Адиб Холид (Adeeb Khalid) (1964 йилда туғилган) – АҚШдаги Карлтон коллежи профессори, жадидчилик, коммунизмдан кейинги ислом дини ва Ўзбекистоннинг ташкил топишига оид 3 та ижтимоий аҳамиятга молик китоб ёзган. Унинг Central Asia: A New History from the Imperial Conquests to the Present (Марказий Осиё: империя истилоларидан ҳозирги кунга қадар бўлган янги тарих) деб номланган тўртинчи китоби 2021 йил баҳорида Princeton University Press нашриётида чоп этилди. Номидан ҳам маълум бўлишича, у Марказий Осиёнинг XVIII асар ўрталаридан бизнинг кунларимизга қадар бўлган умумий тарихи ҳақидадир. Ушбу мақолада китобнинг Марказий Осиё совет республикаларининг ташкил топиш тарихига бағишланган бобининг қисқартирилган таржимаси эътиборингизга ҳавола қилинади.
1924 йилда Совет ҳукумати Марказий Осиёнинг сиёсий харитасини ўзгартириб юборди. Бир неча ой мобайнида Туркистон, Бухоро ва Хива ўрнида бир қанча республикалар пайдо бўлди. Марказий Осиё сиёсий жуғрофиясининг бундай қайта тузилиши совет даврининг энг узоқ сақланиб қолган мероси бўлса ажаб эмас. 1924 йилдаги “миллий-ҳудудий чегаралашсиз” Марказий Осиёнинг бугунги манзараси бутунлай бошқа бўлиши турган гап эди. Лекин ушбу жараён бутунлай бошқача тушунилмоқда. Ушбу мавзуга оид собиқ Совет Иттифоқидан ташқарида ёзилган тадқиқотларнинг аксариятида, шўролар Марказий Осиёнинг бирлигини парчалаб ташлаган эди, деган классик намунавий қолип билан қаралади. Соддалик кучи ушбу далил тарафида бўлгани учун бу қараш қатъийлигича қолиб келди. “Совет мусулмонлари ўртасидаги сиёсий бирдамлик потенциалига “бўлиб ташла ва бошқар” сиёсати билан атай ҳужум қилинди, – дейилади оддий иддаода. – Бугунги Марказий Осиё давлатлари ҳудудий мавжудлиги учун Сталин олдида бурчлидир. У Россия Туркистонини 5 та республикага бўлиб ташлаш билан пантуркизм ва панисломизм таҳдидига жавоб қайтарди”. Бошқа бир муаллифнинг бизга айтишича, бу бутунлай ўзбошимча мезонлар билан “сунъий равишда янги миллий тузилмалар яратилиши”га сабаб бўлган ва ушбу жараёнда “советлар муаммоларни янада мураккаблаштиришган.
Айни талқинга таянган муаммо шундаки, у мутлақо нотўғри. Чегаралашнинг ҳақиқий жараёни ҳозирги соддалаштирилган ва ҳақиқий вазиятга мос келмайдиган маълумотлардан фарқли ўлароқ, жуда мураккаб кечган. Марказий Осиёдаги миллий чегаралаш болшевиклар ўз давлатида 1924 йилга келиб, барча жойда амалга оширган сиёсатининг минтақада ҳаётга татбиқ этилиши натижаси бўлган ва бу улар миллий тафовут ҳақида ўйлаган баъзи асосий тахминларни акс эттирар эди. 1913 йилда, яъни ҳали инқилобга фақат назарий имконият сифатида қаралаётган пайтда Ленин Сталиндан “миллий масала”да болшевиклар тутган мавқени тушунтириб беришни сўрайди. Сталин миллатлар мавжудлигини табиий ҳодиса деб ҳисоблар эди. “Миллат, – деб ёзган эди у, – халқларнинг тарихан таркиб топган барқарор жамоаси бўлиб, маданий умумийлик билан ифодаланадиган ягона тил, ҳудуд, иқтисодий ҳаёт, психологик ҳаёт тарзи асосида ташкил топади”. Европадаги ҳеч бир миллатчи миллий жамоатнинг асоси бўлиб хизмат қилувчи ушбу тарих, тил ва маданият комбинациясига эътироз билдира олгани йўқ. Тўғри, Сталин миллатлар ўткинчи ҳодиса: улар тараққиётнинг капитализм босқичида пайдо бўлган ва коммунизм барпо этилиши билан йўқ бўлиб кетади, бироқ ҳозирги кунда реал ҳолда мавжуд ва уларга қарши курашилиши керак, деб айтганди. Сталин келажакдаги кўп миллатли социалистик давлат ташкил этилишининг рисоладагидай кўриниши сифатида миллий ҳудудий автономияни таклиф этган эди.
