Сурат манбаси: uzor.uz
Муаллиф: Роза Верко
Мабодо Хоразмга бориб қолсангиз, албатта “Лазги” рақсини томоша қилинг. Лазги joie de vivre – ҳаётбахш ижобий омилга эга рақс бўлиб, кишида қувонч ва ҳаётдан баҳра олиш ҳиссини уйғотади.
Кўҳна “лазги” сўзи “титраш” деган маънони англатади, деган фикр бор. “Лазги” вужуднинг жадал маромига мос тарзда жўшқин ҳаракатлари ва уларга йўлдош бўлган юз ишораларини ифода этади.
2019 йил 12 декабрида Колумбия пойтахти Богота шаҳрида бўлиб ўтган ЮНЕСКО Номоддий маданий меросни қўриқлаш бўйича ҳукуматлараро қўмитасининг 14-сессиясида Хоразмнинг “Лазги” рақси инсоният номоддий маданий меросининг репрезентатив рўйхатига киритилган эди.
Нега айнан лазги?
ЮНЕСКО маданий ишлаб чиқаришнинг муайян шакллари сақланиб қолишини таъминлаш заруратини тан олади, чунки бу мерос қилиб олинган маҳаллий воқеликлар ва маданий меъёрларни глобаллашувнинг бузмакор таъсиридан маданиятлараро мулоқот ҳамда маданий ўзига хосликлар ва “бошқача ҳаёт тарзи”ни тарғиб қилиш мақсадида сақлайди. Лазги Хоразм тарихи, маданияти, миллий характери ва ноёб турмуш тарзини тамсил қилиши билан ушбу мезонларга айнан мос келади.
Лазги Амударё ёки қадимги юнон тарихчилари таъбири билан айтганда, Оксус/Окс дарёсининг қуйи оқимида яшовчи хоразмликлар яратган кўҳна рақсдир. Савицкий номидаги музей (Нукус шаҳри, Қорақалпоғистон Республикаси) сайтига жойлаштирилган маълумотга кўра, “кўҳна Хоразм Марказий Осиё шимолидаги ҳинд-европа чегара ҳудудларининг энг сирли заминларидан биридир, форс, хитой ва юнон манбалари шундан далолат беради”. Хоразм лазгиси тарихи “маданияти турлича бўлган ўтроқ ва кўчманчи қабилалар ҳаёти кесишган ерда пайдо бўлган ҳамда Қорақум, Қизилқум Устюрт ясси тоғлигидай бепоён чўллар билан қуршалган, Орол денгизи жанубидаги Амударё делтасида жойлашган” кўҳна Хоразм билан чамбарчас боғлиқ. Ушбу кўҳна давлат Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон шимоли, шунингдек, Туркманистон шимоли ва Қозоғистон жанубининг бир қисмини қамраб олган улкан ҳудудни эгаллаган”.
“Лазги” рақси Хоразм воҳасида рўй берган кўплаб урушлар, ижтимоий ларзалар, ўзгаришлар ва табиий фалокатларга қарамасдан, минглаб йиллар давомида сақланиб қолаверди. Ушбу рақс тарихи асотиру афсоналарга ўралиб-чирмалган ва бу уни янада сеҳрли ва сержумбоқ қилади. Энг машҳур афсонада инсон танасини яратган, аммо унга жон киритишга қийналган худо ҳақида ҳикоя қилинади, чунки Жон тананинг қоронғи ботиний оламига киришни истамаган экан. Бироқ Жон ихтиёрини олиб қўйган мусиқа садоларини эшитгандан сўнг ҳаммаси ўзгариб кетади: мусиқанинг жадал маромига ошуфта бўлган Жон танага кириб, уни оҳиста ҳаёт қуввати билан тўлдиради. Шунинг учун лазги секин бошланади: раққос (ёки раққоса) рақсни қўлини юқорига кўтарган (“калит” ҳолати) кўйи – қуёш томон чўзганча – сокин маромда бошлайди, дастлаб бармоқлари ва қўлларини, сўнгра билаклари, елкалари, бадани ва оёқларини – бутун танасини титратиб ҳаракатга келтиради, уларга қўшимча равишда бурилиш, эгилиш, у ёқ-бу ёққа калта юриш, ўтириб туриш, сакраб кетиш ва бўйиннинг (“қирғий бўйин”), тананинг (“гавда тебраниши” ва “гавдани ирғитиш”), елканинг (“елка қоқиш”) ва иякнинг (“ияк ҳаракати”) ўзига хос ҳаракатлари йўлдош бўлади. Ушбу рақсни тавсифлаш учун қўлланадиган ўзбекча атамалар Розия Каримованинг асарларига асосланади [1]. Рақс мароми аста-секин тезлашиб боради ва уни улкан ҳарорат ва қувват билан тўлдириб, соф шодлик ва бахтнинг деярли жазавали ҳисси билан тўлдиради. Таниқли ўзбек хонандаси Ҳулкар Абдуллаеванинг мана бу видеосида лазги оҳанглари таъсирида жоннинг тана билан қўшилиб кетиши ҳақидаги афсона гўзал тарзда ҳикоя қилиниб, ижро этилади. Ушбу серҳаракат ва оташин рақс Амударёнинг қуйи соҳилида яшаган кўҳна хоразмликларга қаҳратон қиш шароитида омон қолишда ёрдам берганидан ажабланмаса ҳам бўлади.
