Элвира Айдарханова
Мусиқа Марказий Осиё, хусусан, Афғонистон ҳаётида улкан жой эгаллайди. Мусиқашунос, маданиятшунос, доктор Розия Султонова ўзбеклар ва Афғонистон шимолидаги кам сонли миллатлар мусиқасини тадқиқ қилган.
Тинимсиз ларзалар шароитида маданий ҳаёт қандай яшаб келмоқда?
Розия Султонова ушбу масалани тадқиқ қилади ва юқоридаги саволга кенг қамровдли исботлар, шахсий мулоқотлар ҳамда турли афғон эркаклари ва аёллари билан суҳбатлар ёрдамида жавоб беради. У жинс, кимлик, анъаналар ва мусиқанинг омон қолиш учун муҳим ҳаётий унсур сифатидаги алоҳида ролини таҳлил қилади. У қисқа метражли филмни суратга олиб, Afghanistan Dispossessed: Women, Culture and the Taliban (“Ҳамма нарсадан маҳрум Афғонистон: аёллар, маданияти ва “Толибон”) китобини ёзиб, унда толиблар ҳокимиятга келиши билан мамлакатдаги аёллар санъати ва мусиқий ижоди барҳам топиши мумкинлиги сабабли имконият борида тадқиқотларини ҳужжатлаштиришга ҳаракат қилган.
Доктор Розия Султонова (http://raziasultanova.co.uk/), мусиқашунос ва маданият антропологи. Прагадаги Карлов университетининг таклиф этилган профессори ва Кембридж университети қошидаги мусулмонлар коллежи илмий ходими. Асосий тадқиқот соҳалари: Марказий Осиё ва Яқин Шарқ (Ғарбий Осиё) маданияти, жумладан, ислом дини ва мусиқа, шунингдек, гендер ва мусиқа. Розия Султонова бир қанча халқаро стипендияларга сазовор бўлган. (Германияда: 1993 йилда DFG стипендияси, 1994 ва 1997 йилларда Бранденбург замини маданият вазирлиги стипендияси; Францияда: 1996 ва 1997 йилларда Франциянинг Марказий Осиё тадқиқотлари стипендияси ва Буюк Британияда: 1999 йилдан шу кунга қадар.)
Сизда афғон ўзбеклари ва уларнинг мусиқасига қизиқиш қачон пайдо бўлган? Қандай мусиқани ўргангансиз?
Бу саволарга жавобни “Music of the Uzbeks of Northern Afghanistan“ (“Шимолий Афғонистон ўзбеклари мусиқаси”) деб номланган қисқа ҳужжатли филмдан топиш мумкин. Мен 2013 йилда тасвирга олган 35 дақиқалик филм (ўзбек тилида инглизча субтитрлар билан, ҳомий – Британия кенгаши, монтажчи – Усмон Туфайл) ўзим 2006 йилда тавсирга олган ҳамда суҳбатлашган созандалар ва ижрочилар сўзлаб берган маданий жиҳатдан омон қолиш тарихидир.
СССР инқирозга юз тутгандан сўнг 1993 йили мен Германиянинг Бамберг шаҳридаги Отто Фридрих университети профессори, доктор Ингеборг Балдауф 1977 – 1978 йилларда, совет қўшинлари у ерга бостириб киришидан олдин ёзиб олган Афғонистон шимолидаги ўзбек халқ қўшиқлари матни ва мусиқасини қоғозга тушириш учун грант олишга маваффақ бўлган эдим. Шу тариқа, мен 6 та эски оҳанрабо тасмасига ёзилган ўзбек қўшиқлари устида иш олиб бордим. Барча қўшиқларнинг матни қоғозга туширилиб, “Афғонистон ўзбеклари халқ қўшиқлари бўйича материаллар” (“Materialien zum Volkslied der Ozbeken Afghanistans”) ва “Ислом ва этнология серияси” (“Reihe Islam & Ethnologie”) деб аталган 2 та томда A. Gehling [Emsdetten] нашриётида 1989 йили чоп этилди. Ўша қўшиқлар матни ва мусиқасини қоғозга кўчиришда қатнашиш мен учун шараф бўлган. Аммо бу ўзбек қўшиқлари гўзал ва кўп бўлишига қарамай, мусиқашунослик нуқтаи назаридан таҳлил қилинмаган.
Филолог ва [туркий] тиллар ва жаҳон маданиятига ихтисослашган буюк олим, доктор Ингеборг Балдауф Афғонистон шимолида бир қишлоқдан бошқасига саёҳат қилиб, икки йил яшаган ва маҳаллий созандалар билан учрашиб, қўшиқларини ёзиб олган.
