Ўзбекистоннинг меъморий гўзаллиги бутун дунё сайёҳларини мафтун этмоқда, аммо Гўр Амирни мақбарасини орқалаб кетиб бўлмайди. Лекин бу гапнинг гуллик пиёлаю чойнакларни, сўзана билан икатнинг (хонатлас) сербўёқ нақшларига дахли йўқ. 90-йилларда Oscar de la Renta компанияси Pierre Balmain мода уйи учун икат нақши[1] солинган ипак матолардан иборат баҳорги-ёзги коллекцияни яратди. Модельер бунинг учун Ўзбекистонга келди.
Муаллиф
Снежана Атанова
Ёрқин нақшлар чет эллик кутюрьелар коллекциясига тобора кўпроқ кириб бормоқда. “Balenciaga”, “Gucci”, “Roberto Cavalli”нинг «haut couture»си, “Zara”, “HM” ва “Forever 21”нинг масс-маркети, “Hermès”нинг идишлар коллекцияси, “Antropologie”, “Susan Deliss” и “Madeline Weinrib” интерьер коллекциясида икат ва сўзанадан фойдаланилади, бироқ улар асл манбани ошкор қилмайди. Айни чоқда Самарқанд ва Бухоро ипаги бетакрорлиги XIX асрдаёқ француз сайёҳларини мафтун этган эди. Уни на Париждаги “Лувр” музейи, «Прантемп» савдо мажмуаси ва на “Бон Марше” универмагидан топиб бўлишини қайд этиш лозим… [2] Ғарб мода олами Ўрта Осиё маданиятини ўзлаштириб олаётган ва дунёга машҳур брендлар бошқаларнинг нақши ҳисобига обрў қозонаётган пайтда ўзбек дизайнерлари коллекцияларини яратмоқда, улар бир кун келиб, жаҳонга Ўзбекистон ва бутун минтақанинг маданий анъаналари ҳақида сўзлаб бериш орқали адолатли мувозанатни тикласа ҳам ажаб эмас.
Асллик ва миллий хусусиятлар, замонавийлик ва анъанавийлик – “ўзбек модаси” ҳақидаги саволга жавоб бериш чоғида энг кўп ишлатиладиган сифатлардир. Мен Ўзбекистонга келишимдан олдин маҳаллий кутюрьеларнинг урф бўлган либослари ҳақида Қозоғистон, Қиорғизистон ва Туркманистондаги дўстларимдан эшитган эдим. Ўзим учун ушбу мода оламини кашф қилиш ва маҳаллий дизайнерлар қандай мода тамойилларини яратаётганини билиб олиш учун Тошкентга келдим.
Тошкентнинг “Чорсу” ёки Самарқанднинг “Сиёб” бозоридаги нақшларга бой кийим-кечак ва аксессуарлар бичим оддийлиги сабаб сараликка даъво қилмайди, бироқ уларнинг нақши, ранглар гаммаси, тайёрланган жойи ва ишлаб чиқариш услуби мутлақо ўзига хосдир. Ушбу санаб ўтилган компонентлар дизайнерлик коллекцияларида ижодкорона ёндашув ва ижро сифати билан уйғунлашиб кетади. На унисини, на бунисини масс-маркет маҳсулоти деб бўлмайди. Бозордан харид қилинган адрас чопонни “HM” брендига тааллуқли кўйлак билан – гарчи ўша кўйлак қимматроқ бўлса ҳам – солиштириш қийин.
Ўзбекистондаги мода тамойилларига умумий назар ташлаётиб, коллекциялари замонавий ва айни пайтда анъанавий бўлган уч нафар дизайнер ҳақида сўз юритмоқчиман. Улар ижодини қуйидагилар бирлаштириб туради: биринчидан, уларни ўзбек усталари маҳаллий материаллардан Ўзбекистоннинг ўзида ишлаб чиқарган; иккинчидан, улар мамлакатдаги тўқимачилик анъаналари ва халқ амалий ҳунармандчилигини ривожлантириш ва сақлаб қолишни рағбатлантиради; учинчидан, маданий меросни қўллаб-қувватлайди ва миллий либосларни брендлашда ёрдам беради; тўртинчидан, мода соҳасидаги хусусий тадбиркорлик ушбу соҳанинг эркин ривожланаётганидан далолат беради. Ниҳоят, ўзбек модаси миллий ҳамжамиятдаги демократия ва ҳамкорлик хусусидаги кўп нарсаларни баён қилиши мумкин.
