Муаллиф: Снежана Атанова
Тарихчи Хлое Дриё Марказий Осиё дастлабки кинематографиясини 1924 йилдан бошлаб тадқиқ қилган, ўша йили минтақадаги илк тўлиқ метражли фильм пайдо бўлган ва бу Совет Ўзбекистонининг сиёсий жиҳатдан барпо бўлиш вақтига тўғри келган эди. Дриё кинематограф Москвадан назорат қилинган, деган фикрга қарши боради. Унинг таъкидлашича, ҳатто Совет даврида ҳам миллат ва модернизация ҳақидаги баҳслар “қуйидан юқорига” ёки “чет ўлкалардан марказга” қараб борган.
Хлое Дриё (Cloé Drieu) — тарихчи, Франциянинг Илмий тадқиқотлар миллий маркази (Centre National de la Recherche Scientifique, CNRS) ходими, CETOBaC (Centre d’études turques, ottomanes, balkaniques et centrasiatiques – Турклар, Усмонийлар, Болқон ва Марказий Осиё тадқиқотлари маркази) директори ўринбосари. Унинг 2013 йилда Париждаги “Karthala” нашриётида чоп этилган Fiction nationales, cinéma, empire et nation en Ouzbékistan (“Ўзбекистондаги миллий фантастика, кинематограф, империя ва миллат”) китобида Шўролар давлатининг империяга хос динамикаси ва давлатнинг миллат барпо қилиши 1924 – 1937 йилларда яратилган ўзбек бадиий фильмлари орқали тадқиқ қилинади. 2019 йилда китобнинг инглиз тилига таржимаси “Indiana University Press” нашриётида чоп этилди.
Хлое Дриё таҳрир қилган Écrans d’Orient: propagande, innovation et résistance dans les cinémas de Turquie, d’Iran et d’Asie centrale (“Шарқ экранлари: Туркия, Эрон ва Марказий Осиё кинотеатрларида пропаганда, инновация ва қаршилик”) (Paris, Karthala, 2015) китобида Усмонийлар империяси, Туркия, Эрон ва Марказий Осиёда миллий ўзига хослик шаклланишида кинематографнинг аҳамияти таҳлил қилинади. Дриё айни пайтда Марказий Осиёдаги Биринчи жаҳон уруши воқеалари, хусусан, 1916 йилда юз берган қўзғолонни, кенгроқ маънода эса можаронинг Европадан ташқаридаги минтақаларда глобаллашуви, ривожланиши ва табиатини ўрганмоқда. Александр Моррисон ва Аминат Чокобаева (муҳаррир) билан бирга The 1916 Central Asian Revolt. Rethinking the History of a Collapsing Empire in the age of War and Revolution (“Марказий Осиёдаги қўзғолон. Уруш ва инқилоб даврида инқирозга юз тутаётган империя тарихини қайта мулоҳаза қилиш”) (Manchester, Manchester University Press, 2019) коллектив монографиясининг муҳаррири ва ҳаммуаллифларидан бири.
– Китобингизда ўзбек кинематографияси тарихи тадқиқ этилади. У кино, миллатчилик, империя ва қайсидир маънода мустаҳкамлачиликдан қутулиш ҳақидадир. Ўзбек киноси нимаси билан эътиборингизни жалб қилди? Унинг ўша даврдаги рус, қирғиз, тожик ва қозоқ совет киносидан нима фарқи бор?
– Ҳаммаси 80-йиллар охири – 2000-йиллар бошидаги Қозоғистоннинг “Янги тўлқин” деб аталган кинематографиясини тадқиқ қилишдан бошланган эди. Ўша давр “перестройка” − “қайта қуриш”га тўғри келган, ўзига хос катарсис – маънавий тозаришга айланиб, барча тақиқлар бекор этилган ва совет мафкураси қалтис хатти-ҳаракатларининг сўнгги ҳалқаси бўлган эди. Совет киноси тарихида Қозоғистон илк марта эътиборга тушгач, унинг киночилари СССРда машҳур бўлиб кетиб, чет элларга йўл олган эди: режиссёр Рашид Нугманов кино билан рок-мусиқа норозилигини омухта этиб, “Игна” фильмини тасвирга олди; 1989 йили шу кино асарини 13 миллион киши томоша қилди. Ўша пайтда Дарежан Ўмирбаевнинг Франсуа Трюффо, Роберт Бренссон ва Андрей Тарковскийдан илҳомланган фильмлари Канн кинофестивалининг “Алоҳида нигоҳ” дастурида намойиш этилди. Юзага келган ҳолат кинематография соҳасидаги экспериментлар ва “Янги тўлқин”га ижобий таъсир кўрсатди. Киночилар нисбатан яхши йўлга қўйилган кино ишлаб чиқаришига таянган ҳолда фикрини эркин ифода қилиши, банклар ва компаниялар, кинематограф олтин конига айланишига ишониб, унга сармоя ётқизишга тайёр турган эди. Ҳамманинг кино бизнеси Совет давридагидай фойда келтиришига ишончи комил эди.