Ўша келажак 1913 йилдаёқ, ҳали ҳеч ким кутмаган вақтда келди. 1917 йилда Сталин миллатлар масалалари бўйича комиссар бўлгани учун фуқаролар уруши вақтида Россия империясининг чекка ҳудудларида миллий сафарбарлик бош кўтаришига дуч келган эди. Миллий ҳаракатлар турли-туман автономия эълон қилаётганига жавобан болшевиклар миллатларга шўролар шартига кўра автономия ваъда қиладиган сиёсат ишлаб чиқди. Унга кўра, автономия пролетар автономияси бўлиши, уни партия амалга ошириши ва мухтор минтақа Совет давлатига содиқ бўлиши керак эди. 1917 йил охирида Қўқон ва Алаш-Ўрдада эълон қилинган мухтор ҳукуматлар мухториятнинг тегишли совет версиялари билан алмаштирилди. Шунга қарамай, совет ҳудудий автономияси миллий ва тилга қараб сиёсий бирликлар тузиш имкониятини берар эди. 1922 йил декабрида қабул қилинган конституцияга кўра, совет давлати миллий ва ҳудудий автономияга асосланган федерал иттифоққа айлантирилди. Ҳудудий автономия турли даражаларда: иттифоқ таркибига кирадиган республика, иттифоқдош республика таркибидаги камсонли ёки миллий гуруҳлар учун иттифоқдош республика таркибидаги автоном вилоятлар ва туманлар мавжуд бўлди. 1923 йил охирига келиб, Совет давлатининг қолган қисмидаги чегаралар миллийлик принципига амал қилинган ҳолда ўзгартирилди: империянинг славян марказидан Украина билан Беларус ажратилди ва Совет давлати ҳудудида бир қатор автоном руспубликалар тузилгани эълон қилинди. Марказий Осиё мамлакатнинг умумий совет сиёсати юргизилаётган охирги қисми эди.
Айни ҳолатда чегараларни қайта бичишнинг Марказий Осиё бирлигига путур етиши мумкинлиги тўғрисидаги хавотирларга умуман алоқаси йўқ эди, чунки бундай таҳдиднинг ўзи бўлмаган. Биз сўнгги бир неча бобларда минтақада қандайдир умумий бирлик бўлмаганининг кўплаб исботларини кўрдик. Совет ҳукумати учун қайтанга бошқа бир муаммо мавжуд эди: бу Марказий Осиёни самарали бошқаришга йўл бермайдиган тарқоқлик ва турли хилликнинг мавжуд бўлганидир. Совет режими учун собиқ империянинг рус бўлмаган қисмларидаги асосий вазифа халқларнинг ишончини қозониш ва уларни совет ҳокимияти чоризмдай ўтмишдошидан фарқ қилишига кўндиришдан иборат эди. Совет ҳокимияти бу ишни қилиш учун рус бўлмаганлар билан уларнинг она тилида гаплашиши ва маъмурий бирликлар тил жиҳатидан бир хил бўлса, бу ишни бажариш анча осон кечиши, сўнгра маъмурият, таълим ва тарғибот ишлари бир тилда юритилиши аниқ эди. Бироқ Марказий Осиё 3 та кўп тилли республика: Туркистон, Бухоро ва Хивага бўлинган эди. Тил ягона муаммо эмас эди. 3 та республиканинг барчасида кўчманчи ва ўтроқ аҳоли ўртасидаги муносабатлар таранг бўлиб, можаролар партия ичига ҳам кириб борар эди. Партия раҳбарияти маҳаллий кадрлар ўртасидаги гуруҳбозликдан хавотирга тушиб қолган эди. Туркистоннинг совет раҳбарияти қозоқ ва ўзбек етакчиларига бўлиниб кетганди. “Бу ердаги миллий муносабатлар ўта даражада кескин, – деб ёзганди Сталинга партиянинг Марказий Осиё бюроси раҳбари Юозас Варейкис 1924 йил бошида. – Оддий сабабга кўра, партия ичида қайси миллат бошқарувчи бўлиши кераклиги тўғрисида доимий кураш давом этмоқда”. Советлар учун бу қандайдир ялпи бирлик эмас, гуруҳбозлик ва тарқоқлик исботи бўлиб, бу уларнинг давлатига хавф солаётган эди. Советлар бу миллатларни ҳаводан олиб, тўқиб чиқаргани йўқ. Марказий Осиё 1924 йилда бўлиниб кетган миллатлар (республикалар) олдинги ўн йилликларда тасаввур қилина бошлаган эди. Совет ҳукуматининг Марказий Осиёда янги чегараларни демаркация қилиш тўғрисидаги қарори унгача амалга оширилиб келаётган миллий лойиҳаларни муайян шаклга киритди. Марказий Осиёдаги миллий чегаралаш жараёни маҳаллий миллий лойиҳаларнинг совет шартлари ва совет институтлари орқали кутилмаган ютуғи бўлди.
