Помирликлар Помир тоғларида яшайдиган ва турли шарқий форс тилларда сўзлашувчи халқлардир. Айримлари этник нуқтаи назардан тожиклар деб ҳисобланса, баъзилари янги пайдо бўлаётган этник гуруҳга мансублиги айтилмоқда. Асосан, ислом дини шиа йўналишининг исмоилийлар тармоғига мансуб ушбу жамоатларнинг этник идентитети – кимлиги ҳам Тожикистонда жамоатлар ичида, ҳам улардан ташқарида узоқ вақтдан бери муҳокама қилиниб келмоқда. Минтақа ва Ғарб олимлари Помир жамоатлари ва помирликлар ҳақида ёзган илмий тадқиқотлар ва материаллар яқинда чоп этилган Identity, History and Trans-Nationality in Central Asia. The Mountain Communities of Pamir (“Марказий Осиёда кимлик, тарих ва трансмиллийлик. Помирнинг тоғ жамоатлари”) китобига йиғилди. Китобга Дагихудо Дагиев ва Кэрол Фаучур муҳаррирлик қилган. Асли Помирда туғилиб ўсган доктор Дагиев (Буюк Британиядаги The Institute of Ismaili Studies (Исмоилийлар тадқиқоти институти) илмий ходими) CAAN вебсайтига берган интервюсида помирликларнинг ўзини қайси кимликка мансуб деб билиши ҳамда тарихий ва замонавий тожикчилик ҳақида ҳикоя қилади.
Бизга китоб, шунингдек, ҳам Тожикистоннинг, ҳам Бадахшоннинг жуғрофий-сиёсий қисми сифатидаги Помирнинг этник гуруҳлари, маданияти ва тиллари ҳақида батафсилроқ сўзлаб берсангиз.
Китоб 2014 йилда Остонада ўтказилган конференциянинг якуний натижаси бўлди. Унда помирликларнинг ўзлиги ва кимлигини таниш жараёнларини муҳокама этувчи турли далиллар келтирилади. Китоб 3 қисмдан иборат: i) биринчи қисм минтақа жуғрофияси ва Помир жамоатларининг яқин тарихига бағишланган; ii) иккинчи бўлимда машҳур тарихий арбобларнинг асарлари орқали помирликларнинг бой фалсафий, диний ва маданий мероси танқидий жиҳатдан тадқиқ қилинади; iii) учинчи бўлимда анъаналарнинг замонавий тарқалиши, тинчлик ўртнатиш ва ички алоқалар, шунингдек, минтақадаги янги авлод учун тожик/помирлик бўлиш нимани англатишига оид масалалар таҳлилга тортилади. Экспертлар минтақадаги исмоилийлар жамоатлари ҳақидаги янги маълумотларни тақдим этиш орқали замонавий фан ёрдамида советлар замонидаги тарихий ва этнографик меросни янгилайди.
Помирликлар ёки бадахшонликлар оммабоп дискурсга кўра Бадахшоннинг тарихий минтақаси бўлмиш Помир ва Ҳиндукуш тоғ минтақасида истиқомат қилаётган эроний халқларнинг кичик гуруҳини ташкил этади. Афтидан, илмий адабиётни синчиклаб ўқиш “Помир” ва “Бадахшон” концепциялари ўзаро фарқ қилишини кўрсатади, чунки Помир жуғрофий ландшафтга тегишли, Бадахшон эса тарихий чегаралари ва давлат назорати бор ҳудудга дахлдор. Помир жамоатлари ҳозирги 4 та миллий давлат: Тожикистон, Афғонистон, Хитой ва Покистон ҳудудларида жойлашган. Ушбу жамоатлар шарқий эрон тилларининг турли шеваларида гаплашади. Ушбу минтақа XIX аср давомида ўша пайтдаги буюк давлатлар: Россия ва Британия империяларининг қарама-қаршилик майдони бўлган. Ушбу давлатлар маҳаллий ҳукмдорлар, амирлар ва хонлар ўртасидаги рақобатни рағбатлантириб келган. XIX аср охирига келиб, Панж дарёси мустамлакачи давлатлар ўртасидаги табиий чегарага айланган, сўнгра ХХ асрга келиб, минтақани 4 та давлат ўзаро бўлиб олган.
