Питтсбург университетининг тарих бўйича профессори Жеймс Пикетт китобида исломий олимлар бир вақтда ҳам мистиклар ва маъмурлар, ҳам қозилар ва оккультистлар, табиб ва шоирлар бўлгани таъкидланади. Ислом илми оламини бундай комплекс тушуниш алмашувнинг минтақалараро тармоғи ҳақида бошқача тафаккур қилиш усулига йўл очади. Пикетт давлати чегараларини ошиб ўтиб, Евроосиёдай ёрқин минтақани қамраб олишга муваффақ бўлган форсий тилли маданий соҳанинг ўзига хос хусусиятларини очиб беради. У ўзи “форс космополитизми” ёки “форс соҳаси” деб атаган юксак маданий комплекс орқали турли фан соҳаларининг кесишмаси сиёсий давлатлар ўртасида жуғрофий траекторияларни шаклантирганини қайд этади. Муаллиф “Ислом полиматлари: Марказий Осиёдаги ҳокимият ва билим тармоқлари” (Polymaths of Islam: Power and Networks of Knowledge in Central Asia by James Pickett, Cornell University Press, September 15, 2020) китобида империя давридаги масжид ва давлатнинг кенг қамровли, ёрқин ранглардаги ва кўпинча зиддиятли портретини чизади.
Ушбу китобнинг кириш қисми қисқартириб таржима қилинди.
Полимат – универсал киши, қомусий билим эгаси (грекча πολυ – “кўп”, μαθής – “машғулотлар” сўзларидан олинган), Тикланиш даврининг интеллектуал қобилияти, қизиқишлари ва фаолияти билимларнинг бир соҳаси ва уларни қўллашнинг ягона соҳаси билан чекланиб қолмаган кишиси, шунингдек, барча йўналишлар бўйлаб сезиларли амалий натижаларга эришган шахс.
Қисқаси, ушбу китоб “узоқ давом этган XIX аср” давомида яшаган Бухоро исломий олимларига бағишланади. Бироқ ушбу гапдаги ҳар бир унсур худди нарсаларнинг автомобилдаги орқани кўрсатувчи кўзгусидаги кўринган акси сингари аслидан каттароқ бўлиши мумкин.
“Исломий” таърифи дин ақидалари ва масжид билан боғлиқ, лекин ушбу китобда исломга эътиқод қилган кишилар ҳам шеърият, ҳам ғайб илми, ҳам тиббиёт билан шуғуллангани кўрсатилади. “Scholars” сўзини талаффуз қилганимизда, кўз олдимизга фақат университетларда ишлайдиган зерикарли профессорлар келади, бироқ арабча уламо” (العلماء) сўзининг инглизчага таржимаси унинг асл маъносини тўлиқ ифода қилиши даргумон. Уламо мадрасада дарс берган, лекин шу билан бирга, давлатнинг маъмурий функцияларини ҳам бажарган, тариқатларга раҳбарлик қилган ва савдо-сотиқ алоқаларини бошқарган. Бухоро тор маънода Ўзбекистондаги шаҳар – музейдир, лекин зикр этилган китобда унга ижтимоий ва маданий ўзгаришларнинг кенг қамровли тармоғи маркази сифатида қаралади.
Ниҳоят, “узоқ давом этган XIX аср” европача тарихий атама бўлиб, 1789 йилдаги француз инқилобидан 1914 йилдаги Биринчи жаҳон уруши бошланишига қадар давом этган даврга тааллуқлидир. Лекин мен бу ерда янада узоқ давом этган XIX асрни – Нодиршоҳ Афшар империясидан инқирозидан то 1917 йилдаги большевикларнинг давлат тўнтаришигача бўлган даврни назарда тутяпман. Ушбу давр форсийларнинг юксак маданий олами ва унинг интиҳосини ўз ичига олади.
Исломий олимлар – уламо жамиятдаги энг катта таъсир кучига эга кишилардан бўлган ва бу куч уларнинг туғилиш ҳуқуқи эмас, билимнинг турли соҳаларини эгаллаганига таянган. Айни китобда ўша уламонинг турли касбларнинг ҳар хил даражасидаги компетенция ва амалиётларини кўрсатиб бериш учун алоҳида амалиёти ва фанлари ягона муҳитда концептуаллаштирилади. Биз сўфийлар ва шоирларга қарама-қарши қўйилган уламонинг табақалаштирилган касталарини тасаввур қилиш ўрнига шариат ҳукмларини танлаб бажарадиган, зоҳидликни ихтиёр этган ёки вазият тақозоси билан шеъриятга қизиқадиган ва ҳар томонлама ривожланган эрудитларнинг (кенг қамровли билимга эга кишиларнинг) ягона гуруҳини кўрамиз. Ушбу исломий полиматлар Марказий Осиёда мавжуд эди ва институционаллашган юксак маданият ягона шаклининг асровчилари бўлган. Полиматларнинг турли билим соҳаларини – тиббиётдан тортиб, фиқҳу эпистолография ва ҳк.гача – эгаллаганликдай обрў-эътибори қўлига анча-мунча ҳокимият берган ва мустаҳкам оила сулолаларини дунёга келтиришига имкон яратган. Туркий ҳарбий элита – аёънлар давлатни бошқаришда ана шу уламога таянган, бироқ уламо билимга асосланган мустақил ҳокимият манбасига эга бўлган, айни ҳолат мана шу 2 та сара гуруҳ ўртасида тангликни келтириб чиқарган ва минтақа тарихи учун жиддий оқибатларга сабаб бўлган.
