Муаллиф олган сурат, “Илҳом” театри, 2007 йил.
Voices on Central Asia нашрида эълон қилинган “Ilkhom – Inspiration that Drew from “Stagnation” мақоласининг қисқартирилган таржимаси, мақола муаллифи: Зуҳра Қосимова – Чикагодаги Иллинойс университетининг (University of Illinois at Chicago) докторанти.
“Илҳом” дурагай феномен сифатида
“Илҳом” театри 1976 йили ёшларнинг Kомсомол ташкилоти шафелигида экспериментал студия сифатида иш бошлаган эди. Мен магистрлик диплом ишимда[1] унинг Брежневнинг турғунлик даврида Совет Иттифоқидаги илк мустақил театрга айлангани ҳақидаги кузатишларимни баён қилганман. “Илҳом” театрига қизиқишим ҳам шахсий ҳаётим, ҳам илмий фаолиятимнинг тенг қисмлари бўлган дурагай ижтимоий феномен эди. Театрнинг дурагайлиги нафақат унинг янги тўлқинга мансуб рус театри пьесаларидан тортиб, ўзбек драматургиясигача репертуар танлашида, қолаверса, кўп миллатли труппасида ва икки тилли томошаларида ҳам намоён бўлган эди.[2]
“Илҳом” театрини (ва бошиданоқ театр жойлашган “Ёшлар саройи”ни) тажриба, маданий шаклллар ва мафкуравий тузилмалар дурагайлиги билан тавсифланадиган кўп томонлама лойиҳа контекстуаллаш – муайян шароитга боғлаш ва тарихийлаштириш муҳим аҳамиятга эга.[3] “Илҳом” театри ҳақида совет даврида ёзилган илмий манбалар унчалик кўп эмас. [4] Театр 1976 йили ИЁЭС (Ижодкор ёшлар экспериментал студияси) сифатида Ўзбекистон Ёшлар марказий қўмитасида (Kомсомол ташкилотининг республика даражаси) ва Ўзбекистон Театр жамиятининг[5] ёшлар бўлимининг қўшалоқ шафелиги остида 1976 йили ташкил қилинган эди. Этномусиқашунос Люсил Лисак мақоласида тўғри қайд этганидай, “бир вақтнинг ўзида ҳам комсомолга, ҳам театр жамиятига бўйсуниш “Илҳом” театрига [мафкуравий] тўрдан сирғалиб ўтиб кетиш имконини берди. [6]
Белла Остромухова Сталин ўлимидан сўнг Брежнев давридаги турғунликка қадар профессионал бўлмаган театрлар қандай назорат қилинганига бағишланган умумий қарашлари баёнида бирдан ортиқ профессионал ёки ишчилар уюшмасига бўйсунишнинг устун жиҳатларини тилга олади. [7] Бир тарафдан, ИЁЭС фаолияти устидан биргаликда назорат қилиш кўплаб англашилмовчиликларни келтириб чиқарган эди[8], студия ўз ҳолича ишлаб ётган пайтда амалдорлар бир-бирига бюрократик тўсиқлар қўйишга тушиб кетган эди.
ИЁЭС нима дегани?
70-йиллар ўрталарида КПССнинг тарғибот бошқармаси 30-йилларда[9] мафкура бинолари тарзида ташкил этилган маданият саройлари бутунлай эскириб кетганини, коммунистик ёшлар ҳордиқ чиқаришини ташкил қилиш учун бошқача йўл тутилиши зарурлигини англаб етди. Ушбу саъй-ҳаракатлар самараси ўлароқ, замон талабига мос равишда советлар мамлакатининг улкан шаҳарларида ёшлар саройлари[10] қурилиши тугалланиши Октябрь инқилобининг 60 йиллигини нишонлаш вақтига тўғри келган, шулардан 12 таси 1977 йилга келиб қуриб битказилган эди. ИЁЭСлар[11], тахминан, ўша йиллари пайдо бўлган эди. Ёшлар саройларининг истеъдодли ёшлар учун жой бериш ва ИЁЭСлар сингари қўшалоқ феноменига уларнинг бир жойга йиғилиб, “эксперимент қилиши”га кўмаклашган шароит сифатида бир бутун нарса деб қараш керак. Вайльнинг “Илҳом” театри Брежневнинг турғунлик даври меваси ва социализм сўнгги даври[12] идеализмининг кутилмаган маҳсулоти сифатида совет тизимининг ички зиддиятларидан фойдаланиш учун зурур воситалар ва кўникмаларга эга эди.
