Суратда: жаҳоннинг GTD харитаси: сўнгги 45 йил: 1970 йилдан 2015 йилгача бўлган даврда рўй берган террорчилик амалларини кўрсатади. Манба: Терроризмнинг глобал маълумотлар базаси
Муаллиф: Ойтўлқин Қурманова, CAAN муҳаррири
Марказий Осиё – коррупция кўрсаткичлари азалдан юқори бўлиб келган минтақа. Ҳали советлар давридаёқ бу ерда жиноий тармоқлар чуқур илдиз отган эди, улар мустақилликка эришилгандан сўнг фақат кенгайди ва ҳокимият билан муҳим “алоқалар” ўрнатди. Ушбу жиноятчилик билан коррупция симбиозига яна терроризм таҳдидлари қўшилди, терроризмнинг минтақада мураккаб механизмлари мавжуд бўлиб, унга якка террорчилар ҳам, кўпроқ ёйилган тармоқлар аъзолари ҳам киради. Тадқиқотчилар Мария Омиличева ва Лоуренс Марковицнинг «Webs of Corruption. Trafficking and Terrorism in Central Asia» (“Коррупция тармоқлари: Марказий Осиёда одам савдоси ва терроризм”) (Columbia University Press, 2019) китоби ушбу зўравонлик, ўлим ва пул тугуни чигалини ёзишга ҳаракат қилади.
UzAnalytics сайти ушбу китобнинг қисқача баёнини эътиборингизга ҳавола қилмоқда.
Мазкур китоб таҳлилнинг кенг қамровли усулларидан фойдаланилган чин маънодаги новаторлик тадқиқотидир: муаллифлар бир қатор сўров ва суҳбатлар ўтказди, шунингдек, зўравонлик, терроризм, наркотиклар айланмаси ҳақидаги кўп миқдордаги, жумладан, давлат ва халқаро агентликларнинг статистик маълумотларидан, шунингдек, наркотикларнинг ноқонуний айланмаси билан терроризм ўртасидаги боғлиқликни кузатиш учун жуғрофий ахборот тизимининг макон билан боғлиқ маълумотларидан фойдаланди. Аслида, тадқиқотчилар жуғрофий манзилни аниқлаш технологиясидан фойдаланиб, наркотикларнининг ноқонуний айланмаси ва терроризм хариталарини мос келадиган жойларни, яъни “trafficking-terrorism nexus” – жиноят ва терроризм бўғинини топиш учун устма-уст қўйиб кўрди.
Терроризм ҳар доим пулга, унинг оқиб келиб туришига муҳтож. Масалан. ИШИД, китобда қайд этилишича, нефть савдоси, мусодара қилинган нарсаларни сотиш, одам ўғирлаш, солиқ солиш ёки ҳатто банкларни ўмариш орқали пул топади. Наркотиклар савдоси жиноят ва терроризм муносабатларидаги энг кўп кўзга ташланадиган ва фойдали бизнеслардан биридир. Қайд этилишича, “Толибон” ҳаракати даромадларининг деярли 70 фоизини афюн сотишдан топади, бу унга жангариларининг ойлик 200 долларлик маошларини тўлаш имконини беради, ваҳолонки, Афғонистондаги полиция ходимининг ойлиги 70 доллардир.
Муаллифлар Марказий Осиёда жиноят ва терроризм бўғини пайдо бўлишини 80-йилларнинг охири ва 90-йилларнинг бошидан бошлаб кузатади. Узоқ вақт Афғонистондан узилиб қолган минтақа шўролар билан афғон уруши тугагандан сўнг у ердан келаётган турли таъсирлар, жумладан, наркотиклар савдосига очиқ бўлиб қолди. Афғон уруши ветеранлари бошлаб берган опиатларнинг майда-чуйда савдосидан бошланган бу ишга тез орада йирик гуруҳлар мазахўрак бўлиб олди, улар шўролар давридаёқ давлат билан бирга патронаж тармоқлари тузган ҳамда коррупция амалиётининг йиғилиб қолган меросидан фойдаланиб, мустақиллик даврида ҳам тўлақонли фаолият кўрсатишни давом эттирган эди. Минтақадаги ижтимоий ва иқтисодий муаммолар, ҳал этилмаган можаролар, очиқ чегаралар, коррупция ва ҳуқуқни қўллаш амалиётининг заифлиги, муаллифлар таъкидича, уюшган жиноятчилик ва “сиёсий сабабларга кўра зўравонлик” гуллаб-яшнаши учун қулай муҳит яратиб берди. Булар қаторига ноқонуний иқтисодиётнинг гуллаб-яшнаши ҳам киради – ноқонуний савдо-сотиқ ва товарлар, наркотиклар, қурол-яроғ ва одамларнинг ноқонуний савдоси жиноят ва коррупциянинг йўлга қўйилган тармоқларидан фойдаланиб, бепоён постсовет макони бўйлаб бемалол бир жойдан бошқасига кўчиб юрадиган бўлди.
