Муаллиф: Зайнаб Муҳаммад Дўст
Марказий Осиёдаги совет социалистик республикаларининг ташкил топиш тарихини ўрганиш ҳар доим – қизиқ жараён. Бунга Адриенна Эдгар Tribal Nation: The Making of Soviet Turkmenistan (“Қабила миллат: Совет Туркманистонининг ташкил топиши”, Princeton University Press, 2004) китобида шундай таъриф беради: “Марказий Осиё давлатлари тепадан пастга қараб қурилгани эмас, унинг меъмори бутун жаҳон йўқсиллар инқилобини мўлжаллаётган социалистик давлат бўлгани ҳайратланарлидир”.
Эдгарнинг фикрича, ушбу жараённинг Туркманистон билан боғлиқ жиҳати икки қисмдан иборат бўлган. Биринчиси – туркман миллатининг ташкил бўлиши, иккинчиси – социализм қурилиши. Эдгарнинг китобидан маълум бўлишича, туркманларнинг миллий идентитети – ўзига хослиги мана шу бир-биридан фарқ қилувчи икки омилнинг жадал ўзаро таъсирлашувидан ҳосил бўлди, туркманлар совет ғоялари, жумладан, тил ва ҳудудни ўзига хосликнинг унсурлари сифатида қабул қилган эди. Айни чоқда улар ҳеч қачон ўзининг шажара ва одатларга асосланган қабилавий мансублигидан воз кечган эмас. Аслида китобнинг номига олиб чиқилган сир ҳам шу: қабилалардан иборат миллат бўлиши мумкинми?
1-қисм. Миллатнинг ташкил бўлиши
Инқилобдан олдин Россиянинг Каспий орти вилоятида яшовчи туркман қабилалари аниқ-тиниқ риоя этилган ва олис мифологик аждодларга бориб тақалувчи шажара чизиқлари, турли шевалари ва безаклари билан ажралиб турган. Чорвадор кўчманчиларнинг аниқ белгилаб қўйилган ҳудуди ҳам, умумий сиёсий институтлари ҳам, ёзма маданияти ҳам, формал таълим тизими ҳам бўлмаган. Ҳар бир туркман қабиласи (ёвмидлар, такалар, салирлар, гўкланглар, эрсарилар ва б.) Ўғузнинг ўғилларидан бири билан боғлиқ бўлган ҳамда “ҳар бир қабиланинг шажараси, тарихи, афсона ва асотирлари, ҳатто муайян туркман шеваси, кийим тури ва гилам безаклари бўлган”. Айни чоқда “одат” қабила ҳуқуқи ҳаётнинг барча жабҳаларини бошқарган.
Эдгар таъкидича, бундай ҳолатда республиканинг ички бирлигини таъминлаш осон иш бўлмаган. Янги республика этник жиҳатдан бир хил аҳолидан иборат эмас эди, туркманлар миллион кишилик республиканинг 77 фоизга яқинини ташкил қилган. Қолганлар ўзбеклар, руслар, қозоқлар эди. Муаллиф айтишича, туркманларнинг шаҳарларда яшамаслиги совет модернизаторлари – янгиловчилари учун алоҳида муаммо туғдирар, чунки шаҳарларда, асосан, татарлар, руслар, ўзбеклар, арманилар ва эронилар истиқомат қилар эди. Китобда келтирилган маълумотларга кўра, 1923 йили Туркистон ва Хива шаҳарларидаги 943 701 кишининг 1000 дан камроғи туркманлар бўлган.
