Шaшмақом (форс-тожик тилидан сўзма-сўз таржимада “олти мақом” маъносини англатади) – Марказий Осиёнинг мумтоз мусиқий жанрларидан бири бўлиб, Тожикистон ва Ўзбекистон маданиятида кенг тарқалган. Шaшмақом нафис чолғу мусиқа ва юқори профессионал вокал санъатидир.
Шашмақом мураккаб тушунчасининг айрим томонлари сўфийлик ғоялари билан маънавий илоҳий ҳамоҳангликда ифода этилиши яқинлигига қарамасдан, бу санъат Марказий Осиёнинг сиёсий тарихи билан чамбарчас боғлиқ: унинг ривожланиши кўпинча ҳукуматнинг инжиқликларига боғлиқ бўлган. Бугун ҳам Марказий Осиёда ушбу санъатнинг мавжудлиги ва ривожланиши давлатларнинг қўллаб-қувватлаши, анъанавий мусиқачилар ғайрати ва садоқатли мусиқашуносларнинг меҳнатига катта даражада боғлиқ.
Фан доктори Александр Жумаев – Тошкент шаҳридаги етакчи мусиқашунос-санъатшунос, кўп йиллар мобайнида Марказий Осиёнинг ноёб мумтоз мусиқасини ўрганиб келмоқда. У Халқаро анъанавий мусиқa кенгашининг “Мақом” тадқиқот гуруҳи раисидир. Бундан ташқари, олим ислом ва мусиқа, мусиқага оид ўрта асрлар ёзма манбалари ва Марказий Осиё маданий сиёсати илмий мавзуларни ҳам ўрганади. Бугун Александр Жумаев ўзбек ва тожик халқларининг ўзига хос санъати бўлмиш Шaшмақом ҳақида UzAnalytics саволларига батафсил жавоб беради.
Келинг, суҳбатимизни тарихдан бошласак. Шaшмақом манбалари ва унинг ривожланиш даврлари ҳақида сўзлаб берсангиз.
Шaшмақомдек қадимий санъат ҳақидаги суҳбатни ундаги атама ва тушунчаларни ойдинлаштиришдан бошласак, мақсадга мувофиқ бўларди. Гап шундаки, бизнинг давримизда Шaшмақом билан боғлиқ иккита ҳар хил боғлиқлик мавжуд. Бухоро Шaшмақоми ва Фарғона-Тошкент мақом анъаналари синтези асосида ХХ асрда умуммиллий Шaшмақом шаклланган. Шунингдек, уни Тошкент Шaшмақоми ёки Ўзбекистон Шaшмақоми деб аташ ҳам мумкин. Худди шундай умуммиллий воқеа Тожикистонда ҳам содир бўлган – Тожикистон Шaшмақоми юзага келган. Янги турдаги Шaшмақом Бухоро Шaшмақоми билан наслий боғлиқлигидан ташқари, ўзгача бадиий-мусиқий ҳодиса ҳисобланади.
Бухоро Шaшмақоми Бухоронинг қадимий мусиқий анъаналари асосида асрлар давомида шаклланган Марказий Осиё мумтоз мусиқасининг асосий турларидан биридир.
Бухоро – Шaшмақом ватани ва ушбу санъатни ривожлантирган макон ҳисобланади. Шaшмақом ушбу кўп миллатли шаҳар мусиқа маданиятининг энг ёрқин анаъаналари ва услубларини ўзида мужассамлаштирган. Бироқ шуни ҳам таъкидлаш жоизки, Бухоро Шaшмақоми моҳиятини фақат Бухоро санъати билан чеклаш нотўғри. Эрон, Қошғар, Афғонистон, Шимолий Ҳиндистон ва ислом дунёсининг бошқа мамлакатлари мақомчилик анъаналари Шaшмақомнинг шаклланишига таъсир кўрсатган. Бухоро Шaшмақоми – умумисломий маданий мақомчилик андазасининг ўзига хос тармоғидир. Унда ҳам умумисломий, ҳам маҳаллий Бухоро анъаналари чуқур синтез қилинган . Ҳозирги Шaшмақомда биз, аввалом бор, учта асосий мусиқий анъаналар, яъни тожик, турк-ўзбек ва бухоро-яҳудийларининг анъаналари ҳиссасини кўрамиз. Шу билан бирга, Бухоро Шaшмақомининг ривожланишида тожик халқи мусиқа маданиятининг ўрни беқиёс бўлганлигини унутмаслик керак.
Бухоро Шaшмақоми Фарғона-Тошкент мақом куйлари ва Хоразм мақомларининг шаклланишига таъсир кўрсатган. Марказий Осиёда мавжуд барча мақомчилик ўзаро чамбарчас боғлиқ.
