Суратда: Забулон Симентов 1 апрелда Кобулдаги сўнгги синагогада кўҳна Тавротни овоз чиқариб ўқимоқда. (“Foreign Policy” журнали учун Имрон Феруз олган сурат)
Foreign Policy сайти Афғонистон яҳудийларининг қисмати ва бу юртда қолган сўнгги яҳудийнинг кечинмалари ҳақида мақолани чоп қилди. Муаллиф Имрон Феруз – мустақил журналист, ёзувчи ҳамда учувчисиз учоқлар ҳужуми қурбонлари учун ташкил этилган виртуал “Дрон” мемориали асосчиси. Қуйида ушбу мақоланинг таржимасини эътиборингизга ҳавола қиламиз.
Шанба куни, Забулон Симентов хонада одатий афғон ёстиғига ўтириб олиб, телевизорда берилаётган хабарлар дастурини томоша қилмоқда. Диктор “Толибон” ҳаракати билан тинчлик музокаралари ҳақида гапира бошлаши билан нималарнидир бидирлаганча бош ирғайди. Аслида у меҳмонига чой таклиф қилади, лекин бунинг иложи йўқ, чунки бугун – шанба – шаббат. Шу сабабли Афғонистонда қолган сўнгги яҳудий экани айтиладиган Симентов эски газ плитасини ишлата олмайди. Ёқилган телевизорга келсак, айтишича, уни яҳудий бўлмаган бошқа киши ёқиб берган. Ортодоксал яҳудийлар бунақа амалиётни ёқламаслиги мумкин – барча диний анъаналарга риоя қилувчи яҳудийлар шаббат куни умуман телевизор кўрмайди – бироқ Симентовнинг бутун ҳаёти анъаналарни бузишдагн иборат бўлди.
Симентовнинг ҳаёти талотўмларга бой бўлди: қамалиш, ёлғизлик ва ҳозирги кунда марҳум бўлган афғонистонлик бошқа яҳудий билан бир йиллик ўзаро душманлик. Уларнинг бақир-чақир қилиб жанжаллашавергани ўша пайтлар ҳокимиятда бўлган толибларнинг ҳам жонига тегиб, икковини ҳам қамоқдан ҳайдаб солган эди. Энди у эски рақиби бўлмиш “Толибон” ҳокимиятга қайтиш йўлида курашаётгани баҳона ҳаётидаги янги туб бурилишлар ҳақида ўйлаб кўриши керак.
‒ Булар кўп қон тўкди, Кобулни, мамлакатнинг бошқа ёқларини даҳшатга солди. Бунақа фикрловчи кишилар Афғонистонни қутқара олишига ишонмайман, ‒ деди Симентов жорий йил бошида “Foreign Policy” журналига берган интервьюсида.
“Толибон” мамлакатнинг деярли ярмини назорат қилиб турган ва сентябрдаги сайлов натижалари эълон қилиниши ортга сурилиб кетаётгани бошқа кўплаб қобулликлар сингари Симентовни ҳам 90-йиллардаги “Толибон” режими қайта ўрнатилиши мумкинлигидан хавотирга солмоқда. У амалдаги президент, собиқ халқаро технократ Ашраф Ғанини қўллаб-қувватлайди, чунки у “коррупцияга қарши” ва “ўғри эмас”. Лекин Симентов кўплаб афғонлар қатори – ва ўтмишда қилгани каби – бошига нима тушса, кўришга тайёр, лекин яхшиликдан – айни ҳолатда нисбатан мўътадил толиблар ҳокимиятга келишидан – умидвор.
− Ҳар бир киши тинчлик ва барқарорлик бўлсин дейди, аммо кўпчилик “Толибон”нинг ўтмишдаги қилғилиқларини қайта бошдан кечиришни истамайди, − дейди у. – Улар жиноятларга, айниқса, аёллар ҳуқуқи бузилиши билан боғлиқ жиноятларга йўл қўймаслиги керак.
