Суратда: Ефим Резван
“Ўзбекистоннинг 114 Қуръони” рисоласини яратиш мақсадида юртимизга ташриф буюрган Ефим Резван Ўзбекистон Фанлар академияси Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институти қўлёзмалар фондида тадқиқот ишларини олиб борди. UzAnalytics сайтининг мухбири россиялик қуръоншунос билан суҳбатлашди.
Ефим Резван – Россия Фанлар академияси Антропология ва Этнография музейининг Ислом тадқиқотлари маркази раҳбари, “Manuscripta Orientalia” халқаро илмий журнали бош муҳаррири, тарих фанлари доктори, арабшунос, исломшунос, Санкт-Петербург университети профессори. Рус, инглиз, араб, француз, немис, япон, итальян, ўзбек, фин, форс, украин, татар ва бошқа тиллардаги 300 дан ортиқ илмий рисолалар (15 та монография ва кўргазмали каталоглар серияси) муаллифи. “Қуръоний этнография” илмий йўналишининг асосчиси ва раҳбари. “Собиқ Россия империяси ҳудудида Ислом” лойиҳаси учун Осиё мусулмонлари қўмитаси мукофоти соҳиби (Тошкент, 1998).
– Жаноб Резван, сизнинг Ўзбекистонга айни ташрифингиздан кўзланган мақсад нима? Нималар устида иш олиб бормоқдасиз?
– Мен ҳозир ёш шогирдим, тарих фанлари номзоди Анна Кудрявцева билан биргаликда “Ўзбекистоннинг 114 Қуръони” номли китоб устида иш олиб боряпман. Бу ғояни Ўзбекистоннинг маданий мероси лойиҳаси раҳбари, яқин дўстимиз Фирдавс Абдухолиқов билан ишлаб чиққанмиз. Санкт-Петербургдаги суҳбатларимиздан бирида мен унга Қуръоннинг турли қўлёзмалари ҳақида чоп этилган китобларимни кўрсатдим. У шунда Ўзбекистондаги Қуръонлар ҳақида китоб ёзиш таклифини илгари сурди. Қуръондаги 114 та сурадан келиб чиққан ҳолда юқоридаги номни танладик. Ҳар бир сура ҳақида гап кетганда алоҳида бир Қуръон қўлёзма нусхаси, унинг тарихи, ҳозиргача босиб ўтган йўли, хаттотлари ҳақида ҳикоя қилинади. Натижада Ўзбекистон билан боғлиқ Қуръоннинг 114 та ноёб нусхаси ҳақидаги ҳикоялар орқали мамлакат тарихи, маданияти намоён бўлади. Иш кўлами жуда катта, ўта мураккаб. Мана кўрдингиз, биз мавжуд Қуръонларнинг ҳар бир саҳифасини синчиклаб ўрганиб чиқмоқдамиз. Ўзбекистон Фанлар академиясининг Абу Райхон Беруний номидаги Шарқшунослик институти қўлёзмалар фондидаги Қуръони карим нусхаларини ўрганиб, бизни қизиқтирган саҳифаларни институт ходимлари ёрдамида сканер қилиб олмоқдамиз. Умид қиламанки, йил охирига бориб китоб тайёр бўлади.
Ўзбекистон билан боғлиқ бўлган ва ҳозир хорижда сақланаётган Қуръон нусхаларини мен ўрганиб чиқдим ва улар ҳақида ёзиб бўлдим. Ижозат берсангиз, бир қизиқ тарихни сўзлаб берсам.
