Сурат манбаси: argumentua.com
Iraj Bashiri, The History of the Civil War in Tajikistan (Academic Studies Press, 2020)
Профессор Ираж Баширийнинг 2020 йилда Academic Studies Press нашриётида чоп этилган The History of the Civil War in Tajikistan (“Тожикистондаги фуқаролар уруши тарихи”) китобида Совет Иттифоқи таназзулга юз тутгандан сўнг Тожикистонда юз берган фуқаролар уруши ҳақида ҳикоя қилинади. Баширий китобини ёзишда шахсий кузатишлари ва интервьюлари чоғида олинган материаллар, шунингдек, фуқаролар уруши ҳақида ҳикоя қилувчи асосий ва иккинчи даражали мақолалардан олинган материаллардан ҳам фойдаланди. У китобида можарони кенг қамровли тарихий контекстда таҳлил қилади ва 1990-йилларда можарони бартараф этишда етакчи роль ўйнаган узоқ муддатли таранг мсуносабатларга ҳам алоҳида эътибор қаратади. Муаллиф мафкура, регионализм ва энг муҳими – давлат фаолият кўрсатишида дин қандай роль ўйнагани ҳақида ҳикоя қилади. Китоб талабалар, олимлар ҳамда Тожикистон билан Марказий Осиёнинг яқин тарихига қизиқадиган барча кишилар учун қизиқарли бўлиши шубҳасиз.
Ираж Баширий ушбу китоби ҳақида батафсил New Books Network подкстида ҳикоя қилади, қуйида унинг умумлаштирилган таржимасини эътиборингизга ҳавола қиламиз.
Ираж Баширий – Марказий Осиё ва Эронни тадқиқ қилиш йўналишида йирик олим. У ўз асарларида асосий эътиборни тожиклар ва эронликларни ўрганишга қаратади. Баширий Миннесота университетининг тарих фани бўйича профессоридир. Олим ўша ерда Афғонистон, Марказий Осиё ва Эрон тарихидан диний ва тарихий жиҳатларга кўпроқ ўрин ажратган ҳолда сабоқ беради. У Эрон ва Марказий Осиё бўйлаб кўп марта сафар қилган, Қозоғистон, Қирғизистон ва Тожикистонга таклиф этилган тадқиқотчи сифатида кўп марта келиб кетган. Баширий Эрон тадқиқотлари мавзусида кўплаб рисолалар эълон қилиб туради. У Тожикистонга бағишланган анча-мунча тадқиқотлар муаллифи ҳамдир.
Баширий тожикларнинг идентитетини форслар идентитети контекстида ўрганади. Олим таъкидлашича, XVI асрда тожиклар ва форслар диний тафовут оқибатида бир-биридан ажралиб кетган: эронликлар шиалар, тожиклар эса Ҳанафийлик мазҳабига мансуб суннийлар бўлди. Шу тариқа икки халқнинг тарихи турли йўналишлардан ривожланди. Баширий тожик халқи тарихининг нисбатан сўнгги даврини тадқиқ этар экан, Совет ҳокимиятининг ислом динига эътиқод қиладиган тожик халқига таъсири, улар кимлиги сабаблари ва вариантларини ўрганишга қарор қилди. Олимнинг айни иши Тожикистондаги фуқаролар уруши тарихини ўрганишига туртки берди.
Баширий илк марта Тожикистонга Тожикистон ССР фанлар академияси таклифи билан келган эди, бироқ аслида бу таклифни унга Тожикистон ССР киностудияси берган, унинг ходимлари олимни қўлида мавжуд материаллар, жумладан, Абулқосим Фирдавсийнинг “Шоҳнома” асари билан таништирмоқчи бўлган. Баширий киностудия билан ҳамкорликдан сўнг АҚШга қайтиб борди ҳамда асли Бухоро вилоятида туғилган ва Тожикистон ССРда Совет ҳокимияти ўрнатилишида иштирок этган олим ва ёзувчи Садриддин Айний ҳаёти ҳақидаги лойиҳани амалга ошириш мақсадида Тожикистонга қайтиб бориш варианти ҳақида бош қотира бошлади. Олим фикрича, Айний ҳаётини ўрганиш мамлакатда битта даврдан бошқасига қандай ўтилганини яхшироқ тушуниб олишга ёрдам бериши керак эди.
