European Handbook of Central Asian Studies: History, Politics, and Societies (Stuttgart: ibidem Verlag, 2021) (“Марказий Осиёни тадқиқ қилиш бўйича Европа маълумотномаси: тарих, сиёсат ва жамиятлар”) тўплами тузувчилари кўрсатишича, Марказий Осиё минтақаси кўплаб маданий дунёлар чорраҳасида жойлашган ҳамда форсий, туркий, мўғул, чин, рус ва бошқа дунёлар асрлар давомида йиғилиб борган излар қолдирган. Шу маънода бир замонлар Тибет империяси тарихчиси ёзиб қолганидай, “Марказий Осиё Евроосиё тарихини тушуниш учун муҳим аҳамиятга эга (…) Бу бутун жаҳон тарихининг етишмаётган ҳалқасидир”.
Бундан ташқари, мана шу ерда кўчманчилар ва ўтроқ халқлар гоҳ ўзаро жанг қилиб, гоҳ ярашиб, лекин ёнма-ён яшамоқда (тўпламда ушбу масалаларга бир неча мақолалар бағишланган – 4 – 8-бобларда). Натижада, бир неча тиллар, кимликлар (идентитет) ва динлар мозаикаси ҳосил бўлди ва бугунги кунда ушбу мерос глобаллашув, миллий кимлик шаклланиши, иқтисодий ва ижтимоий манфаатларнинг кўп сонли гуруҳлари ўртасидаги кураш тамойиллари (тенденция) билан ўзаро муносабатга киришмоқда ҳамда молиявий ресурслар олишга ёки ҳуқуқий жиҳатдан эътироф этилишга даъвогарлик қилмоқда. Бундан ташқари, Марказий Осиёнинг жуғрофий сиёсати дунё сиёсати билан қизиқаётган барча кишиларга минтақа стратегик жиҳатдан муҳим эканини эсга солиб туради.
Умумий мерос ва маҳаллий ўзига хосликларга эга бўлган 5 та мамлакат мустақилликка эга бўлди, бу 1991 йилда халқаро мақомга эга бўлган суверен – эгамен чегараларни бошқариш, бир вақтда ўзаро рақобатлашаётган минтақа ва глобал миқёсдаги давлатларга бас келиш, жаҳон майдонида турли давлатларнинг манфаатлари тўқнашаётган, янги буюк давлатлар, хусусан, минтақага қўшни Хитой пайдо бўлиши сабаб дунёда теран ўзгаришлар юзага келган пайтда ўз ташқи сиёсатини юргизишни англатар эди. Ва сўнгги, лекин муҳимлиги жиҳатидан санаб ўтган масалалардан қолишмайдиган яна биттаси бор: “Толибон” ҳаракатининг Афғонистон ҳокимиятига зўравонларча қайтиши муносабати билан юз бераётган воқеаларни тушуниб етиш муҳим бўлиб қолмоқда (ушбу масалалар 15 – 18-бобларда таҳлил этилади). Бундан ташқари, минтақадаги айрим мамлакатлар юқори даражада қайта тикланмайдиган энергия манбаларига суяниб қолаётгани сув ресурсларидан тежаб-тергаб фойдаланиш ёки ҳаво ифлосланишига оид дуч келаётгани муаммоларни кучайтирмоқда. Капитализм ҳамма ёқни эгаллаб олаётгани, шаҳарларни модернизация қилиш бўйича кенг қамровли лойиҳалар, миграция тамойиллари сабаб жамиятда юз бераётган катта ўзгаришлар теран ўрганилиши керак бўлган мураккаб манзарани ҳосил қилмоқда (19 – 22-боблар).
Қуйида тўпламдаги “Кимликлар ва тарихий илдизлар”нинг биринчи қисмидаги айрим мақолалар мазмуни баёни келтирилади.
Тўпламинг бошланиш қисмида бир қанча методик мақолалар берилади ва унинг асосий мақолалари Гент университети профессори Бруно Х. Де Кордйенинг “Марказий Осиёнинг араб чегара колонияларидан “провинциал сулолалар”гача бўлган дастлабки исломлаштирилиши (160 – 1000 йй.”) деб аталувчи тўртинчи бобдан бошланади.
Ушбу бобда Марказий Осиёнинг бир замонлар Испания жанубидаги Қурдоба шаҳридан шарқда замонавий Покистон қадар тахминан етти минг километрга чўзилган сиёсий ва мафкуравий маконга интеграцияси ва трансформацияси (ўзгариши) тарихи ҳикоя қилинади. Муаллиф Арабистонда вужудга келган ва бадавийлар ҳаракати сифатида бошланган эътиқод [ислом дини] 630 йилдан 1000 йилга қадар Марказий Осиёга олиб кирилган ва тарқалгани ҳамда пировардида ўша эътиқоднинг дастлабки ташувчилари ва ҳимоячилари дунёдан ўтиб кетгандан сўнг ҳам у кўп асрлар давомида минтақадаги аҳолининг аксарияти ва жамиятлар ўртасида ижтимоий ва маданий ўз-ўзини (кимлигини) танишнинг марказий унсури бўлиб қолганини тадқиқ қилади.
