Ушбу кўримсиз бинода жойлашган музейда дунёдаги энг буюк авангард санъати коллекцияларини Сталин чангалидан бир электрик қутқариб қолган эди. Энди эса музейнинг ўзини қутқариш керак.
Мен Ўзбекистон пойтахти Тошкент шаҳридаги Маданият вазирлигининг улкан столи атрофида ўтирибман, расмийлар буни ажойиб имконият деб атайди. Айни пайтда мамлакатдаги галереяни юрита оладиган одам қидирилаётгани халқаро миқёсда овоза қилинди, у ерда Россия авангард санъатининг иккинчи йирик коллекцияси жамланган. Назаримда, музейнинг обрўсини ошириш жуда мароқли иш, қолаверса, уни Марказий Осиёнинг Луврига айлантириш мумкин.
Бироқ орзу қилинган иш амалга ошмай қолиши қолиши ҳам мумкин. Эртаси куни жиним суймагани билан тонг саҳарлаб туриб, Ўзбекистон шимолидаги “тақиқланган санъат музейи” жойлашган Нукус шаҳрига учишим керак. Йўл-йўлакай ушбу “гадойтопмас шаҳар” ҳақида йўлкўрсаткичларда ҳам маълумот кам эканини ғира-шира илғай бошлайман. Одамларнинг у ёққа ҳаётини хатарга қўйиб бўлса ҳам йўл олиши сабаби “фалокат туризми” манзилини ўз кўзи билан кўриш учун бўлса керак. Бир замонлар қуруқликдаги тўртинчи катта кўл бўлган Орол денгизи Совет суғориш тизими оқибатида кичрайиб кетди. Ўша пайтлар сувга кимёвий моддалар ҳаддан зиёд кўп солинган экан. Балиқлар қирилиб кетди. Ойнинг юзасига ўхшаб қолган денгиз тубида занглаб ётган кемаларнинг даҳшатли манзарасига кўзингиз тушади. Шамол ҳудуд бўйлаб заҳарли чангни ҳайдаб юради – у ерда болалар ўлими ва саратон хасталиги билан оғриганлар сони кўп.
Мен санъатни деб ҳалиям Маданият вазирлигининг таклифи билан шу ерда юрибман. Ўзбекистон дунёга очилмоқда ва Ипак Йўли бўйида жойлашган шаҳарларга сайёҳлар оқимини кўпайтириш виза чекловларини камайтирди, энди Жоанна Ламлига ўша ерда ҳам кўзимиз тушди. Нукус Санъат музейи тупканинг тагида жойлашган, аммо у ҳалигача Савицкий коллекцияси сабаб мамлакатнинг асосий қадамжоларидан бирига бўлиб турибди. Коллекция сақланиб қолишига сабаб унинг марказлардан узоқ бўлганидир.
Бой рус оиласида туғилган собиқ электрик Савицкий ушбу жойга ХХ асрнинг 50-йилларидаги археологик қазишмалар вақтида келиб қолиб, маҳаллий артефакт – моддий маданият, тўқимачилик ва заргарлик буюмларини йиға бошлади. У Москвадан (ва ҳокимият маркази Тошкентдан) жуда олис бўлгани учун диссидентларга тегишли авангард санъатининг улкан коллекциясини йиғишга муваффақ бўлди. Ниҳоят, 1966 йили музей ташкил қилинди. Минтақа узоқлиги сабаб у тақиқланган суратларни намойиш этар ва сотиб олар – ҳокимият идоралари у ўша суратларни нима қилаётганидан бехабар эди. Коллекция маҳобатли эканини Волков, Курзин ва Лисенко айтган бўлса-да, унинг дунёдаги етакчи коллекциялар билан рақобатлаша олишини тасаввур қилиш қийин. Лойли кўчалардаги кўлмаклар оралаб кўримсиз майдонга кириб борар экансиз, ҳаммаёқ бўм-бўш ва салкам ўликдай туюлади.
