Шелли Фэйрвезер-Вега – рус ва ўзбек тиллари таржимони. Россия ва Марказий Осиё сиёсати ва маданиятини ўрганган. Ҳозирги вақтда дунёнинг турли бурчакларидаги муаллифлар, олимлар ва фаоллар билан ҳамкорлик қилади, ҳар хил жанрлардаги лойиҳалар: рус шеърияти, ўзбек тарихий фантастикаси, илмий-оммабоп адабиёт, романтик ва детектив асарлар устида иш олиб бормоқда. У АҚШ Вашингтон штатининг Сиэтл шаҳрида истиқомат қилади, ўша ерда бадиий таржима тўгарагини ташкил қилган, FairVega Translations ва FairVega Russian Library Services раҳбари.
Таржимоннинг CAAN сайтига берган интервьюсида Марказий Осиё замонавий ёзувчилари романларининг инглиз тилига таржимаси, уларнинг ғарб ўқувчиларини ўзига жалб қилиш жиҳати, шунингдек таржима жараёнидаги қийинчиликлар ва муаммолар ҳақида сўз юритилади.
− Марказий Осиё замонавий ёзувчилари романларини инглиз тилига таржима қилиш билан шуғулланишингизга нима сабаб бўлди? Қайси романларни таржима қилдингиз ва улар нима ҳақда?
− Дастлаб бўлғуси китоблар ҳақида гапириб берсам. 1 октябрда Таласбек Асимқуловнинг “A Life At Noon (Пешинги ҳаёт)” (қозоқ тилида “Талтус” деб аталади, “Slavica Publishers” нашриёти) асари чоп этилди. У муаллифнинг ХХ асрнинг 60-йилларида қозоқ овулида ўтган болалиги ҳақидаги роман-хотирадир. Асимқулов, асосан, созанда ва қозоқ мусиқаси тарихи мутахассиси сифатида машҳур. Китоб – воқеаларга бой. Гарчи у совет давридан ҳикоя қилса-да, СССР инқирозга юз тутгандан сўнг ёзилган. Уни ҳеч бир маънода совет китоби деб бўлмайди.
Сўнгра Ҳамид Исмоилнинг иккита китоби чоп этилади, биринчи роман “Of Strangers and Bees: A Hayy ibn Yaqzan Tale” (“Бегоналар ва асаларилар: Ҳайй ибн Яқзон эртаги”) (“Tilted Axis Press” нашриёти) деб аталади. У ҳақда бир танқидчи топиб ёзганидай, у “Квинс ўзбек маданий марказига келган “Уста ва Маргарита” қиссаси бўлиб, сеҳргарлик, постсовет қўрқуви, сўфийлик ва кундалик драманинг ғайриоддий қоришмасидир. Асарнинг бош қаҳрамонлари Ибн Сино, ўзбек ёзувчиси ва асаларидир.
Кейинчалик “Syracuse University Press” нашриёти “Gaia, Queen of Ants” (“Гайя, чумолилар маликаси (ўзбекча “Ялмоғиз Гея ё мўр-малах маликаси”нинг содда варианти”)) китобини нашр этади. Ҳамид Исмоилнинг ушбу китоби Ўзбекистонда умуман нашр қилинмаган. Романда ҳам доимий сўфийлик мавзулари бор ва бу ҳам цивилизациялар – тамаддунлар тўқнашуви тарихидир, лекин иккала китоб бир-биридан кескин фарқ қилади.
Мен 10 йилдан бери профессионал таржимонлик қиляпман, борган сари тобора бадиий асарлар таржимаси билан кўпроқ шуғулланяпман. Ҳамид Исмоил ижтимоий тармоқда ўзбекчадан қилган қисқа бир таржимамни топиб олиб, мен билан боғланди. Унинг бир неча ҳикояси ва эссесини инглизчага ўгирдим, ниҳоят, у мени мана шу романларини таржима қилишга кўндирди. Кейинчалик айни минтақадаги кўплаб янги китоблар билан танишдим ва энди ўзимни уларни таржима қилишдан тўхтата олмаяпман.
− Ҳамид Исмоилнинг бирдан иккита романини таржима қилишга қарор қилибсизки, улардан эътиборни тортувчи нимадир топган бўлсангиз керак-да?
− Ҳа, бу – Ҳамид Исмоилнинг ўзи. У ўзи асар ёзадиган барча тилларда яхши ҳикоячи. Гарчи романлари Ўрта Осиёга тегишли бўлса-да, асарларидаги кўплаб ҳиссиётлар, персонажлар ва ҳикоятлар менга универсал бўлиб туюлади. Китобларида юмор ҳисси бор, гарчи бу маъюс юмор бўлса-да, улар истеҳзо ва донишмандликка тўла. Назаримда, бу унсурлар Ҳамид Исмоил китобларини бутун дунёда ўқишли қиляпти, шунинг учун уларни таржима қилиш керак. Унинг Би-Би-Си журналисти ва узоқ вақтдан бери Буюк Британияда яшаётган киши сифатида Британия ноширлик саноати билан алоқалари бор. Улар муаллифни билади, ёзувчининг эса ўз ўқувчилари бор.