Помирликларнинг ўзини этник жиҳатдан англаши сўнгги асрда Тожикистонда сиёсийлашитирилди ва бу айниқса, мамлакат мустақилликни қўлга киритгандан сўнг нозик мавзуга айланди. Ушбу жараён қандай ривожланиб борганини гапириб берсангиз.
Рус тадқиқотчилари тузган солномаларга кўра, Помир тоғлари аҳолиси ўзини помирликлар эмас, тожиклар деб ҳисоблаган. Китобнинг иккинчи қисмида айрим помирликлар ўртасида кимликни ўзгартиришга эш бўлган омиллар таҳлил қилинади.
Айнан Помирни ўрганган олимлар фанга “Помир” ва “помирликлар” атамаларини олиб кирган эди, кейинчалик улар Тожикистонннг Тоғли Бадахшон автоном вилоятида (ТБАВ) истиқомат қилувчи тожик халқининг кимлиги тимсолига айланди. Россия ва совет олимлари ҳам помирликлар, ҳам тожиклар кимлигини шакллантиришда муҳим рол ўйнаган эди, Совет Иттифоқи таназзулга юз тутгандан сўнг ушбу тумойилга Ғарб олимлари ҳам амал қилиб келаётир.
Совет дврида ҳаётий фаолият билан боғлиқ барча соҳалар, жумладан, йўл, маъмурий бинолар, мактаблар қурилиши ривожланди, шунингдек, саводхонлик даражаси анча-мунча ўсди ҳамда бу тоғ аҳолиси ҳаётига жиддий таъсир кўрсатди ва у ердаги аҳоли сони 21 минг кишидан 200 минг кишигача кўпайди. Таълим Тоғли Бадахшонда муҳим рол ўйнади, хусусан, 1989 йилда Тожикистон фанлар академиясининг Помирни ўрганиш институти ташкил топди.
Тадқиқотлар чоғида олинган маълумотларга кўра, помирчилик тадрижи давом этаётган концепция бўлиб, ҳали у янада ривожланиши керак. Токи у ҳозирча бўлгинчилик ҳаракатлари томон таназзулга юз тутмаётган экан, Помир тожиклари ва тожик давлати учун миллий мунозаралар доирасида қолишига яхши имконият бор.
Шу тариқа, сиз ва Помирнинг бошқа зиёлилари, помирликлар – тожиклар, деб ҳисоблайсизлар. Далилларингиз нимага асосланган? Бундай фикр, масалан, Афғонистон (Бадахшон) ва Покистондаги (Хунза) ўша тилларида сўзлашадиган ваҳонлар ва ишкашимликлар ҳам тожикларми, деган саволни келтириб чиқармайдими? Улар ўзини тожиклар деб биладими? Афғонистоннинг ҳазоралар сингари форс тилли аҳолиси-чи? Қиёфаси туркий битишли, уйғур тилида сўзлашадиган ва Хитой яшовчи сарикўл тилида сўзлашувчи аҳолини тожик деб атаётгада, нималарга асосланамиз? Умуман олганда, этник мансубликни қандай – тил, маданият, жуғрофий-сиёсий жой асосидами – аниқлаймиз?
Айни пайтда айрим тарихчилар ва зиёлилар «тожик» сўзининг истифода қилиниши ҳақида баҳслашмоқда, улар болшевиклар сиёсий маслакдан келиб чиқиб, совет ва совет бўлмаган форслар (тожиклар) ўртасидаги алоқаларни узиш мақсадида форс тилли эронликларнинг халқ номи тилини алмаштирди, деб иддао қилмоқда.
Юқорида қайд этиб ўтилганидек, одатда “помирликлар” атамаси Тожикистонга қарашли Тоғли Бадахшондаги ва Афғонистоннинг Бадахшон вилоятидаги форс тилли аҳоли гуруҳига нисбатан қўлланади. Бу кишилар Хитойда расман тожиклар деб аталади. Яқин-яқинларда Афғонистонда ҳам айни ҳолат ҳукмрон бўлган ва улар тожиклар сифатда эътироф этилар эди, бироқ бирмунча олдин афғон ҳукумати ушбу халқларни помирликлар деб қайта таснифлади.
