Фото: https://tj.sputniknews.ru/
Муаллиф: Дилмира Матяқубова
Ҳам ички, ҳам ташқи ишбилармонларнинг амалга оширилаётган ислоҳотларга ишониши ва уларнинг Ўзбекистон иқтисодиётига сармоя киритишга тайёрлиги мамлакатда қонун устуворлиги ва инсон ҳуқуқига риоя қилинишининг доимий ўсишига боғлиқдир.
Ўзбекистон пойтахтидан 1200 км ғарбда, Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудида жойлашган ҳамда ўлим ва қийноқ ҳолатлари энг кўп кузатилган “Жаслиқ” узоқ йиллардан буён Марказий Осиёнинг энг мудҳиш қамоқхонаси бўлиб келаётган эди. 2 август куни Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев қамоқхона ёпилиши тўғрисидаги фармонни имзолади.
The Diplomatнинг ёзишича, 1999 йилда собиқ Совет Иттифоқи ҳарбий базаси ҳамда кимёвий қуроллар синови ўтказилган жойда барпо этилган “Жаслиқ” қамоқхонасида ўша йили Тошкентда содир бўлган портлашдан сўнг ҳибсга олинган кўплаб “диний” маҳбуслар сақланган эди. У ернинг ёзи жазирама, қиши эса Сибирдагидай совуқ. Қуриб битаёзган Орол денгизи тубидан кўтарилаётган тузлар ва заҳарли кимёвий моддалар ҳавога тарқалади ва атроф муҳитни, тупроқни заҳарлайди. Бу эса қамоқхонадаги яшаш шароитини янада оғирлаштиради.
Human Rights Watch ташкилоти маълумотига кўра, 2012 йилда қамоқхонада 5000 – 7000 нафар маҳбус борлиги тахмин қилинган. 1999 йилги портлашлардан сўнг ҳибсга олинган журналист ва собиқ маҳбус Муҳаммад Бекжон қийноққа солингани ва оила аъзолари таъқиб қилингани ва хотинини сўроққа тутилганини айтади. BBC хабарига кўра, 18 йил умрини Ўзбекистон қамоқхоналарида ўтказган собиқ сиёсий маҳбус, таниқли шоир ва биринчи президент Ислом Каримовнинг сиёсий рақиби, “Эрк” демократик партияси раиси Муҳаммад Солиҳнинг укаси бўлган Муҳаммад Бекжон 2017 йил февралида озодликка чиқарилди. Ўзбекистон суди уни террорчиликда айблаб 15 йилга кесган, уйини эса мусодара қилган эди. Ҳозир Хоразмдаги уйида яшаётган Бекжон озод этилишини Ўзбекистондаги ҳокимият ўзгариши билан боғлайди.
‒ Каримов тирик бўлганида, ҳали ҳам қамоқда ўтирган бўлар эдим, ‒ дейди мухолифатдаги “Эрк” партияси фаоли.
Каримов ҳукумати 1999 йил воқеаларини баҳона қилиб, минглаб танқидчилар, мухолифат аъзолари ва дин фаолларини, жумладан, ҳукумат назорати остидаги масжидлардан ташқарида дин амалларини бажарадиган мусулмонларни қамоққа олган эди.
Human Rights Watch ташкилотининг Марказий Осиё бўйича тадқиқотчиси Стив Свердлоунинг таъкидлашича, “Ўзбекистон президентининг “Жаслиқ” колониясини ёпиш қарори шубҳасиз ижобий янгиликдир.” У Voice of America радиосига берган видео баёнотида БМТ ва бошқа инсон ҳуқуқи гуруҳлари деярли йигирма йилдан буён ушбу қамоқхонани ёпишга чақириб келаётган эди. Тадқиқотчининг фикрича, ҳали кўп ишлар қилиниши лозим, ислоҳотларни давом эттираётган президент Мирзиёев “Жаслиқ”да маҳбус бўлганлар бошидан кечирганларини гапириб беришига имкон яратиши керак, бу ҳақда бутун Ўзбекистон билиши ва у бошқа такрорланмаслиги учун сабоқ чиқарилиши зарур.
