Фото: Credit Score Geek
…Банк соҳасини либераллаштириш бўйича қонун лойиҳаси тайёр, аммо ҳали унга қўл қўйилгани йўқ. Лекин бу масала келгуси ойларда ҳал бўлиши керак. У қабул қилингандан сўнг бозорга қирувчилар кўп бўлади, чунки банклар жуда арзон. Биз бозорнинг катта улушини чет эллик инвесторлар эгаллашини кутяпмиз. Бу индексни ҳам, кунлик айланма маблағлар миқдорини ҳам бир неча бор ошириб юборади.
“bne IntelliNews” бош муҳаррири Бен Ариснинг журнал вебсайтида чоп этилган “Uzbekistan banking on international investors” (“Ўзбекистон чет эллик инвесторларга умид боғламоқда”) мақоласида Буюк ипак йўли бўйида жойлашган Ўзбекистон ташқи дунёга ҳам, инвесторларга ҳам очилаётганини, ушбу мамлакат мазали мева ва сабзавотлари билан машҳурлигини, аммо инвесторларнинг иштаҳасини банк соҳаси кўпроқ очаётганини ёзади.
“Исталган постсовет иқтисодиётида бўлгани каби энг йирик ва бой компаниялар давлатга тегишли. Бироқ 2016 йил охирида ҳокимиятга келган ислоҳотчи президент Шавкат Мирзиёев айрим стратегик истисно билан металлургия ва энергетик секторидаги барча давлатга қарашли компанияларни, шунингдек, банкларнинг ¾ қисмини сотишни режалаштираётганини айтмоқда”, дейди муаллиф.
Айтилишича, барча компаниялар Тошкент фонд биржасида сотилади, аммо энг кўп дивиденд бериши мумкин бўлганлари 2-3 йилда халқаро биржалардан бири рўйхатига киритилади.
− Ўзбекистон бизнес юритиш учун очиқ ва уни халқаро инвесторлар кўз остига олган. Сўнгги 25 йил улар мамлакатнинг отини ҳам билмас эди, − дея Тошкент шаҳридаги “Avesta Group” ҳамкори Карен Срапионовнинг сўзларидан иқтибос келтирилади мақолада. – Энди ҳамма жойда ўзгаришлар бўлмоқда.
Ҳукуматлар иқтисодиётни бошқаришда муҳим аҳамиятга эга бўлган стратегик сектор компанияларини сотишни унчалик хушламайди. 90-йилларда Шарқий Европа мамлакатлари банкларини сотишга қарор қилган бўлса, Россия давлат ихтиёридаги банкларни қўллаб-қувватлаш йўлидан борди ва бугун ўша банклар устунлик қилмоқда. Лекин бу билан тижорат банклари фаолияти ҳам чекланиб қолгани йўқ, деб ёзади у.
Муаллифга кўра, Ўзбекистон ҳозирча иқтисодиётни тиклаш учун банкларга муҳтож бўлгани учун Марказий Европа мамлакатлари эмас, Россия моделига мойиллик кўрсатмоқда. Шу сабабли банк акцияларига чет элликлар эгалик қилишини чеклади. Акс ҳолда Россия умумий баҳоси 25 миллиард АҚШ долларидан ошмайдиган Ўзбекистон бутун банк секторини сотиб олиб қўйиши ҳеч гап эмас.
Мавжуд қоидаларга асосан, чет эллик инвесторлар банклар акцияларини фақат Марказий банкнинг рухсати билан харид қилиши мумкин. Шунинг учун бугунги Ўзбекистонда фақат Туркия билан Кореянинг биттадан банки фаолият кўрсатмоқда, холос.
Лекин вазият тез орада ўзгариши керак. Парламентга 5 фоизгача бўлган банк акцияларига эгалик қилиш учун рухсат талаб этилмайдиган қонун лойиҳаси киритилади. Бу инвестициялар оқими кўпайишига хизмат қилиши шубҳасиз, негаки, бугунги кунда Тошкент фонд биржасидаги айланманинг 85 фоизини банклар акциялари ташкил қилади. “Asian Frontier Capital” инвестиция компаниясининг инвестициялар бўйича бошқарувчиси Скотт Ошерофф уларни “дунёдаги энг арзон банк акциялари” деб ҳисоблайди. Бироқ давлат банкларнинг ¼ қисмини ўз назоратида олиб қолмоқчи.
Ўзбекистон ҳукумати февраль ойида илк марта 1 миллиард долларлик еврооблигацияларни иқтисодиётига жалб қилди. Қизиғи, ушбу маблағнинг ¾ қисми мамлакатнинг етакчи банкларига тақсимлаб берилди.
Мақолада яна Тошкентдаги “Silk Capital” фонд ва брокерлик компанияси бошқарувчи директори Сардор Қўшназаровнинг, “Банклар ташқаридан қараганда, ривожланиш банклари ҳисобланади. “Саноатқурилишбанк” ишлаб чиқариш ва саноат лойиҳаларини, “Асакабанк” эса автомобилсозлик, кимё саноати ва транспорт соҳаларини молиялаштиради. Ҳукуматнинг бир қанча улкан лойиҳалари мавжуд, уларни амалга ошириш учун миллиардлаб долларлик маблағ керак”, деган сўзлари келтирилади.