Шунинг учун, ҳозирги пайтда “помирликлар” ТБАВ туб аҳолисининг турли тилларида сўзлашадиган ва кенгроқ Помир минтақасида истиқомат қиладиган кишиларнинг алоҳида гуруҳига нисбатан қўлланади. Улар Афғонистоннинг Бадахшон вилояти халқи, Хитой Шинжон вилоятининг Тошқўрғон тожик автоном округида яшовчи сарикўл тилида сўзлашувчилар ва ваҳонлар, шунингдек, Афғонистондаги ва Покистоннинг шимолий ҳудудларида жойлашган Гўжол туманига қарашли Юқори Хунзадаги ваҳон тилида сўзлашувчилар билан қалин тил, маданий ва диний алоқаларга эга.
“Тожик” атамасини 2 та турли тоифага мансуб деб қараш мумкин: биринчиси тор маънога эга бўлиб, уни ҳозирги Марказий Осиё ва Афғонистоннинг форс/тожик тилли аҳолисига нисбатан қўлласа бўлади. Иккинчи маъносига кўра, у форсий тиллар оиласига мансуб қадимий тилларда сўзлашадиган ҳамда Марказий Осиё, Афғонистон ва бошқа жойларда яшайдиган ва тарихан ўзларини тожиклар деб ҳисоблайдиган эроний халққа нисбатан ишлатилади.
Шу нуқтаи назардан, айни атама ҳам тарихий, ҳам замонавий маънога эга, шу сабабли уни ҳам тарихий, ҳам вақт ва ҳам макон контекстида акс эттириш зарур бўлади. Албатта, этник кимликни англатиш маъносидаги “тожик” атамасини Тожикистон 1929 йилда “миллий давлат” сифатида ташкил топишидан олдин одамлар онгида ва идроки турлича қабул қилган. “Тожик” атамаси минтақанинг маданий, ижтимоий ва сиёсий манзарасини акс эттириши ёки эмаслиги – баҳсли масала.
Тан олиш жоизки, йирик олимлар ҳозирги тожик ҳалқи ва шарқий эрон тилларида сўзлашувчи кишиларни Марказий Осиёнинг эроний халқи деб таърифлаган. Дарҳақиқат, бу одамларни этник белгиларига қараб ажратган, улар тилини тоҷикӣ деб атаган болшевиклар ҳукуматининг аниқ мақсадни кўзлаган сиёсати натижаси эди, ваҳолонки, совет давридан олдин бу тил унақа аталмаган. Бу тил асрлар давомида форс тили сифатида машҳур бўлган, замонавий форс тилининг туғилган жойи Балх билан Бухоро эди. Кейинчалик форс тили Катта Эроннинг (Сосонийлар ва Аҳмонийлар империялари) барча ҳудудлари бўйлаб кенг тарқалган. Ушбу далилни қўллаб-қувватловчи энг яхши намуналардан бири шуки, помирликлар деб аталувчи аҳоли Дарвоза ва Қоратегиндаги форс тилида сўзлашувчи кишиларни форсивон (форс тилида гаплашувчилар) деб атаган. Форс тили Марказий Осиёдаги эроний тилларда сўзлашувчи барча халқлар учун умумий тил бўлган, бироқ бу тил тожик тили деб аталгандан ва расмий жараён 1936 йилда ниҳоясига етгандан сўнг фақат Марказий Осиёнинг форс тилли гуруҳларидан бири бўлмиш тожик (форс) тилида сўзлашувчи аҳолисига нисбатан қўлланадиган бўлган.
Мурғобдаги марказий масжид
Сиз яқинда берган интервюларингиздан бирида Покистондаги Сват водийси аҳолисини тожиклар деб атаган эдингиз. Бу қанақа тарих?
Сват ҳақида гап кетганда, шуни таъкидлаш жоизки, Совет Иттифоқи таркибида Тожикистон республика ўлароқ ташкил этилмасидан бурун ҳам аксарият этник гуруҳлар, жумладан, ваҳонлар, шуғнонлар, рушонлар, ёзғуломлар, сарикўллар, хунзалар, гилгитлар, сватлар, читраллар, нуристонийлар, калашлар, пошойилар, фурмуллар, яғноблар, асосан, ўзини тожиклар деб атаган ва умумий орий келиб чиқиши бўйича тожиклар қаторида бошқалар деб аталган. Масалан, Афғонистоннинг пуштун бўлмаган қабилалари ҳам кимлигини тожиклар деб билган. IX ва Х асрларда “тожик” атамаси (tāzīk, tāzī, tadžiki, täžik, tazik ва б.) пайдо бўлиши билан бир гуруҳ олимлар бу сўзнинг келиб чиқишини ўрта форс ёки эроний тилга (суғд ёки парфия тилига) қариндош эканини тан олган эди. Бу ном билан форс тилида сўзлашган ёки Марказий Осиёнинг эроний халқларидан келиб чиққан араб ва туркий бўлмаган кишилар аталган. Олимларнинг бошқа гуруҳи қайд этишича, “тожик” атамаси тарих давомида ārya, airyā, arya, dadik-hā, dahī, dehgān (dehqān), āzādan, āzādagān, pārsiwān ёки pārsigu сингари турли номлар билан машҳур бўлган минтақадаги тубжой орий қабилаларга тааллуқли бўлган.