Ушбу китобда исмлари зикр этилган исломшуносларнинг аксарияти Бухоро шаҳар-давлатининг (кейинчалик Россия проекторати бўлган) маданий институтлари билан боғлиқ бўлган. Бухоро уларнинг таълим базаси бўлган ҳамда ўша кишилар у ҳақда вақтдан ташқаридаги маданий ва диний қутб, юксак туркий – форсий – исломий маданият ўчоғи сифатида афсоналар тўқиган. Уламо ушбу диалектикага таяниб, Бухорони ҳам ғоя, ҳам институт сифатида шакллантирган, шаҳар обрўси шу тариқа шаклланган. Бухоронинг кенг қамровли таълим тизими таъминлаб берган алоҳида интеллектуал қобилияти унинг сиёсий чегараларидан узоқларга тарқалган ва минтақалараро таълим тармоғи маркази сифатида хизмат қилиши имконини берган. Бухорода ўқитилган илм соҳалари унга ёндош минтақаларда қанчалик кўп эътироф этилган бўлса, ўша минтақалардан шунчалик кўп илми толиблар Бухоро мадрасаларига келиб ўқиган. Бухоронинг марказий ўрни замонавий давр дастлабки босқичида авж олиб кетган афсоналар тўқишнинг узлуксиз лойиҳаси натижаси бўлган эди, бу ҳол Россия империяси экспансияси вақтида ҳам давом этди, у неча юз йиллик ҳам моддий, ҳам матнли маданий ишлаб чиқаришга таянар эди.
Ушбу исломий полиматлар Марказий Осиёда мавжуд бўлган ва институционаллашган юксак маданият ягона шаклининг асровчилари бўлган.
Дарҳақиқат, Бухоронинг нисбатан яқинда рўй берган – XVI асрда бошланиб, XIX асрда энг юқори нуқтасига етган – тикланиши уламо ва улар ҳомийларининг ижодий кучи исботи эди.
Кейинчалик китобима илмлар, маданият, дин – ва қонунлар сингари ўзаро кесишувчи мавзулар тадқиқ қилинади, ислом уламоси ўша мавзулар ёрдамида мазкур 3 та соҳани қўлга олиб бирлаштирган. Бир лаҳзага ўзингизни узоқ давом этган XIX асрда туғилгандай ва Бухоронинг обрўли мадрасаларидан бирига ўқишга кириш бахтига муяссар бўлгандай тасаввур қилинг. Сиз камида 10 йил давомида жуда мураккаб, кўпинча чет тилида ёзилган охиратга оид фанларни ўрганишга сарфлайсиз. Бундай кўникмалар билан нима иш қилиш мумкин? Ижтимоий ролларингиздан бири бошқаси билан зид келиб қолса, бундай драматик эклектиканинг муқаррар ножўя таъсири нима бўлади? Араб грамматикаси – сарфу наҳвини сўзма-сўз ёдлаш ва астрология – нужум илми белгиларини ўқий олиш монархлар бошқарувини бошидан кечирган оилавий қадриятларни қай тариқа қўллаб-қувватлаб турган эди? Бу каби саволларга жавоб топиш қийин, бироқ буни уламо уддалай билган. Кейинги саҳифаларда мусулмон эрудитлари шаҳарларни афсонавий юксакликларга кўтаради ва энг қўрқинчли подшоҳлар ҳукмронлигига қандай муаммолар туғдиргани баён этилади.
Марказий Осиё билан Бухоронинг жойлашуви
Минтақага бағишланган аксарият тадқиқотларда бўлгани каби, ушбу китобда “Марказий Осиё” таҳлилий эмас, умумий маънодаги сунъий конструкт (хаёлий конструкция) сифатида ишлатилади. Айни чоқда бу атама “Евроосиё, ислом дунёси ва Турко-Эрон” атамалари сингари контекстдан келиб чиқиб, тез-тез ёдга олинади. Шундай мураккаб историография – тарихшунослик мавжуд бўлган жойда Марказий Осиё харитада Каспий денгизи билан Тян-Шан тоғлари ўртасидаги аниқ бўлмаган маконни бир неча муҳим қўшимча шартлар билан ифодаловчи қулай конструкт ҳисобланади. Биринчидан, менинг тадқиқотларим марказида Бухоро туради, лекин улар Бухоро давлат-шаҳрининг сиёсий чегараларидан анча узоқларни ҳам қамраб олади. Бунинг маъноси шуки, ўқувчилар тоғлар ва чўллардан кўра тез-тез даштлар ва воҳаларни тасаввур қилишига тўғри келади. Яна бунинг маъноси шуки, одатда Марказий Осиё рамзи бўлган қўчманчилик маданияти кўпинча саҳна ортида қолади. Иккинчи огоҳлантириш шуки, ушбу китобда ишлатиладиган, кейинги бобда батафсил кўриб чиқиладиган бошқа, айниқса, исломий ва форсий атамалар ўша пайтда табиий йўсинда ва кўпроқ таҳлилий мазмунда қўлланган.
