Соғинбой Ибрагимов
Соғинбой Ибрагимов 1956 йилда Қорақалпоғистон Республикаси (Ўзбекистон) Қўнғирот туманида туғилган. 1982 йилда М. Горький номидаги Адабиёт институтини тугатган. Нукусда китоб нашриёти муҳаррири, Қорақалпоғистон Ёзувчилар уюшмаси раиси ўринбосари, “Амударё” адабий журналининг бош муҳаррири, Маънавият ва маърифат марказининг раис ўринбосари каби лавозимларда меҳнат қилган. Адиб қорақалпоқ ва рус тилларида ижод қилади. Соғинбой Ибрагимов 2016 йилда танланган шеърлари тўпламини нашрдан чиқарди. Унинг қорақалпоқ ва рус тилларидаги асарлари www.katharsis.su сайтига жойлаштирилган ва шоирнинг Фейсбукдаги саҳифаларида эълон қилиб борилади. Соғинбой Ибрагимов 1988 йилдан буён Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон Ёзувчилар уюшмаси аъзосидир. Адиб Нукус шаҳрида истиқомат қилади.
– Қорақалпоқ халқи ўзининг достонлари – оғзаки халқ асарлари билан машҳур. Сизнинг “Шахриёр”, “Маспатша” каби достонларингиз ўзбек тилига таржима қилинган… 20 асрнинг йирик носирларидан бири Тулепберген Каипбергенов ўз халқининг ўтмиши ҳақидаги трилогиясини – “Қорақалпоқлар ҳақидаги достон” деб атаган эди. Қорақалпоқ шоири учун фольклор нимани англатади?
– Ҳа, турк тилли халқлар ўртасида қорақалпоқ халқи ўзининг кенг ва кўп қиррари фольклор эпоси билан машҳур – бизнинг 5 мингдан 20 минг сатргача бўлган қарийб 50 та достонларимиз бор. Булар – “Алпомиш”, “Коблан”, “Едиге”, “Қирққиз”, “Шахриёр”, “Гўрўғли”, “Ғариб Ошиқ” ва бошқалар. Деярли барча турк тиллари бир-бирига жуда яқин бўлгани боис бошқа турк халқлари вакиллари бу эпосларни асл нусхасида ҳам ўқий оладилар. Ушбу достонларнинг айримлари Европа тилларига таржима қилинган. “Қирққиз” достони Арсений Тарковский, “Шахриёр” достони Сергей Северцев томонидан рус тилига, “Едиге” эпоси таниқли туркшунос профессори Карлом Райхл томонидан немис тилига ўгирилган. Қорақалпоқ эртаклари Куатбай Утегенов томонидан инглиз тилига таржима қилинган ва чоп этилган.
Туркшунос-фольклоршунослар ишларида қорақалпоқ достони ўзининг бадиий сифатларига кўра кенг таҳлил қилинади ва юқори баҳоланади. Менинг кўп шеърларим қорақалпоқ фольклоридан илҳомланиб ёзилган. Сўнгги йилларда маданий тадқиқотлар билан шуғуллана бошладим – “Едиге” достони, қорақалпоқ тарихий ривоятларининг ақлий асосларига бағишланган бир қанча эсселарим бор.
– Қорақалпоқ шоири Соғинбой Ибрагимов қандай интеллектуал ҳаёт тарзини юритмоқда?
– Бальзак ва Золя, Пушкин ва Блоклар бирорта идорада ишламаган, улар ижод билан шуғулланган. Мен ўзимнинг бошқа ҳамкасбларим сингари идораларда ишлаганман – китоб нашриётида, газета ва журналлар таҳририятларида, Ёзувчилар уюшмасида фаолият юритганман. Кечалари шеър ёзардим, уларни таржима қилардим. Эллик ёшга тўлганимда эса, болаларим ишдан кетиб, ижод билан шуғуллинишим кераклигини айтишди. Улар энди катта бўлиб қолишган, ўзлари турли ишларда ишлашарди.
