Орол денгизининг қуриши юртимиз тарихидаги энг катта экологик фожиадир. Бунинг оқибатида кўплаб салбий ҳолатлар юзага келгани барчамизга аён ҳақиқат. Инновацион ривожланиш вазирлигининг маълумотларига кўра, Оролбўйи ҳудудида пайдо бўлган заҳарли туз уюмлари зарралари Помир тоғлари, Антарктида соҳиллари, Гренландия музликлари, Норвегия ўрмонларигача етиб бормоқда. Мана, неча йилдирки, унинг таъсирида ёввойи ўсимликлар ва ҳайвонот дунёси қирилиб бормоқда. Оролбўйи ҳудудида локал иқлим кескин ўзгаришларга учраб, ичимлик суви танқислиги, хавфли касалликлар тарқалиши, яшаш шароити оғирлашуви кузатиляпти. Натижада, аҳоли миграцияси ортган.
Кинорежиссёрлар ҳам бу мавзуда фильмлар суратга олиб, мазкур муаммога ўз муносабатларини билдиришмоқда. Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, “Олтин Ҳумо” мукофоти совриндори, таниқли актёр ва кинорежиссёр – Нозим Тўлахўжаев Орол денгизи ва Оролбўйи ҳудуди аҳолиси ҳаёти ҳақида “Танҳо қайиқ” деб номланган бадиий фильмни суратга олди.
UzAnalytics мухбири “Танҳо қайиқ” драмасида илгари сурилган ғоя, уни суратга олиш билан боғлиқ таассуротлар ҳамда постпродакшн жараёнлари ҳақида кинорежиссёр билан суҳбатлашди.
– Орол фожиаси ҳақида фильм олиш ғояси қачон пайдо бўлди? Инсоният ва табиат муносабатлари мавзусига мурожаат қилишингизга нима туртки бўлди?
– Бу ғоя бир неча ўн йиллардан бери ижодкорларни ўйлантириб келаётган эди. Мавзу мураккаб, қолаверса, турли таъқиқлар туфайли бундай фильм олишни имкони бўлмаган. Агар ёдингизда бўлса, Президентимиз Шавкат Мирзиёев ва Қозоғистон раҳбари Нурсултон Назарбоев учрашувида Давлатимиз раҳбари Орол денгизи фожиаси ҳақида фильм яратиб, аслида, нима бўлганини одамларга рўйи-рост сўзлаб бериш кераклигини айтган эди. Худди шу таклиф орол мавзусида фильм олишимга туртки бўлди.
Дастлаб анимацияда шундай асар яратиш ниятим бўлган. Чунки Орол денгизи ҳақидаги сценарийлар “Ўзбеккино” ижодкорларида азалдан мавжуд эди. Хусусан, ёзувчи Эркин Аъзамнинг “Танҳо қайиқ” сценарийси ўн йил аввал ёзилган бўлса-да, бу асарни суратга олиш учун рухсат берилмаган. Давлатимиз раҳбарининг сўзларидан кейин “Ўзбеккино” миллий агентлиги бош директори ўринбосари Шуҳрат Ризаев мени чақириб: “Нозим, сен анчадан бери яхши асарни орзу қилардинг, мана бу сценарийни ўқиб кўр, Эркин Аъзам ёзган”, деди. Биласиз, Эркин Аъзам Ўзбекистоннинг энг яхши сценарийнавис драматургларидан бири. У кишининг асари асосида фильм яратиш мен учун шараф. Биз учрашиб, сценарий ғоясини муҳокама қилиб олдик ва ишни бошладик. Фильмга маслаҳатчилар жалб қилинди, Мўйноққа бордик. Шунда айнан Орол денгизи ҳақида эмас, умумий бир денгиз ҳақида гапириш ғояси пайдо бўлди. Чунки шу йўл билан Орол муаммоси халқаро аҳамиятга эга эканлигини кўрсатиб бериш мумкин, деб ўйладик. Инсоният тарихида бир неча йирик сув ҳавзалари ва дарёлар қуриган. Бир денгизнинг қуриши ҳақида фильм яратганимизда муаммо кўламини кичикроқ олган бўлардик. Буни хоҳламадик.
