Сурат манбаси: buro247.kz
Алексей Улько – тадқиқотчи, тилшунос ва санъат танқидчисидир. 2007 йилдан бери Марказий Осиёда ўтказилган адабиёт ва экспериментал кино фестиваллари иштирокчиси ва жюриси аъзоси. Санъат, кинематограф ва тилшунослик соҳасида мақолалар ва тадқиқотлар муаллифи. CAAN вебсайтига берган интервьюсида қайси соҳаларни тадқиқ қилишга қизиқиши, Ўзбекистон контекстидаги модернизм ва традиционализм, тил “дурагайлиги” ҳақида ҳикоя қилади. Санъат танқидчиси Марказий Осиёнинг замонавий санъати ҳақида фикр юритар экан, мавжуд зиддиятлар ва “пост-Венеция” даври мавжудлигини қайд этади. Яна у Ўзбекистондаги “юмшаш” даврининг санъатга таъсири ҳақидаги саволга жавоб беради ва “тўғри” цензура нима экани ҳақидаги фикрларини баён қилади.
– Асосий қизиқиш соҳаларингиз нималардан иборат? Сиз кино, модернизм, санъат ва тил ҳақида мақолалар ёзгансиз. Асосий мавзунгизни аниқлаш керак бўлса, уни модернизм билан анъаналарнинг тўқнашуви деб атасак бўладими?
– Бу саволга қисқа жавоб бериш қийин. Ушбу минтақада яшаб, тилшунослик, таълим, санъат ҳамда бизнес ва археология каби соҳаларда таржима билан шуғулланиб, тарих ва ўзимнинг мустамлакачилар дунёси, шу билан бирга, маданий камсонли жамоат вакили сифатидаги мунозарали мақомим ҳақида фикр юритар эканман, ўзим учун гапиришим мумкин бўлган бир қанча мавзуларни топдим. Модернизм ва анъаналарнинг турли шакллари ўртасидаги ўзаро муносабатлар ҳам уларда муҳим роль ўйнайди.
Айтиш мумкинки, бутун бошли маданиятимиз ва умуман олганда, санъатимиз ва киномиз мураккаб колониал, постколониал ва деколониал учбурчак ичида мавжуд, улар барчаси минтақамизда бир вақтда ва энг тийиқсиз бирикмаларда намоён бўлмоқда. Улар ҳамма нарса: шаҳар макони қандай ташкил этилгани, одамлар тилдан маиший ҳаётда ва ишда қандай фойдаланаётгани, санъат, иқтисодиёт ва ҳк.га кириб борган.
Сўнгги йилларда мен минтақадаги замонавий санъат, кенгроқ маънода эса замонавий маданият ҳақида кўп нарсалар ёзяпман ва фикр билдиряпман, сиёсий иқтисоддан тортиб феминизмгача, фалсафадан тортиб шаҳарларни режалаштиришгача бўлган бошқа фанларни чуқур билмай туриб, бу ишни қилиш қийин. Ушбу ўзаро боғлиқликларнинг барчаси бизни ҳар бир тадқиқот учун муҳим бўлган платформа – майдончага: минтақадаги экотизимлар назарияси ва амалиётига олиб боради, улар эса шаҳарнинг тарихий муҳитини йўқотиш, музликлар эриши, автомобилларнинг ҳаддан зиёд ортиб кетиши, Марказий Осиё набототининг нобуд бўлиши сингари алоҳида муаммоларгагина тааллуқли эмас. Булар барчаси муносабатларнинг битта улкан тизимига боғлиқ ва унда одамларнинг дунёқараши нималарнинг таъсирида шакллангани энг муҳим бўғин ҳисобланади, ўша таъсир кўрсатган нарсалар одамларнинг нима иш қилишини белгилаб беради ва ўз навбатида муқаррар оқибатларга олиб келади.
– Ўзбекистонда модернистлар ва анъаначилар ўртасида дискурс – баҳс-мунозаралар бўлиб турадими? Сўнгги бир неча йилда улар қай тарзда пайдо бўлди? «Ситилар» қурилишини модернизм деб аташ мумкинми? Мабодо бундай деб аташ мумкин бўлмаса, қозоқлар таъбири билан айтганда, «ижтимоий онг модернизми» ҳақида нима дея оласиз? Гендер, оила ва ҳк. соҳалардаги модернизм ҳақида гапиришимиз мумкинми?
