Муаллиф: Дамир Сатторов
Италиядаги Турин университети Маданият, сиёсат ва ижтимоий фанлар факультетининг замонавий тарих, урбанистика тарихи ва миграция бўйича профессори Марко Буттино 2020 йилда чоп қилинган Samarkand: Living the City in the Soviet Era and Beyond (“Самарқанд 1945 йилдан ҳозирги кунгача бўлган даврда”) китоби ҳақида ҳикоя қилади. Китобда Самарқанд Буюк ипак йўли бўйида жойлашган оддий, афсоналарга бурканган эмас, СССР таркибида бўлган ва ундан кейин ҳозирги даврга қадар муайян ўзгаришларни бошдан кечирган реал шаҳар сифатида тавсифланади.
Нега сиз тадқиқотингизга “Самарқанд 1945 йилдан ҳозирги кунгача бўлган даврда”ни мавзу қилиб танладингиз?
Мен 1917 йил воқеалари ва Совет ҳокимиятининг Марказий Осиёдаги дастлабки йиллари ҳақида китоб (“Революция наоборот. Средняя Азия между падением царской империи и образованием СССР” – “Аксинча инқилоб. Марказий Осиё , чор империяси қулаши ва СССР ташкил топиши ўртасида”, “Звенья” нашриёти, Москва, 2007) ёзиш учун Тошкентда узоқ вақт ишладим. Архивда ишлаётиб, ҳар куни қизиқ ҳужжатларни топдим, лекин шаҳарга чиқиб, у жуда тез ўзгараётганини, кўчаларда, уйларда нималар юз бераётганини кўрдим ва улар мени архив қоғозларидан кам қизиқтирмади. Шунинг учун Ўзбекистонда юз бараётган воқеаларни тадқиқ қила бошладим. Мен кузатув нуқтаси сифатида Самарқандни танладим ва Тошкентдан кетдим. Пойтахтлар бошқа шаҳарлардан бироз фарқ қилади, шу сабаб мен тадқиқотни пойтахтда эмас, бошқа йирик шаҳарда ўтказишни маъқул кўрдим. Шу тариқа Самарқандда архивда ҳам, кўчаларда ҳам, уйларда ҳам этнографик кузатув асосидаги анъанавий тарихий ёндашувни оғзаки тарих деб аталган нарса билан бирлаштирган ҳолда иш бошладим.
Постсовет давридаги ўзгаришлар ўрганишим мавзусига айланди. Бироқ бундай тадқиқот учун айнан нима ўзгарганини, яъни олдинги даврдаги шаҳар тарихини билиш зарур эди. Назаримда, Самарқанд Иккинчи жаҳон урушидан сўнг тўлиқ совет шаҳрига айланди, шунинг учун мен 90-йилларнинг иккинчи ярмидан 2000-йилларнинг биринчи ўн йиллигига қадар кўз ўнгимда содир бўлган ўзгаришлар моҳиятини англаш учун Совет ҳокимиятининг сўнгги ўн йилликларига алоҳида эътибор қаратишим керак эди.
Шаҳарнинг турфа қиёфалилиги мавзеларининг турли-туманлигида намоён бўлаётган эди. Тадқиқот шаҳарнинг турли мавзеларида ўтказилиши лозим эди, шунинг учун мен турли маҳаллаларда яшаб кўрдим. Аста-секин одамлар билан танишдим, улар мени уйларига таклиф қилди ва мен уларнинг оилалари тарихини ёзиб ола бошладим. Кўз ўнгимда постсовет давридаги эврилиш умумий жойлари ва аниқ-тиниқ тафовутлари бор кўплаб воқеалар тавсифига айлана борди. Рўй берган ўзгаришлар ҳаммага, лекин турлича дахл қилди.