Қозоғистон киносини тадқиқ қилиш менга Совет кинематографини тасаввур қилиш имконини берди, ушбу кинематограф қай тарзда яратилгани, Марказий Осиёнинг киносагаси қандай ва қачон бошлангани масаласи ҳақида ўйлаб кўришга мажбур қилди. Илк кино тажрибалар Совет Ўзбекистонида ўтказилгани сабабли мамлакат ўз-ўзидан танланди. 1924 йили Худойберди Девонов (1878 – 1940) Хива хони учун биринчи киностудия ташкил қилган эди. Кейинчалик дастлаб Тошкентда (Туркистон Автоном Совет Социалистик Республикасида), сўнгра Бухорода (Бухоро Халқ Совет Республикасида) фильмларни ишлаб чиқариш ва халққа намойиш этиш бўйича йирикроқ тижорат корхоналари тузилади. Ўзбекистон – яна қайсидир маънода Тожикистон – Марказий Осиёнинг 1924 йилдан бошлаб дастлабки миллий кинематография элитаси – киборларини тарбиялаб етиштирган илк республикалари эди. Ўша киборлар қаторига Сулаймон Хўжаев (1892 – 1937), Наби Ғаниев (1904 – 1954) ва Комил Ёрматов (1903 – 1978) кирган. Айнан ўша кишилар 1931 йилдан 1936 йилгача илк анимацион фильмларни тасвирга олган. 1928 йилдан бошлаб, Марказий Осиёнинг бошқа шаҳарларида ҳам “Востоккино”нинг филиаллари бўлганига қарамасдан, илк қирғиз, туркман ва қозоқ киночилари фақат Иккинчи жаҳон урушидан сўнг тўлақонли ишга киришган эди. Шу тариқа, Марказий Осиёнинг бошқа республикаларидан фарқли ўлароқ, Ўзбекистон миллий кинематограф киборлари шаклланган ягона мамлакат бўлган ҳамда у ерда кескин ўзгаришлар ва урушлар ўртасидаги даврда тўлиқ метражли фильмлар тасвирга олинган.
Мен айнан шунинг учун илмий диссертациямни ўзбек кинематографиясининг дастлабки даврига бағишладим ва бундан ҳеч ҳам афсус қилганим йўқ. Тадқиқотнинг аниқ чегаралари ва солнома рамкалари – чорчўплари кинематография ва сиёсий воқеаларни ўзаро боғлаш имконини берар эди. Энг биринчи фильм 1924 йили тасвирга олинган. Ўша йили Совет Ўзбекистонининг этник ва ҳудудий жиҳатдан чегараланиши, шунингдек, кинематографдаги янги даври бошланиши йили бўлди. Айнан ўша пайтда Марказий Осиёнинг илк тўла метражли бадиий фильми – режиссёр Вячеслав Висковскийнинг “Ўлим минораси” фильмини тасвирга олиш ишлари бошланди. 1937 йил тадқиқот даврининг сўнгги йили – ундан ҳам муҳимроқ сана бўлди. Биринчидан, техник жиҳатдан анча олға силжишга эришилди ва биринчи овозли фильм пайдо бўлди (режиссёр Александр Усольцев-Гарфнинг “Қасам” фильми). Иккинчидан, ўша йил Сталин террори, оммавий қамашлар тўлқини, депортация ва ўққа тутишлар билан эсда қолди. Бутун Совет Иттифоқида бўлгани каби Ўзбекистонда миллий Совет ҳокимияти меъморлари ва зиёлиларнинг катта қисми йўқ қилиб юборилди.