Шундай қилиб, мен 1993 йили ушбу лойиҳа устида ишлаш учун Бамберг университетига келдим. Материалнинг миқёси менга ҳайратга солди. Грант олган пайтим Совет Иттифоқи Афғонистондаги урушда мағлуб бўлган ва у ердан қўшинларини олиб чиқаётган эди. Биз Совет Иттифоқида яшаган барча кишилар сингари Афғонистонда нималар содир бўлганидан жуда кам хабардор бўлганмиз, чунки уруш воқеалари матбуотда умуман ёритилмаган. Албатта, уруш вақтида бу мамлакатдаги мусиқа ҳеч кимни ўйлантирмаган, шунинг учун мусиқашунос сифатида унчалик машҳур бўлмаган ёзувлар ва қўшиқлар хазинасини топишим жуда қизиқарли бўлган. Гарчи қўшиқлар матни қоғозга туширилган бўлса-да, улар мусиқий жиҳатдан ўрганилмаган, мен шу боис мусиқани ноталар билан қоғозга туширишда ёрдам беришга ҳаракат қилдим. Бу бошланғич нуқта эди – мен биринчи марта Шимолий Афғонистон, унинг мусиқаси ва маданияти билан қизиқиб қолдим.
Афғонистон шимолида жуда кўп ўзбеклар (олимлар берган маълумотга кўра, 5 миллионгача) яшаётган боис, улар ўша ёққа 1917 йилдаги Улуғ октябр инқилобидан сўнг кўчиб ўтган, деган фикр бор. Аммо аслида ўзбеклар у ёқда асрлар бўйи яшаб келади. Тарихан ўзбек аҳолиси Афғонистонда жуда кўп вақтдан бери мавжуд бўлган. Марказий Осиё харитасига эътибор қилсангиз, ўнг тарафда Ўзбекистонни, тарихда лотин тилида “Оксус” номи билан машҳур бўлган Амударёнинг сўл тарафида эса Афғонистоннинг ўзбеклар яшайдиган қисмини кўрасиз. Нима бўлганда ҳам, мен кўҳна халқ қўшиқлари ёзувларига дуч келдим – улар ўзбек тилида эди. Уларнинг жуда ажойиб ва эсда қоладиган оҳанглари бор экан.
Улар қандай қўшиқлар экан дейсизми? Ингеборг Балдауф мусиқий асбоблар жўрлигида ижро этилган жуда кўп муҳаббат ҳақидаги, алла, байрам қўшиқлари, болалар ва диний қўшиқларни йиққан.
Афғонистондаги ўзбек қўшиқларининг турли жанрлари мен учун кашфиёт бўлди. Тасаввур қила оласизми, совет Ўзбекистонида эски “феодал” анъанавий меросни рад этувчи совет сиёсати оқибатида халқона услубнинг мусиқа намуналари ижтимоий мулк сифатида бутунлай йўқолиб кетди.
Фақат эски ўзбек қўшиқлари ёзувлари орқали улар қанчалик бой ва эски ўзбек қўшиқлари ижроси қанчалик аҳамиятга молик бўлганини тушуниш мумкин. Улар Афғонистоннинг ўзбеклар яшайдиган жойларида ва Амударёнинг ўзбек қирғоғида сақланиб қолган. Ўша қўшиқларни тинглаб, Афғонистондаги ўзбек маданиятининг Ўзбекистон маданияти билан қалин алоқаси борлигини ҳис этиш мумкин.
Мен қўшиқларни қанчалик кўп қоғозга туширсам, шунчалик улар билан ҳам, уларни ижро этган Афғонистоннинг ўзбек созандалари билан ҳам қизиқа бошладим. Айрим машҳур созандаю хонандалар, масалан, ачилик Маммат, Сабзи Гул, Тож Муҳаммад маҳаллий мусиқа ихлосмандларининг ҳақиқий ардоқлайдиган иш усталари бўлган. Баъзан бадиҳа йўли билан айтиладиган бундай гўзал қўшиқлар қозоқ куйлари сингари даф ёки дўмбира жўрлигида ижро этилган. Гарчи Шимолий Афғонистон совет фанида тадқиқ этилмаган ва “совет Ўрта Осиёси” ижтимоий онгида мавжуд бўлмаган эса-да, афғон ўзбеклари шуниси билан Ўрта Осиё маданиятимизга яқин бўлган.
Шунинг учун Бамберг университети гранти ва стипендияси шарофати билан бу ўзим тасодифан тушиб қолган олам кашфиёти бўлган эди. Шундан бери ўша минтақада тадқиқотларимни давом эттириш ва афғон маданиятини кузатиб бориш учун бир неча марта грант ва стипендиялар олдим. Бутун дунёдаги машҳур архивларда (Смитсон институти, Конгресс кутубхонаси, Франция миллий кутубхонаси, Британия кутубхонасининг овозли ёзувлар архиви ва Вена фонограммалар архиви) янги маълумотлар қидиришимга тўғри келган.