Одамлар билан узоқ танишлик ва ўзаро ишончли муносабатлар ўрнатганимдан сўнг ушбу турли-туманлик мен суҳбатлар давомида эшитган шахсий ва оилалар билан боғлиқ воқеалар баёнида кўзга ташланадиган бўлди. Ҳар бир киши ҳаётида юз берган воқеалар нафақат мамлакат ижтимоий ҳаётидаги жиддий ўзгаришларни, қолаверса, ўша ўзгаришларга боғлиқ бўлмаган тарзда содир бўлган эврилишларни акс эттирар эди. Шунинг учун суҳбатдошларимдан ҳаётидаги муҳим лаҳзалар ҳақида сўраганимда, жавоб кўпинча никоҳ, фарзандлар туғилиши, иш ва ҳк.дан иборат бўлар эди. Сиёсий воқеалар бир четда қолавергани табиий. Мени энг аввало ижтимоий муносабатлардаги ўзгаришлар қизиқтирар эди. Турли ёшдаги кишилар билан суҳбатлашдим, уларнинг энг узоқ реминисценцияси – ғира-шира хотиралари, асосан, урушдан сўнгги даврга тааллуқли бўлди. Кўпчилик оиласининг ундан ҳам узоқроқ тарихи ҳақидаги хотиралар ва мулоҳазаларини гапириб берди, улар воқеаларнинг жуда қизиқ баёни эди, лекин асосан, мен буларни суҳбатдошларим индивидуаллигини намоён қилтш ва ўзини кўрсатиш учун тутган йўли сифатида қабул қилдим. Кенгроқ тарихий контекстдаги ўзгаришларни тадқиқ қилиш учун менинг ушбу эсдаликларга мурожаат қилишдан ўзга чорам йўқ эди. Мен Самарқанд, Тошкент ва Бухоро архивларидан топган материаллар, табиийки, яна бир манба бўлди.
Самарқанд 1917 – 1945 йилларда қандай шаҳар ва тарихда қандай аҳамиятга эга бўлган?
Россия империясининг қулаши ва Тошкентда Петербург ва Москвадаги совет ҳокимиятига таянган янги ҳокимият ўрнатилиши Туркистонда катта ўзгаришларга йўл очиб берди. Очарчилик ва зўравонлик кенг тарқалган оғир замон бошланди, ҳар бир шаҳар ёки қишлоқдаги аҳоли ўзини ҳимоя қилиш ва шусиз ҳам охири кўриниб қолган озиқ-овқат захираларини бошқалар талаб олиб кетишига йўл қўймаслик тадоригини кўрадиган бўлди; транспорт алоқаси узилиб қолди. Дастлабки йилларда асосан Россия ҳарбий хизматчилари қўллаб-қувватлаган ва марказий инқилоб ҳокимияти қонунийлаштирган Тошкент ҳукумати ҳокимият ўрнатиши ва уни юритиши керак бўлган ҳудудда изоляцияга тушиб қолган эди. Москва билан тўғридан-тўғри борди-келди йўлга қўйилган 1920 йилда вазият ўзгарди.
Бухоро амирлиги қулагандан сўнг Самарқанд ҳаётида янги босқич бошланди. Ўзгаришлар тепадан келиб, жамиятга сингдира бошланди. Дастлаб уни маҳаллий аҳолининг модернизация ва тараққиёт ғояларига қизиққан тор қатлами қўллаб-қувватлади. Уч йиллик мавҳумлик, қашшоқлашув, очарчилик, мулк тортиб олиниши ва масжидлар ёпилишидан сўнг нисбатан тинч ҳолатга қайтиш ва иқтисодий фаолият тикланишини машаққатлар жонига тегиб кетган аҳоли ижобий кутиб олди.
Туркистоннинг бошқа шаҳарлари билан солиштирганда, Самарқанд ўтган асрнинг йигирманчи йилларида иккита ўзига хос жиҳатдан муҳим шаҳар бўлиб қолган эди.
Самарқанд 1945 йилдан 1991 йилга қадар қандай шаҳар бўлган?
Урушдан сўнг шаҳар ҳаёти кескин ўзгара бошлади. Аввало аҳоли сони анча-мунча ортди, ўтган йилларда шаҳарга бир неча минг киши кўчиб келади. Улар Узоқ Шарқ ҳудудларидан кўчирилиб, 1938 йилда келган ва дастлаб ўзбек колхозларида ишлаган корейслар эди. Корейслар урушдан ўз колхозларини ташкил этиб, гуруч етиштира бошлайди ва шаҳарлик оилаларни энг зарур ушбу маҳсулот билан таъминлайди. Корейсларнинг шаҳарда пайдо бўлиши ҳамманинг кўзига ташланиб қолади, фарзандлари мактабларга бориб, рус тилини ўрганишга киришади. Уруш даврида Самарқандга бошқа доимий яшаш жойидан кўчирилган бошқа халқлар, жумладан, Қрим татарлари ва чеченлар вакиллари ҳам келади. Татарлар қурилиш билан банд бўлиб, фосфат ўғити ишлаб чиқарадиган “Супер” заводини қуради, ўғит Ўзбекистоннинг бутун ҳудудида ишлатилар эди. 1960-йилларда татарлар оқланиб, тўла ҳуқуқли ватандошларга айлангандан сўнг, шаҳарнинг марказий қисмига кўчиб ўта бошлади ва аста-секин шаҳар ҳаётига қўшилиб кетди. Уруш сабаб аҳоли сони кўпайишига сабаб бўлган яна бир ҳолат СССР ғарбий ҳудудларидан славянларнинг кўчиб келиши бўлган эди. Нацистлар босиб олишига қадар ўша ҳудудлардан олиб чиқилган заводлар ва Россиядан ишчи ва техниклар кўчиб келиши сабаб шаҳар қиёфаси ўзгарди. Шаҳар ҳаётининг 1950-йилларда бошланган “модернизацияси” янги заводлар ва уларнинг россиялик ходимларига таянади.