Ўзбекистон халқ артисти, санъат назарияси бўйича мутахассис, тадқиқотчи, хореограф ва Хоразм вилояти маркази Урганч шаҳрида жойлашган “Лазги” мактаби раҳбари Гавҳар Матёқубова фикрича, ушбу рақснинг 3 минг йилик тарихи бор. Матёқубова лазгини “Масхарабоз”, “Қайроқ”, “Сурнай”, “Дутор”, “Сарой-базм”, “Гармон”, “Чангак”, “Чаноқ” ва “Хива” деб аталган 9 та турга бўлиб таснифлайди [2].
“Масхарабоз лазгиси” ўзбек томоша санъати бўлмиш масхарабозликдан улги олиб ижро этилади. Ўтмишда санъатнинг ушбу турида буффонада, масхарабозлик, тақлид намойиш этилган. Бошқача айтганда, бу ниқоб кийган масхарабоз томошаси бўлган.
Тарихан масхарабоз рақслари кўҳна пантомима ва жониворлар ҳаракатларига тақлид қилган ва танасини ҳайвонлар териси, юзини эса ҳайвонларга хос ниқоблар билан қоплаган кўҳна овчиларнинг маросим ўйинларидан ибтидо олган. Қадимги раққослар ҳайвонлар ва паррандалар ҳаракатларига, чиқарган товушларига усталик билан тақлид қилган кишилар бўлган. “Масхарабоз лазгиси” одамлар билан жониворлар ўртасида мистик алоқа бўлганига оид тотемик эътиқодларнинг тажассум топиши ва акси ҳисобланади. “Масхарабоз лазгиси”ни анъанага кўра, эркаклар ижро этади ва у ҳозирги кунда Шовот туманининг Урганчдан 37 километр нарида жойлашган Мўноқ қишлоғида жуда оммалашган. Ўтмишда масхарабозлар одамларга бозорларда, майдонларда ва шаҳар ҳовлиларида томоша кўрсатган. XIX аср охири – ХХ аср бошларида буффонада дорда юриш санъати билан бирика бошлаган. Кейинчалик ниқоблар оригинал грим билан алмаштирилган.
Ҳазилларнинг жўрттага “аҳмоқлиги” ва соддалигига қарамай, масхарабозлар циркни эслатувчи анъанавий кўча театрида тажассум топган маҳоратнинг ақл бовар қилмас бирикувини намойиш этган, ўша театрда раққослар, ҳикоячилар, жонглёрлар, кўзбойлағичлар, қўғирчоқбозлар, пантомимочи актёрлар, акробатлар, дорбозлар, ёғоч оёқларда юрувчи артистлар ва ҳатто оғзидан олов пурковчи кишилар қатнашган. Кўпинча масхарабозлар томошалари чоғида маҳаллий бойлар ва ҳумдорларни зиқналиги, аҳмоқлиги, икки юзламачилиги учун масхара қилган, бундан томошабинлар оммаси ичаги буралиб қолгунча кулган.
Хоразмда то шу кунгача масхарабозлар лазгиси ва қўғирчоқ томошалари оммалашган, бу ҳол Хивада 2019 йил сентябрида бўлиб ўтган “Рақс сеҳри” мақоласи муаллифи тасвирга олган мана бу видеодан ҳам кўриниб турибди. Раққослар бошига Хоразм услубида тикилган чўгирмани кийиб олган.
“Қайроқ лазгиси”нинг номи бир-бирига урилишидан овоз чиқадиган қайроқтошдан олинган бўлиб, ушбу асбоб икки қисм – силлиқланган тош ва юпқа металлдан ишланган пластинка – тобоқчадан иборат. У раққослар учун ажойиб қўшимча ва ритмик – маром жўрлигини беради, буни ушбу видеодаги хивалик ёш раққоса кўрсатиб бермоқда. Қайроқлар рақснинг ёрқин ритмик тузилмасини қўллаб туриши баробарида атроф муҳит, масалан, сайроқи қушлар товушларига тақлид қилишда ҳам ёрдам беради.