Муаллиф Марказий Осиёнинг тарихий исломлаштирилишини 4 босқичга бўлади: 1) Эронни мусулмон араблар истило қилган тахминан 650 – 1000 йилларда Марказий Осиё кўпроқ қўшимча ҳудуд ҳисобланган биринчи босқич; 2) иккинчи босқич – 700 ва 820 йиллар оралиғида минтақадаги Умавий халифалари, сўнгра Аббосийлар сулолалари ҳукмронлиги ўрнатилиши ва мустаҳкамланиши; 3) учинчи ва чиндан ҳам муҳим босқич – Тоҳирийлар (821 – 873 йй.) ва айниқса, Сосонийларнинг (875 – 999 йй.) “провинциал сулолалари” босқичи, улар ҳукмронлиги даврида, ҳеч бўлмаганда, ўтроқ ва маданий-эроний соҳаларда ва жамиятларда Марказий Осиёнинг ҳақиқий ва бошқалардан ажралиб турувчи маданияти юзага келган эди; 4) тўртинчи босқичда Марказий Осиёда, замонавий Шинжонда ва минтақанинг дашт қисмларида туркий сулола ва қабила аъёнлари ва кўчманчи қабилалар исломни қабул қилади, шунингдек, Марказий Осиё тасаввуф мактаблари ва анъаналари ўсиши кузатилади.
Қайсидир маънода Марказий Осиёдаги юнон подшоликларидан улги олиб, мусулмон араблар ҳамда улар асос солган, назорат қилган ёки қонунийлаштирган давлатлар ва сулолалар минтақани тамаддунга интеграция қилди, лекин унинг ўша тамаддун ўзаги минтақа чегараларидан олисда эди. Минтақада жорий этилган мафкураларнинг амал қилиши уларнинг у ёки бу тарздаги бевосита бошқаруви ва жисмоний ҳозирлиги барҳам топгандан сўнг ҳам узоқ вақт давом этди. Шу маънода улар қипчоқлар ва мўғуллар сингари нисбатан кейинги босқинчилардан – ёки Ғарбий ва Марказий Европага бостириб борган викинглар ва мадярлар – ажралиб туради, ўша босқинчилар пировардида ўзлари забт этган жамиятларнинг дин ва маданиятлари ичига сингиб кетди, шу билан бирга, кўпчилик ҳолларда жараён давомида ўша маданиятларга ўз маданий унсурларини ҳам қўшди. Айни чоқда исломдан олдин ва мусулмон араблар истилосидан аввал Марказий Осиёнинг араб муҳити билан мулоқоти ва ҳамкорлик тажрибаси чекланган эди. Ҳарбий ҳаракатлар ва ҳудудларни истилосига келсак, на Умавийлар ва на ворислари, на Аббосийлар Умавийлар Тарим дарёсининг жанубий бассейнига 715 йилда унчалик кўп давом этмаган ҳарби ҳаракатларни истисно қилганда, ҳозирги Қозоғистоннинг марказий ва шимолий даштлари ёки Шинжонга кириб бора олмаган эди. Шунинг учун 750 йилга қадар Марказий Осиё “шарқий ерлар”нинг – Ироқ, Эрон ва Марказий Осиё биргаликда шундай деб атала бошлаган – чеккасида қолиб келди. Кейинчалик Шарқий ерлар тушунчаси Эроннинг Дашти Лут чўлидан шарқда жойлашган ареал – ерларни, жумладан, Марказий Осиёни англатадиган бўлди. Ушбу ерлар форсча “Шарқий ерлар”нинг араблаштирилган талқини – “ал-Хуросон” сифатида ном қозонди.
Тахминий баҳоларга кўра, ушбу ҳудуд забт этилгандан сўнг орадан 20 йил ўтиб – 672 йилда Марвга ва уни ўраб турган воҳа Мурғобга, Нишопурга ва инфратузилма ривожланган ва унумдор ерларга 47 мингдан 50 минггача бўлган араблар кўчиб келиб жойлашган. Улар, асосан, Басра, Кўфа ва Яман жангчилари бўлган, улар кўпинча ўзи билан оилаларини ҳам кўчириб келган. Орадан бир асрча вақт ўтиб, Умавийлар ҳукмронлиги охирига бориб, араблар (уларнинг авлодлари) сони Шарқий Эронда ва Марказий Осиёда 115 мингдан 175 минг кишигача етган. Араблар бир қатор шаҳарлар ва асосий транспорт магистралларида ўз ҳаёти билан яшаган. Шу тариқа, Марказий Осиёнинг узоқроқ қишлоқ ва тоғ ҳудудлари ва ясси тоғлари араблар ҳозирлигининг маданий ва мафкуравий таъсирига кам тушган ёки умуман тушмаган. Бироқ араблар зич яшайдиган вилоятларда ислом тузумининг жисмоний вакиллари сифатида жамиятнинг ирқий-этник ва ташкилий жиҳатларини ҳам анча-мунча ўзгартириб юборди. Улар бир неча авлод умри давомида минтақага ўзининг қабилавий ва Кўфа, Басра ва Яманга содиқлигини сақлаб қолиш баробарида, бу ерга аниқ бошқарув идоралари ва диний институтларни, шунингдек, араб тилини олиб келди.
