Америкалик тарихчи Роберт Ҳаугнинг “Шарқий чегара: Салтанатнинг кечки антик даврдаги чегаралари ва эрта ўрта асрлардаги Марказий Осиё” китоби араб халифалигининг ўз шарқий ҳудудлари билан муносабатлари, шунингдек, асосан, Сосонийлар ҳукмронлиги билан Уммавийлардан тортиб, Аббосийлар ҳамда Тоҳирий билан Сомонийларнинг ярим мустақил сулолалари давригача бўлган Марказий Осиё ҳудудидаги ўзгариб турган чегаралар, давлатлар ва миллатларга бағишланади. Ҳауг китобида тарихнинг “ушбу шарқий ҳудуди” даврига қўшни салтанатлар призмаси орқали қараб, эрта ўрта асрлар Марказий Осиёсининг алоҳида идентитети – таниқлилиги ҳақида ёзади. У ушбу минтақани оддий вақтинчалик макон ёки салтанатларнинг бепоён кунжаги эмас, алоҳида тарихий яратиқ деб ҳисоблайди.
Ҳауг ўз китоби ҳақида New Books Network подкастида батафсил ҳикоя қилади, қуйидаги мақолада унинг мазмуни умумийлаштириб, таржима қилинди.
Ноёб Марказий Осиё
Ҳауг ҳикоя қилишича, китоби “Темир дарвоза”[1] деб номланган ва Аббосийлар халифалигининг Марказий Осиё билан чегараси – шарқий чегаранинг ривожланишига бағишланган докторлик диссертациясидан бошланган кўп йиллик тадқиқотлари натижаси бўлганини айтади. У ўрта асрларга оид асосан араб тилида ёзилган жуғрофий матнларни ўрганишга асосланган мавзули тадиқиқотдир. Китобда хронологик ёндашувдан фойдаланилган ва у “шарқий чегара”ни ўрганиш исломдан олдинги давр, яъни форсларнинг Сосонийлар сулоласи замонларини ўрганишдан бошланади. Ҳауг таъкидлашича, Сосонийларнинг турлича зарб қилинган тангаларини, шунингдек, кечки антик давр Марказий Осиёсининг эфталитлар (IV – VI асрлардаги таркибига Суғдиёна, Бақтрия, Афғонистон ва Гандҳара кирган кенг қамроли давлат барпо қилган қабилалар бирлашмаси. Улар келиб чиқишига кўра, форслар, турклар ва ҳатто мўғуллар бўлган бўлиши мумкин), турклар ёки суғдлар ҳақидаги чекланган манбаларини айтмаса, улар жуда оз. Айни чоқда арабларнинг Марказий Осиёни босиб олиш солномаларининг аксарияти ўша воқеалар содир бўлгандан сўнг орадан 2 – 3 аср ўтиб ёзилган ёки бошқа китоблардан олиб, қурама тарзида тайёрланган.
Аббосийлар даврида халифаликнинг инқирозга юз тутиши унинг шарқий қисмидаги Хуросондан ва чекка ўлкалардаги бошқа автоном сулолалардан бошланди. Ушбу жараёнлар динамикаси, гуруҳларнинг сафарбарлиги ва уларнинг Ироқдаги салтанат маркази билан муносабатлари Ҳаугга ўрта асрлар жуғрофиясидаги чегара ва чегарабўйи масалалари билан шуғулланишга ва Марказий Осиё ноёб минтақа эканини таъкидлашига туртки берди. Унга на Рим империяси ва на ўрта асрлар Испанияси ҳақидаги назарияларни қўллаб бўлмас эди. Биз чегара деб атайдиган нарса Марказий Осиёдай ҳудудга тўғри келмайди, унинг қўшимча табиий чегара вазифасини ўтайдиган юксак қояли тоғлари, иқлими оғир чўллари, шунингдек, бир-биридан шунақа жуғрофия билан узиб қўйилган алоҳида воҳалари ва шаҳар марказлари бор, деб ёзади Ҳауг. Минтақада салтанатлар ушбу бўлак-бўлак масканлар ва улар устидан сиёсий ҳокимият юргизиш орқали бирин-сирин кенгая борган. Салтанатлар чеккаси ёки чегарасидаги иккита давлат ҳамкорлик қиладиган жойда турли маданиятлар ва халқларнинг аралашиб кетиши ҳақидаги назария ҳам Марказий Осиёга тўғри келмайди, дейди Ҳауг, чунки минтақа жуғрофиясининг бўлиб ташловчи хусусияти сабаб бундай ўзаро таъсирлашув (ёки бир чегарабўйи умумийлигига қўшилиб кетиши) ҳоллари бу ерда жуда кам рўй берган.
