Муаллиф: Наргиза Умарова
Мамлакат суверенитети ва худудий яхлитлигини сақлаш давлат олдидаги бирламчи вазифа ҳисобланади. Мазкур қоида давлат бошқаруви соҳасининг бошқа муҳим жабҳаси – хавфсизлик соҳаси билан чамбарчас боғлиқ.
Илмдаги хавфсизлик муаммосини, авваламбор, сиёсий кенгликда кўриб чиқиш мақсадга мувофиқ. Зотан, хавфсизликни таъминлаш ҳукуматдан тегишли қарорлар қабул қилиш ҳамда уларнинг ижроси учун ташкилий-ҳуқуқий механизмлар ишлаб чиқишни тақазо этади. Бундай чора-тадбирлар мажмуи хавфсизлик соҳасидаги давлат сиёсати, деб юритилади.
Замонавий дунё нотинч. Халқаро муносабатлардаги зиддиятлар тобора кучаймоқда. Бу глобал маконда турли зўриқишларга олиб келяпти. Геосиёсий рақобат ҳамда жаҳондаги қудратли давлатлар ўртасидаги қарама-қаршилик ҳозирда кўпроқ ахборий характер касб этаётир. Анъанавий ҳарбий амалиётга хос агрессив ва диверсион ҳаракатлар ҳам медиа маконга кўчган. Натижада ахборот урушларининг авжи ва кўлами ортяпти.
Назарияга кўра, ахборот уруши душман томоннинг ахборот хавфсизлигига путур етказиш ҳамда мамлакатнинг сиёсий қарор қабул қилиш марказини фалажлашга қаратилган[1]. Шу билан бирга, ахборот уруши деганда жамоатчилик онгига уларнинг манфаатига зид ғояларни мажбуран сингдириш ва хатти-ҳаракатини ўзгартириш мақсадида таъсир кўрсатиш тушунилади[2]. Мазкур ҳолат жамоатчилик фикрини манипуляция қилиш билан баробар.
Бундай таҳдиднинг олдини олиш миллий хавфсизликни таъминлашга доир чора-тадбирлар сирасига киради. Бундан келиб чиқадики, мамлакат ахборот хавфсизлигини издан чиқариш унинг миллий манфаатларига таҳдид солишдек гап. Шу боис мазкур масала ҳар қайси давлат, унинг геосиёсий ўлчами ва мавқеидан қатъи назар, долзарб ҳисобланади.
Ўзбекистон Республикасининг ахборот хавфсизлигини таъминлаш соҳасидаги сиёсати 2002 йил 12 декабрдаги «Ахборот эркинлиги принциплари ва кафолатлари тўғрисида”ги қонунда белгилаб берилган. Ҳужжатда ахборот хавфсизлиги ахборот соҳасида шахс, жамият ва давлат манфаатларининг ҳимояланганлик ҳолати[3], дея тавсифланган. Демак, давлат нафақат ўзини ва жамиятни, балки ҳар бир фуқарони деструктив ахборот таъсиридан ҳимоя қилишга маъсул.
Юқоридан англашиладики, шахс, жамият ва давлат манфаатларининг уйғунлашган ҳолати мамлакат миллий манфаатларини ифода этади. Шундай экан, мамлакатнинг ахборот соҳасидаги хавфсизлигини таъминлаш унинг миллий манфаатларини ҳимоя қилиш масаласи билан чамбарчас боғлиқ. Глобал сиёсий тизим доирасида фикрлаганда эса ахборот хавфсизлиги миллий хавфсизлик стратегиясининг муҳим қисмини ташкил қилади.
Мамлакатдаги ижтимоий-сиёсий вазиятни издан чиқариш, миллатлараро адоват уйғотиш, жамиятни пароканда этишга қаратилган ахборот кампаниялари, афсуски, Ўзбекистонни ҳам ўз домига тортмоқда. Бундай хавфни бартараф этиш учун давлат ахборот соҳасидаги хавфсизлигига жиддий эътибор бериши зарур. Илм-фанда бу ахборот хуружларини қайтариш сиёсати, деб юритилади[4].