Баширий келаси сафар Тожикистонга 1993 йили IREX (Халқаро илмий тадқиқотлар ва алмашувлар кенгаши) таклифи билан келди. У умр йўлдоши билан ушбу мамлакатда бир йил яшади, лекин бу сафарнинг олдингиларидан фарқи бор эди, чунки мамлакатда фуқаролар уруши бошланиб кетган, шу сабабли Баширий турли қийинчиликларга дуч келган эди. Бу қийинчиликлар мамлакат ватандошларидан ҳеч бир киши ислом ҳақида гаплашишни ва унга тадқиқотида ёрдам беришни истамай қўйгани билан боғлиқ бўлган. Шунинг учун олим ислом ҳақидаги тадқиқотларини кейинга қолдиришга ва Айний ҳаётини ўқиб ўрганишга мажбур бўлди. Бироқ айнан шу мавзу Баширийга шўролар ҳокимияти даврида ислом динининг тожик халқи ҳаётидаги роли ҳақида зарур маълумотларни олишида ёрдам берди.
Баширий 1993 йил августида Душанбе шаҳри аҳолисининг кўплаб вакиллари қаторида авж олиб кетган урушнинг оқибатларига дуч келди: шаҳарда озиқ-овқат топиш мушкул бўлиб қолди. Барча бозорлар ва дўконлар ёпилди, одамларга ейдиган ҳеч вақо қолмади. Аммо Баширийнинг омади бор экан: у билан умр йўлдошини бир тожик оиласи бағрига олди. 1994 йил февралида рафиқаси билан Миннесотага қайтиб кетди.
Олим шундан сўнг Тожикистонга 12 – 13 марта сафар қилди. Сафарлари давомида танишларидан ҳол-аҳвол сўради, улар билан уруш ва мамлакатдаги вазият ҳақида гаплашди. У ўша пайтлари Тожкистон ҳақида ҳеч нарса ёзмаётган, бироқ материалларни йиғишни бошлаб юборган эди.
Олим дастлаб фуқаролар уруши ва мамлакатдаги учинчи куч ҳақида ёзмоқчи бўлган ва ўша пайти бу ҳақда маълумот йиғаётган эди. Бироқ кейинчалик Имомали Раҳмон ва унинг президент бўлиши ҳақида ёзиш ғояси пайдо бўлди. Баширий президент билан учрашган ва у бу масалада ёрдам беришга ваъда берган эди. Баширий бу фикридан ҳам қайтди, чунки президент ёрдамчилари унга ёзилажак китобининг ҳар бир бобини ўзлари билан келишишни шарт қилиб қўйган эди.
Ўша пайтда Сафарали Кенжаев [сиёсатчи, “Халқ фронти” ва “Тожикистон социалистик партияси асосчиси ва раҳбари, 1991 йилдан 1992 йилга қадар Тожикистон Олий кенгаши раиси] Баширийга ўз ёзувларини уларни фақат олимгина мақсадга мувофиқ тарзда ишлатиши мумкинлиги ҳақидаги эслатма билан қўшиб жўнатган эди. Баширий ёзувлар устида ишлай ва уларга белгилар қўйиб чиқа бошлади, кейинчалик Кенжаевнинг нуқтаи назари акс этиши, у фуқаролар урушида ўзининг роли қандай бўлиш керак деб ўйлагани ҳамда қолган сиёсатчилар, жумладан, Эмомали Раҳмон билан сафдошларининг роли акс этадиган китоб ёзишга қарор қилади. Олим Кенжаевнинг ҳаракатларини ҳамда у қай жиҳатдан ҳақ ва қай жиҳатдан ноҳақ бўлганини кўрсатиб беришга интилади. Лекин умуман олганда, тожиклар тарихий тараққиёти йўлида тўғри ёки нотўғри танлов қилганини Баширий ҳам билмас эди.
