Сурат манбаси: moscowchronology.ru
Канададаги Карлтон университетининг Европа, Россия ва Евроосиё тадқиқотлари институти доценти, тарихчи Жефф Саҳадео (Jeff Sahadeo) Voices from the Soviet Edge (“Совет чекка ўлкалари овози”) китобига совет даврининг сўнгги йилларида иш излаб, тобора кўпроқ Ленинград ва Москвага йўл олган мигрантлар: ўзбеклар, тожиклар, грузинлар, озарбайжонлар ва бошқаларнинг мураккаб ва қизиқарли саргузаштларини йиққан. Жефф Саҳадео CAAN вебсайтига берган интервюсида улкан совет мамлакатига ва келиб чиқишидан қатъи назар, муваффақиятга эришиш имкониятига ишонган кишиларнинг алоҳида тарихи ва тажрибаси ҳақида батафсил ҳикоя қилиб беради.
– Сиз нега айнан мана шу мавзуни ўрганишга қарор қилдингиз?
– 1992 йили илк марта Санкт-Петербург ва Москвада бўлганимда, мени шаҳарлардаги славян бўлмаган аҳолининг кўплиги ҳайрон қолдирган эди. Бу ерларда, асосан, русларни кўришни кутган эдим, бироқ шаҳарлар марказлари Шарқий Осиё, Жанубий Осиё ва Африкадан келганлар билан гавжум байналмилал жойлардан иборат эканини кўрдим. Мева-чева, сабзавот ва сувенирларни Кавказ ва Марказий Осиёдан келган кишилар қўлидан харид қилар эдим. Менга уларни бу ерга нима бошлаб келганини билиш қизиқ туюлди. Кейинчалик постколониал (мустамлакачиликдан сўнгги) ва глобал шаҳарларни чуқур ўрганаётган пайтимда Ленинград ва Москва сингари совет шаҳарлари ушбу манзарага қанчалик мос тушишини кўришни истаб қолдим.
– Сиз Марказий Осиё ва Жанубий Кавказдан келган мигрантлар билан 75 га яқин суҳбат ўтказдингиз. Суҳбат учун одамларни қандай топгансиз? Суҳбатларни уюштириш чоғида қандай қийинчиликларга дуч келдингиз?
– Мен уларни турли йўллар билан топганман. Талабаларни топиш қийин бўлмаган, уларнинг кўпчилиги кейинчалик профессор бўлиб етишган ҳамкасбларим эди. Илмий ходимлар ёрдами билан биз Санкт-Петербург ва Москвадаги диаспоралар ташкилотларига мурожаат қилдик. Ушбу ташкилотларнинг кўплаб раҳбарлари бу шаҳарларга ҳали совет давридаёқ келиб жойлашган. Сотувчилар ва профессионал бўлмаган бошқа ишчиларни топиш учун Қирғизистон, Озарбайжон ва Грузияга бориб келдим. Мева-чева ва сабзавот асосий экинлар бўлган қишлоқлардан келган талабалари бор маҳаллий ҳамкасблар ёрдами туфайли совет даврида ўша нарсалар билан савдо қилган, СССР таназзулга юз тутгандан сўнг эса уйига қайтиб кетган одамларни топдик. Санкт-Петербург ва Москвадаги бугунги кўча сотувчилари ва ишчилари – бутунлай бошқа авлод. Ҳар бир суҳбат – алоҳида тарих, одамларни эсида турган ва ўзларига қизиқ бўлган нарсалар ҳақида гапиртириш муҳим. Миллатчилик ҳақида гапириш қийин, чунки бу ҳиссиётларни қўзғатадиган мавзу бўлиши мумкин. Ва албатта ўтмиш соғинчи муаммоси бор. Мен кўплаб респондентлар СССР давридаги барқарорлик ва очиқ ички чегараларни ҳам, ўз ёшлигини ҳам қўмсайди. Уларнинг йигирма яшарлиги даврига оид жуда кўп илиқ хотиралари бор ва ўша пайтлар ҳозиргидан кўра анча қизиқ туюлган. Шунинг учун мен ўша омилларга эҳтиёткорлик билан ёндашдим, лекин шу билан бирга, одамларни Кавказ ва Марказий Осиёнинг катта ва кичик шаҳарларидан Ленинград ва Москвага нима сабаблардан борганини тушуниб олиш учун ишончли ва муҳим маълумотлар олганимни ҳамда кундалик ҳаёт манзараси ҳақида тасаввурга эга бўлганимни ҳис қилар эдим.