– Сизнингча, совет киночилари нима учун миллий кинони ривожлантиришни қўллаб-қуватлаган эди?
– Бу саволингизга Москванинг чет ўлкалар, яъни совет республикалари билан ўзаро муносабатларидаги етакчилик ролини тасдиқловчи фараздан келиб чиқиб жавоб бераман. Дарҳақиқат, ушбу масала – ўта муҳим, чунки совет тарихининг барча воқеалари “ҳамма нарсанинг марказида Москва туради” деган нуқтаи назардан талқин этилиши тамойили мавжудлигини кўп марта таъкидлаган эдим. Мен бу масалага оид қарама-қарши фикрни, яъни миллий кино ҳам миллий маданият, миллий сиёсат ва ҳк. сингари қандай рағбатлантирилгани, ривожлангани ва молиявий жиҳатдан қўллаб-қувватлангани ҳақидаги фикрни олға сурмоқчиман.
Худойберди Девонов (1878 – 1940) Хива хонига атаб биринчи киностудияни немис меннонитлари кўмагида ташкил қилган, йирикроқ киностудиялар эса 1920-йиллар бошида пайдо бўлган эди. 1924 йили Бухорода ташкил этилган ва қисқа муддат фаолият юритган, Бухоро Республикаси ҳукуматида маданият масалаларига бош-қош бўлган Файзулла Хўжаевнинг уйида жойлашган “Бухкино”ни ҳам эслаб ўтиш фойдадан холи бўлмайди. Киностудияларни ташкил қилиш ишлари ташкилотчилари шахси ким бўлганини тушунган ҳолда, бу Москва айтиб ёздирган қарор эмас, маҳаллий ташаббус бўлганини эътироф этишимиз шарт. Бухоро Халқ Республикаси ҳукумати ўз кино ишлаб чиқаришини ташкил этишда кўмак сўраб, Россиянинг кинематография ташкилотларига (хусусан, “Севзапкино”га) 1924 йили мурожаат қилган эди, чунки ўша пайтда маҳаллий киночилар бўлмаган.
Россия билан Бухоро кинематография корхонаси сифатида “Бухкино” 1924 йили Москвада “Севзапкино” раҳбари билан Бухоро Халқ Республикаси ўртасида шартнома тузилгандан сўнг ташкил этилган эди (унинг акционерлари “Севзапкино” – 45%, Бухоронинг таълим, шунингдек, савдо ва саноат комиссариатлари – 55%).
“Бухкино” янги мақоми билан “миллий ўзбек киносини яратиши” керак эди. Режиссёр Висковскийнинг илк ўзбек фильми саналадиган “Ўлим минораси” ўта шарқона ва ғайриодатий фильми Марказий Осиёда биринчи марта тасвирга олинган тўлиқ метражли фильм бўлиб қолди. Янги киностудиянинг маблағи етарли бўлмаган: молиявий кўмак, кино мактаби ва кадрларни тайёрлаш зарур эди, студия нафақат россиялик ва украиналик киночилар, қолаверса, техник ходимларни ҳам таклиф қилишга мажбур бўлаётган эди. Бу кишилар Марказий Осиё жамияти ва маданияти хусусидаги ўз тасаввурларини тасвирга олаётган фильмларига олиб кирган.
Мен Марказий Осиё киборлари (аъёнлари) кинематографга ҳали советлаштиришга киришилмай туриб, модернизация воситаси сифатида қараганини алоҳида таъкидламоқчиман. Тарихга назар ташлар экансиз, модернизация воситаси сифатидаги кинематограф ғояси театрдан ибтидо олганини ва уни Марказий Осиёдаги мусулмон ислоҳотчилиги асосчиларидан бири Маҳмудхўжа Беҳбудий 1914 йилдаёқ бошлаб берганини кўрасиз. У театр ҳақида ва театр жамиятнинг кўзгуси экани ва ўша жамият камчиликларини худди матбуот сингари акс эттиришини ёзган эди. Орадан бир неча ой ўтиб, тошкентлик ислоҳотчи зиёли Мирмуҳсин кинотеатрни “дор ул-ибрат” – “ибрат олинадиган жой” дея тавсифлади. Фильмлар томошабинларни кино воқелигига жалб этиб, сеҳрлаб қўяди ва қайсидир маънода дунёга дарча бўлиб хизмат қилади. Бу фикрлар Биринчи жаҳон урушидан бирмунча олдин, совет давлат ва миллий республикалари ташкил топишидан анча олдин айтилган эди.