Шу билан мен, қорақалпоқ халқи тарихи билан шуғуллана бошладим, қорақалпоқ халқининг келиб чиқишига оид ҳозирги концепция мени қониқтирмади. У тарихий фактларга эмас, уларни тўқиб чиқарган муаллифларнинг тахмин ва уйдирмаларига асосланган. Шунинг учун мен рус тилидаги – “Қорақалпоқлар. Ўтмишга қайтиш” ва қорақалпоқ тилидаги “Бердақнинг “Шажара”си ва қорақалпоқлар” номли этнотарихий эсселаримни ёздим.
Мумтоз шоиримиз Бердақ 19 аср охирида “Шажара” достонини ёзган. Унда муаллиф шеърий шаклда ўз даврининг тарихий ривоятларини баён қилган. Мен ўз асарларимда Бердақнинг тарихий маълумотларини 20 аср профессионал тарихчиларининг илмий изланишлари билан боғлайман.
Энди ана шундай илмий-оммабоп тусдаги асарлар устида иш олиб боряпман. Бу “Қорақалпоқ халқининг маънавий маданияти” деб номланади. Шунингек, мен барча шеърларимни тўплаб, 60-йиллигимга ўз ҳисобимдан танланган асарларимни чоп этдим. Кўп китоб ўқийман, китобларни қайта-қайта ўқишни хуш кўраман. Масалан, сўнгги ярим йил ичида Пушкиннинг ўн жилдлик асарларидан учинчи жилдини (унда буюк шоирнинг 1827-36 йилларда ёзган шеърлари жойлашган), Тютчевнинг китобини ҳамда Тарковскийнинг “Инсон бўлиб қолмоқ” асарини қайтадан ўқиб чиқдим.
Менинг ана шундай қайта-қайта ўқиб турадиган асарларим бор. Ҳар уч-тўрт йилда ўзбек тилида Абдулла Қодирийнинг “Ўтган кунлар” ва “Меҳробдан чаён” романларини, Сабит Мукановнинг қозоқ тилидаги “Ҳаёт мактаби” мемуар дилогияси ва “Ёруғ муҳаббат” асари, Виктор Астафьевнинг рус тилидаги “Царь-рыба” ва “Сўнгги таъзим” асарларини ўқиб чиқаман… Бу йили Эмма Герштейннинг “Хотиралар”ини учинчи марта ўқиб чиқдим шекилли. Бу менга ўзимда интеллектуал руҳни юқори даражада сақлаб туришга ёрдам беради.
“Солномалар мактаби” даги тарихчилар бир неча йил олдин қўлимга тушди ва қайта-қайта ўқийдиган асарларим рўйхатидан жой олди. Сўнгги ярим йил ичида Жак Ле Гоффнинг «Ўрта аср интеллектуаллари», Робер Фоссьенинг «Ўрта аср одамлари», Пьер Шонюнинг «Маърифат Цивилизацияси»ни бошқатдан ўқиб чиқдим. Турк тилида Орхан Памукнинг “Истамбул. Хотиралар шаҳри” романини ўқидим. Инглиз тилида К.В. Финдлининг “Жаҳон тарихида турклар” (Carter Vaughn Findley, The Turks in World History) ва П. Франкопаннинг “Ипак йўллар” (Peter Frankopan, The Silk Roads) номли асарларини ўқидим.
Ҳар йили ўзимизнинг “Алпомиш”, “Коблан”, “Едиге”, “Шахриёр”, “Гўруғли”, “Ғариб Ошиқ” достонларимизни, тарихий ривоят ва эртакларимизни ўқиб тураман – уларда халқимнинг руҳи сингган. “Еврокино” телеканалидан турли хил киноларни, “Наука 2.0”, “История”, “Культура” каналларидан илмий-маърифий кўрсатувларни томоша қилиб тураман. Интернетда polit.ru сайтига кириб, мени қизиқтирган мавзулар бўйича маърузаларни томоша қиламан ёки ўқийман, машҳур Татьяна Владимировна Черниговская билан суҳбатлар ва унинг маърузаларини қайта томоша қиламан ва қайта ўқиб чиқаман.