… Қачонлардир мавж уриб турган денгизнинг ёнида бир қишлоқ бўлиб, бу қишлоқда авваллари балиқчилар яшаган. Шу ерда бир қария бор, у бир кун келиб денгизга сув қайтишини орзу қилиб, қайиқ ясайди. Қайиқлари жуда чиройли, уларни уйи томида сақлайди. Қишлоқдагилар чолнинг бу ҳаракатларини кўриб, уни телба деб ўйлашади ва қайиқларни нима учун томга қўйганлигини сўрашади. Чол уларга шундай дейди: “Худо мана шу чиройли қайиқларни кўриб, бизга сув юборади”.
Ушбу персонаж орқали денгиз қуриса-да, буни тан олмайдиган, тақдирга тан бермайдиган, бошлаган ҳар бир иши муваффақият қозонишига ишонадиган инсон образини кўриш мумкин. Чол шогирдларига ҳам қайиқ ясашни ўргатади.
Биласизми, мени виждон амрига бўйсуниш ғояси фильмнинг бошидан охиригача ушлаб турди ва таъқиб қилди. Денгиз ўз-ўзидан қуримаган. Ҳалокатга инсон омили сабабчи. Биз ўз манфаатларимизни деб тирик жонзотларни, табиий борлиқни, табиатни ўлдирамиз. Масалан, пойтахтимиз Тошкентдаги узоқ йиллик тарихга эга сайилгоҳни олайлик: у ердаги дарахтлар нима бўлди? Ўзбекистонда ўрмонлар жуда кам, ўлкамиз қуруқ иқлимга эга. Шунинг учун дарахтларни асраб-авайлашимиз шарт эди. Амалдорлардан бири эса Амир Темур ҳайкали хиёбонда кўзга ташланмаяпти деди ва унинг оғзидан чиққанни дарҳол муҳайё қилиш учун ҳамма дарахтларни кесиб ташлашди. Соя-салқин сайилгоҳни чўлга айлантиришнинг нима кераги бор эди?
Табиат одамзодни ўйламай қилган ишлари, ножўя қилмишлари учун жазолайди. Картина орқали шу ҳақиқатни айтмоқчи бўлдик: табиат айбдор эмас, одамларнинг унга нисбатан шафқатсиз муносабати, қабиҳ ишлари сабаб барига.
– Мазкур фильмнинг асосий ғояси ҳақида гапириб берсангиз. У нималарда акс этган, қандай ифодаланган? Фильмда замонавий жамиятнинг қайси муаммолари тилга олинган? Шу жумладан, Ўзбекистон, Марказий Осиё ва умуман – замонамиз ҳақида нималарни айта олгансиз?
– Одамлар ўйлаб ҳам ўтирмай табиий бойликларимизни – дарахтлар, денгиз, ер, буларнинг ҳаммасини нобуд қилиши мумкин. Нефть, газ ва кўмирдан қандай фойдаланилаётганини кўряпмиз, атмосфера тобора ифлосланиб боряпти. Пластмасса сабаб бутун ер юзи, ҳатто океанлар чиқиндига тўлди. Буларнинг бари бир-бирига чамбарчас боғлиқ. Агар бир жойда тарихий бино бузилса ёки дарахт кесилса, бу бутун ер куррасига салбий таъсир этади. Биз фильмда ана шундай катта кўламдаги боғлиқликни кўрсатишга ҳаракат қилдик. Бутун фильм давомида инсоннинг нафақат табиат, балки инсоният олдидаги масъулияти ғоясини илгари суришга ҳаракат қилинди. Жамиятда тобора урф бўлиб бораётган “ҳамма нарса пул учун” ақидаси санъатга ҳам, қурилишга ҳам таъсир этаверса, бу фақат табиатгагина эмас, инсониятнинг ўзига ҳам зарар келтириши муқаррар. Одамзод тобора тошбағир ва андишасиз бўлиб бормоқда…
Фильм қаҳрамони – чолнинг энг яқин инсонлари, яъни фарзандлари унга қарши чиқишади. Эл-юрт “булар жуда бадавлат, ота-онасига жуда яхши муносабатда бўлади”, деган фикрга бориши учун болалари турли айёрликларга қўл уришади, кўзбўямачилик қилишади. Отани қадрдон қишлоғидан шоҳона уйга олиб кетмоқчи бўлишади. Ота: “Нега мен кўчишим керак?! Ахир, бу менинг уйим, бу тупроқда онанг, сенинг қариндошларинг ётибди”, дейди. Шунда ўғил: “Сиз бу ерда яшасангиз, одамлар нима дейди? Мен уяламан!”, – дея жавоб қайтаради. Шунда ота: “Нима учун шундай қилаётганинг сабабини энди тушундим, сен ўша ҳашаматли уйда ўлишимни истайсан, шунда одамлар сенинг қандай яхши ўғил бўлганингни бир-бирларига сўзлаб беришади. Билиб қўй, қаерда ўлганинг эмас, қандай яшаганинг муҳим! ”. Бу фильмнинг мағзи – менинг режиссёрлик топилмам.