– Модернизм билан анъанавийликнинг кўплаб турлари ўта дурагай ва зиддиятли шаклларда бирга яшаб келмоқда. Мен «Зенит» ёки «Спартак»ка ишқибозик қиладиган, Владимир Путинни «Қримни қайтаргани» учун мақтайдиган, лекин қизи рус йигити билан учрашганини эшитиб қолса, тепа сочи тикка бўлиб кетадиган кўплаб ўзбекларни биламан. Шу ҳолича ҳам улар «Грин қард»ни доимий тарзда ўйнайди. «Миллий анъаналар» тушунчаси аввалбошданоқ зиддиятлидир, чунки этник маънодаги «миллийлик» − XIX асрда шаклланган классик модернистик ва айни пайтда эскирган қарашлардан биридир, “анъана” эса энг қуйи даражада муайян маданий амалиётларни узлуксиз тарзда авлоддан-авлодга узатиш ва ривожлантиришдир. Мен бу ҳақда мана бу ерда ёзган эдим ва у ҳалигача долзарблигича қолмоқда.
Натижада одамлар маълум соҳаларда ҳамфикр кишиларни топса-да, бошқа соҳаларда бир-биридан кескин фарқ қилувчи қарашларга эга бўлиши мумкинлиги сингари қарама-қаршиликлар намоён бўлмоқда. Ушбу фрагментарлик – лахтаклик ва мавҳумлик постмодерн даври жамиятининг энг ўзига хос аломатларидан биридир, биз ундан қочиб қутулганимиз йўқ. Жуда соддалаштириб айтадиган бўлсак, назария бўйича анъанавийлик айрим қарор топган амалиётлар рационализацияси йўқлиги, модернизм эса – аксинча – “тараққиёт”ни мутлақлаштиришдир, у фақат бир марта тегишли тартибда ташкил этилса кифоя, деб ўйлаймиз.
Аслида анъанавийликнинг у ёки бу жиҳатлари қандайдир диний ёки давлат доктринасига асос бўлганда, навбатдаги замонавий консерватив мафкурага айланиб қолади. Ушбу мафкура тангричилик, орийлик ёки масонлар фитнаси назарияси сингари у ёки бу анъанадан, улар ҳақидаги тасаввурлардан асосий тезис сифатида фойдаланади.
Бошқа тарафдан, модернизм бизнинг шароитда зум ўтмай янги ортодоксияга (бирор таълимот ёки дунёқарашга қаттиқ берилиш) айланиб қолади. Жамият ва шаҳарларимизни модернизация қилиш баҳонасида ватандошлар ҳуқуқининг коррупция сабаб бўлиб, уларнинг топталиши ноёб маданий мероснинг ва бутун бошли экотизимнинг йўқ қилинишида ҳеч бир яхши нарса ҳам, тараққийпарварлик ҳам йўқ. Оқибатда “ўтмиш” билан “ҳозирги замон”нинг эпик курашини эмас, турли, асосан, консерватив мафкуралар ўртасидаги ўта чалкаш рақобат ва мослашув муносабатларини кўряпмиз.
– Ушбу контекстда ўзбек киносининг мафкуравий роли сизга қандай кўриняпти? Кино ҳақида сўз юритиб, «мустақил санъат, хусусан, мустақил кино мамлакатдаги бадиий дискурсни ранг-баранглаштириш бўйича муҳим вазифани бажаряпти», деган эдингиз. Расмий ва мустақил кинода кўтарилаётган мавзуларни ўзаро солиштириш мумкинми?