Марказий Осиёда миллий чегараларни белгилаб олиш шунга ўхшаш жараён Марказий Европада ўтказилганидан сўнг орадан бир неча йил ўтиб юз берди. Ҳабсбургларнинг кўп миллатли империяси Улуғ урушда мағлуб бўлгандан сўнг унинг ерлари миллийлик принципи бўйича бир қатор бир хил миллатли давлатларга бўлиниб кетган эди. Уилсоннинг ўз тақдирини ўзи белгилаш принципи Полша, Венгрия, Руминия, Чехословакия ва Югославия сингари янги давлатлар тузилиши қонунийлаштирди, ушбу жараён чегараларни қайта бичиш ва тили бир хил бўлган миллатлардан иборат давлат тузишдан иборат бўлган эди. Марказий Осиё ва бошқа минтақалардаги миллий чегаралаш, мақсадлар бошқа бўлган тақдирда ҳам, миллий ва тил жиҳатидан бир хил маконларни шунга ўхшаш тарзда тушунишга асосланган эди. Совет ҳукуматининг миллатлар борасидаги сиёсати профилактик мақсад – миллатчиликни тийиб туриш ва уни социализм қурилишига хизмат қилдиришдан иборат бўлган, бироқ шунга қарамай, миллий жиҳатдан бир хил кишилар учун макон яратган ва миллий жиҳатдан ўз тақдирини ўзи белгилаш тушунчасини муомалага киритган эди.
Оқпошшо тахтдан воз кечганда, Абдурауф Фитрат Бухорода эди. У 1913 йилда Истанбулдан янгича дунёқараш ва ислоҳот зарурлигини аниқ-тиниқ тушуниш билан қайтиб келди. Ёзувчи ижодини давом эттириб, ислом динини ислоҳ қилиш ҳақида 2 та катта рисола, шунингдек, янги усулдаги мактабларда фойдаланиш учун бир қанча мўъжаз китоблар чоп қилдирди ва шаҳардаги махфий жамиятлар фаолиятида иштирок этди. У амир монарх сифатида ўз вазифасини бажариши ва амирликни ислоҳ қилиши зарурлиги ҳақидаги умидларини баён қилишни давом эттирди. Россия монархияси қулагандан сўнг Фитрат муваққат ҳукуматга амирга ислоҳот ўтказиш учун туртки беришни сўраб мурожаат қилган махфий жамият аъзоси бўлган ва у сабабли амир ислоҳотчиларни таъқиб этишидан зарар кўрди. У қочиб Самарқандга келади ҳамда инқилобдан сўнг Маҳмудхўжа Беҳбудий асос солган “Ҳуррият” газетасига мақолалар ёза бошлайди. Фитрат “Ҳуррият”га ёзган мақолаларида жорий воқеаларга шарҳлар битиш баробарида кўплаб шеърлар битар ва унда ўзи ва ислоҳотчи шериклари ҳис қилган имкониятларни ифода қилар эди. Амир хатти-ҳаракатлари билан бутунлай обрўсини тўкиб бўлди, аммо шунга қарамай, Марказий Осиёнинг умидлари катта эди. Фитрат “Юрт қайғуси” деб номланган 3 та шеър ёзди.
1917 йилнинг янги ва эркин муҳокамалари туркийлик билан боғлиқ жадал хавотирларни ўз ичига олган эди. Фитрат қайғусини изҳор қилган ватан фақат Бухоро эмас эди. Бу Турон – анча кенг тушунча бўлган. Бу атама форс тилидан келиб чиққан бўлиб, “Эрон” концепциясига қарама-қарши қўйилган. “Шоҳнома”да Турон Эроннинг душманлари мамлакати сифатида тасвирланган, лекин доимий ўзаро муносабатлар уларни душмандан кўра frenemies’га (инглизча friend (дўст) ва enemy (душман) сўзлари қўшилишидан ясалган неологизм, бир вақтда ҳам дўст, ҳам душман англатувти тушунча) айлантириб қўйган эди. “Турон” атамасини туркий гуруҳлар ўзлаштириб олди ва энди у барча туркий миллатларнинг умумий ватани маънодоши сифатида ишлатилади. Фитрат бу ерда фақат мусулмонлар истиқомат қиладиган Марказий Осиёни эмас, кўчманчилар дашти тарихини ҳам назарда тутган эди. Йўқотилган буюкликни ҳам тушунтириб бериш зарур бўлган ўша пайтлар. Энди ўтмишдаги буюкликни ворислари кўрса бўладиган имконият бор эди.
“Саксон миллион бола” Болқон ярим оролидан Турфонгача улкан ҳудудга чўзилиб кетган ва 3 та империяга бўлинган дунёдаги барча туркий халқларни ўз ичига олган. Фитрат кейинги асарларида ўзи ҳимоя қилган миллий жамоатга бунча кенг назар билан қарамайди ва уни Марказий Осиё билан чеклайди. Шунга қарамай, улкан силжиш рўй берган эди. Илгари у фақат “Бухоронинг олижаноб халқи” номидан гапирган эди. Туркистонда бу халқ “Туркистон мусулмонлари” деб тасаввур қилинадиган бўлди. Энди имкониятлар кенгайган пайтда мурожаат оҳанги ҳудудий эмас, этник мансубликка таянадиган кенгроқ жамоатга қаратилди. Фитрат сулолавий истилога қараб аниқланадиган жамоат эмас, Турон фарзандлари ҳақида сўзлайдиган бўлди. Этник келиб чиқишга асосланган миллат ғояси илгари ҳеч қачон бунақа аниқ ифодаланмаган эди. 1917 йилги озодлик ва у олиб келган имкониятлар ҳисси янги миллий тасаввурга эрк берди.