Мени Хитойнинг энг қадимги Қуръон қўлёзмаси ҳақидаги хабар қизиқтириб қолди. У ерга боришга қарор қилдим. Бу жуда мураккаб кечди. Хитой ижтимоий фанлар академияси билан шартномамиз борлиги бунда қўл келди. Бевосита у ердаги Қуръон тарихига ўтадиган бўлсак, қўлёзмани Самарқанддан келтиришган экан. Уни олиб келган инсонларнинг авлодлари ҳозир Тибет яқинида яшашади. Улар туркийларнинг солор уруғига мансуб. Амир Темур ва темурийлар даврида солорлар Буюк Ипак йўлининг қўриқчилари бўлишган. Уларнинг қариндошлари бутун Ипак йўли бўйлаб тарқалишган. Яъни, карвонлар хавфсизлигини таъминлаб берганлар. Амир Темур ўлимидан сўнг бошланган талотўп даврлардан бирида Самарқандда яшайдиган икки ака-ука хавфсиз жой излаб Хитой томонга йўл олишади. Ривоятларга кўра, улар ватанидан чиқишида Самарқанднинг тупроғи, суви ва Қуръон қўлёзмасини олиб чиққанлар. Улар ўзлари тўхтаган жойларида ўша ернинг суви ва тупроғини Самарқандники билан солиштириб, ўлчаб борганлар. Шундай қилиб Тибет тоғларининг тагига етгандагина Самарқанднинг тупроғи ва сувига мос ерни топиб жойлашиб қолганлар.
– Бу қайси даврларга тўғри келади?
– Бу 14-15 асрлардаги воқеалар. Ушбу ривоятнинг тилдан тилга кўчиб, яхши сақланаётганининг сабаби бор экан. Ҳозир ҳам Тибет солорлари ўзларининг тўйларида ўзига хос саҳналаштирилган томошалар қўйишар экан. Унда икки ака-уканинг оқ туяларда Самарқанддан қандай чиқиб кетгани, Тибетга қадар йўлдаги қийинчиликлар акс этган. Самарқанднинг суви, тупроғи ва Қуръонни олиб келган шу икки ака-уканинг авлодлари бугун икки юз минг кишидан ортади. Тибет тоғида яшайдиган бу халқ ўзининг Ўзбекистонга боғлиқлиги, Самарқандга боғлиқлиги, тарихини асраб қолишидаги асосий куч, манба айнан Қуръондир. Ушбу Қуръон қўлёзмаси Хитой ҳудудидаги энг қадимгиси сифатида қайд этилган. Биз шунга ўхшаш тарихларни, воқеаларни излаймиз. Унда инсон тақдири, халқ, миллат, мамлакат тарихи акс этган бўлади. Қуръонни диққат билан ўқисангиз ундаги маънолар теранлигига гувоҳ бўлаверасиз.
Тўғри, дунёдаги барча Қуръонлар бир хил, ҳарфигача ўзгармайди. Лекин, ҳар бир қўлёзманинг ўз тарихи бор. Унинг хошиясидаги майда ёзувларда, китобнинг аввали, охирги саҳифаларида, тафсирларида жуда кўп маълумотлар мавжуд. Мутахассис учун бу улкан манба ва ўта мураккаб иш. Ҳар куни эрталаб соат 9 да кечки 5 га қадар кунига 7-8 Қуръон қўлёзмасини кўздан кечириб чиқмоқдамиз. Ҳар бир саҳифани синчиклаб ўрганамиз, бирорта ёзув қолиб кетмаслиги керак. Бу тарих, бу муҳим манба.
– Қуръони Каримнинг тили ҳақида. Араблар айтишадики, Маҳмуд Замахшарий уларга ўз тилини қайтариб берди. Яъни, тилшунослик қоидаларида катта кашфиётлар қилди. Бугун дунёда 25 дан ортиқ араб тилли давлатлар бор. Лекин, уларнинг ҳар бири турли шеваларда гаплашади. Қуръон эса ягона, яъни, барча учун асос бўлган араб тилида…
