Сурат манбаси: “Российская газета” (Фото: Валерий Мельников / РИА Новости)
БМТ ҳисоб-китобига кўра, Ўзбекистонда 87 000 га яқин фуқаролиги йўқ киши бор. Уларнинг кўпчилиги Тожикистондаги фуқаролар уруши вақтида республика ҳудудига қочиб ўтган этник ўзбеклардир.
Мустақил Eurasianet ахборот ташкилоти вебсайтида чоп этилган “Uzbekistan: The limbo existence of the stateless” (“Ўзбекистон: фуқаролиги йўқ кишиларнинг ғариб аҳволи”) мақоласида келтирилишича, БМТ ҳисоб-китобига кўра, Ўзбекистонда 87 000 га яқин фуқаролиги йўқ киши бор. Уларнинг кўпчилиги Тожикистондаги фуқаролар уруши вақтида республика ҳудудига қочиб ўтган этник ўзбеклардир.
Мақола 70 яшар Ғойибназар Эрназаров билан 66 яшар аёли Баҳринисонинг ҳаж зиёрати ҳақидаги орзулари рўёлигича колаётгани, бунга улар Ўзбекистонда 27 яшаётганига қарамай, ушбу мамлакат фуқаролигини ола олмаётгани сабаб эканини айтади:
‒ Беш йилдан бери ҳажга бора олмаяпмиз. Мусулмонлар идораси (дин соҳасини назорат қилувчи ярим давлат органи) бизга, бу йил албатта борасизлар, деб айтди. Лекин икки кун олдин, рўйхатда йўқсизлар, деса бўладими, ‒ деди Эрназаров Eurasianet.org вакилига.
Асли Суғд вилоятидан бўлган Эрназаровлар оиласи 1993 йил Тожикистонда фуқаролар уруши бошлангандан сўнг Тошкент вилоятининг Бекобод шаҳрига кўчиб ўтади. 2000 йили Ўзбекистонда яшаш рухсатномасини олади. Лекин бу ҳужжат Тожикистонда қолган онаси ва бошқа қариндошларини бориб кўриб келиш ҳуқуқини бермайди. Шу сабабли бир неча марта ўзи ва оила аъзолари учун Ўзбекистон фуқаролигини олиш учун давлат идоралари ва парламентга ариза беради, аммо ҳеч қандай жавоб ола билмайди.
Бунақа фуқаролик ола билмаётган кишилар, афсуски, жуда кўп.
Ўзбекистон қонунчилигига биноан, фуқаролиги йўқ кишилар на сайловда овоз бериш ва на сайланиш ҳуқуқига эга. Улар ҳатто давлат лавозимларида ишлай ҳам олмайди.
Кейинги йилларда Ўзбекистон билан Тожикистон ўртасидаги муносабатлар изга тушиб, мамлакатлар ўртасида ўнлаб чегара постлари очилганига қарамай, Эрназаровга ўхшаш кишиларнинг ҳаётида деярли ўзгариш бўлмади. Улар фуқаролиги йўқ кишилар сифатида ҳали ҳам Тожикистонга бориш учун югуриб-елиб виза олиши шарт.
Икки мамликат ўртасида чегара назорати кучайтирилгандан сўнг чегаранинг икки томонидаги қаришдошлар бир-бири билан кўриша олмай қолган эди.
Мирзаёев даврида вазият бир оз яхшиланди. У минглаб кишиларга фуқаролик бериш тўғрисида фармон қабул қилди. Фуқаролиги йўқ шахслар муаммолари билан шуғулланадиган адвокат Шуҳрат Ғаниевнинг айтишича, 2019 йилда 2000 дан ошиқ қиши Ўзбекистон фуқаролигини олган. “Бу – дарёдан томчи. Лекин ҳарна-да”, дейди у.
“Ўзбекистон ташқи сиёсатидаги янги қиёфалар, эски моделлар”
Бугун Тошкент ташқи сиёсат воситаси сифатида регионализмга эътибор қаратмоқда, бу кўпроқ масъулият ва ўзаро боғлиқликни талаб этади… Лекин ушбу ўзгаришлар Каримов президентлиги вақтида бошланган эди.
