AEON сайти ушбу сарлавҳа билан Нант университети профессори ва «Faces of Muhammad: Western Perceptions of the Prophet of Islam from the Middle Ages to Today – Муҳаммаднинг юзлари: Ғарбликларнинг ўрта асрлардан то шу кунгача мусулмонлар пайғамбари ҳақидаги тасаввури» (2019) китоби муаллифи Жон Толаннинг мақоласини эълон қилди.
1542 йили Базель ҳокимияти маҳаллий ноширни мусулмонлар муқаддас китобининг лотинчага таржимасини чоп қилишни режалаштиргани учун қамоққа ташлади. Ҳокимият ушбу китоб жасур христианларни эътиқодидан бошқасига авраб ўтказиши мумкинлигидан хавотирга туш ган эди. Протестант ислоҳотчи Мартин Лютер “Туркларга қарши курашишда “Муҳаммаднинг ёлғони”ни омма олдида фош этишдан яхшироқ йўл йўқ”, − деб ёзгани билан босмахонани ҳам, китобни ҳам қутқариб қолди. Шу тариқа орадан бир йўл ўтиб, Европа зиёлиларининг аксарият қисми Қуръонни ислом динини яхшироқ тушуниб олиш ва унга қарши курашиш учун мутолаа қилди. Аммо Қуръон орқали христианлик таълимотини шубҳа остига олган бошқа кишилар ҳам бор эди. Каталониялик илоҳиётшунос Мигель Сервет «Christianism Restutio» («Христиан динини қайта тиклаш») рисоласида Муҳаммадни чин маънодаги монтеизмга қайтишни тарғиб қилган ҳақиқий ислоҳотчи деб атади. Унинг ёзишича, христиан динини илоҳиётшунослар Учлик (ота худо, ўғил худо ва муқаддас руҳдан иборат ягона худо) ҳақидаги бузғунчи ва ғайриақлий таълимоти билан бузиб кўрсатган. Ушбу сўзларидан сўнг Серветни католик инквизицияси судлади ва Женевада китоблари билан бирга ёқиб юборди.
Европа Маърифатпарварлиги даврида бир қанча муаллифлар Муҳаммадни аксилклерикал қаҳрамон деб тасаввур қилар эди; айрим кишилар ислом динида фалсафий деизмга яқин яккахудоликни, Қуръонда эса Парвардигорга рационал мадҳияни кўрди. 1734 йили Жорж Сейл ушбу китобнинг инглиз тилига янги таржимасини чоп эттирди. У кириш қисмида ислом динининг илк даврлари тарихи ҳақида ёзди, Муҳаммад сиймосида илк христианларнинг “ирим-сиримли» эътиқодлари ва урф-одатлари – авлиёларга, табаррук нарсаларга сиғинишга барҳам берган ҳамда сотқин ва зиқна ҳокимиятни ер билан яксон қилган ва бутларга қарши курашувчи аксилклерикал ислоҳотчини кўрди. Сейлнинг таржимаси Англияда кенг тарқалди: кўплаб ўқувчилар учун Муҳаммад аксилклерикал республикачилик рамзига айланди. Англиядан ташқарида АҚШ асосчиси Томас Жефферсон 1765 йили Виржиния штатининг Вильямсбург шаҳрида бир китобфурушдан Қуръоннинг инглиз тилига таржима қилинган нусхасини сотиб олди. Ўша нусха айни вақтда АҚШ Конгрессида сақланади ва 2007 йилдан Кейт Эллисондан бошлаб, парламентнинг мусулмон вакилларини қасамёд қилдириш мақсадида фойдаланилади. Сейлнинг таржимасидан Гёте ҳам фойдаланган, у Муҳаммадни илҳоми баравж шоир ва архетип пайғамбар деб билар эди. Францияда Вольтер ҳам ҳайрат билан Сейлнинг таржимасидан иқтибос келтиради. «Essai sur les mœurs et l’esprit des nations» (1756) эссесида Муҳаммадни ирим-сирим амалиётига чек қўйган ва корруциялашган руҳонийлар ҳокимиятини йўқ қилган ислоҳотчи қилиб тасвирлайди.
Мазкур аср охирига келиб, инглиз либерал мухолифати вакили – виг Эдуард Гиббон (ҳам, Сейл, ҳам Вольтернинг ашадидй мухлиси) “Рим империясининг таназзул ва бузилиш тарихи” (1776-89) китобида пайғамбарни ёрқин ифодалар билан улуғлайди:
«Муҳаммад таълимоти шубҳа ва дудмалликликдан холи; Қуръон Парвардигор бирлигининг кучли исботидир. Маккалик пайғамбар рационал принципдан келиб чиқиб, бутлар ва одамлар, юлдузлар ва сайёраларга сиғинишни рад этди, айни принципга кўра, чиқадиган ҳар бир нарса ботади, туғилган ҳар бир нарса ўлади, ҳар бир бузилган нарса парчаланади ва йўқ бўлади. Коинот Яратувчиси рационал ғайратининг битмас-туганмаслиги ва абадийлиги билан, энг соҳир фикрларнинг туб-тубидаги шаклсиз ва жойсиз, савол ва шунга ўхшаш нарсаларсиз субстанция, шунингдек, ўз табиати зарурати ҳамда ўз-ўзининг маънавий ва ақлий баркамоллигини яратувчи сифатида ҳайратга солади. Файласуф ислом дини вакилларининг эҳтимол ҳозирги имкониятларимиз нуқтаи назаридан ҳам қўл етиб бўлмас диний таълимотини тасдиқлаши мумкин”.