Муаллиф китобининг биринчи бобида Тожикистон билан алоқалари, иккинчи бобида Бухоро тарихи ва мамлакатнинг шўролардан олдинги ривожланиш даври, учинчи бобида эса Тожикистоннинг советлаштирилиши тўғрисида фикр юритади.
Агар шўролардан олдинги даврдан келиб чиқадиган фуқаролар уруши сабаблари кузатиладиган бўлса, айни ҳолатда Баширий мусулмонлар билан коммунистлар ўртасида ихтилоф шўролардан олдинги Бухорода бошланганини, гарчи у пайтда Бухорода коммунистлар бўлмаган эса-да, коммунизм ғояси мавжуд эканини ва у аста-секин Тожикистон жанубига тарқала борганини таъкидлайди. Шунинг учун Баширий мамлакат жануби ва шимолида яшаган турли кишиларнинг ҳаёти ҳақида кўрсатмоқчи бўлган воқеалар ўртасида муайян боғлиқлик бор. Жанубликлар, асосан, ислом мактаблари қуриш ва исломий ҳаёт тарзини жорий этиш билан машғул бўлган. Шимолликлар эса кўпроқ пахта далаларида ишлаган ва Тожикистоннинг чўл қисмини суғориш билан шуғулланган. Шу тариқа минтақаларда бир-биридан кескин фарқли тарзда амал қилган мафкура ва саноат ривожланган.
Баширий фикрича, тожик халқи қайта қуришдан хурсанд бўлди, чунки ислом дини ёки Европадан андоза олиб, ўз республикасини барпо қилиш имконияти пайдо бўлган эди. Бундай очиқлик тожикларга ўз оммавий ахборот воситалари (ОАВ), сиёсий партиялари ва ҳк.ни ташкил қилиш имконини берди. Қайсидир маънода тожиклар олдида ўз истакларига мос равишда ривожланиш мумкин бўлган янги йўл очилди.
Ошкоралик билан қайта қуриш тожикларнинг автоматик равишда эркинликни тушуниб етишига сабаб бўлди. Бироқ улар бу эркинликни демократик маънода эмас, қонун ва тартиб нуқтаи назаридан ҳам эмас, кўчага чиқиш ва истаган нарсани қилиш нуқтаи назаридан тушунди. Улар ҳаракатланаётган йўналишлар бир-биридан фарқ қилар, исломчилар катта ҳокимиятни қўлга киритган эди. Лекин дунёвий режим тарафдорлари ҳам четдан қараб тургани йўқ, уларнинг қўлида янада кўпроқ ҳокимият бор эди. Мамлакат парчаланиб кета бошлади, бунга фақат ошкоралик билан қайта қуриш эмас, бошқа кўплаб омиллар сабаб бўлаётган эди.
Тожик халқи тизимдан норози эди. Масалан, уни каста тизимидаги номенклатура қониқтирмаётган ва у тепада турган ҳокимият мутахасисислар ва раҳбарларни лавозимларга тайинлашида намоён бўлаётган эди. Лавозимга тайинланган кишилар ҳамма нарсани, жумладан, тожиклар ҳаётини колхозлар, оилалар ва индивидуал даражада бошқараётган эди. Баъзан одамлар лавозимга Москвадан тайинланар, улар ортидан ўз одамларини эргаштириб келарди. Бу эса ўз навбатида аҳолига иш, мактаблардан жой ва ҳк. етишмаслигига сабаб бўлаётган эди.
Ҳар сафар гап халқ мустақиллигига бориб тақалганда, тожиклар номенклатура ривожланишга тўсиқ бўлаётганини, анъанавий форс-тожик ҳаёт тарзида намоён бўлиб келган миллий манфаатини ўша номенклатура ўзидан тортиб олаётганини ҳис қилиб турар эди. Номенклатуранинг аниқ белгилаб қўйилган қоидалари бўлмагани учун у халққа “Шоҳнома”ни ўқишга рухсат бермас, халқ эса ўзи истаган нарса билан шуғулланиш имкониятидан маҳрум бўлган. Бунинг ўрнига улар умуман ислом динига дахли бўлмаган нарсаларни ўрганиш учун умумтаълим мактаблари машғулотларига қатнашга мажбур эди.