Бухоро Шaшмақомининг шаклланиш тарихи ҳали етарлича ўрганилмаган. Ушбу санъатнинг ўтмишига доир асосли манбаларнинг йўқлиги боис, бу борадаги гап-сўзлар афсуски мавҳум характерга эга. Ҳатто биз, Шaшмақом XIX аср охири XX аср бошларида Бухоро сарой анъаналарида нимани ифодалагани ҳақида аниқ тасаввурга эга ҳам эмасмиз. Ахир Бухорода сарой анъанаси мазкур санъатни ривожлантирган асосий (албатта, ягона эмас) маданият ўчоғи бўлган ва у ерда ушбу санъатнинг муҳим бадиий-эстетик қонунлари ишлаб чиқилган.
Ўрта асрлардан қолган ёзма манбаларда хабар берилишича, Бухорода мақом турли тарихий даврларда турли шакл ва анъаналарда ижро этилган. Ўн икки мақом, 24 шуъба ва олти аваз (XV – XVII асрлар) тизимли умумшарқий анъанаси улар орасида энг муҳими бўлган. Кейинчалик ана шу тизим асосида мақомчиликнинг ҳудудий (“миллий”) турлари, жумладан Бухоро Шaшмақоми ҳам шаклланган.
XVI асрнинг биринчи ярмида Бухоро мақом тарихида туб бурилиш юз беради. Бу Ҳирот мақомчилик мактабининг қулаши ва кўплаб машҳур мусиқачилар – мақомчилик анъаналари давомчиларининг Бухорога кўчиб ўтиши билан боғлиқ. Улар орасида Бухоро мақомчилик мактаби асосчиларидан бўлган Мавлоно Нажм ад-Дин Кавкабий Бухорий (1532-33 йилларда вафот этган) ҳам бўлган. Кейинчалик, мазкур мактаб доирасида Бухоро Шaшмақоми шаклланган. Бу чамаси, XVIII асрнинг иккинчи ярми ва XIX аср бошларида содир бўлган. Ҳар ҳолда, Шaшмақом ибораси (Шош даромад, Шaшмақоми мусиқи каби яқин терминлар билан бирга) илк марта XIX аср ўрталаридан бошлаб ёзма манбаларда қайд этила бошлаган. Шaшмақом иборасининг энг эрта тилга олинган вақти 1847 йилга тўғри келади. Ижро этиладиган шеър тўпламлари ва форс-тожик тили мусиқа трактатлари бўйича олиб қаралганда, Шaшмақом XIX асрнинг иккинчи ярмига қадар ягона тизимга бирлаштирилмаган. Уни яхлит циклга келтиришдек улкан вазифа таниқли бухоролик мусиқачи Ота Жалол (1845-1928) томонидан амалга оширилган. Ота Жалол Бухоро Шaшмақом анъаналарининг сўнгги йирик давомчиси, уч Бухоро амири ҳукмдорлиги пайтида сарой мусиқачи-мақомчиларининг раҳбари бўлган. Айнан Ота Жалол муҳим мусиқий қонунларга таянган ҳолда, Бухоро Шaшмақом санъатини янгича ривожлантирган. Бухоро Шaшмақом ижро санъатининг ёрқин палласи Ота Жалол ва унинг замондошлари, шогирдлари ва издошлари номи билан боғлиқ. Бу XIX асрнинг иккинчи ярми ва XX асрнинг бошларига тўғри келади. Умуман олганда, Бухоро Шaшмақомининг ривожланиш тарихи мана шундан иборат.
Маълумки, Шaшмақом 19-асргача нотага солинмаган ва бу иш Хивада амалга оширилган. Шу пайтгача эса, узтоздан шогирдга ашула айтиш, билим ва кўникмаларни ўргатиш орқали ўтиб келган. Айтингчи, “устоз-шогирд” анъaналари қачон ва қай тарзда пайдо бўлган. Бугунги кунда мақом санъатини ўргатиш қандай амалга оширилмоқда ва ушбу икки анъана қай тарзда уйғунлаштирилган?