– Жанубий Кавказ халқлари вакилларини Москва билан Ленинградга кетишига нималар сабаб бўлган?
– Сабаблар бир-биридан кескин фарқ қилар эди: касб маҳоратини ошириб, хизмат пиллапоясидан кўтарилиш, чунки етакчи ихтисослашган институтларнинг кўпчилиги (муҳандислик, қурилишга оид) Москвада жойлашган эди; кўп пул ишлаб топиш, сабаби у ерларда мева-чева, сабзавот, гул ва бошқа товарларни қимматроқ нархда сотиш мумкин эди; чет шаҳарчадагидан кўра қувноқроқ ҳаёт кечириш; оиласига иқтисодий муваффақиятга эришиши учун ёрдам бериш ва бошқалар ҳам келиб жойлишиши учун тармоқ яратиш; ёки Совет Иттифоқида энг яхши ва билимдон талабалар билан бирга ўқиш.
Мен суҳбатлашган барча мигрантлар Ленинград ва Москвага кўчиб келишини танлов деб гапирди. Баъзан йирик шаҳарларга кўчиб келиш СССР марказидаги иқтисодий вазият яхшилиги ва чет ўлкалар тобора ортиб бораётган қийинчиликлар билан боғлиқ бўлган, лекин аксарият ҳолларда бунга иқтисодий ва профессионал имконият сифатида қаралган. Мен китобимда Совет Иттифоқида ижтимоий ва жуғрофий ҳаракатчанлик ўзаро боғлиқ эканини таъкидлаб ўтганман.
– Совет Иттифоқи, айниқса, Марказий Осиё аҳолисининг сафарбарлиги суст бўлган. Ўша пайтда одамлар бир жойдан бошқа жойга қандай қилиб кўчиб борган?
– Собиқ мустамлака халқларининг Африкадан, Кариб денгизи ҳавзаси ва Жанубий Осиёдан чиқиб, метрополияларга йўл олгани билан солиштирганда, Совет Иттифоқида шимолга кўчган кишилар сони анча кам бўлган. Бунга Совет Иттифоқининг ягона фуқаролик ва иш ҳақининг нисбатан тенглаштириш борасидаги сиёсати эш бўлган. Шунга қарамай, 1970-йиллардан бошлаб, айниқса, 1980-йилларда Марказий Осиё ва Кавказдан чиққан кишиларнинг Россия шаҳарларига кўчганини кўрамиз. Фикримча, бундай нуқтаи назар мавжудлигининг асосий сабаби бир жойдан иккинчи жойга кўчишнинг расмий статистика маълумотларида акс этмагани ва қайта қуришнинг сўнгги йилларига қадар матбуотда ёзилмаганидадир. Прописка тизимини осонгина айланиб ўтиш мумкин эди ва миграциянинг асосий қисми талабалар ва мавсумий миграциядан иборат бўлган, буни совет демографияси пайқаши қийин бўлган. Мен китобимда прописка тизими кўплаб россияликларни Ленинград билан Москвага кўчиб ўтишдан чўчитганини ҳамда мотивацияси кучли бўлган Кавказ ва Марказий Осиё халқларига кўпроқ имкониятлар очганини ёзганман. Прописка тизими йирик совет шаҳарларида иш кучига доимий талабни келтириб чиқариб турган. Ушбу ҳаракатни ҳозирга қадар сон жиҳатида баҳолаш қийин, аммо биз 1970- ва 1980-йилларда шимолга йўл олган юз минглаб Марказий Осиё аҳолиси ҳақида гапира оламиз.
– Сиз ўрганаётган 1960-йиллар охиридан 1991 йилгача бўлган даврда Марказий Осиёдан борган мигрантларга Москва ва Ленинградда муносабат қандай бўлган?
