Maya K. Peterson, Pipe Dreams: Water and Empire in Central Asia’s Aral Sea Basin (Cambridge University Press, 2019)
Санта-Крус шаҳридаги Калифорния университети доценти Майя Петерсоннинг Pipe Dreams: Water and Empire in Central Asia’s Aral Sea Basin (“Беҳуда орзулар: Марказий Осиёдаги Орол денгизи ҳавзасидаги сув муаммолари ва империя”) китоби Кембриж университети нашриётида 2019 йилда чоп этилган эди. Унда ўша давр технологиялари чўлларни унумдор қишлоқ хўжалик ерларига айлантиришига ишонган муҳандислар, олимлар, сиёсатчилар ва тадбиркорларни ҳаяжонга солган мелиорацияга оид эришиб бўлмас орзулар ҳақида ҳикоя қилинади. Пировардида ушбу орзулар Орол денгизи қуришига сабаб бўлди. Марказий Осиё ландшафтининг Россия империяси ва Советлар даврида амалга оширилган сув энергетикаси лойиҳалари ёрдамида ўзгариши чўлларга замонавий ҳаётни олиб келди, шу билан бирга, улар мустамлакачилик эксперименти – тажрибасини ҳам ёдга солади. Майя Петерсон китобида иккала даврга мансуб мелиорация тарихига назар солади.
Майя Петерсон ўз китоби ҳақида New Books Network подкастида батафсилроқ фикр юритади, қуйида ўша подкаст мазмуни умумлаштириб, таржима қилиниб, эътиборингизга ҳавола қилинмоқда.
Майя Петерсон Санта-Круз шаҳридаги Калифорния университетида тарихдан сабоқ беради. Унинг илмий қизиқиши Россия ва Марказий Осиё тарихи, шунингдек, атроф муҳит, илмий технологиялар ва тиббиёт тарихи билан боғлиқ. Айниқса, бир замонлар майдони бўйича дунёдаги тўртинчи кўл ҳисобланган Орол денгизи фожиаси Петерсонни қаттиқ қизиқтириб қолди. Денгизнинг йўқ бўлиб кетиши дарёлар оқимини бошқа ёққа буриш бўйича лойиҳалар амалга оширилиши билан боғлиқ. Бундай ҳатти-ҳаракатлар оқибатида олинган сувдан гидроэлектр станциялари, сув омборлари, шунингдек, пахта далаларини суғориш эҳтиёжлари учун фойдаланилди. Оқибат шу бўлдики, 1980-йилларга қадар Орол денгизига бориб қуйилган Марказий Осиёнинг 2 та асосий дарёси – Амударё билан Сирдарё унга етиб бормай қолди ва денгиз қурий бошлади.
Петерсон илмий ишида Москва ва Марказий Осиё давлат архивларидан излаб топган материаллардан фойдаланади. Масалан, Вахш шаҳридаги архивда у деҳқонлар, фермерлар ва қурилиш объектининг оддий ишчилари ҳақида бўямай-бежамай ҳикоя қилинган маҳаллий совет газетаси материаллари билан танишади.
Петерсон китобида Орол денгизи йўқ бўлиб кетишидан олдинги тарихга кўпроқ эътибор қаратади. Масалан, унинг фикрича, Орол денгизининг қуриб қолиш тарихини Амударё ва Сирдарё ўзанларини ўзгартириш бошланган 1960-йиллардан эмас, Марказий Осиёни истило қилиниши, кейинчалик эса Совет Марказий Осиёсини ташкил қилиш бошланган 1860-йиллардан бошлаб кўриб чиқиш лозим. Петерсон воқеалар солномасини Орол денгизи саёзлашиб қолишидан олдин рўй берган даврдан бошлаб юритади.