– Қачондан бошлаб шеърият билан шуғуллана бошлагансиз? Агар мумкин бўлса, бир йилда нечта шеър ёзасиз, деган савол билан сизга мурожаат қилсак?
– Саккиз-тўққиз ёшимдан бошлаб, сатрларни қофияга солишни бошлаганман. Маълум мавзу бўйича шеър ёзиш тахминан ўн икки – ўн уч ёшларимдан бошланган. Бир йилда нечта шеър ёзишимга келсак, буни ҳали ҳисоблаганимча йўқ, лекин буни билиш учун менинг якуний шеърий тўпламимга қараш керак, у ерда барча шеърларим хронологик тартибда жойлашган.
Тахминан 40 ёшимга етмасдан, шеър ёзолмай қолганимни сезганман, лекин ўша пайтда ҳар қандай мавзу бўйича шеър тўқиб бера олганман. Мен бундан – ёзувчиликка беҳуда уринишдан қўрқиб кетганман ва ёзишга ўзимни ортиқча мажбурламаганман. Шундай қилиб, мен деярли 20 йилча ёзмай юрдим – баъзан нимадир келиб қолар, мен уларни қоғозга тушириб, қайта ишлардим, улар қоғоз парчалари ва блокнотларда қолиб кетарди. 2018 йилнинг бошларидан фикримни шеърий сатрларда баён қилиш бўйича менда ички эҳтиёж пайдо бўла бошлаган. Ўшанда мен бир ой давомида дерли ўнта шеър ёзганман. Кейин бу нарса яна йўқолди… Бироқ мен бу ҳақда ортиқча бош қотирмайман – илҳом келса ёзаман, келмаса ёзмайман…
– Сизнинг ўқувчиларингиз кимлар? Сиз ўз ўқувчингизни ўзингизча тасаввур қиласизми ёки кимдир ўқиб қолар деган мақсадда ёзаверасизми?
– Беш-олти нафар киши мени асарларимни тушуниши, яна юзга яқини шеъриятни ҳурмат қилганидан мени китобларимни харид қилишини аниқ биламан. Менинг ўқувчиларим кўп эмас. Совет мафкураси “санъат санъат учун” назарияси тарафдорларини лаънатлади, бироқ шеъриятнинг инсон ва жамият ҳаётидаги ўрнига оид менинг қарашларим бу концепцияга яқинроқдир.
Гуллаб-яшнайдиган, жўшқин жамият элитар санъатнинг ривожланишига тўсқинлик қилмайди, гарчи омма учун ундан наф бўлмаса ҳам, унинг яшашига имкон беради.
– Бадиий ижоднинг жамиятдаги ўрни ва аҳамиятига ижтимоий ўзгаришлар қандай таъсир кўрсатади?
– Маданий, жумладан бадиий ижод – жамият ҳаётининг ҳосиласи. Агар жамиятда тартиб бўлмаса, баъзан ҳалокатлар содир бўлиб турса – бу жамиятда яраладиган маданиятда ҳам салбий, бузғунчи жараёнлар юз беради.
Сўнгги йигирма йил ичида ўз алифбомизга ножоиз бўлган ўйинларни кўп киритдик – дам турк алифбосидан намуна олдик, дам ундан воз кечиб, ажратиш белгили ҳафларни ўйлаб топдик, кейин ажратиш белгиларини ҳарфлар устига чизиқчалар қўйиш билан алмаштирдик…
Ва натижада функционал саводсиз авлодни пайдо қилдик. Бугунги кунда битирувчиларимиз тутилиб бўлсада, ёзилган матнни ўқиб бера олади, бироқ уларнинг айримларигина унинг маъносини тушуниб баён қилиши ёки ўз фикрини қоғозга тушириб бера олиши мумкин.
