Тараққиёт калити ҳар доим Шарқ ва Ғарб таъсири билан ички ўзига хосликни мувозанатлай олишда бўлиб келган. Деярли икки аср давомида ташқи кучлар устунлиги остида қолиб кетган, яқин ўттиз йилда эса ташқи дунёдан узилган Ўзбекистон ниҳоят тарихдаги қонуний ўрнини топиб бормоқда.
Мелик Кайланнинг Forbes журнали сайтида эълон қилинган “Uzbeks Visit the US to Say They are Open for Business After Years of Isolation” (“Кўп йиллик изоляциядан сўнг бизнес юритишга очиқлигини айтиш учун ўзбеклар АҚШга сафар қилди”) номли мақоласида Ўзбекистоннинг ҳукумат амалдорлари ва бизнес вакиллари сиёсий маслаҳатлашув учун Вашингтонга ҳамда конференция ва тақдимотлар ўтказиш учун Нью-Йоркка сафар қилгани ҳақида сўз юритилади.
Муаллиф Манҳэттенда Уолл-Стритдаги молиявий компаниялар вакиллари учун ўтказилган шундай тадбирлардан бирида иштирок этганини, иштирокчиларнинг сармоя ётқизиш имкониятлари ҳақидаги инглиз тилида пухта тайёрланган тақдимотларини ҳаяжон билан кузатганини ва уларни Ўзбекистондаги саноат ва банк компанияларининг ёш директорлари ўтказганини ёзади. Улардан бири Ўзбекистон Капитал бозорини ривожлантириш агентлиги директори – вазирлик мақомидаги ташкилот раҳбари, АҚШда таълим олган Отабек Назировдир. “Хулоса шуки, музлар эриб, Ўзбекистон ташқи дунёга очилмоқда”, дея таъкидлайди у.
“Мабодо юқоридаги сўзлар ўта ижобий туюлаётган бўлса, ушбу мамлакатдаги вазият яқин-яқингача қанчалик ёмон бўлганини тушунишингиз керак. Ушбу собиқ Совет Республикаси Каримов раҳбарлигида қашшоқ полиция давлатига айланган эди. У коррупциялашган, изоляцион ва шахсга сиғинар даражага бориб қолган режимни қаттиққўллик билан бошқарар ва бу Шимолий Кореяникидан узоқ бўлмаган ва қўрқув асосий маҳсулоти бўлган бир модель эди”, деб ёзади муаллиф.
Унинг фикрича, Каримов даврида бирдан-бир ижобий ҳодиса Афғонистондан ўтиб келаётган ва Фарғона водийсида илдиз отаётган ислом радикализмига қарши курашилгани бўлди. Аммо, бу инсон ҳуқуқи бузилиши ҳисобига амалга оширилди. Чет эллик мухбирлар қўйилмагани ва бошқа мамлакатдагилар у ерда нималар содир бўлаётганини билмагани сабабли 30 миллион аҳолиси бор Ўзбекистон хабарлар қоратуйнугига айланиб қолган эди.
Каримов вафотидан сўнг вориси Шавкат Мирзиёев ислоҳотчи сифатида мамлакатининг иқтисодий аҳволини яхшилашга ҳаракат қилаётган киши сифатида майдонга чиқди. Чунки, у ҳам Каримов маъмуриятида ишлагани сабабли ўтмишдоши сиёсатини давом эттириши мумкин эди, аммо орадан ўтган қисқа вақт мобайнида мамлакати йўналиши ва келажагини ўзгартирди: сиёсий маҳбусларни озод қилди, чет эл ОАВга мамлакатда ишлаш учун рухсат берди, мамлакатни чет эл савдоси ва сармоялари учун очди. Хорижда ўқиб келган ёш мутахассисларни юқори лавозимларга тайинлади. Баъзиларнинг фикрича, Каримов давридаги кенг тарқалган коррупция ва таниш-билишчиликка қарши кескин кураш олиб бормоқда.