– Биласизми, илк Ислом даврларида одамлар Қуръонни фақат оғзаки ёдлашган. Улар орасида ёзишни биладиганлари бўлса ҳам, уни ёзишга ботинмаган, сабаби хато қилиб қўйишдан қўрққанлар. Чунки, илгари араб ёзувида нуқталар бўлмаган. Масалан, учта ундош ҳарфни бирлаштирсангиз бир сўз ёзилади. Уни эса бир неча хил талаффуз қилиш мумкин ва маънолар ҳам ўзгариб кетади. Араб тилида ўқишдан олдин, авваламбор, ўша сўзнинг гапдаги маъносини тушуниш керак. Бундан ташқари, Қуръон тилида вергуллар, тиниш белгилари йўқ бўлган. Рус тилидаги “Казнить нельзя помиловать” ибораси сингари. Ҳозир махсус белгилар борки, бу ўқувчининг ишини осонлаштиради. Узоқ йиллар давомида араб грамматикасида ўзгаришлар бўлди ва тилшуносларнинг барчаси Қуръонни тўғри ўқиш ва ёзишга эътибор қаратишди. Биринчи тилшунослардан бири бўлган Сибавайҳнинг иши катта аҳамиятга эга. Бугунги кунга келиб араб адабий тили ва шевалар шаклланди. Шевалар шу қадар бир-биридан фарқлики, саводсиз ироқлик ливиялик саводсиз киши билан гаплашганда бири-бирини тушунмайди. Ҳолбуки, иккаласи ҳам араб тилида сўзлашади. Қизиқарли ҳаётий фактни айтишим мумкин – менинг бир врач дўстим Ливияда арабларга араб тилидан таржимонлик қиларди. Араб адабий тилининг асосида Қуръон тили ётади. Кейинчалик, мисрлик машҳур ёзувчи Нажиб Маҳфуз араб тилига катта таъсир кўрсатди. У ўз романларини, ҳикояларини содда тилда, халқ фойдаланадиган сўзлар асосида ёзди. Лекин, унинг грамматикаси асосида мумтоз араб тили ётади. Асарлари орқали Нажиб Маҳфузнинг араб тили жуда оммалашди. Бугун араб дунёсида телевидение, радио, кино айни тилни адабий деб тан олади.
– Ўзбекистонда Ислом маданиятини асраб авайлаш ва уни ривожлантириш борасида қилинаётган ишларни қандай баҳолайсиз?
– Биласизми, Қатарда Ислом маданияти музейи мавжуд. Унинг қурилишига жуда катта маблағ сарфланган. Дунёнинг турли ҳудудларидан нодир намуналар келтирилган. У ерда жаҳондаги Ислом ҳақида маълумотга эга бўлишингиз мумкин, лекин, Қатар ҳақида ҳеч нарса йўқ. Ўзбекистонда маданий меросни асраш бўйича қилинаётган ишлар эса ниҳоятда кенг кўламли. Асрлар давомида бу юртдан буюк алломалар етишиб чиққан. Буюк Ипак йўлининг чорраҳасида жойлашган ва тарихий шаҳарларда маданиятлар шаклланган. Дунёдаги барча янгиликлар, ахборотлар айни йўлни назорат қилувчилар орқали ўтган. Яъни, ушбу замин соҳибларида бўлган. Ислом маданияти ҳам айнан шу ерга келиб гуллаб-яшнади. Ўзбекистон замини билан бевосита боғлиқ Ислом маданияти эса жуда бой. Бугун дунё олимлари учун юртингиз жуда қизиқарли манба саналади. Биз ҳам бу ерда тадқиқотлар олиб боряпмиз. Бунинг учун бизга шароитлар яратиб бераётган инсонларга катта раҳмат. Биз билан бирга ишлаётган маҳаллий ёш олимлар учун ҳам жуда катта тажриба бўляпти.
– Сиз қуръоншуноссиз ва сизнинг Тошкентда сақланаётган Усмон Қуръони ҳақидаги фикрларингиз, маълумотларингиз биз учун қизиқ…
– Манбаларга кўра, Халифа Усмон даврида улкан мусулмонлар мамлакати вужудга келди. Дунёнинг турли халқлари ислом динини қабул қилди. Ўша пайтда ўзига хос фуқаролар уруши ҳам кетаётганди. Қуръон – яъни, исломнинг бош манбаси турли саҳифаларга ёзиб олинганди, холос. Яъни, уларда сураларнинг тартиби ҳам мавжуд эмасди. Қуръонни ёд билган одамлар бор эди. Ғоявий жиҳатдан икки томон бир-бири билан урушаётганди. Худо кўрсатмасин, агар икки томонда икки хил шаклда Қуръон бўлиб қолса! Шу пайтда Қуръонни тўплаш ва тартиблашга талаб пайдо бўлди. Халифа Усмоннинг фармонига биноан бир неча нусхада Қуръони Карим китоб шаклига келтирилиб вилоятлар пойтахтларига жўнатилди. Кунлардан бир кун Халифа Усмон ана шу китоблардан бирини ўқиб ўтирган пайтида исёнчилардан бири унинг хонасига бостириб кириб қатл этади. Шунда унинг қони Қуръон саҳифаларига тўкилади.