Fatima
“Фатима” бренди бутиги – хос дўкони Регистон майдони ва Биби Хоним мақбараси яқинидаги пиёдаларга мўлжалланган “Тошкент” кўчаси савдо галереясида жойлашган. “Фотима” бутиги Шарқ эртагига менгзайди: рангин чопонлар ва икат нақши бор кўйлаклар, тикма гуллар билан безатилган сўзана ва аёллар сумкалари. Бренд эгаси ва унга илҳом берувчи Фотима Ғуломова коллекцияларини 90-йиллардан бери яратиб келади. У турфа рангли нақшинкор тасмаларни қандай тиклагани, сумкалар учун адрасдан пэчворк – қурамалар ясагани, марғилонлик усталар матоларини соатлаб танлагани ҳақида эски суратларга қараб анча вақт гапириб бериши мумкин. Шоу-рум –кўргазма хонаси ёнидаги ишлаб чиқариш цехида ўнлаб тикувчилар ишлайди. Кўргазма хонасидаги чеварлар ишлар бетакрор эканига шубҳа қолдирмай кашта устига эгилади. Демак, Самарқандда “Фотима” брендининг шарофати билан иш ўринлари яратилмоқда, анъанавий чеварлик амалиёти ва ҳунарлари тикланмоқда, сақланмоқда ва қўллаб-қувватланмоқда. Манекенларга икатдан нозик ямоқлар солинган кўйлаклар кийдирилган, коллекциянинг асосий қисми ипак чопонлар, анъанавий костюм унсурлари ва анъанавий каштадан иборат.
Қозоғистонлик сайёҳлар бутикка айни шу анъанавийликни излаб кирди ва чопонлар харид қилди. Германиялик сайёҳлар сўзана, россиялик сайёҳ хоним эса гул солинган сумкаларни олиб кетди. Анъанавий кийимлар ва безак буюмлари – Самарқанд бозоридаги харидорбоп товар. “Сиёб” бозорига бориш учун савдо галереясидан беш дақиқа юрилса кифоя. Анъанавий кийим турлари – мўл-кўл, товарлар – серҳашам ва бетакрор, бозордаги нархлар бир оз паст, бироқ дизайн ва тикилиш сифати ҳамда ижодкорона ёндашув билан ўзаро фарқ қилади. Шунинг учун кўпни кўрган сайёҳлар “Фотима” дўконига ошиқади.
Kanishka
Илк марта ушбу бренд ҳақида ашхободлик дугонамдан, кейинчалик эса бишкеклик ва москвалик дўстларимдан эшитган эдим. Шу сабабли Тошкентга келган биринчи кунимоқ “Канишка”га йўл олдим. Ушбу коллекцияда анъанавий кийимлар йўқ, фақат ва фақат шаҳарликларнинг кундалик ҳаёти учун зарур бўлган футболкалар, свитшотлар[3], рюкзаклар, белни сириб турадиган ва “молния”си қиялаган чарм курткалар ва гардеробнинг бошқа буюмлари бор. Бироқ икат билан сўзана трикотаж устига босиладиган булутли ва рангин тасвирлар ҳамда чармга босиладиган босма нақшларда кўзга ташланади. Принт – босма нақшлар коллекцияси ранг-баранг. Ўзингиз таққослаб кўринг – уларда Шарқ миниатюраси ҳам, Микки-Маус ҳам, сунъий йўлдош фонидаги ўзбек қизлари суратлари ҳам бор.