Воҳа шаҳарлари мусулмон араблар ва Марказий Осиё ҳудудида мустаҳкамланиб бораётган исломий тартиб таянчи ва амалдаги базаларига айланди. Минтақани тахминан 10 аср олдин босиб олган Буюк Александр (македониялик) қўшинларидан фарқли ўлароқ, араблар янги шаҳарларга асос солмади. Улан бундан кўра мавжуд аҳоли масканларида ёки уларнинг четига келиб жойлашди ҳамда ўзига хос одатлар ва товарлар, масжидлар ва бозорларни ташкил этишнинг бошқача усули билан улар қиёфасини ўзгартирди.
Маҳаллий аҳоли орасидан ислом динини янгитдан қабул қилган мусулмон аъёнлари ўз мавқеларини сақлаб қолиш учун янгича тартибга таянадиган бўлди. Савдогарлар ва шаҳар ҳунармандлари ҳам ислом динига мойиллик билдирди. Минтақада ислом динини биринчилардан бўлиб қабул қилганлар орасида кўпчиликни ташкил этувчи тоифага ё қайсидир сабабга кўра араб қўшинлари билан ёнма-ён жанг қилган аскарлар, ёки ҳарбий ҳаракатлар чоғида асирлар олиб, қул қилинган форс, каспийбўйи ва туркий жангчилар кирган.
Марказий Осиёда ислом дини дастлаб аста-секин шаҳарларда кенг тарқалди. Аммо, минтақанинг деҳқончилик қилиб кун кечирувчи аҳолиси анъанавий халқ эътиқодлари ва олов ибодатхонаси маданиятига ҳаммадан кўп – тахминан, 1000 йилга қадар ва ундан кейин ҳам амал қилиб келди.
Араб халифалари Умавийлар ва Аббосийлар таназзулга юз тутгач, мусулмон Марказий Осиёси, айниқса, Сомонийлар даврида ўзига хос тарзда ривожланди. Бўлғуси Сомонийлар давлатининг ҳукмрон сулоласи келиб чиқишига кўра Ҳирот минтақасидаги деҳқонлардан бўлган. Сулола аъзолари эски Аббосийлар бошқарган Марказий Осиё вилоятлари бўлмиш Хуросон ва Мовароуннаҳр сингари 4 та вилоятни бошқарган, улар тез орада алоҳида конфедерацияга бирлашган эди. 892 йилда улар бир ҳукмдор – амир Абу Иброҳим Исмоил ҳукмронлиги остида бирлашди. Гарчи у номига халифнинг минтақадаги вакили ҳисобланган бўлса-да, унинг пойтахти Бухоро бўлган ҳукмронлиги 907 йилга қадар давом этиб, Марказий Осиёда алоҳида мусулмон давлати ташкил топишига сабаб бўлди. Амир Исмоил, унинг издошлари ва ворислари давлатчилик қуриш жараёнида туркий кўчманчиларга қарши курашда ғозий легитимацияси(ваколат ёки ҳуқуқнинг қонунийлигини тасдиқлаш ёки тан олиш) сингари суннийлик принципини қўллаган. Туркий кўчманчилар билан чегара “дар ал-ҳарб” деб аталган. Айни чоқда Марказий Осиёда ислом ишини ҳимоя қилиш араблаштиришдан фойдаланилмайдиган бўлган ва кучли форсийлик ҳисси билан чамбарчас боғланиб кетган, бу эса минтақадаги аксарият аҳоли билан биргаликдаги алоҳида гуруҳ [яъни араблардан бўлак] умумий ғояси юзага келишига сабаб бўлган эди. Марказий Осиё “тамаддун (цивилизация) мухторияти”га эга эди, бунинг маъноси шуки, минтақа ўзаги ундан ташқарида бўлган тамаддуннинг оддий таркибий қисми, қарам бўлаги ва (ярим) периферияси (чеккаси) бўлиб қолмасдан, аниқ Марказий Осиё мусулмон тамаддунининг ўзаги ҳам бўлган.
Винсент Фурнионинг “Марказий Осиёнинг маданий комплексида чорвадор кўчманчи ва ўтроқ жамиятлар ўртасидаги эрта замонавий ўзаро ҳаракатлашув” деб номланган мақоласида минтақага тегишлилиги тахмин қилинган ва ушбу дихотомияни[1] ўраб турган бир қанча чўпчакларни фош этади.