“Сурнай лазгиси” кўҳна пуфлаб чалинувчи сурнай мусиқа асбоби билан боғлиқ. Ўтмишда қадимги жангчилар “чигилёзди” ҳамда жанговор руҳи ва довюраклигини ошириш учун ушбу рақсга тушган. У душман устидан қозонилган ғалабани байрам қилиш учун жангдан сўнг ижро этилган (Матёқубова, 1993, 29). Аммо вақт ўтиши билан “Сурнай лазгиси” алоҳида ҳолат ва муҳим воқеалар билан боғлиқ рақсга айланди: “Одатда сурнайдан кимнингдир ҳаётида (масалан, тўйлар, никоҳ тўйлари), жамият ҳаётида (ҳалқ фестиваллари, сайиллар, Наврўз байрам қилиниши ва ҳк.) рўй бераётган муҳим воқеалар ёки кўнгилочар тадбирлар (қўғирчоқбозлар, дорбозлар томошалари ва ҳк.) олдидан жар солиш – хабар бериш учун фойдаланилган”. Ҳозирги пайтда “Сурнай лазгиси” ҳаёт руҳи жўшиб тургани сабаб жуда оммалашиб кетган, бу байрам тадбирлари ва тантанали ҳолатлар учун узукка кўз қўйгандай мос келади. Айни ҳолат “Ниҳол” давлат мукофоти лауреати ва Хоразм лазгисининг энг яхши ижрочиларидан бири Дилноза Ортиқова ижроси тасвирланган видеода яхши кўрсатиб берилган.
“Гармон лазгиси” гармон жўрлигида ижро этилади: “гармон (русларнинг диатоник аккордеони) XIX асрда “халфа” деб аталувчи Хоразм ижрочилари орасида оммалашиб кетган эди. Халфалар халқ орасидан чиққан истеъдодли ашулачилар, созандалар, шоиралар ва мусиқа бастакорлари сифатида машҳур бўлган. Ўтмишда байрамларни нишонлаш вақтида эркаклар билан аёлларни ажратишни талаб этувчи ислом анъаналарига кўра, халфалар уйнинг “ичкари” деб аталувчи аёллар қисмида қўшиқлар ижро этган. Баъзан халфаларни Хоразм шоҳлари ва ҳукмдорлари саройидаги аёллар ва қизлар кўнглини чоғлаш учун таклиф этиб турган (Матёқубова, 1993, 37).
Халфалар кўпинча мусиқачи (доирачи ёки қайроқчи) ва раққосалардан иборат ансамбль сифатида концертлар берган. Улар Хоразмда ҳозир ҳам никоҳ тўйлари, оилавий ва бошқа тантанали тарбирларда машҳур эканини ушбу видеода кўриш мумкин.
“Дутор лазгиси” Марказий Осиёда машҳур бўлган торли мусиқа асбоби дутор жўрлигида ижро этилади. У аёллар рақси бўлиб, тананинг инжа ҳаракатлари ва юзнинг ифодали мимикаси билан ҳиссиёти, муҳаббати, орзулари ва қайғусини ифода қилади.
Хоразм вилояти Қўшкўпир тумани Оқдарбанд қишлоғи аҳолиси “Чангак лазгиси” билан шуҳрат қозонган. “Хива лазгиси” Хивада машҳур, лаган устида туриб ижро этиладиган ушбу рақс техник жиҳатдан энг мураккаб бўлиб, раққоса моҳирона рақс ҳаракатларини лаган ёки махсус супачада туриб бажариши керак. Буни хоразмлик машҳур раққоса Дилноза Мавлонова мана бу видеода кўрсатиб берган: Дилноза ўз рақсида Хоразмда ҳозиргача муҳим бўлган зардуштийлик дини илоҳаси Анихитани гавдалантиради. “Лазги”нинг турли вариантлари бор, масалан, Ҳулкар Абдуллаева юмористик “Пақа-пақ” рақсини ижро этган.
“Сарой базми лазгиси” Хоразмга ислом дини кириб келган VIII асрдаги сўнгги зардуштийлик даврида пайдо бўлган. Раққосаларнинг жамоатчилик олдига чиқиб ўйнашини тақиқловчи янги тартиб-қоидалар аёлларнинг уни фақат ва фақат уй шароитида ўйнаши мумкин бўлган рақсга айлантириб қўйган, оқибатда аёллар унга чекланган ёпиқ макондаги ўз базмларида рақс тушадиган бўлган. Рақснинг ушбу тури бугунги кунда Хоразмнинг тарихий ўтмишига айланиб кетди.
Хоразм лазгиси тарихи
1937 йилда машҳур совет археологи, этнографи ва академик Сергей Толстов кўҳна Хоразм давлати жумбоқларини ўрганиш учун кенг миқёсли этно-археологик экспедиция ташкил қилган эди. Ўша экспедиция жуда кўп қазишма ишлари ва жадал тадқиқотлар олиб борган, 1941 – 1945 йиллардаги уруш вақтида тўхтаб қолган бўлса-да, фақат 1991 йили СССР тарқаб кетгандан сўнг тугалланган эди. Толстов экспедицияга 50 йил давомида раҳбарлик қилган.