Тошкентда “Канишка”ни кўпчилик билади. Бутикни излаб йўлдан адашганимда кўчадаги йўловчилар йўл кўрсатиб юборди. Бренд номи Кушон подшоҳи Канишка (милодий 115-137 йиллар) номидан олинган. Бир замонлар Марказий Осиёнинг асосий қисми Кушон подшолигига қараган. Айни ҳолатда бренд тарихи мамлакат ва минтақа тарихи билан уйғунлашмоқда. Бренднинг ялтироқликдан холи ва истеъдодли эгаси Алексей Маньшаев – ишининг устаси. Унинг корхонасида бир қанча ихтисослаштирилган цехлар бор, жамоаси – катта. Шу тариқа янги иш ўринлари яратилмоқда. Ходимларининг бири шу ерда футболкаларга принт босишдай янги касбга эга бўлибди. Бинобарин, “Канишка” маҳаллий кадрларнинг малакасини оширмоқда. Бошқа бир Тошкентдан Москвга кетиб қолган ходима шу ерда ишлаш учун қайтиб келибди. Бренд шу йўл билан истеъдодларни мамлакатда олиб қолмоқда. Бренднинг ижтимоий тармоқлардаги саҳифаси учун суратлар ишлаб чиқариш цехида тайёрланади. Инстаграм ва Фейсбукдаги Kanishka_dsgn саҳифаларининг мамлакат ва чет эллардаги жами обуначилари сони 50 мингдан ошади. Бренд “Gucci” (30 миллион обуначиси бор) ва “Balenciaga” (8 миллион обункачиси бор) сингари машҳур ва таъсир кучини орттириш учун миллонлаб обуначиларга эга бўлиши лозим. Бошқа томондан, “Канишка” билан “Фотима” миллий-минтақавий ўлчам нуқтаи назаридан ўз ўрнини топди ҳам. Улар юқори подиумлар ва халқаро аудиторияни забт этишга интилмаётган кўринади.
Bibi Hanum
«Bibi Hanum» бренди халқаро эътирофга эришишга интилмоқда. Унинг маҳсулотлари Жорж Вашингтон университетининг Тўқимачилик музейидаги сувенирлар музейига қўйилган. «Bibi Hanum» коллекцияларини Вашингтон шаҳридаги “Smithsonian Folklife Festival”, Нью-Йоркдаги “Coterie”, Ливерпулдаги “International Business Festival” ҳамда бошқа кўргазма ва фестивалларда намойиш этмоқда.
Бренднинг асосий вазифаси Тошкент, Фарғона водийси ва Навоий вилоятидаги ўзбек аёлларига иқтисоидй имконият беришдан ва мамлакатнинг маданий меросини сақлаб қолишдан иборат. Бренд асосчиси Муҳайё Алиева ишни оилавий “Velvetine” ательесини очишдан ва у ерда синглиси билан бирга ишлашдан бошлаган эди. «Bibi Hanum» бренди кейнчалик пайдо бўлди. Унгача Муҳайё Нидерландиянинг миллий чопонни тиклаш ва оммалаштиришга мўлжалланган грантини ютиб олди. «Bibi Hanum» коллекциясида чопон мавзуси жуда ранг-баранг, умуман, абрли (беқасам) безак ва сўзана каштаси билан безатилган кийим-кечак, аксессуарлар ва уй интерьери буюмлари кўп, ёғочдан ясалган ва икат безаги берилган аёллар тақинчоқлари ҳам бор.
Олдинги брендлардан фарқли ўлароқ, «Bibi Hanum» маҳсулотларини аҳолининг аксарият қисми сотиб олиши қийин. Таққослаш учун бир мисол: шойидан тикилган қопчиқ камида 62 доллар туради, ваҳоланки, “Канишка” брендининг икат ёки сўзана мавзусидаги гул босилган чарм қопчиғи – 25 доллар.
Шундай қилиб, «Bibi Hanum» брендига тегишли икат ва сўзанани оммалаштириш 200-1000 доллар тўлашга тайёр халқаро ва бадавлат аудитория билан чекланади. Гапнинг пўскалласини айтганда, ўзбекистонликлар «Bibi Hanum» маҳсулотларини харид қилиш имкоинятга эга эмас. Бошқа тарафдан, “юксак мода” маҳсулотлари чекланган миқдорда бўлиши азалдан маълум. Коллекцияни айнан ўзбек дизайнери намойиш этаётгани эса таҳсинга лойиқ. Бу хонатлас ва ёрқин сўзана жаҳон подиумларидаги жуғрофиясини белгилаш имкониятларини оширади.
