Сурат манбаси: tengrinews.kz
Муаллиф: Снежана Атанова – INALCOда (Institut National des Langues et Civilisations Orientales – Шарқ тиллари ва цивилизациялари миллий институти) фан номзоди.
“Мен Марказий Осиёнинг кўпкари чопувчи чавандозлари – “чўл бўрилари”ни дунё подиумларида кўришни истайман. Нозикбадан моделларни эмас, узоқ овуллик, оёғи қийшиқ, кўпкари вақтида орттирилган тиртиқ ва кўқариқлари ҳамда тер, от сийдиги анқиб турган ва чўл шамоллари чангига ботган кийимли йигитларни кўргим келади. Улар – ялтироқ журналлар саҳифасига чиқмаган ҳақиқий йигитлар. Улар кимнингдир кўзига бежирим кўриниш учун баланд пошнали этикларда подиумларда юрмайди. Бундай пошна билан одимлаш ноқулай, бироқ у отда юриш, кўпкарига кирганда оёқ узангидан чиқиб кетмаслиги учун жуда мос келади. Менга худда шундай намойиш керак. Бошқа нуқтаи назардан қараб, кўпкаричи йигитларни фэшн кўргазмаларида кўргим ва байроқ билан қопланган кўрпачаларни ёйиб кўрсатгим келади. Европалик ёки америкаликларга тақлид қилиш эмас, аксинча, Марказий Осиё даштларига нигоҳ қадагим келади”, дея марказий осиёлик машҳур рассом Саид Отабеков ғоялари ҳақида сўзлайди. У ўзбек қишлоғида туғилган, аммо бугунги кунда қозоқ даштида жойлашган Чимкент шаҳрида истиқомат қилмоқда.
Саид Отабеков – қозоқ рассоми, Марказий Осиё замонавий санъатининг таниқли намояндаларидан бири. Турли бадиий воситалар: инсталляция, перформанс, фотосурат ва видео ёрдамида экспериментлар қилади. 1965 йилда Бес-терекда (Ўзбекистон) туғилган, 1993 йили Чимкентнинг Кастеев номидаги рассомчилик билим юртини тугатган. Ижодий фаолияти бошланиши қайта қуриш даврига тўғри келди, ўша пайти у Қозоғистон жанубидаги илк “Қизил трактор” авангард арт-гуруҳини ташкил этди. 2011 йилда Prince Claus Award мукофотини қўлга киритди.
“Мен қора уй – ўтовда туғилмаганман, бироқ очиқ далани жуда яхши кўраман. Қозоқ мусиқаси, уфқи – кўк жияги, дашт, отлар дегандай…” Рассом санъат асарларида кўчманчилик маданиятининг турли қирралари ҳақида мушоҳада қилар ва уларни тасвирлар экан, Буюк даштга бўлган ҳассос муносабати ҳақида имкон қадар кўпроқ ҳикоя қилишга интилади.
Баъзан Марказий Осиё рассомлари кўнгил истагидан қутула олмайди ва улар асарлари миллий колорит: арғумоқлар, тоғлар, даштлар, ойюзли санамлар ва ўтган кунларнинг жасур қаҳрамонлари билан тўлиб-тошган бўлади. Сизнинг кўчманчилар ва дашт ҳақидаги асарларингиз ўша колоритни давом эттирмайдими? Ёки асл ҳолат биз ўйлагандан кўра мураккаброқми?
Отлар расмини чизишни яхши ёки ёмон деб айта олмайман, бу – бизнинг ўтмишимиз. Кўчманчи ҳаётдан ўтроқ ҳаёт тарзига ўтиш жуда оғир кечади – буни ўз тажрибамда ҳис қилганман. Шаҳарда яшашга қийналяпман, ҳадеб дашт ва очиқ дала ўзига тортаверади. Боз устига, совет даври шаҳарларида Хрушчёвдан мерос қолган намунали қутига ўхшаш 104/105 сериядаги уйлар худди нусха кўчиргандай кўримсиз қуриб ташланган эди.
Ҳар қандай мавзуда яхши асар яратиш мумкин. Миллий колорит ҳақида гапирганда, аввало от ёдга тушади. Мен учун ижод ўзимни излашдир, шахс бўртиб кўринмаган асарларни қадрлай олмайман. Ўтган йиллар анъаналарини кўрсатишга қизиқаман, ахир, биз ўша йилларни яшаб ўтганмиз. Бошқа, шу пайтгача ҳис қилинмаган даражага чиқиш ҳам қизиқ. Буюк даштни тинглашни ўрганиш керак ва ўрганиш мумкин. Тарих ва ривоятларга таяниш ижодкорга илҳом бағишлайди, лекин бунинг ўзига яраша қийинчиликлари ҳам бор, чунки одамда архив материалларини олиш ва улардан фойдаланиш чекланган ёки улардан керакли маълумотларни топа олмайсан.