Жадидлар 1917 йилда “ўзбек” ва “турк” атамаларини синонимлар сифатида қўллаган, бироқ кейинчалик “турк” атамаси истеъмолдан тушиб қолди. Россия империяси истилоси даврида “ўзбек” атамаси темурийларни Мовароуннаҳрдан сиқиб чиқарган кўчманчи туркий гуруҳларни англатар, бироқ Чор Россияси даврида бу атаманинг қамрови кенгайиб, аксарият ҳолларда Туркистоннинг бутун бошли ўтроқ туркий аҳолисини англатадиган бўлди. Эндиликда Туркистоннинг ўтроқ аҳолиси ўзбек миллати деб аталади. Бу атаманинг илгариги маъносидан бутунлай фарқ қилар эди, чунки айнан Темур ушбу янги миллий тасаввурнинг бош қаҳрамони сифатида пайдо бўлди. Туркий тилли муаллифлар XIX аср охиридан бошлаб, уни буюк шахс сифатида эътироф этишга ўтди. У Марказий Осиёнинг кўчманчилик меросини исломнинг юксак маданияти билан боғлаб турувчи ҳалқа эди. Ҳар бир халқ ҳокимиятни қонуний эгаллаши учун буюк ўтмиш ва шарафли юксак маданиятга эга бўлиши талаб этилади. Ўзбек миллати унисини ҳам, бунисини ҳам Темур салтанатидан топа билди, чунки ўша салтанат Мовароуннаҳрда жойлашган эди.
Ватан ўғлонлари бир жойга йиғилиб, йўқотилган буюкликни тиклаш билан шуғулланиши керак эди. Бу ўтмишни тиклаш эмас, жадидлар анча олдин режа қилиб олган ислоҳотлар кун тартибидаги вазифаларни бажаришга киришиш лозим эди. Миллатга ислоҳот мутлақо зарур эди, бироқ ислоҳотлар учун миллат ҳам керак бўлиб, фақат ислоҳотнинг миллий шакли давр талабларига мос келар эди. Миллат жаҳонда ўрин эгаллаши учун замонавий билим ва малакага эга бўлиши, таълим олиши, уюшган ва соғлом бўлиши, яна ўзи ўзига содиқ қолиши керак эди. Янги миллий маданият ҳам замонавий, ҳам миллий бўлиши зарур эди. (Дунёдаги барча миллий ҳаракатлар замонавийлик билан асиллик ўртасида, кучлиларни қувиб етиш билан ўзлик ҳиссини сақлаб қолиш ўртасидаги ушбу диалектикага дуч келган, лекин улар ушбу масалаларга оид топган жавоблар ҳар хил бўлган.)
Фитрат Турон ва унинг миллионлаб фарзандлари ҳақида гапирган, лекин унинг ғояси ўша пайтда Марказий Осиёдаги ягона миллий ғоя бўлмаган.
Дарҳақиқат, бу Марказий Осиёда бир қатор бошқа миллий лойиҳалар амалга оширила бошлаган давр эди. Умумий тил ва мерос билан ифодаланган миллат ғояси Марказий Осиёга турли йўналишлардан кириб келди. Россия давлати аҳолини миллий мансублигига қараб таснифлашга интилди. Гарчи рус этнографлари минтақа аҳолисининг стандарт таснифини ишлаб чиқмаган бўлса-да, этник жиҳатдан таснифлаш ғояси ўчмас из қолдирди. Бу ҳам Россия, ҳам Усмонлилар империяларида истиқомат қилаётган мусулмон зиёлилар ўртасида туркийликка оид дискурслар давом этишига туртки берди, улар давлатчиликка тараққиётнинг зарур шарти сифатида қараётган эди. Ҳар қандай гуруҳ ўзининг жамоавий идентитети – кимлигига миллий кимлик сифатида қарайдиган бўлди. Янги тасаввурда миллат ва замонавийлик бир-бири билан чамбарчас боғланиб кетган эди. Туркман фаоллари туркманлар ҳақида қабилалар конгломерати эмас, миллат деб ўйлайдиган бўлди. Қирғизликнинг аниқ ҳиссини инқилобдан олдинги ҳикояларда кўриш мумкин. 1922 йилда қирғиз партия аъзолари қирғизларни қозоқлардан бошқа миллат сифатида тан олишни ва Туркистон таркибида Қирғиз автоном вилояти ташкил қилишни талаб қилиб чиқди. Бухоро яҳудийлари деб аталувчи кичик жамоат ёзувчилари ҳам миллий кимлик ва ўз фикрини ифода қилиш ҳиссини ривжлантира бошлади. Ўша миллий ғояларнинг ҳар бири миллий тилни ажратиб кўрсатиш ва қўшни халқлар билан ўртада маданий чегаралар қўйишга уринишлар билан давом этди. Туркман ва қирғиз тиллари илк марта ўша даврда ёзма тилларга айланди. Ҳар бир ҳолатда фаоллар формал грамматика ва имло қоидаларини ишлаб чиқди. Янги миллий мактаблар ва янги совет халқ матбуоти янги ёзма тиллар ривожлана бошлаган жойга айланди.