Мода ҳар доим жамиятга таъсир кўрсатиш воситаси бўлиб келган ва келмоқда. Бойлик ва юксак мақом, вестиментар[4] услубни кўз-кўз қилиш жамиятдаги қарама-қаршиликни кучайтириши ҳам ёки мақом ва даромад тенглигини ифода этиш билан айни жамият вакиллари ўртасидаги алоқаларни мустакамлаши ҳам мумкин[5]. Замонавий ўзбек фэшн саноатининг демократик потенциали ўзбеклар жамияти барча вакилларининг анъанавий матолар, булутсимон икат ва нақшли сўзанага содиқлиги ва уларни қўллаб-қувватлаши, маҳаллий кийим-кечак ишлаб чиқарувчилар ва улар маҳсулоти рақобатбардошлиги, фэшн-тадбиркорликнинг эркин ривожланиши ва мамлакатда янги иш жойлари яратиш билан ифодаланади.
Мода кўпинча хосларга мансуб нарса деб қаралади, бироқ икат билан билан сўзана юксак мода оламига ўзбек усталари қўли билан етиб борди. Ўша усталар ўз яратиқларини Марказий Осиё бозорлари ва маҳаллий дизайнерлар устахоналарига етказиб бериб туради. Икат ва сўзана безаклари ҳамиша Марказий Осиё тарихи, маданияти ва кийим-кечак услубининг бир бўлаги бўлиб қолаверади. Улар ҳар доим “Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган” дея эътироф этилаверади.
Ўзбек модаси олами ўта ранг-баранг. Бичим соддалигини безаклар мураккаблиги ёпиб кетади, анъанавийлик замонавийлик билан рақобат қилади, халқбоплик хосликни тўлдиради. Картина тўлақонли бўлиши учун ўзбек модасининг яна бир неча гуру – усталари билан таништирамиз, уларнинг ишлари мамлакатда ҳам, ундан ташқарида аллақачон шуҳрат қозониб бўлган. Ушбу дизайнерларни халқ санъатини сақлаб қолиш, анъанавий шакл ва материалларни замонавий ҳаёт маромига мослаш, халқаро аудиторияга сўзана билан икат Марказий Осиёдан келиб чиққани ҳақида ҳикоя қилиш иштиёқи бирлаштириб туради. Бошқа тарафдан, улар коллекциялари ва маҳсулот яратилишидан харидоргача бўлган даражадаги ҳамкорлигида қанчадан-қанча ҳикмат бор, уларни турли чорчўплар орқали талқил қилиш мумкин: мода ва барқарор ривожланиш, мода ва трансмиллийлик, мода ва шарқшунослик, мода ва пост-колониализм, мода ва демократия.
Дилдора Қосимова, “Дилдора Касимова” бренди эгаси
Ўзбекистон “Мода ҳафталиги”нинг доимий иштирокчиси, «The MAG» журнали талқини бўйича 2016 йил дизайнери. Шарқ билан Ғарбни моҳирона уйғунлаштиради. Майда мунчоқлар ва ипак билан безатилган Виктория услубидаги енгсиз пальтоларга тиккан нақшлари икат безакларини эслатади. Бир этаги иккинчисининг остига кирувчи юбкалар тикиш учун сўзанадан фойдаланади. Шойи адрасдан тикилган қатъий силуэтли классик костюмлар ва кесик енгли жакетлар Шарқ миниатюраларини эслатади.
Дилноза Умирзоқова, “Anor Atelier”м бренди эгаси
Чет тиллар институтини битирган, бугунги кунда жаҳон мода кўргазмалари иштирокчиси. Коллекциясида кўҳна ўзбек бичими “Нурсак”ка кўп эътибор қаратади.
Бренднинг башанг мантолари ўтган асрда Бухоро воҳасида кийилган ва кенг тарқалган калтача чопонини эслатади. “Мини” услубида тикилган дадил кўйлаклар этаги ерга тегадиган бурмали моделлар билан бирга намойишга қўйилган.