Муаллиф Ғарбнинг турли ОАВ учун собиқ “темир парда” ортидаги мамлакатларнинг либерал демократияга ўтиш жараёни ҳақида мақолалар ёзгани айтади. Унинг фикрича, оддий кишилар коррупциялашган элитани халқ ҳокимияти воситалари билан Украина, Руминия, ва Болгария сингари мамлакатларда итқитиб ташлашга ҳаракат қилган, аммо деярли ҳеч нарса ўзгармаган, фақат Грузияда Саакашвили ҳукумати бир неча йил давомида кенг тарқалган коррупция ва олигархлар ҳокимиятига қарши кескин чоралар қўллаб, уларни енгишга эришган.
Муаллифга кўра, авторитар давлатларда собиқ элитани тозалаш унинг ўрнига янгисини пайдо қилади, лекин бу кўп жиҳатдан янги раҳбарга боғлиқ ва Мирзиёев бу борада яхши ишлар қилмоқда.
“Ўзбекистоннинг Ғарбдан олис, бизникидан кўра яхшироқ кўзга ташланадиган Сингапур модели мавжуд бўлган Шарқий Осиёга яқин жуғрофий жойлашувини ўйлаб кўринг. Таълим, барқарорлик ва фаровонлик биринчи ўринга чиқади – фақат коррупция ривожланиш йўлини тўсиб, уни издан чиқариб юбормаса бўлди. Бундай мақсадларга эришиш учун юксак даражадаги ошкоралик зарур бўлади, акс ҳолда сармоядорлар катта ҳажмдаги инвестициялар киритмайдилар. Шундай қилиб, либераллаштириш сари шафқатсиз қадам ташлайсиз, агар жараён уқувсизлик билан бошқарилса, исталган томонга оғиб кетиши мумкин”, деб ёзади Мелик Кайлан.
У Нью-Йоркда тақдимот ўтказган амалдорлар, айниқса, Отабек Назировнинг ҳеч нарсани бўямай-бежамай гапирганидан таъсирланганини, улар Мирзиёевнинг қуйи қатламлар эҳтиёжларини қондириш, қўшни мамлакатлар билан алоқаларни яхшилаш учун бошлаган саъй-ҳаракатлари, жорий йилда 36 та мамлакатга сафар қилишни режалаштираётгани ҳақида маълумотлар олгани ҳақида сўз юритади.
Кайлан билан анча вақт суҳбатлашган Назировга кўра, “Ўзбекистонда хомашё кўп, масалан, олтин. Давлат хазинасида 25 миллиард АҚШ долларилик олтин-валюта захираси бор. Бу 20 миллиард доллардан камроқ ташқи қарз билан солиштирганда, баланс мустаҳкам эканини кўрсатади. Лекин мамлакат фақат табиий ресурсларни сотишни эмас, иқтисодиётини рангбаранглаштиришни, маҳсулотларни ишлаб чиқариб, экспорт қилишни истайди”.
Назировнинг “Forbes” журнали мухбирига айтишича, Ўзбекистон иқдисодиёти йилига 5 фоиз ўсмоқда. Асосий устувор вазифа – турли бошқарув институтларини барқарор ривожланишни сақлаб қолган ҳолда ўзгартириш. Шу мақсадда президент ҳамкасблари билан бирга оддий кишилар билан маслаҳатлашиш учун мамлакатнинг ҳамма жойларида халқ қабулхоналарини очди. Унинг қайд этишича, бошқа мамлакатлар тажрибасини Ўзбекистон шароитига механик тарзда кўчириб ўтқазиб бўлмайди. Бунинг учун “одамлар билан маслаҳатлашиш, улар нимани истаётганини тушуниш ва вазият нимани тақозо қилаётганини билиш талаб этилади.