Шўролар даврида Марказий Осиёнинг бошқа аҳолиси сингари туркманлар ҳам муайян белгилаб берилган чегаралар ичидаги ички тафовутлар энг паст даражага туширилиши, (ўзбеклар, қирғизлар ва қозоқлар сингари) ташқи гуруҳлар билан ўртадаги тафовут эса таъкидлаб кўрсатилишидай жараёндан ўтишига тўғри келди. Эдгарнинг тадқиқоти тарихчи Роналд Суни ғояларини давом эттириб, Марказий Осиё республикаларини ташкил қилишда “бўлиб ол ва эгалик қил” принципи қўлланганини ёқловчи олимлар фикрига қарши чиқади. У ХХ асрнинг 20-йилларида чегараларни белгилаш “Москвадаги марказий советлар ҳокимияти билан Марказий Осиёдаги маҳаллий коммунистлар ўртасидаги” муроса натижасида “мавжуд бўлинишни институционаллаштирди ва мустаҳкамлади”, деган қатъий фикрни билдиради. Ёзишича, “ягона Туркистонга шаҳардаги зиёлиларнинг кичик гуруҳи қизиқиши билдираётган эди, уларнинг аксарияти кейинча Ўзбек совет республикасининг етакчи арбобларига айланди. Бошқа гуруҳларнинг етакчилари у қадар некбин бўлмаган ва Туркистон бирлиги ўзбекларнинг ҳукмронлигини англатишидан хавфсирар эди”. Туркманистонда давлатчиликка эга бўлиш истиқболини туркманларнинг увоққина ўрта синфи олқишлар, сабаби ўзининг лавозим пиллапояларидан кўтарилиш ва таълим олиш имкониятларини шу билан боғлар эди. 1924 йилги айрим мунозаралардан сўнг миллий территория – ҳудуд белгилаб олинди ва пойтахт Ашхобод шаҳри бўлди. Шу тариқа Марказий Осиёнинг бошқа республикаларидан фарқли равишда нисбатан оз қийинчиликлар билан деярли моноэтник давлат ташкил топди.
Этник муносабатлар кескинлиги
Совет ҳокимияти чор Россияси маъмуриятидан ажралиб туришга интилар экан, олдига миллий элитани маҳаллийлаштириш ва яратишни мақсад қилиб қўйган эди. Совет ҳукуматининг саъй-ҳаракатлари рус бўлмаган халқларнинг ўз тақдирини ўзи белгилаш ва маданий мухториятга интилишларини қўллаб-қувватлашга қаратилган эди. Аммо бу ўта мураккаб вазифа бўлиб чиқди. Кўплаб туркманлар саводсиз бўлгани учун билимларни оғзаки ўргатиш анъанасини маъқул кўрар эди, дея таъкидлайди тарихчи: “Фақат бутун республика бўйлаб совет мактабларининг ёйилиши совет режими учун потенциал ходимларнинг йирик захирасини тайёрлаши мумкин эди”.
Қишлоқларда истиқомат қилаётган туркманларнинг шаҳар ҳаёти, саводхонлик дарсларида қатнашишга мослашишига, асосан, рус тилида юритиладиган бюрократик ижтимоий ишларга кўникишига тўғри келди. Туркманлар ягона миллат сифатида оёққа тура боргани сари улар билан Туркманистон коммунистик партияси ичидаги европаликларга мансуб коммунистлар ўртасидаги келишмовчиликлар авж ола бошлади. Эдгар таъкидича, муносабатларда юзага келган танглик туркманлар гуруҳининг ўзини ўзи англаши ва ўзига ишонч ортиб бораётгани билан боғлиқ эди: “Агар Туркманистон Республикаси ташкил этилгунга қадар туркман компартиясининг айрим аъзолари Марказий Осиёдаги бошқа этник гуруҳлардан (масалан, ўзбеклардан) ҳимояланиш учун келиб чиқиши европалик бўлган коммунистларга таянган бўлса, чегаралар белгилаб олингандан сўнг туркман амалдорлари иш ўринлари ва сиёсий ҳокимият учун курашда европаликлар билан рақобатлашадиган бўлди”. Иккала томон ҳам ўзини жабрдийда деб ҳисоблар эди: руслар қўлидан иш келмайдиган туркманларнинг юқори лавозимларга илгари сурилаётганидан норози бўлган бўлса, туркманлар янги ватанида ўзини эга ҳис этмаётган эди, чунки ҳақиқий ҳокимият европаликлар миллатига мансуб кишилар қўлида қолаётган, улар социалистик замонавийлик (modernity) ва (қабила одатлари, диний маросимлар, саводсизлик, аёлларга зулм қилиш сингари) “қолоқлик”ка барҳам беришни талаб қилаётган эди. Улар ўзини республикасида иккинчи нав одам сифатида муносабат қилинаётгандай ҳис қилиши норозиликларни келтириб чиқарди ва туркманларнинг ўзини ягона миллат сифатида таниб олишини кучайтирди.
Можарога йўл бермаслик учун ҳокимият идоралари устувор вазифаларни ўзгартириш ва маҳаллийлаштириш сиёсатидан воз кечишга қарор қилди. Бундан ташқари, “20-йилларда ҳокимият буюк рус шовинизмини компартия миллий сиёсатининг асосий душмани деб ҳисоблаган бўлса, 1934 йилда Сталин “маҳаллий миллатчилик” “буюк давлатчилик шовинизми”дан кам зарарли эмаслигини айтиб, ўз позициясини ўзгартирди.