Айни экспедиция даврида қилинган кашфиётлар кўҳна Хоразмнинг кўплаб жиҳатлари, жумладан, рақсига ҳам ойдинлик киритди. Толстов неолит ва бронза даврига оид бир талай нарсаларни топган ҳамда кўҳна хоразмликлар жониворлар ва турли мифологик мавжудотларни тасвирловчи ниқобларда пантомималар ва маросим рақсларини ижро этганини тасдиқлаган. Вақт ўтиши билан ушбу жўн пантомималар турли гуруҳларга мансуб рақслар даражасига ўсиб чиққан. Ўзбекистон давлат рақс академияси ўқитувчиси А. Насибуллина фикрича, “ҳайвон уфорилари” ҳайвон, парранда ва балиқ ҳаракатларига тақлид қилувчи энг оддий пантомималар бўлган, лекин аслида уларнинг мақсади ҳатто инсон хулқ-атворида ҳам намоён бўлувчи айрим ҳайвонлар қилиқларини акс эттириш эди [3].
Фарғоналик қизиқчи ва раққос Юсуфжон қизиқ Шакаржонов ва хоразмлик раққос Раҳим Аллабергенов – иккаласи ҳам ХХ асрдаги машҳур халқ ижрочилари бўлган – ушбу рақсларни юмористик, енгил комик ва сатирик табиати учун “масалла” (қизиқ ҳикоялар) деб атаган (ўша ерда, 16). Масалан, лазги ҳаракатларидан бири “товушқон” деб аталади ва у панжаларини қовуштириб турадиган товушқонни ёдга солади. Ёки “тустовуқ ўйини” деб аталадган жуфтлик рақси уришаётган хўрозларни эслатади.
“Тақлид уфориси” енгил комик, юмористик ва сатирик рақс турлари бўлиб, муайян касб эгаларининг – балиқчилар (“балиқ ўйин”), чўпонлар (“билама”), этикдўзлар (“этикдўз”), ошпазлар (“ошпаз”), сартарошлар (“сартарош”), телпакдўзлар (“чўгирма тикиш”) – оддий кундалик фаолиятини тасвирлаган ҳамда рақс тили билан одамлар халқ-атворининг ғалати жиҳатларини акс эттирган (ўша ерда, 21).
Келиб чиқиши синкретик, аммо руҳан – яхлит
Толстов экспедициясининг асосий иштирокчиларидан бири бўлган ўзбек академиги, профессор Исо Жабборов Марказий Осиё қадимги халқларининг диний эътиқодлари табиатини синкретик (бир-бири билан бирикиши қийин бўлган нарсаларнинг ажралмасдан бирикуви) дея изоҳлайди: “Бутун антиқ давр мобайнида Марказий Осиё халқлари ҳаётида, қўшни Эронда эса милоддан аввалги 1-минг йилликка қадар ибтидоий динлар (тотемизм, жодугарлик, анимизм, табиатга сиғиниш ва ҳк.) сақланиб қолган ва кенг тарқалган”[4].
Толстов экспедициясининг бош иштирокчиси Глеб Снесарев фикрича, “ривожланган дин тизимининг – ислом, христианлик, буддизм ва ҳк. ҳукмронлиги ижтимоий тараққиётнинг муайян босқичларида диннинг нисбатан олдинги кўринишлари реликтлари (қадимги даврлар қолдиғи сифатида сақланиб келган нарса, ҳодиса ёки организм) параллел равишда мавжуд бўлишини истисно қилмайди. Тизим уларни у ёки бу даражада ассимиляция қилиши мумкин, лекин аксарият ҳолларда улар мустақил равишда яшаб ҳам қолади”[5].
Таъкидлашича, ўтмишда хоразмликлар Амударё раҳм-шафқат қилишини сўраб, жониворларни (буқа ёки қўчқор) қурбонликка сўйиш билан айрим тотем таомилларини бажарган. Бу таомиллар сув стихияси муқаддаслаштирилгани ва унга сиғинилганини акс эттиради, натижада ҳосилдорликнинг умумий концепцияси билан боғлиқ тарзда Амударёга сиғиниш пайдо бўлган: “…Марказий Осиёдаги ҳосилдорликка сиғиниш тизимида айнан сув стихияси асосий ўрин эгаллаган” (ўша ерда, 238 – 239).
Профессор Жабборов Анахитани (зардуштийлик динининг сув ва ҳосилдорлик илоҳаси) илгари Хоразмда мавжуд бўлган матриархат анъаналари рамзи сифатида талқин қилади. Анахитага бағишланган тантаналар чоғида хоразмликлар ибодат қилган, сеҳрли ибораларни айтган, турли рақсларга тушган – улар Хоразмнинг саҳна санъати шаклланишида муҳим роль ўйнаган (Жабборов, 2010, 242).
Кўҳна хоразмликлар “кўз тегиши”дан асрайдиган балогардонларга ишонган. Матёқубовага кўра (1993, 46), раққосалар кийган анъанавий бош кийимининг чап томонига (яъни юракка яқин) қадалган тахя (хоразмча бош кийим тури) пат тотемик эътиқодлар қолдиғидир. Хоразмлик раққосанинг хос кийими замонавий ўзбек мусаввири Дилором Мамедова мўйқаламига мансуб мойбўёқ суратда акс этган.