“Назировнинг сўзларига қулоқ тутар эканман, у Ўзбекистонни илдизларига қайтариш, асрлар давомида савдо-сотиқ маркази сифатидаги ўрнини тиклаш зарурлиги ҳақида гапираётгани тушундим. Аслида Буюк ипак йўлининг марказлари воҳа шаҳарлари бўлган. Сув йўлларига чиқишга йўли бўлмаган, аммо ташқи дунё билан олди-берди қилган мамлакат ҳеч қачон изоляция ҳолатида тараққий этмаган. Тараққиёт калити ҳар доим Шарқ ва Ғарб таъсири билан ички ўзига хосликни мувозанатлай олишда бўлиб келган. Деярли икки аср давомида ташқи кучлар устунлиги остида қолиб кетган, яқин ўттиз йилда эса ташқи дунёдан узилган Ўзбекистон ниҳоят тарихдаги қонуний ўрнини топиб бормоқда”, дея мақоласига якун ясайди муаллиф.
Ўзбекистон Афғонистон билан савдо-сотиқ қилишга жиддий эътибор қаратмоқда
Тошкент Афғонистон билан ҳамкорликнинг иқтисодий имкониятларига жиддий қарамоқда ва ташаббусларни фаол амалга оширмоқда. Ашраф Ғанининг 2017 йил декабрида Тошкентга қилган сафари ҳамкорликни бошлаб берди.
Умида Ҳошимованинг жорий ҳафтада thediplomat.com вебсайтида чоп қилинган “Uzbekistan Focused on Developing Trade with Afghanistan” (“Ўзбекистон Афғонистон билан савдо-сотиқ қилишга жиддий эътибор қаратмоқда”) мақоласида Ўзбекистон савдо-сотиқ муносабатларини ҳам глобал, ҳам минтақа даражасида ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратаётганини, шу маънода Афғонистон ҳукумати билан йирик лойиҳаларни амалга ошириш борасида музокара олиб бораётгани қайд этилади.
Мақолада ёзилишича, 17 июлда Савдо-сотиқ ва иқтисодий ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро комиссия мажлисида томонлар қисқа вақт мобайнида ўзаро савдо-сотиқни жадаллаштириш, улкан саноат лойиҳаларини ишга тушириш Ўзбекистондан Афғонистонга янги электр узатиш линияси тортиш бўйича келишувларга эришилди.
Ўша куни Ўзбекистон Афғонистон билан Кобул шаҳрида автомобиллар йиғиш бўйича қўшма корхона қуриш юзасидан музокара бошлашни ва бунинг учун Кобулга UzAuto делегациясини юборишини эълон қилди. Бу сўнгги пайтларда ишлаб чиқараётган автомобиллари сотуви камайиб кетган ва молиявий муаммоларга дуч келаётган UzAuto компанияси учун оғир вазиятдан чиқиш йўли бўлиши мумкин. Ушбу таклиф Ўзбекистоннинг Афғонистонда илк автомобиль ишлаб чиқарувчи завод қуришдан манфаатдорлиги баробарида ушбу мамлакатда тинчлик ўрнатилишига оид некбинликни ҳам англатади, деб ёзади муаллиф.
Расмий Тошкент Афғонистон учун транзит мамлакат бўлишга интилмоқда. Бунга Қозоғистондан Афғонистонга буғдой унини темирйўл орқали ташиш учун 20 фоиз чегирма беришни эълон қилганини мисол килиб келтириш мумкин. Чунки Қозоғистон уни Афғонистон импортининг 78 фоизини ташкил қилади. Бундан ташқари, Ўзбекистон афғон экспорти учун ҳаво ҳаби бўлиш йўлида ҳам музокара олиб бормоқда.
Муаллифнинг қайд этишича, 2019 йил майида Ўзбекистон Термиз шаҳридаги юк ташиш терминалида Афғонистон-Ўзбекистон савдо зонасини очди. Июль ойидаги ҳукуматлараро комиссия мажлиси чоғида афғон томонига савдо зонасидан фаолроқ фойдаланиш таклиф этилди. Бинобарин, расмий Тошкент Афғонистонга кираётган ва ундан чиқаётган товарлар учун асосий ҳаб бўлиш тадоригини кўрмоқда.