Янги уйғур миллий ғояси Шинжонда эмас, Совет Туркистонида пайдо бўлди. Олтишаҳрнинг туркий тилда сўзлашувчи ўтроқ мусулмон аҳолиси узоқ йиллар ўзини мусулмон ёки ўша ерлик деб билган ва шу тариқа ўзини бошқа қўшни мусулмон ва мусулмон бўлмаган жамоалардан фарқлаган. Ўша аҳоли бошқа мусулмонлар, жумладан, қозоқ, қирғиз ва хитой тилида сўзлашувчи дунган каби кўчманчилар ҳамда Олтишаҳрдан ташқарида яшовчилар билан ўртадан чегара тортиб олган эди. ХХ асрнинг дастлабки йилларида туркийлик ғоясининг бу ерга кириб келиши Олтишаҳрнинг идентитети ҳақидаги эски дискурсларни миллий лойиҳага айлантирди. Ёзувчилар Олтишаҳр аҳолисини исломдан олдинги Шарқий Туркистонда давлат барпо қилган кўчманчи уйғурларнинг авлодлари сифатида тамсил қила бошлади. 1914 йилдаёқ жадидларга хайрихоҳ бўлган еттисувлик таранчи (Шарқий Туркистондаги ўтроқ ва деҳқончилик билан шуғулланган туркий аҳоли номи) Назархўжа Абдусамадов “Уйғур болиси” (“Уйғур фарзанди”) деган тахаллус олган эди. 1921 йил июнида Тошкентда бўлиб ўтган Кошғар ва жунгар ишчилари қурултойида жамоат номини англатиш учун илк марта “уйғур” атамасидан фойдаланиб, Олтишаҳр ва жунгар ишчилари – уйғур инқилобий иттифоқи ташкил этилди. Конгресс таркибига келиб чиқиши шинжонлик бўлган бир қатор жамоатлар: Еттисувдан Россия фуқаролари бўлган таранчилар ва дунганлар; асосий кўпчилиги меҳнат мигрантлари бўлган ва Хитой фуқаролиги мақомини сақлаб қолган Фарғона водийсининг кошғар жамоатлари вакиллари кирган эди. Пировардида таранчилар ва дунганлар алоҳида-алоҳида йўлдан кетди. Кошғарийлар эса уйғур номини мерос қилиб олди. Уйғур атамаси совет ҳужжатларида тобора кўпроқ ишлатиладиган бўлди.
Ниҳоят, тожиклар билан боғлиқ қизиқарли ва авлодлар учун ўта баҳсли бўлган ҳолат ҳам бор. Туркистоннинг кўп сонли форс тилли аҳолиси кўплаб айириш чизиқлари орқали бўлиниб кетган эди. Унинг аксар қисми шаҳарларда яшаб, Бухоро, Самарқанд ва Хўжанд аҳолисининг асосий қисмини ташкил қилар, лекин бутунлай қишлоқлик тожиклар ҳам кўп бўлиб, улар Шарқий Бухоронинг етиб бориш қийин бўлган тоғли ҳудудларида истиқомат қилар ва – Бухородан бўладими ёки Тошкентдан бўладими, бундан қатъи назар – ташқи бошқарувга ҳар доим қаршилик кўрсатар эди. Шаҳарларнинг форс тилида сўзлашувчи аҳолиси ҳеч қачон тили кимлигининг туркий тилда сўзлашувчи мусулмон қўшниларидан бошқа миллат сифатида ажратиб турувчи асосий белгиси бўлиши мумкинлигини тасаввур қилмаган. Аслида кўплаб форс тилида сўзлашувчилар икки тилли бўлган ҳамда туркийлик ва у ваъда қилаётган замонавийлик уларни мафтун этган. Қолаверса, чиғатойчиликнинг асосий назариётчиси Фитрат форс тилида сўзлашувчи оилада туғилиб ўсган ва инқилобга қадар, ҳатто Истанбулда яшаб турган пайтида ҳам фақат форс тилида ижод қилган. Лекин у туркийлик ғоясига айнан Истанбулда ошно бўлган ва Бухорога ҳеч бир асосга эга бўлмаган туркийликка ишонч ғояси билан қайтиб келган, унга кўра, Марказий Осиёнинг форс тилида сўзлашувчи халқлари маданий инқироз домидаги саройларнинг зарарли таъсири остига тушиб қолган ва она тилини унутган ҳақиқий турклар бўлган. Ҳам сиёсий, ҳам маданий жиҳатдан фаол бўлган форс тилида сўзлашувчилар чиғатойчилик лойиҳасига ҳисса қўшгани сабабли Марказий Осиёдаги форс тилида сўзлашувчи миллатни эътироф этиш учун сафарбарлик бўлмаган. Тожик ҳаракати фақат Шарқий Бухоронинг форс тилида сўзлашувчи аҳолисини жойлаштириш учун тоифа сифатида 1924 йилда Тожикистон ташкил этилгандан сўнг пайдо бўлди.