19-асрнинг 80-йиллари бошида Хоразм шоири ва давлат арбоби Комил Хоразмий Хивада Хоразм танбур чизиғини яратади. Хоразм мақомлари (олти ярим мақомлар), Дутор мақомлари ҳамда Хоразм мумтоз ва халқ мусиқасининг бошқа намуналари ушбу табулатур ноталар тизимига ёзилади. Қурилма, ўзининг техник жиҳатдан мураккаблигига қарамай (танбур оҳанглари сони бўйича ўн саккизта горизонтал чиқизлар ва махсус белгиларнинг бўлиши), Хоразм мусиқа маданиятида кенг қўлланилади. Сақланиб қолган кўп сонли ноталаш нусхаларига қараб ҳам шундай баҳо бериш мумин (қарийб ўттизта). Бухоронинг айрим мусиқачи-мақомчилари ҳам ноталашдан хабардор бўлишган. Масалан, Бухоронинг машҳур танбурчиси Ота Ғиёс Абдуғани (1859 – 1927)га тегишли ноталаш нусхаси бизгача сақланиб қолган. Бироқ бундай ҳолат саноқлигина. Ва бизда Бухоро, Тошкент ёки Фарғона мақом куйчиларининг ушбу ноталашдан амалда фойдалангани ҳақида гапиришга ҳали етарлича асослар йўқ.
Хоразм ноталаши пайдо бўлгунча, мусиқа билимлари оғзаки усулда “устоз-шогирд” анъаналари асосида етказилган. Ноталаш анъаналарни давом эттиришнинг қадимий тамойилларини ўзгартирмади, унга туб бурилишлар киритмади, уни бекор ҳам қилмади. У Хоразм мусиқачилари учун “қўшимча қўлланма” бўлган, дейилса, тўғрироқ бўларди.
Бироқ энг қизиғи, бошқа нарса. “Устоз-шогирд” тизимидаги оғзаки усул ҳамиша нотация(ноталаш)га яқин бўлган қатор ўхшаш компонентларни ўз ичига олган. Бу ўзига хос “ёддан чиқармаслик учун хотирага михлаб қўйиш” воситаси бўлган. Мусиқа илми асосларидан хабардор бўлган етук мусиқачилар буни билишган. Улар мусиқани бир-бирига оғзаки усулда ўргатган ва ўз ёзма манбалари (масалан, мақомнинг вокал қисмига оид шеърий тўпламлар)да мусиқанинг бир нечта асосий параметрларини қайд этиб боришган. Шу орқали тажрибали мусиқачи ҳеч бир қийинчиликсиз барча мусиқаларни хотирасида аслидагидай сақлай билган. Бундай санъат асарлари сарасига лад-парда ёки (Рост, Ушшоқ, Наво ва бошқалар) мақом турларини киритиш мумкин. Бу ерда ижрога қўйиладиган нозик ва юқори талабларни бажариш, шунга эриша олиш анъаналарни давом эттиришнинг муҳим омилларидан бўлиб хизмат қилган.
Совет даврида «устоз-шогирд» таълим тизими, хусусий ўқитиш шаклларида тўлалигича сақланиб қолди (нота саводидан фойдаланилмасдан). Бундай ўқитиш шакллари эса, доимо расмий давлат таълим шакллари билан баробар фаолият юритган. “Хусусий сектор”да ҳеч қандай чекловлар ёки европа нота тизимини ўрганиш бўйича кўрсатмалар бўлмаган. Давлат мусиқа билим юртлари (мусиқа мактаблари, ўқув муассасалари, консерваториялар) – бошқа масала. Ушбу таълим муассасаларида европа таълим тизимига ўтилган бўлиб, уларда европа нота тизими қўлланилган. Айни пайтда, бу ерда оғзаки ўргатиш ва нота тизимидан фойдаланиш уйғун ҳолда олиб борилган. Масалан, Тошкент давлат консерваториясининг Шарқ мусиқаси кафедрасида 1970-80 ва ундан кейинги йилларда таниқли мусиқашунослар дарс берган. Шулардан бири буюк созанда устоз Турғун Алиматов (1922-2008) бўлган.
Шуни унутмаслик керакки, «устоз-шогирд» анъанаси – нафақат мусиқа билимларини озғаки ўргатиш усули, айни дамда, анъанавий мусиқачиларнинг ҳаёт ва тафаккур тарзидир. Бу мусиқачилар ўртасидаги ўзаро муносабатларнинг ҳам амалий, ҳам маросим, ҳам “назарий”, ҳам “фалсафий” қисмларини ўз ичига олган мураккаб тизимдир. «Устоз-шогирд» анъанаси ўтган асрнинг 80-йиллари охири, 1990-йилларнинг боши, янги асримиз бошларидан бошлаб қайта тиклана бошланди. Сўнгги ўн йил ичида бу анъананинг қайта тикланишига Марказий Осиёдаги Оға Хон жамғармасининг мусиқий дастури катта ҳисса қўшиб келмоқда. Ушбу дастур мақсадли ва изчил фаолият юритади.