Сен қандай истасанг, шундай яшашинг мумкин, сени ҳашамат қуршаб олмоғи шарт эмас. Ҳайкалтарош Эрнст айтганидек, “Қимматбаҳо машинанг, ҳашаматли уйинг бўлса, чиройли кийинсанг-да, дунёқарашинг ва ички оламинг тор, саёз бўлса, сен маънан қашшоқсан”. Мана шунда гап. Пул, мансабнинг ортидан қувиб, виждонни, бурчни унутиб қўймоқдамиз. Атрофимизда бўлаётган воқеаларни кўрмаяпмиз. Мен яхши, фаровон ҳаётни танқид қилмаяпман. Пул ўзи нима учун керак? Аввал ана шуни идрок қилиш зарур. Халқнинг фаровон ҳаёт кечириши давлатимизнинг асосий ва устувор сиёсати, албатта. Бироқ, бунга интилиш йўлида қалбни, виждонни ва қадр-қимматни йўқотиб қўймаслик, сотмаслик муҳимдир. Баъзан ишга жойлашиш, яхши маош олиш учун ўзимизга, ички овозимизга қарши борамиз. Хўш, бундан кейин одам кимга айланади? Болаларининг кўзига қандай қарайди? Картина фақат қуриб қолган денгиз ҳақида эмас, у кўп мавзулар, хусусан, ота ва фарзанд ўртасидаги муносабат, муҳаббат ҳақида ҳамдир.
Фильмда шундай эпизод бор: Ёш қаҳрамон бир қизни севиб қолади. Отаси йигитга: “Сен Петербургга борасан, у ерда ресторанда ишлайсан”, – дейди. Чол: “Петербургда нима қилади, ахир, у истеъдодли рассом-ку!”, дейди. Ота: “У пул топиши керак, ҳеч кимга керак бўлмаган кемаларни ясаб нима қилади, барибир денгиз йўқ”, – дейди. Кўряпсизми, биз она табиатга зарар етказишга, дарахтларни кесиб, денгизларни қуритишга ўрганиб қолдик. Ўғирлаймиз, ишлаймиз, ўзимизга тўғри келмайдиган ишларни қиламиз. Муҳаббатнинг нима зарурати бор?! Қаранг, ота ўғлининг ўзга юртда пул топиши учун ҳеч иккиланмай икки тақдирни ўзгартирмоқчи, севгини поймол қилмоқчи. Фильмнинг шу саҳнаси кўнглимдагидек чиқди. Ушбу драматик ролни қорақалпоғистонлик актриса маҳорат билан ижро этган.
– Инсоннинг табиатга нисбатан масъулиятсизлик билан муносабатда бўлишини дарахтлар кесилиши, атроф-муҳит, дарёлар ва ниҳоят, ўзимиз нафас олаётган ҳавонинг ифлосланиши мисолида кўряпмиз. Фильмингиз томошабин онгида инсоннинг табиатга бу каби муносабатларнинг оқибати ҳақида тасаввур ҳосил қилиб, тафаккур қилишга ундайдими?