Муаллиф жуғрофий ўзига хосликлар ҳақида сўз юритиб, тахминан замонавий ўзбек-қозоқ ва қирғиз-қозоқ чегаралари ҳамда Такламакон чўлининг шимолий қисмларидан ўтадиган 42-параллелни минтақанинг жанубий ва шимолий чўллари ўртасидаги бўлувчи чизиқ деб атайди, айни чоқда Урумчи шаҳри 43-параллелда жойлашган. Жанубий чўлларда (асосан, Қорақум ва Қизилқум чўлларида) ўсимлик қопламалари ҳудуднинг тақрибан ¼ қисмини қамраб олади, айнан шу чўлларда бир ўркачли туяларнинг кўпчилик қисми ушоқ моллар: қўй ва эчкилар билан бирга яшайди. Гарчи бу ерда ёз жуда узоқ, қуруқ ва жазирама бўлса ҳам, қишқи совуқлар бир йилда 50 кундан 120 кунгача давом этади. Шимолий чўлларда ўсимлик қопламаси майдоннинг 25 – 40 фоизини эгаллайди, лекин қиши анча совуқ ва узоқроқ давом қилади – совуқ кунлар сентябр охиридан апрелга қадар чўзилиши мумкин. Орол денгизининг Қозоғистон қисмида, яъни Қозоғистон жанубий-ғарбида (45-параллел) қор қопламаси 20 сантметргача етади ва 70 кунгача туриб қолади.
Минтақанинг қишлоқ ва шаҳарлари, асосан, ўзига хос экологик макон: тоғ тизмалари бўйлаб тарқалиб кетган қулай тоғ этаклари мавжуд бўлган воҳаларда жойлашган. Кўплаб аҳоли масканлари эса нисбатан кичик дарёлар делталарида мавжуд. Яна айрим воҳалар пастликларда, масалан, Амударёнинг сўл қирғоғи, Орол денгизи жанубидаги Хоразм вилояти ҳудудида жойлашган. Лекин айни чоқда минтақанинг кўплаб анъанавий унумдор қишлоқ хўжалиги ландшафтлари ёмғир суви билан эмас, сув таъминоти ва суғоришнинг сунъий йўллари орқали сув билан таъминланади: воҳадаги барча қишлоқ хўжалиги суғориш ҳисобига юритилади. Шунинг учун ҳам “гидравлика тамаддуни” сингари иборалар пайдо бўлган. Бир мавсум суғорилмаса, ерда ҳеч нарса унмайди. Суғориладиган майдонлардан ташқаридаги ўсимликларнинг яшил рангли ландшафти йўқолиб кетади ва табиий қурғоқчил муҳит устунлик қилади.
Бухоро иқлими чўпонлар мол ҳайдайдиган яйловлардан иборат қўчманчилар макони бўлмиш Дашти Қипчоқникидан ҳам қуруқроқдир. Шунинг учун, муаллиф таъкидлашича, Марказий Осиёнинг “қўчманчилар шимоли” (Дашти Қипчоқ ва Жунгария) билан “деҳқончилик жануби”ни (Олти шаҳар, Трансаксония, Амударёнинг сўл қирғоғи ва Хуросон) ўзаро қарама-қарши қўядиган классик ментал харитаси маданиятлар ривожланган табиий муҳитни эмас, моддий маданиятлар тарқалишини акс эттиради.
Кўчманчилик ҳаёт тарзини минтақадаги ирригация тизимлари ва маданият бўлмаган барча жойлардан топиш мумкин – уни Бухоро, Қошғар, Тошкент ёки Турфон сингари ўтроқ ҳаёт тарзининг ёрқин рамзларидан бўлган асосий шаҳарлар дарвозаларидан бир неча километр нарида ҳам учратса бўлади. Шунга кўра, кўчманчилар билан ўтроқ аҳоли ўртасидаги ўзаро ҳаракат турли миқёсларда ривожланиб борган: қозоқ кўчманчилари энг яқин воҳадан юзлаб километр узоқда яшаган, туркман кўчманчилари гуруҳи эса Бухородан, бор-йўғи, 20 ёки 30 километр нарида чодир тиккан. Ниҳоят, Марказий Осиёдаги 3 та минтақа: Олти шаҳар, Трансаксония ҳамда Амударё билан Хуросоннинг сўл қирғоғи ҳам кўчманчилар чорвачилиги, ҳам жумладан, (қишлоқ ва шаҳар манзилгоҳлари) ўтроқ яшаш учун мос келишини назарда тутиш муҳим. Жунгария, Дашти Қипчоқ ёки Каспий текислиги ва Қорақум чўли фақат чорвачилик учун мос келади, бундан фақат қозоқ ерлари чеккасидаги бир неча шаҳар (Ўтрор, Тараз ва Туркистон), туркманлар маконидаги Марв ва Чоржў сингари чекка жойлар бундан мустасно.