Муаллиф давлат архивларидан йиққан воқеаларни мисол тариқасида келтиради: у кўп йиллар Тошкентда яшаган ва ҳаётининг кўп қисмини Марказий Осиёдаги қурғоқчил ерларни суғоришга бағишлаган Николай Константинович Романов (2-боб); Чу дарёси (Чу водийси Қозоғистон билан Қирғизистон ўртасидаги чегарада жойлашган), Еттисув, Россия ва Марказий Осиёни ғалла конига айлантириши керак бўлган кенг миқёсли ирригация лойиҳаси ва озиқ-маҳсулотлари ўрнига пахта етиштираётган фермерларнинг оч қолиш муаммосини ҳал этиш, аммо Биринчи жаҳон уруши ҳамда уни изидан рўй берган инқилоблар ва фуқаролар уруши сабаб лойиҳа фақат 1930-йилларда давом эттирилиб, буғдой ёки бошқа донли экинлар ўрнига қанд лавлаги етиштирила бошлагани (4-боб); Тожикистон жанубидаги Вахш ГЭС қурилиши ҳамда Советларнинг режаси бўйича пахтанинг қимматбаҳо Миср навларини етиштириш қўшни Афғонистонга намуна бўлиб хизмат қилиши ва шу тарзда уни социализм қуриш йўлига йўналтириш кўзда тутилгани (6-боб) ҳақида ҳикоя қилади. Петерсон қолган бобларда минтақа тарихига эътибор қаратади: у Марказий Осиёнинг истило қилиниши ва мустамлака ҳудудига айлантирилиши; сув ресурсларини бошқариш ва улардан фойдаланишнинг янги усуллари; давлат бошқарувининг янги усуллари ва советча бошқарув усулига ўтиш; илдизи Марказий Осиёни ўзгартириш хусусидаги дастлабки орзуларга бориб тақаладиган минтақани модернизация қилиш ва ўзгартиришга уринишлар ҳақида ҳикоя қилади. Хотима қисмида муаллиф 1960-йиллар, Орол денгизининг қуриб қолиши, шунингдек, замонавий Марказий Осиё тўғрисида сўз юритади.
Петерсон фикрича, Россия империясининг XIX аср тараққиёти хусусида европаликлар ва америкаликларга ўхшаш тарзда йиғувчи овчилар ва чорвадор кўчманчиларга мансуб халқлар қишлоқ хўжалиги билан шуғулланиши ва ўтроқ ҳаёт кечириши керак ва бу албатта замонавий саноат жамияти даврига олиб келади, деган тасаввури бор эди. Шу тариқа Марказий Осиё халқларини минтақанинг қишлоқ хўжалиги билан шуғулланиш мумкин бўлмаган ҳудудларида ҳам деҳқончилик билан шуғулланишга ишонтиришга ҳаракат қилинган. Суғориладиган деҳқончилик ўтроқ жамият қуришнинг ягона усули сифатидаги мантра[1]га айланиб қолган эди.
Марказий Осиёда, асосан, қурғоқчиликка мослашувчан қишлоқ хўжалик экинлари етиштирилган, ҳатто шу ҳолатда ҳам уларни етиштириш бўйича ўзига яраша чекловлар мавжуд бўлган. Экин тури ва минтақанинг уни экишга яроқли ҳудудига қараб, суғориш тизими ишлаб чиқилган ва у ҳар бир экин керакли вақтда зарур сув миқдорини олишини кафолатлаган. Шунинг учун қўшимча сув талаб қилинадиган бегона экин етиштиришнинг иложи бўлмаган, чунки мавжуд сув ресурслари айрим экинлар эҳтиёжи учун тақсимланган.
Марказий Осиё дарёлари Россияда ҳам муайян қизиқиш уйғотган. Улар лойқа ва камсув бўлишига қарамай, уларга жануб билан савдо муносабатлари ўрнатиш мумкин бўлган потенциал савдо артериялари сифатида қаралган. Шунинг учун ХХ асрда Амударё оқимини Каспий денгизи билан боғлаш ва Қорақум каналини қуриш тўғрисида қарор қабул қилинган. Чўлдан ўтадиган канал сувни ўтказмайдиган воситалар билан қопланмагани учун унинг кўп қисми исроф бўлади: у ё Туркманистон чўлида буғланиб, ёки қумга сингиб кетади. Шу тариқа дарёлардан савдо йўллари сифатида фойдаланиш муваффақиятсизликка учрагани улар ўрнига темир йўлдан фойдаланишга олиб келди, каналлар эса бўш ерларни суғоришга йўналтирилди.
Марказий Осиёда бўш ерларни тиклаш Россия империясининг ўз мавқеини мустаҳкамлашга хизмат қилиши керак эди. Бироқ ўйланган нарса амалга ошириш оғир бўлган юмушга айланди, чунки унинг муҳандислари сув аввалбошданоқ мўл-кўл бўлган жойларда (Масалан, Санкт-Петербургда) ишлашга ўрганган эди. Дастлаб сув бўлмаган жойга уни олиб бориш жуда мураккаб иш бўлган. Масалан, Мирзачўлни тиклаш иши барбод бўлди, чунки кўпгина жойлар шўрлангани ва шўрхок бўлгани учун ер экин-тикин етиштириш учун яроқсиз эди. Сув тузга сингмас, юзада ўша ер экин экиш учун яроқсизлигини англатувчи қатқалоқ ҳосил бўлар эди. Бироқ, нега Мирзачўлни тиклашга қайта-қайта киришаверилгани тушунарсиз бўлиб қолди.
