Суратда: Рассом Александр Волковнинг “Чойхона” картинаси, 1936 йил.
Стефани Ҳончелл Оҳайо штати университети аспирантурасига тақдим этган докторлик диссертациясида Марказий Осиё жамиятларида алкўҳл (спиртли ичимликлар) истеъмол қилиш тарихини ҳикоя қилиб беради. Қуйида ушбу илмий ишдан айрим парчаларни таржима қилиб, эътиборингизга ҳавола қиламиз.
Муаллиф XV асрга оид манбалардан Марказий Осиё тарихидаги алкўҳл маданияти ҳақида кўплаб мисоллар келтиради. Бу, асосан, адабий манбалар: солномалар, хотиралар, шеърлар ва ҳк. билан боғлиқ. Уларда вақти-вақти билан майхўрлик қилиш ҳақидаги ҳикоялар тўлиб-тошиб ётибди.
Ўша даврнинг алкўҳл ичиш маданияти диний амалиётга ойдинлик киритиш баробарида минтақада чорвачилик билан шуғулланилган кўчманчиликдан ўтроқ ҳаёт тарзига ижтимоий ва иқтисодий силжиш намунаси ҳам ҳисобланади. Алкўҳл билан боғлиқ маданий қадриятлар XV асрга келиб ўзгариб кетди. Даштдаги асосий спиртли ичимлик қимиз (биянинг ачитилган сути) кўчманчилар жамиятида муҳим маросимлар чоғида ҳамда янги хонларнинг тахтга ўтириши ва сиёсий етакчиларни кутиб олиш сингари тадбирларда истеъмол қилинган. Алқўҳл нисбатан кам бўлган қимиз пировардида спирт миқдори кўпроқ бўлган шароб билан алмаштирилди, у ўтроқ деҳқонлар ичимлиги бўлиб, император саройларида уни нўш этиш мақбул кўрилган. Ушбу даврда алкўҳл истеъмол қилиш амалиётида чиндан ҳам юз берган ўзгаришлар ислом динининг спиртли ичимликларга нуқтаи назарини қабул қилишга муносабати эмас, аксинча, энг аввало тобора ўтроқлашиб бораётган ҳаёт тарзи билан боғлиқ эди. Дарҳақиқат, исломни, хусусан Ҳанафийлик мазҳабини қабул қилиш алкўҳл истеъмол қилиш йўқ бўлиб кетишига эмас, унинг анъанавий амалиётлари сақланиб қолишига жуда катта ҳисса қўшди.
Араблар истилосидан кейинги даврда алкўҳл истеъмолининг чекланиши
Араблар истилосидан олдин алкўҳл Марказий Осиёдаги ҳам ўтроқ, ҳам кўчманчи халқлар ҳаётида муҳим ўрин эгаллаб келган. Марказий Осиёнинг узумга бой ўтроқ ҳудудлари шароб турларини милоддан олдинги III асрдаёқ Хитойга экспорт қилган ва бу савдо-сотиқ ислом дини ҳукмронлиги даврида ҳам давом этган. Зардуштийлик даврида узум шаробидан маросимларга амал қилишда, айниқса, тозалаш мақсадида фойдаланилган – шароб қон билан ҳаёт ва мамотнинг ўзаро ўрин алмашиб туриши деб ҳисобланган. Ислом динининг кириб келиши алкўҳл истеъмол қилишнинг мавриди ва сабабларини ўзгартирди, шаробни диний маросимлардан чиқариб юборди. Шунга қарамай, шароб истеъмол қилиниши муҳим ҳаётий воқеалар, жумладан, фарзанд туғилиши ва никоҳ қуришга – маросимнинг табиати диний бўлишига қарамай – ҳамроҳлик қилаверди.
Ислом дини кириб келишининг дастлабки даврида шаробни истеъмол қилишга рухсат бериш фойдасига келтириладиган диний далиллар, биринчидан, алкўҳлни истеъмол қилиш ва мастлик ўртасидаги тафовутга асосланган, иккинчидан эса, уларда алкўҳл ичувчининг ёши муҳим эканига эътибор қаратилган. Биринчи ҳолатда истеъмол қилинаётган модданинг миқдори қанча экани аҳамиятга эга экани иддао қилинган: шаробнинг ўзи эмас, мастликка сабаб бўлган муайян миқдор тақиқланган. Иккинчидан, ёшликдаги шўхликлар кечирилган, бироқ катта ёшда тақводор бўлиш керак бўлган.