Иқтисодий нуқтаи назардан кўчманчи чорвадорлик ва ўтроқ деҳқончилик жамиятлари ўртасидаги ўзаро муносабат иккала жамоат ҳам нафақат ўзи ишлаб чиқармаётган товарларни харид қилиш, қолаверса, маҳсулотларини ва ҳунармандлик буюмларини сотиш учун ҳам ҳамкорлик қилиш фактига асосланган эди.
Кўчманчилар билан ўтроқ аҳолининг иқтисодий ҳамкорлиги жуда фаол бўлган ва бунинг учун жуда кўп товар керак эди. Ўтроқ аҳоли кўчманчиларга нафақат ўзи ишлаб чиқарган ғалла, ун, мато, мева-чева ва қўлда тайёрланган буюмлар, балки бошқа минтақалараро ва қитъалараро савдо-сотиқ вақтида харид қилинган чой, кўзгу ва ҳк. каби товарларни ҳам сотган. Хитой кўзгулари чўл аъёнларининг қабрларидан топилгани сабаби шунда. Бошқа тарафдан, кўчманчилар от, қурол-яроғ, металлдан ясалган буюмлар, мўйна, ҳайвонлар териси, шунингдек, қулларни сотган, яъни сизу бизнинг бугунги тилимизда айтгандай, “логистика хизматлари”ни (яъни йўл бошловчилар хизматлари, кавш қайтарувчи жониворлар ижараси, карвонларга ҳамроҳлик қилиш, қўриқлаш ва ҳк.) кўрсатган.
Шу билан бир қаторда, минтақадаги савдо-сотиқнинг асосий қисмини назорат қилган кўчманчи халқлар ҳатто воситачи ҳам бўлмай, фақат ҳудудлардан товарларни ташиб ўтиш учун имконият берган ва ўтроқ аҳоли манзилгоҳлари ўртасидаги ўта жадал алмашувни ташкил этган. Савдогарлар, масалан, Бухорони Кошғардан, Мозори Шарифни Тошкентдан ёки Самарқадни Қозон билан Ғарбий Сибирдан ажратиб турган юзлаб, кўпинча минглаб кўчманчилар назоратидаги ҳудудларни кесиб ўтиши керак бўлган. Уларга бу ишида ҳамкорлик, сотиш ёки харид қилиш бўйича битимлар тузиш учун сон-саноқсиз имкониятларга эга карвон йўллари ёрдам берган. XIX аср охирида темирйўл пайдо бўлгунга қадар карвонлар товар ташишнинг асосий воситаси эди, улар кўпинча 500 – 800 та ёки ундан кўпроқ туядан иборат бўлган. Бу ҳақда, масалан, ўрта асрларда яшаб ўтган араб сайёҳи ибн Фадлан шаҳодат беради.
Кўчманчилар ҳам ўзаро савдо-сотиқ қилган. Минтақадан четдан олиб келинадиган товарлар борасида кўчманчилар қабилалари ўртасидаги иқтисодий ҳамкорлик жуда қалин бўлган, ўтроқ аҳоли манзилгоҳларига яқин яшайдиган кўчманчилар одатда воситачилик қилиб, ўтроқ аҳоли ишлаб чиқарган товарларни узоқроқда яшайдиган кўчманчилар жамоатларига сотган. Бироқ кўчманчилар қабилалари ўртасидаги алмашув кўчманчиларнинг ўзи ишлаб чиқарган товарлар ҳажмидан жуда оз бўлган, чунки улар бир-бирига ўзлари ишлаб чиқарадиганга ўхшаш товарлар таклиф этган, фарқ фақат пода таркиби ёки сувдан табиий ва сунъий йўсинда фойдаланишда бўлган. Умуман шуни қайд этиш жоизки, кўчманчилар қабилалари ўртасидаги алмашув тарихи унчалик маълум эмас, ҳатто замонавий тадқиқотларда ҳам кам ўрганилганича қолмоқда.
Маълумки, кўчманчилик ишлаб чиқариши кўплаб хавф ва инқирозлар (масалан, жут (қозоқча – жониворларнинг оммавий қирилиб кетиши) ёки чорвага касаллик юқиши) билан боғлиқ, улар подани йўқ қилиб юбориши ва кўчманчилар чорвачилиги таянадиган нозик мувозанатга путур етказиши ва бу узоқ давом этадиган ижтимоий оқибатларга олиб келиши мумкин. Шунинг учун кичик гуруҳлар ёки алоҳида кўчманчилар тез-тез қашшоқлашиб қолавергани сабабли ўтроқ турмуш тарзи ҳукмрон бўлган ҳудудларга бориб жойлашиш учун пировардида кўчманчилик ҳаёт тарзидан воз кечган, деб ҳисобланади. Айтилишича, кўчманчилар ўтроқлашиб, деҳқончилик билан фаол шуғуллана бошласа, жуда яхши “ўтроқлашади”. Ўтроқлик мавзуси кўчманчилик-ўтроқлик ҳамкорлигининг асосий белгисидир. Кўчманчилар қишда ўтроқ ҳукмдорлар белгилаб қўйган ҳудудлар чегарасини босиб ўтиши мумкин эди. Кўчманчиларнинг ушбу йиғинлари муқаррар тарзда улар манзилгоҳлари билан савдо-сотиқдан босиб олиш ёки никоҳ тузишгача бўлган жадал мулоқотга олиб келган.