“Толибон” вакиллари Симентовни ўласи қилиб қалтаклаганига қарамай, ҳеч бўлмаганда, ўзининг бошидан кечирганларидан келиб чиқиб, ҳаракат ўзгаришидан умидвор. Яна бир кун келиб, толибларнинг сўнгги ҳукмронлиги даврида – анча олдин изсиз йўқолган Тавротни синагогага қайтаришга ҳам умид қилмоқда.
Бошқа кўплаб мамлакатлардан фарқли ўлароқ, Афғонистоннинг яҳудий аҳолиси аксил-сомийлик сабаб мамлакатдан кетиб қолгани йўқ. Аслида мамлакатдаги этник пуштунлардан иборат ҳукмрон синф – толибларнинг аксарияти ҳам ушбу гуруҳга мансуб – камсонли яҳудийларга нисбатан марҳаматли бўлган. Масалан, Афғонистоннинг 1973 йилга қадар ҳукмронлик қилган сўнгги шоҳи Муҳаммад Зоҳиршоҳ бир марта исроиллик арбоб Бенжаминнинг авлоди эканини, афғон яҳудийлари жамиятнинг муҳим таянчи эканини айтган эди. Шоҳнинг яҳудийларга муруввати бир кўҳна ривоят билан боғлиқ бўлса не ажаб! Унга кўра, пуштунлар яҳудийларнинг бир йўқолиб кетган қабиласи авлодлари эмиш. Илмий нуқтаи назардан, буларнинг кўпи исботланмаган, шу сабабли уларга эртак, афсона ва асотирлар деб қаралади.
Афғонистонда коммунизмнинг кучайиб бориши ва Совет Иттифоқининг бостириб кириши яҳудийларнинг у ердан чиқиб кетиши асосий сабабларидан бири бўлди. Аксарият яҳудийлар Исроил, Қўшма Штатлар ёки Европага қочиб ёки кўчиб кетган бўлса-да, Симентов шу ерда қолди.
Кобулнинг Шаҳри Нав мавзесига Афғонистон пойтахтининг энг ривожланган ва гавжум мавзеларидан бири деб қаралади. Бу ерда афғон, турк, ҳинд, форс ва итальян таомлари тайёрланадиган ўнлаб ресторанлар, сершовқин тўйхоналар, замонавий қаҳвахоналар ҳамда 40 йиллик урушдан олдин ҳам мавжуд бўлган кўплаб дўконлар бор.
Гуллар мавзесининг махсус тадбирлар ва байрамлар учун атиргул ва лолалар сотиладиган жойи ўртасидаги Афғонистоннинг сўнгги омон қолган синагогасида Симентов неча ўн йиллардан бери яшаб келади. Ҳар доим ярмулкасини[1] кийиб юрадиган 66 яшар Симентовни қўшнилари яхши танийди ва ғалати одам деб билади.
− Бу кўчадаги ҳар бир киши Забулонни танийди. У бошқалардан ажралиб туради, баъзан жаҳли тез чиқиб кетади. У билан одам зерикмайди, − деган эди улардан бири.
Симентов синагоганинг бир бўш хонасида яшайди. Баъзан бошқа хоналарни бошқаларга ижарага бериб туради. Афғонистонда бутун бошли камсонли диний жамоатни тамсил қилади. Барча оила аъзолари анча йиллар олдин кетиб қолган бўлса-да, у бу мамлакатдан умуман кетмоқчи эмас.
– Умр йўлдошим, қизларим ва опа-сингалларим Исроилда яшайди, бир марта уларни кўргани борган эдим, аммо у ёқда қолгим келмади. Афғонистон – менинг ватаним, – деди у.