“Илҳом” – моддий ва номоддий маданий мерос
Театр арбоблари уюшмасининг ёшлар бўлими ва комсомол “Илҳом”га ўша пайтда ҳаваскор театр мақомини ва Тошкентдаги бир бино ертўласидан жой берган эди. Ертўла аслида янгитдан барпо этилган Ёшлар саройининг сабзавот омбори бўлган, труппа ўша ерда кечалари репетиция қилар эди. Актёрлар кундузи табиий фанлар соҳасида ишлайдиган ҳаваскорлар ёки “расмий” профессионал театрларда хизмат қиладиган профессионал актёрлардан иборат эди. [13] Санъат тарихчиси Борис Чухович тўғри қайд этганидай, “Маданият вазирлигининг маданий ёдгорликлар рўйхатига киритилмаган “Илҳом” театри узоқ вақт қўшалоқ: ҳам моддий, ҳам номоддий маданий мерос ёдгорлиги бўлиб келди… [У моддий маданий мерос, чунки] театр деворлари Совет модернизмининг етакчи меъморларидан бири бўлган Ричард Блезе тарҳи асосида қурилган Ёшлар саройининг ажралмас қисми эди… Бинобарин, ушбу бино 60-йилларнинг буюк меъморчилик ёдгорлиги сифатида барча хусусиятларга эга… Унинг номоддий маданий мерослиги сабаби шуки, сўнгги 45 йил давомида фаолият юритиб келмоқда”. [14]
“Илҳом” ўша даврдаги ягона экспериментал студия театри эканига шубҳа йўқ. “The New York Times” газетаси мухбири 1984 йилда қуйидагиларни ёзган эди: “Экспериментал театрлар оддий кўп қаватли уйларнинг ертўлаларидан ўсиб чиққандай туюлади, жаз ансамбллари заводларнинг томоша залларидан рекламаси пайдо бўлади, тақиқланган фильмлар эса гадойтопмас киноклублардан ҳеч бир эълонсиз юзага чиқиб келади. Москвадаги энг истеъдодли актёрлар баъзан 200 дан ҳам камроқ томошабин ўриндиғига эга кичик театрларда ишлайди. Юго-западний туманида жойлашган шундай машҳур театрлардан бири Евгений Ионеско пьесаларини ҳамда Евгений Шварцнинг “Аждарҳо” эртагини ўз талқинида саҳналаштирган эди. Ушбу аллегорияга тўла эртакда кекса аждарҳонинг ўзларини қул қилиб олганига ўрганиб қолган шаҳарликлар уни ўлдиргани келган баҳодирга қарши чиқади”. [15]
Бироқ ўша студияларнинг ҳеч бири Совет Иттифоқи таназзулга юз тутганидан сўнг омон қолмади. Омон қолганлари эса ё давлатга қарашли профессионал театрларга қўшилиб кетди, ёки профессионал театр мақомини олди (бунга Наби Абдураҳмонов раҳбарлигидаги “Дард” ИЁЭСни мисол қилиб келтириши мумкин. Ҳозирги кунда у Ўзбекистон ёш томошабинлар театри сифатида фаолият юритмоқда). Дастлабки кўриниши ва шаклини сақлаб қолган “Илҳом” театри ноёб ҳодисадир. Марк Вайль бошқа ИЁЭСлар хусусида ҳам фикр юритади: “Бугун Брежнев давридаги ёш театрлар режиссёрларини биров эслайдими? Совет Иттифоқи тарқаб кетиши биланоқ кўплаб студия театрлари, жумладан, Ригадаги Адолф Шапиро театри, Душанбедаги Валера Аҳадов театри ва Бишкекдаги Слава Пази театри фаолиятини тўхтатди, лекин “Илҳом” сақланиб қолди”. [16]
Совет “Илҳом” театри: шаклан – кўпмиллатли, мазмунан – муросасиз
“Масхарабоз” илк спектаклимиз кўча театри анъанасига кўра қўйилган эди. Ўша пайтда менга Янги сўллар ва Ғарб мамлакатларида 60-йиллар охиридаги талабалар инқилоблари қаҳрамонлари қаттиқ таъсир кўрсатган эди; бироқ 70-йилларда ўқиган талаба сифатида совет республикаларидан янги санъат ҳақидаги маълумотларни топишим жуда қийин бўлган”. [17] – деган эди Марк Вайль.