Мен сиз ҳақингизда илк марта “Рим сари йўл” суратлар туркумини кўргач, хабар топдим. Мени байроқларнинг ранг-баранглиги лол қолдирди ва шу заҳотиёқ Буюк ипак йўли бевосита хаёлда байроқлар ўлароқ, тарих даврлари ва ҳудудлар рамзлари бўлиб гавдаланди. Асли ушбу лойиҳа нима ҳақда ва нега айнан байроқларни танлагансиз?
“Рим сари йўл” лойиҳасини “Ипак йўли” атамаси чорчўпи ва маъноси қмраб ола билмайди. У Америка байроғининг кўрпача жилди сифатида акс эттирилишидан бошланган эди. Сайёрамиздаги миллионлаб одамлар АҚШ ватандоши бўлишни орзу қилиши сир эмас. Тўғрисини айтсам, мен ҳам бир пайтлар шу ҳақда бош қотирганман, бироқ бироз вақт Қўшма Штатларда яшагандан сўнг у ерда тура олмаслигимини англаб етдим. Америкада яшаб Чимкентни соғингандан кўра, яхшиси, Чимкентда яшаб, байроқ кўрпачалар ясаётиб, Американи соғиниб юраман. Мен ўз юртимда яшашни ёқтираман, Чимкентга керак ёки керак эмаслигимнинг эса аҳамияти йўқ. Лойиҳада дунёдаги бизнинг мамлакат тенглашишни ёки ўхшашни истаётган ҳар бир илғор мамлакат байроғини яратиш кўзда тутилган.
Кўрпача-байроқ сиз мато билан қилаётган ягона эксперимент эмас. “The Stories of the Great Steppe”да (“Буюк душат ҳикоялари”) жасур кўпкаричи тимсолини яратасиз. Ушбу тимсолда, айниқса, кийим орқали глобаллашув ва кўчманчилар анъаналари рамзларини ўзаро қориштириб юборгансиз.
Турли автомобиль ва кийим-кечак ишлаб чиқарувчи компаниялар логотипларидан фойдаланилган ушбу “Чўл бўрилари” суратлар туркумида танкчилар, десантчилар, денгиз пиёдалари, божхоначилар, аэропорт хизматчилари ва футболчилар ва ҳк.нинг тимсоллари яратилади. Ҳужжатли фотосуратлар 2010 йилдан бошлаб Қозоғистон жанубидаги турли туманларда тасвирга олинган. Анъанавий кўпкари ўйини Марказий Осиёдаги кўчманчилик қилиб ҳаёт кечир(аёт)ган аҳоли орасида жуда машҳур. Кенг далада минглаб чавандозлар “улоқ” тортиш учун курашаётганини томоша қилиб туриб, бу жангга ўхшашини кўрасан. Ғалаба учун жанг, бошқалардан ғолиб чиқиш учун жанг, ахир, коинотдаги ҳар бир зарра табиий офатлар, ҳалокатли сув тошқинлари чоғида, шитоб билан айланаётган гирдобда ёки вулқон лавасида ўз ўрнини топишдан иборат. Кимга омад кулиб боқишини кўзга кўринмас Само Қозиси ҳал қилади.
Сиз кўпкаричи тимсолини яратаётиб, тарихий маълумотлар: фотосуратлар, ёзма ёки оғзаки маълумотлардан фойдаланганмисиз? Ёки бу ўзингизнинг бадиий тасаввурингиз ҳосиласими?