Ўзбекистон Республикаси қонунчилигида ташқи ахборот хуружларига қарши курашишга доир нормалар мавжуд. “Ахборот олиш эркинлиги принциплари ва кафолатлари тўғрисида”ги қонуннинг 14-моддасига кўра, қонунга хилоф равишда ижтимоий онгга ахборот воситасида руҳий таъсир кўрсатишга ва уни чалғитишга йўл қўйилмайди. Қонунда, шунингдек, миллий ўзликни англашни издан чиқаришга, жамиятни тарихий ва миллий анъаналар ҳамда урф-одатлардан узоқлаштиришга, ижтимоий-сиёсий вазиятни беқарорлаштиришга, миллатлараро ва конфессиялараро тотувликни бузишга қаратилган ахборот экспансиясига қарши ҳаракат тизимини барпо этиш зарурлиги қайд этилган[5]. Мазкур чора-тадбирлар жамиятнинг ахборот борасидаги хавфсизлигига эришиш йўллари бўлиб, уларни давлат амалга ошириши керак. Бироқ амалда бошқа ҳолатга дуч келяпмиз.
2013 йилда Ўзбекистонда Ахборот хавфсизлигини таъминлаш маркази ташкил этилганди. Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 17 октябрдаги қарорига мувофиқ ташкилот Ахборот хавфсизлиги ва жамоат тартибини таъминлашга кўмаклашиш марказига айлантирилди[6]. Бир йилдан сўнг Техник кўмаклашиш маркази фаолияти йўлга қўйилди[7]. У кўпроқ Киберхавфсизлик номи билан танилган. Бироқ санаб ўтилган тузилмаларнинг барчаси асосан ахборот тизимлари хавфсизлигини таъминлаш, жумладан, хакерлик хужумларини қайтириш билан шуғулланади. Турли ахборот манбалари (жумладан, хорижий) орқали тарқатилаётган ёлғон ахборот оқимини мониторинг қилиш уларнинг вазифасига кирмайди. Кўриниб турибдики, ҳозирги таҳликали даврда ҳукумат медиа макондаги дезинформацияга қарши тизимли кураш олиб бораётгани йўқ. Шунингдек, Ўзбекистонда аҳолига ташқаридан ғоявий таъсир кўрсатиш ҳолатларини аниқлаш ва бартараф этиш механизми ҳам мавжуд эмас. Бизнингча, бу мамлакат ахборот сиёсатининг муҳим камчилиги.
Олимларнинг фикрича, ҳар қайси давлатнинг ахборот сиёсати стратегиясида ахборот хавфсизлиги масаласига марказий ўрин ажратилмоғи лозим[8]. Бу эса мамлакатда яратилаётган ва тарқатилаётган ахборотнинг шахс, жамият ва давлат манфаатлари, бир сўз билан айтганда, мамлакат миллий манфаатларига зид бўлмаслигини тақазо этади. Моҳиятан гап давлат миқёсида аксилтарғибот (ахборот хуружларини қайтариш ишларини) олиб бориш ҳамда дезинформацияга қарши курашиш ҳақида бормоқда.
Ўзбекистон ҳукумати хорижий давлатлар расмийларининг юртимиз ички ҳамда ташқи сиёсатига доир қўрс ва асоссиз фикрларига бир неча маротаба кескин жавоб қайтарган. Россия ташқи ишлар вазирлиги расмий вакили Мария Захарованинг 2020 йилда давлат тилида иш юритиш тўғрисидаги қонун лойиҳаси юзасидан берган баёнотини эслайлик. У бундай ислоҳот тарафдорлари мамлакатда жуда озчиликни ташкил қилишини таъкидлаб, Ўзбекистоннинг тил масаласидаги сиёсатига бирёқлама баҳо берган[9]. 2020 йилнинг 18 май куни Ўзбекистон ташқи ишлар вазирлиги ҳолат юзасидан изоҳ берди ҳамда М.Захарованинг сўзларини давлат ички ишига аралашув, дея малакалади[10].
Бошқа мисол. Беларусь президенти Александр Лукашенко жорий йилнинг 10 январь куни Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилоти (ОДКБ) Кенгаши йиғилишида Қозоғистонда содир бўлган воқеалардан биринчи навбатда Ўзбекистон сабоқ олиши кераклигини айтганди[11]. Давлатимиз раҳбари Шавкат Мизиёев ушбу баёнотни “асоссиз” деб топиб, Ўзбекистон ҳар қандай таҳдидга нисбатан муносиб жавоб қайтариш ҳамда зарба бериш учун етарли куч ва салоҳиятга эга эканини таъкидлаган[12].
Ахборот хавфсизлигини таъминлаш мамлакатнинг ахборот соҳасидаги суверенитетини ҳимоялашни ҳам назарда тутади. Бизнингча, мазкур компонентни универсал демократик қадриятлар тизимига киритиш лозим. Баъзан бир мамлакат ҳуқуқий жиҳатдан мустақил бўла туриб, бошқа йирикроқ давлатнинг ахборот таъсирига ёки ғоявий экспансиясига дучор бўлиши мумкин. Бунда, сўзсиз, оммавий ахборот воситаларининг ўрни ва роли катта.