Салтанат вилоятлари ёки минтақаларига аниқ таъриф бериб бўлмайди. Ўрта асрлар олимлари ҳам, ҳозирги олимлар ҳам ушбу минтақаларнинг ҳар бири чегаралари хусусида кўп талашади. Ҳауг китобида Хуросонни Сосонийлар империясининг шарқий вилояти деб атайди ва шу тариқа уни салтанат чегараларига киритади. Бироқ Аббосийлар даврида Катта Хуросон яна Шарқ томон чўзилиб кетади. Тоҳаристон Балх (Бақтра) атрофида пайдо бўлган қадимги Бақтрияга жуда яқин. У Ҳиндикуш тоғининг шимолида жойлашган вилоят бўлиб, Амударёга (Оксус) туташ, у ердаги табиий чегара ҳосил қилган баланд тоғлардан ошиб ўтиш қийин бўлган. Трансоксаниянинг (Мовароуннаҳр) таърифи ўз номидан ҳам маълум: Оксус дарёси шимолидаги ерлар. Аммо Трансоксаниянинг шимолий чегаралари одатда сиёсат билан белгиланади. Масалан, ислом дини энди пайдо бўлган кезларда Трансоксания халифалик чегаралари қадар чўзилиб кетган эди.
Хуросонни Сосонийлар империясининг ўзига хос шарқий вилояти деб ҳисоблаш ҳам аниқлаштиришни талаб қилади. Китобнинг Сосонийлар ҳақидаги ҳикояти эфталитларнинг шоҳаншоҳ Феруз устидан V асрдаги буюк ғалабасидан бошланади. Хуросон Сосонийлар назоратидан чиқиб кетган, сўнгра қайта босиб олинган давр ҳам бўлган эди. Салтанатда бунақа воқеалар бўлиб турган. Аммо муаллиф бир неча марта уқтирганидек, салтанат ичида бўлган алоҳида шаҳар марказларини ҳисобга олиш зарур, улар Сосонийлар ҳукмронлиги давомида чегара масканлари вазифасини ўтаган.
Минтақанинг яна бир ўзига хос жиҳати аҳолининг бошқалардан ажралиб турувчи сафарбарлиги бўлган. Ислом кириб келиши арафасида эфталитлар Хуросон ва Трансоксанияда ҳукмронлик қилган энг йирик гуруҳ бўлган. Кейинчалик бу ерларга кириб келган турклар Тоҳаристонга жамланди. Трансоксанияда Бухоро ва Самарқанд сингари бир неча суғд шаҳарлар мавжуд эди. Улар у ёки бу туркийлар назорати остидаги автоном давлатлар сифатида машҳур бўлган. Бироқ айрим олимлар туркийлар Суғдиёнада ҳарбий хизматга ёлланиш ёки ўзаро келишувга кўра яшаб турганига оид далилларни келтиради. Яъни ҳикоятнинг бошланғич қисмида (Сосоний ҳукмронлиги даврида) Хуросонда ўзига хос салтанат ҳудуди бўлган, аммо унинг чегаралари ортида эркин ташкил топган тузилмалар ва хонликлар бўлган. Аммо Сосонийлар империяси ўрнини халифалик эгаллаши ҳамда халифаликнинг Тоҳаристон ва Трансоксания сари кенгайиши оқибатида ушбу минтақалар қандайдир салтанат таркибига қўшиб олиниб, янги чегаралар ҳосил қилган.