– Назаримда, Ўзбекистондаги мустақил кино сўнгги 10 – 15 йил мобайнида Кино музейи ва VideoART.uz фестивали фаолият кўрсатган даврдаги аҳамиятини йўқотиб бўлди ҳисоб, ўша фестивалда 70 нафар муаллифнинг 300 дан ортиқ картинаси намойиш этилган эди. Ушбу ёш режиссёрларнинг кўпчилиги тасвирга олиш билан шуғулланишни ташлаб, турли томонларга тарқаб кетди, бу ишга содиқ бўлганларнинг аксарияти тижорат йўлига, “катта кино”га ва шу каби соҳаларга ўтиб ишламоқда. Экспериментал кино машғулотлари вақтида олинган туртки ҳавога учиб кетди; таассуфки, улар ўрнини Ўзбекистонга бағишланган бир сиқим қолипланган тижорат мусиқа клиплари эгаллади – ҳаммаси бир-биридан кўчирилганга ўхшайди.
Албатта, замонавий рақамли технологиялар ва тармоқ орқали мулоқот қизиқарли видеоконтент учун мутлақо янги истиқболлар очади, лекин мен ҳозирча Ўзбекистонда ушбу соҳага оид бирор қизиқишга арзийдиган нарсани кўраётганим йўқ. Назаримда, Instagram илова дастуридаги селфилар, таомлар, қуёш ботиши, болалар ва мушукчалар суратлари айни пайтда мамлакатдаги визуал контент ишлаб чиқарувчилар аксариятининг ижодий нафсини тўлиқ қондирмоқда.
Мен расмий ёки тижорат киносини синчиклаб кузатаётганим йўқ, аммо бу ерда ҳам қандайдир ўзгаришлар юз бермоқда. Ўн йил олдин ўзбек кинематографи ҳинд киносидан андоза олиб ясалган, бош қаҳрамонлари фақат Тошкентда ёки Тошкент вилоятида яшайдиган, ўзбек тилининг бир шевасида сўзлашадиган, фақат ўзи қаторилар билан мулоқот қиладиган ва Самарқандга сайёҳ сифатида сафар қиладиган сон-саноқсиз фильмлардан иборат эди. Энди эса жуғрофия ҳам, мейнстрим – оммавий кино муаммолари ҳам кенгайди. Жангари фильмлар кўпая бошлади, уларда халқаро жиноятчилар пайдо бўлмоқда, қаҳрамонлар камроқ стерилланадиган бўлди, фильмларда қандайдир маҳаллий ижтимоий муаммолар тилга олинмоқда. Бизнинг кинематографчиларимиз, жумладан, қисқа метражли фильмлар режиссёрлари ҳалқаро кўрикларда қатнашиб, совринли ўринларни эгалламоқда, лекин “Айка” фильмигача бўлган йўл узоқ бўлмаса, деб қўрқаман.
– Умуман олганда, бугунги Ўзбекистоннинг қандай мафкураси бор? Мамлакат ўзини сайёҳлар учун зиёратгоҳ қилиб кўрсатиши билан, асосан, ўтмишга, бинобарин анъанага урғу бермаяптими?
– Ўзбекистоннинг замонавий давлат мафкурасига бир қатор умумлаштирувчи тавсифлар бериш мумкин: ўнг консерватив, неолиберал, ретро-модернистик ва шунга ўхшаш, бироқ замонавий Ўзбекистон айнан қайси кучлар учун кураш майдони бўлаётганини тасаввур қилиш муҳимроқ. Бир қатор кучлар, масалан, исломчилик, Россия Федерациясининг неоколониалистик интилишлари, глобал ҳуқуқий популизм ёки минтақадаги сув ресурсларининг камайиб бориши ўта муҳим омиллардир, Ўзбекистон уларга фақат у ёки бу тарзда жавоб қайтариши мумкин. Лекин қандай жавоб қайтариши иддао қилинаётган эмас, ҳақиқий мафкурага боғлиқ бўлади.
Мен бу ўринда 90-йилларга жуда кўп ўхшашликларни кўряпман. Ўша пайтда амалга оширилган ислоҳотлар, аввало, бир гуруҳ мулкдорларнинг анча-мунча, уларнинг – ижтимоий базаси – дўстлари ва ходимларининг эса камроқ миқдорда бойишига хизмат қилган эди. Айни чоқда аҳолининг кўпчилик қисми, энг асосийси, ижтимоий инфратузилма турғунликка маҳкум этилган эди.