Бунга жавобан, дейди муаллиф, афғон томони Ўзбекистонга ўзининг 1 триллион АҚШ долларига баҳоланаётган минерал ресурсларидан фойдаланиш, жумладан, Тирпул нефть ва газ бассейнидаги темир рудаси конларини излаб топишни таклиф қилди.
Июль ойида бош вазир Абдулла Арипов бошчилигидаги делегациянинг Афғонистонга сафари вақтида расмий Тошкент президент Ашраф Ғани ҳукумати билан Сурхондарё вилоятидан Афғонистоннинг Пули-Хумри шаҳригача 110 миллион долларлик электр қуввати узатиш линиясини тортиш лойиҳаси ва ушбу мамлакатга электр қувватини сотишни 70 фоиз ошириш масаласини келишиб олди.
Ҳамкорликнинг яна бир истиқболли соҳаси Афғонистон ҳукумати илтимосига кўра, унинг тўқимачилик саноатини тиклаш бўлиши мумкин, чунки Ўзбекистоннинг бу борада орттирилган жуда яхши тажрибаси бор. “2018 йилда Ўзбекистон 830 000 метрик тонна пахта хом ашёси ишлаб чиқариб, ундан 2/3 қисмини қайта ишлади; Тошкент ушбу соҳада амалга оширилган ўзгаришларга оид тажрибасини баҳам кўриши мумкин”, деб ёзади У.Ҳошимова.
“Тошкент Афғонистон билан ҳамкорликнинг иқтисодий имкониятларига жиддий қарамоқда ва ташаббусларни фаол амалга оширмоқда. Афраф Ғанининг 2017 йил декабрида Тошкентга қилган сафари ҳамкорликни бошлаб берди. Тошкент ушбу ҳамкорликка жиддий эътибор қаратмоқда, чунки сўзлар тез орада амалий ишга айланмоқда”, дейди муаллиф.
Покистон билан Ўзбекистон хавфсизлик соҳасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлашга келишиб олди
Покистон билан Ўзбекистон терроризмни йўқ қилиш учун муайян чоралар кўриш баробарида ҳарбий соҳадаги мулоқот ва тренингни яхшилашга келишиб олди.
Покистоннинг инглиз тилидаги чоп этиладиган кундалик Pakistan Today газетаси сайтида чоп этилган “Pakistan, Uzbekistan agree to enhance security cooperation” (“Покистон билан Ўзбекистон хавфсизлик соҳасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлашга келишиб олди”) мақоласида икки мамлакат терроризмни йўқ қилиш учун муайян чоралар кўриш баробарида ҳарбий соҳадаги мулоқот ва тренингни яхшилашга келишиб олгани хабар қилинади.
Газета хабарида айтилишича, ушбу масалалар Ўзбекистон Давлат хавфсизлик хизмати раиси Абдусалом Азизов билан Покистон армияси штаби бошлиғи, генерал Қамар Жавид Бажванинг Равалпинди шаҳридаги армия штаби бош қароргоҳидаги учрашуви чоғида муҳокама қилинди.
Томонлар яна ўзаро манфаатларга дахлдор, икки томонлама муносабатлар, минтақадаги вазият, мудофаа ва хавфсизлик борасида ҳамкорлик ва бошқа масалалар хусусида ҳам фикр алмашди.
Қайд этиш жоизки, жорий йил майида Ўзбекистон бош вазири ўринбосари Элёр Ғаниев ҳам Покистон армияси бош қароргоҳида генерал Қ.Ж.Бажва билан учрашган эди.
Уйлар бузилишига норозилик
“Улар бизни итдай кўчага ҳайдади, бошпана бермасдан туриб уйимизни бузиб ташлади. Касал ва чақалоқлар билан бирга ўн жонмиз. Президент Урганч ҳокимият идораларининг ўзбошимчалигига қарши нима қилмоқчи ўзи?”