Мен бугун замонавий ёшларнинг аксарият қисми босма маҳсулот (қоғоз, Интернет)га ахборот манбаси сифатида муҳтож эмаслигини алам билан кузатаман. Стендаль ва Толстой даврида ҳам Франция ва Россия аҳолисининг кўпчилиги чаласавод ёки умуман бесавод бўлган, бироқ бу мени юпатмайди.
Чунки чаласавод инсонлар замонавий иқтисодиётга бас келолмайдилар, нари борса, Қозоғистон ва Россия мигрантлари сафларини тўлдирадилар. Алифбо масаласида илмий асосланган ечим бўлмаса, қорақалпоқ адабиётининг ўқувчиси бўлмайди. Бадиий ижоднинг ўзи борган сари камбағаллашади. Чунки алифбо замонавий цивилизациянинг пойдевори ҳисобланади.
Ҳукуматимиз жасорат кўрсатиб, лотин ёзувига ўтиш цивилизация зарурати эмаслигини тан олиши ва кирилл алифбосига ўтиб, рус тилининг ҳаёт учун зарур замонавий ахборот манбаи сифатидаги ролини қайта тиклаши керак, деб ҳисоблайман.
Эрих Фроммнинг “Эркинликдан қочиш”, Абрахам Маслоунинг «Самоактуализация», Жак Ле Гоффнинг “Ўрта аср Ғарб цивилизацияси” (бу рўйхатни ҳали узоқ давом эттириш мумкин) каби ижод намуналари билан танишмай туриб, биз қолоқ ва нодонлигимизча қолиб кетамиз. Дунё гуманитар ва тарихий тафаккуридаги бу ва бошқа асосий асарлар ҳеч бир турк тилида мавжуд эмас – уларни инглиз, француз, немис, рус тилларида ўқишимиз мумкин холос. Бугунги юзага келган геосиёсий шароитда “дунё дарчалари” сифатида биз учун энг маъқули бу рус тилидир.
Биз ўзимизни рус тилидаги маданий ва илмий маълумотлардан тўсиш билан, ўзимизни ижтимоий инқирозга, ижтимоий-сиёсий мимикриянинг чуқурлашуви ва депрессив (руҳий жиҳатдан сиқилган) жамиятнинг кучайишига бошлаб борган бўламиз.
– Кўпчилик ўқувчилар қорақалпоқ адабиётини Ибрагим Юсупов шеърияти ва Тулепберген Каипбергеновнинг насри орқали танишади. Улар энди орамизда йўқ. Замонавий қорақалпоқ адабиётида қандай жараён ва ҳодисалар юз беряпти? Сизнингча, қорақалпоқ адабиётининг ривожланиши қайси йўналишдан боради?
– Қорақалпоқ адабиётининг ривожланиш даври ХХ асрнинг 60-80-йилларига тўғри келди. Ўша пайтдаги Совет Иттифоқида нафақат қорақалпоқ халқи, балки, бошқа қардош халқларнинг ҳам интеллектуал-маънавий юксалиш даври бўлганига бир қанча сабаблар бор. 1940 йилда кирилл алифбосининг қорақалпоқ тилидаги хат-савод асоси сифатида қабул қилиниши ва 1957 йилда ушбу алифбога қорақалпоқ товушлари учун махсус ҳарфларни киритган ҳолда, уни тубдан қайта ишлаш бу юксалишнинг технологик асоси бўлган. 1960 йил бошидан бошлаб кирилл алифбосига ўтилган.