Кўпчилик Афғонистондаги яҳудийлар тарихини яхши билмайди. Неча ўн йиллар олдин яҳудийлар жамиятнинг муҳим бўлаги бўлган ва мамлакатнинг кўплаб, айниқса, ғарбий ва шимолий минтақаларида яшаган. Яҳудийлар учун Афғонистоннинг энг муҳим шаҳри Симентов туғилиб ўсган ва Эрон чегарасига яқин жойлашган Ҳирот бўлса ажаб эмас. Шаҳарда бир замонлар юзлаб яҳудий оилалари истиқомат қилар, ўша даврда улар бир неча синагога қурган эди. Ушбу тарихий обидалардан бирини бир неча йил олдин Оғахон жамғармаси таъмирлаб берди. (Афсуски, у ерни зиёрат қиладиган яҳудийлар қолмади). Симентов яқинда синагогасини таъмирлади ва фахрланиб эслашича, ибодат хонасини нақшлар билан безатди. У ҳар шаббат куни кичик минбарга чиқиб, Таврот хатм қилади. Диний амалларни бажараётганда, ҳар доим ҳам ёлғиз бўлмайди. 2001 йил охирига бориб, толиблар режими қулагач, Ғарб мамлакатларидан келган кўплаб журналистлар Симентовни зиёрат қилди, кўпчилиги яҳудий бўлгани учун уни “Афғонистонннинг сўнгги яҳудийси” сифатида машҳур этишдан олдин у билан бирга ибодат ҳам қилди.
Тақрибан сўнгги 15 йилдан буён Симентовнинг ҳақиқийлиги даргумон гувоҳномаси бор. Афғонистоннинг сўнгги коммунист президенти Муҳаммад Нажибуллоҳнинг 1992 йилгача қилган ҳукмронлиги даврида Кобулда 10 – 15 нафар яҳудий истиқомат қилар эди. Улар мамлакатдаги ягона яҳудий жамоати эди. Аксарият афғонларнинг Нажибуллоҳга муносабати танқидий бўлса-да, Симентов унга хайрихоҳ бўлганини айтади. У шўролар президент қилиб тайинлашидан олдин “ХАД” деган ҳамма нафратланадиган ном билан танилган Афғонистон коммунистик разведка хизмати раҳбари бўлган.
– Ўша пайтлар яхши дамлар эди. Муаммомиз йўқ эди. Нажиб яхши раҳбар бўлган. Унга қўйилган айбловлар адолатдан эмас. Барча жиноятлар учун мамлакатга олдин раҳбарлик қилган Бабрак Кармал жавобгар, – дейди Симентов.
ХАД коммунистларнинг Кобулдаги ҳукмронлиги даврида ўн минглаб кишиларни ўғирлаб кетди, қийноққа солди ва ўлдириб юборди. Кўплаб қурбонларнинг жасади шу кунларгача топилгани йўқ. Сон-саноқсиз гувоҳларга кўра, Нажибуллоҳнинг шахсан ўзи қанчадан-қанча маҳбусларни қийноққа солиб ўлдирган. Ҳатто шўролар архивларида ҳам одамларни қийноққа солувчига айланган ватанпарвар президент ва Афғонистон коммунистлари орасида энг шафқатсиз киши бўлгани ҳақида маълумотлар бор. Шундай бўлишига қарамай, кекса афғонларнинг кўпчилиги у ҳукмронилк қилган вақтни толиблар бўрони олдидан нисбатан тинч давр сифатида эслайди.
Толиблар 1996 йили Кобулни қўлга киритгач, Нажибуллоҳни кўчада осди. Симентовнинг коммунистик режим ағдарилгандан сўнг дастлаб муҳожидлар Кобулни эгаллаб олганию қонли фуқаролар уруши бошлагани, унинг ортидан эса толиблар келганини айтиб, нолишидан ажабланмаса ҳам бўлади. Толиблар Афғонистоннинг асосий қисмини ишғол қилган пайт Симентов Исроилга кетиб, икки ой оиласи билан яшаб ҳам кўрди. Бироқ ўша ерда қолиш ҳақидаги ҳеч бир маслаҳатга қарамай, қайтишга қарор қилган ва Ҳирот орқали Кобулга қайтган, синагогага ёлғиз ўзи эмас, яна бир афғон яҳудийси Исҳоқ Леви ҳам келган эди.