Араблар истилоси
Араблар улкан, бепоён ва турли-туман салтанатни бошқарган давр мобайнида энг камсонли миллатлигича қолаверган. Қўшинлар бошқа ерларни босиб олиш учун жўнатилар, сўнгра улар Ироққа қайтиб келар эди. Фақат ҳозирги Туркманистоннинг Марв шаҳридаги гарнизон сингари чоғроқ араб гарнизонлари мавжуд бўлган. Суғдиёнага, Бухоро сингари шаҳарларга, Тоҳаристон ва Балх устига ҳар йили қўшин тортар экан, араблар, асосан, хирож ва солиқлар тўлашни талаб қилган, сўнгра қўшинларни қайта гуруҳлаш учун нисбатан қаттароқ марказларга қайтган. Улар босиб олган ерларида яшаб қолмаганининг бир қатор сабаблари бор, асосийси, ўзлари босиб қолган ерлар аҳолисига нисбатан камсонли бўлганидир. Вақт ўтиши, яъни маҳаллий аҳоли асосий қисмининг ислом динига ўтиши ҳамда айниқса, салтанат маданияти ушбу чегара ҳудудларида ёйила бошлаши билан арабларнинг ҳозирлиги кенгаяди.
Марказий Осиёни истило қилиш жараёни тавсифи кўпинча мароқли истерн[2] сифатида ўқилади, унда маҳаллий аҳоли доимий тарзда босқинчиларга қарши қўзғолон кўтаради. Ҳоуг, аслида бу кураш арабларга қарши қўзғолон бўлмаган, деган фикрни илгари суради. Араблар аслида Сосонийлар ерлари, яъни Хуросонни бошқариш учун уларнинг мавжуд бошқарув институтларидан фойдаланган. Аммо Хуросон ортида оғир муаммолар келиб чиққан. Тоҳаристон ёки Трансоксанияда ушбу ҳудудлар учун даъвогар бўлган бошқа ҳокимият манбалари ҳам бўлган. Тоҳаристонда араблардан сўнг хирож талаб қилиб, эфталитлар ҳам келиши мумкин эди. Буни қўзғолон ёки қаршилик деб аташ қийин. Сиёсий назорат заиф бўлган чегара ҳудудининг воқелиги шу эди. Дарё оша кенгаймоқчи ва ўз ҳокимиятини неча ўн йилларни мўлжаллаб, мустаҳкамламоқчи бўлаётган халифаликка қарши бўлган ва шаҳар-давлатлари мавжуд Суғдиёнада ички можароларни бошидан кечираётган дашт турклари ҳам куч сифатида бор эди. Умуман олганда арабларнинг муваффақияти ёки муваффақиятсизлиги туркларнинг фаоллигига боғлиқ эди, яъни араблар босиб олиш учун қўшин тортаётган ерлар “боши очиқ” макон эмас, кенглик учун курашаётган туркларнинг фаоллик ҳудуди бўлган.
Аммо орадан кўп ўтмай, халифаликда фуқаролар уруши авж олиб кетди. Дастлабки фитна Уммавийлар ҳокимияти ўрнатилишига сабаб бўлди ва бу ҳол мусулмонларнинг суннийлар ва шиаларга бўлиниб кетишига олиб келди. Аслида бу халифалик ичидаги ворислик учун кураш эди. Орадан бир неча ўн йиллар ўтиб, ҳамма нарса жой-жойига тушиб, осойишталаша бошлагач, Трансоксанияга қарши яна бир катта ҳужум қилишга тайёргарлик кўрилаётган пайт халифаликдаги ҳокимиятнинг мерос сифатида авлоддан-авлодга ўтиши масаласини хавф остига қўйган иккинчи фитна бошланади. Ички воқеалар сабаб узоқ вилоятлардаги араб ноиблари марказдан кўпроқ автономия – мухторият олди. Хуросонда ҳокимиятни куч ишлатиб эгаллаган ва биродарлари бўлмиш арабларга қарши курашган Абдуллоҳ ибн Ҳазим каби етакчилар пайдо бўлади. Иккинчи фитна охирларида Марв хазинасини ўмариб, Суғдиёнага қочган Абдуллоҳ Мусонинг ўғли ёрдам излайди ва ниҳоят, Шимолий Тоҳаристондаги муҳим макон – Термиз шаҳрини босиб олади ҳамда салтанат қўли етмайдиган хонликни 12 йилча бошқаради. Хулоса шуки, Уммавийлар ҳукмронлиги даврида халифаликда авж олиб кетган ички курашлар ва салтанатнинг чекка ўлкаларидаги турли араб гуруҳлари ўртасидаги келишмовчиликлар истило жараёнини анча-мунча ўзгартириб юборди.