Охирги йилларда Ўзбекистон жамоатчилигига турли ахборот каналлари орқали деструктив таъсир кўрсатиш ҳолатлари кўпайди. Ташқаридан уюштирилувчи ахборот хуружлари, баъзан ҳатто обдон режалаштирилган ахборот кампаниялари мамлакат номига доғ тушириш, республикада олиб борилаётган ислоҳотларни шубҳа остига олиш, миллатлараро низоларни келтириб чиқариш ҳамда ижтимоий зўриқишни кучайтиришга хизмат қилмоқда.
Ўзбек медиа майдонида русийзабон ахборот манбаларига талаб бирмунча юқори. Республикада Россиянинг федерал телеканаллари – «Биринчи канал» ҳамда «Россия 24», шунингдек Sputnik.ru онлайн-нашри яхши танилган. Бундан келиб чиқадики, Кремлнинг асосий тарғибот дастаклари Ўзбекистоннинг ички аудиториясига тўсиқсиз кириб бориш имкониятига эга.
Тадқиқотларга кўра, сўнгги йилларда Россиядан ташқарига чиқарилаётган дезинформация оқими кучайган. Москва атрофидаги давлатлар, хусусан, Марказий Осиё республикалари аҳолиси ва сиёсий элиталарида турли масалаларда ўзига маъқул позицияни шакллантириш учун жуда катта тарғибот ресурсларини ишга соляпти. Бу эса мамлакатларимиз ахборот хавфсизлигига салбий таъсир кўрсатмоқда[13].
Минтақадаги устунлигини сақлаб қолиш мақсадида Кремль деструктив тарғибот усулидан фойдаланяпти. Буни Ўзбекистон аҳолиси учун нозик мавзуларда тайёрланаётган провокацион материаллар салмоғи ҳам тасдиқлайди. Улар орқали маҳаллий аудиторияга Россия расмийларининг манфаатига хизмат қилувчи фикр ва қарашлар сингдирилмоқда.
Матбуотга вақти-вақти билан Ўзбекистонда рус тили ва русийзабон аҳолининг “камситилиши”га доир хабарлар ташлаб турилади. Қолаверса, хитой экспансияси, пантуркчилик, радикал ислом, толибонлар таҳдидига ўхшаш фобиялар билан қўрқитиш амалиёти ҳам мавжуд. Сунъий тарзда юзага келтирилган бундай номақбул ахборот фони мамлакатда миллатчилик ва ридакализм кучаяётгандек тасаввур уйғотади. Бу Ўзбекистоннинг бағрикенглик сиёсатига тамомила зид жиҳат.
Юртимизда лотин ёзувига ўтилишига қарши бутун бошли ахборот кампанияси бошланган. Кирилл алифбосидан воз кечиш истаги рус оммавий ахборот воситалари томонидан “Россиядан юз ўгириш” ёки “Россияга нодўстона муносабат” қабилида талқин этилмоқда. Баъзи манбаларда бундай қарор замирида Марказий Осиёга таъсир доирасини ёйишга интилаётган Туркиянинг манфаатлари ётгани урғуланади.
Аслида ташқи таҳдилар билан қўрқитиш ахборот кампаниясига хос нарса. Бундай усул ёрдамида буюртмачи нафақат жамоатчилик фикрини маълум томонга оғдириш, балки фуқароларнинг хатти-ҳаракатини бошқаришга ҳам эришади[14].
Лондондаги Шарқ ва Африка тадқиқотлари мактаби илмий ходими Алишер Илҳомовнинг ёзишича, Москва қўшни давлатларни ўзига боғлаб қўйиш орқали постсовет маконидаги етакчилигини сақлаб қолишга ҳаракат қилмоқда. Рус пропагандасининг энг олди ғояси Евроосиё интеграцияси бўлиб, мазкур идеологема Марказий Осиё давлатларига фаол сингдирилмоқда. Бунинг учун Кремль бир қатор инструментлар, айниқса, ахборот ресурсларини устамонлик билан ишга соляпти[15].
Эксперт интернетнинг ўзбек сегментида руспарастлик авж олганини таъкидлар экан, бу Россия ҳисобидан молиялаштирилувчи “троллар фабрикаси” фаолиятининг маҳсули бўлиши мумкинлигини тахмин қилади. Илгари бундай “фабрикалар” РФ, Европанинг айрим давлатлари ва АҚШ ҳудудида аниқланган. Рус троллари қўшни мамлакатларга қарши ишлаётгани бўлса ҳам, ажаб эмас[16].