− Сизнингча, Ғарб ўқувчиларини ўзбек ёки Марказий Осиё адабиётининг нимаси ўзига жалб қилади?
− Фикримча, Ғарб ўқувчиларининг аксарияти Марказий Осиё адабиёти билан илк марта тўқнаш келмоқда, чунки улар рус адабиёти билан қизиқади. Қайсидир маънода бу уят ҳам, чунки Ўзбекистон ва бошқа мамлакатлар адабиёти ўқилишга ва эъзозланишга лойиқ. Бошқа тарафдан, бу эзгу ишнинг ўзига хос бошланиши ҳамдир, чунки ўқувчилар ўзбек тилида ёзилган китоб қанчалик русларга хос эмаслигидан ҳайрат тушиши мумкин. Улар Марказий Осиё адабиёти оддий экзотик рус адабиётидан кўпроқ нарса беришига шоҳид бўлмоқда. Бунга ўхшаш айрим кашфиётлар ўқувчилар қизиқишини оширади ва уларни минтақа ҳақида кўпроқ нарса билиб олишга ва у ҳақда кўпроқ нарса ўқишга мажбур қилади, деб умид қиламан.
− Роман Ғарб ўқувчилари дунёқарашига мослаштириляптими ёки унинг оригинал мотивлари сақланиб қоляптими?
− Бу таржиманинг асосий бошоғриқларидан биридир: биз матнни “хонакилаштирамиз”ми, уни инглиз тилли ўқувчиларнинг кутилмаларига яқинлаштирамизми ёки инглиз тилли ўқувчилар учун “хорижликлигича қолдирамизми?” Бу – оддий масала эмас, чунки инлиз тилли ўқувчилар аудиторияси худди китоблар сингари турли-туман. Ҳар бир китоб бўйича ўзимга ўзим саволлар бераман: уни ким ўқийди? Улар китобдан нималарни кутяпти? Ўқувчилардан диққат, янги нарсаларни ўрганиш, нотаниш образ ёрдамида фикрлашга тайёр туриш нуқтаи назаридан нималарни кутиш мумкин? Мен одатда ўқувчиларга ва уларнинг янги нарсалардан баҳраманд бўлиш иштиёқига ишонаман. Наздимда, улар ушбу воқеа бошқа жойда кечаётганини идрок этиши, қизиқарли, нотаниш ва ноодатий нарсалардан завқ олиши керак. Шунга қарамасдан, таржимани атайлаб “бегона” қилиш учун сабаб кўрмаяпман. Мабодо асарнинг асли ўзига хос ва истеъдод билан ёзилган роман бўлса, таржима, гарчи контекст, мотивлар ва мавзулар инглиз китобхонига таниш бўлмаса ҳам, яхши ёзилган ажойиб инглиз тилидаги романга айланиши керак.
− Марказий Осиёдаги адабиёт мазмун жиҳатидан замонавий жаҳон тамойилларидан фарқ қиладими? Постсовет адабиётида ҳали ҳам совет таъсири сезиладими?
− Ҳа, Марказий Осиё адабиётининг кўплаб асарларида ҳали-ҳамон совет кўланкаси сезилиб туради. Бу, хусусан, ХХ асрнинг 30-йилларида советча ёзган, айни дамда Марказий Осий “классиклари”га айланган, шунингдек, кейинчалик – 70 – 80 йилларда асарлар битган муаллифларга ҳам тегишли. ХХ аср бошларидаги ёзувчилар икки гуруҳга бўлинади: кейинчалик миллатчи ёки диссидентлар деб аталган ва 30-йилларда “тозалаш”га дучор бўлганлар ҳамда бўйнини қисиб, совет қоидаларига амал қилиб, социалистик тарғибот йўлида асар ёзганлар. Лекин баъзан ўз-ўзимга ушбу икки тоифага сиғмайдиган, асарлари эътибордан четда қолган бошқа ёзувчилар ҳам йўқмикан, деб савол бераман. Бир ёки кейинги икки авлод совет тизимида ўсди, уларга бошқача тарзда ижод қилиш қийин бўлган бўлса керак. Аммо шеърият, қиссачилик, санъат барча турларининг бутун Марказий Осиёда Россия империяси ёки большевиклар келишидан олдинги узоқ тарихи бор. Бугун айрим ёзувчилар ўша эски анъаналарни ўрганиш учун кўпроқ эркинликка эга. Масалан, Ҳамид Исмоил бу ишни сўфийлик қиссалари ва Ибн Сино орқали қилса, Зира Наурзбаева асарларида қадимги қозоқ мифлари – асотирлари ва афсоналаридан фойдаланади. Бошқа муаллифларнинг ҳам глобалроқ тамойилларга эргашиш ҳамда Ғарб университетининг бадиий ижодга мўлжалланган исталган дастури учун қабул қилинган услубда ёзиш эркинлиги бор. Улар Марказий Осиё ҳақида ғарб тилида ёзиши мумкин. Лекин, назаримда, умумжаҳон адабий анъаналарига эргашувчи муаллифлар камчиликни ташкил қилади. Марказий Осиёнинг кўплаб мавзулари ҳали кашф қилингани йўқ, улар на қаламга олиняпти ва на тадқиқ қилиняпти.