Албатта, 1924 йилда миллий ғоялар шу ишга ўз кучини сарфлаган ва улар атрофидаги ресурсларни сафарбар қилмоқчи бўлган кишиларни тўлқинлантириб юборди. Асосий халқ оммаси кимлигини англатувчи миллий ғояларга лоқайд қараб, ўзини бошқа, торроқ доираларга боғлиқ деб билишини давом эттираверди. Бу бизни ҳайрон қолдирмаслиги ёки миллий ғоялар ҳақиқий эмаслиги ва сохта бўлганига ишонтирмаслиги керак. Миллатлар ҳеч қачон ҳақларини талаб қилиш учун тўлиқ шаклланган ҳолда майдонга чиқмайди, уларни ҳар доим миллий ҳаракатлар шакллантиради, кейинчалик давлатлар ёрдамида муайян кўриниш касб этади. Миллий ҳаракатлар ҳар доим 2 та фронтда: биринчиси – ташқи дунёга қарши автономия ёки мустақиллик талаб қилиб, иккинчиси – ўзлари шакллантирмоқчи ва ўзгартирмоқчи бўлган миллатнинг ўзига қарши иш олиб боради. Аксарият миллий ҳаракатларнинг вазифаси фақат миллат ҳозирги замон муаммоларига муносиб жавоб бера олиши учун уни шакллантириш, ўзгартириш, таълим бериш ва сафарбар қилиш бўлибгина қолмай, шуҳратини оламга ёйиш ҳамдир. Миллат вакиллари ўзини битта миллатга тегишли деб ҳисоблашга (бу оммавий таълимнинг биринчи навбатдаги вазифасидир) ва миллатнинг инқирозига сабаб бўлган деб қараладиган эски урф-одатлар ва анъаналардан воз кечишга ўргатилиши керак. Миллатнинг аслияти (кўпинча қайта ўйлаб кўрилган) буюк, шу билан бирга, ташқи қарзлар сабаб ёмонотлиқ бўлган ўтмишга мурожаат қилиш билан тасдиқланиши керак. Юқорида қайд этилганидек, барча миллий ҳаракатлар замонавийлик билан аслият ўртасидаги диалектик боғлиқлик билан иш кўради. Биз кейинги бобларда бунга Марказий Осиё мисолида гувоҳ бўламиз, бироқ бу алоҳида вазият эмаслигини ёдда тутган маъқул.
1924 йил январида Москвадаги партия ҳокимияти [Туркистонда] “миллийлик принципига кўра қозоқ, ўзбек ва туркман туманларини ўзаро чегаралаш имконияти ва мақсадга мувофиқлиги ҳақида дастлабки муҳокама бошлаш”га қарор қилади. Ушбу дастлабки муҳокама кенг миқёсли мунозараларга айланиб кетади ва қисқа вақт давом этади. Партия аъзолари орасидан сайланган турли миллатлар вакилларидан иборат комиссиялар ўз республикаларини ташкил этиш бўйича таклифларни тақдим этган эди. Июнь ойига келиб, чегаралаш юзасидан келишувга эришилади ва буни Москва тасдиқлайди. Ёз мавсуми мобайнида ҳудудий комиссиялар янги чегараларни аниқлаш билан шуғулланади ва жараён Туркистон, Бухоро ва Хива ҳукуматлари ўз тузилмаларини тарқатиб юбориш ва янги республикалар ташкил этиш учун йиғилган 18 ноябрда тугалланди.
Москванинг жамоатчилик учун мунозара бошлаш нияти бўлмаган. Аксинча, у етакчи партия ҳал этиши керак бўлган масала эди. Марказий осиёлик партия аъзолари ажаб ғайрат билан ушбу имкониятга ёпишиб олди ва мунозара бошланиши билан уни илиб кетди. Улар юқорида қайд этилган миллий лойиҳаларга сармоя ўлароқ киритилди. Барча тарафлар Марказий Осиёда турли миллатлар мавжудлигини аниқ факт сифатида қабул қилди. Ҳайратланарли даражада кескин мунозаралар Марказий Осиёни бўлиш керакми ёки йўқлиги ҳақида эмас, айнан қандай бўлиш кераклиги ҳақида бўлди. Ҳеч ким чегараларга бўлиш ғоясига қаршилик кўрсатмади. Бир қанча иштирокчилар марказ билан ишлайдиган бир қатор алоҳида республикалардан иборат Марказий Осиё федерацияси ғоясини илгари сурди. Унга кўра, Марказий Осиё миллий республикалар федерацияси сифатидаги иттифоққа бирлашиши керак эди. Ушбу далил Марказий Осиё бирлиги тушунчасига эмас, аксинча, минтақадаги иқтисодий яхлитликни сақлаб қолишга асосланган эди. Ушбу ғоя рад этилди. Марказий Осиёнинг турли халқлари ўртасидаги ҳам этник, ҳам ҳудудий чегара қаердан ўтиши тўғрисидаги масала энг олдинги қаторга чиқди. Унгача минтақанинг этник таркибини таснифлаш тури мавжуд бўлмаган. Даслабки муҳокама фақат 3 та миллатга тааллуқли бўлди. Бугунги кунда Марказий Осиёда мавжуд бўлган бошқа бир қанча миллий тоифалар ҳудудларни чегаралаш жараёнида шаклланди. Ўша жараён давомида маҳаллий миллий лойиҳалар ва этнографик тоифалашнинг замонавий амалиётлари совет ражимининг сиёсий манфаатлари билан мураккаб тарзда кесишган ва ўша манфаатлар ҳали-ҳамон яшаб қолаётган эди.