Қамоқхона ёпилиши ҳақида фикр билдирар экан, “бунга асосий сабаб одамлар билан самимий мулоқотни бошлаш эмас, мамлакатнинг халқаро обрўсини яхшилашдир”, дейди Лондондаги SOAS университетининг асли ўзбекистонлик илмий ходими Алишер Илҳомов Al Jazeera билан суҳбатда. Унга кўра, “бутун мамлакат бўйлаб пенитенциар тизимни ислоҳ қилмасдан ва Қизил Хоч вакилларига мамлакат қамоқхоналарига киришга рухсат бермасдан туриб, бу қадамни амалга ошириш деярли бефойда”.
New Europe хабарига кўра, “ҳам ички, ҳам ташқи ишбилармонларнинг амалга оширилаётган ислоҳотларга ишониши ва уларнинг Ўзбекистон иқтисодиётига сармоя киритишга тайёрлиги мамлакатда қонун устуворлиги ва инсон ҳуқуқига риоя қилинишининг доимий ўсишига боғлиқдир,” дейилади Европа Иттифоқининг “Жаслиқ” колонияси ёпилиши тўғрисидаги баёнотида.
Шарҳлар учун ким жавобгар?
Ҳуқуқшунос Хушнудбек Худойбердиев қонунда оммавий ахборот воситалари ва турли ижтимоий тармоқларда қолдирилган шарҳлар учун блогер ва журналистлар жавобгарлиги кўзда тутилмаганини маълум қилди.
Президент маъмурияти ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги директори Комил Алламжонов оммавий ахборот воситалари, блогерлар ва ижтимоий тармоқдаги каналлардан фойдаланувчилар ўз саҳифаларида қолдирилган шарҳлар мазмунига жавобгар экани ҳақида баёнот берди. Агентлик раҳбарининг расмий видео баёноти Фейсбук саҳифасида эълон қилинди. Унинг таъкидлашича, сўнгги пайтларда ижтимоий тармоқларда қандай янгилик эълон қилинмасин, шарҳларда ҳар хил фикрлар пайдо бўлади, одамлар муносабат билдириб, баҳслашади.
− Бу фуқароларнинг фаоллашганини англатади, ‒ дейди агентлик раҳбари. ‒ Аммо афсуски, улар орасида ҳақорат, туҳмат, ҳақоратли сўзлар ва обрўсизлантирувчи фикрлар сони кескин кўпайди. Бундай шарҳлар, ўз навбатида, ҳар бир фуқарога салбий таъсир кўрсатади ва одамлар орасида нотўғри маълумотлар ва турли хил миш-мишларнинг пайдо бўлишига олиб келади. Энг салбий томони шундаки, уларнинг асосий қисми троллар гуруҳи ёки сохта аккаунтлар томонидан қолдирилган.
GazetaUz хабарига кўра, ўзбекистонлик блогерлар ва журналистлар Алламжоновнинг баёнотига норозилик билдирган. “Чинор остидаги кузатувлар” блоги муаллифи Ферузхон Ёқубхўжаев ўз видеомурожаатида шундай дейди: “Мен тушунмадим, нима учун янгилик ёзган кишининг саҳифасида шарҳ қолдирган, яъни ўз хоҳишини ифода этган шахс учун, бошқа одамларнинг сўз эркинлиги учун, янгиликни ёзган одам жавобгар бўлиши керак? Менимча, бу сўз эркинлигини бостиришнинг шундай бир гибрид шакли.”
