон чемпиони Руслан Чагаев мисол қилиб келтирилади. Айниқса, 2016 йилда Рио-де-Жанейрода бўлиб Олимпиада ўйинлари ва 2019 йилда ўзбек ҳаваскор боксчилари эришган муваффақиятлар алоҳида таъкидланади.
‒ Ўзбекистонда профессионал бокс истиқболи порлоқ… Яқин келгусида ёш боксчиларимиз кўплаб унвонларни қўлга киритганини, янги юлдузлар порлаганини ҳамда шу тариқа анъанавий бокс мамлакатлари ютуқлари билан рақобатлаша бошлаганини кўрамиз, ‒ дейди ўзбек боксининг жонкуярларидан бири Сардор Тошхўжаев.
Мақола охирида сўнгги йилларда халқаро мусобақаларда ва олимпиадаларда юқори ўринларни эгаллаган боксчилар ҳақида батафсил маълумот берилади.
Шуни алоҳида қайд этиш лозимки, Англиянинг thefight-site.com спорт сайти 2019 йил кўрсатчкичлари бўйича Ўзбекистонни дуёнинг энг яхши спорт мамлакати сифатида эътироф этди.
Парламентда ўзгариш кам, лекин аёл депутатлар сони ошган
“Жиддий ўзгаришлардан бири парламентга сайланган аёл депутатлар сони икки боробар – 24 нафардан 48 нафарга ортганидир… Депутатлар ўртача ёши ҳам олдингидан паст – 46 ёш бўлди”.
Eurasianet интернет ресурсида чоп этилган “Uzbekistan: Little change in parliament, but more women represented” (“Ўзбекистон: Парламентда ўзгариш кам, лекин аёл депутатлар сони ошган”) мақоласида жорий йил 5 январида Ўзбекистон парламентига бўлиб ўтган иккинчи тур сайлови якунлари ҳақида фикр юритилади.
Қайта сайлов бўлиб ўтган 25 та округда 11 та депутатлик ўрнини Либерал демократик партия эгаллади. Шундай қилиб, мазкур партия парламент қуйи палатасидаги яна 11 та ўринни қўлга киритди ҳамда 150 ўринли парламентдан 53 та жой эгаллади.
Бошқа ўринлар қолган 4 та партия вакиллар ўртасида тақсимланди. Жиддий ўзгариш фақат “Адолат” ва Халқ-демократик партияларида кузатилди, бири олдинига нисбатан тўртта кўп ўрин олган бўлса, бошқаси бешта ўриндан маҳрум бўлди.
Жиддий ўзгаришлардан бири парламентга сайланган аёл депутатлар сони икки баробар – 24 нафардан 48 нафарга ортганидир, аммо бу ҳам жами депутатлар сонининг 1/3 қисмидан камроқдир. Депутатлар ўртача ёши ҳам олдингидан паст – 46 ёш бўлди.
“Гарчи сайловда ҳеч бир партия кўпчиликни ташкил қила олмаган бўлса-да, ЎзЛиДеП бош вазир номзодини кўрсатиш, сўнгра ҳукуматни шакллантириш ҳуқуқига эга бўлди. Бу сафар ҳаммаси бошқача бўлиш-бўлмаслиги ҳозирча аниқ эмас”, дейилади мақола сўнггида.
Бухоронинг сўнгги яҳудийлари ўз жамоати йўқолиб кетишидан хавотирда
Шўролар даврида ҳукм сурган аксилсомийлик (антисемитизм) кайфияти ва Ўзбекистон мустақилликка эришгандан сўнг юзага келган нохуш иқтисодий истиқбол сабаб айни дамда 50 мингдан ошиқ Бухоро яҳудийси Нью-Йоркда, 100 мингдан ошиғи эса Исроилда истиқомат қилмоқда.
Британиянинг “Guardian” газетасида чоп этилган “Last Jews of Bukhara fear their community will fade away” (“Бухоронинг сўнгги яҳудийлари ўз жамоати йўқолиб кетишидан хавотирда”) мақоласида Буюк ипак йўли бўйидаги Бухоро шаҳрида илгари 23 минг яҳудий яшаган бўлса, ккўпчилиги кўчиб кетиб, ҳозирги кунда у ерда 200 га яқин ушбу дин вакили қолгани таъкидланади. Бунга шўролар даврида ҳукм сурган аксилсомийлик (антисемитизм) кайфияти ва Ўзбекистон мустақиликка эришгандан сўнг юзага келган нохуш иқтисодий истиқбол сабаб бўлгани, айни дамда 50 мингдан ошиқ Бухоро яҳудийси Нью-Йоркда, 100 мингдан ошиғи эса Исроилда истиқомат қилаётгани айтилади.
Айни дамда Бухорода аксаран фақат ёши улуғ яҳудийлар қолган ва улар 420 йиллик сингагогаси ва ундаги кийик терисига битилган кўҳна Таврот ўрамаси билан фахрланади.
Жамоати камайиб бораётганига қарамай, синагоганинг алоқалари яхши. У ерда мақола муаллифига экранда намойиш этилган суратларда синагогага ташриф буюрган Ҳиллари Клинтон, Кристин Легард, Ўзбекистон президентининг рафиқаси ва француз актёри Жерар Депардье акс этган.
“Бухоро яҳудийлари жамоатининг Ўзбекистон ҳукумати билан алоқалари яхши бўлиб келган. Гарчи аввалги мамлакат раҳбари Ислом Каримов мамлакатни ташқи дунёдан узиб қўйган бўлса-да, Бухоро яҳудийларини деярли безовта қилмаган”, дейилади мақолада.
Айтилишича, бугунги кунда синагога ва яҳудийлар мозорига мусулмон оила вакиллари қараб туради. Боз устига, олдинги ошпаз қазо қилгандан сўнг синагогага келувчилар учун кошер овқатларни ҳам улар пишириб берадиган бўлди.
Яҳудийлар мозори хориждан юборилган ҳомийлик пули эвазига таъмирланибди. Бугун синагогага бунақа пулдан кўра янги жамоат аъзоларига эҳтиёж бор, дея якунланади мақола.