Бухоро коммунистик партияси (БКП) ўзининг ўзбек давлати ғоясини ишлаб чиққан ва “Ўзбекистонни Бухоро асосида ташкил этиш” ғоясини илгари сурган эди. БКП асосий ҳужжатида келтирган далил жуда содда бўлган: “Илгари Темур ва унинг ворислари давлатида бирлашган ўзбек халқи кейинги асрларда турли қисмларга бўлиниб кетди. Асрлар давомида ушбу бўлиниш иқтисодий кучлар ва сиёсий тузилмалар заифлашуви кўринишида намоён бўлди, унинг энг сўнгги босқичи иқтисодий парчаланиш, давлат бирлигининг йўқолиши халқнинг хонликлар, амирликлар ва чоризм ҳукмронлиги остида жисмоний жиҳатдан йўқотилиши бўлди”. Ҳужжатда қайд этилишча, Темурийлар давлати ўзбекларнинг миллий давлати эди – бу чиғатойчиликнинг асосий тезиси бўлган ва унга ягона давлатнинг йўқотилиши таназзул, маданий қолоқлик ва эксплуатациянинг сабаби сифатида қаралган. Бироқ энди инқилоб “ўзбек халқини тарихий тараққиётнинг янги босқичига олиб чиққанда”, “бир номга эга бўлган барча халқларга ҳаёт тарзи ва иқтисодий одатларига кўра миллийликка асосланган сиёсий тузилмалари”ни бериш зарур эди. Ушбу миллий бирликлар партияга “барча жиҳатлар ҳисобга олинган иқтисодий ва маданий иш олиб бориш” ва социализм қуриш ишини осонлаштириш имконини бериши керак эди. Ҳужжатни ёш бухорочи, Бухоро Халқ Республикаси бош вазири ва ўзини Фитратнинг шогирдиман деб эълон қилган Файзулла Хўжаев тузган. Хўжаев ўзбек халқининг миллий бирлигини қайта тиклаш лойиҳасини совет давлатининг муҳим инқилобий ишига айлантирди. Бошқа маънода янги Ўзбекистон Бухоронинг бутун Марказий Осиё ўтроқ аҳолиси йиғилган ва Бухоро ҳукмдорлари ҳеч қачон бўйсундира олмаган кўчманчи халқлар унга киритилмаган ҳолда қайта тикланиши эди. Бу чиғатойчилик лойиҳасининг Марказий Осиё ўтроқ аҳолисига ягона миллат сифатида қаралган энг юқори нуқтаси эди. Бу яна қайсидир маънода Темурийлар давлатчилигини советча шароитда тиклашга уриниш ҳам бўлган.
Аммо Бухоро лойиҳасини бошқа миллатларни бирлаштирган комиссиялар қўллаб-қувватламади, бу мавзу қизғин мунозараларга айланиб кетди. Турли комиссиялар ўртасидаги мунозараларнинг кескинлиги Москва ва унинг эмиссарларини ғафлатда қолдираётгандай эди. Марказий Осиё бюросининг европалик раҳбарлари асосий қоидаларни ўрнатишга ҳаракат қилиб кўрди, энг баҳсли масалалар бўйича сўнгги қарорни эса Москва қабул қилиши керак эди. Мунозаралар ҳақидаги стенографик ҳисоботлар Марказий Осиё коммунистлари мунозаралар ўзанини белгилаб берганини аниқ намойиш этади.
Миллий чегаралаш натижасида Туркистон, Бухоро ва Хива республикалари тугатилиб, ўрнига бир қанча янги миллий ҳудудлар ташкил этилди. Ўзбекистон билан Туркманистон иттифоқдош республикалар бўлди, яъни улар федерал иттифоқ тузиш тўғрисидаги шартномани имзолади. Советлариннг миллий чегаралаш жараёни Қозоғистон сиёсий синфи 1917 йилдан бери тинчлик бермай келаётган орзусини амалга оширди. Қозоғистон Россия Республикаси таркибидаги автоном республикага айланди, шунингдек, Россия Республикаси таркибида Қорақалпоғистон ва Қирғизистон автоном туманлари ташкил қилинди. Ва ниҳоят, Ўзбекистон таркибида Тожикистон автоном республикаси ташкил топди.