– Одатда, бирор ерни булғасак ё ахлат ташласак, фаррошлар бор, керак бўлса тозалаб олишади, деган нотўғри тасаввур мавжуд, бизда. Мана шу фожиамиз. Атроф-муҳитни ифлослантираётган, писта пўчоғу , тамаки қолдиқларини уялмай юрган йўлида ирғитаётганлар сон-саноқсиз. Бу тарбия ва тафаккур даражаси торлигидан. Шу ўринда машҳур мақол ёдга тушди: “Дунёни сув босса – ўрдакка не ғам”. Келажак авлод тақдири, она заминимизнинг келгусидаги ҳолати борасида фақатгина зиёлилар ва олимларгина эмас, барча бирдек қайғуриши зарур. Шундай яшамоғимиз керакки, келгуси авлод бизни ахлатга ботган ва экологияси бузилган она сайёра учун лаънатламасин, айбламасин. Инсоният фақат ўз манфаатинигина кўзлаб табиат қонунига қарши борар экан, табиат бизни кечирмаслиги ва ўч олиши тайин. Картинада инсон онги, тафаккуридаги жумбоқлар, ечимини кутаётган муаммолар ва одамзоднинг табиат билан уйғун бўлмоғи даркорлигини таъсирли ифодалаб бера олдик, деган фикрдаман. Биз муайян шахслар ё номларни келтириб ўтмадик. Бу умуминсоний тарих: чол ва денгиз.
Башоратчилик масъулиятини зиммамга олмайман, бироқ фантазия қилишга ҳаққим бор. Моддий манфаат, амал ортидан виждонсизларча қувиб, табиатни шавқатсизларча хароб қилиш сабабли табиат қасос олиши мумкин, дедим. Фильмнинг якуний саҳнасида охир оқибат худо инсонларга цунами юбориб уларни суд қилади. Менга баъзилар фильмнинг якуний саҳнаси жуда тушкун ҳолатда дейишди. Мен уларга жавобан: катарсис ҳолати оптимистик руҳдаги фильмлардан ҳам кўра кўпроқ тушкун кайфиятдаги киноасарларда бўлиши мумкин. Бош қаҳрамонларнинг ҳаётдан кўз юмишини кўришимиз мумкин, бироқ бу ҳалокат бизда масьулият ҳиссини уйғотиб, кўзимизни очар балки.
Баъзи инсонлар бир умр мудроқ ҳолатда яшайди. Уларнинг кўзи очиқ бўлса-да, атрофда содир бўлаётган ҳодисаларни кўрмайди ёки кўрса-да, парво қилмайди. Шундай пайтда “Ҳой инсон, кўзингни оч, қандай даҳшатлар юзага келганини кўр” дегинг, уйғотгинг келади. Фильм шуни кўзлайди, яъни мудроқ қалбларни уйғотишга жазм қилинган. Бу орқали томошабинни фикрлашга, ҳаётга теран нигоҳ билан боқишга ундамоқчи бўлганмиз. Мен бу ҳақда очиқ гапириш учун бор кучимни сарфладим. Афсуски, картинага нисбатан зиддиятлар, баҳс-мунозаралар кўп бўлаяпти. Умуман олганда, ҳақиқий ва ростгўй фильм ҳақида мана шундай ранг баранг фикрлар бўлиши ҳам керак. Агар уни кўриб, “Жуда яхши ва томошабинбоп фильм бўлибди” дейишганида, бу мени кўпроқ хавотирга солган бўларди. Томошабинда ҳеч қандай фикр уйғотмаса, бундай киноасарнинг кераги йўқ, деб ҳисоблайман. Актёрлар ролларини қойилмақом ижро этишди. Хусусан, Ражаб Адашев зиммасидаги вазифасини аъло даражада бажарди, деб ўйлайман.