Бироқ пайғамбарни ҳаммадан кўра Наполеон Бонапарт юрагига яқин олди, у 1783 йили Клод-Этьен Савари Қуръоннинг французчага таржимасини чоп этган нашрини ўқигандан сўнг ўзини “янги Муҳаммад” қилиб кўрсата бошлади. У муқаддас китобни Мисрда таржима қилди, ўша ерда араб тили мусиқаси муҳитида унинг барча гўзалликларини француз тилига кўчиришга ҳаракат қилди. Савари ҳам Сейл сингари Қуръон таржимасига узун сўзбоши ёзди, унда Муҳаммадни “буюк” ва “ғайриоддий” киши, жанг майдонидаги даҳо, издошлари қалбига садоқат ҳиссини қандай сингдиришни биладиган инсон сифатида тасвирлади. Наполеон ушбу таржимани 1798 йили Мисрга кемада кетаётиб ўқиган эди. Саварининг Муҳаммадга ажойиб саркарда ва донишмандларча ислоҳотчи деб берган таърифу тавсифларидан илҳомланган Наполеон янги Муҳаммад бўлишга интилар, Қоҳира уламолари у билан француз аскарларини мисрликларини Усмонлилар зулмидан озод этиш учун келган ислом динининг дўстлари сифатида қабул қилишидан умидвор эди. У ҳатто гўё ўзининг Мисрга келиши Қуръонда башорат этилганини ҳам иддао қилган эди.
Наполеон ислом динини соф монотеизмнинг идеаллаштирилган, китобий ва маърифатпарвар дин сифатида тасаввур қилар эди: чиндан Миср сари юришининг муваффақиятсизликка учраши қисман унинг ислом дини ҳақидаги тасаввури Қоҳира уламолари талқинидаги диндан кескин фарқ қилар эди.
Яна шуни ҳам қайд этиш лозимки, Наполеон ўзини Муҳаммад сифатида тасаввур қилишда ёлғиз эмас эди. Гёте завқ-шавқ билан уни «Mahomet der Welt» (Жаҳон Муҳаммади) императори деб эълон қилди, француз ёзувчиси Виктор Гюго эса Наполеонни «Mahomet d’occident» (Ғарб Муҳаммади) дея тавсифлади. Наполеоннинг ўзи умрининг охирги йилларида Муқаддас Елена оролига сурган қилинган, ўз мағлубияти ҳақида фикр юритиб, Муҳаммад ҳақида ёзган ва “тарих йўналишини ўзгартириб юборган буюк инсон”нинг меросини ҳимоя қилиб чиққан эди. Наполеон тасаввуридаги Муҳаммад босқинчи, ислоҳотчи ва харизматик инсон бўлиб, Атлантика жанубидаги совуқ, шамол тўхтамай эсадиган оролга сургун қилинган тутқин эмас, ғолиб Наполеонни эслатади.
Муҳаммаднинг жаҳон турихидаги энг буюк ислоҳотчилардан бири сифатидаги қарашлари ХХ асрда ҳам сақланиб қолди. Асли келиб чиқиши германиялик бўлган америкалик ҳайкалтарош Адольф Вайнман 1935 йили Муҳаммадни АҚШ Олий суди бош биносидаги фризда тасвирлади, ўша ерда у 18 нафар буюк ислоҳотчи сафидан жой олган. Европанинг турли христиан динига мансуб кишилари черковларини Муҳаммадни мусулмонларнинг пайғамбари сифатидаги алоҳида аҳамиятини тан олишга даъват қилган эди. Луи Массиньон ёки Ҳанс Кюнгга ўхшаш католик динига мансуб ислом дини тадқиқотчилари ёки исломнинг шотландиялик протестант тадқиқотчиси Уильям Монтгомери Ватта учун бундай эътироф христианлар билан мусулмонлар ўртасидаги тинч ва конструктив мулоқот энг яхши йўли эди.
Бундай мулоқот бугун ҳам давом этмоқда, бироқ кўпчилик ҳолларда сиёсий можаролар соясида қолиб кетмоқда, чунки Европа ва бошқа жойлардаги ўта ўнг қанот сиёсатчилар, мусулмонларга қарши сиёсатини оқлаш учун Муҳаммадни ёвуз қилиб кўрсатмоқда. Голландиялик сиёсатчи Герт Вилдерс уни террорчи, баччабоз ва руҳан носоғлом киши деб атайди.
Пайғамбарнинг салбий образига мутаассиб мусулмонлар ҳам сабабчи бўлмоқда, улар Расуллуллоҳни кўкларга кўтариш билан унинг ҳаёти ва таълимотига боғлиқ барча тарихий маълумотларни инкор қилади. Зўравон экстремистлар ислом ва унинг пайғамбарини қотиллик ва террор йўли билан ҳимоялаётганини иддао қилади. Бугун бир қадам ортга қайтиб, Муҳаммаднинг Ғарб мамлакатларида турли-туман ва кўпинча ҳайратомуз идрок этилаётганини ўрганиш учун сабаблар кўп.