Кейинги 12 йил давомида ҳудудлар билан боғлиқ айрим тузатишлар киритилди ва турли ҳудудлар автономиянинг юқорироқ даражасига эришди: Тожикистон 1929 йилда, Қозоғистон билан Қирғизистон эса 1936 йилда иттифоқдош республика мақомини олди. Қорақалпоғистон автоном тумани 1936 йилда автоном республика мақомига кўтарилиб, Ўзбекистон таркибига кирди. Ўша йили Марказий Осиёнинг сиёсий харитаси ҳозирги кўринишга эга бўлган эди. Миллий чегаралашнинг энг салмоқли ютуғи миллат ғояси бўлди ва стандарт бўйича идентитет – кимликни аниқлаш усулига айланиб қолди. Совет сиёсати гарчи тарих умумийлигини эътироф этса-да, миллатларни тан олди ва таснифлади. Барча миллатлар якуний синфсиз жамият манзилига етиб бориш учун айни тараққиёт йўлини босиб ўтиши, бироқ улар бу ишни ўз тили ва миллий кийимларини кийган ҳолда амалга ошириши керак эди. Барча совет фуқаролари расман миллати билан тоифаланди. Миллат фақат қайсидир маданиятга тегишлиликнинг мавҳум ҳисси бўлмай, балки ҳуқуқий кимликнинг ҳам бир бўлаги эди. У шахсни тасдиқловчи ҳужжатларга ёзиб қўйилган ва совет фуқаролари учун ҳаётда ўз йўлини топиб олишида аҳамиятга эга бўлган. Орадан ўтган кейинги ўн йилликларда миллат сифатида ўз тақдирини ўзи белгилаш одамлар ўзини совет фуқароси сифатида тамсил этишининг муҳим қисми бўлиши даркор эди. Совет режими Марказий Осиё зиёлиларининг турли милилий лойиҳаларини сиёсий воқеликка айлантирди. Ушбу жараён 1924 йилда мавжуд бўлган миллий бўлинишни ҳам тўхтатиб қўйди.
Шу тариқа Марказий Осиёнинг гўё янги республикалари билан янги харитаси тузилди. Янги республикалар турли қисмлардан йиғилган эди. Қозоғистон собиқ Дашт минтақаси, Туркистоннинг Еттисув ва Сирдарё туманлари ерларини бирлаштирди. Икки минтақадаги сиёсий фаоллар турли тармоқларда фаолият кўрсатгани сабабли ягона сиёсий элитага бирлашуви учун озроқ вақт керак бўлди. Ўзбекистон билан Туркманистон ҳам бир неча ўн йил мобайнида бевосита Россия маъмуриятига бўйсунган Туркистон, аммо ҳеч қачон Россия бошқармаган Бухоро ва Хива сингари протекторатлар ерларини ўз таркибига қўшиб олди.
1920-йилларнинг охирига бориб, совет иқтисодиётини режалаштираётган мутахассислар Совет Иттифоқини бир неча иқтисодий ҳудудларга бўлди, Қозоғистон эса Ўрта Осиёнинг 4 та республикасидан фарқли мустақил иқтисодий минтақа бўлди. (Советча “Ўрта Осиё ва Қозоғистон” иборасининг мантиғи айнан мана шундан иборат эди, айни ҳолга Ғарбда “бўлиб ташлаб бошқариш” учун яна бир уриниш сифатида нотўғри қаралган эди.)
Этномиллий чегаралар ҳеч қачон Худонинг инояти бўлган эмас, улар ҳар доим миллий ҳаракатлар ва давлатлар ўртасидаги сиёсий курашлар натижаси ўлароқ, вужудга келади. Шуни ёдда тутиш зарурки, ушбу курашлар марказий осиёликлар ўртасида кечган ва уларни советлар (Сталинни ҳисобга олмаган тақдирда ҳам) тиқиштирмаган. Миллий ҳудудлар пайдо бўлиши биланоқ миллий мансублик кундалик ҳаётда янги маъно касб этди. Бундан ташқари, яна бир муҳим жиҳат шуки, энди миллий ҳудудлар пайдо бўлгандан сўнг стандартлаштирилган миллий тилларни яратиш, шунингдек, ҳар бир халқнинг алоҳида миллий маданияти, адабий пантеони ва тарихий анъаналарини ривожлантириш сингари миллат қурилишининг айрим асосий жараёнларига киришиш керак эди. Ушбу жараёнлар давлат мактаблари, матбуот ва музейлар сингари институтларда кечди, улардан ҳар бирини совет давлати маблағ билан таъминлаб турган, лекин улар ходимларининг аксарияти марказий осиёлик кадрлардан иборат бўлган. Совет миллатларининг олтин асри Иккинчи жаҳон урушидан сўнг бошланди, миллий республикаларининг ташкил этилиши ўша тарихнинг ҳал қилувчи қадами бўлди.