Туризм, худди олдингидек, дунёга очиқлимизнинг, товар ва маданият алмашувининг глобал жараёнларига қўшилишга тайёр эканимизнинг ўзига хос мураккаб рамзи сифатида юзага чиқмоқда, шу билан бирга “миллий ўзига хослик”, анъаналар, мифлар билан ўраб-чирмалган кўҳна маданият ва ҳк.нинг тимсоли ҳам бўлиб қолмоқда.
Ушбу бошқарув усули ривожланишга тизимли ёндашувнинг йўқлиги, зудлик билан ва кўзга кўринарли натижаларга эришиш, бошбошдоқлик ва изчилсизлик истаги билан тавсифланади.
Афсуски, бирор рационал мафкурадан кўра жойлардаги бошқарув усули – у деярли ўзгаргани йўқ – кўпроқ роль ўйнайди. Ушбу бошқарув усули ривожланишга тизимли ёндашувнинг йўқлиги, зудлик билан ва кўзга кўринарли натижаларга эришиш истаги, бошбошдоқлик ва изчилсизлик билан тавсифланади. Бу туризм соҳасида серҳашам меҳмонхоналар қуриш, алоҳида “меъморчилик обидалари”ни маданий меросимизни, ҳақиқий тарихий муҳитимизни, шаҳарларимизнинг ноёб кўпмаданиятли ўзига хослигини кенг миқёсда ва аниқ мақсадни кўзлаган ҳолда йўқ қилиш ҳисобига маҳаллий Диснейленднинг арзон объектларига айлантиришда намоён бўлмоқда.
Бу ишларнинг барчаси тийиқсиз бойиш истагидан келиб чиқаётгани аниқ, бироқ ушбу “модернизация” дастурлари оқибатида етаётган зарар миқёси бундай қарорлар қабул қилаётган кишиларнинг кўпчилигида илм, дид ва ихтисос етишмаслигидан далолат беради.
– Тиллар бўйича қандай модернизация сиёсати юритилмоқда? Бугунги кунда Ўзбекистонда ўзбек, инглиз ва рус тилларини ўрганиш ҳаволини қандай баҳолайсиз? Жамият уч тилли бўлиши мумкинми?
– Мен ўзбек ва рус тиллари билан боғлиқ вазият хусусида батафсил ёзганим боис улар ҳақида бирор янги фикрни қўшимча қилишим қийин. 3 та муҳим омилга эътибор қаратмоқчиман. Биринчидан, жонли тиллардан кундалик мулоқотнинг турли соҳаларида фойдаланиш муаммолари ўрганилмаяпти ҳамда барча соҳада буйруқ ва норматив ёндашув ҳукмронлик қилмоқда. Бироқ жонли тил воқелигини ўрганмай, билмай туриб, малакали тил сиёсати юритиш мумкин эмас. Иккинчидан, бизда ўзбек ва рус тилларини ўқитишда интерфаол амалий ёндашувлар қўлланмайди, ҳатто ўша ёндашувларни бугун замонавий деб аташ мушкул, чунки бутун дунёда улар 40 – 50 йилдан бери ишлатилади. Учинчидан, жамиятимизда ўзбек, рус ва тобора тез-тез инглиз тилидан фойдаланишда нисбий эркинлик мавжуд, унда аллақандай ижодкорона тартибсизлик ҳукмрон, бу тил тозалиги учун курашувчиларни даҳшатга солмоқда, аммо одамларга чин маънода умумий тил топиш ва яратиш имконини бермоқда. Ушбу тил дурагайлиги ўта қизиқарли, лекин уни ҳеч ким тадқиқ қилаётгани йўқ.
Инглиз тили ҳақида гап кетганда, шуни айтиш лозимки, у, албатта, машҳур ва ҳамма жойда ўрганилмоқда, шу билан бирга, афсуски, ёшларнинг муайян қисми учун ўзига хос сиғинчга айланиб қолди. Улар ушбу тилни мулоқот қилиш ёки глобал маданиятга дохил бўлиш воситаси эмас, тасаввуридаги жаннатга кириш учун ўзига хос калит деб билади. Бинобарин, инглиз тилининг машҳурлиги тамғага боғлиқ бўлиб қолаётгани етмагандай, у қандай ўрганилаётгани ва ўқитилаётгани кўпинча одамнинг ғашини келтиради. Албатта, яхши маънодаги истисноли ҳолатлар ҳам мавжуд, лекин умуман олганда, инглиз тили фақат гўзал келажакка эшик очадиган имтиҳон топшириш учун ўрганилади. Инглиз тилини билиш ҳисобига мулоқот қилиш, ташқи дунё билан ҳамкорлик, маданий жиҳатдан бойиш, дунёқарашни кенгайтирш – булар барчаси мавжуд тамойилларга кўра эмас, уларга терс тарзда рўй бермоқда. Бунақа шароитда ҳеч қандай уч тиллилик ҳақида гапириб бўлмайди.