Вақт ўтиши, наркотиклар ноқонуний айланмасининг ўсиши, юқори лавозимдаги амалдорларнинг жиноятчилик ва наркотиклар савдосига қўшилиб қолиши билан жиноий фаоллик кенгайди. 2010 – 2012 йилларда Афғонистонда ишлаб чиқарилган барча наркотикларнинг 25 – 30 фоизи Марказий Осиёни кесиб ўта бошлади. Умумий жиноят муҳити Тожикистондаги фуқаролар уруши, Қирғизистондаги сиёсий беқарорлик ҳамда умумий ижтимоий ва иқтисодий тартибсизлик натижасида ҳам кенг илдиз отиб кетди.
Аммо наркотикларнинг ноқонуний айланмаси билан терроризм ўртасида қандай боғлиқлик бор, уларга қандай шароит ёрдам беради, сўнгги йилларда қандай ўзгаришлар рўй бермоқда, ушбу нексус – бўғинда миллий ва чет эл мамлакатлар ҳукуматлари ва ташкилотларининг роли қандай?
Китобдаги асосий хулосалардан бири қуйидагича: чиндан ҳам Марказий Осиёда жиноий ва террористик бўғин мавжуд, (тижорат йўли билан фойда орттириш йўлида ҳаракат қилаётган) жиноий гуруҳлар ва (сиёсий мақсадларни кўзлаётган) террористик гуруҳлар, гарчи бир маконда фаолият кўрсатаётган бўлса ҳам, бир-бирига мос келмайди. Тахмин этилишича, террористик ташкилотлар ноқонуний фаолиятидан орттирган даромадидан ўз мафкурасини ёйиш ва сиёсий курашни давом эттириш йўлида фойдаланади. Аммо ҳозирча “Ўзбекистон ислом ҳаракати” ташкилоти фаолиятини минтақада терроризм билан наркотиклар ноқонуний савдоси ўзаро бирикиб кетишига мисол тариқасида келтириш мумкин. Унинг дастлабки вазифаси Каримовни лавозимидан четлатиш бўлган бўлса, кейинчалик Афғонистондан опиатлар олиб ўтишда етакчига айланди.
Ҳатто Марказий Осиё жангариларининг ИШИД сафига бориб қўшилиши ортишига қарамай, бу борада бошқа бирор мисол топиш қийин. Бунга биринчи навбатда сабаб минтақанинг ўзида террорчилик амалиётлари жуда кам содир бўлаётганидир. Шунинг учун барча жиноий фаолият турларини террористик амаллар сифатида талқин қилиш нотўғри. Аммо бу мамлакатлар ҳукуматларига турли зўравонлик амалларини нафақат террорчилик амаллари деб талқин қилишга, қолаверса, минтақадаги радикаллашув жиддийлигини бўрттириб кўрсатишга ёрдам бермоқда.
Яна бир хулоса ушбу бўғинда давлатлар ўйнаётган асосий ролга тегишлидир. Давлатлар ва уларнинг наркотиклар савдосига аралашуви жиноий ва террористик муносабатларнинг бутун бошли бўғинини ташкил қилади ҳамда унга сиёсий ва тижорат мақсадларини бирлаштиради (иштирок этиш даражаси мамлакатига қараб ўзаро фарқ қилади). Бунинг маъноси шуки, давлатлар нафақат ўша бўғинга таъсир кўрсатади, балки амалда унинг бўлаги ҳам ҳисобланади.