Ижтимоий ўзгаришлар муҳим маданий эврилишларга ҳам сабаб бўлди. Мен китобимда совет ватандоши шаклланишидаги бир неча мактаб ролини ҳам тадқиқ қилганман. Мактабларда ўқишни ташкил қилиш, дарсликлар, маданий ва сиёсий ташаббуслар барча қолган совет республикаларидаги маданият ўхшаш бўлгани учун ёшларни ўқитишнинг асосий воситалари бўлиб қолди. Шаҳар ҳаётида рус тили асосий тил вазифасини ўтади, у бошқа минтақалар вакиллари ва давлат билан мулоқот учун восита тилга айланди. Ёш ўзбеклар, тожиклар ва бошқа камсонли миллатлар учун ушбу тил ва совет маданияти умумий, барча йигитлар учун мажбурий ҳарбий хизмат эса совет маданий қурилишининг асоси бўла борди.
Партия маданият, умуман, иш ва ҳаётга нисбатан танлаш масаласидир. Партия ҳукмрон синфнинг танлаш воситасидир, у бутун аҳолини жалб этиш сиёсатини юритади. Аҳолининг кўпчилигини ташкил этувчи ўзбеклар ва тожиклар вақти ўтиши билан партияда кўпчиликка айланади. Муҳим сиёсий қарорлар ҳамон умумсовет макони даражасида Москвада қабул қилинаётган, аммо маҳаллий маъмурият тобора маҳаллий аҳоли вакилларидан бўлган эркаклар қўлига ўтиб бораётган эди.
Совет ҳокимияти Самарқанд шаҳри меъморчилигига қандай таъсир кўрсатди ва СССР тарқаб кетгандан сўнг унда қандай ўзгаришлар юз берди? Маҳалла ва масжидларга нима бўлди?
Урушдан сўнгги даврда асосий масжидларни реконструкция қилиш маҳаллий аҳолини жалб этиш сиёсатининг муҳим жиҳатидир. Улкан масжидлар ва мадрасалар тикланмоқда ва шаҳарнинг миллий ёдгорликларига айланмоқда.
Совет қурилиши ривожланиши билан ижтимоий ҳаётда ҳақиқий ўзгаришлар юзага келди – янги заводлар, ижтимоий бинолар ва тураржойлар барпо бўлди. Олтмишинчи йилларда шаҳарда бир тус ва шаклдаги Хрушчев уйлари оммавий тарзда қурилди, етмишинчи йиллар ва саксонинчи йиллар бошида серияли ишлаб чиқарилган кўп қаватли туруржой бинолари қад ростлади, янги кичик туманлар барпо бўлди. Уларда совет модернизациясида иштирок этаётган ватандошлар: биринчи навбатда ишчилар, техниклар ва амалдорлар яшади. Янги хонадонларнинг бир қисмини маҳалла аҳолиси эгаллади.
Бу шаҳар ҳаётида юз берган улкан ўзгаришлар эди. Янги ҳаёт тарзини шакллантириш Москва сиёсатининг бутун СССР бўйлаб бир хил маиший турмуш шароити яратиш ва маҳаллий турмуш тарзидаги хилма-хилликни енгиб ўтишга йўналтирилган муҳим жиҳати эди. Лекин республикалар бундай сиёсатни амалга ошириши қийин. Маълум бўлишича, Самарқандда кўп сонли ва тез кўпаяётган маҳаллий аҳоли оилалари кичик хонадонларда яшашга мослашуви қийин бўлган. Шунга қарамай, Хрушчёв уйларидан ташкил топган янги маҳаллалар вужудга келади. Аммо шаҳар марказидаги айрим маҳаллалар бузилиб, аҳоли шаҳар чеккасидаги бир қолипдан чиққан янги кўп қаватли уйларга кўчиб ўтишга мажбур эди.