– Сиз илмий ишингизда совет ўзбек киноларидан 14 та бадиий фильмни таҳлил қилгансиз. Уларни қандай танлаб олгансиз ва қайси бири намуна сифатида тадиқиқотингизга жуда мос келади?
– Аслида мен ҳеч нарсани танлаганим йўқ, фақат 1924 йил билан 1937 йил оралиғида тасвирга олинган барча тўлиқ метражли фильмларни ўргандим. Ягона мезон эса фильмлар Ўзбекистон ва ўзбек халқига ёки унинг ўтмишдоши бўлган, аммо ҳеч бир уруғга мансуб бўлмаган “сарт” деб аталган ўтроқ аҳолига тегишли бўлиши керак эди. Шунинг учун мен фақат бир фильм “Ўлик қудуқ”ни (1933 йил) Каспийорти минтақасида (Ҳозирги Туркманистонда) тасвирга олингани учун рад этдим. Кинематограф “ўзбек ҳалқининг визуал нарративи”га айланди. Унинг методологиясига келсак, “un fait cinématographique total”га (умумий кинематография факти”) таяниб, кинематография тасвирларини уларни ишлаб чиқариш ва идрок этиш билан боғладим. Бунинг учун сиёсий, иқтисодий ва ижтимоий амалиётлар, архив материаллари, матбуот ва кинофильмлар таҳлилига суяндим. Кино ишлаб чиқариш кенг маънода Россия империяси барҳам топишидан Иккинчи жаҳон урушигача бўлган ўтиш даврига ойдинлик киритиши керак эди. У мустаҳкамлакачиликнинг даф бўлиш жараёнлари, жумладан, вакиллик ва муассасалар, шунингдек, дискурсив ва рамзий музокаралар сингари миллий кимлик шаклланишига сабаб бўлган масалалар ҳақида ҳикоя қилади.
“Кинематография фактлари” хронология тартибида тадқиқ қилинди. 1924 – 1928 йилларда тасвирга олинган илк фильмларнинг мустамлака ва синфий дискурс дурагайлигини очиб берувчи мустамлака типида тамсил этилиши дастлаб ижтимоий тараққиёт дискурсига (1928 – 1932 йй.), кейинчалик эса миллий тараққиёт дискурсига (1930-йиллар ўртаси) ва ниҳоят, 1937 йилнинг тоталитар тамсилчилигига таянган ҳолда миллий тасаввурларга йўл очиб берди. Ўша йилдан эътиборан Ўзбекистонга кинематография соҳасида ўз-ўзини тамсил қилишга изн берилмай қўйилган эди.
Марк Ферро қайд этганидай, “фильм ҳатто кузатув ва назорат остида ҳам гувоҳлик бериши мумкин”. Балки бунга “айниқса, кузатув ва назорат остида” деб қўшимча қилиш мумкиндир.
– Кинематограф миллий республикаларга сталинча ёндашувга мос келганми? Сиз истило қилиш билан империяга қайси контекстдан келиб чиқиб қарайсиз?