Улкан овозли ёзувлар коллекциясига эга Вена фонограммалар архивига борганимда, жуда кўп янгиликлар кутиб турганига шоҳид бўлганман. Афғонистон ҳақидаги ноёб маълумотларни ҳужжатлаштирган австриялик этнографлар Макс Клумберг ва Герман Маркус ёзувлари шулар жумласидандир. Бироқ улар, асосан, этнография ва тилларни тадқиқ қилиш билан шуғуллангани сабабли ушбу қўшиқлар ёзувини “Мусиқа” бўлимида эмас, “Тиллар” тоифасида архивлаштирган, шунинг учун улар мусиқа нуқтаи назаридан номаълум бўлиб қолган.
Мен Афғонистон шимолий қисми ўзбек қўшиқларининг халқ мероси ҳақидаги илмий исботни чиндан ҳам австриялик этнографлар Макс Клумберг 1958 йилда, Герман Маркус Прессл эса 1967 – 1968 йилларда олганини аниқладим. Бунинг маъноси шуки, Австрия Афғонистоннинг бой ва кўп миллатли маданиятини ўрганишга киришган биринчи мамлакат бўлган. У ерда биз мусиқашунослар кашф этишимизни кутиб ётган халқ қўшиқларининг жуда кўп ёзувлари бор экан. Австрия стипендияси шарофати билан (дарвоқе, Ингеборг Балдауф ҳам австриялик олима) мана шу эски ўзбек қўшиқларини тадқиқ қилиш имкониятига эга бўлдим. Кейинчалик бу лойиҳалар учун Британия академияси ва Британия кенгаши грантларини олиб, Вашингтон шаҳри (Колумбия округи), Конгресс кутубхонаси ва ҳк.га бориш бахтига муяссар бўлганман.
Афғонистон аҳолиси тахминан – 40 миллион киши, бу мамлакатда 40 та камсонли аҳоли гаплашадиган тиллар тарқалган, аммо форсий дарийси расмий тил ҳисобланади.
Афғонистондаги айрим ўта муҳим мусиқага оид тадқиқотларни унинг асосий шаҳарлари Кобул ва Ҳиротда Ҳиромий Лоррейн Саката (Hiromi Lorraine Sakata), Жон Бейли (John Baily) ва Вероника Баблдей (Veronica Doubleday) 1960 йилдан бошлаб ўтказган. Улардан сўнг бу ишни америкалик олим Марк Слобин давом эттирган. У 1970-йилларда, яъни 50 йилдан кўпроқ вақт олдин ўша ёққа Шимолий Афғонистоннинг қишлоқ халқ мусиқасини тадқиқ қилиш учун борган. Аммо сўнгра Афғонистон 40 йиллик тўхтовсиз оғир даврни бошидан кечирди, бу кейинги ўрганиш ва тадқиқотларга халақит берди.
“Afghanistan Dispossessed: Women, Culture and the Taliban” (“Ҳамма нарсадан маҳрум Афғонистон: аёллар, маданияти ва “Толибон” китобингиз ҳақида гапириб берсангиз. Афғон аёллари сўнгги пайтларда, толиблар ҳокимиятни эгаллаб олгандан сўнг қай тарзда ўзгариб кетди? Улар толибларга қарши чиқар даражада жасурми? Глобал аёллар ҳаракатлари билан алоқа қилиб турибдими ва бу ишни қандай қилмоқда?
Китобим чоп этилиш арафасида, уни босиб чиқариш учун сўнгги тайёргарликлар кўрилмоқда. Мен бу китобни нашрга тайёрлаётган “Pen and Sword” нашриёти ходимлари: буюртмачи – муҳаррир, доктор Лестер Крукка (Lester Crook) ва чоп этувчи муҳаррир Ҳарриет Филдингга (Harriet Fielding) алоҳида миннатдорлик билдираман.
“Толибон” ҳаракати иккинчи марта ҳокимиятга келиши (“Толибон–2”) билан аёллар бир неча марта шаҳарлар кўчаларида норозилик намойишлари ўтказишга уриниб кўрди, аммо бу уринишлар тўхтатилди ва ҳукумат уларни шафқатсиз бостирди. Айрим афғон аёллари профессионал шифокор ва телебошловчи бўлишига қарамай, бундай фаолият юритиш учун реал имкониятга эга эмас. Аммо бугун ўша шифкору телебошловчилар ҳам ишидан айрилди. Ишини сақлаб қола олган камсонли аёллар паранжи ёпинишга ва жим юришга мажбур. Масалан, Эронда яқинда аёллар намойишлари бутун мамлакат ва жаҳон бўйлаб ўтказилган бўлса, афғон аёлларининг норозиликлари муваффақият қозона ёки глобал аёллар ҳаракатлари билан бирлаша олмади. Афғонистонда бутун мамлакат миқёсида аёллар қўзғолонини уюштиришнинг иложи йўқ, чунки уларнинг бутун мамлакат бўйлаб ўзаро кенг боғланган жамоатлари йўқ.
