Сурат манбаси: flickr.com
Олдинга юриш ортга қайтишдан воз кечишдан кўра мураккаброқ вазифадир – у оғир қарорлар қабул ва ёриб ўтадиган ҳаракатлар қилишни тақозо этади. Президент ўзи айтганидай, “ортга йўл йўқ”.
“Америка овози” радиосининг Ўзбек хизмати журналисти Навбаҳор Имомова “The Atlantic” журнали вебсайтида чоп этилган “Where Freedoms Are Expanding—Slowly” (“Эркинликлар секин ортиб бораётган юртда”) мақоласини Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг Оқ Уйга илк сафари вақтида унга савол бергани ва у “Ўзбекистонга қайтинг”, деб жавоб берганини ҳикоя қилиш билан бошлайди.
Имамова фикрича, журналистларни бошқа мамлакатлардагидан кўра кўпроқ қамаган Каримовдан ҳокимиятни мерос қилиб олган Мирзиёевдан бу таклифни, қолаверса, “Америка овози”нинг радиостанциясининг мухбири сифатида аккредитация олишини кутмаганини, мамлакат бўйлаб сафарлари давомида анча ўзгаришлар бўлаётганини кўрганини ёзади.
Хитойда ҳам, Россияда ҳам, Марказий Осиё мамлакатларида ҳам журналистлар қамоққа ташланаётгани, уларга босим ўтказилаётганини бир-бири таъкидлаб ўтган муаллиф “Чегарасиз журналистлар” ташкилоти рўйхатида матбуот эркинликлари бўйича 160-ўринда турган Ўзбекистонда ҳали бу борада кўп ишлар қилиниши кераклигини алоҳида таъкидлайди.
Аммо Каримов даврида турли лавозимларда ишлаган Мирзиёев ҳокимиятга келгач, Ўзбекистонда авж олган қийноқлар, болалар меҳнати ва мажбурий меҳнат, ҳукумат халққа керакли даражада хизмат қилмагани ҳақида очиқча гапира бошлади. Ишсизлик ва қашшоқликка барҳам беришга ваъда қилди.
Муаллиф амалдорларнинг ОАВга бўлган муносабати ўзгарганини, яъни илгари очиқ фикр билдиришни истамаган бўлса, кейинги йилларда сенатор Содиқ Сафаев, адлия вазири Русланбек Давлетов, меҳнат вазири Шерзод Худбиев, айни пайтда Сенат раси Танзила Норбоева “Америка овози” радиосига берган интервьюларида, инсон ҳуқуқи, мажбурий меҳнат, янги парламент зарурлигига оид муаммолар ҳақидаги фикрларини очиқ гапира бошлади.
“Келгуси чоралар кўриш ҳақидаги гаплар оддий риторика бўлиб туюлиши ва пировардида бундай чоралар кўрилиши ҳам мумкин, лекин улар очиқча гапира бошлаганининг ўзи катта гап”, деб ёзади Н.Имамова.
Шундан сўнг у ўзгаришларга нима сабаб бўлмоқда, деган саволни қўйиб, ўзбекларнинг ўзи ҳам бунақа саволларга жавоб топишга қийналаётганини айтиб, ўзгаришларни Мирзиёев қиляпти, чунки у муаммолар миқёсини яхши билади, шунинг учун халқ унга ишонади, деган хулосага келади.
Энди, дейди у, Мирзиёевнинг олдида икки йўл бор: биринчиси, ҳокимиятини мустаҳкамлаб олгандан сўнг мамлакатнинг иккинчи авторитар президенти сифатида фаолиятини давом эттириши, иккинчиси эса, бюрократик ва институционал инерцияни енгиб, рақобатбардош, очиқ ва демократик мамлакат барпо қилиш сари ҳаракат қилиши мумкин.
Каримов Совет империяси харобалари ўрнида ўзбек давлатчилигини барпо қилди, лекин унинг давлати ахборот ва ҳаракатни чеклади. Н.Имамова ўша вақтда Ўзбекистондан мустақил журналист бўлиш учун чиқиб кетгандан сўнг Мирзиёев даврида қайтиб, аккаредитация олгач, ўзгаришларни кўрганини, лекин ҳар бир дунёга очилаётган авторитар давлатда бўлгани каби ҳали ҳам чекловлар мавжудлигини, гарчи ноқулай мавзулар муҳокама қилинаётган бўлса-да, турғунлик сақланиб қолаётганини ёзади.