Александра Чичинова, “Sa-Sha” бренди эгаси
Халқаро кўрик-танловлар совриндори ва ЮНЕСКОнинг сифат белгисини олишга номзод икат безаклари бор трикотаж свитшот, шойи адрасдан башанг сумкалар, беқасамдан мини-кўйлаклар тикади, яна чопонни жинси билан кийишни таклиф этади. Александра “деграде” эффектини қўллаш орқали икат безаклари билан эксперимент қилишдан чўчимайди. Унинг коллекциясида тарихий ўтмишни эслатувчи моделлар ҳам бор. Масалан, сохта енглари орқасига қадалган паранжи кўйлаклар бунга мисол бўла олади.
Саида Амир, “Saida Amir” бренди эгаси
Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институти ҳамда Британиянинг Авлиё Мартин коллежини битирган. Сўзана кашталаридан илҳомланиб яратилган безаклар кўз тегишидан асрайди ва моделларга футуризмга хос антураж беради. Моделлари орасида ўзбекча қавилган классик жакетлар бор. “Сўзана – илҳом сифатидаги мерос”, “Янги сарт аёллар ёки сарт аёллари орадан бир аср ўтиб”, “Шарқона эҳтирослар” ва “Наврўз” сингари коллекциялар муаллифи.
Зулфия Султон, “Zulfiya Sulton” бренди эгаси
Миллий рассомлик ва дизайн институтини битирган, Ўзбекистоннинг етакчи дизайнерларидан бири. Бир қанча таниқли ўзбеклар Зулфия кийимларини танлайди, унинг коллекциясида кечқурун кийиладиган либослар кўп, уларда вазнсиз ва шаффоф ипак мато ҳамда Марғилон эксельсиори ёрқин шойи ва адрас билан уйғунлашиб кетади. кўплаб мода кўргазмалари иштирокчиси бўлган Зулфия экспериментлар қилишдан чарчамайди: адрас устига ипак нақшлар тикади, чопон этагига волан – бурма қўшади, сўзана нақшлари билан безалган нафис бахмал пальтолар ва адрасдан тикилган узун орқа этакли муҳташам тўй кўйлакларини яратади.
Лали Фозилова, “LALI” бреди эгаси
Таниқли дизайнер, “LALI” мода уйи асосчиси. Ўзининг эскизлари асосида адрас ва хонатлас тўқийдиган марғилонлик усталар билан бевосита ҳамкорлик қилади. Улар биргаликда турли ранглардаги эксельсиорни яратди. “LALI”нинг образлари бўёқ ва фактураларнинг ақл бовар қилмас қоришмасини ўзида мужассам этган: кўк клёш – тўқ кўк булут безакли адрас улоғи бор кенг болоқли жинсилар, икат тасвири туширилган деним матосидан тикилган сербар куртка, хон бахмали деб аталувчи матодан тўқилган ёрқин бўёқли мантолар. Дизайнернинг айрим ишлари арт-объектларга ўхшайди.
Денис Томилин, “Denis Tomilin” бренди эгаси
Тошкент тўқимачилик ва енгил саноат институтини битирган. Республика фестиваллари ва мода ҳафталиклари иштирокчиси, Ўзбекистон Бадиий академияси аъзоси. «Машраб», «Духоба», «Байрамона» ва бошқа бир қанча коллекциялар муаллифи. Жинси матоси ва қайнатилган шойига абрли расмлар чизади. Самарқанд ва Бухоро меъморчилигининг олтин рангини берувчи муҳридан фойдаланади. Хонатлас, ўзбек крепдешини ва парашют матоси билан экспериментлар қилади.
[1] Smithsonian’s Freer/Sackler weaves together traditional and contemporary fashion. http://www.alaintruong.com/archives/2018/03/25/36261454.html (24.11.2018)
[2] Napoleon Ney. En Asie Centrale à la vapeur. Paris. 1888. P.426
[3] Свитшот (ингл. sweatshirt сўзидан) – свитернинг толстовкага ўхшаган бир кўриниши. – Таржимон.
[4] Vestimentum (лот.) “кийим” маъносида – Тарж.
[5] Miller, Joshua. 2005 .Fashion and Democratic Relationships. Northeastern Political Science Association 0032-3497/05 $30.00 www.palgrave-journals.com/polity