21 август куни “The Diplomat” журнали вебсайтида чоп этилган “New Faces, Old Patterns in Uzbekistan’s Foreign Policy” (“Ўзбекистон ташқи сиёсатидаги янги қиёфалар, эски андозалар”) мақоласида муаллиф, Канаданинг Йорк университети фалсафа доктори Алексей Асирян сўнгги йилларда жаҳон жамоатчилиги президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида расмий Тошкентнинг ўзгараётган ташқи сиёсатини қутлаётгани шов-шувларга сабаб бўлаётганини ёзади.
Муаллиф фикрича, юзаки қараганда, Каримов давридагидан кўра бошқача сиёсат юритилаётгандай кўринади. Чунки Мирзиёев бир қанча ижтимоий ва сиёсий ислоҳотлар ўтказди, сиёсий маҳбусларпни озод қилди ва Каримов давридаги амалдорларни ишдан ола бошлади. У президентлигининг дастлабки йилида Марказий Осиёдаги барча қўшни мамлакатлар пойтахтларига сафар қилди. Қирғизистон билан неча ўн йиллардан бери бошоғриқ бўлиб келаётган чегара можаросини ҳал этишда олға силжишга эришди. Тожикистондаги Роғун тўғони қурилишига мухолифлик қилишни тўхтатди, минтақа ташқарисидаги мамлакатлар билан ҳам алоқаларни яхшилашни давом эттирди.
Асирян, гарчи кейинги йилларда Ўзбекистон ташқи сиёсатида ўзгаришлар кўзга ташланаётган бўлса-да, у 2012 йили Каримов даврида қабул қилинган ташқи сиёсат концепциясига асосланишини эслатиб ўтади. Лекин ўта эҳтиёткор ва ўз режими хавфсизлигини ҳамма нарсадан устун қўйиб келган Каримовдан фарқли ўлароқ, Мирзиёев бу ишни дадилроқ юрита бошлаганини ёзади.
Муаллиф ишончли маълумотлар ва мустақил тадқиқотлар камлиги сабаб Тошкентнинг ташқи сиёсатига баҳо бериш қийинлигини қайд этади. У Каримовнинг хавфсизлик масаласига қандай ёндашганини таъкидлар экан, биринчи президент ўзгаришларга тайёр бўлганини, унинг бир томондан Москвадан бўлган босим, иккинчи томондан эса миллатлараро можаро рўй берган шароитда ҳокимиятни сақлаб қола билиши фақат авторитар сиёсати эмас, уста сиёсатчилик қобилиятига ҳам боғлиқ бўлганини айтади.
“Каримов ташқи сиёсатга ҳам шундай ёндашди. Ўзбекистон аксарият ҳолларда “кўпвекторлилик” деб аталадиган сиёсат юритди ва Тошкент ҳеч бир мажбурият юкламайдиган ва мослашувчан ташқи сиёсат олиб борди, ўзаро рақобат қилаётган давлатлар билан мувозанатли муносабатлар ўрнатишга интилди”, деб ёзади у.
Оқибатда Ўзбекистон икки марта КХШТга кириб чиқди, 2008 йили Евроосиё иқтисодий ҳамкжамиятидаги аъзолигини тўхтатди, АҚШ бошлиқ ГУАМ ташкилотига аъзо бўлиб, ундан ҳам чиқиб кетди. Ўзбекистон раҳбарияти халқаро муносабатларда кўп иккиланди. Буни унинг мамлакатни тан олдириш ва бошқалар билан тенг мақомга эга бўлиш учун кураши деб изоҳлаш мумкин. Каримов “Кўплаб камчиликларига қарамай, собиқ советлар маконида энг барқарор ва мустаҳкам авторитар режимлардан бирини қуришга муваффақ бўлди,” дейилади мақолада.