Унинг фикрича, Ўзбекистондаги хусусий ахборот воситалари илгари тақиқ бўлган мавзуларни ёритишда анча фаол, ҳатто инсон ҳуқуқи масалаларини ҳам ёритишга журъат қилмоқда, аммо ўз-ўзини цензура қилиш ва қўрқув ҳамон мавжуд. Давлатга қарашли ОАВ эса ислоҳ қилинмасдан қолмоқда, авторитаризм амалиёти марказдан вилоятларгача кенг тарқалган. Коррупцияни ва айрим гуруҳларнинг иқтисодий манфаатлари енгиш қийин бўляпти, Мирзиёев хавфсизлик хизматлари ислоҳ қилинаётганини таъкидлаётганига қарамай, улар жамоатчилик кўз ўнгида ёпиқлигича қолмоқда. Ўзбекистонда “Америка овози” ва Би-Би-Си хабарларини бемалол ўқиш тинглаш ва кўриш мумкин бўлса-да, “Озодлик” радиоси Ўзбек хизмати ёпиқлигича қолмоқда.
Ўзбекистонда энг кенг тарқалган инерция, дейди муаллиф, сиёсий тизимнинг бир шахсга, яъни қарор қабул қилишнинг бутун бошли тизими Мирзиёевга боғлиқ бўлиб қолаётганидир. Аммо Ўзбекистонда авторитар оқимга қаршилик кўрсатиш учун илк қадамлар қўйилди.
“Олдинга юриш ортга қайтишдан воз кечишдан кўра мураккаброқ вазифадир – у оғир қарорлар қабул ва ёриб ўтадиган ҳаракатлар қилишни тақозо этади. Президент ўзи айтганидай, “ортга йўл йўқ”, дея хулосалайди мақоласини Н.Имамова.
“Ядро энергетикаси клубининг энг тажрибали янги аъзоси”
Ўзбекистоннинг илк атом электростанциясини қуришга тайёргарлик ишлари бой берилган вақт ўрнини қоплаш ҳисси билан жадаллашмоқда. Ушбу Марказий Осиё мамлакати 1994 йилда Халқаро атом энергетикаси агентлиги 1994 йили аъзо бўлган, ядро тадқиқотлари бўйича эса 50 йиллик тажрибаси бор, қолаверса, дунёда уран ишлаб чиқариш бўйича бешинчи ўринда туради.
World Nuclear News вебсайтида эълон қилинган “The most experienced newcomer to nuclear power” (“Ядро энергетикаси клубининг энг тажрибали янги аъзоси”) мақоласи Ўзбекистон энергетика вазири Алишер Султоновнинг сўзларидан иқтибос келтириш билан бошланади. Унга кўра, Ўзбекистон атом электростанцияси қуришга 10-15 йил кечикди, аслида ушбу масала 70-йилларда кўтарилган экан.
Бу ҳақда бир гуруҳ чет эллик журналистларга улар ҳукуматнинг энергетика секторини ислоҳ қилиш режалари билан танишиш учун 20-21 сентябрь кунлари Тошкентга таклиф этилган пайт гапириб берилган.
Султоновга кўра, атом электростанцияси қуришдай ишлар бир кечада ҳал қилинмайди, бунинг учун махсус тайинланган иш гуруҳи 1,5 йил иш олиб борган. Атом энергияси экологик тоза қувватдир.
Бугунги кунда БМТнинг Европа бўйича иқтисодий комиссияси (UNECE) эълон қилган ҳисоботдан маълум бўлишича, Ўзбекистонда электр қувватининг 70 фоизи табиий газдан, 14 фоизи гидроэлектростанциялардан, 13 фоизи кўмирдан ва 3 фоиз нефтдан олинади.
Ўзбекистон аҳолиси 1991 йилдан 2018 йилга қадар 65 фоиз ўсди. Бугунги кунда электр қувватига бўлган йиллик 69 тераватт/соатлик (т/с) эҳтиёждан 5т/с кам электр қувати ишлаб чиқарилмоқда. Бу тафовут 2030 йилга бориб 117 т/с.га етиши ва ўртадаги етишмаётган тафовут 53 т/с бўлиши кутилмоқда. 2030 йилга бориб, қурилажак АЭСнинг 2 блоки 21 т/с электр қуввати (умумий қувватнинг 18 фоизини) ишлаб чиқаради.