– Одатда, кинокартинанинг муваффақияти кўп жиҳатдан бош роль ижрочисига боғлиқ. Бош қаҳрамон ролига нега айнан актёр Ражаб Адашевни танладингиз?
– Сценарийни ўқиётган пайтда кўз олдимда Ражаб Адашев гавдаланди. Фильмда чолнинг машғулотлари кўпчиликка ғалати туюлар, балки. Умуман олганда, уни одамлар мазах қиладиган телбанамо чол деб ҳам аташ мумкин .Бизда универсал, ҳам драматик, ҳам комик ролларни қойилмақом ижро эта оладиган Фарҳод Абдуллаев сингари маҳоратли актёрлар бор, албатта. Ражаб Адашев ҳам Шекспир асарларидаги қаҳрамонларни ижро этишга муносиб актёр. У ҳеч қандай ҳатти-ҳаракат қилмаса-да, қиёфаси ва нигоҳларига қараб, қаҳ-қаҳ отиб кулишингиз ёки юм-юм йиғлашингиз мумкин. У ташқи кўриниши жиҳатидан ҳам, ички дунёси билан ҳам тасаввуримдаги қаҳрамон эди. Бу актёрни танлаб адашмадим. Албатта, фильм учун кастинг ўтказдик. Жуда яхши, истеъдодли актёрлар таклиф қилинди. Шу ўринда бир ҳақиқатни айтсам. Кўп ҳолларда россиялик киноижодкорлар бизнинг актёрларимизни эпизодик роллар учун таклиф қилишади. Бир куни улар: “Биздаги оммавий саҳналарда ролларда ўйнаётган айрим актёрларингизнинг истеъдоди, маҳорати, ижод завқи кўп россиялик актёрларда йўқ” деб айтиб қолишди. Ҳақиқатан ҳам, ғайрат-шижоат ва актёрлик маҳорати ижодкорнинг ички олами билан уйғунлаша олса, роль ижрочиси қаҳрамонини юракдан ҳис қилса, унинг ҳаёти билан яшаса, бундай роль томошабин юрагини забт этмай қолмайди. Россиялик актёрлар орасида асосан кўринишга урғу берадиган, ролни тўлақонли ҳис қилмайдиган актёрлар ҳам бор. Уларнинг санъатдаги умри қисқа, маҳорати йўқлиги ёки ёши улғайгани сабабли ҳам экранларда кўринмай кетади.
Фильмга 4 нафар ёш актёрларни таклиф қилганман. Уларнинг айримлари мактаб ўқувчилари, турли олийгоҳларда таҳсил олишади. Дастлаб, бу ҳолатда суратга олиш жараёни кўпга чўзилса керак, деб тахмин қилгандим. Буни қарангки, мутлақо бунинг акси бўлиб чиқди. Улар билан айрим эпизодларни суратга олиш ҳаттоки, профессионал актёрлар билан ишлашдан кўра осон ва тез кечди. Улар сизни ҳис қила олади, зийраклиги, нима демоқчи эканингизни илғаб олиши ишни янада осонлаштиради. Уларга қаҳрамон сўзларининг маъноси, моҳияти, феъл-атвори ва фалсафасини узоқ тушунтиришни кераги йўқ. Нима қилиш кераклигини айтсангиз, кифоя, дарров керакли вазифани бажаришади.
Бобур Йўлдошевнинг ёрқин истеъдодини қай тил билан таърифлай? Ёқимтой аблаҳ ролини ўйнаш осон иш эмас. Шунингдек, Дилором Каримова, Малика Иброҳимова, Шодия Абдуқодирова ва Бойир Холмирзаев каби маҳоратли актёрлар яна бир бор каминани лол қолдиришди!
Очиғини айтиш керак, Мўйноқда ёз жуда иссиқ бўлади. 60 даража иссиқ ҳароратда ташландиқ кемалардаги тасвирга олиш ишлари бизни жисмонан толиқтирди. Шамол эсганида қум ҳавога кўтарилади. Тасвирга олиш ишлари жазирама иссиқ туфайли оғир кечди. У ерда ҳақиқий металл кемада суратга олинадиган эпизод бор эди. Кема кун давомида жуда қизиб кетарди. Актёрлар эса ана шу қизиб турган кемада роль ижро этиши керак эди. Ижро этишди, буни уддалашди.