«Устоз-шогирд» тизимини айнан тиклаш зарур, деб ўйлаш нотўғри бўларди. Бу имконсиздир, чунки дунё, жумладан “мусиқа дунёси” ҳам тубдан ўзгарди, ва ўзгармоқда. Авваламбор, анъананинг ижодий ибтидоси, қадимий ўқитиш занжири билан боғлиқ энг муҳим элементларини қайта тиклаш мумкин. Бугунги кун реаллиги – «устоз-шогирд» анъанаси ва умуман, таълим тизимига хилма-хил ёндашувлар ва қарашларнинг мавжудлигидир. Анъанавий мусиқачилар муҳитида ҳам шундай. Айримлар фақат қадимий оғзаки услубларга амал қилишни афзал билиб, Eвропа нотациясини бутунлай рад этса, бошқалар унутилган ўз нотацияларини қайта тиклайди (Хоразм мусиқа гуруҳлари танбур нотациясини тиклаётгани каби). Баъзилар анъанавий усуллар ва Eвропа нотациясини, маълум шартларга риоя қилган ҳолда, уйғунлаштиряпти; кимдир эса ғарбий нотацияси ва анъанавий ўқитиш усулларидан фарқ қилувчи шахсий нотация тизимини ҳам тузади.
Сиз яқинда Лейден Университетида Марказий Осиёда сиёсий ва маданий ўзгаришлар пайтида мумтоз мусиқа тўғрисида маъруза қилдингиз. Турли даврларда Шaшмақомга муносабат қандай бўлгани ҳақида қисқача айтиб бероласизми?
Ўрта асрларда, Шaшмақомга бўлган муносабат кўпроқ ҳукмдорлар – амир, хон, султоннинг диди, маданий савияси ва мусиқага бўлган қизиқишига боғлиқ бўлган. Ушбу санъатга жўшқин меҳр қўйган, унинг ривожига ғамхўрлик қилган, уни қўллаб-қувватлаган ҳукмдорларнинг номлари тарихда маълум. Улар ўз саройларида мусиқачилар ансамблларини сақлаган, кўпинча ўзлари ҳам ашулачилик ёки чолғучилик қилган, мақом пьесаларини ёзишган. Масалан, Феруз (1845-1910) тахаллуси билан ижод қилган машҳур Хоразм ҳукмдори Муҳаммад Раҳимхон II ана шундай санъатсеварлардан бўлган. Унинг Хоразм мумтоз мусиқаси, мақомлари ривожига қўшган ҳиссаси ҳақида бутун бошли китоб ёзиш мумкин. Шунингдек Бухоронинг сўнгги уч амири ҳам Шaшмақомни хуш кўришган. Бунинг тамоман зидди, яъни мусиқага салбий муносабатда бўлган ҳукмдор сифатида эса, Бухоро ҳукмдори Шоҳмурод (1785 – 1800) ни кўрсатиш мумкин.
Совет даврида Шaшмақом бир неча босқичлардан ўтди. 1920-30 йилларда жамият ва мусиқа жамоасида баҳс-мунозаралар ҳамда мақом санъати тарафдорлари ва унинг душманлари ўртасида қарама-қаршиликлар авж олди. Мақом рақиблари ушбу санъатнинг ўтмишда феодал-бой табақага мансуб бўлгани, ҳукмрон табақанинг диди ва эстетик қарашларини ифодалаган, шу боис янги социалистик маданият қурилишида ундан фойдаланиб бўлмайди, деб ҳисоблашган. Мазкур санъатни сақлаб қолиш тарафдорлари эса, мақомни оддий халқдан етишиб чиққан истеъдодлар яратган, ҳумрон табақалар эса, ундан фойдаланган холос, шунинг учун ушбу санъат мумтоз мерос сифатида сақланиши лозим ва янги ижтимоий ўзгаришларда қўлланиши мумкин, деб санашган. Бундай қарама-қаршилик 1940 ва 1950 йилларда турли даражада сақланиб турган.
Бироқ, жиддий қаршиликларга қарамасдан, 30-йилларда мақом санъати совет мусиқа жамиятида муҳим ўрин эгаллайди. Бастакорлик ва концерт дастурларида бу санъатга мурожаат этишади. Мақом кўпинча катта байрам тадбирлари (ҳатто партия съездлари ва коммунистлар пленумлари) дастурларига киритилади. Шундан кейин мақомга бастакорлик ижодиёти учун ўзига хос “ҳом-ашё” сифатида қаралади. Бастакорлар мақомларнинг куйи ва интонацияларини ўзлаштира бошлайди ва бу кейинчалик “мақом симфонизми” ҳодисасининг шаклланишига сабаб бўлади (Ўзбекистондаги Мирсодиқ Тожиев ижодиётида). Бироқ 1950 йилларнинг охирида мақом “мумтоз мусиқа” асосий тавсифи билан бирга, “оғзаки анъананинг профессионал мусиқаси” номли назарий тавсифга ҳам эга бўлади. Бу унинг нуфузини кўтариш билан бирга, уни профессионал бастакорлик ижод санъатига тенглаштиради. 1970 йилларнинг бошида мақом санъатини СССРда биринчи бўлиб очилган Тошкент консерваториясининг Шарқ мусиқаси кафедрасида ўқитиш йўлга қўйилади, 1978 йилда эса, Самарқандда “Яқин ва Ўрта Шарқ халқлари оғзаки анъаналарининг профессионал мусиқаси ва замонавийлик” мавзуида илк халқаро мусиқашунослик симпозиуми ўтказилади. Ундан кейин СССР тарқагунига қадар Самарқандда яна икки марта ана шундай симпозиумлар ташкил этилади. Ҳар учала симпозиум ҳам юксак илмий-назарий савия ва пухта ўйланган мусиқий дастур билан ажралиб турган. Афсуски, мустақиллик даврида бундай савия ўз ўрнини профанация ва эклектикага бўшатиб берди.