Тожикларнинг норозилигига сабаб бўлаётган бошқа бир жиҳат регионализмга тааллуқли эди. Совет ҳокимияти вакиллари ёрдамида мамлакат шимолий қисми вакиллари осон иш топар, қолган масалаларда жануб вакилларига устунлик берилар эди. Тожикистонни фақат тоғлар эмас, мамлакат шимолий қисми қўлида жамланган ҳокимият ҳам икки қисмга ажратиб турар эди. Боз устига, совет мафкураси шариатни исканжасига олган, коммунистик ҳаёт тарзини мажбурлаб тиқиштириш одамларнинг қаршилигига сабаб бўлаётган эди.
СССР тарқаб кетгандан сўнг Тожикистондаги вазият таранглаша бошлади, унинг бу тарзда чигаллашувида растрата – пул маблағларини бошқа нарсаларга сарфлаш билан боғлиқ айблов қаттиқ туртки бўлди: Кенжаев давлат телеканалининг жонли эфирида ички ишлар вазири, келиб чиқиши помирлик бўлган Мамадаёз Навжувоновни шу жиноятни сордир этганликда айблаб чиқди. Помирликлар бунга жавобан Кенжаевнинг истеъфосини ва Маҳкамовни ҳукуматдан четлатишни талаб қилиб чиқди [Қаҳҳор Маҳкамович Маҳкамов – Тожикистон ССРнинг биринчи президенти (1990 йил 30 ноябрдан 1991 йил 31 августга қадар), 1992 йилда Тожикистон ҳукуматидап муайян таъсир кучига эга бўлган]. Ушбу талаблардан хабар топган Раҳмон Набиевич Набиев [мустақил Тожикистоннинг илк президенти (1991 йил 23 сентябрь – 1992 йил 7 сентябрь)] мана бундай қадамлар қўйди: Кенжаевга кўмак кўрсатмади ва Навжувоновнинг истеъфо сўраб ёзган аризасини қабул қилмади. У бунинг ўрнига Кенжаев билан ёрдамчиси Дўстовни лавозимидан четлатди. Ушбу хатти-ҳаракатлари оқибатида Набиев тарафдорларининг кўмагисиз қолди, унинг Душанбедан хийла тинч бўлган Хўжандга учиб кетишга уриниши барбод бўлди: мухолифатчилар уни Душанбе аэропортида тутиб олиб, истеъфо бериш ҳақидаги аризага қўл қўйишга мажбур қилди.
Ҳокимиятни Акбаршо Искандарович Искандаров [1992 йил 7 сентябрдан 19 ноябрга қадар Тожикистон президенти вазифасини бажарувчи] ва деярли 6 ой фаолият кўрсатган миллий ярашув ҳукумати тузилди. У фақат мамлакат жанубида ҳокимиятга эга бўлди, чунки Тожикистоннинг шимолий қисми аҳолиси уни тан олмаётган эди. Айни чоқда Хўжандда ҳукумат даражасидаги учрашув ўтказилиши ва унда тожик халқининг келгуси тақдири, мамлакатни бошқариш шакли ҳақида қарор қабул қилиниши керак эди. Учрашувдан кўзланган қисқа муддатли мақсад исломий Тожикистонни ташкил қилишдан иборат эди. Узоқ истиқболда Афғонистон ва Эронникига ўхшаш Тожикистон Ислом Республикасини ташкил этиш ва мамлакатдан Совет тизими тарафдорларининг ҳаммасини қувиб чиқариш режалаштирилаётган эди.
Баширий фикрича, қўшимча эътибор талаб қиладиган сиёсий арбоб Тожикистоннинг диний раҳнамоси, собиқ қози калон Тўражонзода – Акбар Қаҳҳоровдир. У иккала ўзаро қарши курашаётган сиёсий тарафни ҳам қўллаб-қувватлаган: диний раҳнамо сифатида Набиевга ҳам, исломчиларга ҳам ёрдам берган. У сиёсатга аралашмоқчи эмаслигини бот-бот такрорлаганига қарамай, ўша пайтлари мамлакат сиёсати мафкурага асосланар эди. Шунинг учун, гарчи кўпчилик англаб етмаган бўлса-да, Қаҳҳоров рўй бераётган воқеаларнинг марказида турган эди. Фикри қадрлангани сабабли у масжидларнинг ишлаши масаласига ўзи зарур деб билган ўзгаришларни киритди. Маълум маънода у катта таъсир кучига эга эди, бироқ катта лавозимларга кўтарилмади, чунки унинг дунёқараши мафкура билан чекланган эди, унинг хизмат пиллапояларидан юқори кўтарилишига ортидан ҳокимиятга келган одамлар ҳам халақит берди.