Би-Би-Си Умумжаҳон хизмати сайтида унинг мухбири Мартин Морганнинг “Uzbeks protest at house demolitions” (“Ўзбеклар уйлари бузилишига норозилик билдирмоқда”) мақоласи чоп этилди. Унда муаллиф Ўзбекистоннинг Gazeta.uz хабарлар сайтига иқтибосан хабар қилишича, Урганч шаҳрининг юзлаб кишилари ҳокимият идоралари 400 га яқин оила яшаётган маҳаллани бузиб ташлагани учун товон пули талаб қилиб кўчага чиққан.
Норози кишилар шаҳар кенгаши янги уй қуриш учун ер майдони ва маблағ ажратишга ваъда берганига қарамай, ҳалигача ҳеч нарса олмаганини ва қурилиш материалларидан борича бошпана қуриб олганини айтди.
Мақолада келтирилишича, бир аёл Фейсбукда, “Улар бизни итдай кўчага ҳайдади, бошпана бермасдан туриб уйимизни бузиб ташлади. Касал ва чақалоқлар билан бирга ўн жонмиз. Президент Урганч ҳокимият идораларининг ўзбошимчалигига қарши нима қилмоқчи ўзи?” деб ёзиб, уйлар бузилишига оид видеони ҳам жойлаштирибди.
Вилоят ҳокими Фарҳод Эрманов чодиргоҳга келиб, аҳолининг танлаб олинган вакиллари билан гаплашмоқчи бўлганида, уларнинг ғазабидан зўрға қочиб қутулди. Норози кишилар Урганчдан Хонқага элтувчи йўлни икки соатча тўсиб қўйди.
“Ўзбекистонда фуқароларнинг бўйсунмаслик ҳолатлари кам учрайди, чунки ҳокимият идоралари ижтимоий норозиликларни бостиришнинг ҳадисини олган, бироқ президент Шавкат Мирзиёевнинг цензурани камайтириш бўйича қўйган қадамлари айрим танқидчиларни руҳлантириб юборди. Бу ҳукуматнинг саноат ишлаб чиқариши ва бандликни кўпайтиришни кўзлаган “Обод маҳалла” қурилиш дастури билан бир вақтга тўғри келди”, деб ёзади М.Морган.
Унинг турли ахборот сайтлари хабарларига асосланиб фикр юритишича, маҳаллий аҳоли билан маслаҳатлашмай, уйларини бузиб ташлаш ва пулини вақтида тўламаслик бутун мамлакат бўйлаб ижтимоий норозиликларни келтириб чиқарди. Масалан, Яккабоғ туманида биноси бузилаётган тадбиркор туман ҳокими ўринбосарининг устига бензин қуйиб ёқиб юборди.
Вазиятга марказий ҳукумат аралашишга мажбур бўлди. Қашқадарё вилояти ҳокими З.Рўзиев ЎзАга берган интервьюсида, “Аввало, биз, раҳбарлар, ҳаммамиз калондимоғ бўлиб кетган эканмиз, халқдан узилиб, манман бўлиб кетган эканмиз”, деб айтди.
Урганчдаги норози кишиларни тинчлантириш учун бош вазир А.Арипов воқеа жойига етиб бориб, ҳокимларга пули қопланмаган жойларда уйларни бузишни тўхтатишни, бунинг учун Вазирлар Маҳкамасидан рухсат олишни буюрди.
Адлия вазири Русланбек Давлетов, “Уйини бузиб, пулини тўламасдан одамларни кўчада қолдириш ваҳшийликдир, бу қонунларга ҳам, Ўзбекистон имзолаган халқаро конвенцияларга ҳам хилофдир”, деб айтди.
“Ҳокимият идоралари товон пули ҳақидаги талабларнинг қолган қисмини августнинг иккинчи ҳафтасида тўлаб беришга ваъда қилди, бироқ вақтинчалик уйсиз кишилар ҳаммаси яхшилик билан тугашига ишонмаяпти, баъзиларининг “Озодлик” радиосига шикоят қилишича, бузиш ишлари бошлангандан сўнг ғишт билан бошқа қурилиш материаллари нархи осмонга сакраб кетган”, дея мақоласини якунлайди М.Морган.