Умуман, совет даврида Ўзбекистон ва Тожикистонда миллий бастакорлик ижодиёти, Европа шакллари ва жанрларини ривожлантириш маданий сиёсатнинг устувор вазифаси бўлган. Республикалар мустақилликка эришганидан сўнг бу устуворликлар ҳам ўзгарди. Бунда анъанавий мусиқа санъати жанрлари, асосан мақом биринчи ўринга кўтарилди.
Шaшмақомни ижро этишда эркак ва аёлларга қўйиладиган алоҳида талаблар борми?
Совет Иттифоқидан олдинги даврда Шaшмақом эркаклар санъати ҳисобланган. Бироқ, айрим истисно ҳолатлари ҳам мавжуд бўлган. Масалан, машҳур қўшиқчи Ота Жалолнинг онаси уни болалигидан мақом санъати билан таништирган. 1923-24 йилларда Бухарода Ота Жалол билан бирга ишлаган ва бу ҳақда хабар қилган мусиқа этнографи Виктор Александрович Успенский “аёллар мумтоз мусиқага яқин бўлган”, деб ҳисоблайди. Эҳтимол, ушбу санъат тури бўйича бошқа ижрочи аёллар ҳам бўлган ва бизгача уларнинг номлари етиб келмаган бўлиши мумкин. Гап шундаки, ўтмишда аёллар фақат уйда – хотин-қизлар олдида куйлаган ва уларнинг ижрочилиги ижтимоий эътироф этилмаган.
Айни пайтда, мақом санъатини “соддалаштирган”, халқ турмуш тарзининг оддий кўринишида акс эттирган аёллар ашула ва рақс санъати турлари ҳам бўлган. Бироқ Ўзбекистон ва Тожикистондаги аёллари айнан совет даврида мақом санъатини тўлиқ ўзлаштирган. Бу Cовет Иттифоқининг маданий сиёсати маҳсули, айтиш мумкинки, аёлларни озод қилиш бўйича олиб борилган сиёсатнинг бир қисми бўлиб, у кейинчалик ўзининг ижобий самараларини берган. Бу жараён 1920-йилларнинг охири, 1930-йилларда бошланган.
Хотин-қизларнинг мақомчилик санъатида пайдо бўлиши ва қарор топиши эркаклар ашулачилигининг ўзига хос-жиҳатлари, ашулачилик усулларини ўзлаштиришдан бошланди. Бунда ХХ асрнинг буюк қўшиқчиси, Ўзбекистон ва Тожикистонда яшаб, ижод этган (1927 – 2002), Изроилда вафот этган Барно Исҳоқованинг ўрни беқиёс. Хонанда эркаклар ашулачилигининг барча жиҳатларини ўзлаштириб, (дарвоқе, унинг Тошкентдаги устози Юнус Ражабий бўлган) ёрқин, бетакрор, теран ва жозибали ўз ижро усулини яратди. Бу усул Тожикистон ва Ўзбекистонда кўплаб аёл хонандалар ашулачилиги эталони бўлди ва бугун ҳам ўз аҳамиятини йўқотмаган. Мақом санъати ихлосмандларига Берта Давидова, Саодат Қобулова, Халима Носирова, Коммуна Исмоилова, Фотима Борухова, Зайнаб Полвонова, Муножот Йўлчиева, Марям Сатторова, Насиба Сатторова, Нодира Пирматова, Юлдуз Турдиева ва бошқа ижрочиларнинг номлари яхши таниш. Уларнинг санъати мақом ижрочилиги ҳақидаги тасаввурни ўзгартирди. Хотин-қизлар, ўзининг нафис табиати туфайли, лирик ва руҳий шеърият мазмунини жуда чуқур ва узвий очиб бера оладилар. Мақомдаги ҳар қандай матн ҳам аёллар ижрочилигига тўғри келавермайди. “Хотин-қизлар матнлари” ва аёлларга тўғри келмайдиган “эркаклар матнлари” бор. Шaшмақомни жамоа бўлиб ижро қилишни ривожланиши Юнус Ражабий ва у тузган оркестрнинг ўзбек радиосидаги ижодий фаолияти билан боғлиқ. Бу жараёнда аёллар овози эркаклар овозига қарши ва уларга уйғун ҳолда, жаранглай бошлади. Бу жуда муваффақиятли ижодий топилма бўлиб, тажрибанинг кенг қанот ёзишига олиб келди.