Дарвозанинг тожик қизлари
Сиз анча вақтдан бери Европада яшаяпсиз, у ерда: Буюк Британияда ҳам, қитъанинг бошқа мамлакатларида ҳам этник кимликка оид турли муҳокамалар бўлиб туради. Оддий аҳоли орасида бундай этник муназаралар қанчалик маълум ва машҳур? Масалан, Швейцария ёки Австриянинг немис тилли аҳолиси ўзлигини таниб олиш ҳақида бош қотирадими ёки жуғрофий-сиёсий жиҳатдан бундай масалалар тўлиқ ҳал этилганми? Дейлик, мен Австрия паспортига эгаман – шунда мен австриялик бўламанми ёки немис?
Албатта, дунёнинг ушбу бўлагида ҳамма нарса бироз бошқача, бироқ 2 та жаҳон урушининг даҳшатли тажрибасини унутиб бўлмайди. Аммо европаликлар ўша пайтдан бери анча олдинлаб кетди, бу вақтда эришилган энг катта ютуқлардан бири бошқа маданиятлар, анъаналар ва тилларга бўлган ҳурматдир. Айтишим мумкинки, кимлик ҳақидаги бундай масалалар камроқ сиёсийлаштирилган ва европаликлар шунга асосланган ҳолда Европа мамлакатлари конфедерациясини тузишга интилмоқда. Улар фикрича, Европа ушбу қитъада истиқомат қилаётган барча кишиларнинг уйидир.
Глобаллашув ҳамда иқтисодиёт биринчи ўринда турадиган ва пул асосий рол ўйнайдиган даврда бундай масалаларни ўрганиш ва тарғиб қилишнинг муҳимлиги нимадан иборат?
Мен глобаллашувдан бошқа даврда кимликни билиб олиш бунчалик муҳим бўлган эмас, деб айтган бўлар эдим. Бу бошқалик эшикларини тақа-тақ ёпиб олишни англатмайди, аксинча: фақат ким эканингизга ва қаердан келганингизга ишонч ҳосил қилиш йўли билан ўзингизда сабр-тоқатлиликни кашф филишингиз мумкин. Дарҳақиқат, сабр-тоқатлилик бу ерда қўллаш керак бўлган аниқ сўз эмас: аслида бу турли-туманликни барча: маданий, сиёсий, лингвистик, диний жиҳатлари билан қабул қилишдир. Глобаллашув ва байналмилаллашув жараёнлари гомогенлаштиришни (бирхиллаштиришни) келтириб чиқармаслиги, қайтанга бизга ўхшамаган барча кишиларга эшик очиши керак.
Доктор Дагихудо Дагиев – Лондондаги Исмоилийлар тадқиқоти институти илмий тадқиқотлар ва нашрлар департаментининг илмий ходими. Дагиев фалсафа доктори илмий даражасини Лондондаги университет коллежининг (UCL) сиёсий фанлар факултетида олган ҳамда “Постсовет Марказий Осиёсидаги ўтиш жараёни ва унинг муаммолари: Тожикистон билан Ўзбекистон намунаси” мавзусида докторлик диссертациясини ҳимоя қилган. Унинг илмий қизиқишлари доираси посткоммунистик Марказий Осиёдаги замонавий жамиятлар, улар тарихи ва дини, исломннг дин сифатида тикланиши, исломий мафкуралар пайдо бўлиши ва миллатчиликни қамраб олади.
Дагиев бакалавр даражасини Тожикистондаги Хоруғ университетининг мумтоз тожик-форс адабиёти ва тиллари бўйича гуманитар фанлар факултетида олган. У яна Оксфорд университетининг ислом тадқиқотлари ва гуманитар фанлар бўйича битирувчиси (GPISH 2000-2002) ҳамда Евроосиё тадқиқотлари бўйича магистр стипендияси олувчисидир.