Келинг, шуни ёдда тутган ҳолда, Марказий Осиё бўйлаб, Бухоронинг энг яқин чеагараларидаги ҳудудга сафар уюштирамиз. XIX аср чегарасида Бухоро аҳолиси 100 минг кишидан бир оз кам бўлган: бу минтақа қаричи билан ўлчаганда, унчалик кам эмас, бироқ Истанбул ва Деҳли сингари ислом метрополиялари билан таққослаганда, жуда камтар кўрсаткичдир. Шаҳар ривожланган диний ва таълим инфратузилмаси, ҳар бир мавзедаги мадрасалари ва масжидлари, уфқ – кўк жиякда салобати билан кўзга ташланувчи гумбазлари билан мақтаниши мумкин эди. Бухоронинг маҳаллий аҳолиси форсий (ҳозирги тожикча) ва туркий (ҳозирги ўзбекча) қоришмасида ёки – агар ҳозирги тил қандайдир ориентир (мўлжал нуқтаси) бўладиган бўлса – иккала тил унсурларини ҳам ўзида омухта қилган шевада сўзлашган. Бироқ 70 дан ортиқ бозорида бошқа тиллар қулоққа чалиниб тургани Бухоро космополит шаҳар бўлгани хусусида фикр уйғотади. Рус савдогарлари шаҳар кўчаларида ҳинд савдогарлари билан нарх талашган, казармаларда эса казаклар эронлик тўпчилар билан ўқ отишда машқ қилган. Шаҳар аҳолисининг мутлақ кўпчилиги сунний мусулмонлар бўлган, бироқ улар сони анча-мунча бўлган яҳудийлар, шиалар ва (XIX охирига келиб) рус православ динига мансуб миллатлар билан бирга яшаган.
Шаҳар ташқарисидаги манзара янада сербўёқ бўла боради. Арабларнинг қишлоқлари турли кўчманчилар, жумладан, қозоқлар ва туркманлар тураржойлари билан аралашиб кетган эди. Бухородан бир неча чақирим нарида Чаҳор Бакр ибодатхона мажмуаси жойлашган, шаҳар ташқарисидаги воҳада эса инфратузилмаси камтаргина шаҳарлар бўлган. Қўшни Ғиждувонда Амир Темурнинг набираси Улуғбек қурдирган мадраса, шунингдек, Пирмаст ва Вобкент сингари муқаддас қадамжолар сифатида танилган қўрғонлар бор эди. Шарқ томон бир неча кунлик уловлик йўлда. Бухоро воҳасидан ташқарида мўғуллар тиклаган Қарши шаҳри бор, ўша пайтдаги аҳолиси сони Бухоро аҳолисининг ¼ қисмини ташкил қилган. Қизиғи шундаки, Қарши ушбу китобда тавсифи келтирилган бутун давр давомида Бухоронинг доимий назоратида бўлган кам сонли шаҳарлардан бири эди. Ундан фарқли ўлароқ, Самарқандни 1868 йили Россия Империяси истило қилган. Шунга қарамай, Самарқанд мустамлакадан олдинги аксарият вақт давомида Бухоро назоратида бўлган. Бир неча аср давомида Темурийлар ҳокимияти пойтахти бўлган Самарқанд аҳоли сони жиҳатидан ҳам, инфратузилмаси бўйича ҳам Бухорога тенглашадиган шаҳар эди.
Бухоронинг маданий орбитасига китобда тез-тез тилга олинган бир неча кичик минтақа ҳам кирган. Шимоли-ғарб тарафдан, Қизилқум чўли ортида Хоразм воҳаси жойлашган, Хоразм бош шаҳри Хива номи билан машҳур қудратли давлат эди. Бухоро жанубида ҳозир Шимолий Афғонистон деб аталувчи ҳудуд бор, лекин у китобда Хуросон (аниқроғи, Шарқий Хуросон) дея зикр этилади, чунки у Афғонистон давлати таркибига фақат XIX асрнинг иккинчи ярмига келиб, бутунлай қўшиб олинган. Амударё жанубидаги ушбу минтақада маданий жиҳатдан Балх устун бўлиб келган, лекин у ҳозир Мозори Шарифнинг соясида қолиб кетди. Бухоро шарқида, Самарқанду Шаҳрисабзнинг нарисида ҳозирги Тожикистоннинг тоғли ҳудуди жойлашган ва у ушбу китобда Қўҳистон (“тоғли жой”) деб аталади. Самарқанддан шимоли-шарқда, тупроғи унумдор Фарғона водийсига кетиш йўлида Жиззах ва Тошкент шаҳарлари бор. Водийда XVIII аср ўрталаридан бошлаб, 1876 йилдаги истилога қадар Қўқон шаҳар-давлати ҳукмронлик қилган.
Фарғона водийси шарқида Тян-Шан тоғи тепасидаги Тарима бассейни бор, у 1750-йиллардан 1865 йилга қадар, сўнгра 1870-йиллар охиридан 1911 йилга қадар (бунга Ёқуббек ҳукмронлиги вақтидаги мусулмон давлати даври ҳам киради) Хитойнинг Цин империяси таркибида бўлган. Тарим бассейнининг шаҳар воҳалари илмий адабиётларда бир оз айириб кўрсатилган бўлса-да, маданият нуқтаи назаридан шимолдаги кўчманчилар минтақасидан кўра Хоразм, Бухоро ва Фарғона водийсига яқин бўлган бўлса ажаб эмас.