Энергетика вазири биринчи ўринбосари ва ўтган йил июлида ташкил этилган “ЎзАтом” агентлиги раҳбари Жўрабек Мирзамаҳмудов билдиришича, АЭС қурилишини танлашдан олдин бошқа вариантлар ҳам кўриб чиқилган, ГЭСлардан олинадиган қувват икки баробар оширилса, 1,7 гегаватт (ГВт), қуёш энергиясидан 5 ГВт, шамол энергиясидан 1,5 ГВт электр қуввати олиш мумкин экан, шунда ҳам “танқислик сақланиб қолади”. Франциядаги электр қувватининг, дейди у, 72 фоизи ГЭС ва АЭСдан олинади, шу сабабли ҳавога ис гази чиқарилиши кескин камайган.
Жаҳон банки ҳисоб-китобларида айтилишича, Ўзбекистон Марказий Осиёнинг электр қувватини энг кўп исроф қилувчи мамлакати ҳисобланади. Бу кўрсаткич қўшни Қозоғистонинкидан 35 фоиз, Германияникидан эса 3 баробар кўп. 2014 йилда бутун мамалкат бўйича ҳавога 214,7 миллион тонна ис гази – СО2 чиқарилган ва бу жаҳон бўйича умумий кўрсаткичнинг 0,44 фоизи демакдир. Мамлакат иқлим ўзгариши бўйича Париж битимини ратификация қилган, бинобарин, 2010 йилга бориб, атмосферага ис гази чиқаришини 10 фоиз камайтириши керак.
Шунинг учун давлатга қарашли “Ўзбекэнерго” компанияси мамлакат энергетика сектори учун йўл харитасини ишлаб чиқди. Унга асосан, ис газини чиқарувчи эски компрессорлар магнит левитацияси технологияси билан ишлайдиган янгиларига алмаштирилади. Шу сабабли 2030 йилга бориб, ГЭС, қуёш ва шамол энергиясидан олинадиган электр қуввати умумий миқдорнинг 25 фоизигача ектазилади ҳамда қуёш ва шамол энергияси миқдори мос равишда 50,973 миллион тонна ва 2,2 миллион тонна нефть эквивалентига тенг бўлади.
Султонов Ўзбекистонда йилига 250 кун қуёшли бўлишига қарамай, мамлакат қуёш энергиясидан фойдаланиши борасида “ўн йиллаб орқада” қолиб кетганини айтди. Шунинг учун энди бу борада бошқа мамлакатлар йўл қўйган хатолардан хулоса чиқарилиб, “яшил электр қуввати”нинг ҳар бир киловаттини 2-2,5 центдан ишлаб чиқариш бўйича иш олиб борилмоқда.
Мирзамаҳмудовнинг фикрича, АЭС ишга тушгач, унинг бир блоки 7 миллион тонна ис гази ва 18 000 тонна азот диоксидини атмосферага чиқармайдиган бўлади. 4 та блок қурилиши режалаштирилаётгани ҳисобга олинса, ушбу кўрсаткичлар 4 баробар ортади, яна йилига 7 миллиард м3 табиий газ тежалади.
Россиянинг “РосАтом” давлат атом корпорацияси билан тузилган шартномага кўра, АЭСнинг 2 та болоки 2028 ва 2030 йилларда ишга туширилади. Султоновга кўра, АЭСнинг ишга туширилиши соғлиқни сақлаш, қурилиш ва қишлоқ хўжалиги ривожланишига ҳам туртки беради.
Гарчи Ўзбекистонда энергетика соҳасини ривожлантириш учун хусусий инвестициялар жалб қилиниши кўзда тутилаётган бўлса-да, қурилажак АЭС 100 фоиз давлатники бўлади. Унинг қурилишига тижорат банклари кредитлари давлат кафолати билан жалб этилади.
АЭС қурилиши учун турли жойлар ўрганиб чиқилиб, Жиззах вилоятида Тузкон кўли бўйи танланди.
Айни пайтда Тошкентда “ЎзАтом” агентлиги “РосАтом” билан бирга Тошкентда “Атом технологияси ахборот марказини очди, халқ орасида атом энергетикаси ҳақида тушунтириш ишлари олиб бормоқда. Айтилишича, мамлакат аҳолисининг 80 фоизи уни қуриш лойиҳасини қўллаб-қувватламоқда.
АЭС қурилишида 8000 киши, кейинчалик уни ишлатишда 2500 киши ишли бўлади.