Шунинг учун Марказий Осиёда алкўҳл истеъмол қилиш амалиёти диний ақидаларни инкор қилиш оқибати бўлмай, бунинг ўрнига ислом динининг талқин этилаётган қайишувчанлиги ва мослашувчанлигини акс эттирар эди. Ҳанафий ва Мотуридий таълимотларининг икки ёқлама таъсири Мовароуннаҳрнинг кўчманчи ва ўтроқ аҳолиси ўртасида ислом дини кириб келишидан олдинги алкўҳл истеъмол қилишни давом эттиришга ёрдам берди ва уни қонунийлаштирди. Ҳанафия мазҳаби олимлари узум шаробидан ташқари бошқа спиртли ичимликларни ҳам истеъмол қилишга рухсат берган. Мотуридия деб ном олган мавҳум илоҳиётшунослик мактаби эътиқод диний маросимлар ёки қонунларга риоя қилишга боғлиқ эмас, дея ишонтирган.
Шофиия, моликия ва ҳанбалия мазҳаблари вакиллари Қуръони каримнинг хамр (шароб) таърифини унга барча интоксикантларни (маст қилувчи ичимликлар) қўшиб кенгайтириш учун таққослар билан иш кўрган бўлса, Ҳанафия мазҳаби фақиҳлари фақат узум ва хурмодан олинган алкўҳл моддалар хамр эканини ва улар хамр бўлгани учун тақиқланишини айтган. Шу тариқа, Ҳанафия мазҳаби фақиҳлари қиёс эмас, ижтиҳодни қўллаб, чекланган тақиқ ўрнатишга муваффақ бўлган эди. Яна шуни ҳам қайд этиш жоизки, сут хамр манбалари орасида қайд этилмаган ва бу ҳолат қимизни тақиқланган моддалар рўйхатидан ўчириш далилини кучайтиради. Сутдан тайёрланадиган алкўҳл ичимликлари даштдан ташқарида камёб бўлгани учун қимиз на дастлабки диний мунозаралар мавзуси ва на тақиқловчи қонунчиликнинг муайян мақсади бўлган. Шу тариқа туркий кўчманчи гуруҳлар Мовароуннаҳрда устувор бўлган Ҳанафий ислом таркибига қўшилгани туфайли қимиз алкўҳлнинг бошқа турлари билан солиштирганда, истисноли мақомга осонгина эга чиқди. Худди шу сабабга кўра, картошкадан тайёрланадиган ароқ ва агавадан тайёрланадиган текила ёки шакардан тайёрланадиган ромни хамр рўйхатидан бемалол чиқариб юборса бўлаверади.
Бироқ вақт ўтиши билан ушбу ўзгарувчан диний меъёрлар қатъийлаша борди ва ислом оламининг бошқа чеккаларидаги кўплаб Ҳанафия мазҳаби издошлари милодий XI асрга келиб, алкўҳл истеъмолини бутунлай тақиқлаш тўғрисидаги умумий тақиқни қабул қилди. Бироқ манбалар шаҳодат беришича, алкўҳл Марказий Осиё жамиятида қонуний ўрнини эгаллашни давом эттираверди. Спиртли ичимликлар истеъмол қилиш одатларидаги ўзгаришлар ислом динини қабул қилиш эмас, ўтроқ ва кўчманчи аҳоли ўртасида давом этаётган ўзаро муносабатлар натижаси бўлган эди.
Алкўҳл Марказий Осиё жамиятида ўз ўрнини эгаллашни давом эттираверди
Ўша даврнинг энг қимматли манбаларидан бири милодий 943 йилда ҳукмронлик қилган Сомонийлар сулоласи вакили амир Нуҳ ибн Носир давридаги Бухоро тарихини ёзиб қолдирган Х аср тарихчиси Наршахий қаламига мансуб: унинг таъкидлашича, ҳаттоки аёлларнинг шаробхўрликда иштирок этиши ғайриодатий ёки эътиборга молик нарса бўлмаган. Араб тарихчиси ал-Утбининг Ғазнавий ҳукмронлигининг дастлабки даврида (милодий 1020 йилга қадар) ёзиб қолдирган тарихида алкўҳл йўл-йўлакай эсланади, лекин у пилак (фляга), шароб сақланадиган ертўла ва ҳк.дан иборат оддий ҳаётнинг бир қисми бўлгани кўрсатиб ўтилади. Ал-Утби алкўҳлни керагидан ортиқ ичиш билан боғлиқ салбий вазиятлар, жумладан, маст кишиларнинг муштлашувлари, бир қайғули ҳолатда эса шароб билан мол гўштини кўп еб, бўкиб ўлган киши ҳақида ҳикоя қилади. Бироқ алкўҳл диний ёки ҳуқуқий тақиқ нуқтаи назаридан тилга олинмайди. Форс тарихчиси Абу Саид Гардизий XI аср ўртасидаги тарихида исроф ва мастликнинг зарари ҳақида ёзади, аммо ёзганларини диний атамалар билан баён қилмайди. Масалан, у ҳикоя қилишича, Сомонийлар сулоласи ҳукмдори Абдул-Малик (954 – 961 йилларда ҳукмронлик қилган) маст ҳолида човган ўйнаётиб, отдан йиқилиб ҳалок бўлган.