Адабий тил яратиш
Эдгар китобининг алоҳида бобини туркман адабий тили яратилиши ва 20-йиллардаги шевадан асосий тил сифатида қандай фойдаланиш мумкинлиги хусусидаги мунозараларга бағишлайди. Китобда туркманлар аввалбошданоқ Усмонлилар туркчасини қабул қилгиси келмагани ва туркманча алоҳида тил сифатида қабул қилинишини истагани ҳикоя қилинади. Вазифа туркман тилининг турли шеваларини ягона адабий тилга бирлаштириш ва шу тариқа тилни Туркманистондаги идентитет омилига айлантиришдан иборат эди.
1936 йилдаги тил масалаларига бағишланган конгрессда тил сиёсатини марказлаштириш тўғрисида узил-кесил қарор қабул қилинди. Туркманистон матбуотида эндигина қизий бошлаган тил ҳақидаги мунозаралар тўхтатилди ва “Москва кўрсатиб берган барча топшириқларни қулоқ қоқмай бажариш”га киришилди. Туркман тили рус тилига яқин ва синфий мазмунга эга “тараққийпрарварлик” аломатлари бўлган варианти адабий тилга айланди. Оқибатда тил сиёсатининг бундай марказлашуви, шунингдек, қатағонлар ва “туркман тилшунослиги асосчиларининг обрўсизлантирилиши 1940 йилда марказлаштирилган тилга ва кирилл алифбосининг деярли бир овоздан қабул қилинишига йўл очиб берди”.
Социализм қурилиши – II қисм
Эдгар китобининг иккинчи қисмида социалистик жамият қурилиши, жумладан, “синфий тафовутлар”ни енгиб ўтиш ҳамда ер ислоҳоти ва коллективлаштиришни ўтказиш борасидаги саъй-ҳаракатлар батафсил ёритиб берилади.
Синфий кураш большевиклар олдида турган алоҳида вазифа эди. Молларни яйловда боқиш, яна энг муҳими, сувдан фойдаланиш уруғ-аймоқчилик ва қабиланинг жамоа мулки бўлиб, рўзғорларга вақтинчалик фойдаланиш учун бериладиган эгалитар[1] кўчманчилик маданиятида етакчилар ўзаро муроса асосида сайланган. Бойлик ёки камбағалликни поданинг кўп-озлиги, об-ҳаво шароити ва қўшнилар билан муносабатлар белгилаган, чунки уларнинг босқини хўжаликларни тез орада хонавайрон қилиши мумкин эди. Ушбу синфлар бўлмаган жамиятда ер билан сувдан фойдаланиш имконияти чекланган қуйи синф мавжуд бўлиб, у, асосан, курдлар, форслар ва белужлар каби енгилган қабила ва кам сонли элатлар вакилларидан иборат бўлган. Аммо шўролар ҳокимияти уруғ-аймоқчиликка асосланган анъанавий синфсиз тизимга тоқат қилмагани учун ҳам йўқ қилиниши керак бўлган синфий душманлар ва “қулоқлар”га қарши кураш олиб борган эди.
Бу жуда мушкул бўлди, чунки синфлар эмас, шажараси бир қабилалар аҳоли ҳаёт тарзини ташкил этувчи бирламчи тузилма эди. Қабилачилик тартибини бузиб ташлаб, ўрнига режим назорати остида қашшоқ деҳқонлар синфини яратишга уринган большевиклар “қабилалар паритети” (tribal parity) сиёсати орқали барча қабилаларни ўз тарафига оғдириб олиш пайида бўлди, дея тушунтиради Эдгар. Аммо ушбу зиддиятли чоралар большевиклар қарши курашган унсурлар кучайишига хизмат қилди.