“Наркотик ташувчи кишиларнинг бошига тушадиган нарса, нари борса, наркотикларга қарши кураш агентлигида ишлаш бўлади”.
Китобда Брукингс институти эксперти – синчисидан иқтибос келтирилади: “Наркотик ташувчи кишиларнинг бошига тушадиган нарса, нари борса, наркотикларга қарши кураш агентлигида ишлаш бўлади”. Муаллифлар давлатни полиморф – кўп шаклли агент сифатида талқин қилади. Марказий Осиё, кенгроқ маънода, Евроосиёда давлатчиликнинг турли шаклларига норасмий тармоқлар, уруғ-аймоқлар, жуғрофий ва қабилаларга қараб бўлинишлар, маҳаллий етакчилар, ноқонуний иқтисодиётлар киради ҳамда шуларнинг барчаси ҳокимиятнинг муқобил базасини ташкил қилади. Наркотиклар савдоси, бошқа тарафдан, давлат ва унинг турли вакиллари иштирок этиши учун улкан ва ўта фойдали муҳит яратади. Жиноий тўдалар билан алоқалар давлатга жамиятнинг ўзи учун яширин соҳаларига таъсир ўтказиш ва уларни назорат қилишда ёрдам беради, яна қанчалик ғалати эшитилмасин, давлатга террористик фаолиятни чеклашда ҳам кўмаклашиши мумкин.
Аслида минтақадаги терроризм даражаси пастлигини муаллифлар давлатнинг жиноий ва терроризм бўғинида қатнашиши турли-туман иштирокчилар билан муносабатларнинг мураккааб механизмини ташкил қилиши ҳамда террористик фаолият кучини бошқа соҳалар ва зўравонлик шаклларига сочиб юбориши билан тушунтиради.
Китобда айнан шу далил ёрдамида наркотиклар савдоси терроризм кучайишига олиб келади, деган кенг тарқалган қараш нотўғри эканини исботлашга ҳаракат қилинади. Муаллифлар қизиқ бир тахминни илгари суради, қуйида келтириладиган ўзаро боғлиқлик, ҳарқалай, Марказий Осиёда кузатилмайди. Уларга кўра, ҳукуматлар ноқонуний иқтисодиётда иштирок этиш орқали, эҳтимол, зўравонликни ўзига касб қилиб олган жараён қатнашчиларининг бутун бошли спектри билан шундай муносабатлар ўрнатадики, оқибатда терроризм хавфи чиндан ҳам пасаяди, ўша қатнашчиларнинг фаолиятини бошқа томонга йўналтириб, улар учун кўпроқ фойдали бўлган фаолият соҳалари яратилишига кўмаклашади.
Марказий Осиё аслида Афғонистонда наркотиклар ишлаб чиқариш бозори билан Россия ва Европа истеъмолчилари ўртасидаги жаҳон улкан жиноят маконининг муҳим бўғини сифатида ноёб жиноий ва террористик маконни ўрганиш учун ажойиб намуна ҳисобланади. Шу билан бирга, бу ердаги терроризм таҳдиди, бошқа жойлар билан солиштирганда, пастдир.
Муаллифлар қайд этишича, давлатнинг наркотиклар савдосидаги бундай иштироки сабабли минтақада умумий таҳдидларга қарши самарали курашиш бўйича ҳамкорлик қилиш қийин масаладир. Мамлакатлар наркотиклар муайян ҳудудлар орқали ташилиши масаласида фойда олишни кўзлаб, ўзаро рақобат қилиши ҳам мумкин. Гарчи жиноят тармоқларининг минтақалашуви мавжуд бўлса-да, айримлари чегара билмайди ҳамда қариндош-уруғчилик ёки масалан, диаспоралардаги алоқалардан фойдаланган ҳолда, бир неча мамлакатга ёйилиб кетади.