– Олдинроқ қайд этганимдай, мен вазиятга “пастдан – юқорига” қарашни таклиф қиляпман: миллат ва модернизация ҳақидаги дискурслар, дейлик, мусулмон ислоҳотчилари асосий сиёсий тамойиллари ва ғояларининг бир бўлаги бўлган. Сталиннинг миллий республикаларга ёндашуви (миллий маданият, миллий мактаблар ва миллий тилларнинг сиёсий суверенитетсиз ривожланиши) қулай “маҳаллий” тупроққа тушган эди. Маҳаллий киборлар сталинизм, большевизм, маданий инқилоблар, кимдир ёки нимадир Марказий Осиё жамиятларини янгилаши ҳақида бош қотиришини кутиб ўтирмаган. Шунга қарамай, модернизация суръатлари жуда суст бўлган…
Адиб Холид, Юрий Слезник ва бошқа тадқиқотчилар бир неча йил олдин ёзганидай, мен Сталиннинг чекка ўлкалардаги ҳукмронлиги, ҳеч бўлмаганда, 3 та сабабга кўра мустамлакачилик характерига эга бўлган деб ҳисобламайман. Биринчидан, ўхшашлик бўлган тақдирда ҳам (иқтисодий ва демографик кўрсаткичлар ўхшашлиги), Совет давлатининг табиати унинг бутун мамлакат ҳудудида бир хил тарзда амалга оширилган интервенционизми – аралашув сиёсати ҳамда ижтимоий ва иқтисодий модернизация даражасини Франция ёки Британия ҳукуматининг ўз мустамлакаларига нисбатан ўтказган сиёсати ёки ҳатто Россия империясининг “аралашмаслик” курси – йўли билан эмас, асосан, Туркиянинг Мустафо Камол Отатурк давридаги сиёсати билан қиёслаш мумкин бўлар, деган хаёлга боради киши. Иккинчидан, барча “совет фуқаролари”, турли миллатларга мансублигига қарамай, тенг ҳуқуқдан фойдаланган. Совет тизими радикал ирқий (миллий) тафовутларга асосланмаган эди. Ва ниҳоят, мустамлакачилик империячилик ва миссияга эга халқнинг устунлигига таянади ва бу совет тизимига қисман мос келади. 1930-йиллар охирида Москванинг чекка ўлкалардаги ҳукмронлиги мутлақ табиатга эга эди, аммо унинг табиати турлича бўлган.
Ушбу ҳукмронлик янги шаклини таснифлаш учун мен бошқа муаллифлар изидан бориб, “империя” тушунчасини оқлашга уриниб кўрдим. Айни тушунча совет даврида “олабўжи” қилиб кўрсатилган эди, аммо 1930-йиллар ўртасида мавжуд бўлган ҳукмронликнинг янги шаклини ҳамда нисбатан қисқа вақт мобайнида ҳокимиятнинг янги совет маконини назоратга олиш динамикасини тавсифлаш учун восита бўлиб хизмат қилди. У гегемонизмнинг ички ва зиддиятли мантиғини очиб бериш, этник ва миллий тафовутлаш орқали совет бирлигини яратиш жараёнини олд қаторга олиб чиқишда ёрдам қилди. Советлар ҳолатида империяга ҳокимият муайян шахс номи билан боғланган ва идеаллаштирилган ҳамда илгари мавжуд бўлган давлат идораларини йўқ қилиб, ўрнида универсал тизим барпо этилган марказлаштирилган ҳудуди, маъмурияти ва коммуникациялари бор бепоён кўп миллатли макон сифатида таъриф бериш мумкин. Шу тариқа, кино ишлаб чиқариш ва кинони томошабинларга кўрсатишнинг иқтисодий ва институционал омилларини, шунингдек, моддий масалаларни (ҳокимият тузилмаси) ҳисобга олувчи таҳлили империя томонга сурилиш бўлганига алоҳида ойдинлик киритади.
Кино саноати марказлашуви ва сиёсий жиҳатдан бир қолипга тушишига сабаб бўлган жараён дастлабки беш йилликдан (1928 – 1932 йй.) ва РСФСР ҳудудида фаолият юритган ягона “Союзкино”га асос солинишидан бошланган эди. Вақт ўтиши билан ушбу ташкилот Совет Иттифоқи ҳудудида кинематографнинг иқтисодий мафкураси масалаларини тартибга соладиган ягона идорага айланди.
“Союзкино”ни ташкил этиш тўғрисидаги масала кўриб чиқилаётган пайтда “тезкор тушунмовчилик” сабабли буйсундириш жараёни бир вақтда ҳам тиқиштирилди, ҳам қабул қилинди: Ўзбекистон ҳокимият идоралари марказлаштириш принципига қарши чиқмади ва ваколатнинг муайян шаклларини марказга беришга рози бўлди, бироқ уларнинг ёндашуви ҳеч қачон Совет давлати федератив концепциясининг бир бўлаги бўлган эмас. Лекин улар, маълум даражадаги тамсилчиликка ва манёвр қилишга бўш жой сақлаб қолишимиз мумкин, деб ҳисоблар эди. Ягона марказий орган, қўйилган мураккаб қадам бўлишига қарамай, “оқилона ва зарур” эди; Ўзбекистон ҳокимият идоралари миллий имтиёзларини сақлаб қолган ҳолда манфаатлари учун қаттиқ туриб курашиши мумкин эди. Албатта, марказий давлатнинг (шартли равишда Сталиннинг) ҳокимият концепцияси мутлақо бошқача бўлиб, унга кўра, чет ўлкалар марказий ҳокимиятга тўлиқ бўйсуниши шарт бўлган. Марказлаштириш жараёни 1934 йилга бориб ниҳоясига етди. Империя тикланишини айнан шу йилдан бошлаб ҳисоблаш керак бўлади.