– Ленинград билан Москвада мигрантларга муносабат анча-мунча фарқ қилади. Ушбу мигрантлар айрим маҳаллий аҳоли вакиллари учун муҳим товарларни (мева-чева, сабзавот ва гуллар) етказиб бериб турган. Уларнинг ўша ерлардаги бўлиб туриши ушбу икки шаҳар буюк давлатнинг бош шаҳарлари сифатида улкан рол ўйнаганининг исботи эди. Мен билан суҳбатлашган мигрантларнинг аксарияти қабул қилувчи жамият билан ижобий муносабатлари ҳақида гапириб берган, талабалар ётоқхоналари ва кўплаб иш жойларининг халқаро табиатини қадрлашини айтганини таъкидлаб ўтмоқчиман. Мен Жанубий Осиё ва Африкадан келган мигрантлар билан Лондон ва Парижда юз берганга ўхшаш ҳеч қандай жиддий ирқий зўравонликни кўрганим йўқ. Шунга қарамай, айниқса, Кавказ ва Марказий Осиёдан келган сотувчиларга нисбатан камситиш ҳолатлари бўлган. Талабалар ва малакали мутахасисисларга нисбатан ксенофобия кечинмалари яширинча бўлган.
– Жанубий Кавказ мигрантларига муносабат Марказий Осиё мигрантлари билан бир хил бўлганми ёки ўртада фарқ бормиди?
– Кавказдан келган мигрантлар 1970-йиллар охирида кўча савдосида устунлик қилган, кейинчалик эса норасмий иқтисодиётнинг бошқа соҳаларида фаоллашиб кетгач, қабул қилувчи аҳолининг кучлироқ акс муносабатига дуч келадиган бўлди. 80-йилларда ЛКН (лицо кавказской национальности – кавказ миллатига мансуб шахс) эпитети – сифатлаши тез-тез қулоққа чалиниб турар эди. Марказий Осиёдан келган мигрантлар кавказлик мигрантлар, айниқса, озарбайжонлик мигрантларни жаҳлдор деб ҳисоблаган. Албатта, булар кенг тарқалган стереотиплар – қотиб қолган фикрлар эди. Шунга қарамай, кўплаб грузин мигрантлари Тбилисида 1989 йили намойишлар бостирилгандан сўнг маҳаллий рус аҳолиси уларга ҳамдард бўлганини гапириб бергани эсимда. Шунинг учун манзара жуда мураккаб бўлган.
– Советларнинг расман “миллатлар тенглиги ва халқлар дўстлиги” ғоясига содиқлиги мигрантлар ҳаётида қандай рол ўйнаган?
– Ғоялар кучли бўлган ва мен буни китобимда баён қилганман – улар Кавказ ва Марказий Осиё мамлакатлари ватандошларига Ленинград ва Москва ҳақида тинмай меҳнат қилишни, иқтисодий ва профессионал муваффақиятларга эришишни истаган барча совет кишилари учун очиқ шаҳарлар деб ўйлаш имконини берган. Албатта, менинг интервюларимда СССРни қўмсаш ҳолатлари кўп, ўша пайтлар саёҳат қилиш ҳозиргидан кўра жуда осон бўлган. Бироқ мен халқлар дўстлиги учун муайян реаллик яратган кўп миллатли талабалар ётоқхоналари ва бошқа аниқ намуналар муҳимлиги ҳақида кўп марта эшитганман.
– Мигрантлар Москва билан Ленинград шаҳарлари шароитига қандай мослашган? (Қаерларда яшаган? Нима билан овқатланган? Диаспора муносабатларини қандай йўлга қўйган? Маҳаллий аҳоли билан қандай муносабатга киришган? Расмий ва норасмий ижтимоий тузилмалар қандай барпо этилган?
– Мен тадқиқотим давомида Кавказ ва Марказий Осиёдан келган мигрантлар йиғилган ҳудудларни топа олмадим. Улар бутун шаҳар бўлиб яшаган. Бу талабалар ётоқхоналари бўлиши мумкин эди ёки корхоналар ҳам кўпинча ишчиларни жойлаштириш учун ётоқхоналарга эга бўлган. Лекин уларнинг кўпчилиги хонадонларда ҳам яшаган. Бирор хонани ёки хонадонни Ленинград билан Москвада ижарага олиш жуда осон эди. Мигрантлар кўпинча ўзидан олдин келган ва ўзлари учун жой топган кишиларнинг ортидан эргашган. Улар дўстлариникида, армияда бирга хизмат қилган қуролдош танишлариникида ёки саёҳат пайтида танишиб қолган кишиларнинг уйида яшаб турган, сўнгра мустақил равишда тураржой топишга уринган. Улар муайян кафе ёки ресторанларда ўз этник гуруҳига мансуб кишилар билан учрашиб турган. Турли республикалар ватандошлари талабалар ётоқхоналарида байрамлар муносабати билан тез-тез алоҳида миллий таомларни тайёрлаб турган. Ошкоралик даврига қадар диаспора ташкилотлари бўлмаган, шунинг учун йиғинлар ва ўзаро ёрдам норасмий тарзда ўтказилган. 1980-йиллар охирида Марказий Осиё ва Кавказнинг турли республикаларидан келиб, бирор мавқега эга бўлган ватандошлар диаспора ташкилотлари очди, лекин ижтимоий муносабатлар, асосан, энг паст даражада қўллаб-қувватлаб турилди. Сотувчиларнинг доираси чиндан ҳам тор, одатда моноэтник бўлган, бироқ ўз ишининг усталари ва бошқа хизмат кўрсатиш соҳаси ходимлари кўп миллат вакилларидан иборат муҳитда ишлаган.