Марказий Осиё эрта модерн даврининг “милтиқдори империяси” қолдиқлари ва янги мустамлакачи мамлакатлар билан қуршаб олинган эди. Янги мустамлакачи мамлакатлар ҳақида шуни айтиш зарурки, Россия империяси чегаралари XVIII асрда Марказий Осиёга яқинлашиб келган бўлса, 1886 – 1880-йилларга келиб, уни бутунлай ўраб олди. Бир вақтнинг ўзида ҳам мустамлакачилик қурбони, ҳам мустамлакачи бўлган Хитой ушбу китоб қамраб олган бутун давр мобайнида зикр этилган ҳудуднинг шарқидан икки одим нарида бўлиб келди, XVIII аср ўрталарига келиб эса, Тарим бассейнини ишғол қилиб олди. Дурранийларнинг Афғонистон империяси XVIII аср охирида Хуросонда (Эроннинг шимоли-шарқида) бир оз вақт мавқеини мустаҳкамлаб турди – у пайт Кобул ҳокимияти ҳали Бухоро билан чегарадош минтақаларга ёйилмаган эди. Ўша вақтдаги бошқа буюк давлатлар, айниқса, Қожорлар, Усмонлилар ва Буюк мўғуллардан қолганларининг (британияликлар сўнгги императорни 1857 йили ағдарган эди) сиёсати таъсири унчалик сезилмай қолган эди.
Даврлаштириш ва геосиёсий фон
2 та сиёсий воқеа: 1747 йилда Нодиршоҳ империясининг парчаланиб кетиши 1917 йилдаги болшевиклар давлат тўнтариши (1920 йилда Қизил армия ҳужум уюштириш билан Бухорони қамал қилган) ушбу китобда муҳокама қилинаётган даврни белгилаб беради. Бироқ китобнинг кўплаб мавзули тоқи (themed arch) ушбу даврга боғланмаган ҳамда Евроосиёдаги илдизи XVI асрга, баъзи йўналишлар бўйича ҳатто ундан ҳам олис даврларга бориб тақаладиган эрта модерн даврига оид кўпроқ ворисликка эгадир. Китобда муаллиф кўриб чиқилаётган масалага боғлиқ равишда “кўплаб муваққатликлар”ни баён қилади. Айрим ҳолатларда модерндан олдинги ва модерн даври, бошқа ҳолларда “юксак форс давлати”даги ворисийлик, ундан ҳам ўзга ҳолларда эса (камдан-кам) мустамлакачиликдан олдинги ва мустамлакачилик даври ўртасидаги бўлиниш тилга олинади. Улардан ҳар бирининг афзаллик ва қусурлари бор.
Сиёсий тарих марказий тушунча бўлмагани сабабли, бобларга хронология эмас, мавзуларга бўлинган ҳолда тартиб берилган. Уламонинг ижтимоий гуруҳ сифатидаги ажойиб хусусиятларидан бири давлат чегаралари ўзгаришига қарамай, бир ҳудуддан бошқасига кўчиб юра олиш қобилияти бўлган. Илмий элита туркий аъёнларга қарам бўлган, чунки улар олимларга ҳомийлик қилиб, тирикчилиги учун маблағ бериб турган. Бироқ кўпгина потенциал ҳомийлар уламога режим ўзгариб турган пайтда давлатлардан биридан иккинчисига эркин кўчиб юришига рухсат берган. Шунга қарамай, кўриб чиқилаётган давр давомида рўй берган теран геосиёсий ўзгаришлар ҳақида тасаввур бериш учун қандайдир таянч тарихий нарратив зарур бўлади.
Мустамлака даврига қадар Марказий Осиё тарихи бир-бири ўрнини эгаллаган дашт империяларнинг: скифлар, салжуқлар, мўғуллар, темурийлар ва бошқа кўплаб от кучига таяниб, катталашиб кетган давлатларнинг кўтарилиш ва қулаш даврларидан иборат эди. Кўчманчи молбоқарларнинг ушбу сулолалари ҳам яйловларни, ҳам ўтроқ ҳудудларни ичига олган кенг қамровли Евроосиё империяларини бошқарган. Неча асрлар олдин Ибн Халдун қайд этганидай, шу сулолалар яқинда қўшиб олинган ҳудудларнинг шаҳар маданиятини қабул қилиш ва бир неча авлод умри давомида саройларга кўчиб ўтиш учун тез-тез ҳарбий босқинчиликларни бошлаб турган. Мана шу кўчманчи туркий халқлар анъаналари билан шаҳарлардаги форс маданияти синтези бутун минтақани қамраб оладиган “Турко-Эрон” атамаси вужудга келишига сабаб бўлган. Бундай бошқарувнинг сўнгги намуналари бўлмиш Шайбонийлар (1500 – 1599 йй.) ва уларнинг вориси Аштархонийлар (1599 – 1747 йй.) Марказий Осиёнинг катта қисми ва ундан наридаги ҳудудлар устидан маълум маънодаги империя назоратини ўрнатган эди.