Ҳукуматнинг уларни амалга оширишга иштиёқи жуда баланд. Термиз шаҳри ҳокимининг шикоят қилишича, ҳар ҳафтада электрон почта орқали Президент администрациясидан 300 га яқин буйруқ тушади, аммо уларнинг арзимаган қисмини бажаришга ҳам одамлар етишмайди.
Бен Арис мақолага тайёргарлик қўриш чоғидаги суҳбатларда ҳукуматнинг нима иш қилиш тўғрисидаги аниқ тасаввури борлигини, бироқ ходимларнинг ўзгаришларни амалга ошириш қобилияти ўта пастлиги кўп бор такрорланганини ёзади.
“Silk Capital” раҳбари фикрича, давлат банкларнинг 86-87 фоиз активига эгалик қилади. 2008 йилги молиявий буҳрондан сўнг ҳукумат Россия банклари маҳаллий бозорга кириб, барча банкларни сотиб олишидан чўчиган. Банк акцияларини сотишга киритилган чеклов ушбу секторни Россия ва Хитой сотиб олишидан ҳимоя қилиш бўлган.
Давлат активларини бошқариш агентлиги банкларнинг назорат улушини ғарблик стратегик инвесторга сотмоқчи, лекин ҳозирча бунга қизиқиш билдирилмаётганини айтди, дейди муаллиф.
“Банк соҳасини либераллаштириш бўйича қонун лойиҳаси тайёр, аммо ҳали унга қўл қўйилгани йўқ. Лекин бу масала келгуси ойларда ҳал бўлиши керак. У қабул қилингандан сўнг бозорга қирувчилар кўп бўлади, чунки банклар жуда арзон. Биз бозорнинг катта улушини чет эллик инвесторлар эгаллашини кутяпмиз. Бу индексни ҳам, кунлик айланма маблағлар миқдорини ҳам бир неча бор ошириб юборади”, − дея хулосалайди Бер Арис мақоласини Срапионовнинг сўзлари билан.
“Би-Би-Си Ўзбек хизмати билан “Севимли” телеканали “Катта Лангар” Қуръони тарихидан сўзлайди”
“Катта Лангар” Қуръонининг анча қисми – 81 бети – Санкт-Петербургдаги Шарқ қўлёзмалари институтида, 12 саҳифаси Тошкентдаги Мусулмонлар диний идораси хазинасида, айрим саҳифалари Тошкентда, бир музейда ва Бухородаги кутубхонада сақланмоқда. Яна унинг 100 бетга яқини қаерда экани маълум эмас.
Би-Би-Си Умумжаҳон хизмати медиа марказининг “BBC News Uzbek and Sevimli TV bring the story of Katta Langar Qur’an” (“Би-Би-Си Ўзбек хизмати билан “Севимли” телеканали “Катта Лангари” Қуръони тарихидан сўзлайди”) мақоласида ўзаро ҳамкорликда тайёрланган 40 дақиқали “Катта Лангари Қуръони изидан” ҳужжатли фильми ҳақида сўз юритилади.
“VIII асрга тегишли ноёб Қуръон нусхаси ҳақида зийраклик ва нозик ёндашув билан ҳикоя қилиш талаб этилган” қўшма лойиҳаси ғояси “Севимли ТВ” раҳбари Фирдавс Абдухолиқовга тегишли.
Рамазон ойида Би-Би-Си Ўзбек хизмати билан “Севимли” телеканали бирга тасвирга олаётган фильм жараёни ва кашфиётлар ҳақида кўрсатувлар бериб борилди.
Фильмни тасвирга олиш жараёнида қўшма гуруҳ Қуръоннинг илк ёзма версияси деб аталаётган қўлёзмаси сақланаётган Катта Лангар қишлоғига сафар қилди.
Фильмда XV асрдан бери тоғ қишлоғида сақланиб келаётган “Катта Лангар” Қуръони қандай қилиб Арабистондан Эрон ва Афғонистон орқали Марказий Осиёга келиб қолгани, кейинчалик уни чор Россияси, Шўролар даврида эса КГБ тортиб олиб кетгани тўғрисида турли қарашлар тадқиқ этилади. Катта лангарликлар асли Арабистон ярим оролидан бу ерга келиб қолгани ва улар ҳалигача араб маданияти унсурларини сақлаб келаётгни хусусида ҳам тахминлар илгари сурилади.
Яна аниқланишича, Катта Лангар Қуръонининг анча қисми – 81 бети – Санкт-Петербургдаги Шарқ қўлёзмалари институтида, 12 саҳифаси Тошкентдаги Мусулмонлар диний идораси хазинасида, айрим саҳифалари Тошкентда, бир музейда ва Бухородаги кутубхонада сақланмоқда. Яна унинг 100 бетга яқини қаерда экани маълум эмас.