Китобда асосий эътибор турли анъаналари ва ижтимоий одатлари турлича бўлган руслар, тожиклар, ўзбеклар, яҳудийлар, татарлар, корейслар ва лўлилар истиқомат қилаётган айрим кичик туманлардаги эврилишларга қаратилди. Турли туманларда ягона хулқ ва ҳаёт тарзи яратишга интилаётган совет сиёсати ўз-ўзидан юзага келадиган мослашиш ва автономия намоён бўлишига дуч келди. СССР тарқаб кетгандан сўнг совет ҳокимияти рамзи бўлган бинолар аҳамиятини йўқотди. Шаҳарсозлик сиёсати миллий рамзлар деб тан олинган иншоотлар, биринчи навбатда, улкан масжидларга йўналтирилди. Шаҳар маркази унинг ривожланиши ва сайёҳлар эҳтиёжлари ҳақидаги замонавий тасаввурларга кўра модернизация қилинди, янги майдонлар ва меҳмонхоналар пайдо бўлди. Бироқ марказий маҳаллалар туристлар нигоҳидан деворлар билан тўсилди. Лекин шаҳар меросини хусусийлаштириш маҳаллалар ичидаги муҳим ўзгаришларга ҳам олиб келди: анъанавий бир қаватли бинолар ўрнида бир оилага мўлжалланган салобатли уйлар қад ростлади.
Самарқанд постсовет даврида қандай ўзгаришларни бошидан кечирди?
СССР таназзулидан сўнг янги динамика пайдо бўлди, шунингдек рус ва бошқа миллат вакилларининг қисман кўчиб кетиши шулар жумласидандир. Китобда турли маҳаллаларда юз берган ўзгаришлар қаламга олинади. Ўзгаришлар эмигрантлар ташлаб кетган уйлар, шунингдек, хусусий ва ижтимоий маконларнинг эврилишларга юз тутишига тегишлидир. Асосий эътибор дастлабки постсовет даврига қаратилади. Аҳолининг кўчиши шаҳар ичида ҳам, хусусан, шаҳар маркази билан чеккаси ўртасида ҳам юз берди, бу кўчмас мулк бозори пайдо бўлиши ва кетаётганларнинг уйларини сотиш билан боғлиқ эди. Ўзбекларнинг қишлоқлардан шаҳарларга кўчиши ортиб бориши кузатилди. Кўплаб туманларда аҳоли сони ва фаолият соҳалари ўзгариб кетди.
СССР тугаши маданий бўшлиқ ҳосил қилди. Совет маданиятидан воз кечиш истаги (энг аввало китоблардан) устунлик қилди, аммо ҳақиқий муқобил бўлмагани учун ислом маданияти ҳукмронлиги хавфи юзага келди.
Дастлабки постсовет йилларида мамлакатни камсонли миллатлар учун камситиш кўринишини олган “ўзбеклаштириш” юз берди. Сўнгра, вақт ўтиши билан янги миллий этник гуруҳлардан баланд мансублик Ўзбекистоннинг янги фуқаролик жамияти шакллана бошлади.
Мустақиликка эришиш кескин бурилиш лаҳзаси ва мамлакатнинг тикланиши бошланиши сифатида қайд этилади. Маданий муҳит ўзгаришининг ўзига хос жиҳатларидан бири ўзбек тилининг мамлакат расмий тили сифатидаги янги мақоми бўлди, у ижтимоий ҳаёт, ўқиш ва ишда асосий тилга айланди.
Мамлакатни бошқараётган партия аҳолида янги миллий мансублик ҳиссини уйғотиш учун кўҳна тарихга эга йирик шаҳарларда катта байрамлар уюштирди, улар орасида албатта Самарқанд ҳам бор эди. Янги ҳайкаллар ўрнатилди, эскилари таъмирланди. Мактабларда ўқув дастурлари ўзгарди, янги дарсликларда Ўзбекистоннинг қайта ёзилган тарихи пайдо бўлди. Темур янги миллий кимликнинг (идентитет) бош намунасига айланди.