Бир қанча қийинчиликларни енгиб ўтдик ва бурчимизни сидқидилдан бажаришга муваффақ бўлдик.
– Фильмда бир нечта ёш актёрлар илк бор роль ижро этишибди. Уларни лойиҳага жалб қилишингизга сабаб фильмнинг Орол ҳақида эканлигими? Умуман, улардан кўнглингиз тўлдими?
– Албатта. Тасвирга олишни бошлашдан аввал актёр излаб, Нукус ва Мўйноққа бордик. Асосан, Нукусдан изладик, сабаби, Мўйноқда театр йўқ. Бирорта актёр мос келмади, биргина актрисани танладик. Актриса Гулсанам Абатбаева ғайратли, бироз инжиқ, қайсар, аммо дадил эди. Ролини жуда яхши ижро этди.
– Съёмка жараёнидаги қийинчиликлар ҳақида айтдингиз. Жазирамада суратга олишдан ташқари яна қандай қийинчиликлар бўлди?
– “Ўзбекфильм”да азалий муаммо – техника. Мисол учун, энг сифатли саналган “Алекс” русумли камерангиз бор, лекин у бир дона. Обьектив эса атиги 2 та. Бир вақтнинг ўзида бир нечта фильмлар сурага олинади. Бошқа керакли жиҳозлар, асбоблар ҳам тақчил. Ёритиш ускуналари кам. Фильм учун бюджети учун катта маблағлар ажратилади, биз эса 90% керакли аппаратларни хусусий фирмалардан ижарага оламиз. Уларда ҳамма нарса бор, бизда эса ҳеч нарса. Тасвирга олиш майдонида техниканинг сифати – муҳим масала, биласиз. Мониторни бир фирмадан, унинг учун кабелни иккинчи фирмадан, учинчи фирмадан камерани , тўртинчисидан WI-FI ускуналарини ижарага оласиз, улар бир-бирига тўғри келмаганлиги сабабли техник носозлик юзага келади. Негаки бу техникалар ҳар хил компанияларда ишлаб чиқарилган. Шу каби техник носозликлар фильмнинг сифатига таъсир кўрсатиб қолмай, вақтни ҳам олади, кўнглингиздагидек тасвир чиқмайди. Бизда иқтисодий тежамкорлик қилиб, асосан, Хитойда ишлаб чиқарилган ускуналарни харид қилишади. Ваҳоланки, сифатлиси ва чидамлиси – немис ва япон аппаратлари.
Кинога талпинадиган ёш йигит-қизларимиз шуни билишсинки, кино жуда оғир меҳнат, машаққат. Америкалик актёрлардан фарқли равишда бизнинг маошларимиз жуда кам. Актёр, бастакор ва режиссёрлар оладиган ойлик жуда оз. Аниматорларнинг иши умуман ачинарли. Битта мультфильм сценарийси учун 700 минг сўм тўланади. Мультфильм мусиқаси учун атиги 1 млн берилади.
Бизнинг энг катта қийинчилигимиз бу – иқтисодий муаммолар! Ҳатто, қадрдон “Ўзбеккино”миз ҳам матбуотда “Ўзбек кинематографлари, мультипликаторлари сурбетлик қилишмоқда, уларнинг қанча маош, қалам ҳақи олишини кўриб қўйинглар”, дея бизга таъна тошларини отади.
Саҳналаштирувчи режиссёр 1,9 млн. сўм маош олади. Анимация режиссёри 1,2 млн. сўм олади. Сиз мана шу ойлик маошни оилангиз, яъни икки фарзандингиз ва рафиқангизга етказа оласизми? Давлат фильмларининг бюджети анча юқори бўлишига қарамай аҳвол шундайлигича қолмоқда. Хусусий киностудияларда 1 та бадиий фильмнинг бюджети 5-10 минг доллардан ошмайди, “Ўзбеккино”да битта фильмнинг бюджети камида 2 миллиард сўм (200 минг доллар)ни ташкил этади. Фарқни кўраяпсизми?