“Ўзбекистондаги бўлғуси сув буҳрони”
Тошкент сув ресурсларини барқарор ва узоқ муддатли бошқаришга оид ҳамкорликни ривожлантиришда Марказий Осиё мамлакатларига етакчилик қилиши мумкин. Балки келгусида Марказий Осиёнинг сув ресурсларини бошқариш бўйича устмиллий ташкилот… минтақадаги сувга оид зиддиятларни енгиллатишда форум бўлиши мумкин.
“Uzbekistan’s Impending Water Crisis” (“Ўзбекистондаги бўлғуси сув буҳрони”) мақоласи муаллифи Азиз Эгамов собиқ президент Ислом Каримов ўлимидан сўнг Ўзбекистон билан Тожикистон ўртасидаги муносабатлар яхшилангани, бироқ бу кундан-кун жиддий бошоғриққа айланаётган сув муаммосини ҳал этмаслиги хусусида ўз қарашларини баён қилади.
Унинг келтиришича, Ўзбекистоннинг фақат 10 фоиз суғориладиган ерлари “дарё водийлари ва воҳалари”да жойлашган. “Ўзбекистон жон бошига дарё ва бошқа манбалардан сув олиш бўйича дунёда етакчи ўринлардан бирида турса-да, унинг ички чучук сув захираси чекланган. Республика 180 та мамлакат орасида аҳоли жон бошига 531,24 м3 тикланадиган чучук сув ресурслари билан 152-ўринда туради. Жуғрофиясини ҳисобга олганда, Ўзбекистон истеъмол қилинаётган сувнинг аксарият қисмини қўшни мамлакатлардан олади”, деб ёзади муаллиф.
Ўзбекистон иқтисодиёти пахтага боғланиб қолган, у сувни жуда кўп талаб қилади. Аммо Совет давридан мерос қолган ирригация тармоқлари ўта самарасиз бўлиб, уларда сувнинг 30-60 фоизи исроф бўлиб кетади.
Сув ресурслари танқислигига сабаб бўлаётган яна бир омил аҳоли сонининг тез ўсиб бораётганидир. Ҳар йили мамлакат аҳолиси ярим миллион кишига кўпаймоқда. Қишлоқ жойларда асосий гигиена ва санитария меъёрларига амал қилиш учун тоза сув етишмайди.
Шаҳар ва қишлоқ жойларда қурилиш авж олмоқда. Келгусида шаҳарлашув суръати ўсиши тайин. Бу коммунал хизматлар учун кўп сув талаб қилади. Давлатга қарашли энергия ва сув таъминоти билан шуғулланаётган монополистик компаниялар уларни яхши етказиб бера олмайди, тўловларни ҳам вақтида олмайди.
Муаллиф муаммонинг ечимини Яқин Шарқ мамлакатлари, хусусан, Исроилнинг томчилатиб суғориш бўйича илғор тажрибасини жорий қилишда кўради. Таъкидланишича, Исроилнинг “Нетафим” компанияси ушбу технологияни қўллаб, сув сарфини 25 – 75 фоиз тежар экан. Бу сув, ўғит ва пестицидларни тежаши билан бирга тупроқнинг кимёвий ифлосланишини ҳам, озиқ-овқат маҳсулотларини нархини ҳам пасайтирар экан.
“Ўзбекистон ушбу технологияларни қўллаш билан Амударё ва Сирдарё сув ресурсларидан фойдаланишни камайтириши мумкин. Тошкент Ўзбекистон қишлоқ хўжалигига таҳдид солаётган шўрланиш муаммосини ҳам ечса бўлади”, деб ёзади А.Эгамов.
Бундай инновацион технологияларни қўллаш учун Ўзбекистон ҳукумати хусусий сектор билан инвесторларни барқарор ривожланиш ташаббусларига жалб этиши лозим.
Мақоланинг хулоса қисмида кейинги йилларда минтақавий ҳамкорликни ривожлантириш бўйича олиб борилаётган сиёсат: чегаралар демаркацияси, уларни миналардан тозалаш, янги чегара пунктлари очилаётгани, савдо-сотиқ ортаётгани, виза режимининг эркинлаштирилаётгани ушбу муаммони ҳал этишда муҳим роль ўйнаяжаги таъкидланади.
“Тошкент сув ресурсларини барқарор ва узоқ муддатли бошқаришга оид ҳамкорликни ривожлантиришда Марказий Осиё мамлакатларига етакчилик қилиши мумкин. Балки келгусида Марказий Осиёнинг сув ресурсларини бошқариш бўйича устмиллий ташкилот… минтақадаги сувга оид зиддиятларни енгиллатишда форум бўлиши мумкин. Айни дамда Ўзбекистон янги ислоҳотлар ўтказиш ва замонавий технологияларни жорий қилиш орқали сув ресурсларини бошқаришиннг эскириб кетган тизимларини ўзгартириши зарур”, дейди пировардида муаллиф.