Биласизми, мусулмонларда иккита ҳукмдорлик белгиси мавжуд. Бири – Қуръони карим ва иккинчиси пайғамбар (Муҳаммад САВ)нинг ҳирқаси. Агарда тож, тахт ёки бошқа бирор махсус ашё эгаси мамлакатни бошқарса, Қуръон ва ҳирқага эга бўлганлар мусулмонларни бошқарган. Ўша илк даврларда ёзиб тартибланган Қуръон китоблари Усмон Қуръони деб аталади. Бугунги кунда улар камида бешта. Улардан иккитаси эса Ўзбекистон билан боғлиқ ва бу ҳақда ўз китобимизда батафсил ёзамиз. Биринчиси – Самарқанд куфий Қуръони. Уни мамлуклар султони Олтин Ўрда хонига тортиқ қилиб Сарой шаҳрига жўнатган. Бу билан Эронга қарши Олтин Ўрданинг иттифоқчилигига эришган. Кейин эса Амир Темур Олтин Ўрдани фатҳ этиб ўлжа сифатида ушбу китобни Самарқандга келтирган. Усмон Мусҳафи бу ерда XIX асргача сақланган. Кейин уни Туркистон генерал-губернатори фон Кауфман сотиб олиб Петербургдаги кутубхонага топширган. У ерда рус олимлари уни ўрганишган. 1905 йилда Россиянинг Шарққа дипломатик совғаси сифатида топшириш учун Усмон Қуръонини 50 та нусхада кўпайтирганлар. Инқилобдан сўнг, 1918 йилда Ленин Қуръонни мусулмонларга қайтариш ҳақида буйруқ берди. У қайтарилди, лекин, музейга. Мустақилликдан сўнг ушбу Қуръон Ўзбекистон мусулмонлар идораси ихтиёрига берилди.
Иккинчи қўлёзманинг тарихи эса бошқача. Бу китоб ҳам ўша даврларда битилган. Яъни, ҳижрий иккинчи аср бошларида. Бу VIII аср бошларига тўғри келади. Уни асли ўмонлик бўлган кишилар китобат қилишган. Кейинчалик уларнинг қабиласи турли юртларга кўчиб юрган. Шом, Ироқ, Эрон, ҳозирги Афғонистон ҳудудларига кўчишган. XV-XVI асрларда уларнинг қабиласини Қашқадарё яқинига (Катта Лангар қишлоғига) кўчиришади. Улар китобни бу ерга олиб келишган. Уларни маҳаллий халқ қабул қилишлари учун Қуръон китобини ва пайғамбарнинг ҳирқасини Ишқия тариқати шайхига совға қилишади. Ўша даврларда Ўзбек хонлари ва Темурийлар ўртасида урушлар кетаётганди. Ўзбек хонларини Ишқия тариқати шайхлари қўллаб-қувватлаган бўлса, Темурийларни Нақшбандий шайхлари қўллаб-қувватлаган. Темурийларда Усмон Қуръони бўлса, Ишқияда эса араблар олиб келган юқорида зикр этилган Қуръон бўлган.