“Аккултурация”[2] тушунчаси ўзаро муносабат тушунчаси билан чамбарчас боғлиқ. Ўзаро муносабат концепцияси жараён давом этаётганини кўрсатиб беради, бироқ унинг оқибатлари қандай бўлишини ҳақида ҳеч нарса демайди. Аккултурация эса, аксинча, жадал мулоқотлар ўзаро муносабат жараёнига тортилган барча гуруҳларни ўзгартиргани ҳақида тушунча беради. Аккултурациянинг кўп қиррали жараёнлари ҳам кўчманчи, ҳам ўтроқ жамоатларнинг барча турлари ҳаётида рўй берган. Ўзаро муносабатлар ва циркуляция Марказий Осиёнинг ноёб маконини – ҳатто уларнинг миқёси ва суръатлари минтақадан минтақага фарқли бўлишига қарамай – ҳосил қилади.
Ўтроқ аҳоли билан кўчманчиларнинг ўзаро муносабатлари тўғрисидаги ҳар қандай дискурс вақт ва макон тушунчаларига дохилдир, бироқ вақт билан маконга қараб мўлжал олишни, асосан, ўтроқ акторлар ўз зеҳниятидан келиб чиққан ҳолда ўйлаб топган ва ифода қилган. Айнан шунинг учун бундай ўзаро муносабатлар тарихи олдиндан тўқиб бичилган ва икки ёқламадир: у ҳақда ўтроқ ҳокимият ёзган ва ўша битикларни Марказий Осиё ва унга ёндош ҳудудлардаги манбалар, сўнгра Европа ва Ғарб олимлари ҳужжатлаштирган. Кўчманчилик жамиятлари минтақа тарихининг энг кам ўрганилган жиҳати бўлиб қолмоқда, қисман бунга улар, айниқса, ўрталарида можаролар бўлмаган кезлар ўтроқ маданиятларга нисбатан кам манбалар қолдиргани сабаб бўлган. Яхшиямки, сўнгги ўн йилликларда кўплаб археологик ишлар кўчманчилар ҳақидаги билимларимизни оширди.
Кейинги мақола Светлана Горшенина қаламига мансуб “Шарқшунослик, Марказий Осиёнинг постколониал ва деколониал ҳудудлари: назарий аҳамияти ва қўллаш имконияти” деб аталади. XVIII аср охиридан XX аср ўрталарига қадар шарқшунослик Европаники бўлмаган маданиятларни ўрганиш ва “Шарқ” мавзусида бадиий асарлар яратиш учун бетараф ибора сифатида қўлланган. Яна шарқшунослик атамаси XVIII аср охирида фаолият юритган Ост-Инд компаниясининг ҳинд тиллари, қонунлари ва одатларига нисбатан алоҳида сиёсатини тавсифлаш учун ҳам ишлатилган. 1960-йиллардан бошлаб шарқшуносликни тушуниш танқидий кўринишга эга бўла борди, яъни мафкуравий жиҳатдан олдиндан тўқиб бичилгани унинг таъсирида пайдо бўлган нохолис илмий ва адабий-бадиий тасаввурлар алоҳида тилга олинадиган бўлди. Эдвард Саиднинг 1978 йилда чоп этилган “Ориентализм” рисоласи ушбу атамага аниқ салбий маъно берди. Олдинги авлод тадқиқотчиларининг европалик маъмур олимлар ролини идеаллаштиргани ва Европанинг аралашуви Осиё жамиятларига фойда келтирадиган, қабилидаги қарашларига оид хулосаларига шубҳа билан қаралди. Айни танқид Ғарб илмий доираларида қайта номлашлар тўлқинини келтириб чиқарди, шундай сўнг яхлит “шарқшунослик” Яқин Шарқ тадқиқотлари ёки Шарқий Осиё тадқиқот факултетлари билан алмаштирилди, айни чоқда “шарқ”қа (ундан ясалган сифат “шарқий”га) деярли тақиқ қўйилди ва у “Осиё” (“осиёча”) сўзи билан алмаштирилди. Саид ғояларининг шундан сўнгги шов-шувни эсга солувчи тарқалиши ушбу атамани ўзига хос тарихий ва жуғрофий контекстдан юлиб олди ва уни “Бегона”га нисбатан менсимай қарашнинг синонимига айлантирди. “Анъанавий” бўлиб қолган шарқшунослик аста-секин деколонизация ва аксилмустамлакачиликнинг кескинроқ сўл назарияларига жой бўшатиб берди. Бироқ ушбу назарияларни собиқ совет маконига қўллаш имконияти масаласи шу кунга қадар бир қанча сабабларга кўра долзарблигича қолмоқда: 1) Саиднинг китоби рус тилида фақат 2006 йилда нашр этилган ва Говорунов таржимасида хатолар мавжуд. Китоб таржимасига “Вопросы национализма” (“Миллатчилик масалалари”) журнали асосчиси ва бош муҳаррири Константин Крилов сўнгсўз ёзган. Китобнинг иккинчи аниқроқ таржимаси, шунингдек, рус тилида Саиднинг асосий китоби бўлмиш “”Маданият ва империализм”нинг чоп этилиши ҳам вазиятни ўзгартирмади. 