Ўзбекистоннинг мовий рангларига ошуфталик
Ҳозир Кариб денгизи ҳавзасидаги ороллардан бирида Ўзбекистоннинг бир парчаси бор. Баъзан бир-биридан жуда узоқ ва фарқли жойларни, баъзан ўта инжа нарсалар қаттиқ боғлаб туриши мумкин.
National Geographic жамияти сайтида эълон қилинган “Into the blue of Uzbekistan (One man’s artistic vision led him on a journey along the historic Silk Road to discover practical treasures hidden in plain sight)” (“Ўзбекистоннинг мовий рангларига ошуфталик” (Бир кишининг рассомлик кўзқараши очиқ осмон остига бекитилган хазинани кашф қилиш учун тарихий Буюк ипак йўли бўйлаб саёҳатга чорлади) мақоласида муаллиф Кэти Бреннан чилилик машҳур дизайнер Хуан Пабло Моленье тилидан унинг Ўзбекистонга сафари ҳақида ҳикоя қилади.
“Мен кўзим тушган жойда илҳомга дуч келаман. Ушбу саргузаштим исломга тааллуқли гумбаз ва масжидлар суратларидаги бир ранг эътиборимни тортганидан сўнг бошланган эди. [Шу ранг] мени шайдо қилиб қўйди. Кариб денгизи ҳавзасидаги бир хусусий оролда яшовчи мижознинг тураржой мажмуаси лойиҳаси устида ишлай бошлаганимда сув ранги ўша гумбазларни ёдимга солди. Мен мовий рангнинг ушбу алоҳида кўринишини оролдаги гумбазда унинг денгиз суви рангига қўшилиб кетишини такрорлай олиш ёки олмаслигимни кўрмоқчи эдим. Бунинг учун тегишли кошинни топгунимча дунёнинг ярмини айланиб келишимга тўғри келди. Лекин бу тасодифан рўй берди”, деб бошланади дизайнер ҳикояси.
Моленье Кариб денгизида бассейнидаги лойиҳаси билан бир вақтда Москвада яшовчи бир ўзбек оиласининг ҳам улкан лойиҳасида қатнашгани Ўзбекистонни кашф қилишига туртки берибди. Сабаби, ўша оила уни Ўзбекистонга таклиф этади ҳамда дизайнер кўп асрлар давомида Буюк ипак йўли улкан қўналғалари, ислом меъморчилиги хазиналари бўлган Самарқанд шаҳрига сафар қилиш имкониятига эга бўлади.
“Мен сафар давомида Кариб лойиҳасини умуман ўйламадим. Бироқ Самарқандга етиб келиб, ҳар қадамда ферузаранг кошинларни кўрганидан сўнг 30 сония ичида ўша гумбазни нима қилишим кераклигини билиб олдим ва миссиям бошланди”, деб эслайди сайёҳ. Уни қабристондаги (Шоҳи Зинда бўлса керак) ушбу рангдаги гумбазлар, Регистон майдонидаги учта мадраса (аслида 2 та мадраса ва 1 та масжид) ҳайратга солади. Самарқанд билан Тошкентда ҳар бир қадамда шунақа кошинларга кўзи тушганини айтади.
Дизайнер анчадан бери кошинли лойиҳани амалга оширишни орзу қилиб юрганини, кошин тайёрловчи усталар ўзига бир сумка кошин совға қилганини, аммо аэропортдаги божхоначилар уларни “миллий хазина” сифатида мусодара қилганини, кейинчалик эса ҳукумат идораларига қайта-қайта мурожаат қилаверганидан сўнг гумбаз ясаши учун керак бўлган кошин намуналари унинг Париждаги уйига етказиб берилганини эслайди.
“Ҳозир Кариб денгизи бассейнидаги ороллардан бирида Ўзбекистоннинг бир парчаси бор. Баъзан бир-биридан жуда узоқ ва фарқли жойларни баъзан ўта инжа нарсалар қаттиқ боғлаб туриши мумкин”, дея ниҳояланади рассом ҳикояси.