– Мигрантларнинг бир қисми университетларга ўқишга кирган ва расмий лавозимларда ишлаган, шу тариқа Москва ва Ленинграддаги маҳаллий жамиятга тезроқ қўшилиб кетган. Улар қандай мигрантлар эди?
– Бу мигрантлар деярли ҳар доим (сотувчиларни истисно қилганда) рус тилидаги мактабларда ўқиган ҳамда шаҳар марказларидаги яхши таълим олган ва профессионал оилаларда тарбия топган. Лекин ҳар доим ҳам шунақа бўлган эмас. Мен суҳбатлашган кўплаб мигрантлар оғир меҳнати ва мактабда яхши баҳолар олгани сабаб муваффақиятларга эришгани муҳим аҳамият касб этганини айтган эди. Албатта, рус тилини билиш муҳим бўлган, чунки мана шу университетларда Совет Иттифоқининг барча бурчаклари ва коммунистик дунёдан келган энг яхши талабалар ўқиган.
Мен ўз лойиҳамда қора ишдан тортиб, профессионал фаолиятгача бўлган тули-туман соҳаларда мигрантларни топишни олдимга мақсад қилиб қўйган эдим ва улар барчасини топишга муваффақ бўлдим. Турли олий ўқув юртлари талабалари – шаҳарларда яшаб туриши муваққат бўлса-да – миграциянинг асосий қисмини ташкил қилган. Кўпчилиги уйларига муҳандислар, шифокорлар, агрономлар, олимлар ва амалдорлар бўлиб қайтган. Мен таъмирлаш ва хизмат кўрсатиш соҳасида ишлаган сантехниклар, дурадгорлар, шифохона фаррошлари, дорихона ва озиқ-овқат дўконлари ишчиларини ҳам қидириб топдим. Кўпчилик Ленинград ва Москвадаги заводларга метро вагонлари ва бошқа саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ёки қурилишларда ишлаш (уларнинг жуда кўпчилиги Москвада 1980 йили ўтган ёзги Олимпиада иншоотларини барпо этишга сафарбар қилинган) учун келган. Ниҳоят, энг кўзга ташланувчи тоифа сотувчилар бўлган. Кавказ ва Марказий Осиёдан олиб келинган озиқ-овқат ва гуллар 1980-йилларда Ленинград ва Москванинг кўча муюлишлари, автобус бекатлари ва метро бекатлари, шунингдек, расмий бозорларда сотилган. Мен суҳбатлаша олмаган ягона гуруҳ коммунистик партия аъзолари, бошқа юқори лавозимли амалдорлар ва Москвда ишлаган бюрократлар эди. Бундай мигрантлар баъзан мавжуд таниш-билишлар орқали ўзини ишга юборган қишлоқ ва шаҳарларидан иш топган.
– Сиз “Чегаралардаги ҳаёт”нинг олтинчи бобида Қирғизистон, Ўзбекистон ва Озарбайжон ССРлик 4 нафар сотувчининг тарихини қаламга оласиз, улар 4 та республика ўртасида ва СССРнинг пойтахт минтақалари билан фаол яширин савдо-сотиқда қатнашган экан. Шу ҳақда батафсил сўзлаб бера оласизми?