Хусусий фильмларни суратга оладиганлар актёрларга яхши ҳақ тўлашади. Шунинг учун актёрлар давлат фильмларидан кўра, хусусий картиналарда суратга тушишга ҳаракат қилишади. Давлат фильмининг бир тасвир куни учун халқ артисти 180 минг сўм олади. Актёрларимизни арзимаган пул учун ҳам давлат фильмларида суратга тушишининг асосий сабаби давлат буюртмаси асосида ишланган фильмдаги иштироки учун унвон олишга номзодини қўйиш имкониятидир. Шунинг учун энг яхши актёрлар, халқ артистлари ҳам шу пулга роль ижро этишга рози бўлишади.
– Назарингизда, ўйлаган режаларингиз қайсидир жиҳатдан рўёбга чиқдими?
– Қийин савол… Бир машҳур француз режиссёри шундай деган экан: “Агар картинангиз ақалли 20 фоиз муваффақиятли чиққан бўлса, қувонаверинг! Агар 50 фоиз ёки 70 фоиз натижага эриша олсангиз, бу чинакам ғалаба!”. “Танҳо қайиқ” фильми учун барча имкониятларимни ишга солдим. Албатта, қолганига мутахассислар ва томошабин баҳо беради, аммо эришган натижамиз 20 фоиздан кам эмаслигига ишончим комил!
– Келгусидаги режаларингиз қандай?
– Нима десам экан, ўтган йилнинг ноябрь ойида Бош вазир Абдулла Арипов бошчилигида анжуман ўтказилди. Унда етакчи кинематографлар билан миллий кинода ечимини кутаётган жиддий муаммолар муҳокама қилинди. Бу замонавий бадиий, ҳужжатли ва анимацион фильмни ривожлантиришга қаратилган долзарб муаммолардир. Мен “Ўзбеккино” миллий агентлигининг янги раҳбарияти олиб бораётган сиёсатни қўллаб қувватламайман. Агентлик фаолиятининг тижоратлаштиришга урғу берилиши, хусусан, юксак маънавий, муаллифлик фильмларга “пойгак”да жой ажратиб, тижорий фильмларни яратишга кўпроқ эътибор қаратилиши миллий кино санъатини ривожланиш йўналишини буткул ўзгартириб юборди. Бу ҳолат киночилар оиласини иккига ажратиб, дўстлар ва ҳамкасблар ўртасида бир қатор келишмовчилик ва зиддиятларни юзага келтирди, натижада миллий кинематографияда носоғлом муҳит пайдо бўлди. Шунга қарамай, Бош вазирга муаммоларимизни, танқидий фикрларимизни сабр билан тинглаб, “Ўзбеккино”раҳбариятига ушбу келишмовчиликларни ижобий ҳал қилишни маслаҳат бергани учун миннатдорчилик билдираман.
“Танҳо қайиқ” фильмининг премьерасига келсак, машҳур масалда айтилганидек, “арава жойидан жилмаяпти”. Масалан, мен 1 йилдан бери “Танҳо қайиқ” фильмини қабул қилиш ҳужжатига имзо чекишларини ва ниҳоят, картинамнинг премьерасини интиқлик билан кутаяпман. Бундан ташқари, ўтган йилдан бери халқимизнинг севимли миллий қаҳрамони Хўжа Насриддин ҳақидаги мультфильм ҳам ишга туширилмаяпти. Ўйлашимча, ҳатто Хўжа Насриддиннинг доно ва зукколиги ҳам киночиларнинг бу муаммосини ҳал қилолмайди.
Шаҳноза Қурбонбоева суҳбатлашди.
UzAnalytics сайти таҳририяти Нозим Тўлахўжаевга мазкур интервью учун миннатдорлик билдиради ва келгусида янги ижодий зафарлар тилаб қолади.