Зулмга қарши улар қўзғолон қила олмасликларининг яна бир сабаби Афғонистон моҳиятан кўп миллатли мамлакат эканидир. Мамлакат жуда кўп ҳудудлардан таркиб топган, улар ҳар бирининг ўз ҳукумати, қоидалари ва тили бор, шунинг учун тил билан боғлиқ мавжуд тўсиқлар ва этник ранг-баранглик улар бирлашувига халал беради. Айниқса, бу аёллар учун қаттиқ бошоғриқдир. Афғон аёлларининг овоз бериш ҳуқуқи йўқ, улар 40 йилдан бери тинимсиз урушлар, ҳибсга олишлар, чекловлар ва қамоқлар шароитида яшаб келмоқда, шунинг учун ҳозирги сиёсий вазиятдан норози бўлиб, кўчага чиқиш улар олдида турган ўта мураккаб ва қийин вазифадир.
Мен афғон аёллар мусиқасини ўргана бошлаганимда, афғон аёлларининг умумий аҳволини, улар ҳақидаги айрим фактларни ўрганишимга тўғри келган. Улар тарихидан, оғир турмушидан, ҳатто бутун дунёдаги аёлларнинг азоб-уқубатларидан хабардор бўла туриб ҳам, даҳшатга тушганман. Айрим статистика маълумотларини келтирмоқчиман: гарчи чақалоқлар ўлими дунё бўйича энг юқори бўлса ҳам, Афғонистондаги туғилишнинг умумий коэффициенти бир аёлга тақрибан 5 туғилиш тўғри келади. Жами чақалоқларнинг 10 фоизга яқин ўлик туғилади, бунинг маъноси шуки, афғон аёллари учун туғруқ ҳар доим лотерея бўлиб келган. Улар туғруқ вақтида чақалоқ тирик ёки ўлик туғилишини ва яшаб кетиши ёки кетмаслигини билмайди. Ҳатто мамлакатдаги ҳозирги ҳаёт давомийлиги аёллар учун 40, эркаклар учун эса 42 ёш бўлиб қолмоқда.
Мамлакат аҳолисининг энг кўп қисмини ёшлар ташкил қилади – уларнинг 42 фоизи 15 ёшдан кичик бўлганлардир. Бу ҳам етмагандай, барча эркакларнинг 43 фоизи, айни чоқда аёлларнинг, бор-йўғи, 13 фоизи саводлидир. Улар ҳаётининг қақшатқич воқелиги – мана шу. Афғон аёллари шароити қанчалик оғир мамлакатда яшаётганини тасаввур қиляпсизми? Масалан, ҳисоб-китобларга, кўра, 2002 йилда фақат 900 минг ўғил бола мактабга борган, айни чоқда аёллар ва қизлар таълим ҳамжамиятлари ва имкониятларидан деярли бутунлай маҳрум қилинган.
Афғон қизлари ва аёлларининг омон қолиши, таълим олиши ва нормал кун кечириши ўта оғир. 2011 йилда Афғонистонда 8 миллионга яқин ўқувчи бўлган ва уларнинг учдан қисмини аёллар ташкил этган. Аммо “Толибон–2” ҳокимиятга қайтгандан сўнг аёллар таълим олишига тақиқ қўйилди ва бу фалокатдан дарак бермоқда.
Кузатишимиз бўйича агар “Толибон–2 ” қайтишидан олдин аёлларга таълим олиш учун айрим имкониятлар берилган, уларга тиббиёт, ОАВ ва одил судлов соҳасида ишлаш учун рухсат этилган эди, ҳаракат ҳокимиятга қайтгандан сўнг ўша аёллар на ўқий, на ишлай ва на телебошловчи сифатида омма кўз ўнгида бўла олади – бу ҳуқуқдан маҳрум бўлди. Шу тариқа бу мамлакатга яна аёлларга ижтимоий ҳаётда иштирок этишида кўп нарса рухсат этилмаган ўрта асрлар қайтди.
Биз яна мамлакатни бошқариш учун чоп этилган асл ҳужжатларга таянган ҳолда, айниқса, “Толибон–1” даврида афғон аёлларига қандай муносабатда бўлингани ҳақида гаплашишимиз мумкин.
Мен 1996 йил ноябрида Амри маъруф ва наҳйи мункар ( امر بالمعروف و نہی عن المنکر – яхшиликка буюриш, ёмонликдан қайтариш) – дин полицияси бош раёсати эълон қилган фармондан кўчирма келтираман: “Аёллар, сиз уйингиздан ташқари чиқмаслигингиз шарт. Агар уйдан чиқсангиз, исломдан олдинги даврларда бўлгани каби ҳар бир эркак кўриши учун шаҳвоний ҳирс қўзғайдиган тарзда кийинадиган ва бўянадиганларга ўхшамаслигингиз керак”.