Мақолада АЭС қурилиши минтақавий ҳамкорликни кенгайтиришга хизмат қилиши айтилади. Бунга Қозоғистонда ҳам АЭС қуриш ғояси муҳокама қилинаётгани, “Казатомпром” компанияси ўз ходимларини Москва муҳандислик физика институтининг Тошкентдаги филиалида ўқитишга қизиқиши билдиргани ҳамда Ўзбекистон Афғонистон билан 10 йил давомида электр қуввати етказиб бериш хусусида шартнома имзолагани мисол қилиб келтирилади.
“Минтақа марказида жойлашган ва нафақат ўзи, ҳатто чегарадош мамлакатларнинг ҳам денгиз йўлларига чиқишга имкони бўлмаган Ўзбекистон жуғрофий жойлашувидаги ноқулайликни электр қувватини тўртта қўшни мамлакатга сотишдай иқтисодий фойдага айлантиришни истайди”, дея хулоса ясалади мақолага.
“Ўзбекистон бош вазири БАА делегацияси билан давлат бошқарувини модернизация қилиш бўйича стратегик шериклик масаласини муҳокама қилди”
БАА давлат бошқарув тизимида инновация, доимий ривожланиш, ҳаётий муҳим соҳаларда миллий потенциални ошириш ва ходимларни келажакда зарур бўладиган кўникмалар билан таъминлашга асосланган минтақавий ва глобал ҳамкорликнинг етакчи моделларини яратишга интилмоқда.
Бирлашган Араб Амирликлари ахборот агентлигининг сарлавҳадаги ном билан чоп этилган мақоласида Ўзбекистон бош вазири Абдулла Арипов ва Бирлашган Араб Амирликлари Вазирлар Маҳкамаси ва келажак ишлари бўйича вазири Абдуллоҳ ал-Қарқовий учрашуви чоғида икки мамлакат ҳукуматлари давлат бошқарувини модернизация қилиш, ҳамкорлик доирасида бошланган лойиҳалар ва ташаббуслар ҳамда иккала томонни қизиқтирган соҳаларда ҳамкорликни кенгайтириш масалалари муҳокама қилингани айтилади.
А.Арипов Ўзбекистон билан БАА ўртасидаги давлат бошқарувини модернизация қилиш борсидаги ҳамкорликка юксак баҳо берди. Ал-Қарқовий эса БАА давлат бошқарув тизимида инновация, доимий ривожланиш, ҳаётий муҳим соҳаларда миллий потенциални ошириш ва ходимларни келажакда зарур бўладиган кўникмалар билан таъминлашга асосланган минтақавий ва глобал ҳамкорликнинг етакчи моделларини яратишга интилаётганини қайд этди.
Икки мамлоакат ўртасидаги давлат бошқаруви бўйича стратегик шериклик бошқарув стратегияси, давлат идоралари фаолияти кўрсаткичлари, кодлаш, келгуси таълим, келгуси иқтисодиёт, глобал рақобатбардошлик ва бизнес учун қулай шароит яратиш сингари 19 та йўналишни қамраб олади, дейилади мақолада.
Айни мақолани “Jordan Daily” газетаси ҳам кўчириб босган.
“Ўзбекистон улкан Ислом цивизилизацияси марказини қурмоқда”
Шавкат Мирзиёев исломни террорчилик ёки мутаассиблик эмас, ақл-заковат, тинчлик ва маърифат дини сифатида кўрсатишни истайди. Ушбу марказни зиёрат қилган ҳар бир киши буни тушуниб олади.
Исроилнинг инглиз тилидаги онлайн газетаси вебсайтида сарлавҳага чиқарилган ном билан чоп этилган мақолада муаллиф Ларри Лукснер 2,4 миллионлик нуфусга эга Тошкентда энг катта бинолардан бири Ислом цивилизация маркази қурилаётганини ва бу президент Шавкат Мирзиёевнинг ташаббуси эканини ёзади.
Унга айтишларича, Мирзиёев исломни террорчилик ёки мутаассиблик эмас, ақл-заковат, тинчлик ва маърифат дини сифатида кўрсатишни истайди. Ушбу марказни зиёрат қилган ҳар бир киши буни тушуниб олади.
Айни 150 миллион долларлик мегалойиҳага асли ўзбекистонлик бўлган россиялик миллиардар Алишер Усмонов ҳомийлик қилмоқда.
Уч қаватлик Ўзбекистоннинг кўҳна мадрасалари услубида қад ростлайдиган марказ биносидан 200 мингта қўлёзма, 500 ўринлик аудитория, ахборот маркази ва ўқув бўлимлари жой олади. Унга Қуръоннинг дунёдаги энг қадимий нусхаси деб ҳисобланадиган Усмон мусҳафи қўйилади.