Туркий-форсий босқинчи Нодиршоҳ Афшар ушбу моделни ўзгартиришда катализаторлик ролини ўйнади. У анъанавий кавалерияни (отлиқ қўшинни) ўқ отувчи қуролларнинг аъло даражадаги технологияси билан омухта қилиб, 1740 йили Аштархонийларнинг Бухородаги ҳукмдорини тор-мор этди. Ушбу ишончли ғалаба орадан бир аср ўтиб, Россиянинг ҳарбий ҳукмронлиги даракчиси бўлди ҳамда парчаланиб кетган шаҳар-давлатлар ва эгаменликнинг мураккаб ва қисман кесишувчи шакллари даврини бошлаб берди. Ўша даврга бағишланган адабиётларнинг аксариятида “уч хонлик” модели ҳақида фикр юритилиб, Бухоро, Хива ва Қўқон XIX асар ўрталарида Россиянинг протекторати бўлишидан олдин етакчи сиёсий бирликлар бўлган, деган қараш илгари сурилади. “Учта хонлик” модели Россия истилосигача бўлган даврда ўзаро рақобатлашган, маданий жиҳатдан бир-бирига яқин шаҳар-давлатлар, сатрапликлар ва ўсишга интилаётган империялар даврини тушуниб олишга халақит беради. Шу мураккаб геосиёсий муҳитда китобда энг кўп фикр юритиладиган сулола Бухоро шаҳар-давлатини 1747 йилдан 1920 йилга қадар бошқарган Манғитлар сулоласидир (ўзбеклар уруғининг тармоғи). Дастлабки манғитлар Аштархонийларнинг сўнгги хонларига хизмат қилиш вақтида Қаршидаги маҳаллий таянч ёрдамида юқорилай бошлаган ҳамда кўпчилик ҳолларда тахт ортида турган реал куч сифатида майдонга чиққан. Аштархонийларнинг Нодиршоҳдан мағлуб бўлиши манғитларнинг мавқеини мустаҳкамлади. Улар сулоласи асосчиси Муҳаммад Раҳимбий Афшарийлар қўшинида хизмат қилган ва пировардида Бухоронинг Чингизхон авлоди бўлган сўнгги ҳукмдорини қатл қилишда иштирок этган.
Манғитларнинг дастлабки ҳукмдорлари шаҳар-давлат чегараларини Бухоро воҳасидан ташқарига кенгайтириш борасида муайян муваффақиятларга эришган. Шоҳмурод (1785 – 1800 йилларда ҳукмронлик қилган) Марвни 1788/89 йилларда эгаллаган, аммо уни Бухоро таркибига бутунлай кирита олмаган. У яна Кобулнинг Дурраний ҳукмдори Темуршоҳнинг Шарқий Хуросон (айниқса, Катта Балх минтақасини) устидан ҳокимиятини ўзи эгаллашга уриниб кўрди, лекин бу можаро халта кўчага кириб қолди. Шунга қарамай, Шоҳмуроднинг ҳукмдорлик йиллари олдинги Аштархонийлар ҳукмронлигининг фожиали сўнгги ўн йилликлари билан таққослаганда, камтар давлат қурилиши даври бўлган эди. Унинг ўғли ва вориси Амир Ҳайдар (1800 – 1826 йй.да ҳукмронлик қилган) тахтда ўтирган йиллар унчалик осойишта бўлмаган. Ҳайдар замонида Бухоро Хива ҳужумларидан зарар кўрган, Тошкент ва Сирдарё минтақасига нисбатан сақланаб келаётган унча-мунча таъсирини Қўқон хонлигига бой бериб қўйган, кўплаб қабилалар қўзғолонини бошдан кечирган. Ўша даврда Бухоро шаҳар-давлати, асосан, ўз соҳаси ва Самарқанд билан чекланишга мажбур бўлган, ҳатто Самарқанд назорати тўлиқ ва изчил эмас эди.
Россия босиб олишидан аввалги ўн йилликлар мобайнида Манғитлар Бухороси минтақада Хоразм, Қўқон, Қожорлар Эрони ва Афғонистон билан бир қаторда “дастлабки модерн давлат” кенгайишининг сўнгги намуналаридан бири бўлган. Ушбу давлатларнинг ҳарбий ғалабалари кўҳна дашт империяларида бўлгани каби отлиқ қўшинларга, шунингдек, бевосита улардан олдин мавжуд бўлган милтиқдори империялари қаторида милтиқдори техологияларига таянган. Амир Насрулло (1827 – 1860 йй. ҳукмронлик қилган) рус ва форс қўшинлари ўқитиб-ўргатган қўшинларига артиллерияни Аштархонийлардан анча кўп миқдорда жорий қилган эди. У ўзининг қўмондонлиги остидаги отлиқ бўлинмалар ўртасида мувозанат сақлаш, шунингдек, ўзаро ёвлашаётган шаҳар-давлатлар устидан ғалаба қозониш учун артиллериядан фойдаланган. Бироқ кўпинча бўйсунмас қабилаларни кўндириш билан ўзаро рақобатлашаётган политияларни (“жамоат”, “қабила” ва ҳк.) бўйсундириш ўртасида нозик чегара мавжуд эди.
Шу тариқа, Россия истилоси билан Нодиршоҳнинг сиёсий ва ҳарбий таназзули ўртасига тўғри чизиқ тортиш қийин: Насруллонинг ўз ғалабалари бор эди. Бироқ Бухоронинг мустамлакачиликдан олдинги энг яқин даврдаги кенгайиш миқёсига ортиқча баҳо бериб юбориш ножоиз. Манғитлар давлатининг ўлчами ўтмишдоши Аштархонийлар давлатиникига ҳам, Қожорлар Эрони ёки Афғонистон сингари замонавий ва улкан марраларни кўзлаган империяларга ҳам етиб олишига ҳали анча бор эди. Ҳатто Насрулло сингари ҳеч нарсадан тап тортмайдиган ҳукмдор даврида ҳам Бухоронинг экспансия (сиёсий ва иқтисодий таъсирини бошқа мамлакатларни босиб олиш ва бозорларни эгаллаш нияти билан ёйиш) кунлари ортда қолган эди.