Қўшма Штатлар ва Ўзбекистон: Стратегик ҳамкорликнинг янги давридаги ҳарбий ҳамкорлик
Мирзиёев миллий армияни модернизация қилиш мақсадида АҚШ ва НАТО билан маслаҳатлашувларни жадаллаштирди. 2018 йилга келиб, Ўзбекистоннинг мудофаа сиёсати шаффоф юритилиши баён қилинган ҳарбий доктринаси эълон қилинди.
АҚШ Миллий мудофаа университети қошидаги Миллий ҳарбий коллежнинг миллий хавфсизлик стратегияси масалалари бўйича профессори Мария Омеличеванинг “The United States and Uzbekistan: Military-to-Military Relations in a New Era of Strategic Partnership” (“Қўшма Штатлар ва Ўзбекистон: Стратегик ҳамкорликнинг янги давридаги ҳарбий ҳамкорлик”) мақоласида Ўзбекистонда 2016 йили рўй берган ҳокимият алмашуви Вашингтон билан Тошкент ўртасида ҳамкорлик, айниқса, ҳарбий соҳада ривожланишга туртки бергани айтилади.
Унинг таъкидича, Мирзиёев даврида Ўзбекистонга хавфсизлик бўйича шерик сифатидаги қизиқиш ортган, Россия АҚШнинг Тошкент билан ҳамкорлигини яқиндан кузатиб бормоқда ва Москва ўзининг хавфсизлик соҳасидаги ҳамкорлиги Вашингтон билан ҳамкорликдан кўра яхшироқ эканини исботлаш учун тинмай ҳаракат қилмоқда, бироқ Қўшма Штатлар профессионал ҳарбий таълим (ПҲТ) борасида устунликка эга.
Мирзиёевнинг 2018 йил майида Вашингтонга қилган сафари вақтида АҚШ билан Ўзбекистон ўртасида беш йиллик ҳарбий ҳамкорлик режаси ҳам имзоланган эди. Шундан сўнг ҳарбий соҳадаги алмашувлар жадаллашди, 2019 йили янги мудофаа вазири Баҳодир Қурбонов АҚШга сафар қилди, яқин келажакда янги сафарлар режалаштирилмоқда, дейилади мақолада.
Айтилишича, Вашингтон билан Тошкент ўртасидаги стратегик шерикликка шубҳа билан қаровчилар айни қадамларни Ўзбекистоннинг мувозанатни сақлашга уринаётгани, у Россия билан 2016 йили, яъни Мирзиёев вақтинча президент вазифасини бажариб турган пайт ҳарбий-техник ҳамкорлик соҳасида битим имзолагани, шундан сўнг Россиядан Ми-25 вертолётлари сотиб олингани ва бошқа нарсалар билан рад этиши мумкин. Бундан ташқари, Ўзбекистон бошқа давлатлар, жумладан, Хитой ва Туркия билан ҳам ҳарбий ҳамкорликни кенгайтирмоқда.
Мақоланинг “Ўзбекистоннинг ҳарбий ҳамкорлиги” бўлимида республика мустақил бўлгандан сўнг дастлаб Россия билан яқин ҳарбий ҳамкорлик қилгани, 90-йилларнинг ўрталарига келиб эса, НАТОнинг “Тинчлик йўлида шериклик” дастурида қатнашгани, 2002 йилдан бошлаб, Хонобод ҳарбий базаси очилгандан сўнг АҚШнинг Ўзбекистонга бераётган ҳарбий ёрдами миқдори ошгани, ўша вақтдаги мудофаа вазири Қодир Ғуломов ҳарбий ислоҳотлар бошлагани, бироқ 2005 йилги Андижон воқеаларидан сўнг Пентагон ҳарбий базасини ёпишга мажбур бўлгани ҳақида сўз юритилади.
Ўзбекистон 2005 йили Россия ва Хитой ҳарбий ҳамкорликни кенгайтирганига қарамай, Ғарбга хос тарзда ҳарбий модернизацияни давом эттирди, Россия етакчилигидаги Коллектив хафсизлик шартномаси ташкилотига миллий армиясини интеграция қилишга қаршилик кўрсатди. Фақат 2012 йилга келиб, Вашингтон жорий этилган санкцияларни бекор қилгач, Ўзбекистоннинг Қўшма Штатлар билан алоқалари юмшади.