Табиийки, кейинчалик “Илҳом” репертуари ривожланиб борди ва комсомол раҳбарларининг ғазабига дучор бўлди. Москвалик санъат танқидчиси Юрий Галкин 1980 йили Илҳом” театрида немис драматурги Бaртольд Брехтнинг “Мешчанлар тўйи” пьесаси асосида қўйилган спектаклига қуйидагича муносабат билдирган эди: “Актёрлар саҳнада қадаҳларни синдиради бир-бирига шароб шишаларни отади. Бундан ташқари, улар мебелни, айниқса, стулларни синдиради… Тўғри, қўполликка қарши курашиш керак. лекин бунинг учун одам ўзи қўполлик қилиши ярашмайди!” [18]
Галкин кейинчалик Kомсомолнинг ўзини ҳам назорати учун танқид қилиб, шундай дейди: “Вайльнинг ноёб истеъдод эгаси эканлиги ва генийлиги ҳақидаги миш-мишлар жуда усталик билан тарқатилмоқда. Бироқ энг ажабланарли жиҳати шуки, студия Ўзбекистон Kомсомоли шафелигида фаолият юритмоқда!”[19]
Комсомол вакиллари зиммасидан ҳар қандай масъулиятни соқит қилишга шошилди: “Биз Марк Вайль билан труппасини қўллаб-қувватлаган эдик; биз уларга яхши жой бердик. Бироқ бу қанчалик ғайриоддий эшитилмасин, Марк Вайль бизга, сизлар санъатни умуман тушунмайсизлар, деб айтди ҳамда вазифамиз фақат уларнинг спектаклларини молиялаштиришдангина иборат бўлиб қолди. Биз студия ходимларига сабр-тоқат билан муносабатда бўляпмиз ва вақт ўтиши билан вазият ўнгланиб кетишига умид қиляпмиз”. [20]
“Комсомольская правда” газетасидаги қақшатқич танқидий мақоладан сўнг Республика Kомсомол ташкилоти ЁИЭСдаги “ахлоқий тубанлик”ни танқидий баҳолаб, жавоб тайёрлаши шарт эди. Шунинг учун Ёшлар марказий қўмитаси ушбу иддаога масалани ўрганиб чиққани ва умуман олганда, ЁИЭСнинг иш натижасини ижобий баҳолаганини ва эътиборсизлик сабаб қисман “мафкуравий хатолар”га йўл қўйилганини айтиб, расмий жавоб қайтарди. Ёшлар студияларининг “экспериментал” деб номланиши ва режимга қарши аниқ ифодаланган норозилик йўқлиги “Илҳом”нинг яшаб қолишига сабаб бўлган бўлса ажаб эмас.