2) Постсовет макони тадқиқотчиларининг аксарияти постколониал дискурснинг келиб чиқиш сабаблари билан умуман таниш эмас, муаммолар университет дастурларида постколониализмга (мустамлакачилик даври маданий меросини ўрганувчи фанлараро тадқиқотлар йўналиши) оид машғулотларнинг йўқлиги ва постколониализм назарияси бўйича рус тилига қилинган асосий битиклар таржималари сони етарли эмаслиги сабаб ортмоқда. Франц Фаноннинг[3] асосий китобларидан бири 2020 йилда чоп қилинди, 1951 йилдаёқ “мустамлачалик билан боғлиқ вазият” концепциясини илгари сурган француз социологи ва антропологи Жорж Баландйенинг асарлари ҳалига қадар нисбатан номаълумлигича қолмоқда. Оқибатда постколониал дискурснинг келиб чиқиши ва мавжудлиги, сиёсий, маданий, тарихий ва бошқа контекстларини етарли даражада билмаслик, масалан, Саиднинг ғоялари Вера Толцнинг ўта нозик тадқиқотидан ўсиб чиққан совет шарқшуносларининг бевосита таъсирида пайдо бўлди, деган ўта жўнлаштирилган далил юзага чиқишига олиб келди. Бироқ Саид империализмга қарши совет танқиди билан Абдул-Маликнинг асарлари, шунингдек, ўша муаллиф учун айрим муҳим назариялардан бири бўлмиш марксизм (айниқса, унинг французча ва немисча талқинлари) орқали таниш бўлган десак, тўғрироқ бўлади. 3) Тадқиқотчилар ва жамоатчиликнинг Россия ва Совет Иттифоқининг ҳам “европача”, ҳам “осиёча” модел ва унсурларни ўз ичига олувчи “алоҳида йўли” ҳақидаги баёнотлари кенг тарқалган. “Ўз-ўзидан шарқлашув” (self-orientatlization) Владимир Путин фаол қўллаб-қувватлаётган ушбу мавқени мустаҳкамлайди. Унга кўра, Россияга ё Шарқнинг алоҳида қисми, ё «Евроосиё» (Ғарб билан Шарқ ўртасидаги оралиқ макон) деб қаралади. Айни қараш Ғарбга хос мустамлакачилик эмас, Осиё билан алоҳида муносабатларни назарда тутади. Шунга кўра, Россия постколониал муаммолар гирдобидан чиқиб кетади ва шу тариқа дунё саҳнасидаги асосий ўйинчига айланади. 4) Россия ва Совет тарихи моҳиятан мустамлакачилик тарихи эмас, деган фикр мавжуд ва бу ҳол Саиднинг моделини Россия/Совет контекстига нисбатан қўллашга яроқсиз қилиб қўяди, чунки ушбу модел фақат “анъанавий” Ғарб империялари ва уларнинг Яқин Шарқ ва Жанубий Осиёдаги мустамлакаларига нисбатан қўлланиши мумкин, деган фикрлар мавжуд. Ушбу чекланган қараш муайян “классик мустамлакалар” мавжудлиги ҳақидаги кенг тарқалган тасаввур билан қўллаб-қувватланади ҳамда россия-совет тажрибаси бошқа мустамлакачилик / ундан кейинги вазиятлар билан таққосланадиган солиштирма илмий ишлар миқдори жуда кам.
Ушбу нуқтаи назарлар кўпчилик ҳолларда ҳам Чор Россияси империяси, ҳам Совет Иттифоқи (но)мустамлакачилик ўтмишининг мавжуд тарихий талқинларидан айричадир. Шарқшуносликнинг Чор Россияси ёки Совет тарихи ривожланишига нисбатан қабул қилиниши ёки рад этилиши Чор Россияси ёки Совет тарихининг мустамлакачилик тарихи талқин этилиши ёки этилмаслигига боғлиқ. Чор Россияси ёки Совет тарихи талқини сўнгги уч аср давомида бир неча марта ўзгарди. Болшевиклар кураши мустамлакачиликка қарши кураш сифатида назарийлаштирилган, чунки Шарқни озод этиш бир йўла бир неча мавқедан туриб таклиф этилган. Шунинг учун олимлар ушбу даврни мастамлакачилик даври деб белгилашга шошилмаяпти. Улар бунинг ўрнига уни – айниқса, дастлабки совет йилларида – постколониал, яъни мустамлакачиликдан кейинги давр деб тавсифлашни таклиф этмоқда. Адиб Холиднинг “жадидларнинг Ўзбекистонда инқилобни национализация қилиши” ҳақидаги ғояси ҳам шу йўналишга мансуб.
