Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агентлиги сайтида бугунги кунда республикада 1 156 та оммавий ахборот воситаси фаолият кўрсатаётгани таъкидланган. Уларнинг 665 таси газета, 365 таси журнал. Шундан 327 та газета, 153 та журнал “давлат”, 348 та газета, 207 та журнал эса “нодавлат” мақомига эга.
Глобал тармоқда Uz доменли веб-сайтлар, ахборот порталлари сони 400 дан ошиқ. Уларнинг аксарияти хорижий тилларда ҳам фаолият кўрсатади. Бу йўналиш янги ижодий авлод – Интернет журналистлари шаклланиб боришига ҳам омил бўлмоқда.
Улар кескин рақобат майдонида яшаб қолиш учун шиддатли кураш кетаётган бир паллада ўз ижодий, иқтисодий фаолиятини қай тарзда ўзгартирмоқда? Замонга мослаша оляптиларми? Мамлакатда матбуотнинг ўрни, нуфузи, обрўси қандай? Журналистларни қийнаётган муаммолар нималардан иборат? Улар фаолиятлари давомида қандай муаммоларга дуч келишмоқда? Uzanalytics.com саволларига Ўзбекистоннинг номдор журналистлари жавоб берадилар.
1. Айни пайтда Ўзбекистон журналистикаси ҳолатига қандай баҳо берасиз ва ўзгаришлар кузатиляптими?
2. Нима деб ўйлайсиз, айни пайтда Ўзбекистондаги ОАВда цензура мавжудми ва Сиз бу муаммо билан тўқнаш келганмисиз?
3. Журналистлар ва ОАВ ҳимоясига қаратилган норматив-ҳуқуқий ҳамда қонунчилик базаси амалиётини қандай баҳолайсиз?
4. Ўзбекистонда мамлакат журналистлари номидан ҳаракат қилувчи ва уларнинг манфаатларини ҳимояловчи нодавлат нотижорат ташкилотлари мавжудми? Агар мавжуд бўлмаса, унга эҳтиёж борми?
5. Ўзбек журналистикасининг талаб меъёрларига эришиш суръатлари қандай?
6. Инновациялар, муаллиф ва қалам ҳақи манбалари қандай изланади?
7. Сизнингча, қандай тамойиллар сўнгги 2 йилда Ўзбекистондаги ОАВ ривожига ижобий таъсир кўрсатди?
Карим БАҲРИЕВ, журналист, шоир, тадқиқотчи
1. Ўзгаришлар ҳамиша бўлади. Ўликда ўзгариш бўлмайди, ғимирлаб турган ва юрган ҳар неда ўзгариш бўлади. Ўзгаришсиз фақат давлат нашрлари турибди. Уларнинг онда-сонда танқиди ҳам, эрта-ю кеч мақтови ҳам муассислари ва ҳокимиятининг имоси билан амалга ошади. Менга улардан кўра ҳатто “Чағониён”, “Жомбой тонги”, “Ургут садоси” каби район газеталари жонлироқ туюлади. Сўз эркинлиги эса тўлалигича интернетга кўчди. Бироқ охирги пайтлар бу соҳани назорат қилиш бошланди.
2. Цензура ҳамиша мавжуд. Минг марта дуч келганман.
3. Қонунчилик базасини, мактаб баҳолаш тизимида баҳоласак, 3 баҳога баҳолайман, унинг амал қилиш даражасини 2 баҳога қиёс қилиш мумкин. Қонунчилик такомиллаштиришга муҳтож, бори ҳам амал қилаётгани йўқ.
4. Бор. Журналистлар уюшмаси бор дейишади. Йилига бир-икки конкурс ўтказиб, мадҳиябозларни мукофотлайди, танқид қилувчиларга бу билан дарс беради. Ўрганинглар, сизларга ҳам ақл кирса, ҳукуматни мақтасанглар, унвон оласизлар, “қаламларинг олтин” бўлади, дейди гўё. Энг олий раҳбар дадилликка чорлайди, остидагилар салгина дадил бўлганни қатағон қилади.
5. Меъёрлар турлича, халқаро меъёрлар бор, миллий меъёрлар бор, урф-одат ва миллий маънавият меъёрлари бор. “Талаб меъёрлари” деганда ҳокимият талаблари назарда тутилса, уни қойил қилишади.
6. ОАВ ҳали бизнес соҳасига айланмади. Аслида у рост ёзса, обунаси кўп бўлиши керак. Даромади кўп бўлиши учун рост ёзишга мажбур бўлиши керак. Бунинг учун матбуотни ҳар қандай бизнес каби ташқи сармояларга ҳам, ички тадбиркорларга ҳам очиш керак. Ҳозир тадбиркор газета бизнесига аралашса, асосий бизнесидан ҳам айрилади. Сариқ матбуот бундан мустасно, лекин уни ҳам ўз олигархлари бор. Янги конкурентни маъмурий ресурслар орқали ичкарига қўйишмайди.