“Айтадиган гапинг бўлмагач, ҳамма қуруқ гаплардан чарчаган пайтда нима ҳам дейиш мумкин?!” [21] – бу спектакль вақтида айтилган биринчи (ва сўнгги сўзлар) эди. Унинг қолган қисми пантомима учун ажратилган эди. “Клоун” ва “Амадеус” сўзларидан келиб чиқиб, “Кломадеус” деб аталган спектакль (Моцартга ишора, унинг мусиқаси спектаклга жўр бўлади) [22] пантомима учун ғалати танлов эди. Спектакльнинг кириш сўзлари “Пандора қутисини очиб юборган”, неча ўн йиллаб тақиқ остида бўлиб келган мавзулар ҳақида бемалол гапириш имконини берган, совет кишилари буларнинг барчасини ҳазм қилишга ва кескин ўзгаришларни тушуниб етишга уринаётган ошкоралик даврига нисбатан мунозарали муносабат бўлган эди.
“Кломадеус” лаконизми – баённинг қисқа ва аниқлиги билан мажоз саҳналари ва муболағали масхарабозликка тўла эди. Пантомималардан бирида озиқ-овқат паёкларини олишга навбатда турганлар ва озиқ-овқат талонларини сотиб олаётганлар тасвирланади. [23] Нэнси Голднер спектакльни қуйидагича тавсифлаган эди: “…Кломадеуснинг трагикомик тенорида вакуум – бўшлиқда яшаётган актёрларнинг бошқа ундан ҳам каттароқ бўшлиқ домига тушиб қолиши таҳдиди намоён бўлади”. [24]
Пост-социализм, пост-колониализм ва космополитизм
Ошкораликдан кейинги 80-йиллар охирида кўпроқ театрлар олдин тақиқланган пьесаларни саҳналаштира бошлади. Айнан ўша пайтда “Илҳом” театри “жойлардаги ижтимоий ўзгаришлар ҳақида бош қотириш” учун йўналишини ўзгартирди. Театр бунинг учун репертуарини масхарабозлик ва рэгтайм (Совет даврининг нотинчлик билан тугаши контексидаги ғала-ғовур вақт) сингари сермазмун ва сербўёқ концепциялар ёрдамида қайтадан ташкил қилди. У қайта қуриш ва ошкоралик вақтида пантомималарга урғу берди, бу билан сўзамоллик ҳеч бир маънони англатмайдиган товушлар какофониясига[25] сабаб бўлишини, олдинги кучли мафкуравий тушунчаларни йўққа чиқаришини ва шу тариқа бўш қобиқни – қадриятлар вакуумини қолдиришини кўрсатиб берди.
“Илҳом” театри 80-йиллар охирида Москвадаги партия етакчиларини масхара қилиш учун масхарабозликдан фойдаланган эди; қайта қуриш даврини мавҳум тушунчалар ва бошни айлантириб юборувчи ҳаракатлар билан “ғала-ғовур вақт” сифатида тасвирлаган бўлса, постсовет даврида “Машраб” спектаклининг саҳналаштирилиши Вайль “шарқ демократияси” деб атаган аллюзия – кўпчиликка маълум нарсаларга ишора қилувчи усул бўлди. Шундай қилиб, Вайлнинг масхарабозларни қўл теккизиб бўлмайдиган телбалар ҳамда шубҳадан холи башоратгўйлар ва файласуфлар сифатида постсовет даврига олиб ўтгани ўзига хос гротеск эди.
Вайль дастлабки постсовет йилларида ўзбек кўча театри (масхарабозлик) унсурларини commedia dell’arte[26] (масалан, Карло Гоццининг 1995 йили саҳналаштирилган “Бахтли гадолар” пьесасида) билан уйғунлаштира билди. “Бахтли гадолар”нинг бадиҳа тарзидаги сатираси Ўзбекистоннинг 90-йиллари ҳақидаги эмиграция, валюта қора бозори, меҳнат миграцияси сингари барча муаммоларига тегишли эди.