Мақолада америкалик олим, “Йўқотилган маърифат: Марказий Осиёнинг араблар истилосидан Темурга қадар олтин асри” китоби муаллифи С.Фредерик Старрнинг “бу замонавий ўзбекларга ўқимишли, маданиятли мусулмонлар ўтмишда нималарга эришганини билиб олиш имконини беради”, деган сўзлари келтирилади.
Лукснер фикрича, Ислом цивилизацияси маркази сайёҳлар қадамжоси сифатида реклама қилинмаётган бўлса-да, бемалол шундай қадамжо бўлиши мумкин. Яна унга 0 рақамини Муҳаммад Мусо ал-Хоразмий кашф қилганини айтишганини ҳам ёзади у.
Қайд этиш жоизки, Ларри Лукснер 21-27 августда уюштирилган пресс-тур доирасида Ўзбекистонга келиб кетган ва сафари ҳақида бундан бошқа яна 2 та мақола ёзиб, чоп қилдирган эди.
“Ўзбекистон криптовалюта саноати иштирокчилари учун электр қуввати нархини кескин оширмоқчи”
Криптовалюта саноати – майнингда электр қуввати кўп сарф бўлгани билан у мамлакатга валюта олиб келади. Айрим экспертлар фикрича, ушбу соҳа учун электр қувватини икки баробар ошириш ўша саноат вакиллари – майнерларни чўчитиб юборади, мамлакатга юз миллионлаб доллар валюта олиб келадиган соҳа ёпилиб қолиши мумкин.
Анна Байдокованинг CoinDesk компанияси сайтида чоп қилинган мақоласида Ўзбекистон Энергетика вазирлиги ишлаб чиққан ҳукумат қарори лойиҳаси мамлакатдаги криптовалюта саноатини бўғишга қаратилгани, унда криптовалюта саноати иштирокчилари учун электр қуввати нархини кескин ошириш кўзда тутилгани қайд этилади.
Криптовалюта саноати – майнингда электр қуввати кўр сарф бўлгани билан у мамлакатга валюта олиб келади. Айрим экспертлар фикрича, ушбу соҳа учун электр қувватини икки баробар ошириш ўша саноат вакиллари – майнерларни чўчитиб юборади, мамлакатга юз миллионлаб доллар валюта олиб келадиган соҳа ёпилиб қолиши мумкин.
Бошқа бир эксперт Владимир Срапионов майнерлар учун электр қуввати нархи кўтарилишини тўғри деб ҳисоблайди. Аммо кўпчилик, ҳукумат криптовалюта саноатини қўллаб-қувватлаши керак, деб ҳисоблайди.
“Ўзбекистон суд хокимиятининг мустақиллиги борасида жиддий қийинчиликларга юз тутмоқда, деб ҳисоблайди БМТнинг инсон ҳуқуқлари бўйича эксперти”
Диего Гарсия-Саян: “Ўзбекистонда суднинг мустақиллиги, адвокатлар фаолияти ва қонун устуворлигига илгари жиддий путур етказаётган авторитар ва марказлашган тузилмага чек қўйишда муҳим қадамлар қўйилди”.
БМТнинг инсон ҳуқуқлари бўйича бошқармаси вебсайтида ташкилот эксперти Диего Гарсия-Саяннинг яқинда Ўзбекистонга қилган сафари якунларига оид матбуот хабарномаси эълон қилинди. Экспертга кўра, “Ўзбекистонда суднинг мустақиллиги, адвокатлар фаолияти ва қонун устуворлигига илгари жиддий путур етказаётган авторитар ва марказлашган тузилмага чек қўйишда муҳим қадамлар қўйилди”.
Судьялар ва адвокатлар мустақиллиги бўйича махсус маърузачи Гарсия-Саян Ўзбекистонга сафари вақтида “танқидий фикрларга очиқликни ҳис қилгани”ни, аммо “суд ҳокимиятининг мустақиллиги ва ҳуқуқ устуворлигига жиддий таҳдидлар сақланиб қолаётгани”ни, бунга давлат хавфсизлик хизмати аралашуви, жиноий ишларни кўриб чиқишда прокурорларнинг кенг ваколатларга эгалиги, судьяларнинг эркинлиги чекланаётгани сабаб бўлаётганини айтди.