Китобда Марказий Осиёдаги беш мамлакатнинг ҳар биридаги вазият: наркотиклар савдосининг аҳволи, зўравонлик даражаси, рўй берган террорчилик амаллари миқдори ва табиати (жумладан, 2011 – 2013 йилларда Қозоғистонда “Халифалик аскарлари” деб аталувчи гуруҳ билан боғлиқ содир бўлган сирли террорчилик амаллари) батафсил муҳокама қилинади. Тадқиқотнинг яна бир қизиқ хулосаси шуки, минтақадаги мамлакатлар вилоятларининг ижтимоий ва иқтисодий шароитлари (масалан, чақалоқлар ўлими орқали ифодаланган кўрсаткичлари) жиноий ва террорчилик тармоқлари тузилиши билан унчалик қаттиқ боғлиқ эмас. Бундай бўғинларнинг ташкил этилиши кўпроқ куч, пул ва ҳокимиятнинг бир ерга йиғилиши билан боғлиқ. Аммо ёшлар ишсизлиги (айниқса, эркаклар орасида) сингари омил нисбатан бойроқ вилоятларда ҳам мавжуд ҳамда бўғинларни ташкил этиш билан ўзаро боғлиқ бўлиши мумкин, бунинг маъноси шуки, ишсиз ёшлар кўпинча наркотиклар савдоси ва терроризмга жалб қилинади.
2008 – 2016 йилларда Марказий Осиё минтақасида фақат 34 та терроризм амалиёти рўй бергани аниқланди. Жуғрофий ахборот таҳлили ушбу террорчилик амаллари рўй берган жойлар атрофидаги 200 километрлик майдонни белгилаб олди ва ушбу жойлардаги наркотиклар айланмаси ва бошқа жиноий хатти-ҳаракатларга оид маълумотларни ўзаро солиштириб кўрди. Бироқ террорчилик амаллари кўпроқ катта шаҳарларда рўй бергани баробарида улар наркотиклар савдоси марказлари ҳам эди. Шунга қарамасдан, муаллифларнинг ишонишича, муайян жойдаги мусодара қилинган наркотиклар миқдори ҳақидаги маълумотлар ўша жойдаги террорчилик амалиёти эҳтимолини нисбатан аниқроқ башорат қилиш имконини бериши мумкин. Айни сабабларга кўра, узоқ қишлоқ туманларида террорчилик амалиёти эҳтимоли камроқ бўлиши тушунарли.
Муаллифлар яна Афғонистонга бевосита қўшни бўлган иккита давлат – Тоджикистон билан Ўзбекистонни ўзаро таққослаш орқали наркотиклар савдосига аралашишнинг турли даражасини муҳокама қилади. Ушбу икки давлат, уларнинг фикрича, жиноий ва террористик бўғинларнинг бир-бирига мутлақо тескари намуналаридир. Бу ўринда бир давлат наркотиклар савдосига қаттиқ аралашиб қолган, иккинчиси эса, унга энг кам даражада аралашиш йўлини танлаган.
Китобда яна халқаро ёрдам ва минтақавий ҳамкорлик муаммолари сингари жиҳатлар муҳокама этилади. Унинг новаторлигини таъминлайдиган нарса янги маълумотлар тўплами ва ижтимоий фанларнинг илғор воситаларидан фойдаланиш, шунингдек, минтақа воқелигини тасвирлашда муросасиз ёндашувдир. Бу ерда давлатлар, ҳукуматлар, жиноятчилик ва терроризм ягона ахлоқсиз ва мустаҳкам ҳамда ўз мақсадига эришиш йўлида хавфсизликни таъминлашни ўзига ниқоб қилиб олган тугун билан ўзаро боғланиб кетган.
Китоб муаллифлари ҳақида қисқача маълумот:
Мария Омеличева – Канзас университетиннг сиёсатшунослик профессори. У – «Counterterrorism Policies in Central Asia” («Марказий Осиёда терроризмга қарши кураш сиёсати») (2011) ва “Democracy in Central Asia: Competing Perspectives and Alternative Strategies” («Марказий Осиёда демократия: рақобатлашувчи истиқболлар ва муқобил стратегиялар») (2015) китоблари муаллифи.
Лоуренс П. Марковиц – Роуэн университетининг сиёсатшунослик профессори ва «State Erosion: Unlootable Resources and Unruly Elites in Central Asia” (“Давлатнинг емирилиши: Марказий Осиёнинг таланмайдииган ресурслари ва бўйсунмас элитаси”) (2013) китоби муаллифи.