Британиянинг “The Guardian” газетасининг 2015 йилда чоп этилган мақоласида дунёдаги кўплаб мумтоз жанрлар хавф остида экани ва давлат кўмагисиз уларни сақлаб қолиш имконсиз экани қайд этилган. Муаллиф буни Ўзбекистон ва Тожикистон мисолида кўрсатади. Бу борада қандай фикрдасиз?
Дарҳақиқат, бугунги кунда мумтоз жанрлар турли таҳдидлар ва жиддий синовларга дуч келяпти. Бизнинг классик санъатимиз – мақом ҳам бундан мустасно эмас. Нима учун биз бу масалада давлатдан умид қилишимиз керак? Гап шундаки, ҳозирча маданий манфаатларни оммавий ҳимоя қилиши мумкин бўлган ривожланган фуқаролик жамияти мавжуд эмас. Агар у мавжуд бўлганида ҳам, унинг моддий маблағи йўқ, барча жиддий ҳаракатлар учун эса, капитал зарур. Шу тарзда, фуқаролик жамияти фақат давлат, ўз фуқаролари ва халқаро ҳамжамиятга мадад сўраб мурожаат қилиши мумкин.
Бизда беғараз (қайта таъкидлайман: беғараз!) ҳомийлик анъанаси ҳам шаклланмади. Бирортаси маданиятни қўллаб-қувватладими, у энг аввало “олий даражали шериклари”нинг “миллий-ватанпарварлик” манфаатларига хизмат қилган ҳолда, уларнинг ишончини қозониш ва шу орқали ўз капитали, мулки ва йирик бизнесини кафолатини таъминлаш учун бу ишни бажаради. Бир йўла, шу йўл билан ўзи ҳам пул ишлаб олади. Бизнинг аксарият тадбиркорларимиз бундан ҳазар қилмайди. Улар маданиятга қандай ёрдам бериш эмас, ундан ўз мақсадларида фойдаланишни ўйлашади.
Айни пайтда, мамлакатларимизда давлат мақом анъаналари билан ҳаётнинг барча соҳалари, айниқса маданият соҳасида устунлик қилади. Давлатнинг маданият соҳасидаги роли яқин совет даврида ҳам устун бўлган. Шу сабабли изчиллик сақланиб келмоқда. Ўрта асрларда мусулмон давлати ҳам профессионал ижоднинг бош ҳомийси бўлган. Лекин буюк Алишер Навоий сингари беназир ҳомийлар ҳам бўлган. Аслини олганда, ижрочиликнинг мураккаб классик шакллари, асосан сарой ичкарисида пайдо бўлган бўлиб, улар анча-мунча молиявий кўмак талаб этади. Бир тасаввур қилинг, Европа мамлакатлари ва АҚШда опера санъатини ривожлантириш учун қанча маблағ керак? Лекин у ерда йирик хусусий компаниялар ва ҳар хил даражадаги ҳомийлар ҳамиша давлатга қўшимча ёрдам бериб келган.
Шу боис, ҳозирги ҳолатни тўғри баҳолаган ҳолда, маданият, мумтоз анъана давомчилари, фуқаролик жамияти ва давлат ўртасида мулоқотни йўлга қўйишни биз учун энг самарали йўл деб билдик. Давлат классик жанрларни қўллаб-қувватлаш учун етарли маблағга эга ва у бу жанрларга ёрдам беради. Мамлакатимизда кам бўлсада, мақом санъатини таълимнинг барча бўғини – қуйи (мусиқа мактаблари), ўрта (коллежлар) ва олий (консерватория) босқичларида ўқитиш тизими йўлга қўйилган. Давлат жамиятда мақом санъати нуфузини оширишга хизмат қиладиган турли танлов ва фестиваллар ўтказиш, ушбу санъат мусиқачилари ва давомчиларини рағбатлантириш (фахрий ёрлиқлар, мукофотлар ва б.ш) бўйича ташаббус кўрсатмоқда. Давлат бу борада янги ҳаракатларни амалга оширяпти. Назаримда, бу мақом санъатини тижоратлашув каби салбий омилдан ҳимоя қилади.