Шунинг учун гап модда сифатидаги алкўҳлда ҳам, уни истеъмол қилишда ҳам эмас, сархуш бўлиш, шаробхўрлик, унга ҳаддан зиёд ружу қўйишда бўлган. Шу маънода ислом дини алкўҳл муҳим таомил ичимлиги ролини ўйнаган маросимларни қонундан ташқарида деб эълон қилди. Ўша даврнинг алкўҳл ҳақидаги энг ишонимли маълумотларидан айримлари “шаҳзодалар учун кўзгу” жанридаги панд-насиҳат асарларидан келиб чиқади. Ушбу асарлар ҳукмдорлар учун қўлланма бўлиши кўзда тутилган ва шунга кўра, жамиятнинг маданий идеалларини акс эттиради. XI асрдаги Қорахонийлар давлати ходими Юсуф Хос Ҳожибнинг (Боласоғуний) “Қутадғу билик” (“Саодатга элтувчи билим”) асарида шундай тарих ёзиш анъаналари давом эттирилади. “Қутадғу билик” форс ва арабларга оид диний тушунчаларни ўзига хос туркий халқларга етказишнинг дастлабки уриниши бўлган. Асарда алкўҳл жуда кўп марта тилга олинади ва бир неча марта уни ҳаддан зиёд истеъмол қилмаслик кераклиги айтилади, бир неча ўринда салбий оқибатларга йўл қўймаслик учун алкўҳл истеъмол қилишдан бутунлай воз кечиш кераклиги далил қилиб келтирилади. Бироқ бундай даъватлар диний маросимларга эмас, ақл билан иш тутишга қаратилган. Боласоғуний алкўҳл истеъмол қилишга қарши далилларини қўллаб-қувватлаш учун у шаробни “донишмандлик ва ақлнинг душмани” деб атайди ва “кўплаб донишманд ва ақлли кишилар” шаробга ружу қўйиб, ҳаётини барбод қилганини айтиб ўтади. Муаллиф яна ҳукмдор улфатларини содиқ дўстлари билан адаштирмаслигидан огоҳлантиради, чунки улар “садоқат кўрсата олмаслиги баробарида юракни жароҳатлаши”дан огоҳлантиради.
Алкўҳл ичимликлари хилма-хиллиги
Агар шаробни деҳқончилик ичимлиги деб таърифласак, қимиз – дашт ичимлиги. Кўчманчилик хўжалиги табиати, бия сути мавжудлиги ва қимизнинг тўйимлилик ва маст қилувчи хусусиятлари ушбу ичимликнинг кўчманчи чорвадорлар ўртасидаги доимо машҳур бўлишини таъминлаб келган. Қимиз ҳам Марказий Осиёнинг исломдан олдинги ўтроқ ҳаётидаги шароб сингари кўчманчи халқларнинг ҳам ижтимоий таомиллари, ҳам сиёсий маросимларидаги асосий компонент бўлган ҳамда у ислом дини қабул қилингандан сўнг ҳам, туркий халқлар даштдан кўчгандан кейин ҳам шундайлигича қолган. Фақат кўп асрлик ўтроқ ҳаёт кечириш жараёнида ва бунинг натижасида дашт маросимларидан воз кечилгандан сўнг қимиз Марказий Осиёнинг жунубий ҳудудларида пешалик мақомининг аксарият қисмидан айрилди ва кўпчилик ҳолатларда ичимлик сифатида маданий артефактга (инсон қўли билан яратилган намуна) айланиб қолди.