7. Ш.Мирзиёевнинг ваъдалари ижобий таъсир кўрсатди, аммо улар амалда ҳам бўлса эди ва изчил бўлса эди, натижалар кўринарди
Саидолим ҲАЙДАРОВ, журналист, «Агротехника дунёси» журнали Бош муҳаррири
1. Умуман олганда ижобий. Интернет журналистика, телеканаллар “тетапоя” бўлмоқда. Аммо, айрим сайтларда берилаётган материалларда имло хато деганлари ғич-ғич. Рус ва бошқа тилларда чоп этилган материалларнинг ўзбекча таржимаси ҳам ҳаминқадар. Сарлавҳа қўйиш – қолипга солиб бўлинган. Босма нашрларда танқидий материаллар кам берилиши билан бирга, кўтарилган мавзу “тош” босмайди. Айрим жумладан, фельетон, очерк, эссе каби жанрлар матбуотнинг темир сандиғига тушганига, ҳамду-саночилик рост сўзлар билан урушганига чорак асрдан зиёд бўлди. Аммо, шунга қарамасдан, кейинги йилларда матбуотда бир қатор олдинга силжишлар кўзга ташланмоқда. Хусусан, авваллари тақиқланган бир қатор хорижий ОАВлар Ўзбекистонда фаолиятини бошлагани, улардаги ахборотлар оқими нисбатан холислашгани, бир қатор стратегик объектлар, чунончи, Тошкент метрополитенида эмин-эркин суратга олишга рухсат берилгани эътиборга молик, албатта. Мавриди келганда, матбуот соҳасидаги “Олтин қалам”, “Йилнинг энг фаол журналисти” каби танловлар ғолиблари махсус тузилган комиссия хулосаси билан эмас, ижтимоий сўровлар асосида кенг жамоатчилик фикр-мулоҳазаси бўйича аниқланса, мақсадга мувофиқ бўларди.
2. Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг тегишли моддасига кўра цензурага йўл қўйилмайди. Аммо, цензура йўқ экан деб, оғзига келганини валдиравериш ўзгаларни ва ўзини ҳурмат қилган журналистга хос эмас. Ростини айтиш керак, амалда цензура йўқ бўлсада аммо ички цензура у ёки бу нашр учун масъул бўлган шахсда маълум бир даражада бўлиши лозим. Зеро, биз ўзбекларда “Айтилган гап, отилган ўқ”, “Хатга тушдинг-ўтга тушдинг” деган нақллар бор. Жўяли бир тўхтамга келмай туриб, бирор-бир воқеаликни шов-шув кўтармоқчи бўлиб уни матбуотга олиб чиқиш соғлом фикрли кишиларга хос иш эмас, менимча. Ўтган асрнинг 90- йилларида ценцура роса “балоғат” ёшига етган эди, десак, адашмаймиз. Буни қисқача тушунтирсак, бундай: агар бирон-бир хабарчада “фалон манзилдаги дон омборида эр-хотин сичқонлар туйқусдан ўлиб қолибди” деб ёзсангиз борми, “цензурачи акахонлар” нашр муҳаррири ёки хабар муаллифини қабулига чақириб олиб ёки телефон орқали саволлар беравериб миясини коваклаб ташларди. Сал уйдирмароқ бўлсада бир мисол келтирамиз. “Сиз сичқонларни ўлганини кимдан ва қачон эшитдингиз”? Уларнинг эри хотинлигини қаёқдан билдингиз”? Нима ўлигини ёнида ЗАГСдан ўтгани ҳақида ҳужжат бормикан”…?
3. ОАВ хусусида кўплаб қонун ва қонуности ҳужжатлари мавжуд. Улардан айримлари жуда тўлақонли бўлмасада ишлаб турибди. Қисқача қилиб айтганда, қонунчилик базаси мавжуд, аммо уни ростмана ҳаракатга келтирувчи асосий ричагни бошқаришда тажрибами, маҳоратми, журъатми, умуман, нимадир етишмаётир, назаримда.
4. Борликка бор. Лекин, улар ҳали бор бўй-бўстини кўрсата олаяпти дейишга ийманаман.
5. Ўртача, баъзида ўртачадан паст.
6. Инновация ва муаллифларни «калласи бутун» муҳаррир ёки унга маслакдош ижодий ходимлар излаб топади. Айрим нашрларни ҳисобга олмаганда, қалам ҳақи ва бошқа харажатлар «бозор иқтисодиёти шарт-шароитидан» келиб чиқиб изланади.