Баширий қайд этишича, миллий ярашув ҳукумати тузилгандан сўнг воқеалар ривожининг энг юқори нуқтасига етилади, Кенжаев шахси ушбу воқеаларда асосий роль ўйнайди. Кенжаев бошқарув жиловини қўлга олиш учун яна бир карра уриниб кўради, бироқ мамлакат жанубининг бошқа вакиллари уни қўлламайди. Шунинг учун у Россиядан ёрдам сўрашга мажбур бўлади, расмий Москва унга миллий ярашув ҳукуматини Хўжанддаги учрашув муҳим экани, унинг асосий мақсади мамлакатда қон тўкилишига йўл бермаслик бўлганига ишонтиришда ёрдам беради.
Имомали Раҳмон ҳақида гап кетганда, шуни қайд этиш жоизки, у дастлаб Кўлоб вилоятидаги колхоз – жамоа хўжалиги раҳбари бўлган, лекин у Хўжанддаги учрашув вақтида танилган ва сўзлаган нутқи кўпчиликни таъсирлантирган. У Тожикистонни қутқариш ҳар бир кишининг вазифаси экани ҳақида гапирган, айнан ўша ерда кўпчилик мамлакатга шундай киши раҳбар бўлиши кераклигини тушуниб етган эди. Раҳмон “сардори давлат” [тожикча – давлат раҳбари] деб эълон қилинди ҳамда президент бўлди ва то шу кунгача мамлакатга раҳбарлик қилиб келмоқда.
Дастлаб Баширий можаронинг пайдо бўлиши ва аста-секин чуқурлашиб бориши ва ниҳоясига етиши ҳақида ҳикоя қилувчи Тожикистон тарихини ёзишга ҳаракат қилган эди. У можаро сабаблари, ўша уруш билан мамлакатдаги ҳозирги вазият ҳақида ҳикоя қилмоқчи бўлган. Муаллиф китобида мамлакатда демократияга эришиш учун ҳар бир тожикистонлик мамлакатни бошқариш жараёнида муҳим роль ўйнаши зарур бўлганини таъкидлайди. Хўжанддаги учрашувга йиғилган ҳокимият вакилларининг демократия идеалларидан чекиниши Тожикистон етакчиларини Совет Тожикистони етакчилари 1970 – 1980-йилларда дуч келган аҳволга тушириб қўйди.
Баширий қўшимча қилишича, ҳозирги пайтда Тожикистоннинг асосий муаммоси непотизм (лотинча “nepotis” – “набира, жиян”, шунингдек, “ошна-оғайни” сўзидан олинган бўлиб, қариндош-уруғлар ва дўстларга профессионал хусусиятларига қараб ўтирмай, имтиёзлар бериш, лавозимларга тайинлаш маъносини англатади) ҳисобланади. Мамлакатдаги бундай бошқарув принципи Совет ҳокимияти даврида ҳам мавжуд бўлган. Одамлар табақаларга ажралмоқда ва аҳоли ўртасида айни принципга кўра моддий бойликлар тақсимланмоқда. Замонавий Тожикистонда кадрлар тизимида номенклатура принципи ҳам сақланиб қолган, яъни ким раҳбар бўлса, ким қўл остида ишлашини ўзи танлайди. Шу тариқа Баширийга воқеалар ривожини четдан туриб кузатаётган одам сифатида Хўжанддан чиққан сиёсатчилар ривожланишнинг энг демократик йўли сифатида ҳар бир минтақа тенгҳуқуқли бўлиши кераклигини таклиф этгани маъқул кўринади.