Эдгар 1925 – 1926 йилларда амалга оширилган ер-сув ислоҳоти, коллективлаштириш ва бунинг қишлоқ жойларда норозиликларга сабаб бўлганига алоҳида эътибор қаратади. Ҳокимиятни эгаллаб турган ва таъсир кучига эга бўлган туркманлар фермер ёки деҳқон сифатида қайддан ўтиб, жон сақлади, ер ислоҳоти бўйича комиссиялар аъзолари етакчи қабилалар вакиллари бўлмиш оқсоқоллардан иборат эди. Улар ер ислоҳотини чиппакка чиқариш учун қўлидан келган ҳамма ишни қилар, айрим жойларда бунақа ислоҳотлар фақат номига ўтказилар эди. Оила бошлиқлари қулоқ бўлишдан қочиб, мулкини ўғиллари ва бошқа қариндошлари ўртасида бўлиб берар эди.[2]
1930 – 1931 йилларда “қулоқлар”ни йўқ қилиш ва “эсплуататорлар”ни фош этиш кампанияси ўтказилаётган пайт синфий кураш олиб бориш соҳасидаги саъй-ҳаракатлар энг авж палласига кирди. 1931 йил баҳорида ушбу зўравонлик сиёсати, айниқса, кўчманчилар яшайдиган узоқ ҳудудларда оммавий қўзғолонларга айланиб кетди. Эдгар ёзишича, туркман чорвадорлари жамоа хўжаликларини талаб, ўт қўйди, кўплаб туркман қабилалари подасини олдига солиб, қўша Афғонистонга кўчиб ўтди.[3]
Натижада маҳаллий аҳоли тегишли риторика – гаплашиш оҳангини ўзлаштириб олди: “туркман жамоатлари синфий иттифоқчилар ва душманлар ўрнига «иг» (ig) ва «гул»га (gul),[4] босқинчилар ва босиб олинганларга – етакчи қабилалар ва “келгинди” қабилаларга бўлинадиган бўлди”. Эдгар хулоса қилишича, туркман жамиятида уруғ-аймоқчилик синфга энг яқин тушунча бўлган, шунинг учун унга қарши курашиб, бошқа нарсани тиқиштириш деярли мумкин бўлмаган нарса эди, деган хулосага келади.
Колхозга – жамоа хўжалигига кириш – ихтиёрий иш эмас
Эдгар туркманлар “модернизация”нинг бир қисми сифатида зўрлаб коллективлаштирилганини баён қилади: “1931 йилдаги қўзғолонга шўролар ҳокимияти 1929 – 1930 йилларда коллективлаштириш учун ўтказган кампания сабаб бўлган эди”. Ушбу зўравонлик авж олиб кетиши Совет Иттифоқидаги энг оғир муаммолардан бири бўлди ва қишлоқ аҳолиси шўролар ташаббусларига ишонмаслигини кўрсатиб берди. Коллективлаштириш қишлоқ аҳолисини озиқ-овқат экинлари ўрнига пахта экишга мажбурлаш кампанияси билан бирга олиб борилди. Марказий Осиё саноати (шўроларнинг, одамларни эксплуатация қилиш чор Россиясининг мақсади бўлган эди, деган сафсатасига қарамай) ривожланган Совет иқтисодиётининг хом ашё манбасилигича қолаверди. Халқ норозилигининг иқтисодий сабаблари ҳам бор эди. Масалан, фермерлар ҳосил олиш учун яхшироқ шароит талаб қилаётган ва уй ҳайвонлари тортиб олинишига норозилик билдираётган эди[5]. Улар бунга эриша олмагандан сўнг Эрон ва Афғонистонга кўчиб кетди. Аммо қаршилик кўрсатиш шўролар ҳокимияти сиёсатини ўзгартира олмади, шу билан бирга, деҳқонлар ва кўчманчиларнинг хатти-ҳаракатлари уни муайян енгиллаштирувчи чоралар кўришга мажбур этди. Қабилалар эмиграцияси чегара бўйидаги ҳудудларда ён беришларга сабаб бўлди, кўчманчиларнинг фаол қаршилиги эса ҳокимиятни хўжалик юритишнинг ерга бирга ишлов бериш ширкатлари деб ном олган эркинроқ кўринишларини жорий этишга мажбур қилди.
Бундан ташқари, коллективлаштирилган уй ҳайвонларини эгаларига қайтаришга қарор қилган режим ими-жимида туркман чорвадорларига коллективлаштиришдан олдинги ҳаёт тарзига қайтиб яшашга изн берган эди.
Ўранмаганлар эмансипацияси[6]
Туркманистонда аёллар эмансипацияси ҳам қийинчиликлар туғдирди. Кўчманчи туркман аёллар паранжи ёпинмаётган эди, лекин ҳокимият идоралари яшмақ – рўмолга, шунингдек, анъанавий никоҳ амалиётларига ёпишишга қарор қилди, одатда яшмақ ўраган туркман аёллари қариндошлари олдида у билан юзининг пастки қисмини бекитиб юради.