Ниҳоят, VIII аср ўртасида Марвда бошланган давлат тўнтариши натижасида Уммавийлар ҳокимияти ағдариб ташланди ва ҳокимият тепасига Аббосийларни олиб келди (учинчи фитна). Аббосийлар даврида чегара бўйидаги ҳудудлар билан боғлиқ масалалар иккинчи ёки учинчи даражалидан асосийсига айланди, чунки уларни тахтга ўтқизган армия Шарқдан келган эди. Аббосийлар пойтахти бўлмиш Бағдодни барпо қилиш даврида кўплаб кишилар Хуросон ва Тоҳаристондан оқиб келади ва салтанат ҳокимиятининг марказига тушиб қолади. Масалан, халифаликнинг энг машҳур оила – маслаҳатчиларидан бири бўлган Бармоқийлар асли Балхдан, буддавийларнинг коҳинлар сулоласидан эди.
Аббосийлар даврининг ноёблиги шундаки, одамлар Шарқдан марказга тинмай оқиб келар, чунки ўша вақтдаги ҳукмдорлар ёллаган турк жангчиларининг ҳарбий ёрдамига таянар эди. Аъёнлар орасида ҳам улкан сафарбарлик мавжуд эди. Айрим ноиблар вилоятлар орасида фаол алмаштириб турилган. Аббосийлар ҳокимиятга 750 йили келган бўлса, 751 йилда Талас дарёси бўйидаги машҳур жангда минтақани истило қилиш бўйича йирик олға силжишга эришади, улар қўшини ўша жойда Хитойнинг Тан империяси армиясига қарши жанг қилади (ёки иккала томон вакиллари бир-бирига қарши дурагай урушда кураш олиб боради).
Чекка ўлкадаги ўзликни танишми?
Шундай қилиб, Аббосийлар даврида Хуросон Тоҳаристон ва Трансоксания билан бирга қандайдир маъмурий макон сифатида ривожланади. Шу билан бирга, IX асрга келиб, ушбу вилоятларда мустақил сулолалар ҳам мавқеини мустаҳкамлаб олади. Биринчи навбатда келиб чиқишига кўра, арабий ва форсий бўлган Тоҳирийлар сулоласи аввалбошданоқ Аббосийлар ҳаракатига яқин ва Аббосийлар қўл остидаги Хуросонда барча муҳим лавозимларни эгаллаган эди. Энди уларга бутун минтақада автоном ноиблик ҳуқуқи берилди. Келиб чиқиши эронийлардан бўлган илк мусулмон сулоласини кейинчалик Сомонийлар сулоласи ҳокимиятдан четлатди.
Хуросон ва Трансоксанияда халифнинг ноиби сифатида ҳокимиятни қўлга олган Сомонийлар форс тутимларига қайтганини намойиш қилди. Айнан Сомонийлар даврида форс тили сарой ва давлат тили сифатида пайдо бўлди, “Шоҳнома” сингари асарлар вужудга келди ҳамда исломий-форсий ўзига хослик шакллана бошлади, яъни турли минтақаларни умумий сиёсий ва диний таниқлилик билан бирлаштирган араблар босқини ва Аббосийларнинг илк даври сабаб вақт ўтиши билан маданий ўзига хосликнинг янги тури вужудга келди. Сомонийлар форслар подшоҳлигининг эски ғоясига қайтмади, бироқ бир вақтда ҳам исломий, ҳам форсий бўлган янги нарса пайдо бўлди. Ўша янги нарсалар Бухородаги эски ҳокимият ўрнини эгаллайди ва уни пойтахтга айлантиради. Айни ҳол истило жараёнининг чўққиси бўлиб қолди ва Сомонийлар ўзларини Сомоний императорларнинг ворислари деб ҳис қиладиган бўлди.