2000 йилларда “Илҳом” театрининг янги космополитизми советларга хос бўлмаган бошқача дурагайлик шаклланишига сабаб бўлди. Социолог Лора Адамс таъкидлаганидай, “Илҳом” космополитизми эстетикаси “глобаллашган маданиятни маҳаллий тарзда қайта ишлаб чиқариш”ни тамсил этаётган эди… 90-йиллардаги “Илҳом” репертуарининг ҳар бир пьесаси Тошкентнинг космополит аъёнлари манфаатини ифода қилиб турди, улар эса ўз идентитетини – кимлигини кўҳна ҳамда у ёки бу миллат вакили деб эмас, дурагай ва кўпмиллатли деб билар эди”. [27] Менинг барчага маъқул ушбу постсовет дурагайлиги ҳамда “Ғарб”ни “маҳаллий”, яъни ўзимни шарқийлаштирилган нуқтада туриб қайта талқин қилишим “Жон Стейнбекнинг “Тортилля Флэт” пьесасига асосланган эди. Вайль бу ерда советларнинг аралаш никоҳларини[28] − дурагай кимликни универсаллаштиради: Монтерей пайсаноларини[29] аралаш марказий осиёликлар сифатида тамсил этади. Шу билан бирга, Монтерейнинг Вайль талқинидаги турли-туман кишилардан ташкил топган ва маҳалланинг ўхшаши бўлиб гавдаланади. Мадина Тлостанова ушбу фикрни давом эттириб, Марказий Осиёдаги постсовет йилларига оддийгина қилиб, постсоциалистик эмас, аксинча, “постсоциалистик ВА постколониал мавжудлик” деб қарайди. [30] У айни мақсадда аргентиналик тилшунос – семиотик Уолтер Мигнолонинг пост-оксидентализм* тушунчасини “қарзга ола туриб”, собиқ совет империяси территорияси табиатига эътибор қаратади. Кескин тарзда пост-оксидентал ва пост-ориентал деб ажратиш – муаммоли масала, чунки уларнинг ҳеч бирини постсовет Марказий Осиёсига нисбатан ишонч билан қўллаб бўлмайди. Шу тариқа Тлостанова Ҳоми Бҳабҳанинг дурагайлаш назариясидан фойдаланиб, Ориент (Шарқ) ва Оксидент (Ғарб) деган бинар (икки қисмни бир-бирига қарши қўйиш) қаршилантиришдан ташқарига чиқишни таклиф қилади. Бҳабҳа таклиф қилган (ва марказий осиёлик тарихчилар байроқ қилиб олган) [31] маданий дудмоллик дуализм (рус тили ўзбек тилига қарши ёки анъанавийлик замонавийликка қарши), яъни мустамлака қилинган “бошқа”нинг кимлиги иккига бўлинганидай муаммолидир, дуализм ўша “бошқа”нинг кимлигига мустамлакачи маданиятининг маданий дурагайи бўлиш имконини беради. Айни дамда у азалий маданиятини ҳам сақлаб қолади. Постсовет Марказий Осиёси ҳолати шу маънода маданий ўзига хосликларнинг (рус, ўзбек, татар, яҳудий, корeялик, мусулмон, “ғарблик”, совет ва ҳк.) кўплаб қатламлари намунаси сифатида хизмат қилади ҳамда кескин бинар қаршилантиришларни итқитиб ташлаш имконини беради. Ушбу ҳолатда “Илҳом” театрининг ўзини қайтадан кашф қилиш борасидаги ноёблиги, кучи ва қобиллиги қисмлар йиғиндисидан кўра, аҳамиятлироқ бутун сифатида намоён бўлади. Айни дамда савол “Илҳом” моҳияти ва шаклини сақлаб қолган ҳолда ўзини қайтадан кашф қила оладими тарзида қўйилиши керак.
