Муаллиф: Пўлат Охунов – сиёсатчи, Швециядаги Марказий Осиё жамияти (Association Central Asia) раиси
Ҳар қандай давлатнинг блокларга қўшилмаслик ёки бетарафлик сиёсатини юритаётган пайтдаги мустақил мудофааси харажатлари ҳар бир иштирокчи мамлакатнинг эгамен ҳақларини ўзаро ҳурмат қилиш, ташқаридан тажовуз бўлганда зудлик билан ёрдам кўрсатиш принципларига асосланган мудофаа иттифоқидаги иштирокидан кўра анча қимматга тушади. Бунга ҳали блокларга қўшилмаслик сиёсати хавфсизлик кафолатини бермаслиги кирмайди, буни бутун дунё Украина мисолида гувоҳи бўлди. Ўз йўлини танлаб олган Украинага қарши бошланган уруш сабаб дунё ХХI асрда бутунлай янги воқеликка юзма-юз келди. Сўнгги кунлардаги хабарлар тасмаси вақтни орқага айлантираётган машинага ўхшайди. Менинг замондошларим ўзим қатори ўттиз йил олдинги дунё манзарасини кескин ўзгартириб юборган тарихий воқеаларга ё гувоҳ ёки уларнинг иштирокчилари. СССРнинг тарқаб кетиши эса шундай воқеа бўлган эди. Совет Иттифоқини бемалол Россия империяси давлатчилигининг қайта туғилиши сифатида таснифласа бўлади. Ушбу империянинг 1991 йилда юз берган навбатдаги ҳалокати ундан фақат Болтиқбўйи мамлакатлари тўлиқ озод бўлишига олиб келди.
Сўнгги йилларда бўлиб ўтган учрашувларимиз чоғида мен кўплаб швед ва европалик сиёсатчиларни Россия таҳдидларидан огоҳлантириб келдим. Афсуски, сўзларимга шубҳа билан қаралди. Ҳа, муҳокамаларимиз асосий мавзуси Ўзбекистон ва умуман Марказий Осиёда демократия истиқболлари бўлган. Лекин мен ҳар доим токи Россия таҳликаси бартараф этилмас экан, бу истиқбол жуда омонат эканини айтиб келганман. Ҳеч бир блокка қўшилмаган Украинага қарши уруш, таассуфки, гапим тўғрилигини тасдиқлаяпти. Айни уруш сабаб анъанага кўра бетарафликка амал қилиб келаётган Швеция ва Финландияни НАТОга кириш тараддудларини бошлашга ундади. Ушбу мамлакатлар ватандошлари ҳукуматларидан тобора кўпроқ бетарафлик сиёсатини қайта кўриб чиқиб, Шимолий Атлантика ҳарбий иттифоқига киришни талаб қилмоқда. Бу мамлакатлар сиёсатчилари бетарафликнинг молиявий харажатлари ривожланган мудофаа инфратузилмаси бор давлатларнинг ҳарбий ва сиёсий блокига аъзоликдан кўра жуда қимматга тушишини англаб етишига умид қилиш керак. Швеция билан Финландиянинг НАТОга аъзо бўлиш масаласи тез орада кўриб чиқилади.
Украинадаги уруш ва ундаги мағлубият Россия Федерациясини ҳатто парчаланиб кетишга қадар заифлаштириб қўяди. Ўз навбатида Россиянинг жуғрофий-сиёсий жиҳатдан қулаши бошқа постсовет давлатларига эгаменлигини мустаҳкамлаш, Кремлдан бутунлай мустақил интеграция лойиҳаларини тузиш борасида янги имкониятлар беради. Шунинг учун бу ҳақда ҳозирданоқ бош қотириб, Ўзбекистон ва Марказий Осиёнинг барча мамлакатлари келажаги ҳақида ўйлаш керак. Келгусида ҳам эгаменлигимизни сақлаб қолишимиз учун Марказий Осиёда коллектив хавфсизлик архитектурасини яратишимиз зарур.
Ўзбекистон ҳозирданоқ бўлғуси жуғрофий-сиёсий ўзгаришларга тайёргарлик кўриши мақсадга мувофиқ. Хусусан, Шимолий Атлантика шартномаси ташкилотида (НАТО) жиддий ўзгаришлар бўлишини кутиш мумкин, яқинда ташкилот бош котиби Йенс Столтенберг The Telegraph газетасига берган интервюсида ўзгаришнинг умумий чегараларини тасвирлаб берди. “Биз айни пайтда янги воқеликка, Европа хавфсизлигининг янги шаклига гувоҳ бўлиб турибмиз. Шунинг учун ҳарбий қўмондонлигимиздан ўзимиз қайта юклаш, НАТОнинг узоқ муддатли мослашуви вариантларини тақдим этишни илтимос қилдик”, дея баноёт берди Столтенберг. Қайта юклаш ҳақидаги қарорлар жорий йил июнида Мадридда қабул қилинади.
Ўзбекистон раҳбарияти ушбу ҳолатга эътибор қаратса ва дунёдаги энг кучли мудофаа иттифоқига аъзо бўлиб кириш имкониятини кўриб чиқса, яхши бўлар эди. Ўзбекистоннинг НАТОга аъзолиги нафақат ўзининг, қолаверса, Марказий Осиёдаги қўшниларининг ҳам хавфсизлигини кафолатлаган ва эгаменлигини таъминлаган бўлар эди.