– Ушбу тўрт нафар сотувчига асосий эътибор қаратганим сабаби уларнинг тарихи қизиқ, ёши ва тажрибаси турлича эканидир. Бир қиз МДУда ўқишни истагани билан имтиҳонлардан ўта олмай, 17 ёшида савдо соҳасига ишга киради. Бошқа аёлнинг ёши 41 да бўлиб, синглисининг юрагини даволатишни истаб, бу ерга келиб қолади. Уларнинг савдода қанча пул ишлаб олишни билиб қолгандан сўнгги ғайрати ва тадбиркорлиги мени мутаассир қилди. Ҳатто сотаётган товарлари – мева-чева, гуллар, аёллар рўмоллари – ҳам ранг-баранг эди. Барчаси савдо ишини ўта мураккаб дея хотирлади. Бир озарбайжонлик гулфуруш инқилоб байрамидан тортиб, Халқаро хотин-қизлар кунигача бўлган қишки байрамлар вақтида кўча ва бозорларда ишлаганини гапириб берди. Ушбу ҳикояларда Совет Иттифоқининг “марказ – чет жой” сифатидаги моҳияти алоҳида таъкидланар, бироқ ушбу моҳият чет жойда яшаган кишилар учун ҳам ҳаракатчанлик сабаб имкониятлар эшигини очиб берган. Собиқ мигрантлар бу ҳақда сўз юритар экан, бирор нарсага эришиш, ўзи ва оиласини таъминлаш имконияти учун, гарчи уларга бунинг учун минглаб километр йўлларни босиб ўтишига тўғри келган бўлса ҳам, миннатдорлигини яшириб ўтирмади.
– Китобингизда ўзингиз суҳбатлашган Майя Асинадзе, Арюна Хамагова и Ойжамол Айтматовани тилга олиб ўтасиз. Улар ҳақида ва тақдири ҳақидаги гапириб берсангиз.
– Асинадзе, Хамагова ва Айтматова – барчаси китобимда бош ролларни ўйнаган, мен улардан бундай ажойиб ва батафсил интервю бергани учун жуда миннатдорман. Майя Асинадзе Тбилисидан унча узоқ бўлмаган мўъжаз шаҳарчада туғилган ҳамда ўша жойда катта бўлиб, кутубхонада ишлай бошлаган, бироқ бу иши уни қониқтирмаган. У 27 ёшга кирганида Грузияда дам олган бир рус аёли билан танишиб қолади ва у қизни Москвага таклиф қилади, ўша ерда Майя ўқиши ва яхши иш топиш имкониятларини кенгайтириши мумкин эди. Улар қалин дугона тутинади. Майя Москвага кўчиб келади, лекин у рус тилини билмас эди. Мен китобимда унинг тилни ўрганиш ва университетга киришга уринишларини батафсил ҳикоя қилганман. У грузинларга хос меросини сақлаб қолиш учун ушбу миллат таомларини тайёрлайди, маданий маросимларга амал қилади, уларни Москвага муҳаббати билан ўзаро бирлаштиради. Майя барча этник гуруҳлар вакиллари билан дўстлашади ва Москвада фармацевтлик ишини топади ҳамда Москвага иш излаб келган бир грузин йигитга турмушга чиқади. Ўша ерда улар ўғлини тарбиялаб катта қилади, аммо ҳалигача ўзини ватанидан айрилган ҳис этади, чунки унинг оиласи Грузияда, бу мамлакат – унинг ватани. У эри билан 1990-йиллар бошида Грузияга қайтиб боради ва у ерда пул ишлаб топишга ҳаракат қилади, лекин иқтисодий вазият жуда оғир бўлгани учун Москвага қайтишади. Шундан сўнг кўп марта Грузига қайтишни кўнглига тугади, лекин Москвада яхши квартираси ва иши бор ва шу ерда ўғлини тарбиялаб, вояга етказишга ҳаракат қилади. Айни чоқда у ўзини мағрур москвалик ва грузин аёли деб билади.
Арюна Хамагова 1972 йилда университетга кириб ўқиш учун Бурятиядан Ленинградга келган. Лекин кириш имтиҳонларидан ўта олмай, шаҳарда қолиш учун дўконлар ва ресторанларни таъминлаб турган сабзавот базасида ишлайди. У ишлаб туриб, кўпчилиги Ленинградда олий маълумот олишга интилаётган бошқа қизлар билан ётоқхонада яшайди. Ниҳоят, у кириш имтиҳонларидан ўтиб, Ленинград давлат университетининг шарқшунослик факултетига ўқишга киради. Арюна Москвага келган бошқа бурятларга ёрдамлаша бошлайди. Поляк талабага турмушга чиқади ва улар Ленинграднинг обрўли Купчино деган ҳудудидан квартира топади; иккаласининг ҳам талабалик стипендияси яхши эди. Улар Полшага бориб яшашга ҳаракат қилади, бироқ Арюнанинг ҳаёти оғир кечади, чунки у ўша ерда кўплаб аксилсовет ва акксилроссия кайфиятларига дуч келади. Ниҳоят, у эри билан Улан-Удэга қайтади. Ўша ерда университетга ишга кириб, икки фарзанд ўстиради. Арюна ўзини рус ватанпарвари деб билади ва фарзандларини рус тилида тарбиялайди, шунингдек, уларни бурят маданиятига ўргатади.