Бундай тақиқ ва чекловлар мусиқага ҳам тааллуқли бўлган. “Толибон–2” ҳокимиятга келишига қадар у ёки бу тарзда мавжуд бўлган мусиқани дўконларда, меҳмонхоналарда, транспорт воситаларида, ток–шоуларда, кассета ва ёзувлар кўринишида эшиттиришни тақиқловчи қонун чиқарилди.
Шу тариқа 2021 йилга қадар аёллар бироз эркинлик ва янги имкониятлардан баҳраманд бўлган, энди булар барчаси тақиққа тушиб қолди. Тўйларда ҳам мусиқа ва рақс ман этилди. Афғонистон бўйича дунёга машҳур эксперт Аҳмад Рашид хабар қилишича, толиблар кўнгилхушлик қилишнинг ҳар қандай турига қатағон эълон қилган. Афғонистон таълим вазири мулла Муҳаммад Ҳасан Охунднинг маърузасидан бир неча кўчирма келтираман: “Албатта, одамларга кўнгилхушлик қиладиган нарсалар кераклигини тушунамиз. Аммо улар истироҳат боғига бориб, гулларни томоша қилиши ва бундан ислом дини ҳақида кўп нарсларни билиб олиши мумкин”. Шундай қилиб, мулла Муҳаммад Ҳасан Охунд фикрича, толиблар мусиқага қарши, чунки у одамни чалғитади, мияни зўриқтиради ва ислом динини ўрганишга халақит беради. Толибларнинг илк ҳокимияти даврида омон қолиш учун барча созандалар Покистонга қочган эди. Ҳозир ҳам вазият худди шундай. Имкони борлар ва чўнтаги кўтарганлар кетиб бўлди – пана жой излаб, оилалари билан чет элларга кўчиб ўтди.
Кўплаб экспертлар Афғонистонни Марказий Осиёнинг бир қисми деб билишидан хабаримиз бор. Афғон аёлларини марказий осиёлик аёллардан нималар ажратиб туришини айтиб берсангиз.
Бу, аввало, афғон аёллари ёпиб юрадиган паранжи билан боғлиқ яшаш шароитининг кескинлигида кўринади. Паранжи (бурқа) ёки маҳаллий аҳоли “чодра” деб атайдиган ёпинчиқ толиблар ҳукмронлиги аломатидир. Мен маҳаллий аёллар билан суҳбатлашиб, унинг даҳшатли нарса эканини билиб олдим. Афғонистонга келган заҳотиёқ ҳар бир аёл паранжи ёпиниши шарт, бу биз – марказий осиёлик аёллар учун – ғайриодатий нарса. Лекин мен уни ёпинишнинг афзал тарафларини билиб олдим. Афғонистонга келганим сабаби ёзувлар ва созандалар билан мулоқот қилиш эди, шунинг учун ҳар доим ўзим билан видеокамера, диктофон ва фотоаппарат олиб юрдим.
Паранжи омон қолиш имкониятларимни кенгайтирди, чунки қўлимдаги қурилмаларни яширишимга имкон берди. Хонандаю созандаларнинг оилалари билан Кобулдан Мозори Шарифгача бўлган улкан масофаларни босиб ўтаётганимда, саёҳатимиз давомида кўплаб назорат–текширув жойларининг барчасида аскарлар машинани тўхтатиб, “Машинадан тушинглар!” деб бақирар ва барча нарсаларимизни тинтиб кўрар эди. Агар улар қурилмаларимни топиб олганда, мусодара қилиши турган гап эди. Аммо мен уларни паранжи остига яшириб, хавфсиз сақладим. Тушиб қолган вазиятларимда ўзимни ва ёзувларимни асрашнинг бирдан-бир имконияти шу эди. Аммо маҳаллий аёллар паранжини доимий ёпиниб юриши жуда қийин. У ердаги об-ҳаво, айниқса, ёзда жуда иссиқ. Аёллар уйдан чиқиш учун бошидан оёғига қадар паранжи билан ёпиниши шарт. Ўзим гаплашган аёллар айтишича, бу қафасда ўтирганга ўхшайди, ҳатто ундан ҳам ёмони улар ўзи чиқарган ис газидан қайта нафас олади, кўз кўриши учун мўлжалланган кичик катаклардан етарли миқдордаги кислород ола билмайди. Сўзларига кўра, бироз вақтдан сўнг ҳозир ўпка ёрилиб кетадигандай ва бўғилиб қолаётгандай тасаввур пай до бўлади. Юриб кетаётганингизда нур кўзингизни қамаштиради, қуёш эса елкани куйдиради. Шу сабаб афғон аёлларининг толиблар жорий этаётган барча ижтимоий тақиқларни бажариши ўта қийин ва улар ўзи риоя этишга мажбур бўлган бундай чекловлардан нафратланади.