Ушбу маданий мероснинг давом этишида Бухоро яҳудийларининг ўрни ҳақида айтиб берсангиз. Шунингдек, Шaшмақомни Ўзбекистон ва Тожикистондан ташқари яна қаерда тинглаш мумкин?
Бухоро яҳудийларининг мақом санъати ва Марказий Осиё хонлари маданияти, кейин Ўзбекистон ва Тожикистон маданиятидаги иштирокини фарқлаш зарур. Айрим мусиқачи Бухоро яҳудийлари 19-асрнинг иккинчи ярмида Бухоро амири Музаффархон даврида илк марта сарой ансамблларига қўшилади. Бухоро яҳудийларининг сарой ижрочилигида бундан ҳам аввал қатнашгани ҳақида бизда ҳозирча маъмулотлар йўқ. Сарой мусиқачиси сифатида ўз фаолиятини бошлаган Леви Яҳудий (инқилобгача бўлган мусулмон манбаларида у шу ном билан аталган) ёки Левич, Леви Бобохонов буюк қўшиқчи бўлган. Ота Жалолнинг шогирди ҳисобланган Леви Яҳудий, кейинчалик ўз мактабига асос солиб, ўз маҳоратини фарзандлари ва шогирдларига ўргатган. Бухоро яҳудийларининг мақом ижрочилигидаги ёрқин кунлари 1920 йилдан бошлаб, уларнинг Ўзбекистон ва Тожикистондан оммавий кўчиб кетгунига қадар давом этган. Умуман олганда, Бухоро, Самарқанд, Тошкент, Душанбе ва кўплаб бошқа шаҳарларда ўнлаб биринчи даражали ижрочилар – қўшиқчи ва созандалар пайдо бўлади. Самарқандда Муллақандовлар ва Толмасовлар ёки Бухорода Бобохоновлар сингари мусиқачилар сулолалари етишиб чиқади. Уларнинг баъзилари ўзбек ва тожик халқларининг севимли инсонига айланади; улар ўзбек ва тожик миллий мусиқа анъаналари давомчилари сифатида табиий қабул қилинади. Масалан, Гавриэль Муллақандов, Михаэл Толмасов, Фотима Борухова, Барно Исхоқова, Берта Давидова, Нерё Аминов, Моше Бобохонов, Ари Бобохонов, Эзро Малаков, Исак Катаев ва бошқалар. Бухоро яҳудийлари мақом ижрочилигининг ўз услубини яратди. Бу ҳали муфассал тадқиқотини кутмоқда. Улар Марказий Осиёда мусиқанинг ушбу мумтоз турининг давом этиши ва ривожланишига улкан ҳисса қўшди, десак муболаға бўлмайди.
Минг афсуслар бўлсинки, на Ўзбекистонда, на Тожикистонда мумтоз мақом санъатини “ҳамиша”, мунтазам тинглаш мумкин бўлган махсус концерт майдончалари мавжуд эмас. Тўғри, классик мусиқа ижро этиладиган турли ўқув муассасалари бор албатта, лекин бу масканлар оддий тингловчилар учун эмас. Жорий йилда Тошкентда Мақом маркази ташкил этилди, бу ерда мусиқачиларнинг чиқишларини ташкиллаштириш кўзда тутилган. Худди шундай марказлар бошқа шаҳарлар, масалан Бухорода ҳам ташкил этилиши мумкин.
Хорижий мамлакатларда ҳам Марказий Осиё мақомоти ижрочилиги бўйича махсус саҳналар йўқ, бироқ у ерларда ўз миллий мумтоз мусиқа ижрочилиги учун марказлар албаттa бор. Масалан, Бакуда махсус залга эга бўлган ажойиб Муғом маркази фаолият юритади. Бу ерда Озарбайжон муғомлари ижро этилади.
Марказий Осиё ташқарисида пайдо бўлган Шашмақомнинг янги маконлари каби қизиқ ҳодиса ҳақида ҳам гапиришимиз керак. Бу ҳодиса Исроил ва Америка Қўшма Штатлардаги Бухоро яҳудийларининг йирик диаспоралари шаклланиши билан бевосита боғлиқдир. Ушбу диаспораларда нафақат мақом санъати сақланиб қолмоқда, балки унинг ижроси билан боғлиқ ўз анъаналари ҳам ривожланмоқда. Умуман олганда, бу анъаналар мумтоз ва ноакадемик мусиқий тафсирга яқинроқ бўлиши мумкин. Иккала диаспорада ҳам кўплаб ажойиб мақомчилар-мусиқачилар яшамоқда. Улар орасида Ўзбекистон ва Тожикистондан машҳур мусиқий сулолаларнинг авлодлари ва мақом ансамбллари бор. Уларнинг барчаси мусиқий ижодиётни давом эттирмоқда. Нью-Йоркдаги “Shashamaqam Forever” номли махсус халқаро маком фестивали ҳам яна бир қизиқарли ҳодиса бўлиб келмоқда (энг охирги тадбир, тўртинчи маротаба 2018-чи йилда ўтиб, Юнус Ражабийга бағишланган эди).