– Сиз Ўзбекистонда 1919 йилдан 1937 йилга қадар тасвирга олинган кинофильмлар тарихи бўйича улкан тадқиқот ва архив ишларини бажардингиз. Ушбу даврдан ташқаридаги кинематограф бўйича ҳам тадқиқот ишлари олиб борганмисиз? Сизнингча, Совет Ўзбекистонидаги кино тараққиётини даврлаштириш қандай кўриниш олган бўлур эди? Хусусан, ўзбек киноси нисбатан кечроқ даврда қандай ривожланди? У кўпроқ ижтимоий бўлган масалалар ёки арт-ҳаусга ҳам мурожаат қилганми?
– Тадқиқотларим Қозоғистоннинг “Янги тўлқини” бўйича магистрлик диссентациямни тайёрлаётган пайтим бошланган эди. Ушбу кино ишлаб чиқаришни арт-ҳаус деб таърифлаш мумкин. Ўмирбаевнинг тўртинчи картинаси “Йўл”ни (2001 й.) тасвирга олиш майдончасида бир неча ой бўлиб, шахсан шунга амин бўлганман. Картина французлар билан ҳамкорликдаги кино асар эди. Мен ҳам режиссёрга ассистентлик, ҳам таржимонлик, ҳам сураткашлик қилиш жараёнида кино ишлаб чиқаришнинг турли соҳалари қандай ҳамжиҳат бўлишини, Қозоғистон киностудиялари норозилик ошиб, дистрибьюторлик тармоғи таназзулга юз тутиб, кинотеатрлар йўқ бўлиб кетаётган шароитда қай тарзда ишлаётганини ўз кўзим билан кўрдим. Бунга кинематография маҳсулотларини истеъмолчига етказиб бериш чала-ярим аҳволда экани, айрим киночиларнинг хавотирини ва ўзининг асосий ишини қўйиб, бошқа ишларни қилишга мажбур бўлганини қўшинг. Мен бу тадқиқотдан ва ўша давр фильмларидан чиндан ҳам улкан завқ олдим, чунки улар қайсидир маънода инқилобий бўлиб, кинематография соҳасида экспериментлар қилинган эди.
Мен яна Иккинчи жаҳон уруши даври тадқиқотига ҳам қизиб қолдим. Марказий Осиё, айниқса, Алмати, камроқ маънода Душанбе ва Бишкек фашист қўшинлари Москвага яқинлашиб қолган пайт Россия ва Украина киностудиялари кўчиб келган шаҳарларга айланган эди. Совет давлатига пропаганда фаолияти зарур эди, Совет ҳокимияти иш берадиган киностудиялар ташкил этиш учун кўп уринди. Ўша даврда тасвирга олинган фильмлар орасида фақат жанрга оид ва тўлиқ метражли фильмлар эмас, киносолномалар ва киноконцертлар ҳам бор эди. Иккинчи жаҳон уруши (1941 – 1945 йй.) ва фашизмга қарши курашдаги бирга саъй-ҳаракатлар Совет ватанига тегишлилик ҳиссиётлари кристаллашувига ёрдам берди ва ватанпарварлик кайфиятларини кучайтирди. Террорнинг ички режими вақтинча заифлашди, бадиий ва илмий марказларнинг (киностудиялар) қатъий тузилмалари юмшатилди; айримлари Марказий Осиёда ташкилий жиҳатдан ўзгартирилди ва улар фаолиятида маҳаллий аҳоли ҳам қатнаша бошлади. Уруш ҳолати бадиий маҳсулотлар ишлаб чиқаришни бошқача ташкил этишга сабаб бўлди.