Албатта, бизнинг Марказий Осиёда ҳаёт бу қадар шафқатсиз эмас. Гарчи Афғонистон ҳақида сафар олдидан кўп ўқиган бўлса ҳам, у мен учун кашфиёт бўлди. Марказий Осиё мамлакатларида ҳатто юз йил олдин ҳам менинг катта бувиларим дуруст маиший шароитларда яшаган. Марказий Осиё қишлоқларига борган киши уйларда барча зарур ошхона мебелини – масаллиқлар тайёрланадиган столларни кўрган. Афғон қишлоқ аёлларининг бундай оддий ва ҳашаматли буюмлари йўқ – улар оиласи учун овқатни ерда тайёрлайди, маиший қулайликлар мавжуд эмас.
Афғонистоннинг ўзингиз ижодини тадқиқ қилган қўшиқчи аёллари ҳақида гапириб берсангиз.
Афғон қўшиқчилари орасида аёл хонандалар кам, аммо уларнинг энг машҳури – Маҳваш. У 1947 йилда туғилган, уруш бошланиши билан АҚШнинг Калифорния штатига кўчиб кетган. Ҳозир ўша ерда яшайди, анча йиллар олдин унинг Лондондаги қироллик Алберт–ҳолида қўшиқларини тинглаганман.
Сабзи Гул (1957–2017) деган афғон–ўзбек қўшиқчиси бўлган. 2006 йили учрашганимизда ижоди камолга етган эди. У Шимолий Афғонистондаги ягона тўй маросимлари қўшиқлари ижрочиси эди. Сабзи Гул билан учрашганим эсдан чиқмайдиган воқеа бўлиб қолди. Ўзбекистонда бундай тўйда қўшиқ айтувчи хонандалар кўп, бир қанча шогирдлари ҳам бор, шунинг учун улар одатда маҳаллий тўйларда аёлларнинг махсус тўй қўшиқлари репертуаридан қўшиқлар ижро этади. Афғонистонда эса тўй хонандалари жуда кўп қийинчиликларга дуч келган, улар шогирд тарбиялашига рухсат этилмаган. Сабзи Гул ушбу жанрдаги қўшиқларнинг ақл бор қилмас ва ягона ижрочиси эди. Яхши ҳамки, унинг генерал Абдурашид Дўстим (1954 йилда туғилган) қўллаб-қувватлаб турган. Шибирғонда туғилган генерал Дўстимнинг келиб чиқиши – ўзбек. Ўзбек ва туркман қишлоқларини ҳимоя қилган. Бу унинг назоратидаги ерлар эди, одамлар Афғонистон шимолида мамлакатнинг бошқа қисмлари билан солиштирганда, анча хавфсиз кун кечирган.
Сабзи Гул суҳбатимиз чоғида генерал Дўстим бирорта ҳам базмни ўзининг иштирокисиз ўтказмаслигини айтиб ғурурланган эди. Базмлар усиз ўтмаган. Аммо мен ундан аёллар тўй қўшиқчилигида вориси ким бўлиши мумкинлигини сўраганимда, токи “Толибон” ҳокимиятда қолар экан, шогирдларим бўлиши мумкин эмас, деб жавоб берган. Ёлғиз аёл ёки ўсмир қиз қишлоқнинг бир чеккасидан иккинчи четига ҳамроҳсиз бориши мумкин эмас, учрашиш, ўқиб-ўрганиш ва амалиёт ўташ имкониятисиз эса билим бериб бўлмайди.
Аммо шу кунларда келиб чиқиши афғон бўлган ва эътиборга лойиқ бир неча поп–ижрочини кўриш мумкин. Мен шулардан бири билан Лондонда учрашганман. Унинг исми – Алоҳа Сурур. Алоҳа яқинда “Оналаримиз қўшиғи” деган CD–албом чиқарди (CD Album, Kefaya + Elaha Soroor. Bella Union. Сентябр, 2019). У ҳазарий поп–хонанда бўлиб, 1988 йили Эронда туғилган, кейинчалик оиласи ота юрт – Афғонистонга кўчиб ўтган ва бошига ҳамма бало шундан сўнг ёғилган. Алоҳа созанда ва хонанда бўлмоқчи эди. Бироз вақт буни орзу қилиш ҳам мумкин эди, аммо кейинчалик орзулар саробга айланди, чунки отаси унга, “Тўхтат. Буни эсингдан чиқар!” деб айтган. Шунга қарамай, у тахаллус билан хонандаларнинг телевизион танловида иштирок этади. Танловда ғолиб чиқади, чунки кучли ва ёқимли овози бор эди. Бир кечада Кобулда машҳур бўлиб кетади, аммо ҳаёти хавф остида қолади. Зудлик билан оиладан чиқиб кетишга мажбур бўлади, чунки қўшнилари отасига Алоҳа телевидениега борганини ва танловда ғолиб чиққанини айтган эди. У қайсидир йўл билан чет элга қочиб кетади. Мен у билан 2021 йилда Лондонда учрашганман, ҳозир Швейцарияда истиқомат қилади. У – Лондон университетида таълим олган жуда ўқимишли қиз. Афғонистонда профессионал хонанда бўлиш жуда мушкул, ҳатто мумкин эмас, деган гапи бу мамлакатдаги ҳаёт, айниқса, профессионал аёллар учун қанчалик оғир синов эканини яна бир карра тасдиқлайди.