Йигирма йил мобайнида мазкур алифбода босма маҳсулотларни ўқий оладиган авлодлар етишиб чиқди. Таъкидлаш жоизки, кирилл алифбоси дунё тамаддунининг буюк ютуқларидан бири бўлиб, у ўз навбатида турк тилларининг фонетик хусусиятларига яхши тўғри келган. Ёзувчилик меҳнатига ҳақ тўлаш бўйича совет тизими ушбу ҳолатнинг иқтисодий асоси бўлган. Ўша пайтларда қорақалпоқ ёзувчилари (уларнинг барчаси овуллардан Нукусга кўчиб келиб) ўз гонорарларига уйлар қуришган, автомобиллар харид қилишган (“Москвич” ва “Жигули” автомобилларини). Совет ҳокимияти маданий-маърифий мақсадларда китоб маҳсулотларининг нархларини сунъий равишда паст даражада ушлаб турган. Мана шу уч ҳолат СССРнинг аҳолиси кам халқлари тилида китоб ноширлигини ушлаб турган улкан китлари эди. Кейин бу китлар бирданига денгизга ғарқ бўлди. Шуни ҳам эътироф этиш керакки, аҳолиси кам халқлар (қорақалпоқлар қарийб ярим миллион кишини ташкил этади) маданияти давлат томонидан молиявиё ёрдамга муҳтож. Адабий жараёнларни бозор ихтиёрига эркин ташлаб қўйиш мумкин, аммо бу яхшиликка олиб келмайди.
Бугунги қорақалпоқ адабиётига асосан совет давридан чиққан ёзувчилар бадиий маҳсулотларни етказиб беришмоқда. Патима Мирзабаева (1963 йилда туғилган) ни қорақалпоқ адабиётидаги сўнгги профессионал ёзувчи деб биламан. У бизнинг авлодга тегишли бўлиб, адабиётга 1980-йилларнинг бошларида кириб келган.
Патимадан сўнг замонавий адабиёт майдонида биронта профессионал адибни учратмадим – кўплаб ҳаваскорлар ёзишяпти, китоблар чоп этишяпти, ёш насрнавислар ҳафталик газеталарда турфа хил мавзулар (илоҳиёт, сотқинлик, суиқасд ва ҳоказо)да ҳикоялар битишмоқда, ёш шоир ва шоирларнинг барчаси тақлидчи…
Мен уларни ўқимайман – риторика ва турмушнавислик менга қизиқ эмас. Менга нимани ўқишни сўраб мурожаат этганларга – достонларимизни, ХХ аср классик шоир ва энг яхши ижодкорларининг асарларини ўқишни маслаҳат бераман. Афсуски, олий маълумотли дипломга эга менинг ёш дўстларим қорақалпоқ ва ўзбек тилидан бошқа тилларни билишмайди. Агар улар рус тилини билишганларида эди, уларга Юрий Трифонов, Виктор Астафьев, Валентин Распутиннинг ижод намуналарини ўқишларини маслаҳат берган бўлардим…
– Хорижий китобхонга қорақалпоқ адабиётини қандай таништирган бўлардингиз?
– Бизнинг совет давригача бўлган адабиётимиз асосан шеърий асарлардан иборат бўлган. Насрда фақат эртаклар, ривоятлар ва латифалар бўлган. Наср, драматургия, адабиётшунослик фани 1920-30-йилларда кириб келди. Қорақалпоқ ёзувчиларининг илк насрий асарлари ҳозиргача энг яхши асарлар ҳисобланади – мен буни 1920-30-йилларда қорақалпоқ сиёсати ва маданиятига улкан табиий-энергетик салоҳиятга эга авлод кириб келгани билан изоҳлайман. Кейин 1930-йилларда Аллаяр Досназаров (1896–1937), Абу Кудабаев (1899–1938), Коптилеу Нурмухамедов (1903–1938) ва бошқа сиёсатчилар сталин режими билан қатл этилди, ёзувчилар ҳам тоталитар режим дастидан ажалидан олдин ўлиб кетишди.
Нажим Даукараев – “Интернатда” (1934) ажойиб ҳикояси муаллифи, 48 ёшида вафот этган. У Марказий Осиёдаги туб миллатлар орасида биринчи филиология фанлари доктори бўлган. Амет Шамуратов – “Эски мактабда” (1940) қиссаси муаллифи, 41 ёшида оламдан ўтган. Мирзагали Дарибаев – “Мингтадан битта” қиссаси (1940) муаллифи, 33 ёшида авиаҳалокатда вафот этган.