Буюк даштнинг ғарбий қисмидаги кўчманчи халқлар асални ачитиш орқали тайёрланадиган асал мусалласи – алкўҳлни доимий тарзда ишлаб чиқариб, истеъмол қилиб келган. Ҳанафия уламоси ислом дини жорий қилинган дастлабки даврда асални рухсат этилган маҳсулот деб ҳисоблаганини Х асрда яшаб ўтган араб сайёҳи ибн Фадлан ёзиб қолдирган. 921 йилда булғорларга юборилган Аббосийлар элчихонаси аъзолари қаторига кирган ибн Фадлан тавсифлашича, булғорлар “асални ҳушини йўқотгунча” эртаю кеч тинмай ичган. Кўпинча “одамлар қўлидаги жом билан ўлиб қолаверган”.
Алкўҳлнинг айни турларидан ташқари, ҳам Хитой, ҳам Яқин Шарқдан олиб келинган дистилляция технологияси одатда “ароқ” деб аталувчи ўткирроқ ичимликлар кўпайишига сабаб бўлган.
Мўғуллар ва Темурийлар даври
XIII аср бошида мўғуллар бостириб келиши билан маданиятлараро мулоқот ва ва алмашув, жумладан, Евроосиёнинг бир четидан бошқасига алкўҳл таъми ва технологиялари тарқалиши кескин даражада ортиб кетди. Француз муҳандиси лойиҳалаштирган ва Қорақурумдаги буюк хон Мунке (1251 – 59 йй.) саройида ўрнатилган дарахт шаклидаги кумуш фаввора бунга ёрқин мисол бўлса, ажаб эмас. Мунке фаввораси турли шохларидан алкўҳлнинг турли навлари, жумладан, шароб, асал мусалласи, саке ва албатта қимиз оқиши меҳмонларни тонг қолдирган. Ичимликларнинг ушбу зўр таассурот қолдирувчи коллекцияси мўғуллар империясининг барча жойларида алкўҳл таъмлари қўшилиб кетганини кўрсатади. Фаввора кўплаб маънода мўғуллар жаҳон тарихида илк марта таъминлаб берган ўзаро боғлиқлик юксак даражасининг ажойиб намунаси эди.
Чингизхоннинг учинчи ўғли ва вориси Угэдей алкўҳлга ружу қўйгани билан от чиқарган, “шу сабаб Чингизхон баъзан унинг таъзирини бериб турган”. Хон тахтга ўтиргандан сўнг Угэдей олдингидан ҳам кўп ичадиган одат чиқарди, шунинг учун акаси Чағатой унга ҳар куни ичишга рухсат берилган косачалар сонини қисқартиришга, махсус жангчига Угэдейнинг алкўҳл ичишини кузатиб боришни топширишга мажбур бўлди.
Темурийлар даврида Амир Темурнинг ўғли Шоҳруҳ алкўҳлнинг ашаддий душмани сифатида тарихда қолган. Ҳукмронлигининг бошидан охиригача у юритган сиёсат диний таълимни қўллаб-қувватлаш, форсий ва исломий бадиий ижод намуналарини тарғиб қилиш, шунингдек, мўғул маданий амалиётлари мақомини пасайтиришга йўналтирилган эди. Шоҳруҳ пойтахтни Самарқанддан Ҳиротга кўчиради ва шароб ичишга тақиқ жорий қилади. Шоҳруҳ шунинг қаторида сарой маданиятидан мўғул маросимларининг кўплаб унсурларини атай чиқариб ташлайди. Натижада қимиз ҳам, ичкиликбозликнинг маросимга айлантирилган расм-русуми ҳам Шоҳруҳ давридаги сарой маданияти тавсифларида учрамайди. Бироқ Шоҳруҳ, ичкилик ичмасликни ташқивот қилганига қарамай, кенг тарқалган тақиқ чораларини кўрмаган. Шоҳруҳ ҳукмронлиги вақтида 1414 йилда Темурийлар саройига ташриф буюрган ҳамда Мин сулоласи саройи элчиси ва вакили сифатида империя бўйлаб бир ярим йил сафар қилган Хитой дипломати Чен Чэн ҳикояси қизиқарлидир. Чен ёзишича, “шароб ичишга бўлган тақиқ жуда қаттиқ, …шунинг учун [Ҳирот аҳолиси] гуручни ачитиб, шароб қилмайди. Бироқ улар узумни ачитиб, шароб қилади”. Яна у таъкидлашича, “кўпчилик… шароб ичмайди, чунки осмон қаҳридан қўрқади”. Элчининг мулоҳазаларидан маълум бўлишича, оғзаки тақиққа қарамай, Шоҳруҳ ҳукмронлиги даврида алкўҳлнинг жамиятда тарқалиши давом этаверган.