Юқоридаги фикр-мулоҳазалар Ўзбекистонни бундан буёғига ахборот хавфсизлиги соҳасида янада жиддий синовлар кутаётганини англатади. Шу маънода бугун давлатимиз олдида ахборот хуружлари, провокация ва ғоявий диверсиялар, кибертаҳдидларни ўз вақтида илғаб, тезкор бартараф эта оладиган ягона хавфсизлик тизимини яратиш вазифаси кўндаланг турибди. Бу ахборот суверенитетини мустаҳкамлаш йўлидаги дадил қадам бўлар эди.
[1] Сулейманова Ш.С., Назарова Е.А. Информационные войны: история и современность. Учебное пособие. – М.: «Этносоциум». 2017. – 46-бет.
[2] Вирен Г. Современные медиа: Приемы информационных войн. – М.: «Аспект пресс». 2013. – 126-бет.
[3] Ўзбекистон Республикасининг «Ахборот эркинлиги принциплари ва кафолатлари тўғрисида”ги 439-II-сонли қонуни // «Lex.uz» Ўзбекистон Республикаси қонунчилик маълумотлари миллий базаси. 12.12 2002. URL: https://lex.uz/docs/52268.
[4] Панарин И.Н. СМИ, пропаганда и информационные войны. Учебное пособие. – М.: «Поколение», 2012. – 55-56-бетлар.
[5] Ўзбекистон Республикасининг «Ахборот эркинлиги принциплари ва кафолатлари тўғрисида”ги 439-II-сонли қонуни, 14-модда // «Lex.uz» Ўзбекистон Республикаси қонунчилик маълумотлари миллий базаси. 12.12 2002. URL: https://lex.uz/docs/52268.
[6] Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Ўзбекистон Республикаси Aхборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлигининг Aхборот хавфсизлиги ва жамоат тартибини таъминлашга кўмаклашиш маркази фаолиятини ташкил етиш чора-тадбирлари тўғисида”ги 868-сонли қарори// «Lex.uz» Ўзбекистон Республикаси қонунчилик маълумотлари миллий базаси. 17.10.2017. URL: https://lex.uz/docs/3383538?ONDATE=18.10.2017%2000.
[7] Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ахборот технологиялари ва коммуникацияларининг жорий этилишини назорат қилиш, уларни ҳимоя қилиш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ-4024-сонли қарори // «Lex.uz» Ўзбекистон Республикаси қонунчилик маълумотлари миллий базаси. 21.11.2018. URL: https://lex.uz/ru/docs/4071401.
[8] Попов.В.Д. Информационная политика: Учебник. – М.: Изд-во РАГС, 2003. – С. 38.
[9] Брифинг официального представителя МИД России М.В.Захаровой. Сайт Министерства иностранных дел РФ. 14.05.2020. URL: https://mid.ru/ru/press_service/spokesman/briefings/1432983/.
[10] Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазирлиги изоҳи. ЎР ташқи ишлар вазирлиги сайти. 18.05.2020. URL: https://mfa.uz/uz/press/news/2020/ozbekiston-respublikasi-tashqi-ishlar-vazirligi-izohi—28208.
[11] Ўзбекистон Қозоғистонда содир бўлган воқеалардан сабоқ чиқариши керак — Александр Лукашенко. «Газета.уз» интернет нашри. 10.01.2022. URL: https://www.gazeta.uz/uz/2022/01/10/lukashenko/#!.
[12] Шавкат Мирзиёев Александр Лукашенконинг сўзларига муносабат билдирди. «Газета.уз» интернет нашри.13.01.2022. URL: https://www.gazeta.uz/uz/2022/01/13/mirziyoyev/.
[13] Эксплуатация уязвимостей: особенности российской пропаганды в Центральной Азии // Сборник Центра исследований армии, конверсии и разоружения (ЦИАКР). – Киев, 2020. – 1-бет.
[14] Сулейманова Ш.С., Назарова Е.А. Информационные войны: история и современность. Учебное пособие. – М.: «Этносоциум», 2017. – 58-бет.
[15] Илҳомов А. Втянуть в ЕАЭС: инструменты российского идеологического влияния в Узбекистане // ЦИАКР). – Киев, 2020. – 88-бет.
[16] Ўша манба. – 89-90-бетлар.