– Марказий Осиёнинг замонавий санъатида қайси зиддиятлар акс этмоқда?
– Бу ҳақда кўп гапириш мумкин, лекин назаримда, энг муҳим зиддият шуки, турли минтақавий ўйинчиларнинг юксак амбициялари на иқтисодий, на сиёсий ва на маданий даражада амалга ошмай қолмоқда. Минтақадаги замонавий санъатнинг жорий ривожланиш даврини мен истеҳзо билан “пост-Венеция даври” деб атайман. Ушбу ном 2005 йилдан 2013 йилгача Венеция биенналесида Марказий Осиёдан олиб келинган асарлар алоҳида павильонда намойиш этилгани билан боғлиқ. Илк павильоннинг очилиш маросимида унинг мутасаддиси Виктор Мизиано Марказий Осиёнинг замонавий санъати жаҳон замонавий санъати харитасида сақланиб қолган ягона оқ доғ – бўшлиқ эканини айтган эди. Орадан беш, ўн, ана борингки, ўн беш йил ўтиб кетди, аммо ушбу соҳада барибир жиддий олға силжишга эришилмади. 2019 йилда Қозоғистон миллий павильонининг ташкил этилмай қолиб кетгани минтақа замонавий санъатида 2010 йилдан кейин кўзга ташлана бошлаган ўша умидсизлик ва буҳронни янада яққол кўрсатиб берди.
Аср бошида халқаро майдонда муваффақиятга эришган минтақа замонавий рассомларининг ёши 50 дан ошиб кетди, фақат Бишкек ва Олмаота шаҳарларида пайдо бўлган ёш авлод олдингидай имтиёзли шароитда яшаётгани йўқ, умуман олганда, ёш рассомлар маҳаллий вазифаларни ҳал этиш билан овора. Замонавий санъат, кўпинча ғайриихтиёрий тарзда, бир тарафдан, тижорат ва гламур[1], бошқа тарафдан эса, давлат дастурлари билан шубҳали симбиозга киришди. Қозоғистонда қабул қилинган “Рухани жанғирув” дастури билан “Қизил трактор” гуруҳи ўртасида унга аъзо рассомлар чизган суратларга оид жанжал келиб чиқди; мамлакат вилоятларида замонавий санъат кўргазмалари ўтказилмоқда; “Целинний” замонавий санъат ва маданият маркази фойдаланишга топширилиш арафасида. Ўзбекистонда кўп мақсадли Маданият ва санъатни ривожлантириш фонди фаолият юритмоқда, у келгуси Замонавий санъат марказини назорат қилади, Тошкент биенналеси ишлаб турибди. Булар барчаси минтақадаги замонавий санъатнинг ривожланиш истиқболларини кўрсатиб бериши керакдай, лекин бу менга ички ривожланиш эмас, уни институционаллаштириш ва ҳатто капиталлаштириш бўлиб кўринади.
– Ўзбекистон ҳақида сўз кетганда, ҳокимият алмашуви ва иқтисодиётнинг нисбатан либераллашуви ижод эркинлигига қандай таъсир кўрсатди дейиш мумкин? «Илиқлашув» ўз фикрини эркин ифода қилишга ижобий таъсир кўрсатди дейиш мумкинми? Ва бу нималарда зуҳур бўлмоқда?
