2019 йил мартида Вена шаҳрида Австриянинг Евроосиё маконида маданиятлар мулоқотини уюштириш билан шуғулланадиган жамияти – «KultEurasia” уюшмаси томонидан ташкил этилган ташкил этган Ўзбекистон маданияти кунлари бўлиб ўтди. Жамият Ўрта Европа, Кавказ ва Марказий Осиё ўртасида маданиятлар мулоқотини ривожлантиришга ихтисослашган. Даниэла Либервирт билан Питер Фельч – унинг асосчилари. Фестиваль Ўзбекистоннинг Австриядаги элчихонаси кўмагида бўлиб ўтди. Ушбу лавҳалар – ўзим эшитган ва кўрганларимдан таъсирланганларим ҳақида.
Муаллиф
Роза Верко
Асли Туркманистонда туғилган мустақил блогер Қозоғистонда ўсиб катта бўлган. У рус тили ва адабиёти (Ал-Фаробий номидаги Қозоғистон давлат университети), Халқаро алоқалар бўйича магистр (Буюк Британианинг Ноттингем Трент университети) ва Марказий Осиёни ўрганишга қаратилган, ривожланиш (development) фанлари магистрлик даражасига (SOAS University of London – School of African and Oriental Studies) эга. Роза Буюк Британиянинг Хертфордшир, Сейнт Олбанс шаҳрида яшаб келади.
Иш қандай бошланган эди?
Даниэла Либервирт Венада Ўзбекистон маданияти кунларини ташкил этишидан хабар топганимдан сўнг кўнглимдаги Венага учиб бориш ва ҳаммасини ўз кўзим билан кўриш иштиёқи устун келди. Негаки, Лондондан Венага икки соатнинг нари-берисида учиб борса, қолаверса, мен яшаб турган шаҳарчадан аэропортга ярим соатда етиб олса бўлади. Фикрим Даниэлага ҳам ёқиб тушди ва Венадаги шинам хонадонида яшаб туришни таклиф қилди. Яна у, меҳмоним фақат сен бўлмайсан, деб огоҳлантириб ҳам қўйди. «Жой тор бўлса, ҳам кўнгил кенг бўлсин» деган гапга амал қилиб фестивалнинг бошқа аъзолари билан уй муҳитида танишиш имкониятидан хурсанд ҳам бўлдим ўзимча.
Аэропортига етиб келгач, дарров жомадоним билан Венанинг улкан маданият марказидаги фестиваль ўтказиладиган жойга йўл олдим. Омадни қарангки, унинг барча иштирокчилари қатори мен ҳам тушликка таклиф қилинибман. Марказда сўзана, миниатюралар ва ўйма нақш буюмлари кўргазмасини ташкил қилишга ҳам улгуришибди. Кўргазмага келиб кетувчилар Ўзбекистондан ушбу тадбир учун махсус олиб келинган асл ҳунармандлик буюмларини кўриш билан бирга рассому ҳунармандлар билан суҳбат қуриш имконига ҳам эга экан. Уларнинг эса ўз ҳунари сирлари ҳақида гапириб беришидан боши осмонда.
Ҳаш-паш дегунча кўргазмага қўйилган асарлар муаллифлари билан суҳбатга киришиб кетдим ва анча-мунча қизиқарли нарсаларни кашф ҳам қилдим.
Феруз Темиров – Бухоро миниатюралари устаси
Гапни Бухородан Венага келган Феруз Темуров мўйқаламига мансуб ўта чиройли миниатюралардан бошламоқчиман. Ферузнинг ўз шаҳрида шахсий устахонаси бор, у ўша ерда 2003 йилдан бошлаб миниатюралар чиза бошлаган. У ишининг ҳақиқий синчиси – эксперти. 1999 йили Бухоро Давлат университетининг нафис санъат ва мусиқа факультетини тугатган. Кейинчалик 8 йил ўша ерда ўқитувчилик ҳам қилган. Иши кундан-кун юришиб кетаётганини кўрган Феруз ўзини ижодга бағишлашга қарор қилди ва ўшандан бери кўплаб халқаро кўргазмаларда иштирок этиб келади. У ўз миниатюраларига сюжетни ўзбек ва форс шоирлари ва мутафаккирлари: Алишер Навоий, Низомий Ганжавий, Саъдий Шерозий ва ҳк.ларнинг мумтоз меросидан топади. Рассомнинг маҳорат қамрови кенг: у нафақат миниатюралар чизиш техникасини мукаммал билади, қолаверса, маҳоратини ўйма нақш, сувбўёқ ва мойбўёқда расм чизишда ҳам синаб кўрмоқда. Табиатан сипо ва камгап бўлган Феруз санъатга бўлган муҳаббатию эҳтиросини нафис ва заргарона асрларида ифода қилади. Асарларининг инжа услубини сўз билан ифодалаш қийин – уларни томоша қилиш керак. Ҳар бир миниатюранинг теран сюжети ва асрлар қаърига сингиб кетган тарихи бор.