Мирзиёев миллий армияни модернизация қилиш мақсадида АҚШ ва НАТО билан маслаҳатлашувларни жадаллаштирди. 2018 йилга келиб, Ўзбекистоннинг мудофаа сиёсати шаффоф юритилиши баён қилинган ҳарбий доктринаси эълон қилинди.
Мақоланинг “Ўзбекистонда профессионал ҳарбий таълимни ислоҳ қилиш” бўлимида Ўзбекистон Совет давридан мафкуралашган, фикр юритиш ўрнига ёдлашга қаратилган таълим тизимини мерос қилиб олгани, фикрлар ранг-баранглиги етишмагани, Каримов ҳукумати ҳарбий билим юртларини ислоҳ этиш ва кенгайтиришга ҳаракат қилгани, аммо ўқув дастури ва ўқитиш методикаси ўзгаришсиз қолгани ҳақида сўз боради.
Вазият, дейилади унда, Ўзбекистон 2012 йили НАТОга ПҲТ борасида “Мудофаа таълимини кучайтириш дастури” (МТКД) ташаббуси орқали ёрдам беришни сўраб мурожаат қилгандан сўнг секин ўзгара бошлади. 2007 йили ишга туширилган ушбу дастур Афғонистон, Арманистон, Озарбайжон, Грузия каби ўнлаб мамлакатларга ПҲТ борасида ёрдам кўрсатди.
“Мирзиёев ва унинг мудофаа командаси мамлакатда ПҲТнинг ягона тизимини яратиш бўйича ўзаро келишилган, кенг қамровли ва сифат жиҳатидан тамомила бошқа қадамлар қўйди”, деб ёзади муаллиф. 2016-17 йилларда Ўзбекистон Қуролли Кучлари Академиясига (ҚКА) резидент маслаҳатчи сифатида четдан ҳарбий таълим маслаҳатчиси таклиф қилинди. Дастлаб идоралараро таълим муассасаси сифатида ташкил этилган ҚКА кейинчалик ПҲТ бўйича Маразий Осиёдаги энг илғор ўқув юртига айлантирилди. Сўнгги 2 йилда Ўзбекистон МТКД бўйича АҚШда ўтказиладиган тадбирларда кўпроқ қатнаша бошлади ҳамда ҳарбий таълимни ислоҳ қилишга катта қизиқиш билдирмоқда. Бу борада АҚШ Мудофаа вазирлиги ҳамкорликка алоҳида эътибор қаратилмоқда. Қўшма Штатларнинг ПҲТ институтлари ҚКА билан ўзаро ҳамкорлик режасини ишлаб чиқди.
Муаллиф мақоланинг хулоса қисмида ҳарбий таълим ва тренинг дастурлари узоқ истиқболда камроқ харажат билан кўплаб умумий мақсадларга эришиш имконини беришини таъкидлайди. Шундай мақсадлардан бири сифатида “ПҲТ стандартлари ва қўшма тренингнинг бир-бирига ўхшашлиги ўзбек қўшинларининг АҚШ ва НАТО қуролли кучлари билан мослигини ошириши” ва бу ўз навбатида “Ўзбекистон қуролли кучларининг тинчликпарварлик ва бошқа амалиётлар ўтказишда иттифоқчилар қўшинларига қўшилишига имконият яратиши” келтирилади.
“Тадқиқотлар кўрсатишича, Ғарб стандартларига кўра таълим олган ва тренингларда қатнашган профессионал ҳарбий хизматчиларнинг можароли вазиятларда инсон ҳуқуқини бузиш эҳтимоли камаяди. Профессионал армия ўзбек ватандошлари билан давлат муаассасалари ўртасида ишонч ва Ўзбекистон ҳарбий хизматчиларнинг обрўси ортишига ҳисса қўшади”, дейилади пировардида.