VII – VIII асрларда арабларнинг Марказий Осиёга бостириб кириши расмий диний эътиқодлар ва одатларнинг кескин ўзгаришига олиб келди, бу, Снесарев фикрича, исломдан олдинги маросимлар бутунлай йўқолиб кетишига сабаб бўлмади, улар вақт ўтиши билан исломий тус олди ва кўҳна мифология тимсолларини янгилари билан алмаштирди. (1969, 265).
Снесарев Хоразмдаги шомонлик ва кўплаб архаик ҳодисалар қолдиқларини ушбу ҳудуднинг ўша пайтда кўчманчи қабилалар яшаган даштга яқинлиги, улар шомонлик тутимларини ва тотем эътиқодларини сақлаб қолиш орқали ислом дини тарқалишини секинлаштиргани билан тушунтирган эди (ўша ерда, 20).
Масалан, доира марказий осиёлик шомонларининг қадим замонлардан бери ўзига хослиги рамзи бўлиб келган. Бироқ вақт ўтиши билан доира шомонлик таомиллари билан алоқасини йўқотиб, ўзбек халқ рақсларини ижро этиш учун жўр бўлувчи асбобга айланиб қолди.
Доира овози рақснинг ритмик структурасини мустаҳкамлайди. Бу америкалик раққоса, хореограф ва Марказий Осиё рақслари тадқиқотчиси Тара Пандэйя ва моҳир доирачи, уста Аббос Қосимовнинг ушбу видеодаги ажойиб дуэтида яхши кўрсатиб берилган.
Оловга топиниш
Исломдан олдинги даврдаги олов ва қуёшга топинишга асосланган зардуштийлик эътиқодлари Хоразм лазгисининг имо-ишоралар тили ва ҳаракатлари шаклланишига жиддий таъсир этган. Зардуштийлик дини Марказий Осиё, Эрон ва Озарбайжонда кенг тарқалган. Бир қанча олимлар тахмин қилишича, Хоразм зардуштийларнинг муқаддас битиги “Авесто”да принциплари баён этилган дин шаклланган энг кўҳна марказлардан бири бўлган. Толстов экспедициялари вақтида батафсил тадқиқ қилинган бир қатор кўҳна қалъаларда рақс тушаётган эркаклар ва аёллар тасвирланган петрографик (тошга ўйилган) суратлар топилган.
Масалан, “Рақсга тушаётган ниқоблар” зали Хоразм ҳукмдорларининг қароргоҳи бўлган Тупроққалъа шаҳристонининг бир бўлаги ва муқаддас жой эди. Тупроққалъадаги “Рақсга тушаётган ниқоблар” зали деворларида эчки ниқобини кийиб олиб, рақсга тушаётган ўн олти жуфт эркак ва аёл тасвирланган.
Зардуштийлик дини ҳукмрон бўлган даврда барча мавсумий байрамлар ва жамоат ҳаётидаги бошқа муҳим воқеалар олов атрофида ўтказилган, шунинг учун ҳозирги лазги рақсида гулхан атрофидаги ҳаракатни эсга солувчи унсурлар мавжуд, бунинг ажабланадиган жойи йўқ, чунки оловга ёвуз кучлардан ҳимоя қилувчи балогардон ва инсонни турли хасталиклардан тузатувчи восита деб қаралган.
Қадимги даволаш маросими (алас) оловнинг муқаддас кучига эътиқод қилишга асосланган: “Маросим тут шохи учига оловга бўктирилган латта ўралиши, сўнгра у ёқилиб, машъала беморнинг боши ва оёқлари орасидан уч марта айлантирилиши, шундан кейин бемор машъалага туфлаши ва ниҳоят кўчага ирғитиб юборилишидан иборат бўлган” (Снесарев, 1969, 40 – 41).
Зардуштийлик дини маросимларидан мерос бўлиб қолган баъзи нарсаларни шу кунларда ҳам кузатиш мумкин: масалан, бошқа хонадонга энди келин бўлиб тушаётган қизлар куёв уйига киришдан олдин олов билан боғлиқ алоҳида тамомилга риоя қилиши шарт, бу ҳол ҳар қандай ёвузлик ва зарардан тозаланиш маросими билан боғлиқ ва ёш келинчак учун ўзига хос балогардон вазифасини ўтаган. Профессор Жабборов қайд этишича, замонавий Хоразм санъатида то шу кунгача фойдаланилиб келаётган тилнинг айрим ҳиссиётни ифодаловчи сўзлари – “жаққа”, “ҳовва, ҳей, ҳовва”, “киштака-киштак”, “оҳ, оҳай, оҳайя” – зардуштийлик динининг оловга сиғиниш билан боғлиқ қолдиқларидан бошқа нарса эмас (Жабборов 2014, 245).