Хотирлашича, совет даврида ўзбек анъанавий миниатюра санъати худди ибтидоси VIII асрга бориб тақаладиган Самарқанд ипак қоғозини ишлаб чиқариш сингари унутилаёзган эди. Совет даврининг саноатлашуви жадал оммавий ишлаб чиқариш ва стандартлашни тақозо қилар, шунинг учун кўп қўл меҳнати сарф бўладиган ипак қоғоз ишлаб чиқариш янги иқтисодиёт учун фойда келтирмайдиган юмуш бўлиб кўринар эди. Шу сабабларга кўра, миниатюра чизиш ҳам тўхтаб қолди. Вақт ўтиши билан ўзбекларнинг моддий ва номоддий маданий меросини қўллаб-қувватлаш ва сақлаб қолиш билан шуғулланадиган халқаро ва маҳаллий ташкилотлар эътибори натижаси ўлароқ, анъанавий ҳунармадлик турлари ва санъат тиклана бошлади. Шунинг учун Феруз ишини миниатюра санъати ва у билан боғлиқ бўлган ипак қоғоздан (айни пайтда у тут дарахтидан ипак қўшиб билан тайёрланади) фойдаланишни сақлаб қолишдан бошлади. Унинг халқ оғзаки ижоди ва ўтган замон шоирлари образларидан фойдаланиб чизилаётган миниатюралари ўзбекларнинг маданий меросини ўзлаштириш ва тарғиб қилишда авлодлар алоқаси ва ворисликни қўллаб-қувватламоқда.
Анвар Қурбонов – бухоролик кандакор
Ҳикоямнинг кейинги қаҳрамони бухоролик ёш кандакор бўлиб, у болалигидан ушбу касбга меҳр қўйган. Айтишича, ёшлигида ҳар сафар мактабдан қайтаётганда 20 чоғлик кандакор ишлаётган устахона ёнидан ўтиб-қайтган. Ўша кезлар ҳамма нарсани унутиб, кандакорлар ишини соатлаб кузатиб ўтирган. Бир куни усталардан бири унга, “Ҳар сафар ўтиб кетаётиб, шу ерда тўхтайсан, ишларимиз сенга ёқадими?” деб сўрайди. Шу тариқа у Раҳматулло Қулиев билан танишиб қолади, кейинчалик у Анварга устоз бўлди. Раҳматулло ака Анварнинг отасини чақириб, суҳбатлашади, шундан сўнг у ўғлининг мактаб таътили вақтида устага шогирд тушиб ишлашига рози бўлади. Раҳматулло ака Анварга касби сирларини ўргатади, бунинг учун ҳалигача унга раҳмат айтиб чарчамайди.
Анвар кандакорнинг иши дизайн яратиш, дизайнерлик ғоясини буюмга кўчириш сабр-чидам ва ҳафсала талаб қилишини айтади.
У 24 йилдан ошиқ вақтдан бери кандакорлик қилади, лекин ҳали ҳам бу касбнинг ҳамма асрорини билиб олмаганини айтади. “Ҳали ҳам ўқиб-ўрганаман ва бу жараён умуман тўхтамайди”, − дейди у янги ғояларни излашдан ва маҳоратини тинмай оширишдан тўхтамайдиган ҳақиқий усталарга хос камтарлик билан. Анвар маъданга бадиий ишлов бериш учун жез, темпера – тухум сариғи қўшиб тайёрланган бўёқ, юпқа зарварақдан фойдаланади. У – тарихи қадам замонларга бориб тақаладиган маъданга нақш ўйишнинг турли усуллари билимдони. Айтишича, Ўзбекистон ҳудудида милоддан 15 минг йил олдин биринждан ясалган илк буюмлар топилган эди. Олтин ва кумушдан ясалган Сўғд буюмлари милодий V – VIII асрларга бориб тақалади, олтин, кумуш ва биринждан ясалган идишлар эса Темурийлар даврига тааллуқлидир[1]. Кандакорлик буюмлари ясалган анъанавий марказлар Ипак Йўли бўйида жойлашган Тошкент, Марғилон, Хива ва албатта Анварнинг ота юрти Бухоро шаҳри бўлган.