Қорақалпоқ насрининг етуклик даври 1960-80-йилларга тўғри келади. Мен Шаудирбай Сеитов (1937–1996), Узакбай Пиржанов (1937), Гулайша Есемуратова (1930) ва Оразбай Абдирахманов (1949)нинг насрий асарларини бошқа тилларга таржима қилиш учун таклиф этишим мумкин.
Амударёга сув оқимининг камайиб кетиши ва Орол денгизининг қуриши – барча қорақалпоқ шоир ва насрнависларининг энг оғриқли нуқтаси бўлган. Экологик асарлар орасида улуғ шоиримиз Ибрагим Юсуповнинг (1929-2008) асарларини алоҳида таъкидлашни истардим. Ибрагим Юсуповнинг 1988 йилдаги шеърий тўплами “Соляные ветры” (“Тузли шамоллар”), 1990 йилдаги тўплами “Берег надежды” (“Умид соҳили”) деб аталади. Шоирнинг бу ва бошқа тўпламларида “Аральские элегии” (“Оролнинг мунгли куйлари”), “Журавли” (“Турналар”), «Видение на кладбище кораблей» (“Кемалар қабристонидаги ҳиссиётлар”), “Размышления на холме Ток” (“Ток тепалигидаги ўйлар”) каби асарлари чоп этилган бўлиб, уларда шоирнинг Орол денгизи тақдирига нисбатан чуқур дарди ва денгизнинг ўз қирғоғига етишишга бўлган умиди акс этган.
– Қорақалпоқ халқининг келиб чиқишига оид сизнинг янги концепциянгиз нимадан иборат?
– П.П.Иванов – С.П.Толстов – Т.А.Жданконинг концепцияларида қорақалпоқ халқи мўғуллар босқинигача бўлган даврда Оролбўйи чўлларида пайдо бўлган дейилади, бироқ ҳеч бир тарихий манбада бу ҳақда гапирилмайди. Рус солномаларида эса, қора клобуклар (бу қорақалпоқларнинг рус тилидаги шундай деб аталиши) – черни клобуклар номи остидаги этник уюшма 12 аср ўрталарида Переяславск, Черниговск ва Киев князликлари чегара ерларида Днепр дарёсининг ўрта оқими бўйларида пайдо бўлган дейилади. Худди шу солномаларда мазкур этник бирлашма жанубий рус князларига ҳарбий хизматга ёлланган ва ўз хизмати учун ушбу ҳуддуда жойлашиш учун ер олган ўғузлар, бижанак ва қипчоқлардан ташкил топгани айтилади. Халқимизнинг номи “қора қалпоқлилар” эмас, “ҳарбий кишилар”, “хизматдаги кишилар” деган маънони англатади. Илгари бу жамоа ўз қўшинларини шундай деб атаган, кейин эса, бу ном этник уюшманинг номига айланди.
Буюк рус археологи Г.А.Федоров-Давидов ўзининг “Общественный строй Золотой Орды” (“Олтин Ўрданинг ижтимоий қурилмаси”, 1973й) номли китоби рус солномаларидаги черни клобукларнинг мўғуллар маъмурлари томонидан Волжск-Яицк икки дарё оралиғига юборилганини исботлади.
Буюк тарихчи Павел Петрович Иванов (1893-1942) Ленинград қамалида вафот этган, қадимий Хоразмни ўрганган яна бир тадқиқотчи Сергей Павлович Толстов (1907-1976) бир неча юрак ҳуружи туфайли умрининг сўнгги йилларида деярли ишлолмай қолган.