Рақс лексикаси нуқтаи назаридан лазгида оловга топинишнинг аниқ-тиниқ унсурлари мавжуд: масалан, лазги раққосалари қўлини баланд – қуёш томон кўтариб, билакларини титратади, бу билан гўё қуёш нурларини ёки олов атрофида ҳаракатланган пайтдаги олов тилларини ифода қилади. Олов атрофида рақс тушиш одамларнинг руҳий ҳолатига даволовчи таъсир кўрсатган, бунинг таъсирида одамлар кундалик ташвишлар, хавотирлар ва чарчоқ ҳақидаги хаёлларидан бир дам фориғ бўлган, юраги ёниб турган олов тафтига, бошқа кишилар билан бирдамлик ҳиссига тўлган. Оғир меҳнат билан кечган иш кунидан сўнг Амударё яқинидаги совуқ кечалари олов тафти, гулханда пиширилган қайноқ овқат ва жўшқин лазги рақсидан зўр яна нима бўлиши мумкин!
Раққос баччалар
Ислом дини тартиблари ўрнатилиши ялпи тантаналар ва муҳим тадбирлар вақтида аёллар ва эркакларнинг бўлиниши, раққосаларнинг жамоат олдига чиқиб рақс тушишига тақиқ қўйилиши ва улар ўрнига баччалар ўйинга тушишига сабаб бўлган.
Улар Хивада ўғлон бола, Бухорода эса бачча деб аталган. Анъанага кўра, аёллар ижро этган рақслар аёллар либосини кийган ўғил болалар ва ўсмирлар машғулотига айланган. Хоразмда 8 – 10 яшар болалар ижрочилик фаолиятини тугатган устоз раққослар ва хонандалар раҳбарлигида ўқиб-ўрганган. Баччаларни ўқитиш учун 4 – 5 йил вақт кетган: натижада ўғил болалар аёллариннг ҳаракатлари ва тегишли юз ифодаларига маҳорат билан тақлид қилувчи раққосларга айланган.
Ўғлон бола аёллар кўйлагини кийган, юзини бўяган, узун сочи бўлган (ўзиники ёки ясама), Хоразм услубидаги кўкрак усти тақинчоқлари тўплами – шавкала (шевада, шокила) ва билакузуклар (занги) таққан, бошини рўмол билан ўраган. Томоша вақтида ўғлон бола аёл ролини ўйнаган (Жабборов, 2015, 249).
Рус рассоми ва сайёҳ Василий Верешчагин раққос баччаларга бир кўз билан қаралмагани тушунтириб беради. Бир тарафдан, раққос баччалар одамларнинг завқини келтирган, уларга сийлиқлар берилган, бироқ бошқа тарафдан, эксплуатация ва камситишларга дучор бўлган.[6] Шунинг учун улар тушган суратлардаги юз ифодасидан қайғу аломатлари кўриниб туради.
Раққос баччалар ўзбек рақс санъати сақланиб қолишида ўта муҳим роль ўйнаган. Уларсиз ўзбек аёллар рақси анъаналари кўринишлари бутунлай йўқ бўлиб кетиши мумкин эди.
Лазги тадрижи
Ўзбек томоша санъатининг машҳур тадқиқотчиси М. Қодиров фикрига кўра, лазги ўрта асрларда юзлаб янги ҳаракатлар жараёнида тананинг барча мушаклари, жумладан, юз мушаклари ва мимикаси, кўз ва қошларни ҳаракатга келтириб, шунингдек, турли илмоқли рақс композицияларини жамлай бориб, бир кишилик камера рақсидан гуруҳ рақсига айланган.
Лазги ўрта асрларда мазмунан ва жанр белгилари, шунингдек, маросимга оид шартли, маиший, қаҳрамонлик, лирик-романтик, комедия ва пародия рақсига қараб ўзаро фарқланувчи рақсларнинг улкан туркумига айланиб кетган[7].
М. Қодировга кўра, Хива XVI – XVIII асрларда Хоразмнинг маданий марказига айлангач, ўша давр санъати ва маданиятининг энг сара жиҳатларини жамларак, барча мавжуд ифода воситаларини синтез этарак, уларни мусиқий, театр ва рақс ҳаракатларининг соҳир қоришмаси орқали гавдалантирган. Ўз навбатида бу турли йўналишда истеъдодга эга ижрочиларнинг ажойиб гуруҳи: масхарабозлар, қиссагўйлар, маддоҳлар, ўғлон раққослар, дорбозлар, иллюзионист – найрангбозлар, созандалар ва хонандалар пайдо бўлишига олиб келган (ўша ерда, 66).
Моҳир раққослар яхши пул топган, чунки айрим шоҳлар уларни дўлоблик билан сийлаган – совғаларни аямаган. Энг истеъдодли ижрочилар – хонандалар, раққослар, созандалар ва шоирлар казо-казо меҳмонлар ва чет эллик зиёратчилар шарафига уюштирилган тантанали зиёфатларнинг кунда-шундаси бўлган.