______________________________________________________________________________________________________________________________________________
[1] Zukhra Kasimova, Ilkhom in Tashkent: From Komsomol-Inspired Studio to Post-Soviet Independent Theater, MA Thesis, Central European University, 2016, http://www.etd.ceu.edu/2016/kasimova_zukhra.pdf
[2] Бу одатда оддий совет театрлари тоифаларида ё Тошкентдаги Максим Горький номли рус драма театри (рус тилидаги спектакллари билан), ёки Ҳамза номидаги ўзбек драма театри (ўзбек тилидаги спектакллари билан) деб кўрсатилар эди.
[3] Gleb Tsipursky, Socialist Fun: Youth, Consumption, and State-Sponsored Popular Culture in the Soviet Union, 1945-1970, Pittsburg UP, 2016; Manon van de Water, Moscow theatres for young people: a cultural history of ideological coercion and artistic innovation, 1917-2000, New York, Palgrave Macmillan, 2006; Emily Reid, Khrushchev in Wonderland: The Pioneer Palace in Moscow’s Lenin Hills, 1962, University of Pittsburg, 2002.
[4] Lucille Lisack, Le ThÉÂtre Ilhom À TaŠkent Retour sur les premières années d’un théâtre devenu légendaire (The Ilkhom Theatre in Tashkent: A Retrospective Look at the Early Years of a Legendary Venue), Cahiers du Monde russe, 2013/3, vol. 54, pp. 643-668; Oksana Khripun, Mark Weil i Ego Teatr Ilkhom, M.A. thesis, Saint Petersburg State University, Department of Theatre Criticism, 1996; Bella Ostromoukhova, “Le Dégel et les troupes amateur: Changements politiques et activites artistiques des etudiants, 1953-1970”, Cahiers du monde russe , 47(47/1-2), June 2006; Irina Yakubovskaya, Inspiration, Countercultural Aesthetics, and Dissent: the Ilkhom theatre of Mark Weil, unpublished PhD dissertation in Theater and Performance Studies, Tafts University, 2019.
[5] ХХ асрнинг 40-йилларида Совет Иттифоқининг барча республикаларида театр жамиятлари тузилган эди. (Ўзбекистон театр жамияти 1945 йилда ташкил топган). Улар кўнгиллилар ташкилотлари бўлиб, 1933 йилда ташкил топган Умумроссия театрлари жамияти (УТЖ) кўмагида тузилган ҳамда Санъат арбоблари касаба уюшмаси шафелигида фаолият юритар эди.
[6] Lisack, p.648.
[7]Bella Ostromoukhova, “Le Dégel et les troupes amateur: Changements politiques et activites artistiques des etudiants, 1953-1970”, Cahiers du monde russe , 47(47/1-2), June 2006, p. 305.
[8] Қаранг: Наталья Казьмина, История одной студии, Театр 1981, 96-106 бет.
[9] Маданият саройлари ҳақида қаранг: Lewis H. Siegelbaum, “The Shaping of Soviet Workers’ Leisure: Workers’ Clubs and Palaces of Culture in the 1930s”, International Labor and Working-Class History, N56, Gendered Labor (Fall, 1999), pp. 78-92. Яна Тошкентдаги ёшлар саройлари ҳақидаги шахси хотираларга қаранг: Евгений Рахманов, Мои 70-е, “Вайль, Неизвеcтный известный Ильхом”, 161.
[10] Мактаб ўқувчиларини қамраб олувчи пионерлар саройларидан фарқли тарзда ёшлар саройлари ёш совет ватандошларининг коллеж ва университетлар талабаларига мўлжалланган эди. Пионерлар саройлари ҳақида қаранг: Susan Emily Reid, Khrushchev in Wonderland: The Pioneer Palace in Moscow’s Lenin Hills, 1962, University of Pittsburg, 2002, https://carlbeckpapers.pitt.edu/ojs/index.php/cbp/article/view/121/122
[11] Экспериментал студия тушунчаси (авангард студия сифатида кўпроқ машҳур) драматург Алфред Жарри олға сурган Ғарб мамлакатлари театр томошалари концепцияларида пайдо бўлган эди. У театр томошаларининг аъанавий қоидаларини тан олмаган. “Экспериментал театр” таърифи модернизацияни тезлаштириш жараёнида оммавий театр кўплаб авангард хусусиятларни ўзлаштириб олгандан сўнг вақт ўтиши билан ўзгарди.