Журналист ва блогерларнинг бу баёнотга кескин муносабати туфайли директор Алламжонов журналистлар билан яна учрашув ўтказишга мажбур бўлди. У ушбу жавобгарлик қонунда белгилаб қўйилгани ва олдинги учрашувда фақат қонундан намуна келтирилганини таъкидлади. Бироқ ҳуқуқшунос Хушнудбек Худойбердиев қонунда оммавий ахборот воситалари ва турли ижтимоий тармоқларда қолдирилган шарҳлар учун блогер ва журналистлар жавобгарлиги кўзда тутилмаганини маълум қилди. Жавобгарлик блогер ва таҳририятга шарҳларни олиб ташлаш ҳақида огоҳлантирувчи хат юборилган ҳолатда юкланиши ва агар блогер ёки таҳририят буни рад этса, иш судда кўриб чиқилиши мумкинлиги айтиб ўтилди.
Афғон толиблари делегацияси Ўзбекистонда
Ўзбекистон делегацияси Афғонистон президенти Ашраф Ғани ва унинг маслаҳатчиси Ҳамдуллоҳ Муҳиб билан учрашиб, Афғонистон ҳукумати билан “Толибон” ўртасида тўғридан-тўғри музокараларни Самарқанд шаҳрида ўтказишни таклиф этди, Афғонистон томони эса уни қабул қилди.
Афғонистоннинг Мулла Абдул Ғани Барадар бошчилигидаги “Толибон” ҳаракати делегацияси 6-10 август кунлари Ўзбекистонга беш кунлик сафар қилди. Ўтган йил августида Аббас Снатекзай бошчилигидаги делегация Ўзбекистонга тинчлик масалаларини ўзбек расмийлари билан муҳокама қилиш учун келгани айтилади Didpress Agency вебсайтида.
Reuters хабарига кўра, Ўзбекистон расмийлари билан учрашув чоғида, делегация транспорт ва электр тармоқлари ҳамда Афғонистонда тинчлик масалаларини муҳокама қилган. “Толибон” ҳаракати сиёсий бошқармаси воизи Муҳаммад Суҳайл Шаҳин шанба куни Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов ва Афғонистон бўйича махсус вакил Исматилла Иргашев билан учрашганини маълум қилди. Унга кўра, учрашувда темирйўл ва электр узатиш хавфсизлиги каби ҳозирги ва келгуси миллий лойиҳалар муҳокама қилинган. Шунингдек, хорижий кучларнинг Афғонистондан чиқиб кетиши ва Афғонистонда тинчликка эришиш йўллари тўғрисида фикр алмашилган.
Олдинроқ The Diplomat “Тошкент афғон ҳукумати ва “Толибон” ўртасида воситачилик ролини ўз зиммасига олгани” ва 4 март куни ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов Қатарнинг Доҳа шаҳрида “Толибон” раҳбарияти билан учрашгани ҳақида хабар берган эди. Тошкентга қайтгандан сўнг вазир дарҳол Афғонистон президентининг миллий хавфсизлик масалалари бўйича маслаҳатчиси Ҳамдуллоҳ Муҳиб бошчилигидаги делегацияни қабул қилган эди. Шунингдек, Абдулазиз Комилов ва Хавфсизлик кенгаши котиби Виктор Маҳмудов Афғонистон президенти Ашраф Ғани ва маслаҳатчиси Муҳиб билан якшанба куни қайтадан учрашиб, Афғонистон ҳукумати билан “Толибон” ўртасида тўғридан-тўғри музокараларни Самарқанд шаҳрида ўтказишни таклиф этган, Афғонистон томони эса уни қабул қилган эди.
Кейинги пайтда Россия билан Ўзбекистон толибларга ДАИШга қарши курашда таянч сифатида кўпроқ эътибор қаратиб келган эди. TOLO News хабарига кўра, Қўшма Штатлар Москвани толибларни қурол билан таъминлаб турганликда айбламоқда. АҚШ Тинчлик Институтининг Осиё дастурлари бўйича вице-президенти Эндрю Вайлдер Вашингтон Афғонистонда тинчлик битимига эришишда Россиянинг “конструктив” ролини маъқуллашини маълум қилди. Унга кўра, хорижий ҳукуматларнинг толиблар билан Афғон ҳукумати иштирокисиз юқори даражада музокара олиб бориши ушбу ҳаракатга ҳаддан зиёд қонунийлик бериш хавфини туғдириши мумкин.