Ҳауг китобида Сомонийлар империясида маҳаллий форслар билан янги туркий ҳарбий аъёнлар ўртасида рақобатни келтириб чиқарган туркийларнинг ҳарбий синфи ўсиб боришида ҳақида ҳам фикр юритади. Сомонийлар империясининг инқирози Ғазнавийларнинг юксалиши билан боғлиқ. Улар кейинчалик ҳозирги Афғонистонда ўз давлатини барпо қилди. Ниҳоят, даштдан келган ва исломни истило оқибатида эмас, мустақил, ихтиёри билан қабул қилган туркий Қорахонийлар сиқуви остида Сомонийлар тамоман ҳокимиятдан четлатилди. Улар Трансоксаниянинг ҳам ва Сомонийлар империясининг ҳам бир қисмини босиб олди. Шу тариқа Сомонийлар ҳукмронлигининг сўнгги даврида чегара чиндан ҳам бузилди. Орадан кўп ўтмай, ҳокимиятни салжуқлар эгаллади ҳамдан Эрон билан Ироққача ва дунёнинг бошқа жойларига ҳам етиб борди.
Империянинг тугаши, чегараларнинг тугаши
Сомонийлар даврига келиб, араб халифалари ҳокимияти номинал аҳволга тушиб қолган эди. Сомонийлар чиндан ҳам Бағдоднинг кўмагидан ўз тарғиботи мақсадида фойдаланиб, вақти-вақти билан бир оз хирож жўнатиб турар, бироқ изчил солиқ солишга ўхшаган нарса йўқ эди. Қорахонийлар пайдо бўлиши билан шарқий чегара Оксусга қайтди. Лекин бу маркази катта Эрон бўлган ва Марказий Осиё томон кенгайиб бораётган халифалик эмас эди. Бу энди даштдан келган ва жануб томон ҳаракатланаётган сиёсий конфедерациялар эди. Қорахонийлар билан Ғазнавийлар кейинчалик салжуқларга бўйсунади, бу эса чегара ҳаракати траекториясини бутунлай ўзгартириб юборади.
Натижада китобда, воқеаларга халифалик босқини ёки араблар билан форсларнинг рақобати сингари воқеаларга бинар – икки қисмдан иборат чарчава сифатида қараб, араб-ислом истилосининг соддалаштирилган ҳикоятига эҳтиёткорлик билан муносабатда бўлиш керак, деган катта хулосага келинди. Тарих Марказий Осиё сингари ичидан бўлиниб кетган, етиб бориш қийин бўлган ва бир-биридан узилиб қолган минтақаларда мураккаблашади. Шу билан бирга, турли-туманликка қарамай, ҳатто ат-Табарий сингари ўрта асрлар солномачилари ҳам ўша минтақаларни бир гуруҳга жамлашга мойил бўлган. Масалан, араб тарихчиси солномаларида турклар ҳақида ёзади, аслида эса эфталитларни назар тутган бўлади. Нима бўлганда ҳам, Марказий Осиёнинг ранг-баранглиги империя барпо этган ва ушбу минтақани ўз тизимларига интеграция қилишга интилган давлатлар олдида қийин муаммоларни туғдирган эди.
[1] Темир дарвоза – Ўзбекистоннинг Сурхондарё вилояти Бойсун туманидаги археология ёдгорлиги, унинг жойлашган ери тарихий Бақтрия – Тоҳаристон вилояти шимоли бўлган. Қадим замонларда Бақтрия билан Суғд вилоятлари ўртасидаги ўтиш жойи бўлган ва минтақадаги исталган ҳокимият учун муҳим аҳамиятга эга ҳисобланган. Бундай номланишига сабаб ўтиш жойида темир билан қопланган ҳақиқий дарвоза бўлган.
[2] Истерн (инглизча eastern – “шарққа оид”) – шўроларнинг воқеаси, асосан, жанубий республикаларда рўй берадиган саргузашт фильмлари. Ғарб кинотанқидчилари уларни мазахомукз тарзда “вестерн-карам шўрва” ёки “лапша-кино” деб атаган.