Россия истилоси ва Афғонистон ҳукмдори Абдураҳмонннинг (1880 – 1901 йилларда ҳукмронлик қилган) ҳарбий ғалабалари билан ярим автоном шаҳар-давлатлар даври тугади. Россия Туркистонида бир неча шаҳар-давлатнинг “омади бор экан”, улар протекторатлар сифатида сақланиб қолди (айнан Бухоро, Хива ва 1876 йилга қадар – Қўқон, жами 3 та хонлик), бироқ Россия “ҳимояси” остида давлатнинг табиати кескин ўзгартириб юборилди. Ҳудудий яхлитликни кафолатловчи Россия қўшинлари ёрдамида протекторатлар ҳукмдорлари олдин мустақил ёки ҳеч бўлмаганда, ярим автоном бўлган ҳудудлар устидан назоратини кенгайтирди, ресурсларни қазиб олиш учун янги технологияларни ишга солди. Бухоро билан боғлиқ ҳолатда бу протекторат назорати Шаҳрисабз ва Қўҳистонни (у “Шарқий Бухоро” номини олди) қамраб олди, айни чоқда Самарқанд умрбод унинг қўли етмайдиган жойларга айланди.
Мустамлакачилик даврида уламо Россия Туркистонининг бевосита ҳукмронлиги остида ва ундан ташқари ерларда протекторат шафелигида бўлган. Айниқса, исломий олимлар нуқтаи назарига кўра, бевосита ва билвосита бошқарув ўртасидаги тафовутлар муҳим эди. 1865 йилдан сўнг (яъни Тошкентнинг ишғол қилиниши ва шундан сўнгги генерал-губернаторлик унвони таъсис этилиши) бевосита бошқариладиган ҳудудларда ҳомийлик динамикаси ўзгариб кетди. Россия Туркистонда икки ёқлама ҳуқуқий тизимни жорий қилди, бу қозилар сингари уламо (гарчи 1885 йилдан сўнг “халқ судьялари” деган бошқа ном билан) лавозимларини сақлаб қолди, бироқ энди улар сайланадиган бўлди. Уламо ўзгаришларга мослашди, мустамлака тизими уларнинг бир жойдан бошқа кўчиб юришига тўсқинлик қилмаётган эди: маълум маънода, масалан, темирйўллар қурилиши бу ишни қайтанга осонлаштирар ҳам эди. Аммо 1865 йилда Бухородан Самарқандга кўчиш 1875 йил билан солиштирганда, бутунлай бошқа тадбир бўлгувчи эди.
Шу тариқа, бу китоб Россия империяси ёки ҳеч бўлмаганда, унинг фуқароларига ҳам бағишлангандир. Россия империясининг [Туркистон ўлкасидаги] ҳозирлиги туркий ҳарбий аслзодалар учун билвосита янги ресурсларни очди, улар буни янги диний инфратуризилма яратиш ва форсий адабий маданиятга ҳомийлик қилишга сарфлади. Туркистон уламоси ва протекторатлар Оренбург маънавий мажлисига бирлаштирилмаган, улар ҳам Волга-Урал минтақаси мусулмонларига ўхшаб, дарвоза қоқаётган янги дунёдан четда қолаётган эди.
Узуқ-юлуқ тарихшунослик манзараси
Ушбу китобда турли тарихшунослик турлари, Марказий Осиё, Россия империяси Жанубий Осиё тарихшунослиги ва исломшунослик қаламга олинади.
Гарчи 1991 йилда совет архивлари очилгандан сўнг мустамлака давригача бўлган Марказий Осиё ва Россия Туркистонини ўрганиш бўйича илмий ишлар сони кескин ортиб борган, шу пайтгача Марказий Осиё уламоси ижтимоий гуруҳ сифатида вақт ва макондаги таъсири катта бўлган эса-да, уларнинг ҳеч бир даврдаги фаолияти тафсилотлари шу кунгача тайёрлангани йўқ. Аксинча, сўнгги йилларда бир қанча муҳим илмий ишлар Манғитлар Бухороси, Қўқондаги Минглар сулоласи ва Хивадаги Қўнғиротлар сулоласининг тегишли сиёсий тарихига бағишланди. Айни чоқда Марказий Осиё тасаввуфи ҳақидаги адабиётлар шу қадар кўп пайдо бўлдики, у ҳам худди Россия империясининг чекка ўлкалари тарихи сингари бошқа соҳалар олимларини ҳам қизиқтириб қолди. Ушбу илмий ютуқларга қарамай, Марказий Осиё ҳақидаги илмий ишлар, бошқа соҳалар билан солиштирганда, жуда кам. Анча йирик маданий ойкумена (ернинг инсоният ўзлаштирган қисми) – Турко-Эронни камида 3 та империя: Россия, Буюк Британия ва Хитой мустамлака қилиб олди. Шу ўринда Жанубий Осиё тадқиқотлари соҳасида жуда кўп адабиётлар мавжуд ва улардан кўп нарсаларни ўрганиш мумкинлигини таъкидлаш жоиз. Марказий Осиёни ўрганишда кўпинча Афғонистон ва Буюк Мўғуллар Империяси учун умумий бўлган битиклар, билим шакллари ва маданий рамзлар, шунингдек, тегишли тадқиқот натижасида қўлга киритилган ғоялар ёрдам беради.
Бу китобда Бухоро уламоси ўрта асрлар Нишопури ва Дамашқидаги ўтмишдошлари контекстида кўриб чиқилади, бошқа ҳолатларда эса унда узоқ давом этган XIX аср шаҳар-давлатлари кўҳна Суғдиёна шаҳарлари билан қиёсланади. Бунинг қанчалик имкони борлиги эса – баҳсли масала. Бироқ юксак суғд маданияти таназзули форс олами ҳақида кўпроқ маълумот бериши ёки Низомийнинг Александрнинг универсал форс подшолигини тушунишга новаторона ёндашуви XIX асрдаги Бухоро солномасини тушунишга ёрдам бериши мумкинлиги ушбу тарихни янада жозибали қилади.