XIX аср охирида бир рус зобити унинг (Катта Лангар Қуръони) саҳифаларини сотиб олиб асли ливанлик бўлган рус дипломатига сотади. Мазкур дипломатнинг қиз невараси Қуръон саҳифаларини Ленинграддаги Шарқшунослик институтига олиб келади. Академик Крачковский, устозимнинг устози, жуда зукко одам бўлган, сотишга олиб келинган саҳифаларни синчиклаб ўрганиб унинг ҳошиясидаги қўлёзмаларни ўқийди. Унда дипломатнинг номи ёзилганди. Агарда ўша даврда бу ошкор бўлса, оқибати жуда ёмон бўлган. Шундай бўлсада, Крачковский қизни ошкор қилмайди ва Қуръон саҳифаларини катта пулга сотиб олади. Мен ушбу саҳифаларни кўрганим ва улар устида ишлаганимдан бахтиёрман. Уларнинг иккинчи қисмини Ўзбекистонда, Қашқадарёдаги Катта Лангар қишлоғида топдик. 1970-йилларда Катта Лангар Қуръонининг жуда кўп саҳифалари КГБ (Давлат хавфсизлик қўмитаси) томонидан мусодара қилинган. Аммо, ўша пайтда маҳаллий аҳоли вакиллари 13 саҳифани олиб қолишга муваффақ бўлишган. Улар узоқ муддат ушбу қишлоқда сақланди. Мен бу ҳақда фильм тасвирга олганман. Ҳозир ушбу саҳифалар Ўзбекистон мусулмонлари идорасида сақланмоқда. Яқинда Ўзбекистон божхона хизмати ходимлари яна 2 та саҳифани хорижга олиб чиқаётганда ушлаб қолишди. КГБ томонидан мусодара қилинган саҳифалар эса қайлардадир, кимларнингдир қўлида ётибди. Мен бу ҳақда китоб ёзганимдан бахтиёрман. Ва ушбу китобим Россиянинг ва МДҲнинг энг яхши китоби деб эътироф этилганидан фахрланаман. Китобимни “Биринчи жилд” деб атадим. Чунки, ҳали топилмаган ва қайлардадир сақланаётган саҳифалар мавжуд. Уни контрабанда йўли билан сотиш, олиб чиқиш ҳозирги замонда мумкин эмас. Улар топилса китобнинг давомини чоп этамиз.
– Сиз учун энг қизиқарли Қуръон қўлёзмалари қайсилар?
– Мен учун энг қизиқарли Қуръон қўлёзмаларидан бири бу Усмон Мусҳафидир, Хитойдаги қадимги Қуръон ҳам жуда қизиқ манба, яна бир қизиқарли Қуръон қўлёзмаси Петербургда сақланади.
Биласизми, кунларнинг бирида бир қўлёзмага кўзим тушди. Дастлабки саҳифалари бирлашиб кетган. Санкт-Петербургдаги Шарқшунослик институти реставраторларидан уни очиб беришни сўрадим. Ички саҳифада рус дворян оиласининг муҳри турарди. Унинг келиб чиқиши сабабларини излашга анча куч сарфладим. Ким у одам, қаердан келган? Ҳеч ким ёрдам бера олмади. Яқинда, “Ўзбекистоннинг 114 Қуръони” лойиҳасини бошлаган пайтимда ҳарбий тарихчилардан бири муҳрда бир неча сулолалар рамзи борлигини айтиб қолди. Ушбу рамзларга қараб биз ўша инсоннинг кимлигини топдик. Бу Россия бош қўмондонлик штабининг асосчисига тегишли экан. Бу унинг шахсий китоби бўлган.
– Ефим Анатольевич, маълумки, Қуръон илоҳий китоб ва у кишиларни ҳидоятга чорлайди. Уни ўқиган албатта Яратганга тўғри йўл топади. Сиз буни ўзингизда қандай ҳис қилмоқдасиз?
– Биз умр Қуръон билан машғул бўлиб унинг нуридан баҳра олмаслик мумкин эмас. Бугун дунёда иккита китоб бор, булар – Қуръон ва Инжил. Бу икки китоб ҳақиқатан одамлар томонидан ўқилади, доимо шарҳланади, амал қилинади. Ҳар бир авлод ундан ўзига керагини олади. Ва шундай давом этади. Қуръоннинг маънолари беҳад, чексиз. Қуръон бугун асл ҳолда ва тафсир ҳолатида мавжуд. Бу тафсирларни ўқисангиз роҳатланасиз. Улар турли йўлларда, йўналишларда. Айни сабаб бугунги кунда ўзига хос муаммони ҳам юзага келтирмоқда. Чунки, радикал йўналишдаги тафсирлар ҳам бор. Яъни, Қуръон Ислом оламидаги ғоялар курашида жуда муҳим роль ўйнайди. Биз бугун ана шу зарарли оқимларга қарши зарба беришимиз учун ҳам Қуръонни жуда пухта ўрганишимиз керак.