Аммо умумий эътиқод Симентов билан Левини бирлаштира олмади. Қўчқорларнинг боши бир қозонда қайнамагач, икки яҳудий бир йил давом этган жанжални бошлади ва бу ҳатто ҳокимиятдаги “Толибон” режимини ҳам довдиратиб қўйди. Исҳоқ билан Забулон тинмай бир-бирини ёмонотлиқ қилар эди. Қўшниларининг эслашича, Леви ислом динини қабул қилганини, Симентов буни ҳазм қила олмаганини, яна диндошининг хуфя исловотхонаси борлигини ва ўша ерда спиртли ичимликлар сотишини айтиб юрган. Ўз навбатида Симентов Левини иудаизмда ҳам, исломда ҳам тақиқланган иссиқ-қора жоду – ёмон дуохонлик қилишда айблар эди. Алал-оқибат уларнинг тинмай жанжаллашишидан безор бўлган “Толибон” мутасаддилари иккаласини ҳам қамади. Бироқ ўзаро жанжал “Толибон” назоратидаги қамоқхонада ҳам тинмагач, экстремистлар икковини ҳам у ердан ҳайдаб солди.
− Толиблар мени кўп урар эди. Мана бу лўттибоз Леви сабаб кўп марта қамоқда ётиб чиқдим. У синагогани сотиш учун мендан қутулмоқчи эди. Лекин Худога шукрки, қўлидан ҳеч иш келмади, − деди Симентов.
Симентовдан 25 ёш катта бўлган Исҳоқ Леви 2005 йили қазо қилди.
“Толибон” ҳаракатининг Қатардаги сиёсий делегацияси аъзоси бўлган Ҳайруллоҳ Хайрхвадан америкаликлар билан тинчлик музокараларида қатнашаётган пайт икки яҳудий ҳақида савол сўралганда, истеҳзосини яшира олмади.
− Ҳа, эсимда, иккови роса бошимни қотирган эди, − деди толиблар етакчиси.
Ҳайрхва 2004 йили Афғонистонда қўлган олинган АҚШ аскари Боуи Бергдални озод қилишга оид келишувга асосан, “Толибон”нинг яна 4 нафар аъзоси билан бирга Гуантанамо кўрфазидаги қамоқхонадан озод қилинган эди. Америкаликлар уни 12 йилга кесган эди. Айтишича, уни сўроқ қилган терговчилар Симентов йўқолиши сабабини билмасдан излаётган Тавротга қаттиқ қизиқиб қолган. Афғон яҳудийларининг Нью-Йоркда истиқомат қиладиган кўп минг кишилик эмигрантлари шу масалани Вашингтон олдига қўйган, деган гап-сўзлар юради.
− Улар мендан 40 мартача сўради, − дея хотирлайди Хайрхва.
Симентовнинг айтишича, йўқолган Таврот XV асрда ёзилган ноёб битикдир.
Толиблар Симентов билан Левининг жанжали билан банд бўлган чоғда Тавротни кимдир Кобулдаги синагогадан ўғирлаб кетган. Ўша пайтда Ҳайрхва “Толибон” ҳаракатининг ички ишлар вазири бўлган ва Симентовга кўра, у Тавротнинг йўқолиши учун жавобгардир.
− Хайрхва тинчлик музокаралари билан банд, лекин у менга Тавротни қайтариб бериши керак. У бизга жуда зарур, − деди у.
Хайрхва ушбу мақола муаллифининг Симентов туширилган ва у Таврот қайтарилишини талаб қилаётган видеосини кўргач, кулиб юборди.
“Толибон” етакчисидан афғонлараро тинчлик музокаралари авжга чиққан пайтда йўқолган Таврот ҳақида савол сўралиши жаҳлини чиқариб юборгани аниқ эди, у ўша битикнинг қаерда эканини билмаслигини айтди.