Анвар ушбу қадимий анъанавий ҳунармандликнинг давомчиси сифатида ҳар доим мавзу ва нақшларни излайди. Венада нақш ўйилган идишларнинг машҳурлиги унинг усталик маҳорати эътироф этилганини англатади.
Самарқандлик Дилшод Абдулҳаев билан Нафиса Шокирова
Кейинги танишганларим Самарқанддан ўта гўзал ва қўлда тикилган сўзаналар олиб келган эр-хотин экан. Дилшод 13 йил олдин Самарқанддаги энг гўзал тарихий-меъморчилик ансамбли – Регистон, яниқроғи, Тиллакори масжидида сўзаналар дўконини очибди. Унинг сўзанага бўлган самимий муҳаббати, ушбу санъат турида қўлланадиган турли нақшларнинг рамзлар тилини теран тушуниши менга ёқди. Агар айни қадимий санъат турининг рамзларини тушунсангиз, сўзанани китоб қилиб ўқиса бўлади. Сўзананинг рамзлар тили бой маъно ранг-барангликларига эга бўлиб, унда муайян маънони ифода қилиш учун турли нақшинкор суратлардан фойдаланилади. Дилшоднинг тушунтиришича, илгари сўзаналарда кўкнор тасвири кўп ишлатилган экан, лекин афъюнни тақиқлаш бўйича кампания бошлангандан сўнг унинг ўрнини анор эгаллабди, у фаровонлик билан унумдорликни англатар экан. Ҳамиша анорзорлари билан машҳур бўлган бўлган Бухорода бу мева никоҳ тўйларининг ажралмас қисми ҳисобланади. Рангларга бой сўзана ҳар бир келинчакнинг сепида бўлиши керак, у ёш оилага бахт, фаровонлик ва фарзандлар ато этади.
Дилшодга кўра, сўзанадаги расмлар қуйидаги маъноларни англатади: қалампир – кўз тегишидан асровчи тумор, қушнинг қанотлари муваффақият ва омад олиб келади, гул – оила рамзи, қизил ранг оловни англатади. Яна айтишича, сўзана табиатнинг тўрт бош унсури: олов, ер, ҳаво ва сувни улуғловчи зардуштийлик дини таъсирини акс эттиради. Дилшод келгусида сўзана этнографияси ва рамзларига бағишланган китоб ёзишни ва унда ушбу қадимий санъат турининг бутун тарихини кўрсатиб беришин орзу қилади.
«Шодлик» мусиқа-рақс гуруҳи
«Шодлик» мусиқа гуруҳи 2005 йили карнай, сурнай, ноғора ва доира сингари қадимий мусиқа асбоблари билан ижро этиладиган ўзбек миллий мусиқасини тарғиб қилиш учун ташкил этилган эди. Унга Дилмурод Мирзаев асос солган, асосий сафдоши ҳам ҳамкасби – Равшан Асадуллаев. У доирада чалинадиган барча усулларни билади.
Гуруҳ созандалари барча анъанавий ўзбек мусиқа асбобларини чалади. «Шодлик» гуруҳи анчадан бери чет элларда концерт беради. Унинг концерт харитасида дунёнинг кўпгина саҳналари, жумладан, Шотландиянинг мусиқа ва драма академияси, ҳатто Лондон шаҳридаги қиролича Елизавета номидаги машҳур концерт зали ҳам бор. Гуруҳ Венада тўрт марта концерт берган, энди эса Туркиянинг Онадўли мусиқа дуэти билан қонни жўштирадиган микс – омихта томоша кўрсатди! Чиқиш ортидан олқишлар ёғилди. Сабри чидамаган томошабинлар созандалар билан рақс тушгани саҳнага ҳам чиқиб кетди!
Австрия томошабинлари учун кутилмаган мусиқа асбоби карнай бўлиб чиқди, унинг тарихи Чингизхон ва Темур даврига бориб тақалади. Қадим замонларда ушбу ғалати асбобдан жанглар олдидан сарбозлар руҳини кўтариш, уларни жасурликка ундаш учун фойдаланилган. Ҳозирги кунда у байрам маросимлари, оммавий сайиллар, ҳурматли меҳмонлар, делегацияларни кутиб олиш, спорт, цирк ва оммавий кўнгилочар тадбирлар ва албатта никоҳ тўйларида чалинади.