Мақомчиликда дастлаб маънавий-тасаввуфий, сўнгра дунёвий тараққиёт ўз таъсирини кўрсатган. Айни ҳозирги давр Шaшмақом ва унинг ижрочилигига қандай таъсир кўрсатяпти?
Замонамизнинг Шaшмақом ва унинг ижрочилиги, турли жиҳатларига таъсири бор ва кейинчалик ҳам бўлади, албатта. Бахтимизга мақом санъатини “замонавийлаштириш”, уни ҳозирги оҳанг тажрибаларига яқинлаштириш, мақом санъатининг “ижодий актларини” бадиий маънода янгича ва мақомдан анча йироқ бўлган ижро (джаз, рэп ва ҳоказолар) билан бирлаштириш ҳолатлари ҳали кузатилмоқда. Барча ушбу тажрибалар ғалати ва кулгили туюлади, бироқ улар мақомчиликнинг анъанавий асл эстетикасини бузяпти, унинг қонунларини заифлаштириб, жиддий санъатни таҳқир қиляпти. Янада бошқа бир жиддий таъсир шуки – бу тижоратлашув. Бу мақом санъатига катта таъсир кўрсатяпти. Мақом мамлакат ичидаги “тўй томошабинлари” ёки замонавий сайёҳлик саноатининг диди ва талаби бўйича мослашишга мажбур бўляпти. Бу кўпинча мумтоз мусиқанинг талқин этилиш шаклига таъсир қиляпти. Мақомчи мусиқачилар замонавий шоу-бизнеснинг қадриятлари бўлмиш довруғли муваффақият, машҳурлик, обрў кетидан қувиб, унинг бир қисмига айланиб бормоқда. Ушбу барча сифатлар ўтмишда анъанавий мусиқачининг ахлоқий кодексида мутлақо бўлмаган. Бироқ, замон ўзгараяпти. Бу борада бошқа мисолларни ҳам келтириш мумкин.
Тарихда ўрта асрлар ёки ундан ҳам аввалги даврларга оид Шaшмақом ва ижрочилар билан боғлиқ қизиқарли вақеалардан айтиб бера оласизми?
Марказий Осиё мақом тарихида кўплаб қизиқ ҳодисалар бўлган. Масалан, ҳукмдор Феруз мақомдаги қайсидир асарни нотўғри ижро этган, мақом қонунини бузган бир мусиқачини жазолашга қарор қилади. Мусиқачи ўз чиқишидан сўнг уйга қайтса, қандайдир одамларнинг уйи томини бузаётганини кўради ва табиийки улардан нима бўлаётганини сўрайди. Улар: “Хон буйруғи”, деб жавоб беришади. Мусиқачи улардан дарҳол тўхтатишни сўраб, бунинг сабабини билиш учун хон олдига боради. Феруз: Сен менинг мусиқамни бузганинг учун, мен ҳам сенинг уйингни буздириш тўғрисида буйруқ бердим, деб жавоб беради. Бу ерда ушбу даврга хос бўлган сўз ўйини бўлган: ҳар икки ҳолда – мумтоз мақомнинг таркибий бирлиги маъносида ҳам, уй маъносида ҳам “хона” термини қўлланилган. Хайриятки, Феруз ўз буйруғини бекор қилган, бироқ бу мусиқачи учун яхши дарс, сабоқ бўлган. Ўрни келганда шуни ҳам айтиш керакки, Феруз, мақом ижрочилиги қонунларини бузганларни жазолаш тўғрисида махсус буйруқ чиқарган ягона ҳукмдор ҳисобланади.
Суҳбатимиз охирида айтингчи, ҳозир қайси мавзудаги илмий иш устида иш олиб боряпсиз?
Бугун бир нечта катта мавзулар бўйича ишлаяпман. Мусиқа маданиятига улкан ҳисса қўшган таниқли жадид Абдурауф Фитрат ҳақида китоб ёзаяпман. Шунингдек, Марказий Осиё ва Эрон мусиқа маданиятига алоқадор бўлган форс тилидаги мусиқанинг айрим трактатлари таржимаси устида ишлаяпман.
Жавобларингиз учун катта раҳмат!
Саволларни Зайнаб Муҳаммад-Дўст тайёрлаган