Ичкарига кириб, маҳобатли зинапояга дуч келаман ва мени мафтункор гид кутиб олади. Ҳаммаёқ санъат – томдан чакка ўтаётгани сабабли картиналар баъзи жойларга йиғиб қўйилган. Кейин нималарни кўраётганингизни тушуна бошлайсиз ва бундан ақлингиз шошиб қолади.
Савицкий ҳамма нарсани ушбу коллекцияси учун тиккан эди. Айрим рассомлар ГУЛАГларда қийноққа солинган, ўлдирилган ёки узоқ йиллар ўтириб чиққан. У йиққан суратлар рус ва ўзбек рассомлари мўйқаламига мансуб. Улар суратларини Сталин социалистик реализмга дахли бўлмаган барча нарсаларни тақиқлаган 30-йилларда чизган эди. Ўша вақтдаги барча услубларга – энди пайдо бўлаётган кубизм, футуризм, ҳатто имрессионизмга – жиноят деб қаралар эди. Формализм деб аталган услуб учун ҳам жазоланиш муқаррар эди, жазо эса қаттиқ бўлган. Савицкий уларнинг асарларини қутқариши мумкинлигини тушунар эди. У поездда уч кун йўл юриб, Москвага бориб, рассомларнинг оила аъзолари ишончига кирар, улар эса чордоқларга яшириб қўйилган суратларни унга олиб тушиб берар эди. Шу сабаб “беваларнинг дўсти” деб ном чиқарган эди ўша пайтлар. Қисман таваккалчи, қисман эскибозорчи бўлган Савицкий ушбу коллекцияни йиғиб келди, айни пайтда унинг оз қисми кўргазмага қўйилган.
Халқаро санъат гумашталари наздида миллионлаб доллар турадиган хазинага кириб, бунақа аянчли аҳволдаги манзарани кўрган одам ғалати аҳволга тушади. Бу шаҳарда фақат бир-иккита фақир меҳмонхонани айтмиаса, музейдан бошқа борадиган жойнинг ўзи йўқ. Ресторанларни гапирмаса ҳам бўлади. Машҳур галереялар атрофида умуман инфратузилма йўқ. Балки мен музей қандай бўлиши кераклиги ҳақидаги ғарбча қарашимни тиқиштираётгандирман? Эҳтимол, санъатнинг ўзи Савицкийнинг ушбу маданиятга мустамлакачиларга хос қарашини ифода қилаётгандир. У ерда Николаев мўйқаламига мансуб қўлида гул билан эркаклар учун рақс тушиб бераётган болаларнинг Гогенга хос сурати бор. Ушбу рассом ноанъанавий жинсий майли учун ҳибсга олинган, кейинчалик мусулмонликни қабул қилган эди. Бу ерда социалистик реализм билан шарқшунослик ўртасидаги муносабатлар таранглиги ўз кучини йўқотади.
Ушбу “дегенаритв” санъат ҳам сиёсий, ҳам услуб жиҳатидан одамни ҳайратга солади. Айрим суратларда Сталин билан Ленин муюлишдаги кўланка сингари танқид қилинади. Волков билан Карахан янги нарсани намойиш этишга ҳаракат қилади. Кандинский эса аллақачон қочиб кетган. Сталиннинг 1932 йили қабул қилинган “Адабий ва бадиий ташкилотларни қайта қуриш тўғрисида”ги қарорига кўра, Михаил Курзин деган рассом совет кишисини хунук қилиб чизгани учун беш йилга кесилди. Ўша қарор билан сиёсий ва эстетик мақсадларни бирлаштириш учун ижодкорлар коммунистик партия назоратига олинди. Унинг шафқатсиз ва ажойиб асари. Отто Дикс ёдга тушади.