Дилмурод асбобини ёш боладай авайлайди, у тоза ва ялтираб туриши учун бор кучини аямайди. Ўзбек маданиятида алоҳида ўринга эга бўлган бу мўътабар асбобни барча талабларга мос равишда сақлайди.
Ширин Жалилова – раққоса, хореограф ва ўқитувчи
«Шодлик» гуруҳи аъзоси, хореограф ҳамда ўзбек миллий рақсларининг профессионал ижрочиси, Тошкент давлат миллий рақс ва хореография олий мактаби ўқитувчиси Ширин Жалилованинг чиқишию маҳорат сабоқлари мени лол қолдирди. У ушбу мактабнинг балет бўлимини битирган. 2012 йили «Хореография жамоаси раҳбари» ихтисослиги бўйича курсни, 2016 йили эса «Хореограф-ўқитувчи» ихтисоси бўйича магистратурани тамомлади. У республика миқёсидаги хореография бўйича нуфузли танловлар ғолибидир, бунга профессионал раққосалар ўртасида ҳар йил ўтказиладиган Мукаррама Турғунбоева номидаги танлов ҳам киради. Ширин 2016 йили «Бухоро жилолари» танловининг гран-присига сазовор бўлди.
У концерт бергани чет элларга тез-тез чиқиб туради ва бу унинг Венага Даниэла Либервирт таклифи билан биринчи марта келиши эмас. Ширин кўп вақти ва эътиборини Тошкент давлат миллий рақс ва хореография олий мактабининг «Хореография» кафедрасида «Ўзбек рақсини ўқитиш методикаси» ва «Балетмейстерлик санъати» фанларига бағишлайди. Гарчи ўқитувчилик фаолияти ва доимий концертлар кўп бўш вақт қолдирмаса-да, Ширин Венага «Шодлик» гуруҳи билан концерт бериш баробарида Австриянинг қизиққан аёлларига ўзбек рақсларини ўргатиш учун ҳам келди. Маълум бўлишича, австриялик хонимлар Равшаннинг қойиллатиб чалган доираси садоларига эш ўлароқ ижро қилинган ўзбек рақси сирларини билиб олишга қизиқиб қолибди. Нозик, қушдай енгил ва қалдирғочдан шиддаткор Ширин ажойиб ва сабр-тоқатли ўқитувчи ҳам экан, у ўқувчилар билан, ўртадаги тил тўсиғига қарамай, тез орада апоқ-чапоқ бўлиб кетди. Рақс тили учун таржимон керак эмас, кўп нарсани имо-ишораю ҳаракатлар билан тушунтирса бўлади.
Мен Венада унга шогирд тушиш имконига эга бўлдим, маҳорат сабоқларининг бошқа ижрочилари қатори ўзим ҳам маза қилганимни айтиб қўйишим керак. Ширин рақсларнинг профессионал ижрочиси экани билан бирга ўзбек рақси тарихи, ҳар бир ишора ва ҳаракат маъносининг ажойиб билимдонидир. У ўзбек рақси этнографияси ва тарихини ўрганиш билан шуғулланаши баробарида булар ҳақида мақолалар ҳам ёзади.
Маҳорат сабоқлари пайтида Равшаннинг доирадаги мусиқий жўрлиги ўзбек усулларининг ҳақиқий ритмикасини ҳис қилишимизга имкон берди. Ширин бизга Бухоро, Фарғона ва Хоразм рақсларининг асосий ҳаракатларини кўрсатиб берди.
Швейцариялик раққоса Катя Даниэла Хиллебранд мен учун кутилмаган кашфиёт бўлди, у Марказий Осиё рақсларини яхши билиши баробарида ўзбекчани ҳам бемалол гапирар ва ўзбек тилида сўзлашувчилар орасида ўзини умуман бегона ҳис қилмас экан! Катя бизга ўзбек ва тожик рақслари унсурларини кўрсатиб берди.
Венадаги бетакрор ўзбек маданияти байрамининг асосий ташклотчиси ва қаҳрамони ким?