Совет даврида кўпкари тақиқланган. Танишлар менга сўзлаб беришича, отлар гўштга топширилган, иложини қилганлар уларни чўлга яширган. Лекин барибир бу ўйин марказдан узоқда, яширинча ўтказилиб турган. Совет даврини кўрган одамлар одамлариннг ҳикояларидан жуда кўп қизиқарли тафсилотларни билиб олиш мумкин. Танкчилар дубулғасини кийиб олган чавандозлар одамнинг хаёлини узоқларга олиб кетади. Балки улариннг ота-бобаолари 1941 йилда Москвани немислардан ҳимоя қилгандир ёки 1812 йили Бородино жангида қатнашгандир, эҳтимол бутун Европа бўйлаб Париж ва Берлингача отда узоқ йўлни босиб ўтгандир. Муз жангида ёки Чингизхон ўғли Хулагу бош-қош бўлган Яқин Шарқ – Осиё ғарбига юришда иштирок этгандир. Гарчи кўпкари халқаро ташкилотларга ёқмаса-да, ушбу маросим неча минг йиллардан бери ўтказилиб келади. Нафақат улоқ чопаётган кўпкаричилариннг ўзи, ҳатто отлар ҳам курашгиси ва кучини синаб кўргиси келади.
Кўп ва ҳар бири ноёб бўлган асарингиз ҳақида алоҳида сўз юритиш даркор. Масалан, “АҚШ денгиз пиёдалари қўшини Марказий Осиёда” деб номланган чопонни ёки “Чингизхоннинг тўни”ни олиб қарайлик. Иккала ҳолатда ҳам ҳарбийлар учун пахтадан тўқилган ола-була мато (камуфляж) билан нақшли ипак газмол ўзаро омухта қилинади. Бу билан Чингизхоннинг Марказий Осиёда Америка Қўшма Штатларининг ҳарбий кучларини ўзаро тенглаштиряпсизми?
“АҚШ денгиз пиёдалари қўшини Марказий Осиёда” деб номланган чопонлар туркуми АҚШнинг ҳарбий кучлари Бишкекда (Қирғизистон) ва Хонободда (Ўзбекистон) бўлиб турган давр – 2000-йиллар бошида яратилган эди. Ўша ҳарбий базалар бир замонлар Совет Иттифоқининг армия қисмларига хизмат қилган, бироқ орадан бир неча йил ўтиб, америкаликлар Марказий Осиёнинг мустақил мамлакатлари ҳарбий базаларига келиб қўнадиган бўлди. Аскарлар учун форма тикиладиган камуфляж матоси ҳарбий мавзулардан ҳикоя қилади. У нақшли газмол билан омухта бўлганда, иссиқлиқ ва совуқлик, байрам ва фожиа бирлиги тимсолига айланади… Яна Чингизхоннинг камуфляжли чопони ўтмиш баҳодирлари ва ўша саркарданинг зиддиятли шахсини эсга солади. Мўғул империяси ўрнига “Америка сектори” келмоқда.
Тарихий костюмлар илҳом улкан манбаси бўлиб хизмат қилиши мумкин. Мен Панжакентдаги деворга ишланган тасвирлар, кўҳна миниатюралар ёки фотосуратлар шарофати билан то шу кунгача сақланиб қолган костюмларни назарда тутяпман. Сизнинг асрларингиз, ҳатто ўз талқинингиз ҳақида сўз кетганда ҳам, тарихий костюмлар билан ўзаро мос тушади. Масалан, “Замонавий дарвиш” ёки “Чингизхон бўл!” туркумидан ҳар кун “тарихий” кийимлар коллекциясини яратиш истаги пайдо бўлмаганми?
Мен ўтган замонлар костюмларига қизиқаман. Гарчи бир қарашда Марказий Осиёдаги барча костюмлар бир хил кўринса-да, яхшилаб қаралса, майда-чуйда тафовутлар чиқиб келаверади. Масалан, Қозоғистоннинг ўзидаги ҳар бир минтақада турли костюмлар бор. Албатта, одам жуда кўп иш қилгиси келади, лекин менда модельерлик тажрибаси йўқ.
Dolce&Gabbana компаниясининг яқинда бўлиб ўтган либослар намойишида Ғарб моделлари қалин свитер ва баланд этик кийиб олганча улоқни қўлида ушлаб, саҳнада одимлашди. Ушбу фэшн тимсоллар, рассом ўзи берган изоҳга кўра, “оппоқ қўзичоқни бўз бўрига қарама-қарши қўйишдир” ва бу чўл кўпкарисининг бир кўришда қўпол туюладиган эстетикасига ўхшаб кетади. Бир кун келиб, дунё подиумларида “Чўл бўрилари” – кўпкаричилар одимлайдими, йўқми, буни билмайман. Энг муҳими, Саид Отабеков арт-экспериментларини давом эттирмоқда, худди чўл шамолидай, улар Марказий Осиё қуёши балқийдиган жойлардан сарин ҳаво оқимини олиб келиши шубҳасиз.