– Ҳокимият алмашуви ижод учун руҳий эркинлик бергани бор гап, қолаверса, ҳокимиятнинг, умуман олганда, рассомларга, кураторларга ва танқидчиларга муносабати ижобий томонга ўзгарди. Лекин мен вазият яхшилангани ёки ёмонлашгани ҳақидаги бундай баҳо аҳамиятини бўрттиришни истамайман. Булар қандай механизмлар экани, қандай ишлаши ва уларнинг ортида нималар турганини тушуниб олиш муҳимдир. Ҳокимият тизимининг қаеридадир замонавий санъатнинг ғашига тегиш ёки менсимаслик ўрнига қўлга ўргатиб, назорат қилиш кераклиги тушунчаси пайдо бўлди. Россия билан Қозоғистон анчадан бери шу йўлдан бормоқда ва муваффақиятларга ҳам эришмоқда. Инқилобчини зарарсизлантиришнинг энг яхши йўли унга қўриқлаш бўлимидан лавозим бериш ва уни тизимни такомиллаштириш йўлида ёрдаминг тегяпти, деб ишонтиришдир.
Иқтисодий «либерализация» ҳақида гап кетганда, шуни қайд этиш жоизки, Ўзбекистонда рўй бераётган воқеалар ҳамма нарсани бизнесга, даромад олиш воситасига айлантириш радди бало эмаслигини, бу олибсотарлик дунёқарашидан устун турувчи барча қадриятлар йўқ бўлиб кетишига олиб борувчи йўл эканини кўрсатмоқда. Талотўпларга бой қайта қуриш, ит эгасини танимаган 90-йиллар ва Каримов даври турғунлигини бошидан кечирган «Илҳом» театри билан боғлиқ вазият бунинг ёркин мисолидир.
Бундан ташқари, Қозоғистонда анча йиллардан бери кузатилаётган замонавий санъатнинг гламур билан кулгили тарзда қўшилиб кетиши, ҳеч нарсадан тап тортмайдиган ва кўз-кўз қилинадиган истеъмол энди бизга ҳам кириб келди ҳамда кўп санъат арбобларини ҳокимият билан пул иттифоқига хизмат кўрсатишга ундамоқда.
Ўз фикрини ифода қилиш эркинлиги ва унинг чекланиши ҳақида ҳам шуни айтиши мумкин. «Тўғри» цензура кўчадаги кўргазмани бульдозер билан бостириш ва рассомларни мамлакатдан чиқармасликда эмас, ҳали бадиий ғоялар юзага чиқишидан олдин одамларга эрта босқичда ўзини ўзи цензура қилишга бўлган самимий интилишни юқтиришдадир. Ўзбекистоннинг санъат арбоблари аксарият ҳолларда ушбу вазифани ҳар қандай ташқи босимларсиз ҳам жуда яхши уддаламоқда.
– Минтақага қизиқиш билдираётган ёш тадқиқотчиларга нималарни маслаҳат берасиз?
– Марказий Осиё тадқиқотлари бўйича мавжуд соҳа етарли даражада ривожланган ва бўлакларга бўлиниб кетган, шунинг учун ёш олимларга йиллар давомида чуқур тадқиқ қилиши мумкин бўлган соҳани таклиф қилиш қийин. Шу билан бирга, бундай классик позитивистик ёндашув ҳар доим фанлараро мулоқот, концептуал тафтиш ва кенг қамровли экспериментларга ундайди. Шу сабабли энг қизиқ натижаларга минтақанинг муҳим муаммоларидан узоқда ўз фанларини ўрганаётган университет талабалари эмас, бебаҳо амалий тажриба орттирадиган ва кейинчалик уни тадқиқот мавзусига айлантирадиган стажёрлар ва волонтёрлар эришади. Асосий тавсиям ҳам шу: минтақадаги муаммоларни ҳал этиш йўлида турли-туман ва ҳаётбахш тажриба орттириш ҳамда бу ҳақда фақат модернистик академик анъаналарга ўралашиб қолмасдан турли томонлардан ёндашиб фикрлаш керак.
______________________________________________________________________________________________________________________________________________
[1] Гламур (инглизча glamour – жозиба, фусункорлик сўзидан) – ҳам а нарсадан лаззат олишга принцига асосланган ҳамда оммавий истеъмол маданияти, мода ва шоу-бизнес билан боғлиқ эстетик ҳодиса. Гламур дунёқарашига ҳашам ва ташқи ялтироқликка эътибор қилиш хосдир.