Ўзбекистон илк постсовет йилларида дин билан ярашди. Маҳаллаларда масжидлар очилди, ислдом дини ижтимоий ҳаётда муҳим ўрин эгаллаш учун ошкора равишда қайтди.
Бугунги кунда мустақил Ўзбекистонда совет ўтмишига муносабат қандай?
СССР тарқаб кетгандан сўнг Рашидов қаҳрамонга айланди, совет ўтмиши эса аҳолининг Москвадан бошқаришга узоқ давом этган қаршилиги сифатида қайта мулоҳаза қилинмоқда. Маҳаллий маъмуриятнинг коррупция билан боғлиқ жанжаллари Москва ҳокимиятининг республикани истило қилиши ва миллий раҳбарларни ҳайдаб солиш учун баҳонаси сифатида талқин қилинмоқда. Горбачёвнинг ҳукмронлик даври манманликнинг яна бир кўриниши деб баҳоланмоқда, кўпчилик тозалашларни Сталин давридаги қатағонлар билан солиштирмоқда.
Ўтмишни қайта мулоҳаза қилиш ҳам мен юқорида эслаб ўтган маданий сиёсати йўналишига бўйсунади. Мамлакатдаги сиёсий ва маданий тартибга солиш очиқ гапиришдан, аввало, хавфли ижтимоий можаролар пайдо бўлишидан қочишда кўпинча совет даврини яширин танқид қилишга асосланади.
Сиз тадқиқотингиз давомида турли ёшларга мансуб кишилардан кўплаб интервьюлар олгансиз. Ўзингизни қизиқтирган айрим кишиларнинг тақдири ҳақида гапириб берсангиз.
Китобда мен фикрини сўраб билган кўплаб кишиларнинг бошидан ўтган воқеалар баёни бор. Мен ўзимга нисбатан муомаласи яхши бўлган, тадқиқотим мазмунини тушунтириб берган, маҳаллий жамоатдан ишончли гувоҳ бўла олган кишиларни танлаб олганман. Мен ўзбек ва тожик оилаларидан бўлган кишилар билан учрашганман ва улар менга тарихини гапириб берган.
2000-йилларнинг дастлабки ўн йиллигида улардан айримлари Россия, Корея ёки Португалияга бориб келди. Чет элга бориб ишлаб келиш ўз уйи таъмири харажатларини тўлаб бериш, тўйга деб олинган харажатларни қоплаш ёки Самарқандда ўз бизнесини бошлаш учун зарур эди.
Суҳбатдошларим орасида бир қанча руслар ҳам бор эди. Улар орасидан мени ўзи ишлаётган мактаб кутубхонаси ва архивига олиб борган ҳамда турли синфлардаги ўқувчилари суратларини кўрсатиб, улар тақдири ҳақида ҳикоя қилиб берган ўқитувчини эслайман.
Мен Бухоро яҳудийлари билан ҳам танишдим. Улардан бири асосий қисми Исроил билан Қўшма Штатларга кўчиб кетган оиласи ҳақида сўзлаб берди. Ўзи зикр этилган мамлакатлардаги ҳаёт ёқмагани учун Самарқандда қолган экан. Айтишича, у ерда болалар ота-онасини ҳурмат қилмайди, қариндошларга вақт йўқ ва одамлар бир-биридан узоқлашиб бормоқда.
Корейслар оилалари қандай қилиб депортация қилингани ва Ўзбекистонга келиб жойлашиш машаққатлари, сўнгра жамиятга қўшилиш ва жамоатининг муваффақиятлари ҳақида ҳикоя қилиб берди. Корейслардан суҳбатдошим бир муҳандис бўлди, у Самарқанддаги катта фабрикада ишлаган экан; ҳозир пенсияда ва ҳалигача шаҳарда яшайди. Лўлилар (мугат) маҳалласига ҳам бордим, кўплаб уйларга таклиф қилиндим ва айримларининг ҳаётини ҳам кузатдим.
Сиз тадқиқотингизни тугатгандан сўнг қандай асосий хулосага келдингиз?
Билишимча, ижтимоий ўзгаришларни тадқиқ қилиш учун одамлар ҳаётини чуқур ўрганиш ва сиёсий баёнотлар ташқарисига чиқадиган ушбу ўзгаришлар моҳиятини тушуниб олиш керак бўлади. Аввало, юз бераётган ўзгаришларни қайд этиб бориш келгусида мушоҳада юритиш учун асос сифатида муҳим бўлишига ишончим комил.