“Толибон–2” ҳокимиятга келгандан сўнг аёллар ашулачилиги ва маросимларда қўшиқ ижро этиши йўқ бўлиб кетди.
Афғонистонга сафарингиз ҳақида тасвирга олган ҳужжатли филмингиз ҳақида сўзлаб берсангиз.
Қисқа ҳужжатли филмимда Афғонистонга сафарим ҳақида берилган бир неча тушунтириш мавжуд. Мен Афғонистондан қайтиб келганимдан сўнг орадан бир неча йил ўтиб, ўзим суҳбатлашган талай ўзбек созандалари вафот этганидан хабар топдим. Ўша пайтда миттигина қўл камерамда олинган ёзувларни ўзим ва талабаларим учун деб ўйлаган эдим. Бироқ кейинчалик видеоёзувларим ўзим Афғонистонда учрашган ажойиб хонандаю созандалар ҳақидаги ягона ҳужжатли далил эканини тушундим. Ўзим тасвирга олган материалдан эсдан чиқмас мусиқа усталари хотирасига ҳурмат бажо келтириш ва улар меҳнатидан баҳра олиш учун 30 дақиқалик ҳужжатли филм қилиш мумкин бўлди.
Ҳужжатли филмда афғон аёллари жон-жон деб ҳайит байрамларига ва бошқа диний маросимларга йиғилгани кўрсатилади. Улар диний қўшиқларни, ҳазил қўшиқларни ва аллани куйлайди, бу қўшиқларни аёллар, ҳужжатли филмда кўрганингиздек, ёш авлодларга узатади. Муборак ҳайит улар барчаси бир жойга йиғилиб, Рамазон ойи тугаганини нишонлаш учун энг муҳим вақтдир. Филмда аёлларнинг уч авлоди: момолар, оналар ва қизлар бирга қўшиқ куйлаётганини кўрамиз. Улар ўзбекча куйлайди ва шу билан миллий ўзига хослиги маданиятга ўзаро қизиқиши, умумий мусиқий тажриба орқали омон қолаётганини намойиш этади. Албатта, бу жанрлар улар ортидан бораётган ёш авлодлар учун кўп нарсаларни англатади. Бугун мамлакатдаги аёллар ҳаётини белгилайдиган энг муҳим омиллардан бири гендер сегрегациясидир (одамларни ирқий, этник ёки бошқа гуруҳларга ажратиш). Бу – афғон жамиятидаги жуда муҳим масала. Оилада ўғил бола туғилса, бу воқеа сифатида катта байрам қилинади. Аммо қиз бола туғилса, овоза этилмайди. Айрим ҳолларда афғонлар қиз бола туғилганини ҳеч кимга айтиб ҳам ўтирмайди, чунки бу қувончли воқеа ҳисобланмайди. Қиз бола туғилишига омадсизлик деб қаралади, жамиятдаги жинсга нисбатан бундай муносабат шу пайтгача ўзгармасдан қолмоқда.
Анъанавий афғон халқ қўшиқлари – алла – барчаси ўғил болаларга бағишланган.
Шунинг учун анъанавий афғон халқ қўшиқлари – алла – барчаси ўғил болаларга бағишлангани ажабланарли эмас.Шу нуқтаи назардан машҳур қўшиқчи Алоҳа Сурур қўшиқларини эшитиш қизиқарлидир. У бир неча қўшиқ, жумладан, аллалар ёзган, уларнинг қаҳрамони ўғил бола эмас, қизлардир. Унинг аллаларида қиз болалар эътибор марказида туради. У ёзган бир қўшиқда шундай дейилади: “Қиз бола, сен машаққатли дунёга келдинг, лекин ғолиб чиқишингга ишонаман. Сенинг курашинг ўзинг учун кураш бўлади. Сен ўйлаган нарсаларингга етишасан ва мақсадингга эришгач, бахтли бўласан, қиз бола”.
Жуда таъсирли алла, унда шунчалик машаққатларни енгиб ўтиб, бирор нарсага эришган аёллар мусиқада қизларнинг янги авлоди дуо қилинаётганига ишонаётганини кўриш мумкин. Мусиқа уларни кучли бўлишга ва ўз иши усталигига эришиш умидида курашни давом эттиришга, мамлакатдан чиқиб кетишга – бу муваффақият ҳисобланади – рағбатлантиради.