Ойжамол Айтматова Москвага 1986 йилда кетган эди. Қирғизистонда пулнинг ҳаддан зиёд қадрсизланиши (инфляция) унинг оиласи ҳаётини мушкул аҳволга солиб қўяди. Қишлоғидаги бир таниши унга Москвадаги дўсти билан боғланиш маълумотларини беради ва жувонга тураржой топишда ёрдам қилади. Ойжамол эрининг эътирозига қарамай, ҳатто кичик ёшдаги фарзандларини ташлаб бўлса ҳам, йўлга отланади. Рус тилини билмагани учун ўтиш даври жувон учун жуда машаққатли бўлади. Тасодифан Москвада рўмол ўраб юрган аёлларни кўриб қолади ҳамда материални Қирғизистондан сотиб олиб, рўмол тўқиб, тирикчилик қилиши мумкинлиги ҳақида ўйлаб қолади. Оила билан ўртадаги узилиши уни ҳаддан зиёд қийнаб юборади, чунки эри билан унинг ота-онаси жувондан фарзандларини тортиб олиш билан таҳдид қилиш йўлига ўтади. Айни чоқда ўзи ишлаб топган пул ва Совет Иттифоқи пойтахтидаги қўлга киритган ютуғи унга мустақиллик ҳиссини ато қилади. Ойжамол Москвани яхши кўриб қолади ва ўзига тил ўргаишда ёрдам берган жуда кўп дўстлар орттиради. Лекин уйга қайтиши ва фарзандлари билан бирга бўлиши кераклигини билар эди. Эри уни ўзига ишонгани учун ҳурмат қила бошлайди. Айтматова 1989 йилда уйига қайтади. Эрининг ота-онаси қаршилигига қарамай, оиласи билан фарзандлари сифатли таълим олиши учун катта шаҳарга кўчиб кетади. Ўша ерда у фарзандларини бахтли оилада вояга етказади.
Мен суҳбатлашган мигрантлар Ленинград ва Москвада бир оз муддат яшагани ёки Совет Иттифоқи тарқаб кетганидан сўнг бир неча йўлни босиб ўтган экан. Уйига қайтиб борганлар одатда икки йирик шаҳарда ишлаб орттирган тажрибаси ё савдо-сотиқ, ёки таълим ортидан ижтимоий ҳаракатчанлик орқали иқтисодий муваффақиятга эришишини таъминлаган. Яна кўпчилиги айтишича, ҳаракатчанлик тажрибаси фарзандлари учун каттароқ дунёни кашф қилиш, фарзандларига рус тилини тўргатиш ва уларни саёҳат қилишга рағбатлантиришга илҳомлантирган. Ҳозирга пайтга келиб, мен суҳбатлашган кишиларнинг кўпчилиги пенсия ёшига яқинлашиб қолган, лекин улар тез-тез олган таълими ва кўникмалари Совет Иттифоқи тарқаб кетгандан сўнг қадрланмаганидан хафа эканини айтди. Уларнинг аксарияти 1980-йилларни қаттиқ қўмсаётган экан. Мен ўн йиллаб Санкт-Петербург ва Москвада яшаган ва ватандошлари учун диаспора ташкилотлари очган бир неча мигрант билан гаплашдим. Ўша ерларда қолган муҳандислар ва шифокорларнинг аҳволи ҳали ҳам иқтисодий нуқтаи назардан ёмон эмас эди.
– Мигрантлар ва фарзандлари РФнинг кўп миллатли давлат сифатида қад кўтаришига ёдам бердими ва ҳозирги РФда ушбу кўп миллатли давлат концепцияси қандай ривожланмоқда?