Даниэла Либервирт – Марказий Осиё минтақасига қизиқиши асло сўнмайдиган инсон. У австрияликларни ҳали бу юртда унчалик машҳур бўлмаган Марказий Осиё мамлакатлари созандалари, хонандалари, раққосалари, рассомлару уста ҳунармандлари билан таништириш мақсадида таклиф этиш учун елиб-югуришдан чарчамайди. Узоқ мамлакатдан бир гуруҳ одамларнигина эмас, уларнинг мусиқа асбоблари, картиналари, намойиш қилиш учун керак бўладиган иш қуроллари, масалан, кандакорлик буюмларини тайёрлаш ёки ипак қоғозга миниатюраларни чизиш учун махсус жиҳозларни олиб келишнинг ўзи бўлмайди. Даниэла логистика, концерт ва кўргазма залларини қидириш, виза олиш ва меҳмонларни жойлаштириш сингари барча мураккаб масалаларга ечим топади.
Бу аёлдаги шунчалик ғайрат, Марказий Осиёга ҳар нарсадан устур турувчи қизиқиш мени лол қолдирди. Бунинг сирларини айтиб беришни унинг ўзидан илтимос қилдим. Билиб олганим шу бўлдики, у мактабда ўқиётган пайтлар Буюк ипак йўли бўйида жойлашган мамлакатларга қизиқиб қолган. Қизиқиш мактаб лойиҳасига айланиб, унинг мақсади бошқа мамлакатлар вакиллари билан алоқа ўрнатиш ва ўзга маданиятларни ўрганиш бўлган экан. Бундан ташқари, Даниэла мигрантларнинг янги мамлакатда яшаш тажрибасини, уларнинг янги маданиятга мослашув жараёнида дуч келаётган қийинчиликиларни тушуниб етишга ҳаракат қилди. Ушбу лойиҳа шарофати билан бир турк маданият уюшмаси фаолияти билан танишиб қолди. Уюшма уни Халқаро хотин-қизлар куни байрамига таклиф қилди. Даниэла турк рақсларига қизиқиб қолди ва тез орада ўзи илгари ўқиган она шаҳри Аахендаги бир неча турк рақс гуруҳларига аъзо бўлди. Кейинчалик ушбу янги маданиятга қаттиқ қизиқиб қолгани учун бир неча марта Туркияга бориб келди. Янги маданиятларни ўрганишнинг кейинги босқичи машҳур Бағдод маршрути бўйлаб Сурияга беш марта сафар қилиш бўлди, бироқ бошланиб кетган уруш унинг кейинчалик Сурияга сафар қилишга оид барча режаларини барбод қилди.
Сўнгра у Ўзбекистонга эътибор қаратди, анчадан бери ушбу мамлакатга боришни кўнглига тугиб юрган эди. 2010 йилнинг совуқ қиш кунларидан бирида орзусига эришиш учун якка ўзи Ўзбекистонга йўл олди. Бошида тил билмай ва дўстлари бўлмай туриб, номаълум мамлакатга бориш қўрқинчли туюлгани ҳам бор гап. Лекин Ўзбекистонга келгач, исталган пайтда ёрдамга шай дўстпарвар кишиларни кўриб, барча қўрқуву хавфсирашлари тумандай тарқаб кетди. Илк сафардан уйига қайтаётиб, шунинг ўзи кифоя қилмаслигини тушуниб етди. Келаси йили яна Ўзбекистонга йўл олди, бирваракайига Тожикистонни ҳам зиёрат қилди. Даниэла 2014 йили яна бир марта Марказий Осиёга келди, шундан сўнг ҳамкасби Питер билан «KultEurasia» уюшмасини ташкил этди. Ўша йили кўпроқ эътиборни мусиқага қаратди ва Марказий Осиёдан созанда ва мусиқа гуруҳларини қидира бошлади. Натижада «Шодлик» ўзбек гуруҳи ва «Туран» қозоқ фольклор гуруҳи билан танишди. Шу тариқа Марказий Осиё маданиятини Австрияда тарғиб қилиш бўйича жиддий лойиҳага асос солинди. Ушбу лойиҳа шарофати билан кўпгина жамоалар Австрияга сафар қилди ва австрияликларни улар учун ноодатий маданият билан таништирди.
Даниэла сингари кишилар билан танишиш одам кўнглига некбинлик ва орзуси ушалишига ишонч бағишлайди. Кучли истак бўлса, ҳамма нарсага эришиш мумкин! Мен бу танишувдан қувондим, кейинги учрашувларимиз Ўзбекистонда, Австрияда ва Англияда бўлишига ишонаман!
[1] List of Intangible Cultural Heritage of Uzbekistan. Traditional craftsmanship. Р.51