Себастян Пейруз “Марказий Осиёнинг замонавий (постсовет) диний манзараси: оёққа туриш жараёнидаги “десекуляризация”ми[4]?” мақоласида Марказий Осиёда динга ва диндорликка қизиқиш ортиб бораётгани ҳақида сўз юритилади. Қирғизистонда 2007 – 2012 йиллар оралиғида ҳафталик диний хизматларда иштирок этувчи кишилар икки баробардан кўпроқ ортди. Совет тизими даврида таълим олган ва намозни мунтазам ўқимаган ота-оналардан фарқли ўлароқ, ёш авлод орасида диндорлик ва диний амалиётларни бажариш, айниқса, кўзга ташланмоқда. 2000-йиллардан бошлаб минтақада ўтказилган тадқиқотлар кўрсатишича, сони тобора ортиб бораётган ёш авлод ислом динининг 5 та рукнига тобора кўпроқ ҳурмат билан ёндашмоқда, диний таълим бериш ортишини талаб қилмоқда, спиртли ичимликлар ичишдан воз кечмоқда ва ҳалол таомлар билан парҳез қилмоқда. Ёшлар ота-оналарини ўзлари “ҳақиқий” деб билган ислом дини амалларига риоя этмаётганини танқид қилмоқда. Аксинча, совет анъаналарига кўра таълим олган ота-оналар фарзандлари ислом дини амалларини тобора кўпроқ бажараётганидан хавотирга тушмоқда, айни пайтда янги авлоднинг ҳаддан зиёд ва ноанъанавий диний амалларига ўз ҳаёт тарзи учун потенциал хавф деб қарамоқда.
Кўплаб ёшлар оила даврасидан ташқарида ўзлаштирган диний қоидалар билан маданият ва динни омухта қилувчи маҳаллий анъаналар ўртасида ўз диний ҳаётини мувозанатлашга ҳаракат қилмоқда; ота-оналар маҳаллий анъаналарни ўз кимлигининг ажралмас қисми деб билади. Кўпчилик яна ислом дини ҳақида маълумот олиш учун интернетга мурожаат қилмоқда. Боз устига, диний иерархияларнинг (қуйи мансабдорларнинг юқори мансабдорларга босқичма-босқич бўйсуниши) динни этник мансублик ҳисси билан боғлашга тайёр эканига қарамай, маҳаллий аҳоли ўртасида иккита кимлик (миллий ва диний мансублик) тез-тез муҳокама қилинмоқда. Масалан, ислом динининг универсаллигини минтақа мусулмонларининг халқаро майдонга қайтиш имконияти деб ҳисоблаётган барча кишилар ислом динининг “миллий” ўзига хосликларига шубҳа билан қарамоқда. Шунга кўра, постсовет макони 2 та ўзаро келиша олмаётган тамойил ўртасида талаш бўлмоқда: бир тарафдан, динга оид ижтимоий ва маданий асос сифатидаги кўҳна тасаввурларнинг инқирозга юз тутиши, диний иерархиялар ушбу ҳодисани секинлаштиришга уринмоқда; бошқа тарафдан эса, динни кимликни қайта тиклашга жалб этиш, бу, тахмин этилишича, совет режимлари бузиб ташлаган кўҳна кимликларни “қайта тиклаш” сифатида юз кўрсатмоқда, айни ҳолат одамларнинг динга муносабатини амалда индивидуаллаштиради. Бундан ташқари, ислом дини айниқса, Қозоғистон ва Қирғизистондаги туркий халқларнинг тангричилик ёки Тожикистондаги зардуштийлик каби исломдан олдинги динлар билан рамзий жиҳатдан рақобатлашиши мумкин.
[1] Дихотоми́я (юнонча διχοτομία: δῐχῆ, «иккига» + τομή, «бўлиниш») — иккиланиш, ўзаро эмас, ичида боғлиқлиги бўлган икки қисмга изчил бўлиниш.
[2] Аккултрация (лот. ad – …га и cultura – маданият) турли маданият вакилларининг бевосита ва узоқ вақт давомидаги мулоқоти давомида юз бераган ўзаро таъсирлашуви.
[3] Франц Омар Фанон (1925 – 1961) – француз тилли Вест-Индия инқилобчиси, ижтимоий соҳа файласуфи ва психоаналитик. Учинчи дунё мамлакатларида 40 йилдан ортиқ вақтда мобайнида мустамлакачиликдан озод қилиш бўйича давом этган янги сўлчилар ва инқилобчилар кураши назариётчилари ва ғоявий илҳомлантирувчиларидан бири.
[4] Десекуляризация – маданий ва тарихий анъаналар, жумладан, олдин ҳукмрон бўлган диний тутимларга қайтиш.