Марказий Осиё мамлакатлари мусиқасига кўпинча минтақанинг юзи деб қаралади. Сизнингча, у сайёҳлар ва чет элликларни нимаси билан жалб қилмоқда? Марказий Осиё ҳақида гапирганда, дўстларингизга қайси мусиқани тинглашга берасиз?
Марказий Осиё мусиқаси жуда кучли ва у минтақа маданий меросининг энг катта таъсир кучига эга унсурларидан биридир. Марказий Осиё мусиқаси кўп қиррали, унда жамиятнинг турли қатламларидан ва тарихининг ҳар хил даврларидан бизгача етиб келган кўплаб жанрлар бор. Аммо мусиқадан ташқари, биз ўрта асрлар меъморчилиги, классик мусиқаси, тасвирий санъати ва бошқа кўплаб анъаналарини мерос қилиб олганмиз.
Мен яхши кўрган асбобим ўзбек дуторини чаламан, ҳозир қозоқларнинг дўмбирасини чалишни ўрганяпман. Айрим визуал тафовутларига қарамай, ушбу 2 та асосий торли мусиқа асбобининг умумий жиҳатлари кўп. Қозоқ маданияти, шунингдек, ўзбек меросининг аксарият қисмини ташкил этадиган эпик жанрлар бор. Лекин биз барчамиз туркий тилли дунёга мансубмиз ва бу бизни бирлаштириб туради. Тарихан қарор топган воқеликка кўра, Марказий Осиёда ўзбеклар, туркманлар ва тожиклар – ўтроқ, қозоқлар билан қирғизлар эса – кўчманчи аҳоли. Бизнинг давримизга келиб эса, барчаси аралаш-қуралаш бўлиб кетди. Назаримда, мана шу этнослар ва миллатлар ўртасидаги кўплаб аралаш никоҳларни шу билан тушунтирса бўлади. Тафовутлардан умумий жиҳатларимиз кўп деб биламан. Мусиқа бошқа маҳаллий мерос билан бирга ҳар йили бутун дунёдан юз минглаб сайёҳлар ва чет эллик меҳмонларни жалб этмоқда.
Сиз ушбу мамлакатлардаги гендер масалаларини тадқиқ қилганмисиз? Тадқиқ қилган бўлсангиз, гендер сегрегацияси нима эканини айтиб бера оласизми? Бу муайян мамлакатлардаги аёллар бир-биридан нимаси билан фарқ қилади? Марказий Осиё мамлакатларидаги аёлларни Совет Иттифоқи даврида ва ҳозирги кунда бир-биридан нима ажратиб туради? Мен бу мамлакатлардаги сиёсатчи аёллар ҳақида билишга қизиқаман.
Мен мусиқа соҳасидаги гендер масаласини пухта ўрганганман. Буюк Британия илмий доираларида “Гендер ва мусиқа” янги курсини ишлаб чиққан ва айни курсдан 2004–2006 йилларда SOAS – Лондон университетида дарс берган биринчи олима бўламан.
Совет Иттифоқида гендер масаласи ҳеч қачон Ғарбдагичалик муҳим саналмаган. Совет тизимида гендер тенглик масаласи сиёсатнинг асосий масалаларидан бири бўлган ва давлат аёллар эркаклар билан теппа-тенг таълим олиши ва ишлашини талаб қилган. Марказий Осиёнинг энг янги тарихида Қирғизистонда аёл киши – Роза Отунбаева 2010–2011 йилларда президент бўлган эди. Қозоғистон ва Ўзбекистонда кўп вазир аёллар бор.
Европага келиб, бир неча университетларда ишладим, ҳозирги кунда Буюк Британиянинг Кембридж университетида дарс беряпман, турли факултетлардаги ўртача гендер таркибига қараб, ўқитувчиларнинг кўпчилиги эркаклар эканини, аёллар эса озлигини кўрасиз – буни ўз тажрибамдан биламан. Мана бу саволни менга буюк британиялик дўстларим ҳам берган: “Сиз ўз мамлакатингизда ишлаётганингизда факултетингизга неча нафар аёл бўлган?” Мен улар нисбати тенг – 50 / 50 бўлганини айтганман. Улар ҳайрон қолиб, сўраган эди: “Аёллар қандай қилиб фарзандлар ва рўзғор ишларига вақт топа олган?” Бизнинг совет аёлларимиз қандай қилиб бўлса-да, ҳамма нарсани уддалай олган.
Мен мураккаб XXI асрда Марказий Осиёда тобора кўпроқ аёллар овози эшитилиб туриши учун улар нафақат мусиқада, қолаверса, маҳаллий сиёсат ва ижтимоий ёрдамнинг фаол аъзолари сифатида хизмат пиллапояларидан юқорилаб бориш имконига эга бўлишига ишонаман. Хусусан, афғон аёлларини ҳам ёруғ кунлар кутаётганига умид қиламан.