Хоразмнинг синктерик ижро маданияти XVIII – XIX асрларда ҳам гуллаб яшнайверган: айни ҳол маҳаллий аҳолининг мусиқий, рақс ва ижро маҳоратидан ҳайратга тушган рус ва бошқа чет эллик сайёҳларнинг битиклари ва изоҳларида ўз ифодасини топган. Табиий қўшиқ айтиш, мусиқа чалиш ва рақс тушиш истеъдоди ҳамма: маҳаллий шоҳлар ва ҳукмдорларга хизмат кўрсатган профессионал ижрочиларда ҳам, табиий истеъдодидан қўшимча даромад топиш учун фойдаланган ҳаваскор раққосларда ҳам, барча мақомдаги ва ёшдаги оддий аҳоли вакилларида ҳам намоён бўлиб турган.
Совет даври
Лазги Тамарахоним, Гавҳар Раҳимова (Тамарахонимнинг синглиси), Анаш чўлоқ ва Равия Отажонованинг ҳиссаси туфайли 1930-йиллар ўртасидан бошлаб саҳна рақсига айланди[8].
Хоразм лазгисининг ижро услуби Ўзбекистон (1949 й.), Туркманистон (1964 й.) ва Қорақалпоғистон (1968 й.) халқ артисти Комилжон Отаниёзов (1917 – 1975 йй.) шарофати билан янада ривож топди. У таниқли шоир Комил Хоразмий шеърига куй басталаб, “Яллали” ашуласини яратди ва шу тариқа лазги ижросига янгилик олиб кирди: бу ушбу рақсни ашула жўрлигида ижро этишдан иборат бўлди ва таниқли раққоса Гулчеҳра Исмоилова рақси тасвирланган видеода кўрсатилади.
Умуман олганда, К. Отаниёзов Хоразм ашула ва рақс ансамбли оёққа туриши ва ривожланишига кўп ҳисса қўшган ҳамда Хоразмнинг ноёб фольклори сақланиб қолишига ёрдам берган.
“Хива вақти билан соат 7 да” юмористик фильми Хоразм рақсининг мимика, анъана, либос ва асл хоразмликларнинг мафтункор ҳазил-ҳузулида гавдаланган энг яхши хусусиятларини намойиш этади.
1975 йили Ўзбекистон халқ артисти, машҳур раққоса, хореограф ва актриса Розия Каримова “Хоразм рақси” дарслигини чоп эттирди, унга Хоразм рақсига хос бўлган барча ҳаракат ва ҳолатлар киритилди.
Лазгининг ривожланиш динамикасига 1959 – 1960-йилларда тасвирга олинган «Хоразм рақс санъати усталари» фильмини томоша қилиб, шоҳид бўлиш мумкин: унда Карим Оллаберганов, Юсуф Жабборов, Зариф Латипов, Жуманиёз Эшчонов, Ёқубжон Темиров, Тамарахоним, Гулчеҳра Исмоилова, Гавҳар Матёқубова ва бошқаларнинг чиқишлари намойиш этилган, уларнинг рақс ривожига қўшган катта ҳиссаси ҳамон сақланиб қолмоқда, раққос ва хореографларнинг ҳозирги авлоди уларни қўллаб-қувватлаб, ривожлантирмоқда.
Анъаналарни сақлаб, келгуси авлодларга узатилиши
Ўтмишда ўзбек хореографияси машҳур тадқиқотчиси бўлган Любовь Авдееванинг Хоразм рақси “инсон билан табиат бирлигининг динамик тимсолини, ҳаётдаги абадий қадриятларнинг поэтик умумлашмасини яратади”, деган гапига қўшилмасликнинг иложи йўқ[9]. Чиндан ҳам Хоразм рақси ўз тилида даштда қотиб турган товушқоннинг ҳаракатларини, шамолда тебранаётган дарахт шохини, бежирим оҳу шохларини ҳамда олма теришни ифодаловчи ва қирғий бўйни ҳаракатларини ўзаро бирлаштиради. Хоразм рақси то шу кунгача воҳа аҳолисининг қон-қонига сингиб кетган меҳр-муҳаббат, эзгулик, ҳаётсеварлик ва руҳ умумийлигини ифода этишнинг энг зўр усули бўлиб қолмоқда.