“Аёллар масаласи”нинг мақсади оилавий муносабатларни ислоҳ қилиш эди. У янги социалистик жамият қуриш учун яна бир зарур чора бўлди. Эмансипация сиёсати ер ислоҳоти ва қабилаларга нисбатан сиёсат билан бирга туркман оиласи ва жамоатининг янги ҳаётини кашф этиши лозим эди. Бироқ ягона туркман тилини ва алоҳида ҳудудинини яратиш сингари шўролар ташаббуслари ижобий қабул қилинган бўлса-да, гендер сиёсати туркманларнинг кескин қаршилигига дуч келди. Туркман аёлларига хоҳишига кўра эрларидан ажрашишга рухсат берилгани норозилик билан кутиб олинди. Айниқса, қашшоқ деҳқонлар кўпроқ норози бўлди, ваҳолонки, режим социализм қуришда уларнинг кўмагига умид боғлаётган эди.[7] Оқибатда ҳокимият ислоҳотга тузатиш киритишга мажбур бўлди – аёлнинг ихтиёри билан эр-хотин ажрашиши бас қилиниб, ажрашиш билан боғлиқ ишлар судга ошириладиган бўлди.
Мафкура соҳасидаги ишлар ҳам силлиқ кечмаётган эди. Масалан, аёллар эмансипацияга бағишланган мажлисларда қатнашишни ёқламас ва буни беҳуда вақт сарфлаш деб ҳисоблар эди. Лекин ҳокимият мажбурлаш усулини қўллар, аёлларни йиғинларга келишга, эрларини эса умр йўлдошининг мажлисда қатнашишини таъминлашга мажбур қилар эди.[8] Пировардида, дея таъкидлайди Эдгар, ҳокимият аёлларни сафарбар қилишнинг энг яхши йўли янги авлод қизлари онгига шўролар ғояларини сингдириши эканини тан олди: “20 – 30 йилларда Совет давлати аёлларнинг янги авлодини сафарбар қила бошлади, улар оналари ва бувиларидан фарқли ўлароқ, олий маълумот олиш, давлат хизматлари пиллапояларидан кўтарилиши ва шўролар берган бошқа имкониятларга эга бўлишдан фойдалана бошлади”.
Шўроларнинг урф-одатларга ҳужуми табиати қандай, бу чин маънодаги мустамлакачиликмиди? – деган савол қўяди Эдгар. Европалик бўлмаган аҳолининг европалик ҳукмдорларидан фарқли ўлароқ, шўролар аёлларни таълим олиш, ишлаш ва сиёсий жиҳатдан фаол бўлишга сафарбар қилишга ҳаракат қилди, коммунистлар аёлларни Россиянинг ўзида ҳам озод этишга интилди, дея таъкидлайди у. Совет ҳокимияти бу билан модернизация лойиҳаси сифатида гендер бўйича ислоҳот ўтказган Мустафо Камол Отатурк Туркиясини эсга солар эди. Бироқ, Эдгар изоҳ беришича, “Туркияда ислоҳот муваффақият қозонди, чунки аёл мақомини ўзгартириш мустамлакачиларга хос мажбурлаш йўли билан эмас, замонавий миллий давлатни мустаҳкамлаш билан бирга олиб борилган эди”. Муаллиф фикрича, шўроларнинг маҳаллий тутимларга ёт табиати туркманларни аёллар эмансипацияси уларнинг миллат сифатидаги келажаги учун зарур эканига ишонтира олмади.
Хулоса
Шўролар бошқаруви туркманларга аниқ белгиб берилган ҳудуд ва тил, улар билан бирга умумий ўзига хослик ривожланишини туҳфа этди. Бироқ ҳудуд билан тил туркманлар учун биринчи даражали тушунчалар эмас эди. Туркманларнинг ўзига хослиги биринчи навбатда шажара ва урф-одатлар билан боғлиқ эди, шу сабаб уларнинг халқ ҳаётидаги ўрни шўролар даврида ҳам, ундан сўнг ҳам сақланиб қолди. Бу “одат”га таҳдид қилган ҳар бир нарсага душман кўзи билан қаралганини тушуниб олишга имкон беради. Гендер аҳамияти ўзгаришига муносабат ҳам шундай бўлган. Гялинг (қалин), гудалик (болаларни унаштириб қўйиш), гяршлик (келин алмашув) ва б. одатлар тақиқ қўйилганига қарамай, сақланиб қолаверди, бунинг фақат руслашган туркманларга алоқаси йўқ эди.[9]
Совет давлати кўплаб рус бўлмаган камсонли этник гуруҳлар орасида миллий ўзликни англаш ва давлатчилик шаклланишига кўмак бериб турди. Лекин қизиғи шундаки, янги Туркманистон давлати Совет ҳокимиятини танқид қилар экан, миллатчиликни олға суриш баробарида ўша шўроларнинг усул ва сафсатабозлигини қўлламоқда. Миллатчилик билан социализм қурилиши бир-бирига зид бўлган шўролар давридан фарқли ўлароқ, янги даврдаги Туркманистонда бунақа зиддиятнинг ўзи йўқ, дея таъкидлайди Эдгар.