Яна бир буюк этнограф Татьяна Александровна Жданко (1909–2007) қорақалпоқ этногенези ҳақидаги тасаввурларини П.П.Иванов ва С.П.Толстовнинг тахминлари асосида қорақалпоқларга бағишланган “Народы Средней Азии и Казахстана” (“Ўрта Осиё ва Қозоғистон халқлари”, 1962-63йй.) номли биргаликдаги асарда баён этади ва қайтиб бу мавзуга бошқа қайтмайди.
Яъни улар Герман Алексеевич Федоров-Давидов (1931-2000)нинг кашфиёти ҳақида билганларида эди, қорақалпоқлар тарихини мен айтганимдек талқинда баён этган бўлардилар.
– Марказий Осиёдаги қандай асарлар ва қайси муаллифларни юксак қадрлайсиз?
– Совет Иттифоқида турк халқларининг ягона ахборот макони яратилган эди – мен болалик ва ўсмирлик йилларимда рус тилини яхши билмасдим, дунё адабиёти билан қозоқ ва ўзбек тиллари орқали танишганман. Мен шунингдек, ана шу халқларнинг ёзувчилари – Мухтор Авезов, Сабит Муканов, Абдулла Қодирий, Абдулла Қаҳҳор ва бошқа адиблар ёзган асарларни ҳам ўқиганман. Шу боис бизнинг совет давридаги ўтимишимизни асоссиз ёмонлаш керак эмас – ҳа тўғри, бу муваффақиятсиз чиққан ижтимоий-сиёсий лойиҳа бўлган, бироқ унинг ижобий томонлари ҳам бўлган.
Барча нашрлар “Книготорг” ташкилоти орқали қозоқ ва ўзбек тилларида бизнинг қорақалпоқ дўконларимизга келиб турган. Бу ҳақда – қозоқ адабиётининг бошқа турк адабиётларига кўрсатган таъсири тўғрисида Қозоғистоннинг бош газетаси бўлмиш «Егемен Казахстан» газетасида 2017 йил 26 январдаги сонида чоп этилган ўзимнинг “Свет кочевой культуры” (“Кўчманчи маданият тонги”) номли эссемда ёзганман.
Қозоқ тилида йирик насрнавис Оралхан Бокеев (1943–1993)нинг асарларини ёқтираман. Унинг асарлари рус, инглиз, немис, хитой, япон, араб ва бошқа тилларда нашр этилган.
Менинг ёши улуғ дўстим ва энг севимли шоирим қирғиз шоири, эссечи ва драматург Эгемберди Эрматов (1951–2017) бўлган.
Ўзбек шеъриятида Матназар Абдулҳаким (1948–2010)нинг асарларига юқори баҳо бераман.
Марказий Осиё халқлари адабиёти билан танишлигим туфайли шуни айтишим керакки, ёзувчи одам ҳамма нарсани ўқийвермайди – мен ўзим ёқтирган нарсани ўқийман. Шунинг учун ҳам мен минтақамиз адабиётини яхши биламан дея олмайман – Совет Иттифоқи қулаганидан сўнг биз қўшни халқларнинг адабиётидан фойдаланолмай қолдик. Талабалик йилларимда Москвадаги “Литература народов СССР” дўконида озарбайжон, татар ва бошқа турк тилларидаги китобларни харид қилганман. Ҳозир эса, туркий халқлари ўртасида мана шундай маданий алмашиш имконияти йўқолди. Бундан ташқари, қатор туркий халқларнинг лотин алифбосига ўтиши ва Россиядаги турк халқларининг кирилл ёзувини сақлаб қолгани турк дунёсини иккига ажратиб юборди.
Ана шу тариқа, Марказий Осиёнинг ҳозирги адабий жараёни билан мен қизиқмайман, бунга менинг кучим ҳам, имкониятим ҳам йўқ. Мен минтақанинг бадиий адабиёти билан энг зўр асарлар, яъни 20 аср ва ундан аввалроқ ёзилган асрларнинг классик ёзувчилари орқали танишман.
Шуҳратжон ХУРРАМОВ суҳбатлашди.