Ўша ҳолатлар билан солиштирганда, Мирзиёевнинг ташқи сиёсати бутунлай бошқача кўриниш олади: “Бугун Тошкент ташқи сиёсат воситаси сифатида регионализмга эътибор қаратмоқда, бу кўпроқ масъулият ва ўзаро боғлиқликни талаб этади… Лекин ушбу ўзгаришлар Каримов президентлиги вақтида бошланган эди. 2012 йилда қабул қилинган “Ташқи сиёсат концепцияси” Ўзбекистон ташқи сиёсатининг янги тамал тоши бўлди ва янги ташқи сиёсат йўналишининг иккита муҳим принципини белгилаб берди”. Биринчи – бетарафлик принципи Ўзбекистоннинг ҳарбий блокларга қўшилмаслигини англатса, иккинчиси эса Марказий Осиё мамлакатлари билан ҳамкорликка устувор аҳамият беришни кўзда тутади. Бу Ўзбекистон учун ортиқ изоляционизм сиёсатини юритиб бўлмасликни англатар эди.
Муаллиф фикрича, Ўзбекистоннинг изоляционизм сиёсати хавфсизликни таъминлаш, ташқи таҳдидлардан ҳимояланиш нуқтаи назаридан мақбул бўлса ҳам, иқтисодий ривожланиш ва минтақавий хавфсизликка путур етказди.
Мирзиёевнинг ташқи сиёсати Каримовникидан фарқ қилишини айтмаслик адолатдан бўлмайди. У Марказий Осиёдаги қўшни мамлакатлар раҳбарлари билан муроса қилиш йўлини топа билди. Каримов даврида қўшнилар билан муносабатлар бу қадар ривожланмаган эди. Айниқса, Афғонистонни Марказий Осиё минтақасига жалб қилиш устувор вазифага айланди. Яна АҚШ қўшинларининг Афғонистондан олиб чиқиб кетилиш ва минтақадаги вазиятнинг оғирлашиш эҳтимоли Тошкентни толиблар билан Афраф Ғани ҳукумати ўртасидаги мулоқот ўрнатишда воситачи бўлишга ундамоқда.
Ўзбекистоннинг минтақада таъсир кучига давлатлар билан алоқалари яхшиланиши савдо-сотиқ ва иқтисодий ҳамкорлигини ривожлантиради. Афғонистонни минтақа иқтисодий ҳамкорлигига жалб этиш ва у ерда интратузилма қуриш эса унинг денгизга чиқишига йўл очади.
“Айни дамда Ўзбекистоннинг ташқи сиёсатга бўлган ёндашувида жиддий ўзгаришлар қилиш эҳтимоли кам. Халқаро ҳамжамият ва минтақада таъсир кучига давлатлар ушбу мамлакатнинг минтақавий ҳамкорликни ривожлантириш борасидаги саъй-ҳаракатларини фаол қўллаб-қувватламоқда. Пировардида айнан Қобулдаги тинчлик Тошкентнинг очиқлик сиёсати умри узоқлигини белгилаб беради. Агар Афғонистон яна улкан уруш домига тушиб қолса, Ўзбекистон ичида яна уни изоляцияга қайтарадиган етарли сиёсий куч топилади”, дейилади мақола сўнггида.
“Тошкент ўзбек сўмининг эркин алмашувига ўтмоқда”
Вашингтондаги Халқаро молия институтининг етакчиси таҳлилчиси Бобан Марокович валюта назорати ҳақида “тўлиқ либераллашган бозор сари сўнгги тўсиқ эди”, деб айтди. Унинг фикрича, “энди нима бўлишини вақт кўрсатади”.
20 август куни Ўзбекистон Марказий банкининг миллий валюта – сўмнинг бозор талаби ва таклифидан келиб чиққан ҳолда эркин конвертациясига ўтиш тўғрисидаги баёноти Ўзбекистон ҳаётини ёритадиган чет эл ахборот воситаларида ҳам қизғин муҳокамаларга сабаб бўлди.
Radio Free Europe/Radio Liberty вебсайтида эълон қилинган “Tashkent Moves To Floating Exchange Rate For Uzbek Currency” (“Тошкент ўзбек сўмининг эркин алмашувига ўтмоқда”) мақоласида ўзбек расмийлари миллий валютанинг “эркин алмашувини таъминлаш учун сўнгги тўсиқларни олиб ташламоқда”, дейилади.
Жисмоний шахслар банклардан чет эл валютасини сотиб ола бошлагач, миллий валюта 3,5 фоиз қадрсизланиб, 1 АҚШ доллари 9384 сўмдан сотила бошлади.
“Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев иқтисодий ўсишни тезлаштириш ва 33 миллионга яқин халқининг турмуш даражасини кўтаришга интилмоқда… У 2017 йил чет эл инвестициялари ва иқтисодий ўсишга тўсиқ сифатида кўрилаётган валюта назоратига барҳам берди”, деб ёзади мақола муаллифи.
Вашингтондаги Халқаро молия институтининг етакчи таҳлилчиси Бобан Марокович валюта назорати ҳақида “тўлиқ либераллашган бозор сари сўнгги тўсиқ эди”, деб айтди. Унинг фикрича, “энди нима бўлишини вақт кўрсатади”. ўзбек банкларида аҳолининг ишончини қозониш учун ислоҳот ўтказилиши керак.
Хитой ҳукуматига қарашли “Синхуа” ахборот агентлигининг “Uzbekistan allows free float of currency” (“Ўзбекистон валютанинг эркин муомаласига рухсат бермоқда”) мақоласида Ўзбекистон Марказий банки миллий валюта – сўмнинг эркин муомаласига оид чекловларни бекорга этишга қарор қилгани айтилади.
Агентликка кўра, “Марказий банк бундан буён мамлакатдаги валюталар конвертацияси бозорини яқиндан кузатиб боради ҳамда кучли ташқи таъсирларни енгиллаштириш ва асосий макроиқтисодий кўрсаткичлар мувозанатини таъминлаш учун бозор механизмларидан фойдаланади”.
“Ўзбекистон собиқ президентининг қизига қарши янги жиноий иш очмоқда”
Ўзбекистон ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари вакилларига кўра, Каримова айбланаётган иккита олдинги жиноят иши бўйича етказилган зарарнинг умумий миқдори тахминан 2 миллиард долларга етади.
“Рейтер” ахборот агентлигининг Ўзбекистон Республикаси бош прокуратураси баёнотига асосланиб ёзилган “Uzbekistan launches new probe against ex-leader’s daughter” (“Ўзбекистон собиқ президентининг қизига қарши янги жиноий иш очмоқда”) мақоласида марҳум президент Ислом Каримовнинг қамалган қизи Гулнора Каримовага қарши ноқонуний хусусийлаштириш, яъни иккита цемент заводини давлатдан ноқонуний сотиб олганлик айбловлари билан янги жиноят иши қўзғатилгани ҳақида сўз юритилади.
Яна айтилишича, Каримова бир неча компанияларни уларнинг эгаларини қўрқитиш йўли билан тортиб олган.
Швейцариялик адвокати Грегор Манжа унинг юқори қон босимидан қийналаётгани ва июль ойида касалхонага олиб кетилгани сабабли у билан кўриша олмаганини билдирди.
Ўзбек прокурорлари Каримованинг чет мамлакатлардаги, 1,5 миллиард АҚШ долларидан ортиқ активлари, жумладан, ҳашаматли кўчмас мулкларини қонун йўли билан қайтариб олишга ҳаракат қилмоқда, дейилади мақола сўнггида.
Бош прокуратуранинг ушбу баёноти Radio Free Europe/Radio Liberty’нинг эътиборидан ҳам четда қолмади. Радиостанциянинг бош прокуратура баёнотига таяниб хабар қилишича, Гулнора Каримова “республика манфаатларига ўта йирик миқёсда зарар келтирувчи” чет эллик харидорларнинг “ноқонуний фаолиятига ҳомийлик қилган”.
Россиянинг халқаро ахборот агентлиги – “РИА новости” хабар қилишича, “Каримова айбланаётган иккита олдинги жиноят иши бўйича етказилган зарарнинг умумий миқдори тахминан 2 миллиард долларга етади. Тошкент 21 та мамлакат, жумладан, Россияда 1,5 миллиард доллардан ошиқ активларни ҳибсга олишга ташаббуси билан чиқди. Швейцария бош прокуратураси июнь охирида маблағларни ювиш ишини тергов қилиш билан боғлиқ тарзда мусодара қилинган 130 миллион доллар Ўзбекистонга қайтарилишини хабар қилган эди”.