Гарчи тарихшуносликда “империя бурилиши” юз берган ва у диққатни империя марказларидан чекка ўлкаларга кўчирган бўлса-да, шу пайтгача чегарабўйи деб аталувчи ҳудудлар билан ҳамкорликни уларнинг шароити асосида ўрганиш етишмаяпти. Москва ёки Лондон учун периферия бўлиб туюлган ҳудудлар ҳам қайсидир мамлакатнинг чекка ўлкалари ёки ҳатто мустақил марказлар бўлган. Ушбу китобда мустамлакачилик сабаб бўлган чуқур ўзгаришларга жиддий эътибор берилади, улар персонажларини Россия империясининг (айниқса, Хитой ва Британия империяларининг) энг кам интеграцияланган фуқаролари деб атаса бўлади.
Архивлар ва кутубхоналар, қўлёзмалар ва ҳужжатлар
Китобда муҳокама қилдинаётган давлатлардан ҳеч бири шу кунларгача сақланиб қолмаган, шу билан бирга, бутун бошли туркий-форсий маданият маконини қамраб оладиган бирорта ворис давлат ҳам мавжуд эмас. Шунга кўра, битиклар бутун Евроосиё бўйлаб кўплаб мамлакатлар ва сақлаш жойларига сочилиб кетган. Тадқиқотлар, асосан, Ўзбекистон, Россия, Тожикистон ва Ҳиндистондаги архивлар ва кутубхоналарда ўтказилди.
Матнли жанр масаласи аҳамияти тил ва сақлаш жойидан кам эмас. Китобнинг бош далили шуки, уламо ҳеч ким тенг кела олмайдиган эрудитлар бўлган, ижод қилган турли жанрлар ҳам улар дунёсининг турли қирраларини очиб беради. Бухорода бир неча биографик луғат – тазкира тайёрланган, уларда ўша хонликнинг буюк шоирлари муайян тарзда каталоглаштирилади. Улардан ҳар бири бир неча юз сўздан иборат юзтадан бир неча мингтагача битикдан иборат бўлган. Биографик луғатларнинг аксарияти битта фанга бағишланган ҳамда XIX аср охири ва XX аср бошларида тартиб берилган деярли барча луғатлар шоирларнинг тазкираларидан иборат. Уламонинг олдинги тадқиқотларига ўхшаш тарзда ушбу китобда турли йўналишдаги тазкиралардан манба сифатида фойдаланилади.
Марказий Осиё бўйича тадқиқотларда сўфийлар ҳақидаги қиссаларга алоҳида эътибор берилади. Ўша манбаларнинг шакли биографик луғат жанри сифатида бир-биридан фарқ қилиб, муайян, фақат сўфийлик силсиласидан иборат жанрдан тортиб, алоҳида машҳур авлиёнинг ғаройиб ҳаёти ҳақидаги ҳикояларни ўз ичига олади. Айни чоқда воқеалар кетма-кетлиги баённомаларида, одатга кўра, туркий зодагонларнинг ва ислом руҳонийларига иккинчи даражали персонажлар сифатида эътибор қаратилади ва бу тарихий жанр бошқа манбаларда тақдим этилган манзарани тугал ҳолга келтиришга хизмат қилади.
Мен уламонинг юридик шахслари нима эканини аниқлаб олиш учун ҳатто минтақадаги мутахассислар ҳам етарли эътибор қаратмаган жанрга мурожаат қиламан. Марказий Осиё қўлёзмалари коллекциясида жунг тўпламлари сифатида машҳур ўнлаб амалий дафтарлар нусхалари бор. Тўпламларнинг аксарияти юридик ҳужжатлар бўлган эса-да, тиббий ва адабий жунглар ҳам бўлган, улар кўпчилигида муаллифларининг эрудицияси намоён бўлган. Юридик тўпламлар кўпинча келгусида фойдаланиш учун бир жойга жамланган ва юриспруденциянинг ҳаётий циклида оралиқ нуқтани тамсил этувчи хулосалар транскрипцияси бўлган. Ушбу ёзув дафтарларига (масалан, фатволарга) асосланган ҳужжатлар мен тадқиқотларим вақтида таянган дастлабки базадир.
Шунга қарамай, кўплаб бошқа манбалар sui generis (ўзига хос) бўлиб, уларни оддий тарзда умумлаштириб бўлмайди. Айрим олимлар ўз ҳаёт йўли ҳақида ҳисобот ёзиб қолдирган, лекин улар мазмунан ва усулан бир-биридан кескин фарқ қилади, шу сабабли хат жанри деб аташ қийин. Бошқалари зиёратчилар учун йўлкўрсаткич қўлланмалар ёзган, бир бухоролик олим эса дўстлик жуғрофияси ҳақида ёзиб қолдирган экан. Бухоро ҳақида ташқаридан туриб ёзган исломий олимлар битикларига маҳаллий манбаларда учрамайдиган тафсилот ва ғояларни қўшган. Россия манбалари юқорида қайд этилганларидан бутунлай бошқа муаммолар тилга олингани билан ажралиб туради ва уларда маҳаллий ёзма манбаларда мавжуд бўлмаган муҳим ғоялар акс этган.