“Қабила миллат” Совет Туркманистони ҳақида Ғарбда чоп этилган илк китоб. У Россиядаги тадқиқотлардан фарқли равишда кўп миллатли Совет давлати тадқиқотига бошқа нуқтаи назардан ёндашувчи унчалик кўп бўлмаган илмий ишларнинг биридир. Совет Иттифоқининг жуда кам ўрганилган минтақаларидан бирида шўролар миллий сиёсатининг амалга оширилишини тадқиқ қилган муаллиф ХХ асрдаги миллатчилик ва мустамлакачилик ҳақида қамрови кенгроқ саволларни ўртага ташлайди.
______________________________________________________________________________________________________________________________________________
[1] Эгалитаризм ( французча “galitarisme”, “égalité” “тенглик” сўзидан) – жамиятнинг барча аъзолари учун тенг сиёсий, иқтисодий ва ҳуқуқий имкониятлар берилишини кўзда тутувчи концепция.
[2] Оқибатда Мары вилоятидаги уй хўжаликлари сони бир кечада 18 683 тадан 24 134 тагача ортиб кетди.
[3] Айни ҳолат шўролар ҳукуматининг кўчманчиларга бўлган муносабатига таъсир кўрсатди. Агар 1928 йилга қадар шўролар кўчманчилар осонликча советлаштирилишини тахмин қилиб, уларнинг тенглик ва эркинликка интилишини олқишлаган бўлса, вақт ўтиши билан уларга совет тузумига қарши одамлар сифатида қараладиган бўлди. Айнан ҳаракатчанлиги ва “советлаштириш”га қаршилиги сабаб кўчманчилар “йўқ қилиниши” керак бўлган қулоқларга ва “меҳнат қилишни ёқтирмайдиган дангасалар”га тенглаштириладиган бўлди.
[4] Иг «тоза қонлилар»ни, “гул” эса “қул”ни англатади.
[5] Норозилик оммавий бўлгани учун намойишларда аёллар ҳам қатнашаётган эди. Эдгар айтишича, 1039 йил 4 мартда Бешир деган жойда бўлиб ўтган норозилик тадбирида 800 киши қатнашди ва маршда аёллар етакчилик қилди. Улар жамоа хўжаликларини тарқатиб юбориш ва европаликларни ҳайдаб солишни талаб этган эди. Гёктепадаги норозиликлар намойишларига аёллар уй ҳавонлари тортиб олингани учун фазандлари оч қолаётганидан шикоят қилиб чиққан эди.
[6] Эмансипация (лотинча emancipatio) – турли ижтимоий қарамликлардан, масалан, болаларнинг ота-оналардан, аёлларнинг эркаклардан қарамлигидан воз кечиш, чекловларга барҳам бериш, тенг ҳуқуқ ва мажбуриятлар олиш.
[7] Бу айрим аёллар бойроқ кишиларга тегиш учун қашшоқ эри билан ажрашаётгани билан боғлиқ эди. Норозилик жуда кучли бўлгани сабаб маҳаллий амалдорлар қўзғолон кўтарилиши мумкинлигидан огоҳлантира бошлади.
[8] Шунга қарамасдан, малака ошириш аёлларга маъқул тушган, чунки бундай сабоқлар оилаларга даромад олишга имкон бераётган эди. Аёлларнинг гилам тўқиши туркман оиласига 30 фоиз ва ундан юқори даромад келтираётган эди.
[9] Муаллиф яна қайд этишича, таълим бериш ва иш билан таъминлашни яхшилаш анъанавий оила ҳаётини йўқ қилишга боғлиқ эмас эди.