− Таржима жараёнида қандай муаммоларга дуч келасиз?
− Ҳар қандай китобни лойиҳа ўлчами катталиги сабаб таржима қилиш мураккаб иш. Кунба-кун компьютер ёнига қайтиш ва йирик роман таржимасини кўнгилдагидай тугатиш учун сабр-қаноат, тер тўкиб меҳнат қилиш зарур. Шукрки, китоб чиндан ҳам қизиқарли бўлса, тортиб кетади ва иш ҳеч қачон зерикарли бўлмайди. Шу кунларда чоп этилиши мўлжалланаётган учта китоб устидаги иш ҳам шундай кечди. Яна тушуниш муаммоси ҳам бор; китобни ўзбек тилида тўғри тушунаётганимга қандай қилиб 100 фоиз ишонч ҳосил қилишим мумкин? Ҳамид Исмоил – ўта моҳир ёзувчи, у асарларини қисман ўзи таржима қилади, саволларга жон-жон деб жавоб беради ва таржиманинг умумий ўта мураккаб жиҳатларини жуда яхши англайди. Ҳар сафар ўзбек тили бўйича саволлар туғилганда, у менга ҳаммасини тушунтириб берар эди. Қолган муаммоларнинг барчаси инглиз тили билан боғлиқ. Инглиз тилида от танасининг у ёки бу қисми нима деб аталади? Инглиз тилида ҳам қозоқ тилидагига ўхшаш алқаш ёки қарғашга оид ифодалар борми? Мен Марказий Осиё ҳақидаги китобларни яхши таржима қилишда ресурслар топишим учун тилни пухта билишим керак.
− Дарҳақиқат, Марказий Осиёнинг замонавий адабиёти инглиз тили ёки умуман Ғарбга етарли даражада кириб борган эмас. сизнингча, бунинг сабаблари нима ва вазиятни қандай қилиб яхшилаш мумкин? Ёзувчилар асарлари таржима этилишига яхшироқ имконият бўлиши учун рус тилига мурожаат қилиши ёки ўз тилларида ижод қилавериб, таржима имкониятларини қидириши керакми?
− Албатта, минтақа адабиёти етарли даражада танилмагани ҳақидаги фикрингизга қўшиламан. Бунинг асосий сабабларидан ўша адабиёт Россия ва рус адабиёти кўланкасида қолиб кетганидир. Мен ёзувчи рус тилидан фойдаланиши кераклиги ёки йўқлиги ҳақида бир нарса дейишим қийин. У асарини ўзи тасаввур қиладиган тилда ёзиши лозим. Китоби таржима қилинишидан умидвор бўлиб ёзишдан ёмони йўқ! Қайси тилда тасаввур қилсангиз, ўша тилда – у она тилингиз бўладими ёки бошқасими, бундан қатъи назар – зўр асар ёзинг, ана ундан кейин таржимон у бошқа тилда ҳам зўр китоб бўлиши учун ўз ишини қилади. Албатта, асарларни рус тилидан инглизчага таржима қилишда ҳар доим ўнлаб таржимонлар ишлайди, лекин жуда оз таржимонлар ўзбек ёки қозоқ тилларидан таржима қила олади. Шу кунларда улар сони бундан беш йил олдинги вақт билан таққослаганда, кўпроқ ҳамда Марказий Осиё прозаси ва поэзиясини танитиш йўлида ташаббускор ўлароқ, маҳоратини оширмоқда. Яхши китоблар қайси тилда ёзилганидан қатъи назар, таржимонларини топишига ишонгим келади. Таассуфки, ноширлар қидириш яна бир муаммодир.
− Ўзбек ёки Марказий Осиёнинг бошқа мамлакатлари адабиётини таржима қилиш бўйича келгуси режаларингиз қандай?
− Мен учун ушбу зикр этилган 3 та китоб қандай баҳо олиши қизиқ. Мабодо бу китоблар ўқувчиларга ёқиб қолса, уларда Марказий Осиё адабиётига мансуб бошқа китобларни ўқиш учун ҳам истак пайдо бўлишига умид қиламан. Ноширлар учун бошқа яна кўплаб тавсияларим ҳам бор.