Одатда Иккинчи жаҳон уруши даври, 1950-йиллар “кинематографик камқонлик” (камкартиналик) даври деб аталиши эътиборимни тортди. Фильмлар кам тасвирга олинганига қарамай, ушбу давр ҳам ўрганишга арзийди, чунки Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган барча картиналар Ибн Сино, ал-Беруний, Мир Алишер Навоий, Улуғбек ва ҳк. буюк тарихий шахсларга бағишланди. Ушбу агиографик – буюк шахсларга бағишланган фильмларда коммунистик сўз “миллий” хабарнома шаклига кирди. Мен ушбу бадиий йўналишнинг йирик кино асари: режиссёр Комил Ёрматовнинг “Алишер Навоий” (1947) бадиий фильмини махсус ўрганганман. Ушбу фильм кинопропагандани тадқиқ қилаётган кишилар учун жуда қизиқарли. Бадиият ва ҳикоя жиҳатларига қизиқадиган кишиларга Али Ҳамроевнинг “Оқ, оппоқ лайлаклар” (1966), “Қўрқувсиз” (1971), “Инсон қушлар ортидан боради” (1975) ёки “Триптих” (1980) фильмларини тавсия қиламан. Улар – чиндан ҳам ажойиб фильмлар.
______________________________________________________________________________________________________________________________________________
Танланган библиография
· Cloé Drieu, Cinema, Empire and Nation in Uzbekistan, Indiana, Indiana Press University, 2019. French version: Fictions nationales : cinéma, empire et nation en Ouzbékistan (1924-1937), Paris, Karthala/coll. « Meydan », 2013.
Таҳрир остида чоп этилган китоблар
· Cloé Drieu (dir.), Écrans d’Orient : propagande, innovation et résistance dans les cinémas de Turquie, d’Iran et d’Asie centrale (1897-1945), Paris, Karthala, coll. « Terres et gens d’Islam », 2015, 270 p.
· Aminat Chokobaeva, Cloé Drieu and Alexander Morrison (eds.), The 1916 Central Asian Revolt. Rethinking the History of a Collapsing Empire in the age of War and Revolution, (with Alexander Morrison et), Manchester, Manchester University Press, 2019.
Кино ҳақидаги мақолалар
· « Império não colonial e hegemonia soviéticos: o caso do Uzbequistão através de seu cinema de ficção (1924-1937) » in Michel Cahen et Ruy Braga (eds), Além do pós colonial, Sao Paulo, Alameda Editorial, 2018.
· « Grande Guerre Patriotique et propagande cinématographique en Ouzbékistan : les motifs du renouveau nationaliste (1937-1945) », Cloé Drieu (dir.), Écrans d’Orient : propagande, innovation et résistance dans les cinémas de Turquie, d’Iran et d’Asie centrale (1897-1945), Paris, Karthala, coll. « Terres et gens d’Islam », 2015, p. 239-266.
· « De la pratique en ‘situation coloniale’ aux usages totalitaires : le film et son environnement sonore et visuel. Étude de l’Asie Centrale (1897-1937) », CORIOU Morgan (dir.), « Le Cinéma comme pratique sociale en situation coloniale », Tunis : IRMC/CERES, 5, 2011, p. 231-260.
· « Cinema, Local Power and the Central State: Agencies in Early antireligious propaganda in Uzbekistan », Die Welt des Islams, 50 (2010), pp. 532-558. http://booksandjournals.brillonline.com/content/10.1163/157006010×545835
· « Nabi Ganiev, cinéaste ouzbek sous Staline : l’idéologie à l’épreuve de la diffraction nationale », Dissidences, 9 (2010) http://dissidences.net/complements_vol9.htm
· « ‘Interdit aux Sartes, aux chiens et aux soldats’ : la Russie coloniale dans le film Tong Oldidan de Suleyman Khodzhaev Uzbekfilm, 1933) », Cahier d’Asie centrale, 17/18, 2010, pp. 509-239. http://asiecentrale.revues.org/index1302.html
· « Croisade bolchévique en terre d’islam : la sacralisation d’une idéologie… ou ce que révèle le cinéma produit en Ouzbékistan (1924-1937) », CinemAction, 2010, p. 67-72
· « Alisher Navo’i : prix Staline 1948. Cinéma et politique des nationalités », Théorème, 8, 2005, pp. 119-127.