– Мен буни бевосита тадқиқ қилганим йўқ, бироқ Санкт-Петербург ва Москвада қолган кўплаб мигрантлар ё расман, ёки расмий диаспора ташкилотлари орқали жамоатларининг етакчиларига айланганини биламан. Улар ҳозирги миграция тўлқинининг ўтмишдошлари эди. Кўпчилиги Россияга Совет Иттифоқининг вориси сифатида қаттиқ боғланиб қолган ва ҳали ҳам Москва билан Санкт-Петербургни моноэтник маконлар деб билади. Яна аксариятининг Россия ватандошлиги, россиялик дўстлари ва ҳамкасблари бор. Мен Россия Федерациясининг кўп миллатли давлат сифатидаги концепциясини мураккаб деб биламан. Улар фарзандларининг аксарияти ҳам гастарбайтерлар (меҳмон ишчилар) деб аталади. Мен тадқиқот доирасида суҳбатлар уюштирганимдан бери ксенофобия анча пасайди ва назаримда, камсонли жамоатлар учун вазият, умуман олганда, яхшиланди. Аммо Европадаги миллий давлатлар билан боғлиқ ҳолат сингари ҳар доим кўпчилик ва озчилик ҳақлари ўртасида зиддият мавжуд. Мен чиндан ҳам совет мероси Россияга кўп миллатли давлат сифатида ижобий таъсир кўрсатиши мумкин, деб ҳисоблайман. Бироқ асосий ўзгарувчан қиймат иқтисодиёт қанчалик кучли эканидадир. Совет Иттифоқида бўлгани каби, иқтисодий қийинчиликлар билан бирга миллатлараро зиддиятлар ҳам келиб чиқади.
– СССРдаги мигрантларнинг тарихий тажрибасининг Шимолий Америка ва Ғарбий Европа мамлакатларидаги шунга ўхшаш жараёнлар билан солиштирганда, қандай тафовутлар бўлганини кўришимиз мумкин?
– Энг кўзга кўринарли тафовут шуки, Совет Иттифоқидаги мигрантлар тўлақонли фуқаролар бўлган, шунинг учун уларнинг ҳақлари бир хил эди ва бу ҳол уларга комсомол сингари умумий ташкилотларда мансублик ва тенглик ҳиссини берган. Советларнинг Кавказ ва Марказий Осиёга 1950- ва 1960-йилларда киритган инвестициялари ҳамда у ёки бу тарздаги тенглаштирилган иш ҳақи миграцияга бўлган талабни камайтирган. Бундан ташқари, совет республикаларидан келган мигрантларга нисбатан ирқий камситишлар бўлмаган ҳамда совет давлати 1960-йилларда африкалик талабалар ўлдирилгандан сўнг бунга йўл қўймаслик учун чоралар кўрган. Бироқ сервис иқтисодиёти ва энг яхши таълим тизимлари, шунингдек, ҳаракатчанлик ва инвестициялар қисқараётган чекка ўлкаларнинг умидлари бор саноат ўзаги тизими билан бирга барча тизимларни ўзаро боғлади ҳамда замонавий Россия то шу кунга қадар шундан фойдаланиб келмоқда.
– Китобингизнинг тадқиқот саволи нимадан иборат эди ва сиз унга қандай жавоб бердингиз?
– Менинг бош тадқиқот масалам Ленинград ва Москвани кўп этник гуруҳлар яшайдиган маконлар сифатида кўриб чиқишдан бошланган. Турли миллат одамлар қандай яшаб ишлаган ва бир-бирига қандай муносабатда бўлган? Суҳбатларни бошлаганимдан сўнг саволим ўзгариб кетди. Мен ушбу алоҳида мигрантлар тарихларини ўргана бошладим. Тоғли Тожикистонда ёки пойтахт Бокуда яша ётган навқирон йигитни Совет Иттифоқининг марказлари бўлган, лекин руслар кўп яшайдиган шаҳарларга нима сабабдан минглаб чақирим йўл босиб борган? Ва улар қандай қилиб иш топди ва ҳаётини яшаб ўтди? Юқоридаги жавобларимдан маълум бўляптики, саволларим битта эмас, кўп. Умуман олганда, мен Совет Иттифоқи сўнгги йилларда турғунлик эмас, ҳаракатчанликнинг вақти ва жойи эди. У имтиёзли ўзак билан эсдан чиқиб қолган чет ўлкалар ўртасида ўсиб бораётган тафовут контекстидаги имкониятлари вақти ва жойи эди.