[12] Alexei Yurchak, Everything Was Forever, Until It Was No More: The Last Soviet Generation, Princeton, NJ, Princeton UP, 2006.
[13] Барча профессионал актёрлар расман Горький номидаги рус академик драма театри, “Ёш гвардия” театри, рус (Ёш томошабинлар театри – ТЮЗ) ёки Йўлдош Охунбобоев номидаги ўзбек ёш томошабинлар театрида ишлар эди. Иттифоқдош республикалардаги театрларга тилига қараб бюджетдан маблағ ажратилар эди (Ўзбекистон ССРда уларнинг тили ё ўзбекча, ёки русча бўлиши қатъий белгилаб қўйилган). Лекин “Илҳом” театри ушбу тақсимотдан ташқари чиқиб, спектаклларини кўп тилларда намойиш эта бошлади.
[14] https://www.facebook.com/boris.chukhovich/posts/10157952510124723
[15] Serge Schmemann, “Avant Garde Russian Arts Evolve on the Brink of Dissidence”, The New York Times, February 5, 1984.
[16] Марк Вайль, “Игра в классики, в театр, в жизнь” (чоп этилмаган мақола, унга 2002 йилда рус тилида чоп қилинадиган “Театр” журнали буюртма берган эди).
[17] https://www.miamioh.edu/cas/_files/documents/havighurst/ilkhom%20/ilkhom-curriculum-guides.pdf
[18] Юрий Галкин, “Но зачeм стулья ломать? О том, как молодому коллективу изменило чувство меры”, «Комсомольская правда», Москва, 10 апреля 2980 г.
[19] Ўша ерда.
[20] Ўша ерда.
[21] Камариддин Артыков, “Неизвеcтный Известный Ильхом”. 48-чи бет
[22] Лидия Пугачёва, “Ильхом – значит Вдохновение”, 1988 ва Наталья Табачникова, “Потомки скоморохов”, Советский театр, N4, 1989, 46-47, Moсква.
[23] Камариддин Артыков , Неизвеcтный Известный Ильхом, 67-чи бет.
[24] Nancy Goldner, “Balinese Clowns at MTI Festival”, The Philadelphia Inquirer, June 28, 1991.
[25] Какофония – маъносиз, қулоққа ёқмайдиган товушлар.
[26] Commedia dell’arte (итальянча) – ниқоблар комедияси.
[27] Laura Adams. “Modernity, Postcolonialism, and Theatrical Form in Uzbekistan.” Slavic Review 64, no. 2 (2005): 333-54. doi:10.2307/3649987.
[28] Совет Марказий Осиёсининг аралаш оилалари ҳақида қаранг: Adrienne Lynn Edgar, “Marriage, Modernity, and the “Friendship of Nations’: Interethnic Intimacy in Post-War Central Asia in Comparative Perspective”, Central Asian Survey, December 2007, 26(4), pp.581-599.
[29] Paisano (кўплиги paisanos) – Калифорниянинг ота-боболари испанлар, мексикаликлар ва ҳиндулар бўлган аҳолиси.
[30] Madina Tlostanova, Poscolonialism and Postsocialism in fiction and art: Resistance and Re-existance, Palgrave, 2016, p.135.
*Tаҳририят: Оксидентализм – Европа, Америка, Австралия ва умуман Ғарб ҳақида салбий стереотиплар билан боғлиқ бир термин.
[31] Claus Bech Hansen, The Ambivalent Empire: Soviet Rule in the Uzbek Soviet Socialist Republic, 1945-1964, Ph.D. dissertation, Florence: European University Institute, 2013.