Унинг фикрича, Ўзбекистонда кейинги йилларда суд ҳокимияти мустақиллигини таъминлаш ўйича бир қанча ижобий қадамлар қўйилмоқда. Натижада оқлов ҳукмлари сони йилдан йилгга орта борди. “2016 йилда, бор-йўғи, олтита оқлов ҳукмлари қайд этилган. Бу рақам 2017 йилда 263 тани, 2018 йилда эса 867 тани ташкил қилди. Ҳозирги кунда, 2019 йилнинг тўққиз ойида 500 дан ортиқ киши оқланди”, дейилади хабарномада.
Эксперт Ўзбекистонда бундан буён инсон ҳуқуқларини таъминлашга жиддий эътибор қаратилиши, қонун устуворлиги таъминланиши ва “коррупция ва мамлакатдаги у билан боғлиқ бўлган жиноий структуралар давлатнинг институтларига, жумладан, суд тизимига ҳам жиддий таҳдид солиши”га барҳам берилиши зарур, деб ҳисоблайди.
“Махсус маърузачи ўз хулоса ва тавсияларидан иборат бўлган ҳисоботининг тўлиқ матнини 2020 йилнинг июнь ойида Женевадаги Инсон ҳуқуқлари бўйича Кенгашга тақдим этади”, дея якунланади хабарнома.
“Тошкент блоги: Ўзбекистонда ислоҳотлар ўтказилаётгани чинми, улар ислоҳотларга чидай оладими?”
Олдин ёпиқ бўлган ва 30 миллиондан ошиқ аҳолига эга Ўзбекистон президент Шавкат Мирзиёев 3 йил олдин кенг қамровли ислоҳотларни бошлагунга қадар чегара ортидаги молия бозорлари инвесторлари ушбу мамлакатни фақат кузатиб келаётган эди. Энди Тошкентда ўзгаришлар сезила бошлади.
Халқаро хусусий тадбиркорлик маркази Тошкент бўлимининг Европа ва Евроосиёдаги дастурларининг етакчи мутахассиси Эрик Хонцнинг www.intellinews.com сайтида эълон қилинган мақоласида “Олдин ёпиқ бўлган ва 30 миллиондан ошиқ аҳолига эга Ўзбекистон президент Шавкат Мирзиёев 3 йил олдин кенг қамровли ислоҳотларни бошлагунга қадар чегара ортидаги молия бозорлари инвесторлари ушбу мамлакатни фақат кузатиб келаётган эди. Энди Тошкентда ўзгаришлар сезила бошлади”, деб ёзади.
Муаллиф қайд этишича, энди дастлабки ислоҳотлар ўтказилгач, уларнинг “енгил” вақти тугаб, қийини бошланмоқда. У бир зийрак кузатувчининг, “ҳукумат бирор нарсани ўзгартирмай туриб, ҳамма нарсани ўзгартиришни истайди”, деган фикрини келтиради.
Ҳонц ислоҳотларнинг дастлабки даврида расмиятчилик сақланиб қолганига қарамай, ҳукумат пайдо бўлган бизнес уюшмаларига ислоҳот жараёнида маслаҳат ва ёрдам сўраб мурожаат қилганидан, бизнес ҳамжамияти вакилларини ислоҳотлар жараёнига жалб қилганидан ҳайратга тушганини айтади. Унинг фикрича, минтақадаги бошқа давлатлар ҳам бундан ўрнак олса арзийди. Бироқ бизнес ҳамжамияти билан мулоқотни қўшни Қозоғистонда бўлгани каби давлат савдо палатасини тузиб, назорат қилишга уриниш тескари натижа бериши мумкин, қўшни мамлакатда фақат хомашё ресурсларини сотишга ихтисослашган иқтисодиётни ранг-баранглаштириш самара бермаётгани бунга мисолдир.
“Аъзолик бадаллари ва кўрсатилган хизматлар учун олинадиган ҳақ эвазига фаолият юритадиган мустақил бизнес ташкилотлари ҳукумат билан муҳим иқтисодий масалалар бўйича конструктив мулоқот қилишнинг асосий устунидир”, дейилади мақолада. Ўзбекистон бизнес ҳамжамияти ҳукумат билан профессионал ва конструктив руҳда ҳамкорликка тайёр эканини изҳор қилди. Бу ишга ёшларнинг жалб этилаётгани жамият билан ҳукумат ўртасидаги муносабатларни бутунлай ўзгартириб юборади ва иқтисодий ўсишни таъминлаб беради, деган хулосага келади блогер.