7. Биринчи галда, давлат бошқаруви тизимидаги ўзгаришлар. Иккинчидан, жамиятдаги ошкоралик, очиқлик, нисбатан диний эркинлик. Энг асосийси, одамлардаги эртанги ёруғ кунларга ҳамда ислоҳотлар самарасига бўлган мустаҳкам ишончнинг уйғонаётгани.
1. Албатта, олдингига нисбатан катта силжиш бор. Масалан, тезкорлик масаласида. Умуман, буни интернет-журналистика кейинги йилларда ривожлангани билан боғлаш мумкин. Очиқ, танқидий руҳдаги репортажлар, мақолалар фақат онлайн нашрларда эълон қилинмоқда. Радио, ТВ ва босма нашрларда ҳамон ҳолат эскичалигича сақланиб қолмоқда.
2. Йўқ, цензура анча чекинган. Чунки раҳбарларимиз танқидни тўғри қабул қилишни ўрганиб олишди. Бирор танқидий мақола чиққан ҳолатда ҳам давлат идоралари томонидан олдингидек босим эмас, улар томонидан раддия билан жавоб бериш одатга кирди. Шахсан ўзим цензурага дуч келмаганман.
3. Ўзбекистонда журналистик фаолиятни ҳимоя қилиш, ахборот олиш эркинликлари прициплари борасида жаҳон андозасидаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинган. Гап энди уларнинг қандай ишлашида, тегишли идоралар унга қандай амал қилишида. Умуман олганда, вазият бироз яхши томонга ўзгарган. Бироқ ҳали ҳам журналистларни душман, жосус сифатида қабул қилиш каби эскича қарашларга дуч келинмоқда. Бироқ булар оммавий тус олган эмас. Барча, маълум бир мансабдорнинг қонун-қоидалардан хабарсизлиги ёки уларга беписандлиги асосида юзага келмоқда.
4. Айни пайтда Ўзбекистон журналистлар уюшмаси бор. Лекин унинг фаолиятидан ҳеч ким қониқмайди. Фақат йилда бир марта ўтказиладиган «Олтин қалам» танлови чоғидагина уларнинг фаоллиги кузатилади. Албатта, журналистларни ҳимоя қилувчи, уларнинг манфаатлари топталмаслигига қарши курашувчи нормал ишлайдиган нодавлат, нотижорат бир ташкилотга эҳтиёж бор.
5. Ўзбек журналистикаси, очиғи, уларнинг олдига қўйилган талаб даражасидан анча пастда. Боз устига, ўсиш ҳам у қадар кўзга ташланмаяпти. Журналистларни ўқитиш, уларни профессионал ишлашга ўргатиш учун катта ишлар амалга оширилиши керак.
6. Журналистикани ривожлантириш учун инновациялар жорий этиш, яхши муаллифларни топиш учун уларга йирик маошлар ва мўмай қалам ҳақи тўлаш учун катта маблағ талаб этилади, албатта. Албатта, ОАВ — тарғиботчидир, ва айни пайтда онлайн нашрлар мисолида гапирадиган бўлсам, уларнинг даромади биринчи навбатда рекламадан келади. Ўзбекистонда журналистика равнақ топиши учун иқтисодиёт эркин бўлиши, равнақ топиши ва реклама бозори ҳам кучайиши керак.
7. Албатта, шахсан президент Ш.Мирзиёевнинг юқори минбарлардан туриб, барча соҳалардаги ишларни очиқ танқид қилиши, матбуотни ҳам бунга чорлаши. Вилоят раҳбарлари ҳам мавжуд камчиликларни жойларга чиқиб, аҳолининг ўзидан очиқ эшита бошлади. Яширадиган нарса қолмади.
1. Ўзбекистонда журналистика ривожланмоқда, аммо сифатли журналистика даражаси ҳамон қуйи даражада.
2. Бу ўринда бош муҳаррирларда бўлган ички цензура ёки муассислар томонидан таҳририят ишига аралашишлар тўғрисида эсласак тўғрироқ бўларди. Улар судлашув ва можароларнинг олдини олиш учун танқидий ва шов-шувли мақолани бермасликни афзал биладилар.
3. Қонунчилик базаси яхши, аммо у тўлақонли ишламайди.
4. Йўқ, бирорта ташкилот журналистлар манфаатини ҳимоя қилмайди. ОАВ учун юридик клиникалар керак.
5. Ахборот олиш имкони яхши томонга ўзгарди. Тўғри, айрим мураккабликлар бор, аммо умуман олиб қараганда маълумотларни тўплаш ва журналистлик фаолияти билан монеликларсиз шуғулланиш мумкин.
6. Ахборот манбаалари классик услубда. Очиқ маълумотлар – муаммо. Очиқ маълумотлар ҳамон очиқ шаклга келтирилмаган.
7. ОАВ томонидан ва ОАВга нисбатан суд даъволари.