− Мен шу китобни деб қийноқларга солиндим. Яҳудийлар масалага ёпишиб олган, шекилли, Гуантанамо қамоқхонасида тинмай шу савол сўралар эди мендан. Гапнинг тўғриси, мен у китобнинг қаерда эканини билмайман. Билганим шуки, уни ўша вақтдаги ўринбосарим олган, − деди у.
Хайрхва икки яҳудийнинг қамалиши масаласида ташкилотининг яҳудийлар билан боғлиқ ҳеч қандай муаммо бўлмаганини, ислом фиқҳига кўра, улар аҳли китоб эканини айтди.
− Яҳудийлар дини Иброҳим алайҳиссаломнинг яккахудолигига асосланиши баробарида бу халқ Афғонистонда ҳар доим тан олинган камсонли жамоат бўлиб келган. Улар биз, яъни “Толибон” ҳаракати сабаб мамлакатдан кетиб қолгани йўқ. Айни ҳолатда эса, улар иккови бир-бири билан чиқиша олмади. Бир-биридан нафратланар эди. Бунга бизнинг алоқамиз йўқ, − деди Хайрхва менга.
Хайрхванинг айтишича, ўша вақти вазир ўринбосари бўлган, “Толибон” ҳаракатининг яна бир етакчиси Нур Жалол Тавротни “Толибон” амирлигининг ўша пайтлардаги пойтахти, мамлакат жанубидаги Кандаҳор шаҳрига олиб келган. Лекин шундан сўнг ўша муқаддас китоб йўқолган кўринади.
Кузатувчилар фикрича, анча вақт олдин кўҳна Таврот қора бозорда сотилиб кетганини тахмин қилиш мумкин. Исроил давлати кўҳна муқаддас битикларни қидириб топиши ва сотиб олиши билан ном қозонган ҳамда буни уларни “уйга қайтариш”га уриниш деб атайди, аммо давлат афғон Тавротини топа олмади.
− Менимча, бу кўҳна китобни топиш амир маҳол. Ўша даврдаги кўп нарсалар йўқолиб кетди. Айниқса, “Толибон” режими барҳам топиб, Ғарб давлатлари қўшинлари мамлакатга ботириб киргандан сўнг қора бозорчиларнинг ошиғи олчи бўлиб қолди, − деди кобуллик таҳлилчи ва собиқ “Толибон” амалдори Воҳид Мужда.
Забулон Симентов ҳали ҳам Таврот қаердандир топилишига ишонади, ўла-ўлгунча шуни кутади.
− Улар китобнинг баҳоси миллионлаб доллар туради, деб ўйлайди, лекин бу – ёлғон. У фақат биз яҳудийлар учун қадрлидир, − деди Симентов. Ўша муқаддас битик қайта топиладими, йўқми, уни битта бўлса ҳам яҳудий кутади ва Кобулда қолиб яшайверади. – Мен ҳеч нарсадан қўрқмайдиган одамман. Мен “Толибон” ёки бошқасини деб ҳеч қачон Афғонистондан кетмайман.
Шунга қарамай, Афғонистонда қолган сўнгги яҳудий келгусида тинчлик билан барқарорлик ҳукм сурса, кўплаб яҳудий биродарлари қайтиб келишига ишонади.
− Афғон яҳудийлари ўз ватанини севади, уларнинг кўпчилиги қайтиб келиб, Афғонистонни қайта қуриш учун сармоя ётқизади. Мамлакатимиз Осиёнинг қоқ марказида жойлашган, бизда ҳали қўл урилмаган ресурслар жуда кўп. Бунинг учун бизга, аввало, тинчлик керак, − деди у.
______________________________________________________________________________________________________________________________________________
[1] Yarmulke (туркча – yağmurluk (ёмғирлик) сўзидан) – яҳудийларнинг диний бош кийими.