Буюк британиялик машҳур мусиқашунос олима, Марказий Осиё мусиқаси ва мусиқашунослиги тадқиқотчиси Розия Султонова ўтмишдаги сон мингта босқинчилик урушлари ҳамда IX ва XX асрлардаги сиёсий талотумларга қарамай, асрлар давомида сақланиб қолган анъанавий ўзбек маданиятининг (жумладан, барча жанрлар ва шаклларнинг) барқарорлигига айрича изоҳ беради. Мусиқашунос фикрича, анъаналар кучи илдизлари ўрта асрларга хос бўлган эстетик кодекс “Назира”га бориб тақалади. Унинг моҳияти “ўз асарларини ўтмишдошлари ўрнатган чорчўпдан чиқиб кетмай яратиш”ни амр қилувчи катта авлод усталарини ҳеч бир истисносиз ҳурмат қилишдан иборат. “Санъаткор ўзлигини бирор янгилик орқали ифода қилишдан аввал санъатнинг ушбу муайян турида ўтмишдошлар ўрнатган қоидаларга амал қилиши шарт бўлган. Фақат шундан сўнггина стандарт шаклдан четга чиқиш мумкин бўлган. Ушбу амалиёт мазмунни ифода қилишиннг қатъий чорчўпларини сақлаб қолишда қўл келган” (Sultanova 2014, 7).
Санъатни чекланган макондан ташқарига олиб чиқиб, оммага етказишни мақсад қилиб олган социалистик маданият сиёсатига қарамай, кекса устозлар билан ёш шогирдлар ўртасида ўзаро муносабатларнинг айни анъанаси шу кунларгача сақланиб қолди.
Султонованинг фикрича, устоз ва шогирд муносабатларига асосланган ўқитиш тизими ўрта асрларнинг илк даврларидан ибтидо олган: “Тарихан санъатнинг ҳар бир соҳасида анъанавий маданиятни бор ҳолича сақлаб қолишга хизмат қилган жуда кўп гилдиялар (меҳтарликлар) бўлган ва улар сарой ва ҳукмдорлар саройларида қўллаб-қувватланган, ўша жойларда “Устод – шогирд” усули билан билим бериш ўқитиш ва ўқишнинг ягона усули бўлган”[10].
Хоразм лазгисининг муваффақияти ва ўзига хослиги унинг азалий усталари услубига амал қилиш ҳамда замонавий ижро амалиётига пухта ўйланган ҳолда мослаштиришга таянади. Лазги ҳозир ҳам Хоразмнинг бой тарихи ва маданияти, руҳи, анъаналари ва инсонга муҳаббатининг муҳташам тимсолидир. ЮНЕСКОга ушбу илоҳий қуёш рақсини “Инсониятнинг номоддий маданий меросига рўйхати”га киритгани учун ташаккурлар бўлсин!
Муаллиф ҳақида: Роза Верко – Туркманистонда туғилиб, Қозоғистонда ўсиб-улғайган. Роза Марказий Осиёни ўрганиш бўйича тадбирлар, семинарлар ва конференцияларга кўмак кўрсатади ва уларда доимий тарзда иштирок этади. У ал-Форобий номидаги Қозоғистон давлат университетининг рус тили ва адабиёти бўйича дипломи, Буюк Британиядаги Nottingham Trent University’нинг халқаро муносабатлар бўйича магистри даражаси ва Лондоннинг SOAS университети қошидаги Африка ва Осиё тадқиқотлари мактабининг Марказий Осиёни тадқиқ қилиш бўйича махсус йўналишига оид ривожланиш бўйича фан магистри даражасига эга. Айни пайтда Буюк Британиядаги Ҳартфордшир графлигининг Сент-Олбанс шаҳрида истиқомат қилади.
Муаллиф берган маслаҳатлари ва кўмаги учун Гулсара Дўстова, Дилором Мадраҳимова, Дилноза Ортиқова, Шерзод Кенжабоев, Ширин Жалилова ва фан номзоди Гай Жораевга эҳтиром ва миннатдорлик билдиради.
________________________________________________________________________________________________________________________________________
[1] Розия Каримова, 1983, Танцы Равии Атаджановой. Издательство литературы и искусства имени Гафура Гуляма, Ташкент.
[2] Матъякубова, Г.б 1993, Офатижон Лазги. Ташкент.
[3] Насибулина Л. 2019, История Узбекского хореографического искусства, издательство Навруз, Ташкент, стр. 16-17.
[4] Джаббаров, И. 2014, Древний Хорезм – страна высокой культуры и уникальной духовности (Этно-исторические очерки), Москва, стр.63.
[5] Снесарев, Г.П. 1969, Реликты домусульманских верований и обрядов у узбеков Хорезма, Наука, Москва, стр. 23.
[6] Верещагин В. В., 1883. Очерки, наброски, воспоминания. С рисунками. Санкт-Петербург, типография Министерства Путей Сообщения, стр. 53-56.
[7] Кадыров, M.Х. 2013, Труды по истории зрелищных искусств Узбекистана в 3-х томах, том III, San’at, Ташкент, стр. 62.
[8] Каримова, Р. 1983, Танцы Равии Атаджановой, Издательство им. Гафура Гулямова, стр. 15.
[9] Каримова, Р. 1975, Хорезмский танец, Издательство им. Гафура Гулямова, стр.7.
[10]Султанова, Р. 2014, От шаманизма до суфизма: женщины, ислам и культура в Средней Азии [From Shamanism to Sufism: Women, Islam and Culture in Central Asia], L.B. Tauris, Лондон, стр. 66.