Асосий далиллар
Китоб боблари солнома тартибида эмас, кўпроқ мавзули тартибда жойлаштирилган. У Бухоронинг пайдо бўлиши ва мифлаштирилиши тавсифидан бошланади, сўнгра уламонинг маданий роли ва ҳарбий зодагонлар билан ўзаро муносабатлари нуқтаи назаридан ижтимоий гуруҳ ўлароқ тадқиқ қилинади.
Биринчи бобда Турко-Эрондаги ислом дини концептуал жиҳатдан муҳокама қилинади ва ушбу боб миллий эмас, зодагонлар маданияти ҳақидаги мулоҳозалар учун озуқа беради. Унда туркий маданият форс маданияти билан, юксак форс маданияти эса биринчи навбатда ислом дини билан қандай боғлангани тушунтирилади. Иккинчи ва учинчи бобларда Бухоронинг ислом дини муқаддас маркази сифатида оёққа туриши тарихи ҳақида ҳикоя қилинади. Мустамлакачилик даврига келиб, ислом олимлари Бухоронинг мифлаштирилган диний ва маданий тимсолини яратишда анча-мунча ишлар қилган, шаҳар жуғрофиясини муқаддас ислом тарихи ва форс адабиёти рамзи сифатида муқаддаслаштириб бўлган эди. Учинчи бобда шаҳардан ташқарига тарқалган “кичик форс соҳалари”ни яратган Бухоро таълими бренди қанчалик кучли ривожлангани тадқиқ қилинади. Дастлабки бобларда исломий олим Бухорода олинган билим ва кўникмаларини қандай қўллаши мумкинлиги ҳақидаги савол ўртага ташланса, кейинги бўлимларда у ўша билимларни қандай қўллаши мумкинлиги ўрганилади. Айни бобларда Марказий Осиёда “юксак мақомдаги форс зиёлиси”нинг шахсияти ўсишини тушунтириб бериш учун биографик луғатлар – тазкиралардан маълумотлар жамланган. Ўтган асрларда сўфий, фақиҳ, шоир, хаттот ёки ғайб илми соҳибларининг роли уларнинг алоҳида ижтимоий гуруҳларга мансуб эканини англатган. Бироқ XIX асрга келиб, кўпинча бир одам ана шундай кўникмаларга эга бўлган. Ушбу мажозлар амалда ўзаро кесишиб турган ҳамда бу ҳол сўфийлар ва уламо ўртасидаги умумқабул қилинган тафовутларга зид бўлган.
7- ва 8-бобларда уламо билан ҳарбий ва сиёсий ҳокимият ўртасидаги муносабатлар тадқиқ қилинади. Нодиршоҳ Афшар истилолари ҳокимиятга нафақат янги туркий сулолаларни, қолаверса, олимлар сулолаларини ҳам олиб келди. Ушбу қайғули сиёсий тўнтаришнинг бенефициарлари (манфаатдор тарафлари) болшевиклар истилосига қадар форс зодагонлари ўзагини ташкил этувчи ва Марказий Осиё жамиятини қўллаб-қувватловчи ворисларига ҳокимиятнинг ҳайратланарли тарздаги барқарор динамикасини васият қилиб қолдирган. Ҳатто ислом олимлари туркий ҳарбий зодагонлар ҳомийлигига ишонган тақдирда ҳам, ўз ахлоқий кўрсатмалари мустақиллиги ва устунлигини ҳимоя қилиб турган. XIX аср охирига келиб, туркий зодагонлар уламо устидан назоратни кучайтирди, айрим ҳолларда уламо ҳатто ўз ахлоқий автономияси ва динни мустақил талқин қилиш ҳуқуқига путун етказиш йўлига ўтди. Шунга қарамай, мафкура билан амалиёт ўртасидаги узилиш исломий олимлар моддий ресурслари бўйича қарам бўлган ҳокимиятга ҳам қарши чиқа бошлаганини англатар эди. Бухоро уламоси ҳозирги кунгидан мутлақо фарқ қиладиган ижтимоий ва маданий мўлжал олиш тимсоли бўлган.
Марказий Осиёнинг “узоқ давом этган XIX аср”даги жуғрофий-сиёсий манзараси оддий таснифга бўйни ёр бермайдиган кўплаб ҳаракат қилувчи шахслар ва тармоқларни ўз ичига олган. Китобда сиёсий чегаралар ва миллий тоифаларга мурожаат қилиш ўрнига асосий эътибор космополит форс-ислом маданияти ва ўша пайтда яшаб ижод қилган олимларига қаратилади. Кимлик ва этник мансублик сингари модернистик муаммолар эски ижтимоий мантиқ муҳитини тушуниб олишдан чалғитади. Ўша мантиқнинг асосий вазифаси зодагонлар битикларини ўрганиш ва мулоқот сирларини эгаллаш бўлган. Ҳатто мана шу кенг маданият дунёсини мустамлакачи империялар бўлиб олгандан сўнг ҳам космополит форс маданияти нафақат омон қолди, ҳатто гуллаб-яшнади: пировардида, унинг мавжудлиги ҳеч қачон алоҳида давлатга боғлиқ бўлиб қолмаган. Китоб минг йиллик илдизларга эга барқарор маданий манзара ва унинг акторлари сўнгги тарихий лаҳзаси тарихидир, мана шу нарсалар ХХ асрнинг национализм (миллатчилик), социализм, атеизм, исломизм ва модернизм сингари “изм”лари билан келиша олмади.