Таклиф этилаётган истиқболнинг амалга ошмайдиган бўлиб кўринаётганини ва уни амалга ошириш йўлидаги тўсиқларни тўғри тушунаман. Лекин англашимиз керакки, НАТО бугунги кунда дунёга асосий таҳдид сифатида Россияни кўрмоқда. Бунинг маъноси шуки, НАТОга Яқин ва Ўрта Шарқда мустаҳкамланган қанотларини яратиш ҳақида қайғуриш зиён қилмайди.
Юқоридан баён этилганларидан келиб чиққан ҳолда НАТОга аъзо мамлакатлар ўртасида қудрати бўйича иккинчи ўринда турувчи Буюк Британиянинг қайта туғилаётган Шарқ стратегиясига Марказий Осиё мамлакатлари алоҳида эътибор қаратиши жоиз. Global Britain’да (Глобал Британия) концепциясида Британия ташқи ва мудофаа сиёсати концепциясининг янгилиги ва эътиборга молик жиҳати шундаки, унда асосий эътибор Ҳинд ва Тинч океанлари минтақасига қаратилмоқда. Мен учун бу янгилик эмас, чунки бугунги кунда айнан ўша минтақа дунё иқтисодиётида ибрат бўлмоқда. Ҳозир айнан ўша минтақада авторитар режимлар билан эркин бозор иқтисодиётига эга демократик мамлакатлар ўртасидаги тизимли зиддиятда ким ютиб чиқиши масаласи ҳал бўлмоқда. Марказий Осиё алоҳида геостратегик аҳамиятга моликлиги билан ўша зиддиятнинг оловли чизиғида турибди.
Агар НАТОнинг ваъда этилган ўзгариши ҳарбий иттифоқнинг Шимолий Атлантика чегарасидан ташқарига кенгайишини назарда тутмайдиган бўлса, жуғрофий жиҳатдан кенг қамровли Глобал Британия концепцияси Ўзбекистонга ҳарбий технологиялари ва ҳарбий санъати даражаси юксак бўлган демократик давлатлар орбитасига кириш имконини беради. Бугун Буюк Британия Украина, Полша, Туркия билан бирга НАТОдан мустақил, аммо қатъийроқ мудофаа иттифоқи тузиш йўлида илк қадамларни қўймоқда. Ўзбекистон ҳам дунё жуғрофий сиёсатидаги ушбу ҳодисага синчиклаб қараши ҳамда Буюк Британия билан унинг янги иттифоқчиларига стратегик ҳамкорлик қўлини узатиши зарур. Ўзбекистоннинг мана шу иттифоққа қўшилиши 1979 йилда Эрон чиқиб кетиши ортидан тарқатиб юборилган Буюк Британия етакчилигидаги СЕНТО қайта туғилишига туртки бўлиши ҳам мумкин.
Энди Эрон ҳақида бир-икки оғиз. Россиянинг Европа нефт ва газ бозоридан сиқиб чиқарилиш истиқболи, шунингдек, Эронга нисбатан амалдаги халқаро санкцияларнинг бекор қилиниши Ислом Республикасини Ғарб мамлакатлари ва Исроил билан муносабатларини юмшатиши, мамлакат ичида эса у ердаги яхши ривожланган демократик институтларга бўлган клерикал босимни анча-мунча камайтиришига умид қилса бўлади. Эроннинг дунё ҳамжамиятига қайта интеграциялашуви мисли кўрилмаган коммуникация имкониятларини очади: минтақамиз учун Дунё океани, Европа ва Жанубий Осиёга энг қисқа ва энг қулай транспорт йўллари очилади. Буюк ипак йўли ғояси реалроқ мазмун билан тўлади. У ҳолда Эронни ҳам янги СЕНТОга аъзоликка таклиф қилиш мумкин бўлади.
Эски Марказий шартнома ташкилотида (СЕНТО) яна бир қатнашчи – Покистон бор эди. Ушбу давлат, барча мураккабликларга қарамай, Британия бошқарувидан қолган ва ривожланган демократик институтларга эга экани шубҳасиз. Бугунги кунда Покистон – ядро қуролига эга давлат, Ўзбекистоннинг стратегик ҳамкори. Мамлакатимиз ушбу мамлакат билан ҳамкорлик қилар экан, қўшни Афғонистондаги тинчлик ортга қайтариб бўлмас жараёнга айланишига, Ҳиндистон субконтинентининг кенг қамровли бозорлари ва Ҳинд океани портлари сари энг қисқа транспорт ва энергетика коридорлари очилишига умид қилмоқда.
Ниҳоят, янги СЕНТО Жанубий Кавказ минтақаси мамлакатлари: Озарбайжон, Арманистон ва Грузияни ўз сафларига таклиф этиб, узоқ кутилган тичлик ўрнатилишида ёрдам бериши мумкин.
Шу тариқа Ўзбекистоннинг блокларга қўшилмаслик доктринасидан воз кечиши ҳамда ҳарбий ва сиёсий ташкилотга интеграциялашуви ҳақида қарор қабул қилиши мавжуд демократик институтлар ёки уларни барпо этишга қатъий интилишлар билан бирга қоллектив хавфсизликнинг Ўрта Шарқдаги ва Шарқий Европадаги ҳудудларни қамраб олувчи улкан ҳудудда коллектив хавфсизликнинг янги тизими вужудга келишига сабаб бўлиши мумкин.
Мазкур мақоладаги фикрлар муаллифнинг шахсий фикри бўлиб, UzAnalytics таҳририятининг нуқтаи назарини акс эттирмайди.