Ушбу улкан коллекцияда аёл ва яҳудий рассомларнинг ҳам кўплаб асарлари бор. Фақат яқиндан бошлаб бунақа асарлар ҳақида очиқ гапириладиган бўлди. Музей Надежда Бороваянинг асарлари кўргазмага қўйилгач, каталогда ўша суратлар ҳақида, уларда Германиядаги концлагерлар тасаввур қилиб чизилган, деб ёзилди. Қоғоз парчаларига териси суягига ёпишиб кетган маҳбуслар, таниқлилик рақами бор ўлик болалар ва аёлларнинг сурати ишланган. Ҳақиқатни гапиришга рухсат бўлмаган 1982 йили ҳам ушбу суратлар контрабанда йўли билан Совет ГУЛАГларидан олиб чиқилгани айтилмаётган эди.
Ўзи ҳам қамалган Владимир Лисенко чизган машҳур “Буқа” сурати КГБ ходимлари келган пайт яшириб қўйилиши керак эди. Савицкий уни “Фашизм ҳамласи” деб атади ва эртаси куни яна жойига осиб қўйди. Бу ҳамма нарса ҳақида гапириш мумкин бўлган қайта қуриш даврида рўй бергани қизиқ.
Гапнинг пўскалласи, ушбу ҳурфикрлилик маркази ва маҳаллий маданиятга янги директорни тайинлашдан кўра кўпроқ нарса, яъни таъмирчи керак. Истаклар рўйхатида куядан ҳимоя қилувчи тасмалар ва факс аппаратлари бор. Ҳозирги директор, Гулбаҳор Изентаева бизни чой билан сийлади ва тайинланиши шов-шув бўлганидан ҳайратга тушганини айтди. Расмий Тошкент билан Қорақалпоғистон автоном республикасида жойлашган музей ўртасидаги муносабатлар, юмшоқ қилиб айтганда, таранглигича қолмоқда.
Собиқ директор ўғирлик айби билан ишдан кетди, бироқ янги директорни тайинлайдиган бошқарувда қолади. Бунақа тартиб қандай иш бериши мумкинлиги ҳақидаги савол советча тўсиққа дуч келди. Бундай ишлаш жуда оғир бўлиши тайин.
Мен ҳамкорлик қандай бўлиши мумкинлиги ва албатта Москвадаги Пушкин музейида айрим суратлар намойиш этилиши билан қизиқдим. Кимдир, музейни Тошкентга кўчиринглар, фақат кўчиринглар, деб айтди ва мен бунинг сабабини тушунгандай бўлдим.
Биз Нукусдан чўл орқали деворлар билан қуршалган марварид шаҳар Хивага йўл олар эканмиз, исломдан олдинги даврларга мансуб саҳродаги қалъалар ёнида тўхтаб ўтаётиб, Савицкий ушбу жой суратини чизганини эсладик. Мен нафақат буюк рассомлар чизган суратлар, қолаверса, Ўзбекистоннинг тўқимачилик ва сопол буюмлари билан ҳам қизиқиб қолдим. Аёллар сепи учун “сўзана” деб аталадиган гобеленларга унумдорлик рамзлари: бўлиқ анорлар, қушлар, шохлар ва матога кўчирилган сирли истакларини тикади. Савицкий уларни ҳам коллекция қилган.
Гарчи Ўзбекистоннинг бошқа жойлари кўпроқ томошабоп бўлса-да, Нукус ёдимда қолди. Қизиғи, музей аксарият бадиий галереялар қўллайдиган “совғалар дўконидан чиқиб кетиш” тажрибасидан анча йироқ. Бу – рассомлар жонини тиккан санъат. Ўша асарларни йиққан киши уларни сақлаб қолишга умрини бағишлаган эди. Савицкий вақти келиб, ўша рассомлар тан олиниши ва оқланишига ишонган.
Абу-Даби ва ҳатто Лас-Вегас сингари шаҳарлар ўз маданият пойтахтига айни асарларни намойиш қилиш учун бадиий галереяларини ишга солиб, пул тўласа, эҳтимол ушбу ноёб музей омон қолармиди? Бу – ҳозирги ҳолатнинг тескариси. Тез орада одамларни ўша ёққа олиб бориш кимнингдир ишига айланади.