Чўлларни воҳаларга айлантириш учун бундай уринишлар дунёнинг бошқа кунжакларида, масалан Америка, Австралия, Франция, Шимолий Африкада ҳам рўй берган: кўплаб муҳандислар, чўлларни суғориш бўйича универсал билимларга эга бўлдим ва уларни бир зайлда исталган тупроққа нисбатан қўллашим мумкин, деб хато ўйлаган. Аксарияти тубжой аҳоли тажрибасини ўрганмаган, ўша тубжой аҳоли вакиллари ўзи яшаб турган жойда сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш бўйича муайян билимларга эга бўлган бўлса ажаб эмас. Лекин Ғарб муҳандисларини кўпроқ миқёс муаммоси қизиқтирар ва улар улкан ер майдонларида қўллаш мумкин бўлган ирригация тизимини яратишга интилаётган эди.
1917 йил инқилобидан олдин Марказий Осиёда оммавий қўзғолон рўй берди ва кейинчалик кўчманчи аҳолининг бир қисми 1920-йиллар бошида Хитой билан чегарани кесиб ўтди. Большевиклар ўз навбатида уларни қайтариб, пахта ишлаб чиқаришни йўлга қўйишга ҳаракат қилар, чунки дунё пахта бозорида ушбу маҳсулотга бўлган талаб ортиб бораётган, кўплаб мамлакатлар бозор етакчиси бўлган Америка билан рақобатлашиш пайига тушиб қолган эди. Шўролар ҳукумати АҚШдай капиталистик мамлакатга қарамликдан қутулишга ҳаракат қилаётган эди.
20-йилларда ирригация лойиҳаларининг улкан қисми чет иш кучига қарам бўлган: одамлар Афғонистон ва Хитойдан мавсумий ишга келар, сўнгра уйларига қайтиб кетар эди. 30-йилларда Марказий Осиёнинг қўшни мамлакатлар билан алоқалари деярли узилиб қолди, бироқ иш кучи сифатида 30-йилларда Украина ва бошқа республикалардан Марказий Осиёга кўчиртириб келинган кишилар меҳнатидан фойдаланилди.
Шу тариқа улкан ҳудудлардаги ирригация лойиҳаларининг барқарорлиги Шўро ҳокимиятининг Марказий Осиёдаги асосий муаммосига айланди: кичик ер майдонларида тўпланган ижобий тажриба улкан ҳудудларда иш бермаётган эди. Биз ҳозирги кунда ҳатто АҚШда ҳам шунга ўхшаш муаммоларга дуч келяпмиз, чунки технологиялар ҳаётимизни енгиллаштириш ва яхшилаши мумкин деб ҳисоблаймиз. Петерсон фикрича, сув ресурсларидан улкан миқёсда оқилона фойдаланишга ҳаракатлар (ҳатто зарур технологияларни қўллаган тақдирда ҳам) сув сарфи ва тоғларга ёққан ёғин миқдорига қарамлик сингари фундаментал муаммоларни ҳал эта олмайди.
Майя Петерсон китобини Калифорнияда ёзиб тугатган эди, ушбу штат асосий чучук сув захиралари баланд тоғлардаги музликларга “бекитилгани” ва фермерларининг баҳорда қор эришини кутиб ўтириши билан Марказий Осиёга ўхшаб кетади. Шунинг учун Калифорнияда каналлар ва сув резервуарлари барпо қилинган, аммо бу қурғоқчилик ва тоза ичимлик сувидан фойдаланиш муаммосини ҳал этгани йўқ. Гарчи Орол денгизи фожиаси миқёси улкан бўлса-да, сув муаммолари бутун дунё бўйлаб тобора кескинлашиб бормоқда ва уларни ҳал этишнинг ягона йўли йўқ. Китоб номида “pipe dreams” – “беҳуда орзулар” ибораси ишлатилгани сабаби шу.
Сурат манбаси: italia-ru.com
______________________________________________________________________________________________________________________________________________
[1] Мантра (санскр. मन्त्र) – санскрит тилидаги товушлар, алоҳида фонемалар ёки сўзлар гуруҳи бўлиб, амалиётда қўлловчилар фикрича, резонансли (тана аъзоларини фаоллаштиради), руҳий ва маънавий қувват беради.